Фарғона | Daryo.uz
15 subscribers
74 photos
6 videos
66 links
Фарғона вилоятига оид хабар ва янгиликлар канали

Хабар юбориш учун: @daryogamurojaatbot
Download Telegram
Фарғонада суд биносидан қочиб кетган 4 нафар судланувчи ушланди

Фарғонада суд биносидан қочиб кетган 4 нафар судланувчи ушланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят судининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Маълум қилинишича, жорий йил 5 май куни соат 14:00 ларда жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди биносидан 4 нафар судланувчи қочиб кетган.

Қайд этилишича, ўғрилик жиноятида айбланаётган 4 нафар судланувчи – 1988 йилда туғилган А.П., 1991 йилда туғилган А.Ф., 1992 йилда туғилган Ш.З. ва 1989 йилда туғилган У.Т.ларга нисбатан дастлабки терговда «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Судланувчилар ички ишлар органлари ходимлари кузатуви ва назорати остида суд мажлисига келтирилиб, вақтинчалик ушлаб туриш хонасига олиб кирилган. Шу вақтда судланувчилар суд биносининг орқа томонидаги девордан ошиб, қочиб кетган.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида уларнинг барчаси шу куннинг ўзида вилоят ҳудудида ушланган.

Қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочганлиги учун судланувчиларга Жиноят Кодексининг 222-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

@fargonadaryouz
Олтиариқ туманида фаолият олиб борувчи экспортёр корхоналарга 1 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади

Олтиариқ туманида фаолият олиб борувчи экспортёр корхоналар учун миллий валютада 1 миллиард сўмгача 12%да, хорижий валютада 4% ставкада кредит ажратилади.

Бу ҳақида Олтиариқ туманида экспортёр корхоналар иштирокида ўтказилган учрашувда маълум қилинган.

Учрашувда вилоят ҳокими ўринбосари А.Ўринбоев, Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи Т.Қундузов, туман ҳокими Х.Ниёзов, сектор раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этган. Унда Олтиариқлик экспортёр корхоналар учун янги имкониятлар ҳақида маълумот берилган.

Қайд этилишича, миллий валютада кредитлар нақд пулда берилса, хорижий валютадаги кредит ҳисоб рақамга ташлаб берилади.

Тадбиркорлар ўзларига хизмат кўрсатувчи банкка учраб, кредитлардан фойдаланишлари мумкин. Кредит маблағлари ажратилишининг асосий мақсади тумандаги мева, сабзавот ва бошқа маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишни янада ривожлантиришдир.

@fargonadaryouz
Ўзбекистон туманида меҳнат ва маҳсулотлар ярмаркаси ўтказилди

Ўзбекистон туманида ўтказилган меҳнат ва маҳсулотлар ярмаркасида 34 та корхона ва ташкилот 370 га яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Ижтимоий рўйхатларга киритилган 300 нафарга яқин аҳоли вакиллари қатнашган ярмаркада “Аёллар дафтари”даги 3 нафар хотин-қизнинг хонадонларида субсидия асосида иссиқхона қуриб бериладиган, 1 нафар аёлнинг томорқасига эса сув насоси ўрнатиладиган бўлди.

51 нафар ишсиз аёллар касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилинди. Уларнинг 28 нафари чеварчилик, 23 нафари эса пазандачилик йўналишида қайта касб-ҳунар ўрганадиган бўлишди. 5 нафар фуқаролар давлат муассасаларига доимий ишга қабул қилинди.

Шунингдек ярмарка давомида 144 нафар фуқароларни бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олишларига кўмаклашиш учун тумандаги АТ “Халқ банки” ва “Агробанк” филиаллари томонидан уларни ўзлари истаган маҳсулотларни олишлари учун 1 млрд. 851 млн. сўмлик имтиёзли кредит шартномалари тузилди.

@fargonadaryouz
Фото: Мактабда географиядан дарс ўтаётган Бағдод ҳокими

Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаров мактаб ўқувчиларига география фанидан машғулот ўтди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Восилжон Назаров ўқувчиларда билим олишга бўлган иштиёқни ошириш мақсадида 53-умумий ўрта таълим мактабига борган.

Туман раҳбари ушбу мактабда 6-синф ўқувчилари учун география фанидан мастер-класс ўтказган – ҳокимнинг жаҳон географиясига оид берган 22 та блиц-саволининг 21 тасига ўқувчилар томонидан тез ва аниқ жавоб қайтарилган.

@fargonadaryouz
Тошлоқ туманида 100 нафар меҳнат фахрийсига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

Тошлоқ туманида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 100 нафар меҳнат фахрийсига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев бошчилигида сектор раҳбарлари ногиронлиги бўлган, ижтимоий ва моддий кўмакка муҳтож, нуронийлар ҳолидан хабар олишиб, уларни байрам муносабати билан муборакбод этишган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳар бир хонадонга "Саҳоват ва кўмак" жамғармаси томонидан зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ажратилган.

@fargonadaryouz
Учкўприкда 120 ўринли модулли боғча фойдаланишга топширилди

Учкўприк туманининг “Тошкентлигузар” маҳалла фуқаролар йиғинида контейнер асосли модулли боғча фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, мактабгача таълим бўлими, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтган.

Қайд этилишича, тумандаги 19-давлат мактабгача таълим ташкилотида 260 нафар болажонлар таълим-тарбия олмоқда. Ҳудудда боғча ёшидаги яна 300 нафардан зиёд ўғил-қиз мавжуд.

Мазкур масалага МТТ ҳудудида янги лойиҳа асосида 480 миллион сўм маблағ эвазига контейнерлардан 120 ўринли қўшимча бино қурилиши орқали ечим топилди.

Айни кунларда 27-давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам 480 миллион сўм маблағ эвазига 90 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотининг муқобил шакли – контейнерлар асосидаги модулли МТТ барпо этилмоқда.

@fargonadaryouz
​​«Эътиборсизлик, билимсизлик, қўпол техник хато». Фарғонада ўрнатилган вермахт аскарлари акс этган плакат бўйича изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда 9 май куни Фарғона шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғида «Хотира бор экан – миллат барҳаёт» сўзлари остида вермахт аскарлари расми туширилган кўчма плакатнинг ўрнатилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Файзулло Қосимов мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, немис аскарларининг суратлари туширилган мазкур кўчма плакатга «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги сабаб бўлган.

«Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан ўрганиш бошланди. Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан Иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, билимсизлик туфайли тасодифий расм олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади. Ҳозирда у кўчма плакат ‘Ватанпарварлар’ боғидан олиб ташланди, ўрнига Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилади», — дейилади муносабатда.

Аввалроқ Сирдарёда ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар ходимлари 9 май кунига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбир янграган давлат мадҳияси вақтида қўлини қаерга қўйишни билмай қолгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

@daryo_live
Daryo.uz жамоаси барчани Рамазон ҳайити билан табриклайди! Хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, қувонч, дастурхонингизга қут-барака тилаймиз! Байрам кайфияти сизни ҳеч қачон тарк этмасин!

@daryo_live
Фарғонада икки Cobalt тўқнашуви оқибатида олти киши вафот этди. Улар орасида 7 ойлик чақалоқ ҳам бор

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида икки Cobalt иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 10 май куни Бухоро вилояти, Вобкент туманида яшовчи Б.Қ. ўзининг бошқарувида бўлган Cobalt автомашинасини Тошкент-Ўш йўлининг Ёзёвон тумани «Гулистон» МФЙ ҳудудида бошқариб кетаётиб, ўзига нисбатан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Д.С.нинг Cobalt автомашинаси билан тўқнашув содир этган.

Оқибатда олти киши тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган. Яна тўрт киши туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Уларнинг аҳволи оғирлиги маълум қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш қоидаларини бузиш) «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

@fargonadaryouz
Ўзбекистон туманига вилоятда ягона бўлган 40 000 КвА қувватга эга трансформатор келтирилди

Ўзбекистон туманига 40 000 КвА қувватга эга бўлган трансформатор пункти келтирилди. У “Яйпан” нимстанциясидаги 16 000 кВа қувватга эга эскирган ТП ўрнига ўрнатилади.

Қайд этилишича, вилоятда ягона ҳисобланган бундай улкан қувватли трансформатор пунктининг қиймати 7,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Янги ТПнинг тўлиқ ишга тушиши билан 20 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ва 150 дан ортиқ улгуржи истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш имконияти яратилади.

Эслатиб ўтамиз, “Яйпан” нимстанциясидаги эскирган ТП ўтган йилнинг ноябр ойида фавқулодда аварияли ўчиб, кўплаб истеъмолчиларга вақтинчалик ноқулайлик туғдирган, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

@fargonadaryouz
Қўқон шаҳар ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Абдухалил Нурматов Қўқон шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича 1-ўринбосари лавозимига тайнланди.

Абдухалил Нурматов 1984 йилда туғилган. 2006 йил Фарғона Политехника институти иқтисодиёт факультетини тамомлаган.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар "Инфин банк" Қўқон шаҳар филиали раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

@fargonadaryouz
Фарғонада 34 миллион сўмлик кимёвий дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Фарғона вилоятида божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 34 миллион сўмлик кимёвий дори воситаларини мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кириш режаси фош этилди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Фарғона тумани ҳудудида тезкор тадбирлар ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида Водил–Олтиариқ йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Б.Н. бошқарувидаги Lacetti автомашинаси кузатувга олинган. Автомашина тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган. Натижада автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 34 миллион сўмлик 6 турдаги кимёвий дори воситалари борлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@fargonadaryouz
​​Фарғонада 200 доллар пора билан қўлга тушган боғча мудирасига жазо тайинланди

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирлар давомида ишга киритиб қўйиш эвазига фуқаролардан пора талаб қилган боғча мудиралари қўлга олинган. Бу ҳақда «Дарё»га департаментнинг вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими маълум қилди.

Таъкидланишича, Тошлоқ туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси фуқаро Д.Т.ни 0,5 ставка ишга олиш учун ундан 200 доллар миқдорида пора талаб қилган ва жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, Қўқон шаҳридаги 64-ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Э.И. томонидан ҳам юқоридагига ўхшаш жиноят содир этилган. У 2020 йилнинг июнь ойида туғруқ таътилидан қайтиб, ишлаш истагини билдирган М.М.дан пора олишга уринган.

Мудира боғча ошпази Р.Х. воситачилигида фуқаро М.М.дан кимёвий ишлов берилган пулларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Боғча мудиралари Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга икки йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгарлиги бўлган лавозимларда ишламаслик ва уч йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Қайд этилишича, департамент ходимлари томонидан Фурқат туманидаги давлат боғчаларидан бири ўрганилганда 2016—2020 йиллар давомида аслида ишламаган 9 нафар шахс — «ўлик жонлар» номига иш ҳақи ёзилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

2020 йил давомида ўтказилган назорат тадбирлари давомида прокуратура идоралари томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 20 нафар ходимига нисбатан интизомий, 51 нафарига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

@daryo_live
«Турон» бош мураббийи истеъфога чиқди. Жамоани вақтинча польшалик Богуслав Баниак бошқариши маълум қилинди

Суперлига 8-тури доирасида 13 май куни бўлиб ўтган «Турон» — «Қизилқум» (0:1) учрашувидан сўнг Яйпан клуби бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўз аризасига кўра истеъфога чиқарилди.

Жамоани вақтинчалик УЕФА Pro мураббийлик лицензиясига эга польшалик мураббий Богуслав Баниак бошқариши маълум қлинди.

Қайд этилишича, Польшада «Бебето» лақаби билан машҳур бўлган 62 ёшли Богуслав Баниак турли йилларда «Погонь» (Шецинь), «Варта» (Познань) жамоаларини бошқарган, шунингдек, Буркина-Фасо футбол федерациясининг спорт директори ҳамда ушбу мамлакат ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи лавозимларида ишлаган.

@fargonadaryouz
Фото: Хайрулло Бозоров онкологик касалликлардан даволанаётган болаларга Президент совғаларини топширди

Хайрулло Бозоров республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиалида даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналарини Рамазон ҳайити билан қутлаб, Президент номидан махсус совғалар топширди.

Қайд этилишича, Хайрулло Бозоров онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг, вилоятдаги бир қатор тиббиёт муассасаларига бориб, шарт-шароитларни ўрганган.

Вилоят ҳокими республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олган.

Таъкидланишича, шу куни республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона ҳамда Қўқон филиалларига 1,3 миллиард сўмлик замонавий тиббий ускуналар ва жиҳозлар топширилган. Яқин кунларда яна 3,5 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар етказиб берилиши маълум қилинган.

Шунингдек, республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалига Чехиядан ионлаштирувчи радионуклид жиҳози олиб келиб, ўрнатилган.

@fargonadaryouz
Қувасойда ижтимоий рўйхатларга киритилган 150 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди

Қувасойда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга тикув машиналари, пишириқ печлари, пайвандлаш ускуналари, мотокултиваторлар ҳамда компьютер жамланмалари топширилди.

Қайд этилишича, ижтимоий рўйхатларга киритилган аҳоли вакилларининг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда 150 нафар фуқарога ижтимоий кўмак берилиб, асбоб-ускуналар ва анжомлар тарқатилган.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва улар учун барқарор даромад манбалари яратиш мақсадида “Мақсадли ёшлар” хизмат кўрсатиш кооперацияси ташкил этилган.

@fargonadaryouz