Фарғона | Daryo.uz
15 subscribers
74 photos
6 videos
66 links
Фарғона вилоятига оид хабар ва янгиликлар канали

Хабар юбориш учун: @daryogamurojaatbot
Download Telegram
​​Фарғонада бозорда ўзганинг сумкасидан пул ва телефон ўғирлаган 36 ёшли аёл ушланди
 
Фарғона вилояти Қува туманидаги бозорда ўзганинг сумкасидан пул ва телефон ўғирлаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
 
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 27 май куни 57 ёшли Д.С. исмли аёл туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. У Бўстон кўчасида жойлашган бозорда қаровсиз қолдирилган сумкасидан 365 минг сўм пули ва қиймати 700 минг сўм бўлган телефонини ноъмалум шахс ўғирлаб кетганини билдирган.
 
Ўтказилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 36 ёшли М.Д. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган. 
 
Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 
@fargonadaryouz
​​Ўзбекистон туманида эҳтиёжманд оилаларнинг 10 нафар фарзандига хатна тўйи ўтказиб берилди
 
Ўзбекистон туманида мактабгача таълим ташкилотларининг 10 нафар тарбияланувчисига хатна тўйи ўтказиб берилди.
 
Тадбирда сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, туман фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, маросимда тўй болаларнинг ота-оналари, яқинлари меҳмон бўлишди.
 
Тўйда болаларга сарполар кийдирилиб, мактабгача таълим бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг велосипед ва эсдалик совғалари топширилди.
 
Шунингдек, кичкинтойларга ўз кутубхоналарини ташкил этишлари учун “Академнашр” нашриёти томонидан 50 турдаги китоблар жамланмалари тақдим этилди.
 
@fargonadaryouz
​​Фарғона гилослари Сингапур супермаркетларида сотилмоқда

Тарихда биринчи марта ўзбек гилоси Сингапур бозорига етказилди. Фарғона вилоятида етиштирилган гилослар “Uz-segang” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан Сингапурга экспорт қилинди ва ярим килолик қутиларда 8,8 доллар нархда Сингапур супермаркетларида сотилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортга тайёрлашга ихтисослашган “Uz-segang” МЧЖ қўшма корхонаси “Глобал ГАП” халқаро сертификатига эга бўлиб, ушбу сертификат корхона томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорга, шу жумладан, Европанинг исталган давлатларига тўсиқсиз экспорт қилиш имконини беради.

Ҳозирда корхона томонидан Кореяга ҳам катта ҳажмда гилос экспорти амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокимлиги кўмаги билан бунинг учун махсус чартер рейси ташкил этилди.

@fargonadaryouz
​​Бағдодда "Обод қишлоқ" дастури доирасида қарийб 11 км ичимлик суви тармоғи тортилади

Бағдод туманининг “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Гулистон қишлоғида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Бугун ҳудуддаги 52 та хонадонга оби ҳаёт кириб борди.

Дилрабо Аталикова оиласи билан 3 йилдан буён шу қишлоқда яшайди. Бу томонларга кўчиб келибдики, ичимлик сувини нақд пулига сотиб олган, ё бўлмаса, 2-3 чақирим масофадан ташиб келтирган. Унинг ўзи бу ҳақда шундай дейди:
  
- Жуда оғир шароитда яшадик. Сувни эшак араваларда ташиб ичганмиз. Гоҳида бир челак сув сотиб олиш учун пул тополмаган кунларимиз ҳам бўлган. Томорқани-ю айтмасангиз ҳам бўлади. Битта гиёҳ ундиролмасдик. Эккан дарахтларимиз мевасидан болаларимиз ермикан, деб жонимиз ҳалак эди. Худойимга айтганимиз бор экан, минг шукр. Бугун меники каби шу депарадаги 50 дан ортиқ ҳовлида сув тушди. Жудаям бахтиёрмиз. Севинчимиз ичимизга сиғмай кетяпти. Қўни-қўшнилар бир-бирини табриклашиб, “сув байрами” қилиб юришибди. Шу ишларнинг бошида турган Президентимизга раҳмат.

“Обод қишлоқ” Давлат дастури бўйича Гулистон қишлоғида 10.8 км масофада тармоқ тортиш, 2 та тик артезиан қудуғи ва 300 метр/куб сиғимга эга бўлган сув сақлаш иншооти қурилиши режаланган. 

“Фарғона сув таъминоти” МЧЖ туман бўлими бошлиғи Зафаржон Усмоновнинг маълумқилишича, ҳозирга қадар 5.5 км масофада тармоқ тортиш ишлари якунланди.

@fargonadaryouz
Хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилоят бўлимига раҳбар этиб тайинланди
 
Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилоят бўлимига раҳбар тайинланди.
 
Қайд этилишича, Фарғонада Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов иштирокида йиғилиш ўтказилган ва унда ташкилий масала кўрилган.
 
Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилоят бўлимига хонанда Отабек Мамазоитов раҳбар этиб тайинланган.
 
@fargonadaryouz
​​Фарғонада бир кечада 3 та ЙТҲ юз берди. Скутер ва велосипед ҳайдовчилари вафот этди

2 июнь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Турон кўчасида пиёда иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Маълум қилинишича, Cobalt автомобили йўлни белгиланмаган қисмидан кесиб ўтишга уринган вояга етмаган пиёдани уриб юборган. Жабрланувчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Ҳозирда беморнинг аҳволи оғир бўлиб, у жонлантириш бўлимида.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, шу куни тунда Ўзбекистон туманида «Қумбосди» қишлоғи ҳудудида ҳам йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.

4Р-154 Қўқон—Яйпан—Исфара давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 6-километрида Damas ҳайдовчиси йўлнинг ўзига нисбатан чап қисмидан ўнг томонига ўтаётган скутерни уриб юборган. Скутер ҳайдовчиси шифохонага юборилган, бироқ кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай, жабрланувчи вафот этган.

Бундан ташқари, шу куни Данғара тумани «Сарам» МФЙ ҳудудидан кесиб ўтган 4Р-150 автомобиль йўлида Spark бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган велосипедчини уриб юборган. Велосипед ҳайдовчиси олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

@fargonadaryouz
​​Turkish Airlines Истанбулдан Фарғонага илк парвозини амалга оширди
 
Turkish Airlines 8 июнь куни Истанбулдан Фарғонага илк парвозини амалга оширди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
 
Бортида 165 нафар йўловчи билан Фарғона халқаро аэропортига келиб қўнган самолёт тантана билан кутиб олинган. Фарғона халқаро аэропорти директори Тимур Халилов ва Turkish Airlines’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори Селим Қаҳриман самолёт трапи олдида рамзий лентани қирқди.
 
Хабарда айтилишича, «Ўзавиация» агентлиги томонидан 2021 йил 15 апрелда Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпаниясига Истанбул—Урганч—Истанбул ва Истанбул—Фарғона—Истанбул йўналишларида Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилган. Аммо эпидемиологик вазият ёмонлашуви ҳамда Туркия ҳукумати томонидан 3 ҳафталик локдаун эълон қилингани сабабли май ойида ушбу мамлакатга амалга ошириладиган қатор рейслар бекор қилинганди.
 
Turkish Airlines самолётлари ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари Истанбул—Фарғона—Истанбул йўналишида қатновларни амалга оширади.
 
@fargonadaryouz
​​Фарғонадаги 3 та хонадонда ёнғин содир бўлди. 6 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди
 
Фарғонада кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг бирида ёнғин чиқди, ўт яна икки хонадонга ҳам ўтиб кетди.
 
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилинишича, 2021 йилнинг 7 июнь куни соат 10:05 да Фарғона шаҳар «Бобур» МФЙ Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган 28-уйнинг 62-хонадонида ёнғин бўлаётгани юзасидан хабар келиб тушган.
 
Ёнғин жойига махсус бўлинмалар соат 10:15 да, яъни 10 дақиқада етиб борган ва 10:30 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
 
Қайд этилишича, ёнғин натижасида 62-хонадон балконининг 8 квадрат метр қисмидаги уй жиҳозлари ёниб кетган. Шунингдек, ёнғин юқори қаватлардаги яна икки хонадонга ҳам тарқалган. Натижада, 66 ва 70-хонадонларнинг балконлари ҳам зарар кўрган. Ёнғиндан уйларнинг 120 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
 
Ёнғин қутқарувчилари томонидан 6 нафар фуқаро қутқарилган ва тез тиббий ёрдам хизматига етказилган.
 
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг қўшимча қилишича, ёнғинда куйиш, тан жароҳати ва ҳалок бўлиш ҳолатлари бўлмаган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
 
@fargonadaryouz
​​Қўқонда “TechnoWays“ технологик ривожланиш марафони ўтказилмоқда
 
Қўқон университетида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси билан ҳамкорликда ташкил этилган “TechnoWays“ технологик ривожланиш марафонининг ҳудудий босқичига старт берилди.
 
Марафоннинг очилиш маросимида Қўқон университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори Шерзод Мустафақулов, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ва Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси директори Олимжон Тўйчиев иштирок этди.
 
Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси Бош директори ўринбосари Aкбархон Собирхонов томонидан “TechnoWays“ марафони тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. 
 
Технологик ривожланиш марафони доирасида тажрибали спикерлар томонидан маърузалар, тренинглар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
 
Aндижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалари, кўнгилли ёшлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этаётган технологик ривожланиш марафони 10 июнга қадар давом этади.
 
@fargonadaryouz
​​Учкўприк туманида замонавий ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси ташкил этилади
 
Учкўприк туманида 15 гектар майдонда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси ташкил этилади.
 
Бу ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев “Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни, логистика ва савдо тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган.
 
Қарор билан, енгил саноат соҳаси салоҳиятини янада ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларга ва замон талабига тўлиқ жавоб берадиган енгил саноат марказини ташкил этиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва “Микрокредитбанк” АТБ таклифи асосида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси ташкил этиш белгиланган.
 
15 гектар майдонда барпо этиладиган янги комплексда ишлаб чиқариш цехлари, савдо дўконлари, логистика маркази, кичик савдо расталари ва қўшимча хизмат кўрсатиш масканлари ташкил қилинади.
 
Йирик ва замонавий енгил саноат мажмуасида 2 та логистика маркази, 212 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо растаси ташкил этилиши кўзда тутилган.
 
Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси фойдаланишга топширилиши натижасида ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш ва логистика йўналишларида 7 минг 700 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
 
@fargonadaryouz
​​Ўзбекистон туманилик спортчи профессионал боксдаги илк жангида ғалаба қозонди
 
Тошкент шаҳрида профессионал бокс кечаси ўтказилди. Ушбу бокс кечасида профессионал боксдаги илк жангини ўтказган Ўзбекистон туманилик Асрорбек Раҳимов ғолибликни қўлга киритган.
 
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, кечанинг илк жангида рингга кўтарилган Асрорбек Раҳимов клубдоши - "Аҳмад Ўзбекистон" клуби вакили Исмоилжон Холиқов билан ўзаро тўқнаш келган. 4 раундга мўлжалланган жангда Асрорбек Раҳимов очколар эвазига ғалаба қозонган.
 
Қайд этилишича, 22 ёшли Асрорбек Ўзбекистон туманининг Даҳанақақир қишлоғида истиқомат қилади. У 13 ёшидан бокс билан шуғулланиб келади.
 
@fargonadaryouz
​​Фарғоналик аёл тўрт эгизакни дунёга келтирди
 
Фарғона шаҳридаги «Хўжамағиз» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ғанижон Одилов ва Мунаввархон Одилова хонадонида бир йўла тўрт нафар эгизак фарзанд – уч ўғил ва бир қиз дунёга келди.
 
Қайд этилишича, чақалоқларга Тўлқинбой, Абдукарим, Абдуҳаким ва Зилола деб исм қўйилган. Одиловлар оиласида 2016 ва 2018 йилда ҳам қиз фарзандлар дунёга келган.
 
Шифокорларнинг таъкидлашича, чақалоқлар соғлом, улар зудлик билан жонлантириш бўлимига ўтказилган ва керакли муолажалар қилинган.
 
Фарғона шаҳар ФҲДЁ бўлими ходимлари чақалоқларга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни туғруқхонанинг ўзида сайёр тартибда топширган.
 
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 1 июнь кунига қадар Фарғона вилоятида 35 минг 125 нафар бола дунёга келган.
 
@fargonadaryouz
​​Фарғонада вилоят суди раиси кубоги учун мини-футбол мусобақаси ўтказилди
 
Фарғонада вилоят судлари судьялари ва суд ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича вилоят суди раиси кубоги учун мусобақа ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими маълум қилди.
 
Қайд этилишича, мусобақада Фарғона вилояти маъмурий суди, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича Фарғона минтақаси судлари, жиноят ишлари бўйича Қўқон минтақаси судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар ва иқтисодий ишлар бўйича туманлараро судлари ходимларидан иборат 8 жамоа иштирок этган.
 
Таъкидланишича, Фарғона вилояти суди раиси кубогини Фарғона минтақаси судлари жамоаси қўлга киритган. Мусобақа ғолибларига тегишли даражадаги диплом, кубок ва медаллар тантанали тарзда топширилган.
 
@fargonadaryouz
​​Фарғонада 29 ёшли эркак қўшни келинни пичоқлаб ўлдирди

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида 29 ёшли эркак қўшни келинни пичоқлаб қўйди. Аёл шифохонада вафот этди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири сўровига кўра вилоят прокуратураси маълум қилди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 22 июнь куни Ёзёвон туманида яшовчи 1992 йилда туғилган Н.У. қарзларидан қутилиш мақсадида қўшниси И.С.дан 2 минг доллар пул олган. Шундан сўнг Н.У. қўшнисининг уйида кўп миқдорда пул бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. У 23 июнь куни, тахминан, соат 10:00 да қўшнисиникида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, унинг хонадонига ғайриқонуний тарзда кирган. Хонадондаги мол-мулкларни яширинча қўлга киритмоқчи бўлган вақтида қўшни келин М.Қ. келиб қолган.

Н.У. қилмиши ошкор бўлишидан қўрқиб, қўшни келинга пичоқ билан ҳужум қилиб, танасининг турли соҳаларига тан жароҳатлари етказган. М.Қ. фаол қаршилик кўрсатиб, қўшниларни ёрдамга чақиргани учун Н.У. ҳодиса жойидан яширинган.

Фуқаро М.Қ. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, олган тан жароҳатлари натижасида шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

2021 йил 23 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон туман прокуратураси томонидан У.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми «и» банди (таъмагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси 3-қисми «в», «г» (уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда баданга оғир шикаст етказиб, босқинчилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчи Ёзёвон тумани прокуратураси томонидан процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят ишининг тергови устидан вилоят прокуратураси назорат ўрнатган.

@daryo_live
​​Фарғонада ЙПХ инспекторига 2 млн сўм пора берган ҳайдовчи қўлга олинди

Фарғона вилоятида ЙПХ инспекторига 2 миллион сўм пора таклиф қилган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 29 июнь куни вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Э.Х. томонидан Nexia автомашинасини маст ҳолда бошқарган фуқаро М.Р.га нисбатан маъмурий баённома тузилиб, автомашина жарима майдончасига вақтинча сақлаш учун жойлаштирилган.

Шундан сўнг фуқаро М.Р. Бешариқ тумани ИИБ ЙҲХГ инспектори С.И.га мурожаат қилиб, ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомани судга юбормаслик ва ижобий ҳал қилиб, автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 2 миллион сўм пора таклиф қилган.

Инспектор фуқарони пора бериш жиноят эканлиги ҳақида бир неча маротаба огоҳлантириб, бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилган бўлишига қарамай, фуқаро пора таклиф қилишда давом этган. Шундан сўнг ЙПХ ходими мазкур ҳолат юзасидан ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, фуқарога нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилишини сўраган.

Инспекторнинг билдиргиси асосида ҳолат юзасидан ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро М.Р. 950 минг сўм ва 100 долларни пора тариқасида ЙПХ ходимига берган вақтида ушланган. Пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@daryo_live
​​Фарғонада қалбаки 50 ва 100 долларлик купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушланди

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида қалбаки 100 ва 50 долларлик купюра тайёрлаб, уни муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 24 апрель куни Тошлоқ туманида номаълум шахс Redmi русумли телефон аппаратини 1 миллион 550 минг сўмга сотиб олишга келишган. Тўлов учун қалбаки усулда тайёрланган 1 донадан 50 ва 100 долларлик купюраларни бериб, телефон аппаратини олиб, ҳодиса жойидан яширинган. Бу ҳақда сотувчи ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

Ўтказилган судга оид техник-криминалистик экспертизанинг хулосасига кўра, 1 дона 100 доллар ва 1 дона 50 доллар қийматидаги купюра қалбаки усулда рангли принтер ёрдамида тайёрланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ИББ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган терговга қадар текширув давомида қалбаки купюра Ж.Р. томонидан тайёрланганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

@daryo_live
Forwarded from Daryo | Rasmiy kanal
Farg‘onada eri bilan janjallashib qolgan 22 yoshli ayol o‘zini Katta Farg‘ona kanaliga tashlab, cho‘kib ketdi.

Batafsil — http://dy.uz/pL0V8

LIVE | Lifestyle | Sport | Расмий
​​Фарғонада судлар фаолиятини ёритиш бўйича журналист ва блогерлар учун семинар-тренинг ташкил этилди

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида судлар фаолиятини ёритиш масалалари бўйича маҳаллий журналист ва блогерлар учун ўқув семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда иштирокчиларга Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ходимлари томонидан суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқининг амалга оширилиши, шунингдек, судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатлари бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги куни “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.

Шунингдек, семинар-тренинг давомида малакали тренерлар суд органларининг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари, ахборот тарқатишда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, жавобгарлик масалалари ҳамда суд ишларига доир материалларни тайёрлашнинг муҳим жиҳатлари тўғрисида атрофлича маълумот беришди.

Ўқув машғулоти сўнггида Фарғона вилояти судлари раислари билан журналист ва блогерлар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, томонлар ўзаро фикр алмашдилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
​​"Соғлом ҳаёт" тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси, таълим бошқармалари, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Жисмоний тарбия ва спорт ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, вилоят Ёшлар иттифоқи кенгаши ҳамкорлигида "Соғлом ҳаёт" тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. 

1 июлдан 15 июлгача бўладиган бу тадбирда “ОИВ инфекцияси ҳақида тушунча ва унинг профилактикаси” мавзусида корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот, тушунтириш ва огоҳлантирув ишлари олиб борилади.
Forwarded from Daryo — LIVE
​​Фарғонада 405 миллион сўмлик телевизорларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Фарғона вилоятида Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 405 миллион сўмлик телевизорларни мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб кириш режаси фош этилди. Бу ҳақда «Дарё»га бошқарма ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум бўлишича, вилоят Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Бувайда тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида Чуст—Бувайда йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt ва Портер автомашиналари кузатувга олинган. Автомашиналар Бувайда туманидаги хонадонлардан бирига кириб, ҳайдовчилар воқеа жойидан яширинган.

Шундан сўнг автомашиналар хонадон эгаси Э.Д. ва холислар иштирокида ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган. Натижада автомашиналар салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 209 миллион сўмлик 125 дона телевизор борлиги аниқланган. Шунингдек, ушбу хонадон ҳам уй эгаси Э.Д. ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида умумий қиймати 196 миллион сўмлик 126 дона телевизор сақланаётгани маълум бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@daryo_live
​​Фарғонада ЙПХ ходими фаолиятига қаршилик кўрсатган икки нафар фуқаро 10 суткага қамалди

Фарғонада ЙПХ ходими фаолиятига халал бериб, унинг хизмат автомашинасига шикаст етказган икки нафар фуқарога суд томонидан жазо тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди раиси Нодиржон Мирзажонов маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 30 июнь куни соат 17:30 да Учкўприк тумани Тожик қишлоғи ҳудудида Фарғона вилояти ИББ ЙҲХГнинг мултирадар қурилмаси билан жиҳозланган Nexia русумли, давлат рақами 40 Q 309 RBA бўлган автомашина тезликни ошириб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини аниқлаш мақсадида хизмат олиб борган.

Шу вақтда фуқаролар Т.М. ва А.Х. хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори олдига келиб, жамоат тартибини бузиб, бақир-чақир қилиб, ҳудудда бошқа фуқароларнинг тўпланишига сабабчи бўлган. Улар ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармай, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, майда безорилик содир этган.

Шунингдек, фуқаро А.Х. Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХГнинг мултирадар қурилмаси билан жиҳозланган Nexia русумли автомашинасига шикаст етказган.

Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида ўтказилган суд мажлисида икки нафар фуқарога нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

@daryo_live