Бепул юридик ёрдам ва маслахат/Бесплатная юридическая консультация
119 subscribers
84 photos
8 videos
11 files
87 links
Новости по правам человека и остальные новости по юриспруденции. Бесплатная юридическая консультация и помощь.


Если есть вопросы обращайтесь:
Саволлингиз бўлса:
@Sardorbek_konsultatsiya_bot
Download Telegram
#Биласизми

🔰 Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудида:

🔹 меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 822 000 сўм;

🔹 базавий ҳисоблаш миқдори – 270 000 сўм;

🔹 пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 289 000 сўм;

🔹 ёшга доир энг кам пенсиялар – 565 000 сўм;

🔹 болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – 622 000 сўм;

🔹 зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – 440 000 сўм;

🔹 иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 440 000 сўм;

🔹 белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори – 623 000 сўмдан иборат.
#Давлат_хизматлари_регламент

Фуқароларнинг номида шахсий уй-жойи бор ёки йўқлиги тўғрисида маълумотнома олиш тартиби

⚠️ Хизмат: Фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш

🙎‍♂️ Хизматдан фойдаланувчилар: Жисмоний шахслар

🔄 Хизматни кўрсатиш тартиби:

1. Ариза берувчилар маълумотнома олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХПда давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

2. Сўровнома тўлдирилиб, ваколатли орган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази)га электрон тарзда юборилади.

3. Марказ сўровнома тушган ва тўлов амалга оширилган вақтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида QR-код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ва Давлат хизматлари марказларига ёки давлат органларига ёхуд ариза берувчига ЯИДХП орқали юборади.

🗓 Хизматни кўрсатиш муддати:

3 иш куни мобайнида

🔰 Хизмат нархи:

БҲМнинг 3 фоизи миқдорида – 8 100 сўм;
Ягона портал орқали топширилганда миқдори – 7 290 сўм.

📋 Ҳуқуқий асос: Ҳукумат қарори (535-сон, 02.09.2020 й.)
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тўғрисида қонун қабул қилинди

“Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–713-сон, 13.09.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

🔰 Қонунга кўра, сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектлар аҳамиятига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:

I тоифа – хавфлилик омили паст бўлган объектлар;
II тоифа – хавфлилик омили ўртача бўлган объектлар;
III тоифа – хавфлилик омили юқори бўлган объектлар;
IV тоифа – хавфлилик омили жуда юқори бўлган объектлар.

🏢 Ўзбекистон ҳудудида сейсмик хавфни баҳолаш Фанлар академияси томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда амалга оширилади.

Сейсмик фаол зоналарда жойлашган, қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ лойиҳалаштирилган ҳамда қурилган II–IV тоифадаги объектлар ҳар 5 йилда зилзилабардошликка доир визуал текширувдан ўтказилади.

🔎 Сейсмик фаол зоналарда жойлашган III–IV тоифадаги объектлар ҳар 10 йилда зилзилабардошликка доир инструментал-техник текширувдан ўтказилиши лозим.

⚠️ Сейсмик фаол зоналарда янги қурилган III–IV тоифадаги объектлар ишга туширилаётганда зилзилабардошликка доир инструментал-техник текширувдан мажбурий тартибда ўтказилади.

👉 IV тоифадаги объектларга тааллуқли сув омборлари тўғонларида ва гидроэлектростанцияларда инструментал-техник текширувлар бир йилда икки марта ўтказилади.

👉 Сув омборлари тўғонларининг инструментал-техник текширувлари сейсмик фаол ҳудудларда содир бўлган ҳар бир кучли зилзиладан кейин мажбурий тартибда ўтказилади.

➡️ Қонунга кўра, кучли зилзилалар натижасида етказилган зарарни баҳолашга доир ишлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

▫️Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
УЧТА ФАРЗАНДИМ КОНТРАКТ АСОСИДА ЎҚИЙДИ, БИРОН БИР ИМТИЁЗ БОРМИ?


Ассалом алейкум! 2 та фарзандим Олий таьлим муассасасида тулов контракт асосида тахсил олади. 3-фарзандим эса бу йил укишга кира олмади. Шу сабабли уни укитиш учун табакалаштирилган контракт яни супер контракт туламокчиман. Саволим шундан иборатки агар 3 та фарзандим контракт асосида тахсил олса 3-фарзандимнинг контракт суммасида кандайдир имтиёз буладими? Шунингдек биз бокувчимизни хам йукотганмиз

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги ПФ 6260-сонли “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 март кунидаги 132-сонли “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларининг, шунингдек, “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшларнинг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб бериш белгиланган.

💁‍♂️ Шуни ҳам айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 28-апрелдаги 250-сон қарорига 1-илова билан “Темир дафтар”ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланган.

Ушбу тартибнинг 4-бандига кўра қуйидаги оилалар:
• ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар;
• кам таъминланган якка-ёлғизлар ва кексалар;
• боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар;
• кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзандли моддий кўмакка муҳтож оилалар;
• меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилалар;
• тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалар (сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган ва ногиронлик гуруҳи белгиланмаган аъзолари мавжуд етарли даромад манбаига эга бўлмаган оилалар);
• нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзи ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой бўлмаган эҳтиёжманд оилалар “Темир дафтар”га киритилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, сизнинг оилангиз “Темир дафтар”га ёки фарзандларингиз “Ёшлар дафтари”га киритилса юқоридаги имтиёздан фойдаланишингиз мумкин.
Савол: Мени икки нафар жияним “Ёшлар дафтари”га киритилган. Бу йил иккиси ҳам талаба бўлди. Айтингчи “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга давлат томонидан контракт суммасини тўлашда қандай ёрдам берилади?


Жавоб: ““Ёшлар дафтари”ни юритиш орқали ёшларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича” ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБНИНГ 35-бандига асосан, “Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандларининг, шунингдек, “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшларнинг мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларини тўлаб бериш «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда амалга оширилади.

Демак, ёшлар дафтарида турса, контракт суммасининг 50 фоизини давлат тўлаб беради.
ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА ХОДИМЛАРДАН СЎРАМАСДАН УЛАРНИ ВАҚТИНЧА БОШҚА ИШГА ЎТКАЗСАМ БЎЛАДИ?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум, ҳурматли юристкадр. Мен МЧЖ раҳбариман, хозир 4 та ишчимизда иш қолмади, бўш қолиб кетяпти. Уларни бошқа ўзларини ишига ўхшаган ишга ўтказмоқчиман, лекин улар рози бўлмаяпти, юристимиз ҳам шундай деяпти, ўзлари рози бўлмаса бошқа иш бериш мумкинмас деяпти. Лекин, ҳозир уларда иш йўқку, иш ҳақи нима бўлади десам, барибир шундай бўлса ҳам тўлаб бериш керак деяпти. Шу тўғрими, қандай маслаҳат берасиз?

ЖАВОБ.

Меҳнат кодексининг 95-моддасида ходимнинг розилигисиз, иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида алоҳида қоидалар бор.

МК 95-моддага асосан:

ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади;

бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас;

ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.

Фикримча, сиздаги вазият ана шу қоидаларга тўғри келади, яъни ходимлар вақтинча бекор туриб қолганда, уларни вақтинча бошқа ишга ўтказиб туриш мумкин ва бундай ҳолларда бу ходимларнинг розилигини олиш шарт бўлмайди.

Фақат бунда, вақтинча бошқа ишга ўтказиладиган ходимларга янги иш уларнинг соғлиғига зарар қилмаслиги керак (аввалги иши билан ўхшаш бўлиши нормал ҳолат) ва иш ҳақи бажарган ишига қараб, бироқ аввалги доимий ишидаги иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.

Бундай вазиятларда МК 96-модданинг 3-қисмига мувофиқ, ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида иш берувчининг буйруғи расмийлаштирилиши лозим.
#Сайлов_2021

Доимий яшаш ҳудудидан олисда ўқиётган талабалар эндиликда сайловларда овоз бериш учун ўз сайлов участкаларини ўзгартириш имкониятига эга (яъни, улар сайловда қатнашиш учун доимий яшаш жойидаги сайлов участкасига бориши шарт эмас).

🔄 Бунинг учун талабалар:

Saylov.uz сайтининг “Хизматлар” рукни орқали шахсий маълумотларини киритиб, ўз сайлов участкасини аниқлайди.

● Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали вақтинча яшаб турган манзилда жойлашган сайлов участкасида овоз бериш мақсадида участкани ўзгартириш учун мурожаат йўллайди.

☑️ Мурожаат 1 иш кунида кўриб чиқилиб, тасдиқланган тақдирда талаба ўзига яқин сайлов участкасида овоз бериши мумкин бўлади.
#Биласизми

📝 Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи номига ариза маҳаллага берилади.

☑️ Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ариза берувчи оила аъзоларининг паспорти нусхалари ёки ID-карталари;

чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхаси;

болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қарори нусхаси;

оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот;

ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан “Ягона реестр” АТга тақдим этиш тўғрисида ариза.
Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига бориб ишлаган малакали мутахассиссларга тўланадиган ёрдам пули юзасидан тушунтириш.

❗️Бюджет ташкилотларига

Ҳудудларга бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (13 500 000 cўм) миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 000 сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади

❗️Тиббиёт ходимларига

Бирқанча шартлар бор
1. Олий таълимни охирги 3 йилда битирган бўлиши лозим.
2. Бошқа ҳудудда яшовчи тиббиёт ходими олис ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинганда.
3. Камида 3 йил ишлаб бериши лозим. Ва мазкур шартларга жавоб берадиган тиббиёт ходимларига 30 млн.сўм миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули тўланади. уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилиши ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

❗️Ўқитувчилар учун

Ўқитувчилар учун икки хил шакилда тўланади. Олис худудлар учун алоҳида, таълим сифати паст мактабларлар учун алоҳида:

1. Бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоизи миқдорда

бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан, вилоятдан, келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида махсус устамалар жорий қилинади.

2. 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим сифати паст мактабларларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларга базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорида махсус устамалар жорий қилинади (бу ерда олис худудлар назарда тутилмаган)

❗️Энг асосийси, бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсациясини солиқ тўловчининг жами даромадига киритилмайди ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланмайди бу дегани даромад солиғи тўламайсиз.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–714-сон, 14.09.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Киритилган кўшимчаларга кўра, айрим ҳудудларда солиқ солишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи солиқ режими киритилди.

🔰 Алоҳида ҳудудлар қуйидагилардан иборат:
● Фарғона вилоятининг Сўх тумани;
● Риштон туманининг Чўнғара маҳалласи;
● Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари ва Ҳосилот маҳалласининг Тоштепа – 2 кўчаси.

🔰 Айрим ҳудудларда солиқ ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

● фойда ва даромад солиғи бўйича – 1 фоиз;
● тадбиркорлар учун ҳар чоракда 25 минг сўм;
● ижтимоий солиқ бўйича:
● юридик шахслар учун – 1 фоиз;
● якка тартибдаги тадбиркорлар учун – йилига БҲМнинг камида 1 баравари;
● айланмадан олинадиган солиқ бўйича – 1 фоиз (2021 йил 1 январдан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади).

🖥 Давлат органлари солиқ солиш объектларига оид маълумотларни солиқ органларига реал вақт режимида электрон шаклда тақдим этади.

▫️Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрдаги "Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига биноан жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилди.

Ушбу қоиданинг мазмунига кўра ендиликда фуқаролар чет эл валютасида (мисол учун АҚШ доллари) қарз бериши ёки олиши мумкин. Бироқ бунинг асосий шарти енди ушбу қарз шартномаси НОТАРИАЛ тартибда тасдиқлаш саналади.

Тўғри, сиз шу пайтгача ҳам долларда қарз олиш ва бериш амалиёти бор эдику дейишингиз мумкин. Бу фикрга мен ҳам қўшиламан.
Лекин эндиликда бу муносабат қонуний эканлигини нотариал тасдиқлаш талаби жорий этилмоқда.

Агарда сиз долларда қарз берсангиз-у уни нотариал тасдиқламасангиз, унда бу шартнома ҳақиқий ҳисобмайди. Чунки Фуқаролик кодекси 116-моддасига кўра қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Шундай экан бугундан бошлаб чет эл валютасида қарз бермоқчи ёки олмоқчи бўлсангиз уни нотариал тасдиқлаш эсингиздан чиқмасин.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммаси қоплаб берилади

“Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5243-сон, 14.09.2021 й.) қабул қилинди.

☑️ Қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябргача махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача муддатларда тўлиқ қўлланилади.

➡️ Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда ҚҚС ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммаси 7 кун ичида қоплаб берилади.

Бунда, камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қопланган ҚҚС суммаси асоссизлиги аниқланган тақдирда, мазкур сумма белгиланган тартибда ундирилади.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Айрим ходимларга уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсациясидан даромад солиғи ундирилмайди

🔰 Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартишга кўра, қуйидагиларга тўланадиган бошланғич ёрдам пулидан ҳамда уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсациясидан даромад солиғи ундирилмайди (2021 йил 1 июндан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади):

олис, бориш қийин ҳудудлардаги бюджет бакалавриат ёки магистратурани тамомлагандан 3 йилда ишга қабул қилинган ходимларга;

олис ва бориш қийин ҳудудлардаги шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларга, таълим муассасаларига ишга кирган, бошқа ҳудудларда яшайдиган олий маълумотли шифокорларга ва мутахассисларга.

🚫 Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан белгиланган дастурларда қатнашиб олинган бонуслар, пул мукофотлари тарзидаги пул тўловларидан ҳам солиқ ундирилмайди.

☑️ Фуқаролар меҳнат стажи ҳисобланиши мақсадида ишламайдиган эри (хотини) учун йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ихтиёрий тартибда солиқ тўлаши мумкин (2021 йил 1 январдан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади).

➡️ Лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун солиқ туман Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,3 коэффициентда қўлланилади.

🚙 Электромобилларни сотиб олувчилар ёки уларни Ўзбекистонга вақтинча олиб кирадиганлар йиғимдан озод қилинади (2021 йил 1 мартдан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади).
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

⚡️ ЯТТлар даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади

Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, 2022 йил 1 январгача даврда 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра солиқ қарзини мажбурий равишда ундириш, шунингдек қуйидагилар бўйича пеня ҳисоблаш чоралари кўрилмайди:

🔸 туризм, транспорт ва умумий овқатланиш билан банд тадбиркорларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича;

🔸 2020 йилда ҳисобланган ва қийинчиликлар билан юридик шахслар томонидан тўланмаган уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи бўйича;

🔸 2020 йил 15 майдаги ҳолатга кўра қарздорлиги мавжуд бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқлар, пенялар ва солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича.

2021 йил 31 декабргача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари:

▪️ фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
▪️ ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
▪️ юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

🔰 Қуйидагилар мол-мулк, ер, айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан, ЯТТлар учун даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади:

👉 Президент қарорида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳари ва тумани учун “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган фаолият турларини амалга ошираётган янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январгача;

👉 Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган, янгидан ташкил этилган саноат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январгача. Солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси фойда солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;

👉 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан аниқланган рўйхат бўйича Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулларда жойлашган, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2026 йил 1 январгача. Тадбиркорлик субъектларининг мазкур тоифаси фойда солиғидан ҳам озод қилинади.
Savol: Assalomu alaykum oilada ikki kishi kantrakt asosida institutga qabul qilingan talabalar yotoqxonasidan joy olishimiz mumkinmi
Javob: Talabalarni yotoqxonaga joylashtirish boʻyicha asosiy mezonlar quyidagilar:

Kam ta’minlangan oila farzandlari;

Boquvchisini yoʻqotgan koʻp bolali oila a’zosi;

I va II guruh nogironligi boʻlgan talaba;

Toʻliq davlat ta’minotida boʻlganlar (chin yetim);

Oilasida 2 va undan ortiq toʻlov-kontrakt asosida ta’lim oluvchi talaba;

“Temir daftar”ga tushgan oila farzandi;

Ota-onasining doimiy ish joyi mavjud boʻlmagan talaba;

Oilasida I va II guruh nogironligi yoki surunkali kasallik bilan davolanadiganlar boʻlgan talaba.
Sizni oilangizda ikki kishi to`lov kontrakt asosida Oliy ta'lim muassasasida o`qigani uchun sizlarga talabalar turar joyidan joy beriladi.
МЕҲНАТ ДАФТАРЧАМНИ МЕНДАН СЎРАМАСДАН ПОЧТА ОРҚАЛИ ЮБОРИШИБДИ.

САВОЛ.
Ассалому-алайкум, ҳурматли юристкадр. Мен давлат ташкилотида ишлаб келганман, мен билан мехнат шартнома бекор бўлган орадан бир канча вақт ўтиб мехнат дафтарчамни олгани борсам мехнат дафтарчами почта оркали яшаш манзилингизга жўнатганмиз деб жўнатганлик хакида квитанция кўрсатмоқда. Мен шу кунгача яшаш манзилимга менга жўнатилган мехнат дафтарчами ололмаяпман мехнат дафтарчами . Шу тўғрими, қандай маслаҳат берасиз?

ЖАВОБ.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларни юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.3-бандига мувофиқ:

“меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади (бошқа хатлар ҳисоботга олинмайди ва Йўриқноманинг 3.1. банди асосида иш кўрилади);

ходимнинг меҳнат дафтарчасини яшаш жойига почта орқали жўнатиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилади” дейилган.

Шунга кўра, иш берувчи сизнинг меҳнат дафтарчангизни фақатгина сизнинг розилигингиз билангина почта орқали юбориши мумкин эди. Бироқ, бу вазиятда, улар бу тартибни бузишган.

Йўриқноманинг 5.2-банди талабларига асосан:

ишдан бўшаган ходимлар меҳнат дафтарчаларини ўз вақтида олмаган тақдирда, улар ишлаётган ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидан алоҳида қилиниб, корхона ходимлар бўлимида икки йил давомида сақланади;

ушбу муддат давомида ҳам йўқлаб келинмаган ва олинмаган меҳнат дафтарчалари иш берувчи архивида 50 йил сақланади ва ушбу муддатдан сўнг белгиланган тартибда йўқотилиб юборилиши мумкин.

Шунга кўра, аслида иш берувчи корхона меҳнат дафтарчасини ўзида сақлаб туриши керак эди, 2 йил ходимлар бўлимида ва агар шу муддат ичида ҳам эгаси йўқлаб келмаса, 50 йил архивда.

Бироқ, кўриб турибмизки, корхона масъуллари бу талабга риоя қилишмаган.

Бу масалада, тегишли меҳнат инспекцияларига ёки прокуратура органларига шикоят киритишингиз мумкин ё бўлмасам иш берувчи билан ўзаро келишиб, йўқолган дафтарча ўрнига дубликатини қилдириш керак.
ҒАЛАТИ САВОЛ: ДЎСТИМ ИТИМНИ ЎЛДИРИБ ҚЎЙДИ. У ЖАЗОГА ТОРТИЛАДИМИ?



Assalomu alaykum mening doʻstim itimni oʻldirib qoʻydi. U jazoga tortiladimi. Iltmos javob bering. U qadrli itim edi

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

111-модда. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

🤦‍♂️ Дўстим дейсизу, ит учун дўстингизни жазога тортилишини хоҳлайсизми. Дўстнинг қадри итнинг қадридан пасайиб кетган замонларга ҳам етиб келдикми?
​​МУЛЬТИРАДАР ЎРНАТИЛГАН МАШИНА РАДАР БЕЛГИСИ ЙЎҚ ЖОЙДА ЖАРИМА ҚИЛИШИ МУМКИН ЭМАС

❗️Мультирадар ўрнатилган автомашина радар белгиси қўйилмаган ва белги таъсиридан ташқарида ҳаракатланаётган ёки турган бўлса, жаримага тортиш учун ишлатилиши мумкин эмас.

‼️ Чунки "Йўл ҳаракати қоидалари"даги "Ахборот-кўрсатгич белгилари" бобининг 5.43. бандида «Радар» "Йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси. Ушбу йўл белгиси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт. Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади", деб белгиланган.

Мультирадар ҳам функциясига кўра, автомобилнинг белгиланган тезликка риоя этишини назорат ва қайд қилиш билан шуғулланади. Шу боис, радар функциясини бажаради ва 5.43. банддаги «Радар» белгиси ўрнатилган ҳудуд доирасида ишлатилиши керак.

❗️Барча таниш ҳайдовчиларга юборинг. Билиб қўйишсин
ПСИХОЛОГ ЛАВОЗИМИДА ИШЛАЙДИГАН ХОДИМ СИНФ РАҲБАРЛИК ҲАМ ҚИЛИШИ МУМКИНМИ?



Assalomu alaykum " Yurist Xizmati" kanali xodimlari! Men Ohangaron tumanidanman. Savolim quyidagicha: 15 soat boshlanģich sinf darsi va sinf rahbarligi bilan 0.5 stavka psixolog lavozimida ishlay olamanmi? 1992 yili Angren ped.bilim yurtini, 2001-2005- yilda TVDPI pedagogika psixologiya fakultetini tamomlaganman. 2020-yili Boshlanģich ta'lim yònalishi bòyicha qayta tayyorlovdan òtdim. 1992- yildan 2019-yilgacha boshlanģich sinf òqituvchisi, 2019-yildan shu kungacha maktab amaliyotchi psixologi lavozimida ishlayapman

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Агар 0.5 ставка психолог лавозимингиз асосий бўлса, унда сиз 10 соат дарс беришингиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 14-бандида халқ таълими муассасасининг раҳбар ходими томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига йўл қўйилади дейилган. Фақат бу ерда 0.5 ставкада ишлайдиган раҳбар ходимлар назарда тутилмаган. Шунинг учун ҳам 14-бандда қайд этилган “асосий лавозим” деган жумлага эътибор бериш лозим.

👨‍⚖ Янада тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, 0.5 ставкада ишлаётган раҳбар ходимларнинг асосий иши ўқитувчилик бўлиб, раҳбарлик қилиш уларга қўшимча иш сифатида юклатилади. Тўлиқ бир ставка ишлаётган раҳбар ходимлар учун эса аксинча, дарс ўтиш қўшимча иш ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади.

❗️Таълим муассасалари раҳбарларининг эса ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши билан шуғилланишларига йўл қўйилади.

Яъни, тўлиқ бир ставкада ишлаётган директор ўринбосари (шу жумладан психолог) фақат 10 соатгача дарс олиши мумкин, агар ўша ходимга 0.5 ставка ўринбосарлик қўшимча вазифа сифатида юклатилган бўлса, унда 20 соатгача дарс олиши мумкин бўлади. Ана ўша ҳолатда ходим жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши билан шуғилланаётган ҳисобланади.

➡️ Синф раҳбарлик ҳақидаги саволингизга келсак, Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 30 июлдаги 180-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг синф раҳбарлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги низомга мувофиқ бир ўқитувчига фақатгина битта синф раҳбарлиги топширилади.

Шунингдек, директор ўринбосари, психолог, ёшлар етакчиси синф раҳбари бўлиши мумкин эмас.

Шундай экан, сиз синф раҳбарлик қила олмайсиз деб ҳисоблаймиз.
ПРАВАСИ ЙЎҚ ШАХС МАСТ ҲОЛДА МАШИНА БОШҚАРСА ҚАНЧА ЖАРИМА ЧИҚАДИ?



Mashina mani nomimda lekin prava yoq mast xolda xaydasa jarima qancha va imtiyozla bormi?

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Бу ҳолатда сизга бирон турдаги имтиёз мавжуд эмас.

💁‍♂️ Энди жавобга ўтсак, траспорт воситаси сизнинг номингизда эканлиги бу вазиятда ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди. Чунки автотранспорт воситаси бошқариш ҳуқуқи фақат уни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлган шахсларга берилади.

Шуни айтиш керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси биринчи қисмига кўра ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

❗️Энди қаранг! Ушбу модданинг иккинчи қисмига биноан худди шундай ҳуқуқбузарлик (яъни маст ҳолатда бошқариш) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

☝️Сиз бу вазиятда суддан фақат енгиллик беришни сўрашингиз мумкин холос. Қўшимча маълумот сифатида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб БҲМ 270 минг сўмни ташкил этишини маълум қиламиз.