Бепул юридик ёрдам ва маслахат/Бесплатная юридическая консультация
119 subscribers
84 photos
8 videos
11 files
87 links
Новости по правам человека и остальные новости по юриспруденции. Бесплатная юридическая консультация и помощь.


Если есть вопросы обращайтесь:
Саволлингиз бўлса:
@Sardorbek_konsultatsiya_bot
Download Telegram
#Биласизми

📝 Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи номига ариза маҳаллага берилади.

☑️ Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ариза берувчи оила аъзоларининг паспорти нусхалари ёки ID-карталари;

чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхаси;

болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қарори нусхаси;

оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот;

ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан “Ягона реестр” АТга тақдим этиш тўғрисида ариза.
Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига бориб ишлаган малакали мутахассиссларга тўланадиган ёрдам пули юзасидан тушунтириш.

❗️Бюджет ташкилотларига

Ҳудудларга бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (13 500 000 cўм) миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 000 сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади

❗️Тиббиёт ходимларига

Бирқанча шартлар бор
1. Олий таълимни охирги 3 йилда битирган бўлиши лозим.
2. Бошқа ҳудудда яшовчи тиббиёт ходими олис ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинганда.
3. Камида 3 йил ишлаб бериши лозим. Ва мазкур шартларга жавоб берадиган тиббиёт ходимларига 30 млн.сўм миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули тўланади. уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилиши ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

❗️Ўқитувчилар учун

Ўқитувчилар учун икки хил шакилда тўланади. Олис худудлар учун алоҳида, таълим сифати паст мактабларлар учун алоҳида:

1. Бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоизи миқдорда

бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан, вилоятдан, келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида махсус устамалар жорий қилинади.

2. 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим сифати паст мактабларларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларга базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорида махсус устамалар жорий қилинади (бу ерда олис худудлар назарда тутилмаган)

❗️Энг асосийси, бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсациясини солиқ тўловчининг жами даромадига киритилмайди ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланмайди бу дегани даромад солиғи тўламайсиз.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–714-сон, 14.09.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Киритилган кўшимчаларга кўра, айрим ҳудудларда солиқ солишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи солиқ режими киритилди.

🔰 Алоҳида ҳудудлар қуйидагилардан иборат:
● Фарғона вилоятининг Сўх тумани;
● Риштон туманининг Чўнғара маҳалласи;
● Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари ва Ҳосилот маҳалласининг Тоштепа – 2 кўчаси.

🔰 Айрим ҳудудларда солиқ ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

● фойда ва даромад солиғи бўйича – 1 фоиз;
● тадбиркорлар учун ҳар чоракда 25 минг сўм;
● ижтимоий солиқ бўйича:
● юридик шахслар учун – 1 фоиз;
● якка тартибдаги тадбиркорлар учун – йилига БҲМнинг камида 1 баравари;
● айланмадан олинадиган солиқ бўйича – 1 фоиз (2021 йил 1 январдан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади).

🖥 Давлат органлари солиқ солиш объектларига оид маълумотларни солиқ органларига реал вақт режимида электрон шаклда тақдим этади.

▫️Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрдаги "Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига биноан жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилди.

Ушбу қоиданинг мазмунига кўра ендиликда фуқаролар чет эл валютасида (мисол учун АҚШ доллари) қарз бериши ёки олиши мумкин. Бироқ бунинг асосий шарти енди ушбу қарз шартномаси НОТАРИАЛ тартибда тасдиқлаш саналади.

Тўғри, сиз шу пайтгача ҳам долларда қарз олиш ва бериш амалиёти бор эдику дейишингиз мумкин. Бу фикрга мен ҳам қўшиламан.
Лекин эндиликда бу муносабат қонуний эканлигини нотариал тасдиқлаш талаби жорий этилмоқда.

Агарда сиз долларда қарз берсангиз-у уни нотариал тасдиқламасангиз, унда бу шартнома ҳақиқий ҳисобмайди. Чунки Фуқаролик кодекси 116-моддасига кўра қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Шундай экан бугундан бошлаб чет эл валютасида қарз бермоқчи ёки олмоқчи бўлсангиз уни нотариал тасдиқлаш эсингиздан чиқмасин.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммаси қоплаб берилади

“Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5243-сон, 14.09.2021 й.) қабул қилинди.

☑️ Қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябргача махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача муддатларда тўлиқ қўлланилади.

➡️ Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда ҚҚС ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммаси 7 кун ичида қоплаб берилади.

Бунда, камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қопланган ҚҚС суммаси асоссизлиги аниқланган тақдирда, мазкур сумма белгиланган тартибда ундирилади.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Айрим ходимларга уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсациясидан даромад солиғи ундирилмайди

🔰 Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартишга кўра, қуйидагиларга тўланадиган бошланғич ёрдам пулидан ҳамда уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсациясидан даромад солиғи ундирилмайди (2021 йил 1 июндан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади):

олис, бориш қийин ҳудудлардаги бюджет бакалавриат ёки магистратурани тамомлагандан 3 йилда ишга қабул қилинган ходимларга;

олис ва бориш қийин ҳудудлардаги шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларга, таълим муассасаларига ишга кирган, бошқа ҳудудларда яшайдиган олий маълумотли шифокорларга ва мутахассисларга.

🚫 Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан белгиланган дастурларда қатнашиб олинган бонуслар, пул мукофотлари тарзидаги пул тўловларидан ҳам солиқ ундирилмайди.

☑️ Фуқаролар меҳнат стажи ҳисобланиши мақсадида ишламайдиган эри (хотини) учун йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ихтиёрий тартибда солиқ тўлаши мумкин (2021 йил 1 январдан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади).

➡️ Лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун солиқ туман Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,3 коэффициентда қўлланилади.

🚙 Электромобилларни сотиб олувчилар ёки уларни Ўзбекистонга вақтинча олиб кирадиганлар йиғимдан озод қилинади (2021 йил 1 мартдан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам қўлланилади).
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

⚡️ ЯТТлар даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади

Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, 2022 йил 1 январгача даврда 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра солиқ қарзини мажбурий равишда ундириш, шунингдек қуйидагилар бўйича пеня ҳисоблаш чоралари кўрилмайди:

🔸 туризм, транспорт ва умумий овқатланиш билан банд тадбиркорларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича;

🔸 2020 йилда ҳисобланган ва қийинчиликлар билан юридик шахслар томонидан тўланмаган уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи бўйича;

🔸 2020 йил 15 майдаги ҳолатга кўра қарздорлиги мавжуд бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқлар, пенялар ва солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича.

2021 йил 31 декабргача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари:

▪️ фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
▪️ ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
▪️ юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.

🔰 Қуйидагилар мол-мулк, ер, айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан, ЯТТлар учун даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади:

👉 Президент қарорида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳари ва тумани учун “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган фаолият турларини амалга ошираётган янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январгача;

👉 Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган, янгидан ташкил этилган саноат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январгача. Солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси фойда солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;

👉 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан аниқланган рўйхат бўйича Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулларда жойлашган, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2026 йил 1 январгача. Тадбиркорлик субъектларининг мазкур тоифаси фойда солиғидан ҳам озод қилинади.
Savol: Assalomu alaykum oilada ikki kishi kantrakt asosida institutga qabul qilingan talabalar yotoqxonasidan joy olishimiz mumkinmi
Javob: Talabalarni yotoqxonaga joylashtirish boʻyicha asosiy mezonlar quyidagilar:

Kam ta’minlangan oila farzandlari;

Boquvchisini yoʻqotgan koʻp bolali oila a’zosi;

I va II guruh nogironligi boʻlgan talaba;

Toʻliq davlat ta’minotida boʻlganlar (chin yetim);

Oilasida 2 va undan ortiq toʻlov-kontrakt asosida ta’lim oluvchi talaba;

“Temir daftar”ga tushgan oila farzandi;

Ota-onasining doimiy ish joyi mavjud boʻlmagan talaba;

Oilasida I va II guruh nogironligi yoki surunkali kasallik bilan davolanadiganlar boʻlgan talaba.
Sizni oilangizda ikki kishi to`lov kontrakt asosida Oliy ta'lim muassasasida o`qigani uchun sizlarga talabalar turar joyidan joy beriladi.
МЕҲНАТ ДАФТАРЧАМНИ МЕНДАН СЎРАМАСДАН ПОЧТА ОРҚАЛИ ЮБОРИШИБДИ.

САВОЛ.
Ассалому-алайкум, ҳурматли юристкадр. Мен давлат ташкилотида ишлаб келганман, мен билан мехнат шартнома бекор бўлган орадан бир канча вақт ўтиб мехнат дафтарчамни олгани борсам мехнат дафтарчами почта оркали яшаш манзилингизга жўнатганмиз деб жўнатганлик хакида квитанция кўрсатмоқда. Мен шу кунгача яшаш манзилимга менга жўнатилган мехнат дафтарчами ололмаяпман мехнат дафтарчами . Шу тўғрими, қандай маслаҳат берасиз?

ЖАВОБ.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларни юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 3.3-бандига мувофиқ:

“меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади (бошқа хатлар ҳисоботга олинмайди ва Йўриқноманинг 3.1. банди асосида иш кўрилади);

ходимнинг меҳнат дафтарчасини яшаш жойига почта орқали жўнатиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилади” дейилган.

Шунга кўра, иш берувчи сизнинг меҳнат дафтарчангизни фақатгина сизнинг розилигингиз билангина почта орқали юбориши мумкин эди. Бироқ, бу вазиятда, улар бу тартибни бузишган.

Йўриқноманинг 5.2-банди талабларига асосан:

ишдан бўшаган ходимлар меҳнат дафтарчаларини ўз вақтида олмаган тақдирда, улар ишлаётган ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидан алоҳида қилиниб, корхона ходимлар бўлимида икки йил давомида сақланади;

ушбу муддат давомида ҳам йўқлаб келинмаган ва олинмаган меҳнат дафтарчалари иш берувчи архивида 50 йил сақланади ва ушбу муддатдан сўнг белгиланган тартибда йўқотилиб юборилиши мумкин.

Шунга кўра, аслида иш берувчи корхона меҳнат дафтарчасини ўзида сақлаб туриши керак эди, 2 йил ходимлар бўлимида ва агар шу муддат ичида ҳам эгаси йўқлаб келмаса, 50 йил архивда.

Бироқ, кўриб турибмизки, корхона масъуллари бу талабга риоя қилишмаган.

Бу масалада, тегишли меҳнат инспекцияларига ёки прокуратура органларига шикоят киритишингиз мумкин ё бўлмасам иш берувчи билан ўзаро келишиб, йўқолган дафтарча ўрнига дубликатини қилдириш керак.
ҒАЛАТИ САВОЛ: ДЎСТИМ ИТИМНИ ЎЛДИРИБ ҚЎЙДИ. У ЖАЗОГА ТОРТИЛАДИМИ?



Assalomu alaykum mening doʻstim itimni oʻldirib qoʻydi. U jazoga tortiladimi. Iltmos javob bering. U qadrli itim edi

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

111-модда. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

🤦‍♂️ Дўстим дейсизу, ит учун дўстингизни жазога тортилишини хоҳлайсизми. Дўстнинг қадри итнинг қадридан пасайиб кетган замонларга ҳам етиб келдикми?
​​МУЛЬТИРАДАР ЎРНАТИЛГАН МАШИНА РАДАР БЕЛГИСИ ЙЎҚ ЖОЙДА ЖАРИМА ҚИЛИШИ МУМКИН ЭМАС

❗️Мультирадар ўрнатилган автомашина радар белгиси қўйилмаган ва белги таъсиридан ташқарида ҳаракатланаётган ёки турган бўлса, жаримага тортиш учун ишлатилиши мумкин эмас.

‼️ Чунки "Йўл ҳаракати қоидалари"даги "Ахборот-кўрсатгич белгилари" бобининг 5.43. бандида «Радар» "Йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси. Ушбу йўл белгиси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт. Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади", деб белгиланган.

Мультирадар ҳам функциясига кўра, автомобилнинг белгиланган тезликка риоя этишини назорат ва қайд қилиш билан шуғулланади. Шу боис, радар функциясини бажаради ва 5.43. банддаги «Радар» белгиси ўрнатилган ҳудуд доирасида ишлатилиши керак.

❗️Барча таниш ҳайдовчиларга юборинг. Билиб қўйишсин
ПСИХОЛОГ ЛАВОЗИМИДА ИШЛАЙДИГАН ХОДИМ СИНФ РАҲБАРЛИК ҲАМ ҚИЛИШИ МУМКИНМИ?



Assalomu alaykum " Yurist Xizmati" kanali xodimlari! Men Ohangaron tumanidanman. Savolim quyidagicha: 15 soat boshlanģich sinf darsi va sinf rahbarligi bilan 0.5 stavka psixolog lavozimida ishlay olamanmi? 1992 yili Angren ped.bilim yurtini, 2001-2005- yilda TVDPI pedagogika psixologiya fakultetini tamomlaganman. 2020-yili Boshlanģich ta'lim yònalishi bòyicha qayta tayyorlovdan òtdim. 1992- yildan 2019-yilgacha boshlanģich sinf òqituvchisi, 2019-yildan shu kungacha maktab amaliyotchi psixologi lavozimida ishlayapman

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Агар 0.5 ставка психолог лавозимингиз асосий бўлса, унда сиз 10 соат дарс беришингиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 14-бандида халқ таълими муассасасининг раҳбар ходими томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига йўл қўйилади дейилган. Фақат бу ерда 0.5 ставкада ишлайдиган раҳбар ходимлар назарда тутилмаган. Шунинг учун ҳам 14-бандда қайд этилган “асосий лавозим” деган жумлага эътибор бериш лозим.

👨‍⚖ Янада тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, 0.5 ставкада ишлаётган раҳбар ходимларнинг асосий иши ўқитувчилик бўлиб, раҳбарлик қилиш уларга қўшимча иш сифатида юклатилади. Тўлиқ бир ставка ишлаётган раҳбар ходимлар учун эса аксинча, дарс ўтиш қўшимча иш ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади.

❗️Таълим муассасалари раҳбарларининг эса ўқитувчи лавозими бўйича йиллик иш режасида (иш вақти нормаси билан) назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши билан шуғилланишларига йўл қўйилади.

Яъни, тўлиқ бир ставкада ишлаётган директор ўринбосари (шу жумладан психолог) фақат 10 соатгача дарс олиши мумкин, агар ўша ходимга 0.5 ставка ўринбосарлик қўшимча вазифа сифатида юклатилган бўлса, унда 20 соатгача дарс олиши мумкин бўлади. Ана ўша ҳолатда ходим жами иш вақтининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ўқитувчилик иши билан шуғилланаётган ҳисобланади.

➡️ Синф раҳбарлик ҳақидаги саволингизга келсак, Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 30 июлдаги 180-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг синф раҳбарлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги низомга мувофиқ бир ўқитувчига фақатгина битта синф раҳбарлиги топширилади.

Шунингдек, директор ўринбосари, психолог, ёшлар етакчиси синф раҳбари бўлиши мумкин эмас.

Шундай экан, сиз синф раҳбарлик қила олмайсиз деб ҳисоблаймиз.
ПРАВАСИ ЙЎҚ ШАХС МАСТ ҲОЛДА МАШИНА БОШҚАРСА ҚАНЧА ЖАРИМА ЧИҚАДИ?



Mashina mani nomimda lekin prava yoq mast xolda xaydasa jarima qancha va imtiyozla bormi?

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Бу ҳолатда сизга бирон турдаги имтиёз мавжуд эмас.

💁‍♂️ Энди жавобга ўтсак, траспорт воситаси сизнинг номингизда эканлиги бу вазиятда ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди. Чунки автотранспорт воситаси бошқариш ҳуқуқи фақат уни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлган шахсларга берилади.

Шуни айтиш керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси биринчи қисмига кўра ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

❗️Энди қаранг! Ушбу модданинг иккинчи қисмига биноан худди шундай ҳуқуқбузарлик (яъни маст ҳолатда бошқариш) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

☝️Сиз бу вазиятда суддан фақат енгиллик беришни сўрашингиз мумкин холос. Қўшимча маълумот сифатида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб БҲМ 270 минг сўмни ташкил этишини маълум қиламиз.
#prezident_saylovi

БИЗНИНГ САЙЛОВГА ОИД ҚОНУНЛАРИМИЗДА ДЕБАТЛАР ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум, Саидали ака. Сайлов мавзусида сволим бор. Бизни қонунларимизда сайловда қатнашадиган номзодларнинг дебатлар ўтказиши белгиланганми, агар белгиланган бўлса, бу мажбурийми? Оддий фуқаро сифатида шу саволга қизиқяпман, иложи бўлса аниқлик киритиб берсангиз, олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ.

Бизнинг Сайлов кодексимиз ҳам мазмунан демократияси ривожланган давлатларники каби яхши кўринишда. Жумладан, унда сайловда қатнашадиган номзодларнинг дебат ўтказишига оид қоидалар ҳам мавжуд.

▪️Қаранг, Сайлов кодексининг 45-моддаси иккинчи қисмига кўра:

ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Демак, номзодлар ўзаро очиқ мунозаралар ва бахслар ўтказиб, ўз дастурларини омма эътиборига янада жонлироқ намойиш этиб, кўпроқ сайловчиларнинг эътиборини қозониш имконига эгалар. Бу ташвиқот усулини биз албатта, дебат сифатида қабул қиламиз.

Сайлов кодекси 45-моддасидаги юқоридаги норма охиридаги “мумкин” деган жумлани ҳисобга олиб, дебатлар ўтказиш номзодларнинг ҳохиш-истакларига ва Марказий сайлов комиссиясининг ташкилий тадбирларига боғлиқ десак тўғри бўлади.
ЕР СОЛИҒИ КЎП УНДИРИЛМОҚДА! НИМА ҚИЛСАК БЎЛАДИ?


Бахмал тумани Нурафшон МФЙ КАРАШЛИ ер солиги буйича Жиззах вилоятига ер солиги 22000сум булиб келган лекин Нурафшон МФЙда 46000сумдан деб Солик ундирилмокда шу конунга муофикми? Солик йигивчилар кулида карори йук

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Солиқ кодексининг 435-моддасига биноан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг маълумотлари бўйича ер участкаларининг майдони солиқ базасидир. Соддароқ айтганда ер солиғи солиқ тўловчининг мулкида бўлган ер участкасининг ҳажмидан келиб чиқади.

☝️ Ушбу кодекс 437-моддасига биноан ер солиғининг ставкаси Республика ҳудудлари кесимида базавий солиқ ставкалари 1 кв. м учун мутлақ ўлчамда Жиззаҳ вилоятида 245 сўм миқдорда белгиланган.

Шуни айтиш керакки, ер солиғининг аниқ ставкаси туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида белгиланган солиқ ставкаларига Тошкент шаҳри учун эса — ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган базавий солиқ ставкаларига 0,7 дан 3,0 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида киритади.

Демак сиздаги вазиятда ер солиғининг аниқ миқдори Бахмал туман халқ депутатлари кенгашининг қарори асосида тасдиқланади.

💁‍♂️ Шунинг учун сизлар бу вазиятда биринчи навбатда туман ҳокимлигидан бу йил учун Бахмал туманида ер солиғи ставкаси қанча миқдорда эканлгини аниқ билиб олишни маслаҳат берамиз.

❗️Шундан сўнг агар солиқ ундиришда номувофиқлик бўлаётган бўлса, унда Давлат солиқ қўмитасининг қисқа рақамли ишонч телефони 1198 рақамига телефон қилган ҳолда уларнинг устидан шикоят қилишингиз лозим.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️ЯТТ томонидан солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти бекор қилинади

“Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6314-сон, 15.09.2021 й.) қабул қилинди.

🔰 Фармонга кўра, 2021 йил 1 октябрдан қуйидагилар бекор қилинади:

👉 қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган ЯТТ томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;

👉 алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ.

2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилган ҳолда БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

2021 йил 1 октябрдан тегишли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функциялари бекор қилинади.

🔰 2022 йил 1 январдан:

👉 назорат қилувчи органлар тадбиркорлар фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;
👉 Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлар фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлар розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этади;
👉 Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда юритилади;
👉 тадбиркорлар фаолиятида текширувлар қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилгандан сўнг амалга оширилади (солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасидаги текширувлар бундан мустасно).

🖥 2022 йил 1 апрелгача тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилади.

📊 2022 йилдан тадбиркорларга маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Фуқаролик судларида ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади

“Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–716-сон, 16.09.2021 й.) Президент томонидан имзоланди

🏢 Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти киритилди.

☑️ Даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 20 бараваридан, ЯТТга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, ишлар соддалаштирилган тартибида кўриб чиқилади.

➡️ Соддалаштирилган тартибида иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини тақдим этиши зарурлигини кўрсатади ва уни жавобгарга юборади.

Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

Соддалаштирилган тартибида иш ажрим чиқарилган кундан 20 кундан ошмаган муддатда якка тартибда кўриб чиқилади.

🚫 Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

📋 Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.

▫️Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
БОШҚА МАКТАБДА ИШЛАМОҚЧИ БЎЛГАНИМ УЧУН ДИРЕКТОР ДАРСИМНИ КАМАЙТИРИБ ҚЎЙДИ. ШУ ТЎҒРИМИ?


Men oliy ma‘lumotli fizika o‘qituvchisiman, men maktabda kadrlar bo‘yicha menijer bo‘lib ishlayman, unga qo‘shimcha fizika fanidan 4 soat dars berilgan edi. Oylik kamligi sababli boshqa joylardan ish izladim lekin topaolmadim. Shuni eshitgan maktab direktori 2 soat darsimni olib qo‘ydi. Va menga boshqa joydan ish izlashning oqibati shunday bo‘ladi deb ishlasang shu dedi. Men endi qayerga murojat qilishim mumkin. Direktorning yaqin o‘rtog‘i Tuman XTB mudiri bo‘lib ishlaydi. Menga berilgan 4 soat dars taqsimotini metod birlashma bayonnomasida ko‘rishingiz mumkin. Bu bayonnomani qayta ishlasa bo‘ladimi.

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

❗️Сиз бу вазиятда директорнинг ҳаракатлари устидан Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ёки вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Бу вазиятда директорингиз бир неча меҳнат ҳуқуқ нормаларини бузган.

1⃣ Биринчидан, Директор сизнинг конситуциявий ҳуқуқингизни бузган. Яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги келтирилган.

🤦‍♂️ Директорингиз эса сизнинг эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқингизни бузмоқда.

2⃣ Иккинчидан, юқоридаги кодекс 177-моддасида иш берувчининг бурчлари белгиланган. Улар орасида иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмаслиги ҳам белгиланган.

🤦‍♂️ Сиздаги вазиятда ҳам директор сизнинг бошқа мактабдан иш қидирганингиз учун дарсингиз олиб қўйиши бу сизни камситган ҳисобланади.

3⃣ Учунчидан, бу энг асосийси. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги низоми 5-бандига кўра ўриндошлик асосида ишлашга, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади. Саволда бошқа мактабда ишламоқчи эканингизни ёгансиз. Мазкур норма сизга бу ҳуқуқни бермоқда.

☝️Эътибор беринг! Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.

Бундан кўриниб турибдики, сиздаги вазиятда сиз директорнинг розилигисиз бошқа мактабда ишлашингиз мумкин.

Шунинг учун иш берувчи сизга меҳнат вазифангиздан бошқа ишни буюриши қонунан таъқиқланади.

❗️Бундай вазиятларда иш берувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-моддаси билан (яъни мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
ТУРИЗМ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ҚЎМИТАСИДАГИЛАР МЕНИНГ ИШИМНИ ТОРТИБ ОЛИШДИ.

САВОЛ.
Мен спорт бошқармасида ёрдамчи бухгалтер лавозимида ишлаганман. Тизимда 10 йилдан бери ишлайман. Туризмга қўшилганидан хабариз бор. Жуда кўп ноаниқликлар бўлди. Ходимларни жойлаштириш бўйича. Жабрини биз оддий ходимлар тортяпмиз. Бош бухгалтер лавозими қисқарди, аммо мени лавозимим янги тизимда хам турибди. Лекин мени эмас мени жойимга ўрта махсус, аммо дадаси юқори лавозимда ишлайдиган йигитни қўйишди. Мени мутаххасислигим тўғри кемайдиган бўлимга ўтқазиб қўйишди. Одам касбини севиб ишга келиши керакмасми. Мутаххасислигим буйича ўқиганман, 15 йиллик стажим бор, аммо умуман бошқа бўлимда иди приниси бўлиб юрибман. Ёлғиз онаман. Фарзандимни боқишим, яшаб турган уйим кредит уни тўлашим керак. Жуда стрессга тушиб қолдим. Мени холатимда ўзимни лавозимимга ўтишни қонуний талаб қилишим мумкинми? Ё замон зўрникими. Илтимос.

ЖАВОБ.

Агар воқеа ҳақиқатдан ҳам сиз айтганингиздек бўлган бўлса, шубҳасиз меҳнат ҳуқуқларингиз бузилган. Аслида, спорт ва туризм соҳаси бирлаштирилиб, Туризм ва спорт ишлари вазирлиги ташкил этилган ҳолатда, доим айтиб келадиганмиз – ташкилот қайта ташкил этилган бўлган.

Меҳнат кодексининг 98-моддаси талабларига асосан бундай ҳолатларда ходимлар билан тузилган меҳнат муносабатлари уларнинг розилиги билан давом этавериши керак. Ишдан бўшатилиши ёки қуйи лавозимларга ўтказиш ҳақида гап бўлмаслиги лозим. Албатта, штатлар сони қисқарганлик фактлари бундан мустасно.

Шундан келиб чиқсак, аслида сизни ўша ёрдамчи бухгалтерлик лавозимига ўтказиб, ҳотиржам ишлашга имкон беришлари керак эди. Улар эса, аксинча, бу лавозимга малакаси сиздан камроқ бўлган ходимнинг жойлаштириб, сизни эса бошқа ўзларига маъқул бўлган ишга ўтказиб қўйишибди.

Гап шундаки, сизни ишга қабул қилишга оид ёки бўлмасам, ўша вақтга қадар бўлган муддатларда бошқа лавозимга ўтказишга оид ҳужжатларда (меҳнат шартномаси, буйруқ, шартномага киритилган ўзгартиришлар ва меҳнат дафтарчасида) кўрсатилган ўша бухгалтерлик лавозими бу сизнинг асосий меҳнат шартларингиздан бири саналади.

Юқоридаги вазиятда меҳнат шартномаси билан белгиланган шартларни ўзгартириш, шу жумладан сизни бошқа қуйи лавозимга тушириш иш берувчи томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилиши мумкин эмас. Бунинг учун тарафлар меҳнат шартларига ўзгартириш киритиш тўғрисида келишув тузишлари керак бўлади (МК 88-модда). Сизнинг вазиятингизда мана шу талаблар бузилган бўлиши мумкин деган фикр бўляпти.

Кейин, ҳозирги инсон ҳуқуқлари беэтибор қолдирилмаётган даврларга келиб “замон зўрники” деган гап-сўзларга барҳам бериш учун кўпчилик курашмоқда: давлат ҳам, жамоатчилик ҳам.

Бироқ, айрим давлат идораларидаги масъул мутахассисларда ҳали ҳам меҳнат ҳуқуқий муносабатларни ҳал этишда етарлича ҳуқуқий малака йўқ. Натижада, улар оддий вазиятларда ҳам сиз каби меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини бузиб қўйишмоқда.

Сиз, албатта аслида ўзингизга тегишли бўлган бухгалтерлик лавозимини қайтаришни талаб қилишингиз мумкин. Бунинг учун дастлаб, иш берувчининг ўзига ёзма ариза киритиб кўринг, узоғи билан 2-3 кун кутинг, масала ҳал бўлмаса, қуйидаги назорат органларига (ёки улардан бирига)шикоят киритишингиз мумкин: меҳнат инспекциясига; тегишли касаба уюшмасига; прокуратура органига.

Ёки бўлмасам, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги буйруқни бекор қилишни сўраб, тўғридан-тўғри жойдаги фуқаролик судига ҳам даъво аризаси киритсангиз ҳам бўлади.
Savol: Assalomu alaykum oilada ikki kishi kantrakt asosida institutga qabul qilingan talabalar yotoqxonasidan joy olishimiz mumkinmi
Javob: Talabalarni yotoqxonaga joylashtirish boʻyicha asosiy mezonlar quyidagilar:

Kam ta’minlangan oila farzandlari;

Boquvchisini yoʻqotgan koʻp bolali oila a’zosi;

I va II guruh nogironligi boʻlgan talaba;

Toʻliq davlat ta’minotida boʻlganlar (chin yetim);

Oilasida 2 va undan ortiq toʻlov-kontrakt asosida ta’lim oluvchi talaba;

“Temir daftar”ga tushgan oila farzandi;

Ota-onasining doimiy ish joyi mavjud boʻlmagan talaba;

Oilasida I va II guruh nogironligi yoki surunkali kasallik bilan davolanadiganlar boʻlgan talaba.
Sizni oilangizda ikki kishi to`lov kontrakt asosida Oliy ta'lim muassasasida o`qigani uchun sizlarga talabalar turar joyidan joy beriladi.