Киноконо
436 subscribers
2 photos
35 links
Кўрган кино/сериалим ҳақида ёзаман.
Download Telegram
Channel created
Ном биринчи ҳаёлга келган нарса. Эътибор берманглар. Ҳеч қанақа маъно йўқ. Логотипдаям.
Фуқаро Кейн (Citizen Kane) – америкаликни одам эришиши мумкин бўлган барча нарсага эришгани ва шу билан бирга ҳеч нарсага эришмагани ҳақида ҳикоя қилувчи филм.

Ўз ётоғида жон таслим қилар экан машхур газетчи медиамагнат Чарльз Фостер Кейн фақатгина бир сўзни тилга олди – Rosebud. Унинг ўлими ҳақида эшитган матбуотчилар рақобат йўлида шунчаки унинг ўлими ҳақида эмас бутун ҳаёти ҳақида ёзишга қарор қилишди. Муаммо шундаки унинг ҳаёти бутун бошли газетани ҳам тўлдирадиган даражада саргузаштларга бой. Шундай экан уларнинг олдида битта йўл қолди – “rosebud” сўзини тилга олганда жаноб Кейн нимани назарда тутган? Буни билиш учун матбуотчилар ўзларининг журналистик суриштирувини бошлади.

Атига 25 ёшида Орсон Уэллс ўзининг энг пик чўққисига чиқди. Бадиий филмлардаги ўзининг дебют иши бўлишига қарамай унинг бу филми унинг энг машхур филмига айланди. Бир эмас бир неча бор ушбу филм барча даврларнинг энг яхшиси деб тан олинди. Тўққизта номинацияда Оскарга номзоди қўйилиб шундан биттасини (энг яхши сценарий) ютди.

Филм сюжетига ўша даврда яшаган, сариқ матбуотнинг отаси сифатида кўриладиган Уилям Хёрстнинг ҳаёти прототип қилиб олинган. Қизиқ томони филм катта экранларга чиқган вақтда хали Уилям Хёрстнинг ўзи ҳаёт бўлган. Ўзини прототипи асос қилиб олинган филмни кўргач Хёрст ўз қуроли билан яъни сариқ матбуот орқали филмга қарши уруш очган. Бутун Америкадаги кўплаб катта нашрлар эгаси саналган Хёрст табиийки ёш режиссёрнинг филмини ер билан битта қилиш кучига эга бўлган. Шу сабабли ҳам аввалига филм прокатда катта инқирозга учраган ва кейинчалик қайта ва қайта кинотеатрларда намойиш этилавергач одамларни ўз томонига оғдира олган.

1941 йилдаги кинони нега ҳозирги кунларда трендга чиқганини ўзига яраша сабаби бор. Дэвид Финчер яқиндагина ўзининг “Манк” филмини Нетфликс стримида оммага намойиш этди. Танқидчилар томонидан “Финчернинг энг яхши филми” деб аталаётган ушбу филм айнан бизнинг “Фуқаро Кейн” филмимизни яратилишида ҳақида, унинг сценарийсини ёзган Герман Жейкоб Манкевичнинг филмни яратилиш давридаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Фуқаро Кейн бир инсон эришиши мумкин бўлган барча нарсага эришган, ёшлигидан эрта айрилган, атрофидаги инсонлар учун ҳам яхши ҳам ёмон, қарама-қарши таассурот қолдирган, ўз эгоси туфайли ўзининг энг катта бойлигидан айрилган ва буни жуда кеч тушуниб етган инсон. Унинг ўзгача ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи филм эса кўпчилик америкаликларни меҳрини қозонгани бекорга эмас чунки у ҳақиқий америкалик ҳақида ҳикоя қилади.
Манк (Mank; 2020) – нега Финчер ўз услубини ўзгартирди ва бу ростдан ҳам йилнинг энг яхши филмими?

Яқиндагина Нетфликс стримида “Манк” филми омма эътиборига ҳавола этилди ва бу филм кўплаб танқидчилар томонидан “Йилнинг энг яхшиларидан” дея эътироф этилмоқда. Ушбу филм ҳақида гаплашамиз.

1940 йил, Мохава чўлларини ўртасидаги ёлғиз уйда автоҳалокатдан тикланаётган ва шу билан бирга сценарий ёзиш билан машғул бўлган Герман Манкевич истиқомат қилмоқда. Ўзининг бетгачопарлиги ва алкоголга ошнолиги билан ҳаммага ҳам ёқавермайдиган бу ижодкорни ўша даврда вундеркинд сифатида кўрилаётган Орсон Уэллс ёллаган. Тўғрироғи унга икки ой муддат ичида бетакрор сценарий ёзишни вазифа қилиб берган. Манк эса (Герман Манкевични “Манк” деб чақиришган) таваккалга қўл уриб ўша даврнинг энг машхур одамларидан бирини ўз асари бош қахрамонига прототип қилиб олди. Кейинчалик ушбу “Фуқаро Кейн” филми бир неча бор “барча даврларни энг яхши филми” деб эътироф этилди.

Филм бош қахрамон Герман Манкевични “Фуқаро Кейн” филмини сценарийсини ёзиш билан биргаликда охирги ўн йиллик хотиралари билан ҳам бизни таништириб боради. Манк ўзининг инжиқ фэъли ва сўзга усталиги билан томошабинда симпатия уйғотади. Ўзининг билганидан қолмайди, ўзини ҳаммадан ақлли деб ҳисоблайди, доим алкогол билан ошно тутинган ва шу камчиликлари билан атрофидаги кам сонли яқинларига ҳам доим муаммо туғдириб келади. Ушбу ролни Гари Олдман бетакрор тарзда ижро этган. Уни ролга қанчалик мос тушганини кўриб, унинг қахрамони Манкни ўзи тирик бўлганида олқишлаб юборган бўлармиди?! Филмни кўриб бўлгач уни ўрнида бошқа одамни тасаввур ҳам қилиш қийин.

Ўтган асрнинг 30-40 йилларидаги Голливуд, санъат, маданият, иккинчи жахон уруши олдидан АҚШдаги сиёсий ўйинлар ҳақида оз ва тушунарли қилиб ҳикоя қилган ота - бола Финчерлар. Доим ўткир сюжетли детективлари билан ўз мухлисларини хурсанд қилиб келган режиссёрдан бирданига биографик филмни кўпчилик кутмаган эди. Филм сценарийсини айнан режиссёрнинг отаси Жек Финчер бундан йигирма йиллар аввал ёзиб кетган экан. Нима бўлган тақдирда ҳам режиссёр бу ишни аъло даражада бажарган. Манкни филмни кўриб танийсиз ва ундан ҳаттоки шу шундай кайфу-сафога берилган одамдан ҳам оладиган нарсаларингиз борлигини тушуниб етасиз. Ўтган аср 30 – йилларидаги Голливуднинг борича тасаввур қиласиз, ўша вақтдаги санъат, маданият, кино ортидаги одамлар ҳақида кўп нарсаларни билиб оласиз. Энг мухими “Фуқаро Кейн” филмининг қанчалик ғавғолар остида қолишига қарамай яратилгани ва ўша даврдаги Америкада ижод барибир цензурадан устун келгани ҳақидаги оддий бир мисолни ўз кўзингиз билан кўрасиз.

Композиторлар ўша давр филмларига мос мусиқалар билан сизни ўтмишга чорлайди, филмни рангсиз суратга олингани, ўша даврни тасвирловчи декорация ва либослар билан биргаликда оғиздан тушмайдиган сигаралар эса сизни мажбурлаб ўтган асрга олиб бориб қўяди. “Фуқаро Кейн” филми Оскарни фақатгина “Энг яхши сценарий” номинациясида ютган. Унгача ўз номи титрларда чиқмаслигига қарши бўлмаган, унинг ижодидан фойдаланишларига эътибор ҳам бермаган жаноб Манк айнан шов-шувли филми титрларида ўз номини бўлиши учун барча нарсадан воз кечди ва бунинг эвазига ўзининг ягона Оскарига эга чиқди. Ажаб эмас, бу йилги Оскарни ҳудди Манкка ўхшаб катта таваккалга қўл ургани учун Дэвид Финчер ютиб кетса. Оскар мукофотини қандай ютиш кераклиги борасида Оскарни ютган одам ҳақида филм ишлаб ушбу филм режиссёри Оскарни ютса. Символично.

П.С: Филмни кўришдан аввал албатта бундан олдинги тақризда ёзилган “Фуқаро Кейн” филмини кўришни тавсия этаман. Шундагина ушбу филмдан олишингиз мумкин бўлган кайфни фоизларини янада кўтариб олишингиз мумкин.
Отыграть назад (The Undoing) – йилнинг энг кутилган лекин етарли даражада баҳоланмаган сериали ҳақида.

Замонавий Ню-Йоркнинг марказида, сивилизациялар маконида психолог Грейс (Никол Кидман) ўзининг 12 ёшли фарзанди ва болалар онкологи Жонатан (Хю Грант) билан биргаликда яшайди. Бир қараганда идеал оила, эр-хотин бир бирини яхши кўради. Фарзанд ҳам ақлли, одобли , ота-онасининг зиёли эканлигини билдириб туради.
Ўша куни, аслзодалар мактабида (Йилига 50 минг доллар тўланадиган мактабни яна қандай аташ мумкин?) аукцион уюштирилди. Барча ота-оналар йиғилган. Аёлларни ичида фақатгина бир аёл ажалиб турарди. Кўринишидан лотин америкаликка ўхшаб кетадиган, жозибали жувон Елена бу ердаги бошқа аёлларга ўхшамайди. У зодагонлардан эмас, фарзандини ҳам шунчаки махсус грантни ютгани учунгина шу ерда ўвитади. Ню-Йорлик “хонимларга” ўхшамайдиган бу аёл негадир диққатини Грейсдан узмади. Ўзини жудаям ғалати тутди. Грейсда ҳам экран қаршисидаги томошабинда ҳам интрига уйғонди.
Эртаси куни эрталаб, Еленанинг бошига бир неча маротаба болға билан урилган мурдаси топилди. Аксига олиб Жонатан ҳам дом-дараксиз йўқолди. Бу воқеалар бир-бирига боғлиқми ёки шунчаки тасодиф?

Сценарий муаллифи Дэвид Э. Келли бу жанрга бегона эмас. У икки йил олдин “Большая мальенкая ложь” сериалини сценарийсини ёзганди. Ўшанда ҳам бош ролда Никол Кидман эди. Ўшанда ҳам қотиллик, ўшанда ҳам интригага бой детектив.

Бетакрор Никол Кидман қандай қилаётгани билинмайдию лекин 20-30 ёшли аёллар билан бемалол рақобатга қила оладиган даражада гўзал. Унинг Вивалди мусиқалари фонида Манхеттен кўчаларида сайр қилишини кўришни ўзи ҳам одамга эстетик завқ беради. Хю Грантни Никол Кидман билан орасидаги ёш унчалик катта бўлмаса ҳам лекин ташқи кўринишда анча масофа бор. Ролни ижроси борасида эса олий классда иккиси ҳам. Бу борада эътироз бўлиши мумкин эмас.

HBO нинг ушбу мини-сериали октябр охиридан декабр бошигача ҳафтасига битта қисмдан экранларга чиқди. 6 қисм давомида ўзининг интригаси билан экран олдида ушлаб тура олади. Ҳар бир қисм тугагач дарров иккинчисини қўйишга мажбур қила олади. Чунки ҳар бир қисм сўнггида сизни қандайдир сюрприз, калавани учи кутиб турган бўлади. Сўнгги қисмгача ҳаёлингиздан: “ким бўлиши мумкин?” деган савол кетмайди.
Минус томонларидан деб айтиш мумкинки баъзи бир эпизодлар отриқчадай. Сюжетга алоқаси йўқ, кераксиз диалоглар ҳам баъзида учраб туради. Шунинг ҳисобига ҳам сериал олти қисмга чўзилиб кетгандай ҳам туюлади. Лекин бор нарсани йўқ деб бўлмаганидек, ижодкорлар ўйлаб топган бошқотирмани мақтаб ўтиш шарт. Қолгани томошабинни иштахасига боғлиқ.

Замонавий Ню-Йорк, гўзал Манхеттен, замонавий ва классик мусиқалар, ғам-ташвиш нималигини билмайдиган оилалар, кутилмаган қотиллик, катта шов-шув, барчаси силлиқдек кўриниб турганда аслида ундай эмаслигини томошабинга босқичма босқич етказиб берувчи интригага бой сюжет чизиғида.
Utopia Overture (OST Utopia)
Cristobal Tapia de Veer
Бундан кейинги пост мана шу мусика садолари остида укилсин.
Утопия (Utopia) – инглизча сўкиниш ва корейсча қон.

“Утопия синовлари” деб аталувчи сирларга бой роман интернетда танишган ва бунга қизиқиб қолган бир гуруҳ ёшларни қўлига тушиб қолади. Бу беш кишилик гуруҳ, аслида бу китоб нималигини билишга ҳам улгуришмади. Уларнинг ортидан ов бошланди. Овчилар шунчалик қудратлики улардан ҳеч қанақасига қутилиб бўлмайди. Улар барибир сени топишади бу фақатгина вақтга боғлиқ. Яшашни истайсанми унда қоча олганингча қоч!

Британлар доим ўзининг сериалларини оригиналлиги билан мақтана олади. Бу сериал сюжети ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин – оригинал ва қизиқарли. Илк дақиқалардан сени 12 қисмли саргузашт кутаётганини тушуниб етасан. Фантастика жанридан келиб чиқиб қандайдир суперқахрамонлар, ўлмас одамлар, вақт машиналари кутилган бўлиши мумкин лекин сериалда бунақа нарсалар йўқ. Ҳаммаси жуда оддий. Китобни излаётган гуруҳ, улардан қочаётган гуруҳ. Бўлди. Қолган воқеалар барчаси шу чизиқ атрофида шаклланади.

Сериални кўрган одамдан уни учта сўз билан тарифлашини сўрасангиз, албатта учта сўзни ичида биттаси: “шавқатсиз” сўзи бўлади. Шу даражада ижодкорлар шавқат билишмаганки уларни ҳатто судга бериш билан ҳам тахдид қилганлар бор экан. Сериалда жудаям кўп қотиллик, сўкиниш, айниқса вояга етмаган персонажларни сўкиниши, қийноқ сахналари бор ва улар жудаям мукаммал тарзда ишланган. Агар сиз учун бу қизиқ бўлса, ўзингизда бу учун куч топиб кўра олсангиз ҳудди барчаси кўз олдингизда намоён бўлаётгандек. Мутахассислар қонли сахналарни жудаям бир иштиёқ билан ишланганини кўриб, уларни ҳам потенциал маняклардан фарқи йўқлигини билиш қийин эмас. Ҳеч қайси қахрамонларни сериалга боғлаб бермаган, ҳар бир дақиқада улар халок бўлиши мумкин. Ўз ўлими билан эмас албатта. Ижодкорлар томонидан буларнинг барчаси дид билан, чиройли тарзда суратга олинган.

Сериал топилмаси, бош рол ижрочиларидан бири Нил Мэскеллдир. Унинг филмдаги образи – Арби оддий одам эмас. У шунчаки тепани топшириғини бажарувчи, юз тузилиши ҳеч нарсани ифодаламайдиган шунчаки бўшлиқдан ташкил топганга ўхшаб кетувчи, нафас олганда хириллаб овоз чиқарадиган қотил. Барчаси минуслардан воз кечиб айнан унинг образи учун ҳам сериални ҳеч иккиланмай кўриш мумкин. Унинг хириллаб нафас олишига сериал композитори Кристобал Тапия де Веернинг саундтреклари ҳамоханглашиб, ўша эпизоддаги саспенсни хосил этади. Сиз бир вақтнинг ўзида кейинги сонияларда нима бўлишига қизиқасиз, чўчийсиз ва шу билан бирга лаззатланасиз. Албатта сериал постерида унинг ғалати қарашини кўриб кўпчилик сериалга паст бахо берган бўлиши мумкин, лекин сериални кўргач энг камида шу образни олқишлайди. Бошқалар учун жудаям “жестокий” бўлиб кўриниши ҳам мумкин, бироқ айнан шу жанр ихлосмандларига унутилмас кайфни бера олади.


Ҳар бири олти қисмдан иборат икки мавсумли бу сериални нега тугатишгани ноъмалум. Чунки иккинчи мавсум якунида ижодкорлар аниқ қилиб хали давом этишларига ишоралар жойлаб кетишган. Айрим маълумотларга кўра биринчи мавсумдагни планка кўтарилиб кетгач иккинчи мавсум эстафетани илиб кета олмагани ва шу сабабли продюссерлар сериални ёпишгани келтирилган. Ҳақиқатдан ҳам биринчи мавсум ва иккинчи мавсум орасида озгина бўлса ҳам тафовут бор. Янги персонажлар билан сюжетни бойитишга қилинган ҳаракат озгина томошабинни чалғитиши, воқеалар ривожини тушунишда қийинчиликлар олиб келиши мумкин аммо биринчи мавсумдаги эйфория билан иккинчисини ҳам тугатиб қўйиш ҳеч гап эмас.

Умумий қилиб айтганда “Утопия” сериали ўзининг бир дақиқага ҳам зериктирмаслиги, барчаси жуда тез ва оддий тарзда содир бўлиши билан маъқул. Саундтректлар айнан сериал учун ёзилган уларни сериал кўриш давомида ёқтириб қолишингиз қийин эмас. Ранглар билан ишлаш ҳам топ, катта экранда бу рангларни товланиши ҳам ўзига яраша ҳисларни беради.

П.С: инглизчада кўра олмайдиганлар учун “кубик в кубе” дубляжида кўришни маслахат бераман. Сериалн безаги бўлган – инглизча сўкинишдан ўзингизни мосуво қилишини истамасангиз албатта.
Хизматкор (Servant) – инсон тафаккури билан ҳазиллашишни ёқтирадиган саспенс қиролининг мухлисларига навбатдаги совғаси.

Дом с прислугой (Servant) – М.Найт Шямалан продюссерилиги ва режиссёрлигидаги навбатдаги лойиҳа. Бу сафар Шямалан сериал олишга қарор қилди ва “Эпл ТВ” билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Уни кўпчилик “Шестое чувство”, “Сплит”, “Стекло” номли психологик триллерлари билан танийди. Шямалан ўзи ҳам агар кинода ишламаганида психолог бўлишини айтган. Шундан келиб чиқиб ва бошқа филмларини ҳам кўриб айтиш мумкинки у ўз жанрининг генийси. Йўқ жойдан саспенс (саспенс – қахрамоннинг ҳаракатларини ҳавотир, қўрқув, таҳлика билан кузатиш. “Ҳозир бир балони бошлайди” деб, унинг кейинги ҳолатини диққат билан кузатиш саспенсга мисол бўла олади.) ярата олиш бўйича ҳозирги даврда унга тенг келадиганлар деярли йўқ. Хулас Шямаланнинг янги лойиҳаси ҳам эскиларига ўхшаб кетади жанр жихатидан. У тўқиган сюжет эса етарли даражада томошабинни ўзига торта олади, бу унинг асосий ютуғи.

Филаделфия марказида ёш оила яшайди. Улар яқиндагина чақалаоғидан айрилган. Махаллий телеканалда репортёр бўлиб ишлайдиган Дороти фарзандидан айрилишда ўзини бош айбдор деб билади. Фарзанд ўлимидан сўнг унда психологик трамва бор. Ғарб давлатларида ривожланган усуллардан бири сифатида ёш фарзандидан айрилган оналарни даволашда уларга чақалоқ кўринишидаги қўғирчоқ бериш оммалашган. Кўринишидан ҳақиқий чақалоққа жудаям ўхшаб кетадиган бу қўғирчоқ Доротига бошқача таъсир қилди. Деярли ақл-хушидан айрилаёзган Дороти бу қўғирчоққа ҳудди ўз боласидай муомила қилади. Унинг тасаввурида фарзанди ўлмаган, бу қўғирчоқ унинг фарзанди. Аввалига унинг эри Шон ва унинг яқинлари бунга ажабланишди, лекин уни ақлдан оздириб қўймаслик учун унга бу борада гапирмай қўяверишди. Дороти болага қарашга вақти етмаслигини ўйлаб энага ёллашга қарор қилди. (Сериал айнан шу жойдан бошланади) Хотинини ғалатилиги чидаб юрган Шон унинг энага ёллашига ҳам мажбурликдан рози бўлади. Айтилган энага келди. Дороти у билан кўришиб ишга кетди. Шон болани энага бериши керак. Шон ўзида куч топиб энагага барчасини тушунтирмоқчи бўлди лекин энага уни эшитиб ҳам ўтирмади у ҳам ҳудди қўғирчоқга ҳудди ҳақиқий боладек муносабатда бўлди. Шон аввалига жахли чиқди ва кейинроқ энага билан гаплашишга қарор қилди. Орадан вақт ўтиб, Шон болани хонасига кирганда не кўз билан кўрсинки йўргакда ҳақиқий бола ётибди.

Ҳар доимгидек Шямалан ўз ишини аъло даражада бажарган. Балки сизга сериални сюжети ёқмас, балки 2-3 қисмдан кейин ижодкорлар ўзларини бўйнига жуда кўп нарсани олиб юборганини кўриб “булар аниқ финални расво қилади” деб ўйлашингиз ҳам мумкин лекин бир нарсани аниқ айта олиш мумкинки ўша бир лахзалик ҳавотир, тахлика, қўрқув ва интрига учун ҳам ўзингиз билмаган ҳолда 30 дақиқалик 10 та қисмни кўриб қўйишингиз мумкин. Шямалан ўзининг финаллари билан ҳам машхур. Финалгача одамни ичини қизитади, интрига беради, саволлар туғдиради ва томошабинни охиригача кўришини таъминлайди. Майли финал томошабинга ёқмас, мухими финалгача сен жойингдан қимирламай кўрдинг филмни, умумий бахо бераётганда барибир ижобий баҳони бериш эхтимолинг катта.

Дом с прислугой – фарзандини йўқотиб чуқур стрессга тушган ва ўзининг ҳаракатларини назорат қила олмай ўз фантазиясига бўйин эгган аёл ҳақида. Уни ўзи яратган оламидан суғуриб олиш орқали унга зиён етказиб қўйишдан қўрққан яқинлари ҳақида. Сўнгра эса, бу қўрқув нималарга олиб келиши, ҳеч қандай ёлғон яхшилик билан тугамаслигини томошабинга кўрсатиб берувчи психологик триллердир.

П.С: Тақриз фақат биринчи мавсумни кўрби ёзилган, иккинчи мавсум 2021 йил январдан чиқа бошлайди.
Киноконо дайжести:
Cititzen Kane (Гражданин Кейн)
Mank (Манк)
The Undoing (Отыграть назад)
Utopia (Утопия)
Servant (Дом с прислугой)
Zerozerozero (Нольнольноль)
Канал талқинига кўра 2020 йилнинг энг яхшилари
The Booth at the end (Столик в углу)
Жаным, ты не поверишь
Forbrydelsen (Убийство)
Platoon (Взвод)
Staged (Постановка)
Accused (Обвиняемые)
Черный, черный человек
True Detective (Настоящий детектив, 1-сезон)
Mindhunter (Охотники разумом)
Quiz (Викторина)
The Sopranos (Клан Сопрано)
Squid game (Игра в калмара)
The White Lotus (Белый лотос)
American Crime Story (Американская истори преступлений)
What We Do in the Shadows (Чем мы заняты в тени)
The Last Duel (Последняя дуэль)
Янги йилда кўриш учун 7 сериал
Don’t Look Up (Не смотрите наверх) (1 - қисм)
Don't Look Up (Не смотрите наверх) (2 - қисм)
Сўнгги ўн беш дақиқалиги барча тахминларингни барбод қила олиш қобилиятига эга 10 та фильм.
Harry Potter 20th Anniversary: Return to Hogwarts (Гарри Поттер 20 лет спустя)
Қора юмор (1-қисм)
Энг яхши сценарий номинациясида "Оскар" мукофотини қўлга киритган фильмлар
Психологик триллерлар
Succession (Наследники)
After Life (Следом за жизнью)
Киноконо pinned «Киноконо дайжести: Cititzen Kane (Гражданин Кейн) Mank (Манк) The Undoing (Отыграть назад) Utopia (Утопия) Servant (Дом с прислугой) Zerozerozero (Нольнольноль) Канал талқинига кўра 2020 йилнинг энг яхшилари The Booth at the end (Столик в углу) Жаным, ты не…»
“Нольнольноль” – кокаин нега инсондан қиммат туриши ҳақида ҳикоя қилувчи сериал.

Роберто Савиано исмли италиялик ёзувчи “Гоморра” роман-репортажи билан шу номли филм ва сериалнинг юзага келишига туртки бўлган. Бешавқат Италиянинг мафиялари ҳақидаги асаридан сўнг анча вақтгача қўриқчилар билан яшашга мажбур бўлган бу ёзувчининг рейтинги ўз-ўзидан юқорилаб кетди. Табиийки уни биринчи сериалини кўрган одам кейинги ижод намуналарига ҳам қизиқар эди. 2019 йилда Италиялик кино ижодкорлар навбатдаги марта унинг хизматидан фойдаланишга қарор қилишди.
Маълумот учун айтиб ўтиш керакки учта нол сўзи маълум доира вакиллари ичида – энг тоза кокаин турини билдиради. Сериал номи ҳам шундан келиб чиққан. Агар сериални кўриб чиқиб мантиқан анализ қиладиган бўлсангиз сериал тўлиғича кокаин ҳақида.

Мексикада қонундан ҳам баландроқ турадиган наркокартеллар бор. Уларнинг бўйсундириш деярли имконсиз. Ўша картелларнинг бирида Италияга етиб бориши керак бўлган кокаин қадоқланмоқда. Уларни озиқ-овқат солинган консерва банкаларда маскировка қилишмоқда. Бу жараённи анчадан бери кузатиб келаётган Мексика махсус хизмат вакиллари пайт пойлаб туришибди. Уларнинг мақсади, вақти келганда зарба бериб аслида қонун бу ерда кимлигини кўрсатиб қўйиш.

Америкалик оила эса транспортировка билан шуғулланади. Улар ўз кемалари орқали Мексикани кокаинини Италияга етказиши керак. Бу ишни анча йиллардан бери қилиб келадиган ота, ўзининг ногирон ўғли ва ушбу бизнесдан етарли даражада хабардор бўлган қизига топширишга мажбур бўлмоқда. Соғлиғи туфайли.

Италияда эса бир неча йиллардан бери полициядан беркиниб яшаб келаётган Дон Мино ўзининг салтанати емирилишидан ҳавотирда. Унинг душманлари ҳам қимирлаб қолишган, бир томондан полиция иккинчи томондан эса ўзининг невараси уни йўқ қилиш пайига тушган. Дон Минонинг ёнида икки йўл бор, ёки тақдирга тан бериб ҳокимиятни неварасига топшириш керак ёки ҳокимиятни мустахкамлаш учун анча-мунча нарсадан воз кечиши керак. Улардан биринчиси Мексикадан буюртма қилинган 5 тонна кокаин таваккали. Агар уни эсон-омон олиб келса ишлари беш, акс-ҳолда барчаси тамом.

Саккиз қисм давомида мексикадан йўлга чиқган 5 тонна кокаинни ғаройиб саргузаштларини гувоҳига айланамиз. Учта сюжет чизиғига бўлинган сериални ўзига яраша оригиналлиги билан мақтаса бўлади. Бир томондан Вилнёвни “Убийца” диалоги атмосферасини эслатиб юборувчи Мексика сюжети. Иккинчи томондан Дензел Вашингтон бош ролни ижро этган “Гангстер” филмидаги каби кокаин траспортировкасини эслатиб юборувчи Америка сюжети. Учинчи томондан Сицилия мафиясини эслатиб юборадиган италян Донлари кураши.
Уччала сюжет ҳам шунчалик қизиқки, бир нафасда уни кўриб қўйиш мумкин. АҚШ, Мексика, Италия, Нигерия, Марокко, Сахрои Кабир чўллари, наркокартеллар, ҳар қандай муаммони хал этувчи нигериялик “решалалар”, француз армиясига қарши курашаётган террорчилар, ҳокимият учун аёвсиз жангга киришган италия мафияларини барчаси бор йўғи саккизта қисм ичига жо бўлган. Шу сабабли ҳам томошабин бир дақиқага ҳам зерикиб қолмаслиги тайин.

Яна бир нарсани алохида таъкидлаб ўтиш керак. Биринчи қисм италянлар ҳақида бўлса, иккинчиси Америкаликлар, учинчиси Мексикаликлар. Ушбу усул билан ижодкорлар томошабинни чалкашиб кетмаслигини таъминлаган. Ҳаммаси жуда оддий ва жўн. Айнан “Игра Престолов” сериалида ҳам бу ҳолат кўзга ташланади, бир қисм тўлиқ Старкларга бағишланса иккинчиси Ланнистерларга ёки Девор қўшинларига. Қисқа қилиб айтганда – томошабоп.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сериал дунёнинг бешавқатлигини кокаин мисолида кўрсатади. Асосий йўналиш кокаин бўлгани билан уни атрофида хосил бўлаётган хунрезликлар, инсонларнинг қанчалар қонхўр, ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап – тортмаслиги, цинизм туфайли махлуққа айланишини ҳикоя қилади.

Сериал мантиқан тугаган бўлса ҳам, ҳозирги кунда шоураннерларга теккан касал туфайли яна давом эттирилмоқда. Иккинчи мавсум 2021 йил Январ ойида экранларда пайдо бўлади. Кўзимиз етмаса ҳам умид қилиб қоламиз “планкани”тушиб кетмаслигига.
Столик в углу – Одам ўз комфорти учун қанчалар жирканчликка бора олади?

Инсон дўконга кириб нарса олгандан сўнг албатта уни пулини тўлайди. Ёки кўчада уни элтиб қўйгани учун таксига ҳам пул беради. Барча нарсани нарҳи бор. Ишингизни тезроқ битиши учун пора беришингиз ёки ишингизни битирган одам олдида қарздор бўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Сизнинг қарздор бўлиб қолишингиз ҳам аслида хизматни нархи. Сиз қачондир унга бу қарзни қандайдир услубда тўлайсиз ёки умуман ундан қочиб юрасиз. Мантиқий ўйлаб қараса сизнинг ундан қочиб юришингиз ҳам уни хизматининг бахоси. Қиссадан – хисса шуки, барча нарсани ўз нархи бор. Мана шу ерга келганда сизда эътироз пайдо бўлиши мумкин: “Баъзи бир нарсаларни нархи йўқ. Чунки уларни амалга ошириш имконсиз” деган. Мен эса ушбу сериал бош қахрамони сифатида айта оламан-ки: “Ҳамма нарсани иложиси бор, ҳаттоки мўжизани ҳам амалга ошираман, лекин унинг баҳоси ҳам шунга яраша катта бўлади, сен бу баҳони тўлашга тайёрмисан?”

Йўл бўйидаги қахвахонанинг бурчакдаги столида доим бир киши ўтиради. Ҳар-ҳар замон турли-хил инсонлар унинг ёнига келади. Уларнинг барчаси ўз яқинларидан у ҳақида эшитган, лекин ҳеч ким уни аслида кимлигини билмайди. Уни ёнига келганлар доим ўзлари учун бирор нарса сўрайди. Масалан пул, уй, супермодел, ўлаётган ўғлини тирик қолишини ёки бўлмаса гўзал бўлиб қолишни истайдиган қизлар ҳам бор. Бурчакдаги столда ўтирган ноъмалум шахс уларнинг дардини эшитгач доим бир гапни айтади: “Иложи бор. Фақат битта вазифани бажарсанг.”
Вазифалар ҳам сиз сўраётган нарса билан ўлчанади. Каттароқ нарса сўрасангиз қийинроқ вазифа, кичкинароқ бўлса осонроқ вазифа. Келишувга кўра сиз истаган вақтингизда бу ишни тўхтатишинг мумкин. Бу одам қарши эмас. Мухими хар-хар замон келиб иш қандай кетаётганини бу одамга гапириб берсангиз бўлгани. У ўзини қора китобчасига барчасини ёзиб олади. Сизга бериладиган топшириқни ҳам ўша китобчадан ўқиб айтади. Унинг энг кўп қайтарадиган саволи бор: “Сен сўраган нарсани амалга оширса бўлади, лекин мен айтадиган вазифани бажаришинг сен сўраган нарсага арзийдими?”
Вазифалар ичида одам ўлдириш, ўғриликка тушиб айтилганча пулни йиғиш ёки айтилган ресторанда бомба портлатишдай қўрқинчли ва хавфлилари ҳам бор. У сизга бу топшириқни берар экан сизни виждонингиз билан ёлғиз қолдиради. Сиздан бу ишни бажарганингизда қандай ҳислар кечганини сўраб инсонни эгоси, цинизм чегараларини дафтарига қайд этиб боради. Ҳаммаси жуда оддий, у сизни мажбурламайди, сиз истаган мўжиза рўй беришини истасангиз у истаган ишни бажаринг. Бажара олмадингизми айб ўзингизда. Бажардингизми, сўраган нарсангизни оласиз ва виждонингиз билан ёлғиз қоласиз.

Нетфликсда энди оёққа тураётган вақтларда ўз маблағларини иложи борича сифати кафолатланган лойиҳаларга сарфлаган экан. Бу мини-сериал ҳозиргидек йўлидан биринчи чиққан нарсага Нетфликс пул тикиб юрмаган даврларга тўғри келади. Оддий йўл бўйидаги кафени ижарага олган. Ҳар мавсуми 5 қисмдан, ҳар бир қисми эса 20 дақиқадан иборат бу сериал қандай қилиб арзимаган пул эвазига ҳам яхши, сифатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги тўғрисида – далил, исбот, факт. Сериал тўлиқ ўша кафе ичида суратга олинган. Оператор камерасини кўтариб хонадан ҳеч қаерга чиқмаган. Қора дафтари бор одам олдига доим кимдир келади ва улар сухбатлашишади. Бўлди. Бошқа нарса йўқ. Айтилишидан жудаям зерикарли бўлиб эшитилиши мумкин лекин шунчаки икки кишини сухбати билан ҳам томошабинни экран олдига михлаб қўйиши мумкинлигини ҳам исботлайдиган яна бир далил бу.
Тепадаги постни сиғмай қолган қисми.

Томошабинни кўп нарса қизиқтирмайди аслида. Сериални кўриш давомида инсон миясида айланадиган фикрлар тахминан бунақа бўлади: “Бу одам ўзига берилган вазифани бажара оладими? Шунчаликка бора оладими? Умумий айтганда инсон ўз бахти учун ўзгаларни бахтсиз қилишга қўл урадими? Уни ўрнида мен бўлганимда бу ишни қилармидим?

Ижодкорлар томошабинни турли хил инсоний фазилатлар бўйича имтихон қилади. Томошабин бу қизиқарли психологик тестдан ўтиш билан биргаликда ўзига маънавий озуқа олади, бошқа жойда ҳис қила олмайдиган кайфни ҳис этади. Энди сизга савол, мана шу “кайф” учун сиз ҳам олдингизга қўйиладиган вазифа, яъни оддийгина сухбатлардан иборат, умумий кўриниши абсурддан бошқа нарсани бермайдиган бу психологик триллерни вақт ажратиб кўрган бўлармидингиз? Танлов сизда. Сериалдаги бир қахрамон айтганидек, танловга эга бўлиш - нақадар кайф)
Жаным, ты не поверишь - Нега қозоқларнинг ёмон кинолари ҳам бизни аксарият филмларимиздан яхши?

Қозоғистонлик киноижодкор Эрнар Нургалиев ўзи сценарий ёзиб, ўзи продюссерлик қилиб, ўзи режиссёрлик қилиб ва охирида ўзи монтаж қилиб бир филм ишлабди. Бу кинопоиск маълумотлари бўлиб ва яна нечта жараёнда ўзи қатнашганини тагига ета олмадим. Филм комедия ва триллер жанрларни чатиштириб қора юмор услубида суратга олинган. Кинопоиск рейтингида 10 баллик тизимда 7 бахо билан турганини ўзи ҳам филм камида бир марта кўрилиши шарт эканлигини айтиб тургандек.

Сюжетга кўра, ёш йигит Достон ва унинг хотини фарзанд кутишмоқда. Табиатан инжиқроқ бўлган бу аёл хомиладорлиги туфайли янада инжиқ бўлган. Бор аламини эр жонивордан олади. Эрни ҳам хиққилдоғига келган барчаси. Имкони бўлсаю узоқроққа қочса. Бундай вазиятда унинг дўстлари ёрдамга келди. Улар биргаликда балиқ овлагани камида бир кун қайтмаслик шарти билан шаҳар четига йўл олишди. Буни қарангки шаҳар четида жудаям ғалати ишлар содир бўлмоқда экан. Бир нечта одам у ерга кетиб қайтмаган. Достонни бу ҳам фикрини ўзгартира олмади, уни мақсади тезроқ хотинини ёнидан кетиб бир кун бўлса ҳам хотиржам бўлиш. Бу учта дўстни эса, кимсасиз далаларда ғаройиб саргузаштлар кутмоқда эди.

Филмнинг мақтовга лойиқ сифатлари ҳақида айтадиган бўлсак биринчи галда оператор иши келади. Суратга олиш “топ” даражада. Барчаси мукаммал тарзда томошабинга етказилган. Махсус эффектларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Оз бўлса ҳам ҳудди Голливуд блокбастерларини эслатиб юборадиган даражада ишланган. Кейинги галда гримм усталарини ишларини ҳам эътироф этиш керак. Филмдаги барча қонли сахналарда уларнинг ишлари алоҳида ажралиб туради. Голливуд даражасида ишлашган.

Филмнинг минус тарафлари ҳақида гапирадиган бўлсак айрим актёрларнинг ижроси. Кўпчиликни кўзи тушган бўлса керак, инстаграм ва тиктокда ўзини буқа қараши билан машхур бўлган конгфу пандага ўхшаб кетувчи йигитни филмга таклиф этилгани. Унинг профессионал актёр эмаслиги яққол сезилиб туради, инстаграмдаги видеоларида кўпчилик кўрган “Фирменний юриши” қайта – қайта такрорлайди. Бу эса томошабинни жиғига тегишдан бошқасига ярамайди. Яна бир ёқимсиз нарса филмдаги саундтреклар. Аниқ санаб ўтирмадим, тахминан 10 тадан кўп қўшиқ 84 дақиқалик филмда ишлатилган. Деярли ҳар бир эпизод фонида қозоқча қўшиқларни эшитасиз. Умуман олганда энг катта камчилик сифатида филм сюжетини айтиб ўтсак бўлади. Ижодкорлар биринчи галда филм қанақа жанрда эканлигига ўзлари ҳам аниқлик кирита олмагандек. Ҳамма нарсадан оз-оз йиғиб ҳеч нарсани қойиллата олмаган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек айрим жихатлари билан филм мақтана олади айримлари билан эса йўқ. Мухими филм биз билан қўшни давлатда, урф-одат ва анъаналари ўхшаш бир давлатда суратга олинганидир. Филмни якунига етгач айнан шунақа услубдаги филмларни бизда ишлашини тасаввур ҳам қилишингиз қийин. Қозоқ кинолари ва ўзбек кинолари ўртасида битта фарқ бор. Цензура. Уларда ҳам ўзига яраша цензура бордир лекин ўзбекча цензурага етмайди. Мен қозоқ киносида кўрганман ҳокимни, чиновникларни, депутатларни порахўрлиги ёки бошқа камчиликлари устидан кулинганини. Мен қозоқ киносида кўрганман ҳатто қозоқ президентини фамилияси устига қурилган кичик эпизодли хазилни. Мен қозоқ киноларида кўраяпман жойи келганда сўкинишни, мелодрамаларида бош қахрамонлар бир-биридан бўса олганини. Лекин замонавий бирорта ўзбек киносида буларни бирортасини хали кўрмадим. Ўша “Сарвиқомат Дилбаримдаги” узоқдан олинган бўса сахнасини ўзи қанча шов-шув бўлди. Цензура бу иккиюзламачилик. Бизни цензурачиларимизни ўзлари сифатсиз одамлар. Чунки қўшниларимизда актёрларни соқолини ўлчайдиган маънавиятчилар ёки актрисаларни юпкасини қаричи билан санайдиган чаламуллалар йўқ. Бу ғирт пасткашлик.
Убийство (Forbrydelsen) – скандинавча услубда, оддий одамлар ва улар томонидан содир этилган дахшатли жиноятлар ҳақида ҳикоя қилувчи нуар детектив.

17 ёшли қизнинг шавқатсизларча ўлими ортидан Даниядаги шаҳарда анчагина шов-шув кўтарилди. Сўнгги иш кунини ўтказиб Даниядан Швецияга оиласи билан кўчиб кетмоқчи бўлган детектив Сара Лунд бу ишни тугатишга мажбур. Чунки бу қотилликнинг илдизлари ҳаттоки шаҳар мэрига асосий номзод бўлиб турган сиёсатчига ҳам бориб тақалади. Бутун шаҳарнинг диққат марказида бўлиб турган ушбу қотиллик ишини тажрибали Сарадан олиб янги келган детективга беришни раҳбарият умуман истамаяпти.

Кўпчилик сериални рэмейки орқали таниган. Аввалига рэмейки яъни Американча вариантини кўриб кейин оригиналини кўрганлар аксинча ҳолатдагиларга нисбатан кўпроқ. 2007 йилда Даниялик ижодкорлар томонидан суратга олинган 20 қисмли биринчи мавсум ҳақида жудаям кўплаб мақтовларни ўқишингиз мумкин. Ўша вақтларда тилларга достон бўлишга улгурган бу скандинавияликларнинг ижоди ҳақида ёзмасам бўлмас эди.

Биринчи мавсум сўнггигача ҳар куни актёрлар кунлик сценарийни эрталаб қўлига олишган. Яъни актёр фақат бугун қанақа рол ўйнашини билган. Сериалнинг охири қандай тугашию, аслида ким қотил эканлигини ҳатто актёрларни ўзлари ҳам сўнгги қисмгача билишмаган. Фақатгина бош рол ижрочиси, детектив Сара Лунд образида гавдаланган акртриса Софи Гробёл ўзининг қотил эмаслигини билган. Эътибор беринг, фақатгина “қотил эмаслигини” билган. Бўлди. Зўр-а?
Энди тасаввур қилинг, сериал сўнггигача қотиллигини билмасдан ижро этган актёрларни ижроси нақадар табиий чиқишини.

Сериал уч томонлама қараш билан томошабинга етказилади. Қотилни излаётган детективлар назаридаги воқеалар ривожи, қизини йўқотган оилани кечинмалари ҳақидаги иккинчи томон қараши ва шаҳар мэрлиги учун кетаётган сайлов компанияси ҳақида ҳикоя қилувчи учинчи томон. Уччала сюжет чизиғи ҳам ўзига яраша бўлиши билан биргаликда бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Барчасини умумлаштирувчи ягона қотиллик мавзуси бор. Ижодкорларнинг ютуғларидан бири сифатида уччала сюжет чизиғини ҳам зерикарли бўлмаслигини таминлай олишганлигидир. Масалан қизини йўқотган оила сериал сўнггигача йиғламсираб, бир-бирини овутиши билан эсда қолмайди. Қизнинг ўлими остида уларнинг қанчалар айби борлиги, қаерда ким хато қилгани, ким-кимни алдагани ва бу ёлғонларни нарҳи қанчага тушгани ҳақида жудаям оригинал йўналишда томошабинга уқтирилган. Яна бир оригинал ёндашув сифатида сериалнинг ҳар бир қисми бир кунни ҳикоя қилади. 20 қисм давомида қотилликдан кейинги 20 кунлик интригага бой жараённи гувоҳига айланасиз. Деярли ҳар қисмда гумонланувчи борасида томошабинни фикри ўзгариб туради. Сериал сўнггигача интрига бир дақиқага бўлса ҳам томошабинни тарк этмайди. Бу борада ижодкорларни ишини фақатгина олқишлаш мумкин. Ҳар бир детал, ҳар бир ёлғон остида қанақадир манфаат, қанақадир сир ётади. Уларни йиғиб, ребусни ечиш икки детектив билан биргаликда томошабинни ҳам севимли машғулотига айланади. Ажаб эмас, сериални кўриш давомида ҳар бир томошабин ўзининг детективлик қобилиятини ишга солса.

Шахсан ўзим детектив сериалларнинг “эталон” даражаси сифатида кўрадиганим ушбу шедевр-нуарни кўпчилик кўздан қочирган бўлиши мумкин. Чунки уни Американча версияси маркетинг ва замонавийроқ бўлгани учун ҳам уни туманда қолдирди. Лекин, аксарият, сериални мухлислари қаторида менга ҳам оригинал варианти нисбатан қизиқроқдек туюлади. Агар савия жихатидан ҳам бир хил бўлганида албатта оригиналини танлаш виждонан тўғри йўл бўларди. Айтиш мумкинки, сизни олдинда камида 20 соатлик (сериални 2 ва 3 мавсумлари бор, уларни хали кўрмаганман) қотиллик бахонасида рангсиз инсонлар ва уларнинг ёлғонлари оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи ўткир сюжетли, сериал кутиб турибди.

П.С: сериални субтитрларинии ўзбекчага таржима қилмасам ўзимни кечира олмас эдим. Таржимани анча олдин бошлаб қўйган эдим, айрим сабабларга кўра чала қолиб кетган эди. Тугатганимдан кейин каналга жойланади.
​Буни амаллаб енгиб ўтсак, урушдан кейинги ҳаётимизнинг ҳар бир куни байрамдай ўтади. (Взвод)

1967 – йилда Камбоджа ва Ветнам чегарасидаги Американинг ҳарбий ҳаракатлари фаол давом этаётган ҳудудига 25 ёшли Крис Тейлор кўнгилли бўлиб урушга келади. Бу ердаги аксарият аскарлардан фарқли ўлароқ у ўқимишли, саводли йигитлардан бири эди. Ўз китобларида ўқиган, инсонлардан эшитган дўзохни ҳақиқийсини ҳис этиш учун у урушга кўнгилли бўлиб келган эди.

Машхур режиссёр Оливер Стоуннинг ушбу филми катта шов-шув кўтарди. 4 та оскар, 3 олтин глобус ва яна бир нечта ўнлаб мукофотларни қўлга киритди. Аслида филм сценарийси 76 – йилда ёзилиб, 86 – йилгача етарли даражада ҳомий топилмагач ушлаб турилган. Оливер Стоуннинг ўзи Ветнам уруши фахрийси бўлгани учун ҳам филмни шу иложи борича табиий қилиб етказишга ҳаракат қилган. Актёрлар филмни суратга олишдан аввал 13 кун давомида ҳарбий машғулотларда қатнашган. Филмни суратга олиш вақтида эса ҳудди ҳарбийлардек яшашга мажбур бўлишган. Ҳарбийлар еган овқатни еб, улар кийган кийимларда, улар ётган баракларда ётишга мажбур этилган. АҚШ ҳукумати томонидан филмни суратга олишда ҳеч қанақа ёрдам кўрсатилмаган, сабаби филм ҳеч қандай пропагандага асосланмасдан шунчаки урушни борича кўрсатгани бўлган.

Сэмюэл Барбер томонидан 1936 ёзилган мусиқа филмнинг асосий овози сифатида ёдда қолади. Айрим эпизодларга шу даражада мос тушганлиги туфайли урушнинг дахшатини тасвирлашда унинг ҳиссаси ҳам катта эканлигини сезиш мумкин. Жанг сахналарини бутунлигича етказиб бера олган операторлар ишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. 1986 – йилдаги филм учун бунақа блокбастер сахналарни суратга олининшини бемалол “топ” деб атаса бўлади. Филмдаги диалогларнинг ўзидан томошабин роҳатланади. Урушнинг ёмонлиги ва ундаги ҳар қандай жирканчликни оқлаш учун ҳам диалоглар жуда яхши танланган.

Урушни тинч оилада катта бўлган, ўқимишли, ёмон йўлларга кирмаган, ҳатто сигарет ҳам чекмайдиган 25 ёшли Крис Тейлор исмли йигитни кўзлари билан кўрсатган режиссёр. Филм давомида йигитнинг фел атвори ўзгариши жараёни орқали режиссёр томошабинга уруш ҳар қандай инсонни ўз йўриғига ўйнатишини кўрсатиб бермоқчи бўлган. Крис Тейлорнинг каскасига ёзилган «When I die Bury me Upside down So the world Can kiss my ass» (Ўлганимдан кейин мени ерга қаратиб кўминглар, бу дунё к*тимни ўпиши учун) иборасининг ўзидан ҳам уруш инсонни умуман ўзгартириб юборишига ишора қилади режиссёр. Филм урушнинг ёмонлиги ҳақида ҳикоя қилади. Асосий мақсад шу. Бу ерда АҚШ айбдор, Ветнам айбдор деган пропаганда йўқ. Ижодкорлар уруш мисолида ердаги дўзохни тасвирлайди. Филмдаги ижобий, салбий қахрамонларнинг ҳар қандай ҳаракатлари филм сўнггида кечирилади томошабин томонидан. Шу қадар жирканчлик қилганига қарамай сиз унинг бу жирканчлигини кечирасиз. Чунки у ҳам урушга келганича жирканч бўлмаган, уни уруш шу аҳволга олиб келди. “Ватан учун” деган пропаганда уларни шу жирканчликларга мажбурлайди. Уларнинг яшаб қолишга бўлган ҳаракати учун томошабин уларни бутунлай тушунади. “Уни ўрнида бўлганимда, бунақа шароитда мен ҳам шундай қилишим мумкин эди-ку деган фикр билан” филмга хулоса ясайди. Умумий хулоса сифатида эса урушнинг яхшиси бўлмаслиги, барча урушлар жирканч ва ифлос ўтиши ҳақида якуний қарорга келинади.
"Взвод" филмдан иқтибослар:

Урушда қўрқоқлар бўлмайди.
Бунга чидаб олсак, урушдан кейинги ҳаётимизнинг ҳар бир куни байрамдай ўтади.

Бу йигитлар яшайдиган шаҳарларни ҳатто эшитмагансан. Барчаси Американинг чекка-чекка жойларидан. Аксарияти зўрға мактабни битирган. Оддий ишга кира олса бахтли ҳисоблайди ўзларини. Умуман олганда жамиятнинг энг ташландиқ вакиллари булар. Энг қизиғи эса, Американи айнан мана шу йигитлар ҳимоя қилмоқда.

Ўзингни оқлаш – бу к*тингдаги тешикдай гап. У ҳамма одамда бўлади.

Бу ердан қутула олганлар, барчасини бошқатдан қуриши шарт, атрофидаги бошқа инсонларга ҳам ҳаётнинг қадрини, яшашдан маъно борлигини ўргатиши керак.

Бош оғриғини даволаш учун бошни юлиб ташлашга ҳаракат қилаяпсизлар.

Агар нариги дунёда жаннат бўлса, жудаям умид қилаётганим худо ҳам ўша ерда бўлса, демак Элайас ҳозир ўша жойда маст ҳолатда наша чекиб ётибди.

Барнсни етти марта отишган у эса халигача тирик. Бу нарса сенга ҳеч нарсани англатмаяптими? Барнсни ўлдириб бўлмайди. Уни ўлдирувчи ягона нарса бу Барнснинг ўзи!

Менга уруш ёқади. Бу ерда истаган ишингни қилишинг мумкин ва бу учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. Битта ёмон томони ўзинг ҳам ўлиб қолишинг мумкин. Лекин, буни ҳам ёмон томони йўқ. Одам ўзини ўлганини билмайди-ку буни нимаси ёмон?

Филмни телеграмда кўриш
Staged (Постановка) - дунё тарихидаги энг бемаза йиллардан бирида биз билан бир ҳил шароитда яшаган ижод аҳли ҳаёти ҳақида ҳикоя қиладиган ўта ноодатий услубдаги инглизча юморга бой мини сериал.

Британиянинг Вэст-Энд театри актёрлари Майкл Шин ва Дэвид Теннант 2020 йилги локдаун даврида ўз “формаларини” йўқотиб қўймаслик учун масофадан туриб машқ қилишга қарор қилишади. Шу билан ушбу сериал сюжети яралади.

Пандемия даврида деярли барча масофадан туриб ишлади. Нафақат иш балки бошқа нарсалар учун ҳам инсонлар видео-қўнғироқлар орқали сухбатлашишди. Сериал ҳам ҳудди шундай суратга олинган. Деярли барча кадрлар компютер ва турли хил гаджетларнинг олд камераси орқали суратга олинган. Бир қарашда пандемия даврида бир – бирига қараб шунчаки сухбатлашиб турган одамларни томоша қилишни нимаси қизиқ дейишингиз ҳам мумкин. Бир томонлама бу гапга қўшилиш ҳам мумкин. Лекин бу гапга қўшилишингиз учун сиз 2020 йилда яшамаган бўлишингиз керак. Ўшандагина бу сериал сизга жуда ғалати ва зерикарли туюлиши мумкин. Бошқа ҳолатда эса сериал етарли даражада қизиқ ва позитив туюлиши ҳеч гап эмас.

Тасаввур қилинг. Пандемия. Уйда ўтирибсиз. Соқол ўсган. Ўзингизга қарамай қўйгансиз. Зерикканингиздан ёшликдаги хоббиларни ҳам эсга олдингиз, бўлмади, жонингизга тегди. Фарзандлар билан кўпроқ вақт ўтказиш ҳақидаги пандемия аввалидаги режаларингиз ҳам ўзини оқламади. Кўринишингиз хомуш. Зерикдингиз. Уйда ўтириб чарчадингиз. Пандемиягача кунни доим бирга ўтказган ҳамкасбингиз билан видео – қўнғироқ орқали гаплашаяпсиз. Гап ҳам тугаган. Гапирилишга арзимайдиган жудаям зерикарли сухбатлар. Абсурд мавзулар.
Тасаввур қилишдан ҳам зерикдингиз тўғрими? Лекин айнан ҳудди шу нарсани кўриб зерикмайсиз. Чунки бу нарсалар сизнинг ҳам бошингиздан ўтган, сиз ҳам ҳудди шу қахрамонлар тушган ҳолатга тушгансиз. Бунақа абсурд мавзуларда сиз ҳам кимлар биландир гаплашгансиз ва буни бошқалар мисолида кўриш томошабин учун қизиқарли бўлади. Икки театр актёри ва уларнинг яқинларини (актёрлар бўлмаса ҳам) ўз ҳаётида яшаганини ўта мохирона тарзда томошабинга етказилишини ўзи қизиқ. Айниқса уларнинг кўпчилиги ижодкор бўлгани учун бўлса керак уларни томоша қилиш жонингизга тегмайди. Бош рол ижрочилари махоратли актёрларнинг эса импровизациясига қойил қолмай иложи йўқ. Юз мимикалари, ўзини тутишлари, оила азолари ва дўстлари билан муносабатларини ҳақиқий инглизча юморга буркаб 15 дақиқа давомида (ҳар бир қисм 15 дақиқа) томоша қилиш экран қаршисидаги инсонни зериктириб қўймайди. 25 дақиқа бўлганида аниқ зериктирар эди лекин 15 дақиқа айни маромида. Юлдуз актёрларнинг кутилмаган эпизод сахналарда пайдо бўлиши эса сизни кейинги қисмга бўлган интригангизни оширади.

Сериал кутилмаган даражада машхурликка эришгач унинг иккинчи масуми ҳам суратга олинди.Тил борасида муаммоси йўқ инсонларга оригинал кўришни, тилдан муаммоси бор одамларга эса “Ozz tv” рус тилидаги адекват дубляжда, цензурасиз кўришни тавсия қиламан.
Accused (Айбланувчилар) – виждон йўлагидан суд залигача.

Сюжет бир неча жамиятнинг ўртасидаги одамлар яъни жиноятга мойиллиги йўқ одамларнинг билиб-билмай қилиб қўйган ишлари натижасида суд залида ўз хукмини кутаётгани хақида хикоя қилади.

Икки мавсумдан иборат сериалнинг умумий 10 та қисми бор. Хар бир қисмда янги қахрамонлар, янги вазият, янги хукм. Алохида айтиш керак бўлган нарсалардан бири, сериалда Британия сериалларидаги деярли барча машхурлар кўриниш берган, уларни кўп жойларда кўргансиз. Ижодкорлар номлари хам деярли британча сериалларда кўриниш беришини хисобга олсак, сериал “ғирт британча”.

Хар бир қисм, суд залига кетаётган айбланувчини кўрсатишдан бошланади ва бир соат давомида нега уни бу вазиятга тушганини изохлаб боради. Оригинал ёндашув. Сериалнинг одамларга ёқишини асосий сабабларидан бири у жудаям хаётий чиққан. Бунақа воқеаларни жуда кўп гувохи бўлгансиз. Бу қисмдаги ва бу вазиятдаги одамга судда қанақа хукм ўқилиши сиз учун финалгача интрига бўлиб қолади. Хўш, бу одам айбдорми ёки йўқ, уни ўрнида мен бўлганимда шу ишни қилардимми ёки йўқ? Титрлар бошлангач эса, суд хукми адолатдан бўлдими ёки бўлмади каби қарама-қарши фикрлар сизни чулғаб олади.

Баъзида кўрамиз, эшитамиз қайсидир танишимиз ёки уни таниши қамалганини. Оддий ўзимизга ўхшаган одамлар, аввалдан жиноят қилмаган лекин вазият тақозоси билан шу нарсага мажбур бўлиб қолган. Шундай пайтларда ўйлаб қолади инсон: “бу одам қамалишга лойиқмиди, кечирилиши керакмасмиди” деб. Лекин қонун олдида барча жавобгар, суд залидаги бир нечта одам яъни “присяжные” хал қилади буни. Қонунни бузганинг, жиноят қилганинг факт. Лекин, бу вазиятда сени ўрнингда бошқалар хам шу ишни қилиши мумкин эди, шунчаки улар бу вазиятга тушмаган. Сен эса буни судда исботлаб беришинг керак ва шундагина “присяжные” сенга яна бир бор имкон тақдим этиши мумкин.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки: хаётимизнинг қоронғу 15 кунлигини ўзимизга эслатишга харакат қилган британлардан оригинал ёндашув.
Черный, черный человек (2019) - туғма ногирон бўлган ва ота-боболардан мерос қолган бузуқ тизим устидан жудаям совуққон тарзда қозоқча кулиш.

Қозоғистоннинг чекка бир овулида ёш болакай ўлдирилган. Махаллий полиция томонидан гумонланувчи қўлга олинган, марказдан терговчи келиб барчасини расмийлаштирса бўлгани, иш ёпилади. Бу нарсага ўрганган терговчи хам хар доимгидек пулини олиб ишни ёпаман деган пайтида пойтахтдан журналист келиб иш бўйича ўзини суриштирувини бошлади. Журналистни хамма жойга бурнини тиқавериши на терговчига ва на ишни тезроқ ёпилишиини кутаётганлар учун ёқаяпти.

Филм режиссёри, сценарий муаллифи ва монтаж устаси хам битта одам – Адильхан Ержанов. Филмнинг бюджети унчалик катта бўлмаганлигини билиш унчалик хам қийин эмас. Аслида сен кенг омма учун эмас, маълум бир тор доира учун арт-хаус ишлаганингда катта бюджет ўзи нега керак? Ноодатий филм ишқибози учун экшн сахналар эмас ушбу филмдаги маккапоя далалари орасидаги шиқир-шиқир хам ёмон эмас. Корейсларни “Воспоминания об убийстве” филмини эслатиб юборадиган далалар ва терговчилар. Быковнинг “Майор” филмини эслатиб юборадиган МДХдаги балчиқ тизим ва оқ қора кадрлар. Режиссёр ушбу филмлардан илхомланганлигини сезиш қийин эмас. Операторнинг махаллий филмлар билан солиштирганда ўта ноодатий ижодини ўзи хам филмнинг “бошқача” эканлигини сездириб туради.

Ижодкорлар мамлакатдаги орган сохасини хохлаганича устидан кулишган. Тўлиқ коррупция, барчаси “тепадан” келадиган топшириққа боғлиқлиги, хисобот ва статистика учун ишлаш барча – барчаси нафақат қозоқ қўшниларимизда балки бутун МДХ давлатлари шу ўринда ўзимизнинг жонажондаги холатни хам эслатиб туради. Албатта филмда тасвирланганчалик десак ошириб юборган бўламиз, лекин, қисман ўхшашликлар бор.

Бош қахрамон терговчи Бекзат ўзи хам шу тизимнинг бир бўлаги. Хар қанақа нохақлик, адолатсизликка кўз юмиб кетувчи “оддий аскар”. Буйруқ бажаришдан бошқасига ярамайдиган, терговчи бўлиб бирор марта хақиқий суриштирув олиб бормаган, биқиқ тизим оқимига тушиб олган оддий балиқча. Гарчи боланинг ўлимида бошқа одамнинг қўли борлигини билсада хаттоки у одам болани зўрлаб ўлдирган педофиллигини билса хам уни реакцияси ўзгармайди. Юқоридан келган журналист қиз эса киноларда кўрган шекилли, терговчи ва полициячилар ўзини қандай тутиши кераклигини, журналист билан қанақа муомилада бўлиши кераклигини бот-бот такрорлайди. Умуман қонун ишламайдиган бу ўлкалардаги мухит хақида тасаввурга эга бўлмасдан келиб ўзиникини ўтказмоқчи бўлади. Режиссёр бу билан шахар ва чекка худудлардаги дунё бир-биридан ер билан осмончалик фарқ қилишини кўрсатмоқчидек. Шахар ривожланиб кетаверган овулларда эса халигача СССР.

Алохида таъкидлаш керакки режиссёрнинг меломанлиги хам жуда мэъёрида чиққан. 90 – йиллар хит мусиқаларининг янграши филмнинг оғир-босиқ ва жойи келганда қора юморига мос тушади. Улар бир бутун бўлиб овулнинг нақадар ўтмишда қолиб кетганини хис этишинга ёрдам берадигандек. Электрон жанридаги мусиқалар билан биргаликда йўл манзараларини экранда кетишидан режиссёрга аниқ “Драйв” филми ёққанлигини сезасан ва уни хам филми салкам “роад-муви” эканлигини инобатга олиб қўясан.

П.С: Жойи келганда айтмасам бўлмайди. Филмда гапирилган гапларнинг тахминан 20 фоизи сўкинишлардан иборат. Бизнинг оломон ТВда кетиб қолган “жалаб” сўзини хафталаб мухокама килаётган пайтда биз билан деярли бир хил тилда гаплашадиган, дини битта, менталитети хам жуда ўхшаш қўшни халқ цензурани бир чеккага суриб кучли асарлар яратмоқда. Улар эътиборини “жалаб”га эмас синиқ, бузуқ тизимга қаратган. Энди улар қайнона-келинлар масаласида тортишмайди, энди улар каттароқ, коррупция, хокимият тизимидаги амалдорларнинг ноқонуний харакатларини танқид қилишади ва буни ТВ орқали хам айлантиришади. Ха азизлар, бу воқеалар айнан биз “жалаб”ни аниқлашга уринаётган вақтимизда қўшни махаллада рўй бераяпти.

Нурободни қўйлари қаерга қараяпти, хайронман.