Фарғона | Daryo.uz
15 subscribers
74 photos
6 videos
66 links
Фарғона вилоятига оид хабар ва янгиликлар канали

Хабар юбориш учун: @daryogamurojaatbot
Download Telegram
Фарғонада “Оналарга эҳтиром” фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Фарғона шаҳрида “Оналарга эҳтиром” фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Энахон Сиддиқова, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилноза Эргашева, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Жумабоев ҳамда ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Матбуот анжуманида фестивални ташкил этиш жараёнлари билан боғлиқ масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди.

“Оналарга эҳтиром” фестивалининг вилоят босқичи 20 майдан бошланиши, байрам тадбирларининг якуний қисми май ойининг охирларида бўлиб ўтиши маълум қилинди.

@fargonadaryouz
Ўзбекистон туманида 10 та кўп қаватли уй қурилмоқда

Ўзбекистон тумани “Қулибек” маҳалла фуқаролар йиғини, Алишер Навоий мавзесида 30 та хонадондан иборат 5 қаватли уй-жойлар қад ростламоқда.

Қурилиш-бунёдкорлик ишларида 30 дан ортиқ фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, улар янги хонадонларни ўз эгаларига сифатли ва кўркам қилиб топшириш йўлида бор маҳоратларини ишга солмоқда.

Мазкур янги уй-жойлар давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа сифатида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Жорий йил давомида туманда шу каби 10 та кўп қаватли уй-жойлар битказилиб, ўз эгаларига топширилиши кўзда тутилган.

@fargonadaryouz
Учкўприк туманида қад ростлаётган кичик шаҳарчада мингга яқин оила уй-жой билан таъминланади

Учкўприк тумани “Боғибўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Муллазоир мавзесида намунавий хонадонлар ва замонавий кўп қаватли уйлардан иборат кичик шаҳарча қад ростламоқда. Бу ерда сўнгги 5 йил давомида бунёд этилган ва айни вақтда қурилиши давом этаётган янги уйларда 1000 га яқин оилани турар-жой билан таъминлаш кўзда тутилган.

Айни вақтда Муллазоир мавзесида 272 хонадонли 11 та кўп қаватли уйлар қурилиши давом этмоқда. Мазкур уйлар қурилишига 76 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Мазкур янги уй-жойлар мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, сўнгги уч йил давомида Муллазоир мавзесида жами 26 та кўп қаватли ва 152 та намунали арзон уй-жой қуриб битказилган. 2019 йилда 48 хонадонли 2 та кўп қаватли уйлар ўз эгаларига топширилган бўлса, 2020 йилда 520 хонадонга мўлжалланган 15 та замонавий кўп қаватли уй қад ростлади.

@fargonadaryouz
“Оналарга эҳтиром” байрамида бағдодлик ака-укалар оналарига янги хонадон совға қилишди

Фарғона вилоятида бўлиб ўтаётган «Оналарга эҳтиром» фестивали доирасида вилоятнинг Боғдод туманида истиқомат қилаётган ака-укалар онасига янги хонадон калитини топширди.

Бумайрамхон ая Пайғамбарқулова Бағдод туманининг “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. 4 ўғил ва келинлари маслаҳатлашиб, “Оналарга эҳтиром” байрами кунларида муборак 63 ёшини қаршилаган онахонга янги хонадон калитини топширишган.

Эътиборлиси, Бумайрамхон ая Пайғамбарқулова энди турмуш ўртоғи билан Президент эътирофидаги “Гулистон” йўлдош шаҳарчасида барпо этилаётган замонавий кўп қаватли уйлардан бирининг соҳибасига айланган.

Таъкидланишича, вилоятда “Оналарга эҳтиром” фестивали доирасида эъзоз ва эҳтиром рамзи бўлган бундай ўзига хос эзгу ишлар шаҳар-туманларда давом этмоқда.

@fargonadaryouz
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Қўқон шаҳридаги “заправка”да портлаш ва ёнғин содир бўлди

Қўқон шаҳридаги “Gaz oil” “заправка”сида портлаш ва ёнғин содир бўлди.

Ҳодиса жорий йилнинг 19 май куни соат 14:45 ларда юз бергани айтилмоқда.

Портлаш ва ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида маълум қилинмаган.

Ҳозирча ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилгани йўқ.

@fargonadaryouz
Қўқон шаҳридага “заправка”да портлаш ва ёнғин содир бўлди

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида портлаш ва ёнғин содир бўлгани ҳақидаги видеолар тарқалди.

«Дарё» мухбири ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати билан боғланди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса 2021 йил 19 май куни соат 14:45 ларда Қўқон шаҳар Оқтош кўчасида жойлашган UzGazOil автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган. АЁҚШ худудига ёқилғи тўкиш учун келган ГАЗ-53 ёқилғи ташиш автомобилида ёнғин келиб чиққан.

Бир неча дақиқа ичида ҳодиса жойига ФВВ ҳудудий бошқармасининг 8 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб келган. Ёқилғи ташувчи автомашинада содир бўлган ёнғин зудлик билан бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар ва қурбонлар йўқ. Айни вақтда ҳодиса сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@fargonadaryouz
​​Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Иқболжон Эргашев Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Маълум бўлишича, Иқболжон Эргашев 2016 йилдан тайинловга қадар Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)даги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи вазифасида фаолият олиб борган.

У 1981 йил вилоятнинг Қува туманида туғилган бўлиб, Фарғона давлат университети ҳамда Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. 2002—2010 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги вилоят бошқармасида, 2010—2016 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида турли масъул лавозимларда ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 4 майида Фарғона вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари — вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи лавозимига Хуршиджон Аҳмедов тайинланганди.

@daryo_live
​​Фарғонада Damas’нинг трактор тиркамасига урилиши оқибатида бир йўловчи вафот этди

19 май куни Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Катта Қўштепа қишлоғида Damas ва «Т-28» трактори иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, Х.А. исмли фуқаро бошқарувида бўлган Damas ўзидан олдинда ҳаракатланаётган «Т-28» тракторининг тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

Авария оқибатида Damas ичида бўлган йўловчилардан бири олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-модда (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

@daryo_live
Учкўприкда иккита янги боғча фойдаланишга топширилди

Учкўприк туманида контейнер асосли иккита замонавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Янги модулли боғчанинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, мактабгача таълим бўлими мудири Гулчеҳра Ҳамидова, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этган.

Таъкидланишича, тумандаги 27-давлат мактабгача таълим ташкилотида шу кунга қадар 8 та гуруҳда 195 нафар бола таълим ва тарбия олаётган эди.

Контейнерлардан қўшимча бино қурилиши натижасида яна 3 та гуруҳда 90 нафар болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш имконияти яратилган.

Бунинг учун 480 миллион сўм маблағ сарфланиб, кичкинтойларнинг сифатли бошланғич таълим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

31-давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам янги лойиҳа асосида 480 миллион сўм маблағ эвазига контейнерлардан 120 ўринли қўшимча бино қурилган.

@fargonadaryouz
Ўзбекистон туманида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб тумандаги “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлишиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Қайд этилишича, “Ўқчи” МФЙдаги 955 та хонадонларда 150 гектардан ортиқ томорқа мавжуд бўлса, қишлоқдаги 500 гектардан ортиқ боғ майдонларида сарҳил мевалар етиштирилади.

ОАВ вакиллари ва блогерлар Яккатут маҳалласида қад ростлаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишлари билан танишдилар. Меҳмонлар янги шаҳарчага айланиши кутилаётган мавзеда 5 қаватли, 10 та турар жой биноларининг қурилиш жараёнларини кўздан кечиришди.

Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида “Темир дафтар”, “Ёшлар ва аёллар дафтарлари”га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, туманнинг янги “ўсиш нуқта”ларини шакллантириш, ҳудудларни маҳаллабай комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

@fargonadaryouz
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Ҳолиқов Баҳодир Раҳматуллаевич вилоят ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Баҳодир Ҳолиқов 2020 йилдан тайинловга қадар вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

У 1972 йилда вилоятнинг Риштон туманида туғилган бўлиб, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Узоқ йиллар давомида Марғилон, Қувасой ва Фарғона шаҳарлари Давлат солиқ инспекциялари бошлиғи лавозимида ишлаган.

2019-2020 йилларда Қувасой шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимига раҳбарлик қилган.

Маълум қилинишича, 2020 йил 20 февралдан бери вилоят ҳокимининг ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Саидмурод Аминжонов ўз аризасига асосан лавозимидан озод этилган.

@fargonadaryouz
Босқинчиликда айбланганлар суд залидан қочиб кетиши юзасидан Тошлоқ туман ИИБ мансабдорларига жиноий иш очилди

Босқинчилик жиноятида айбланаётган тўрт нафар шахс Тошлоқ туман суди биносидан қочиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ИИБ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Қайд этилишича, дастлабки терговдаёқ қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган судланувчилар ўша куниёқ қўлга олинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилишича, суддан қочиб кетган айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 222-моддаси 2-қисми «в» банди (қамоқдан ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Тошлоқ тумани ИИБ мансабдор шахсларига нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш) билан иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Фарғона вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

@fargonadaryouz
Фарғонада вилоят ИИБ томонидан аҳоли учун замонавий спорт майдони қуриб берилди

Фарғона шаҳар “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида вилоят ИИБ раҳбари томонидан аҳоли учун замонавий ўйингоҳ қуриб берилди.

Қайд этилишича, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаббуси билан Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносининг бўш турган ҳудудида янги ўйингоҳ ташкил этилган.

Ўйингоҳда замонавий минифутбол стадиони қурилиб, аҳоли ва ёшлар учун шахмат-шашка, стол тенниси билан шуғулланиш имконияти яратилган.

“Бу ўйингоҳ аҳоли ва маҳалла ёшлари учун 24 соат очиқ. Бу ерда улар бўш вақтини самарали ўтказишади, ота-оналар дам олишлари учун ҳам шароитлар бор. Спорт фарзандларимизни соғлом ҳаёт сари чорлайди. Спортни оммалаштириш орқали улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ҳам кескин камайишига эришилади”, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев.

Вилоят ИИБ бошлиғи маҳалла ёшларига спорт кийимлари, китоб жамланмаларини топширган.

@fargonadaryouz
​​Ўзбекистон туманида 19 миллиард сўм маблағ эвазига 26 км ичимлик суви тармоғи тортилмоқда
 
Ўзбекистон туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 19 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилиб, 26 км тармоқ тортилмоқда. Бу ҳақида туман ҳокими Шерзоджон Йўлдошев журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. 
 
“Биз, биринчи навбатда, аҳолининг кайфияти ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратяпмиз. Туманда ечимини кутаётган бир қатор муаммолар бор. Энг асосий масала бизда ичимлик суви ҳисобланади. Туман аҳолисининг 59 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Айниқса, Шакаробод, Жонобод ҳудудларида аҳвол оғир”, деди ҳоким Шерзоджон Йўлдошев. 
 
Туман ҳокимининг маълум қилишича, ҳозирда ичимлик суви масаласи оғир бўлган ҳудудларда 19 миллиард сўмлик янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўқчи қишлоғидан 26 километрлик тармоқ тортилиб, сувсиз қишлоқларга тоза ичимлик суви олиб келинмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилгач, яна 10-12 фоиз аҳоли ичимлик суви билан таъминланади ва туманда ичимлик суви таъминоти кўрсаткичи 75 фоизга етказилади. 
 
Қайд этилишича, туманда ичимлик суви муаммосини ҳал этишда аҳоли ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
 
“Бир қишлоққа 10 километр тармоқ тортсак, ўша ҳудуд аҳолиси уюшиб яна қўшимча тармоқ тортишмоқда. Тагоб қишлоғида шундай бўлди. Аҳоли ҳашар қилиб, маҳалла раиси бошчилигида қўшимча 7 километр тармоқ тортди. Бўстон қишлоғидаги 220 та хонадонга эса туман маҳаллий бюджетидан пул ажратиб, сув чиқардик. Эътиборлиси, бу ишлар қисқа фурсатларда бажарилди. Туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи, албатта, ҳал этилади", деди туман раҳбари.
Фарғона вилоят судида “Янги Ўзбекистон: суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” мавзусида семинар ўтказилди

Фарғона вилоят судида “Янги Ўзбекистон: суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда прокуратура ва ички ишлар ходимлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.

Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосарлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судьялар томонидан суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга доир қарор ва фармонлар юзасидан маърузалар қилинди.

@fargonadaryouz
​​Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари ўзгарди
 
Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Феруза Саҳибова Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғига асосан ўз вазифасидан озод этилади.
 
Шу муносабат билан Озодаxон Раҳмонова Фарғона вилояти xалқ таълими бошқармасига вақтинча бошлиқ лавозимига тайинланган.
 
Бу ҳақда халқ таълими бошқармасида ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов маълум қилган.
 
Тайинловга қадар Озодахон Раҳмонова Фарғона шаҳридаги 1-сонли аниқ ва ижтимоий фанларга иxтисослашган давлат умумтаълим мактаби директори вазифасида фаолият олиб борган.
 
@fargonadaryouz
​​Ёзёвонда “Ёшлар дафтари”га киритилган яна 58 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди
 
Ёзёвон тумани “Ёзёвон” МФЙ ҳудудида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлардан 58 нафарига электропеч, тикув машинаси, пайвандлаш ускунаси, инкубатор, мотоарра, кредит сўраган 5 нафар ёшга имтиёзли кредит асосида қўйлар топширилди ва ҳудуддаги ёшлар бандлиги тўлиқ таъминланди.
 
Маълум қилинишича, туманда вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, туман сектор раҳбарлари ва ташкилотлари иштирокида ёшлар бандлигини таъминлашга оид семинар ўтказилган.
 
Семинарда “Ёзёвон” МФЙда 107 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилганлиги, дастлабки босқичларда уларнинг 26 нафарига 50 сотиҳдан ер, 58 нафарига фойдаланиб даромад топишлари учун турли ускуналар берилганлиги қайд этилган.
 
Маълумот учун, Ёзёвонда “Ёшлар дафтари”га 2273 нафар ёшлар киритилган бўлиб, йил охирига қадар уларнинг 957 нафарини иш билан таъминлаб, дафтардан чиқиши кўзда тутилган.
 
@fargonadaryouz
​​Бағдодда янги футбол жамоаси тузилди
 
Бағдод туманида “Бағдод” номли янги футбол жамоаси тузилди.  
 
Туман ҳокими Восилжон Назаров ташаббуси билан ташкил этилган янги жамоанинг аъзолари, расмий либослари ҳамда логотипи Марказий ўйингоҳда кенг жамоатчиликка таништирилган.
 
Таъкидланишича, туманда миллионлар ўйини ҳисобланган футбол узоқ йиллардан буён “оқсаб” қолган эди. Молиявий қийинчиликлар сабабли, собиқ “Бағдодчи” жамоаси тарқатиб юборилган.
 
Қайд этилишича, туман ҳокимлиги томонидан молиялаштириладиган “Бағдод” жамоаси июнь ойидан бошлаб иккинчи лигада тўп суради.
 
@fargonadaryouz
​​Учкўприкда “Обод қишлоқ” дастурига асосан 6 км ичимлик суви тармоғи тортилди
 
Учкўприк туманидаги “Тожик” ва “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғинлари жорий йилги “Обод қишлоқ” дастурига киритилган.
 
Таъкидланишича, шу кунларда ҳар икки ҳудудда дастур асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб, маҳаллалар кўркам қиёфа касб этмоқда.
 
Қайд этилишича, “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, 6 км ичимлик суви тармоғини тортиш, 1 дона сув қудуғини қазиш ва 2 дона сув минорасини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
 
Бу орқали ҳудуддаги 1300 дан зиёд хонадондаги 6 минг нафардан зиёд фуқароларнинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммолари ҳал этилади.
 
@fargonadaryouz
​​Оналарга эҳтиромфестивалининг вилоят босқичи тантаналари бошланди

Марғилон шаҳридаги “Ижодкорлар боғи”да мамлакатимизда илк бор Фарғона вилоятида ўтказилаётган “Оналарга эҳтиром” фестивалининг вилоят босқичи тантаналари бошланди. 

Маълум қилинишича, шаҳар-туманлар вакиллари ўзлари учун ажратилган махсус бўлимларда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини, оналарга бўлган ҳурмат-эҳтиромни ифода этган стендларни жойлаштирган.

 Боғ ҳудудидан фолькор жамоалари, санъаткорлар, ҳунармандлар ҳам жой олган.

Фестиваль кун тартибига кўра айни пайтда Миллий ва замонавий либослар кўргазмасига тайёргарлик кетмоқда. Шунингдек, “Она ҳақидаги энг янги қўшиқ”, “Оналарга бағишланган видеоролик ҳамда дил изҳорлари” ҳамда “Алла” танловлари, таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ўтказилиши режалаштирилган.

Куннинг асосий тадбирида “Оналарга эҳтиром” фестивали вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда юртимизнинг энг таниқли санъаткорлари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтади.