Киноконо
417 subscribers
2 photos
35 links
Кўрган кино/сериалим ҳақида ёзаман.
Download Telegram
Succession (2018-***) - бой бўлиб туғилиш осон, лекин бой бўлиб қолиш унчалик хам осон эмаслиги хақидаги сериал.

Американинг энг қудратли миллиардерларидан бири ёши ўтган сари ўзининг ўрнини фарзандларига қолдириши керакми ёки бошқача йўл тутиши керакми шу хақида ўйлай бошлайди. Тўрт фарзанднинг учтаси бу ўрин учун ўзини муносиб номзод деб билади ва бу учун очиқчасига харакат қила бошлайди. Бундан ташқари бу тахт учун интилаётган бир нечта потенциал рақиблар хам мавжуд.

Сериалга америкалик медиа-магнат Руперт Мёрдек хаёти аналог сифатида олинган. Яъни сериалнинг ғояси туғилишига айнан ушбу миллиардер ва унинг меросхўрлари ўртасидаги можаро сабаб бўлган. Сериалнинг асосий мантиғи ўхшаш бўлгани билан кейинчалик воқеалар ривожига ижодкорлар бадиий тасвирлар орқали ўзгартиришлар киритган ва натижада томошабин учун сўнгги йилларнинг энг шов-шувли ва мукофот бўйича олди сериалларидан бири суратга олинди.

Медиа-магнат ўз тахти учун фарзандлари билан курашиши томошабин учун янгилик бўла олган. Ўтган замонларда қиролнинг меросхўрлари тахт учун талашгани хақида кўплаб маълумотга эгамиз, лекин деярли шунақа вазиятни аналогини замонавий версияда кўриш хар куни хам насиб этавермайди. Ижодкорлар ушбу “костюмли драма”ни табиий ва жонли бўлишини уддалай олишган. Оддий томошабинни қисмдан-қисмга кучайиб бораверадиган интрига ушлаб туради. Хар бир персонаж ўзининг тахт йўлидаги тактикаси, ўзининг принциплари ва бунга эришиш учун қанчалик тубга шўнғишга тайёрлиги хам бефарқ қолдирмайди. Бундан ташқари классик ва замонавий куйларни ўзида мужассамлаштирган саундтреклар, тасвирчининг барча кадрларни қўлда олгани хам сериалнинг оригиналлигига ишора қилиб туради.

“Карточний домик” сериалини кўрган одам борки бу сериалда хам унга ўхшаш хисларни туяди. Яъни абсолют ижобий персонажни йўқлиги. Барча ўз мақсади йўлида хар қанақа тубанликка бориши ва шу билан бирга сен хам кези келганида буни тўғри деб билишингни ўзи ижодкорларнинг ютуғи. Чунки персонажлар сенга жудаям яқин олиб келинган ва сен уларни неадекват қарорларини хам хазм қилиб кетишга розисан.

Ўзгача жихатларидан яна бири сифатида таъкидлаб ўтиш керакки биз каби оддий томошабин одатда бойларни қандай яшаши хақида унчалик хам кўп маълумотга эга бўлмаймиз, лекин сериални кўриш давомида айнан мана шу жихатлар хам жуда яхши очиб берилган. Уларнинг яшаш тарзи, уларнинг данғиллама ва хашаматли хаёт тарзи томошабин учун катта янгилик бўлиши мумкин. Масалан, сен миллиардерлар бўш вақтини қандай сарфлашини биламан деб ўйлайсанми? Ишонч билан айтаманки, сен бу сериални кўрмагунча бу хақида кўп нарсани билмайсан. Ва айнан шу мансаб, обрў, хашамдан айрилишни истамаган персонажларни цинизмини тушунгандек бўласан.

Бундан ташқари ўзимга хам қийин бўлган жихатлардан яна бири, сериалдаги сўз ўйинларидир. Агар сен инглизча саводга эга бўлсанг бу сериалдан максимал лаззатланишинг эхтимоли юқурорироқ. Сериал номидан тортиб ундаги чиройли жумлаларгача таржимада йўқолиб кетиш эхтимоли юқори бўлган сўз ўйинлари яшириниб ётади. Оддий бир мисол: “You can't make an omelette without breaking eggs”. Инглизлар ёқтирадиган мақоллардан бири: сен тухум чақмасдан омлет тайёрлай олмайсан. Мантиқан олинса, сен каттароқ нимадирга эришишинг учун ниманидир қурбон қилишинг керак. Сериалдаги: “You can't make a Tomlette without breaking some Greggs” жумласида эса “Omelette” Томлетга (Том исмли персонаж бор) айланаяпти. “Eggs” эса “Greggs” га айланаяпти (Грег исмли персонаж бор). Мантиқдан келиб чиқиб Том учун бир нечта Грегни қурбон қилиш кераклигини тушунасан ва ижодкорларнинг ушбу мақолни нақадар контекстга мослаб ўзгартиришганини олқишлаб қўясан.

Сериалнинг хозиргача уч мавсуми эфирга чиққан бўлиб, бу сериал IMDb рейтингини қисмлар бўйича баллари қисмдан-қисмга ошиб боравериши билан хам эътиборга моликдир. Одатда сериаллар мавсумдан-мавсумга пасайиб бориши билан ёдда қолса айнан ушбу сериалда буни аксини гувохи бўламиз. 2-3 мавсумларнинг сўнгги қисмлари 10 баллик тизимда 9.8 (!!!) олганини ўзи киноманни ўзига торта оладиган натижа.

9/10
Тасаввур қил, сен бир қишлоққа тушиб қолдинг. У ердан кетишни имкони йўқ. У ерга сенга ўхшаган бегона одамлар тез-тез адашиб келиб қолади. Энг қўрқинчли томони қоронғу тушиши билан уйига киришга улгурмаган тирик жонни хаммаси ўлдирилади. Кун ёришганда эса тундаги дахшат йўқолади. Ғалати қишлоқ. Ғалати мистика. Бу тилсимни тагига етиш ва бу дахшатдан қутилиш учун нима қилган бўлардинг?

Бунақа типдаги сериаллар ўзига қизиқтиришни қойиллатади. Лекин буларни охири кўпинча плинтусни пастидаги рейтингда тугайди. Шундай экан буни хам яқин келажакда шундай финал кутса керак. "Lost" сериалини ўзи етади бунақа типдаги сериаллар хақида умумий фикр бериш учун.
Умид қиламан, гапимни қайтариб олишимга сабабчи бўлиб қолар.
Хозирча эса:
#тавсия_қилмайман
#from
After Life - Суицид бу ечим эмасми? (2019-2022)

Сериал Рики Жервейс ва Нетфликс ўртасидаги ҳамкорлик натижаси ҳисобланади. Сериалнинг продюссери ҳам, сценарий муаллифи ҳам, бош рол ижрочиси ҳам Рики Жервейснинг ўзи. Уни биз Офиснинг оригинал, британча версияси ва “Массовка” сериали орқали яхши таниймиз.

Сюжетга кўра, бош қахрамон ўзининг 25 йил бирга яшаган аёлидан саратон туфайли ажралади. Шу билан унда ҳам ҳаёт қайсидир маънода тугайди. Уни танимаган одамлар учун у токсик, циник, эгоист ва шу каби ўзида инсониятнинг барча ёмон характерларини мужассамлаштирган одамга айланади. Таниганлар эса уни вақтинчалик стрессда деб ўйлаб ҳаммаси яхши бўлиб кетишига умид қилиб туришарди.

Рики Жервейс ўзи яратган образини ичида яшайди, сериални кўрган одам уни ҳаётда бошқачароқ деб ўйламаслиги аниқ. Унинг ғаройиб ҳаётий фалсафаси тахминан бунақа: Ўзимни ўлдирмоқчи бўлиб ҳаракат қилаётган эдим, кейин фикрим ўзгариб қолди. Ахир мен ўзимни истаган пайтда ўлдиришим мумкин ва бунга ҳеч ким қарши эмас. Шундай экан, мен ўзимни ўлдириш олдидан ўзим истаган барча ёмон ишларни қилиб кўрсам нима ютқазаман? Ёмон кўрадиган одамимга уни ёмон кўришимни айтиб, ўзимга ёқадиган одамларга ёқмайдиган ишларимни бемалол қилишим мумкин ва булар жонимга теккач бемалол ўзимни ўлдира оламан. Ахир бу мен учун берилган хаётий бонуску?
Умумий олиб қараганда трагикомедия жанрида суратга олинган бу сериал анъанавий тарзда инглизча юмор билан бойитилган. Бир қарашда ўз ҳаётини маъносидан ажралган одамнинг ҳаёти ҳам тугаб боришини тасвирловчи бу сериалда ижодкорлар қисқа латифаларни сюжетга тахлаб кетгандек тасаввур уйғотади. Баъзи бир диалоглар сюжет чизиғида ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги мумкин, лекин томошабинни кайфиятини кўтариб, сериалга нисбатан симпатияни уйғота олади. Бош қахрамоннинг нега ўзини ҳалигача ўлдирмагани тўғрисидаги саволга, агар кучугим консервани очиб, ҳар куни ўзини овқатини ўзи ея олганида мен аллақачон ўзимни ўлдирган бўлардим, деган гапи бир томондан жуда кулгили, иккинчи томондан бу рост гап эканлигини тушуниб бу ерда фақат юмор эмаслигини тушунасан.

Умуман олганда деярли мини-сериал ҳисобланадиган бу сериал ҳақида унчалик кўп ҳам ёзиш шарт эмас, сюжет ҳақида қисқача ёзилди. Сериалнинг ҳар бир қисми 20-30 дақиқани ташкил этиб, битта мавсуми 6 қисмдан иборат ва 3 мавсумни ташкил этади. Бу дегани уни бутунлай кўриш учун 6-7 соат вақт ажратишни ўзи кифоя.
Apocalypse Now (1979) – дўзахга саёҳат

Ветнам уруши вақтида ўз вазифасини бажариб бўлган лекин, ҳали армия учун кўп керак бўладиган капитан Уиллард урушдан унча узоқ бўлмаган жойда, меҳмонхонанинг ўзига аталган хонасида реаллик ва иллюзияни фарқига бора олмайдиган даражада кайфда ўйчан ётарди. Кутилмаганда уни яна штаб чақиришди ва навбатдаги вазифани (балки энг қийинидир) топширишди. Бу вазифа олдингиларидан фарқли ўлароқ душман қўшинларига қарши қаратилмаган, аксинча урушда катта натижаларни қўлга киритган ўз сафдоши полковник Курцни йўқ қилиш учун ўйлаб чиқилган маҳсус ҳарбий операция эди.

Фрэнсис Форд Коппола “Godfather”, “Godfather 2” ва “The Conversation” фильмларидан сўнг Голливуд учун “Катта” режиссёрга айланишга улгурган эди. Энди студияларни талаби бўйича эмас, уларга талаб қўя оладиган даражаги вазнга эга ижодкор эди. У 1976 йилда қўлига анча олдин қўлига тушиб қолган Жон Милиус қаламига мансуб ушбу фильм сценарийси бўйича иш бошлашга қарор қилиб Филиппинга учиб боради. Уруш манзараларини тасвирлаш учун Ветнамга ўхшаш давлат ва америкаликларга ўқраймасдан қарайдиган халқ бу фақатгина Филиппинликлар эди. Режиссёр ижодий гуруҳга катта саёҳатга боришларини ва кино тарихидаги энг буюк фильмлардан бирини яратишга бел боғлаганини қайта-қайта такрорлашдан тўхтамаган. Урушни тасвири учун уларга катта хажмдаги ҳарбий техникалар керак бўларди ва бу масалада Пентагондан ёрдам кутиш бесамар эди. Пентагон фақатгина Америкалик аскарни ижобий қилиб кўрсатишса, душман томонни дахшатли қилиб тасвирлашсагина ёрдам бера оларди. Копполанинг фильмида эса бирор томонни ижобий, иккинчи томонни салбий кўрсатиш мақсад қилинмаганди. У урушни борича тасвирлашга бел боғлаган, кимдандир сунъий тарзда қахрамон ясаш ҳақида ўйламаган ҳам эди.
Режиссёр ўзининг “Катта” фильми учун “Катта” актёрларни таклиф қилганига қарамай уларни кўп муддатли Филиппин ботқоғлигига сафар қилишни истамайди ва режиссёр номи унчалик катта бўлмаган актёрларни чақиришга мажбур бўлади. Фақатгина истисно сифатида Марлон Брандо катта пул эвазига уч ҳафтага сайр қилиб келишга рози бўлади. Бош ролга эса Мартин Шин лойиқ топилади.

Фильм ўз даврининг кўп каналли овозга эга биринчи фильми бўлган. Ҳозирги даврда одат тусига кирган товушларнинг кўп сонли канали ўша даврларда ҳали йўқ эди. Шу сабабли ҳам Оскарга лойиқ кўрилган бу йўналишда. Бундан ташқари Витторио Стораро ўзинг ажойиб тасвири эвазига ҳам Оскарнинг “Энг яхши операторлик иши” йўналишида ғолиб чиққан.
1/2
2/2
Фильм Ветнам аталмиш уруш исканжасидаги полигонга томошабинни саёҳат қилдиради. Урушда йиллаб курашиб ўша ернинг ўзида ақлдан озган полковник ўз қўшини билан Камбоджа ўрмонларида ўзининг кичик салтанатини яратади. АҚШнинг бутун бошли батальони энди АҚШнинг ўзига бўйсунмас, маҳаллий аҳоли билан чатишиб алоҳида бир салтанат яратган эди. Капитан Уиллард эса раҳбариятнинг ўта махфий топшириғи билан ақлдан озган полковникни ўлдириш учун фронтнинг нариги томонига йўл олади. Йўлда уни дахшатли саргузаштлар кутарди. Майда-майда фронтларда жанг қилаётган аскарлар ҳар-хил шароитда эди, кимлардир шунчаки ўлимини кутиб ётар, кимлардир уйига кетиш учун барчасига тайёр, кимларнидир эса уйи энди йўқ, улар маҳаллий одамларга айланишганди. Режиссёр 4 соатга яқин давомида бу мантиқсиз урушнинг дахшатини ўта маҳорат билан томошабинга тасвирлаган. Томошабин бу ҳикояни кўриш давомида дўзох тасвирини ҳис этиб туради. Сен бу нарсани ҳис этишинг учун ижодкорлар айнан шу муҳитни яратишга урингани таҳсинга сазовор. Қизиқ томони сен дўзах қанақалигини билмайсан, лекин шу фильмни кўриш давомида буни ҳис қиласан.

Албатта уруш ҳақида фильмлар жуда кўп ва уларнинг аксарияти урушнинг ёмон эканлигига урғу беради. Коппола эса аксарият интервьюларида ушбу фильмни уруш ҳақида эмас урушнинг ўзи эканлигини таъкидлаб келган экан. Режиссёрнинг уч йиллик ишлари ўз натижасини берган ва бу фильм кўпчиликнинг наздида уруш ҳақидаги энг дахшатли фильм сифатида тарихда қолди.

P.s: 4 соатлик тотал кайфни ҳис этмоқчи бўлган киноманларга фильмни наушникда кўришни жудаям маслахат бераман. Русчада кўрмоқчи бўлганлар албатта Дмитрий Пучков (Гоблин) таржимасида кўришлари шарт.
The Lord of the Rings: The Rings of Power (2022-***)

Ва ниҳоят узоқ кутулган сериални ҳам илк икки қисми намойиш этилди. Сериал чиқишидан аввал унинг реклама кампанияси сериалга нисбатан негатив фикрларни жуда кўп марта қўзғатди. Дунё тарихидаги энг қиммат сериалдан одамлар кўп нарсани кутиши табиий. Премьерадан кўп ўтмай сериалнинг рейтинги шу даражада паст баҳога лойиқ кўрилди. Бунда битта сабаб бор эди, кўпчилик сериални кўрмасдан туриб унга энг паст балларни бериб кетаверди. Аммо орадан вақт ўтиб сериалнинг рейтинги секинлик билан бўлса ҳам кўтарилаяпти ва ҳали бундан анча тепароққа чиқишига шахсан ўзим ишонаман.
Сериалнинг ўзига келадиган бўлсак, биринчидан пейзаж супер даражада чиройли. Пуллар қаерга ишлатилганини англаш қийин эмас. Икки қисмнинг ўзида бир дунё персонажларни кўрсатилганини ўзи сериал ҳали узоқ давом этишидан далолат. Биз яхши кўрадиган "Game of Thrones" ҳам бошида керагидан ортиқ даражада персонажлар борлиги учун танқидга учраганди. Ҳозир бу фикрга бирорта одам қўшилмаса керак. Хуллас персонажларнинг кўплиги ва улар билан сен яқиндан танишишинг озгина зериктириб қўйиши мумкин, лекин бу кейинги қисмлардаги интригани чўққига олиб чиқиш учун зарур бўлган деталлардан бири. Муҳими барчаси чиройли тарзда суратга олинган ва барчасини ўз ўрни бор деб умид қиламиз. Дастлабки икки қисмдаги сериал динамикаси оқсагандек туюлгани билан юқорида айтганимдек бу нарсалар ҳали тўфон олдидан сукунатдек туюлаяпти. Шундай бўлсин ишқилиб.
Энг кўп эътирозга сабаб бўлиб, кўрилмасдан паст баҳоларга лойиқ кўрилган нарса бу сериалдаги ғарбча толерантлик. Қора танли элфлар ва гномларга кўз ўрмагандек. Бунақа бўлиши керакмасдек, бу буюк асарнинг устидан кулишдек туюлиши мумкин. Лекин, нима ҳам қилардик, замон талаби шу экан. Муҳими актёр ўз образини чиройли жонлантирса бўлгани. Агар бу нарсаларга умуман тоқатсиз бўлсанг сенда доим танлаш ҳуқуқи борлигини унутма. Ғарбга бойкот эълон қилиб ўзбек дурдоналари билан яшашда давом этишинг мумкин.

Ҳозирча дастлабки икки қисмдан хулосалар шу. Қисмдан-қисмга сериал қизиб бораверишидан жуда ҳам умидворман.
Каналдаги кино рўйҳатлар энди бу ерда бериб борилади: @kinopub_uz