Maftuna Hamidullayeva blogi
58 subscribers
20 photos
1 video
4 links
Azizlarim siz bu kanalda sizlar bilan uz hayotiy tajribalarim bilan bo’lishib boraman❤️❤️❤️
Download Telegram
#HIKOYA

🎓 ҲАР БИР ИШНИНГ ҲИКМАТИ БОР

Бир подшоҳнинг оқил маслаҳатчиси бўлиб, неки воқелик бўлса, “Бунинг ҳам бир ҳикмати бор”, деб қўяр эди. Кунларнинг бирида дастурхон устида ўтирган подшоҳ қўлини кесиб олди. Атрофдагилар югуриб келишди. Подшоҳ маслаҳатчиси одатдагидек: “Бунинг ҳам бир ҳикмати бор”, деди. Бу гапдан ғазабланган подшоҳ: “Қўлимни кесиб олишимда қандай ҳикмат бўлиши мумкин? Сен аҳмоқсан. Уни зиндонга ташланг, таъзирини есин”, дея амр қилди. Аскарлар маслаҳатчини судраб кетишар, шу ҳолатида ҳам у мудом: “Бунинг ҳам бир ҳикмати бор, ҳикмати бор”, дея такрорлар эди. Маслаҳатчисининг гапларидан подшоҳнинг баттар энсаси қотибди: “Бу жинни бўлиб қолганми, нима бало?.. Ўзини зиндонга олиб кетишияпти-ю, яна тағин “Бунинг ҳам ҳикмати бор”, дейди-я, ахмоқ?! Зиндонда ётишда нима ҳикмат бўлиши мумкин?!”.

Кунлар ўтиб, ов мавсуми бошланди. Подшоҳ аъёнлари билан ўрмонга кийик овига чиқибди. Маълумки, кийик ўта сезгир ҳайвон, шу боис подшоҳ, лак-лак аъёнларини узоқроққа қолдириб, ўрмонга ёлғиз кирди. Подшоҳ кийикни пойлаб, билдирмай таъқиб қилиб бора-бора қаёққа келиб қолганини билмай ҳам қолди. Шу пайт ёввойи қабила кишилардан бир нечаси подшоҳни асир олишди. Подшоҳ овози борича бақирар, лекин аъёнлардан биронтаси унинг гапларини эшитмасди.

Ўша ёввоий қабилада бир одат бўлиб, нима асирга тушса, ҳайвонми-одамми – фарқи йўқ: уни олиҳаларига қурбонлик қилишар экан. Подшоҳ ич-ичидан йиғлар, шу аҳволда ўлиб кетишидан қаттиқ афсус чекар, аммо тақдирга тан бермоқдан бошқа иложиси ҳам йўқ эди.

Бир пайт қабила орасида ғала-ғовур бошланибди. Ниҳоят, улар орасидан биттаси келиб, подшоҳнинг оёқ-қўлларини ечибди-да, “Бор кетавер! Бизга керагинг йўқ!” дебди.

Подшоҳ ажабланиб: “Бу бир ҳийлами? Мен қочиб кетаётганимда ўлдириш режасими?” дебди. Қабила вакили шундай жавоб қилибди: “Йўқ. Сени битта бармоғинг кесилган экан. Биз олиҳамизга айбсиз, нуқсонсиз, мукаммал одамни қурбон қиламиз”.

Подшоҳ ортига қайтиб кетар экан, беихтиёр оқил маслаҳатчисининг гапини эслабди: “Бунинг ҳам ҳикмати бор, ҳикмати бор…”

Саройига келган подшоҳ отдан тушар-тушмас амр этибдики, зудликда маслаҳатчини озод этиб, ҳузуримга келтиринглар…

Маслаҳатчи ҳузурига келгач, аввал ундан узр сўрабди. Сўнг: “Ажиб иш содир бўлди. Аллоҳ таоло мени кесилган бармоғим сабаб ўлимдан нажот берди. Бармоғим кесилишидаги ҳикмат нима эканлигини билдим. Лекин бошқа бир нарса менга жумбоқ бўлмоқда. Аскарлар сени қамоққа олиб кетишаётганида ҳам “Бунинг ҳам ҳикмати бор”, дединг. Хўш, бунинг ҳикмати нима?” дебди. Маслаҳатчи: “Эй подшоҳим, овда доимо мени ҳамроҳ қилмасмидингиз?”. Подшоҳ: “Тўғри, фақат сен билан овга борар эдим”. Маслаҳатчи: “ Агар мени зиндонга ташламаганингизда сиз ила овга чиққан, ўша қабилага бирга асир тушган бўлур эдикки, Сиз бармоғингиздаги жароҳат сабаб ўлимдан қутилиб қолар, мени эса олиҳаларига қурбон қилишар эди. Чунки менда жисмоний нуқсон йўқ, бармоғим ҳам кесилмаган”, дея жавоб берибди…

Подшоҳ Аллоҳ таоло амр этган тақдирдан яна бир карра ҳайратга тушди: “Э-ҳа, ҳар бир ёмонлик ортидан биз билмаган яхшилик ҳам бўлар экан…”

Жиззах вилояти Бахмал тумани - «Ар-Роҳман» жоме масжиди имом-хатиби:
Абдазов Абдухолиқ тайёрлади