Daryo — LIVE
70.1K subscribers
41.6K photos
9.48K videos
55 files
39.6K links
“Daryo”ning tezkor yangiliklar berib boradigan Telegram kanali

Reklama — http://dy.uz/Z07tA
Tahririyat — @daryo_livebot

Rasmiy kanal – @daryo
Rasmiy kirill – @daryo_kirill
Lifestyle – @daryo_lotin
Sport – @daryo_sport24
Pul — @daryo_pul
Download Telegram
​​Шавкат Мирзиёев истеъмол савати ва яшаш минимуми ҳали ҳам жорий қилинмаганини танқид қилди

Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида тизим билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. 2019 йилнинг 9 ойида Халқ қабулхоналарига ижтимоий нафақалар тайинлаш билан боғлиқ 36 мингта шикоят бўлгани ҳам шундан далолат, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Масалан, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини аниқлаш, ҳисобга олишнинг ягона мезони йўқ. Пенсия ва нафақалар миқдорини белгилашда муҳим омил бўлган истеъмол савати ва яшаш минимуми жорий қилинмаган. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаяпти.

Бундай ҳолатлар аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига уй-жой ажратиш, мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадалидан озод қилиш каби масалаларда ҳам учрайди. Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни уй ва иш билан таъминлаш, ёлғиз кексаларни парваришлаш, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш борасида ҳам камчиликлар бор.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни координация қиладиган яхлит тизим йўқ, бу масалалар билан 30 га яқин давлат идоралари, ташкилотлар ва комиссиялар шуғулланмоқда.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Шавкат Мирзиёев ижтимоий ёрдам олувчиларнинг ягона реестрини шакллантириш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистонда халқаро тажриба асосида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида бутунлай янги тизим жорий этилади. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев бунинг учун, аввало, ижтимоий кўмакка муҳтожларни аниқлаш ва уларни ҳисобга олиш, тўловларнинг манзиллилигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.

Президент 21 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитасига халқаро ташкилотлар экспертларини жалб этиб, истеъмол савати ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби ҳамда истеъмол меъёрларини ишлаб чиқиш вазифасини қўйган. У аввал муайян шаҳар ва вилоятларда тажрибадан ўтказилади, кейин амалга киритилади.

Йиғилишда, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини аниқлаш ва нафақа тўлашнинг аниқ мезонларини (индикаторларини) жорий этиш, ижтимоий ёрдам олувчиларнинг ягона реестрини шакллантириш бўйича топшириқлар берилган.

«Бу реестрнинг афзаллиги шундаки, солиқ, ички ишлар, кадастр, банк, соғлиқни сақлаш, пенсия, меҳнат, коммунал ва маҳалла идоралари маълумотлари ягона базага бирлаштирилади. Натижада ҳужжатларни йиғишга кетадиган вақт ҳозирги бир неча кундан бир неча соатга қисқаради, фуқаролар битта идорага мурожаат қилиш билан барча масалаларни ҳал эта олади», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ногиронлик гуруҳлари бўйича касблар классификаторини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ишлашига қўшимча имкониятлар яратиш юзасидан; Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, шу жумладан, уларни иш билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш; ёлғиз кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яшаш жойи бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳам топшириқлар берилган.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​1991 йилдан 2019 йил 18 ноябрига қадар неча киши Ўзбекистон фуқаролигини олган?

2016 йилда Ўзбекистон Президентининг мамлакат фуқаролигига қабул қилишга оид 1 та фармони билан 179 киши, 2017 йилда 10 та фармон билан 1 064 киши, 2018 йилда 15 та фармон билан 2 759 киши, 2019 йил (18 ноябрь ҳолати)да 25 та фармон билан 5 441 киши — жами 51 та фармон билан 9 443 киши Ўзбекистон фуқаролигини олди.

Таққослаш учун, Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан то 2007 йилга қадар жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигини олган. 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар эса Ўзбекистон фуқаролигига ҳеч ким қабул қилинмаган. Яъни, 25 йилда — бор-йўғи 482 киши. Ишониш қийин, лекин бу факт.

Шундай қилиб, 1991 йилдан то 2019 йил 18 ноябрига қадар 9 925 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​​Ўзбекистонда пенсия тизими ислоҳ қилинади. Ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилаши мумкин бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш орқали пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорликни ошириш зарурлигини таъкидлади.

Бунда, биринчи даражада давлат минимал пенсия миқдорини белгилайди. Иккинчи даражада ходимнинг иш ҳақидан муайян сумма ушланиб, унинг шахсий ҳисоб-варағида тўпланади ва Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган фоиз ҳисоблаб борилади. Учинчи даражада ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди.

«Бу тизим қўлланилса, фуқаро кафолатли давлат пенсиясини олиш билан бирга ўз хоҳишига қараб, пенсия ёшида қанча пенсия олишини ўзи белгилаш имконига эга бўлади», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Шу боис Молия вазирлигига Жаҳон банки ва нуфузли молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, ижтимоий суғурта турларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
#Иқлим. Бугун Ўзбекистонда ҳаво жуда совуқ бўлиб, қор ёғиши кутилмоқда.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари ва Қоровул қўшинлари қўмондони бўшатилди

Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муҳиддин Жўраев лавозимидан озод этилди. Тегишли ҳужжат Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 18 ноябрь куни имзоланган ва бош вазир Абдулла Арипов иштирокидаги йиғилишда у ўқиб эшиттирилган.

Муҳиддин Жўраев 2018 йилнинг декабрида ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бунга қадар у Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи (2016—2018 йиллар), шунингдек, Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган.

«Газета.уз»нинг ёзишича, ИИВ тизимидаги яна бир қатор мансабдорлар бўшатилган. Хусусан, ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони генерал-майор Дмитрий Пан ҳам лавозимидан озод этилгани айтилмоқда.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
2017 йили «Биз кутгандик, биз билгандик» деган видеоси билан Ўзнетнинг энг машҳур юз (мем)ларидан бирига айланган «зулфиячи» Рухсора Машарипованинг янги видеоси чиқди. Бу сафар у Андижон вилоятида Шуҳрат Абдураҳмоновдек зўр ҳоким борлигини билмаганини ҳаяжон билан тан олган. Унинг бу чиқиши ижтимоий тармоқларда яна истеҳзо билан кутиб олинган, Ёшлар Иттифоқи раҳбари Алишер Саъдуллаевга эса ёқмаган.

«‘Асалнинг ҳам ози ширин’ деган гап бор. Халқ бундай чиқишларни ёқламайди. У ўзгарган. Эмоцияларни жиловлай олиш керак. Ёшлар, мақтовлар кўпайса, ишдан барака қочади, халққа бу эриш туюлади. Бу қизимиз алоҳида мавзу. Эмоцияларини жиловлашни ўргатиш керакдир, аммо унинг шаънига тегишли гаплар айтишингизни истамас эдим», — деган фикрларни билдирган Ёшлар Иттифоқи раиси.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Наманганда ўғрилик қилгани учун саккиз марта судланган 35 ёшли аёл яна ўғрилик қилиб қўлга тушди. У ёш қизларнинг қулоғидан зиракларини ўғирлаган, бунинг учун унга 5 йил 1 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

«Қамалиб келганимдан кейин уйдагилар қўйишмади, шу билан кўчада қолиб кетдим. Уйим йўқлигидан, қийналиб кетганимдан шу ишларни қилдим. Болам оч қолса, қараб турмайман-ку», — дейди у.

У ҳар гал қамоқдан чиққанидан сўнг, ортиқ бу иш билан шуғулланмаслиги ҳақида ўзига ўзи ваъда беради, бироқ... Сўнгги сафар ҳам пробация гуруҳига юборилган, аммо паспорти йўқлиги учун у ерда ёрдам кўрсатилмаган, паспорт олишда ёрдам сўраб ҳокимликка борса, мурожаати эътиборсиз қолдирилган.

Аввалроқ Зангиотадани аёллар колониясида 11 марта судланган аёл жазо ўтаётгани, у илк бор 17 ёшида қамалгани, яқинда қамоқдан пенсияга чиқиши ҳақида хабар берилган эди. Унинг жиноятларига ҳам жамоатчиликнинг эътиборсизлиги сабаб қилиб кўрсатилган эди.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод қилиб кўрсатилди

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод қилиб кўрсатди.

«Халқ сўзи онлине»нинг ёзишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 48-сонли «Тинчлик» сайлов округидан номзод сифатида кўрсатилган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1975 йил 2 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. 1991—1996 йилларда Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Мутахассислиги иқтисодчи. 2015 йил «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. 2018 йилнинг апрелидан буён Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Қайд этилишича, ЎзЛиДеП ўтган йилнинг ёзида ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод қилиб кўрсатган ва у сайловларда ғолиб бўлган.

2018 йилнинг сентябрь ойида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгашларининг қўшма мажлисида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланганди. Ўша пайтда яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда қўшма мажлисда иштирок этган 331 нафар депутатдан 324 нафари ҳокимни ёқлаб овоз берган.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
«Нархоз»да ўқиш 5 кунлик бўлди, форма бутунлай бекор қилинди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети («Нархоз»)да 25 ноябрдан бошлаб ўқиш ҳафтаси беш кунлик этиб белгиланди, дея хабар бермоқда «Халқ сўзи Online». Олий таълим муассасида жорий этилаётган янги тартиб ҳақида профессор-ўқитувчилар иштирокидаги йиғилишда университет ректори маълум қилган.

Шунингдек, университетда форма ҳам бутунлай бекор қилинган. «Энди талабалар ўқишга исталган кийимида келиши мумкин. Ҳеч ким уларни кўйлак кийишга, галстук тақишга мажбурламайди», — дейилади хабарда.

Ноябрь бошида «Нархоз»да «катта тозалаш» бошланган эди. Университет ректори Баҳодир Ҳодиев ишдан олиниб, унинг ўрнига олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қўнғиротбой Шарипов тайинланганди.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
Telegram фаолиятида носозликлар кузатилди. Мессенжер маълум вақт ишламай қолди

Telegram’нинг фаолиятида бутун дунё бўйича носозлик юз берди. Буни Downdetector сервиси маълумотлари тасдиқламоқда.

Мессенжерга кириш бўйича энг кўп муаммолар асосан МДҲ мамлакатларида яшовчи фойдаланувчиларда юзага келган. Носозлик Германия, Ирландия, АҚШ ва Ҳиндистон каби мамлакатларга ҳам таъсир қилган.

Юз берган ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Ўзбекистонда қиш фаслининг бошида қандай об-ҳаво кутилаётгани айтилди

Ўзгидромет дам олиш кунларида ва қишнинг бошланишида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйлаб булутли об-ҳаво сақланиб туради. Шимолий ҳудудлардан ташқари бошқа жойларда ёғингарчилик, кўпроқ қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат сезиларли ўзгармайди.

Душанба кунидан бошлаб ёғингарчиликлар тўхтайди. Лекин ҳафтанинг охиригача совуқ ҳаво сақланиб туради. Кечаси ва эрталабки соатларда 3—8 даража совуқ, кундузи 0—5 даража илиқ атрофида бўлади.

Ўзгидромет жаҳоннинг етакчи об-ҳаво марказлари маълумотларига таяниб бераётган баҳоларига кўра, декабрь ўртача нам ва ҳарорат бўйича меъёрларга яқин бўлади. Ой давомида ҳарорат кечаси 2—7 даража илиқдан 0—5 даража совуққача, кундузи 10—15 даража илиқдан 0—5 даража илиққача ўзгариб туради.

«Одатда Ўзбекистонда қишлар қисқа ва кам қорли. Бу ерда қиш фаслининг ўзига хос хусусияти — ҳароратининг кескин ўзгариб туришида. Бунда иссиқ ҳаво тўлқинлари совуқ ҳаво билан алмашиб туради. Ҳарорат совуқ бўлганда ёққан қор ҳаво илиши билан эриб кетгани сабабли барқарор қор қоплами ҳосил бўлмайди», — деб маълум қилган синоптиклар.

Шунингдек, охирги кузатувлар давомида энг совуқ даврли қиш 2007—2008 йилга тўғри келгани, ўшанда совуқ декабрнинг охиридан февралнинг ўртасигача давом этгани эслатиб ўтилган.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Президент Шавкат Мирзиёев амалдорларга халқ ва ОАВ билан мулоқотда кибрга берилмасликни уқтирди

Ҳокимлар эски бино ва иншоотларни бузиш ҳисобига бўшаган жойларда уй қуриш масаласига алоҳида эътибор бериши шартлиги, компенсация пуллари тўланиб, мулк эгалари рози бўлмагунча бирорта кўчмас мулк бузилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат идоралари раҳбарлари нафақат ўзининг, балки давлатнинг ҳам шаънини сақлашга масъул экани, халқ билан, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда кибрга берилмай, вазмин ва оқилона, қонунга асосланган қарор қабул қилиши шартлиги таъкидланди.

Бу гаплар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Энди қишлоқларда уй-жойлар йўл бўйларида бир қатор қилиб эмас, шаҳар ва туман марказларига туташ ҳудудларда мавзелар шаклида қурилади

«Натижада туманларни йирик агломерацияга айлантириш мумкин. Бу инфратузилма харажатини камайтиради, аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширади, ердан самарали фойдаланиш имконини беради», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Видеоселектор йиғилишида бундай мавзеларга ер ва кредитлар ажратиш, инфратузилма тармоқларига улаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида жойлардаги раҳбарларга батафсил тушунтириш берилди.

Қишлоқларда ҳам уй-жой қурилиши тизимини ислоҳ қилиш, буюртмачи функциясини «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясидан босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилади — энди уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 22 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.

Давлат аҳолига ипотека кредитларини мақбул шароитларда бериш орқали уй-жойга талабни қўллаб-қувватлайди. Ипотека кредитлари бериш учун ресурслар миқдори банклар ва ҳудудлар бўйича чекланмайди. «Бу тизим таклиф сифатида жойларда муҳокама қилинганда, барча қурувчи-тадбиркорлар уни ижобий қабул қилган. Аҳолининг кредит олиш имконияти кенгайтирилса, нархи ҳозиргиларидан баланд бўлмаган, лекин сифати яхши уйлар қура олишини билдирган», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Шулардан келиб чиқиб, эндиликда шаҳарларда уй-жой қурилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади.

Биринчидан, тадбиркорлик субъектлари ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан Тошкент шаҳрида ва бошқа шаҳарларда янги тартиб асосида 13 750 та квартирали турар жойлар қурилишини амалга оширади. Бундай иморат ва мажмуалар лойиҳаси ҳам тадбиркорлар томонидан мустақил тайёрланади.

Иккинчидан, уй-жой қуриш учун ер майдонлари аукцион орқали ажратилади. Уларни сув ва канализация тармоқларига улаш, автомобиль йўллари қуриш тадбиркорлик субъектлари ҳамда республика ва маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштирилади.

Учинчидан, банклар ўртасида соғлом рақобат бўлиши учун Молия вазирлиги эндиликда уйларни харид қилишга ипотека кредити бўйича қарийб 3 триллион сўмга яқин давлат ресурсларини аукцион асосида банкларга ажратади.

Бундан ташқари, ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ташкил этилиб, унга Осиё тараққиёт банки маблағлари жалб қилинади, ушбу маблағлар ҳам янги қурилган уй-жойларни сотиб олишга ипотека кредити ажратиш учун банкларга қўшимча ресурс сифатида жойлаштирилади.

Тўртинчидан, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги, энг муҳими, аниқ манзилли тизим жорий этилади. Бунинг учун шаҳарларда 10 800 та эҳтиёжманд оилага уйнинг бошланғич бадали ва кредит фоиз харажатларини тўлаши учун бюджетдан субсидия ажратилади. Ушбу субсидиялар орқали Тошкент шаҳрида 12 фоиз, бошқа ҳудудларда 10 фоиздан юқори кредит фоизлари ҳамда бошланғич бадали қоплаб берилади.

Йиғилишда мутасадди вазирлик ва ташкилотлар раҳбарларига янги тартибда қуриладиган уй-жойлар учун ер майдонларини танлаб, аукционга чиқариш, кредитнинг юқори чегарасини ҳисоблаш учун уйларнинг бозор қиймати асосидаги ўртача нархини белгилаш бўйича топшириқлар берилган.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва ипотека кредити фоизини қисман қоплаш масаласида таниш-билишчилик ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш кераклигини айтди. Бюджетдан ажратиладиган субсидиялар айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига етиб боришини сўзсиз таъминлаш лозим.

Субсидия учун келгуси йил бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади ва умуман олганда 16 мингта оиланинг шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар сотиб олишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Аҳоли субсидия олиш учун талайгина ҳужжатлар тўплаб, қатор идораларда сарсон бўлиб юриш ҳолларига чек қўйилади. Энди аризалар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган доимий комиссияларда кўриб чиқилади ва кам таъминланган оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.

Ушбу комиссиялар таркибида банк, молия, солиқ, меҳнат, маҳалла ва бошқа идоралар вакиллари бўлади. Бундан ташқари, комиссия йиғилишида истаган фуқаро иштирок этиб, ўз фикрини билдириши мумкин бўлади. Қолаверса, субсидия бериш масаласи кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиниши лозим бўлади.

Ҳар бир вилоят ҳокимлиги 2020 йилда уй-жой сотиб олиш учун кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга навбат билан субсидия тўлаш тартиби ва мезонларини ишлаб чиқиб, ўз ҳудудларида ижобий тажриба жорий этишлари зарурлиги таъкидланди.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
​​Шавкат Мирзиёев: «Баъзи раҳбарлар матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўймоқда»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида Президент сўнгги вақтларда кузатилган айрим мутасаддилар ва ОАВ ўртасидаги зиддиятларга эътибор қаратиб, раҳбарларни халқ ва ОАВ билан кибрга берилмай мулоқотда бўлишга чақирган, амалдорлар масъулиятига тўхталиб ўтган.

«Барчангиз кўриб, билиб турибсиз — бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Замон тез ривожланмоқда, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бу борада айниқса, оммавий ахборот воситалари катта рол ўйнамоқда. Улар ҳаётий муҳим масалаларга эътиборимизни қаратиб, муаммоларни ҳал этишда бизга кўмаклашмоқдалар. Демократик жамиятнинг асосий талабларидан бири ҳам шу.

Шуни эсдан чиқармайлик — матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик. Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, «мен ҳаммадан зўрман» деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. «Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама» деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик.

Йиллар давомида жамиятимизда қанчадан-қанча иллатларнинг томир отиши, муаммоларнинг йиғилиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам шу бўлгани, айни ҳақиқат. Мен бу гапларни нима учун айтаётганимни ҳаммангиз яхши тушуниб турибсиз. Бугун барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, айниқса оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланди.

Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда. Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаяпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда. Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда.

Тушунаман, ҳар кимнинг ўзига яраша ғурури, иззат-нафси бор. Лекин раҳбар шуниси билан раҳбарки, у нафақат ўзининг шаънини, балки давлат идорасининг обрўсини ҳам сақлашга масъул эканини унутмаслиги керак. У ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларга, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келмасин, вазиятдан оғир-босиқлик ва вазминлик билан чиқиб, фақат қонунга асосланган тўғри қарор қабул қилиши шарт.

Шу билан бирга, ҳар қайси раҳбар ўз масъулияти ва жавобгарлигини, аввало ўз виждони олдида, унга ишонч билдирган эл юрт олдида чуқур англаса, фаолиятида қатъиятлик билан вазминлик, талабчанлик билан ақл-заковатни уйғунлаштира олса, халқнинг чинакам меҳрини ва ишончини қозона олади. У хоҳ ҳукумат аъзоси бўладими, вазир бўладими, хоҳ ҳоким бўладими ёки прокурорми, ушбу талаб – барчамизга, оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам бирдек тегишли.

Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ».


https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
#Иқлим. Бугун Ўзбекистонда қор ёғиши давом этиши мумкин.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
«Нархоз» 5 кунлик ўқиш тизими жорий қилингани ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 25 ноябрдан бошлаб ўқиш ҳафтаси беш кунлик этиб белгилангани ҳақида хабар берилган эди. Университет ахборот хизмати мазкур хабарга изоҳ берди.

Университет томонидан маълум қилинишича, таълим муассасасида 2019 йил 25 ноябрдан бошлаб беш кунлик таълим тизимига ўтиш белгиланган. Бунда талабалар ҳафтанинг беш куни давомида назарий билимларни олади, ҳафтанинг шанба кунида мустақил таълим билан шуғулланади.

Университет ахборот хизмати «Халқ сўзи» томонидан берилган маълумот нотўғри талқин этилганини таъкидламоқда. Маълум қилинишича, университетда фақат якшанба дам олиш куни ҳисобланади, шанба эса мустақил таълим куни этиб белгиланган.

ТДИУ томонидан маълум қилинишича, талабаларнинг кийиниши бўйича эркинлик берилган, аммо университет жамоатчилик кенгаши ва талабалар томонидан маъқулланган ички тартиб-қоидаларига риоя қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилган. «Албатта, бунда талабалик одобига риоя қилган, таълим даргоҳи — маданият ўчоғи эканлигини ёддан чиқармаган ҳолда кийиниш тавсия этилмоқда», — дейилади университет хабарида.

Қайд этилишича, бу «Халқ сўзи» таъкидлаганидек, университет талабаси исталган кийимда ўқишга келиши ва дарсларда иштирок этиши мумкин, дегани эмас.

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg
Forwarded from davletovuz
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
«Айрим раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига кибру ҳавога берилиб, ўзига бино қўйиш билан масалани янада қийинлаштирмоқда»

Президент барча амалдорларни ОАВни қатъий ҳурмат қилиш, улар билан доимий ҳамкорлик қилиш ва кибру ҳавога берилмасликка чақирди.


Kun.uz