🦅🦅🦅🌹🌸ХАЁТ СИНОВЛАРИ...!🌹🌸🥳3.06.2020
768 subscribers
26.6K photos
15.6K videos
56 files
28.6K links
🌐Teлеграммдаги
Xaётий канал.


✳️Бизнинг каналда сизларга:
Xaр куни🆕 Энг aжойиблари💯:

#Фотолар📸
#Xикоялар📚
#Mаслахатлар♻️
#Tабриклар🎁
#Қушиқлар 🎼
#Mонолог🎤

Бош AДМИНКА
#ГУЛИХОНИМ






Биз Сизларни яхши курамиз.
Канал Админлари ва Админкалари
Download Telegram
#Koz_ilgamas_sarhadlar

Кўз илғамас сарҳадлар
(1-қисм)

Майсалар бош кўтарди. Заминнинг бағрини ёриб, тошлар орасидан ҳам йўл топиб, оламни яшилликка буркади, кўзларни қувонтирди. Ариқлар хас-ҳашакларни суриб, оқизиб келаётган лойқа сувларга тўлди. Момақаймоқлар қуёшга юз тутди. Қисқагина, эртага пуф деса учиб кетадиган умрида ҳам кулиб, яшнаб қолиш учун ўзида куч топа олди. Ҳуснига офтобдан андоза олди.
Машаққат билан ёруғ жаҳонни кўрган ўт-ўланлар эртага оёқлар остида топталишини билмайди, бугун жилва қилаётган чечаклар эрта кимнидир қўлида эзғиланишидан сира хабари йўқ, шамолда мастона тебранади. Она ернинг бағрида ястанади.

Баҳор бошланди. Ҳақиқий баҳор. Илиқ, ёқимли, ҳаётбахш...

Аммо мен яшашдан тўйдим. Ҳаммасидан. Она бўлиб болаларим кўзимга кўринмайди. Йиллар давомида сўз заҳридан зада бўлган юрагимга бугун қил ҳам сиғмайди. Бор-йўғи ўттиз иккига кирдим, аммо жудаям кексайдим. Ҳаётдан ҳам тўйдим. Шу уйдан чиқиб кетсам, ҳаммаси тугайдими? Болаларим-чи? Улар ҳали жудаям ёш-ку! Ким мени шу аҳволга солди? Булар одамми, ўзи?..

Ўшанда ҳам баҳор эди. Ўрик гуллаган. Унинг бақувват шохига илинган арғимчоқда ўтирардим. Ҳар учганимда ўрик гуллари бошимга ёғилар, муздек ҳаво юзимга урилар, шодликдан юрагим ҳапқирарди...
У эшикдан кириб келганида кап-катта қиз қийқириб арғимчоқ учаётган эдим. Дадамнинг йўтали биз опа-сингилларни сергак торттирди. Сипо тортиб, салом бериб ошхонага томонга ўтдик. Ёнида меҳмонлари бор эди дадамнинг. Катта ёшли киши билан ёшроқ йигит. Атиги бир лаҳза кўзларимиз тўқнашди...
Кейин дадамнинг дўсти уйимизга совчи бўлиб келди. У ёғи эртаклардагидек гўзал бўлди. Кунда, кун ора учрашувлар, гуллар, совғалар, ширинликлар. Доим шундай яшайман деб ўйлабман.
Тўй ўтиб, меҳмонлар уй-уйига тарқалгач, ҳақиқий ҳаёт бошланди.
—Фақат Шамшодга тухум қовуринг. Бизга шарт эмас. Тўйдан қолган-қутган нарсалар билан столни безатар экан гап бошлади қайнонам
Кейин ҳар қадамимни пойлай бошлади.
—Ҳой, Ситора, гўшт камайиб қолганми?
Ўзи бор-йўғи икки кило гўшт бўлса, уни яна қанча ишлатиш мумкин? Бора-бора музлаткични олдига келсам, қалтирайдиган бўлиб қолдим.
—Тухумни санаб қўйгандим. Иккитасини нимага ишлатдингиз?
—Шамшод акам қайнатиб бер, дегандилар?
—Иккитани бир ўзи едими?

Тавба, кап-катта йигитга иккита тухум нима бўлади. Ўзи бир кун макарон шўрва, бир кун каром шўрва, бир кун мастава бўлса?Тағин боламни оздириб юбордингиз дейдилар.
Овқат қизғанишга ҳам кўнаман Ўғлини қизғанади.
—Шамшод, бугун мазам йўқ, мен билан ёт, кечаси юрагимни мазаси бўлмаса қараб чиқасан.
Аслида, ойижон ёш ва соғлом. Ўзидан касал қидириб чарчамайди. Ҳали юрагини, ҳали жигарини, ҳали буйрагини текширтиради. Зора бир касаллик чиқа қолса!
Қайнотамнинг ҳеч ким билан иши йўқ. Яхши пул топади. Рўзғорга керакли ҳамма нарсани бадастир қилиб қўяди. Истаганча қилиб бериши мумкин. Аммо қайнонам жудаям зиқна одам. Энди сезиб қолдим: Қайнонам қисиб-қимтиб орттирганларини қаергадир олиб бориб беради. Буни қайнотам билмайди.
Биттагина қайнисинглим мен келишимдан сал аввал турмушга чиққан экан. Деярли ҳар ҳафта уйга келади. Ой чиқса ҳам Жалолага, кун чиқса ҳам Жалолага. Негадир қайнисинглим кетаётганда йиғлаб кетади. Шу орада менга ақл ўргатишни, танбеҳ беришни ҳам уддалайди.
Турмуш ўртоғим яхши одам. Қайнотамга ўхшайди; оғир-босиқ. Бу уйда аёлларнинг ҳукмронлиги сезилиб туради.
Гап эшитиб қолмай деб саҳар тураман. Ҳамма ишга улгурсам ҳам гап эшитаман. Ўзим ҳақимдаги ҳақоратларга чидайман, ота-онам синглим, укам ҳақида гапирса,кўтаролмайман.
—Ситора, ойинг кўча-кўйда мени ёмонлаб юрган экан. Зиқна деб. Айтиб қўй ўша зоти паст ойингга хоҳласам қизини икки кунда тепиб ҳайдайман.
—Ойижон, онам сираям сизни ёмонламайдилар, айтган одам туҳмат қилибди, —дедим қалтираб. Шу бир оғиз гапим учун бетгачопар деган ном олдим..Аслида, онам қайнонамнинг соясига салом берар эди.

Ойижон истаган пайтда оила аъзоларимни ҳақорат қилаверар, ўзимга гапирсалар, оғир олмас, аммо жигарларим ҳақида гапирсалар юрагимни ўйиб кетарди.
Аввал Жалола, кейин мен ҳомиладор бўлдим.
(👇👇)

Феруза Салходжаева
T.me/sinovlarihayot
#Koz_ilgamas_sarhadlar

Кўз илғамас сарҳадлар

Энди "Маликаи Турандод" имиз деярли ҳар куни бизникида эди. Оғзига ёққан таомни тайёрлайман, аммо эвазига камида битта заҳарли гап эшитаман.
—Келинойи, буни қандай пиширгансиз? Анқайиб қолган бўлсам керак, масхараомуз давом этади у
— Қандай қилиб шунақа бемаза овқат қилиш мумкин?
Гапириб-гапириб ҳамма овқатимни ичиб қўяди. Шундоқ ҳам қозондаги ҳамма гўшт унинг косасига тушади. Юмшоқ нонлар унинг олдига, суви қочганлари бизнинг олдимизга қўйилади. Мен ҳам ҳомиладорман, аммо буни ҳамма унутган.
Кейинги пайтларда жудаям балиқ егим келарди. Ҳеч кимга айтолмайман. Уйимга боришга рухсат йўқ. Шу даражада егим келади-ки, тушларимга кириб чиқади.
Бир куни Жалола келди
—Ойи, балиқ егим келяпди, фақат тайёрини олиб келинг, келинойим қовурмасин.
Вой, қандоқ яхши. Балиқ еймиз. Учиб-қўниб иш қилдим. Қайнотам кўчадан қовурилган балиқ келтирди. Қувониб қўлидан олмоқчи бўлсам ойижон
—Бу ёққа беринг,-дедилар. Кейин менга қараб
—Боринг, сиз чой қўйинг, лаган олиб келинг, —деди.
Чой қўйдим, лаган, ликопчалар келтирдим. Икки кўзим балиқда.
—Помидор кесиб келинг! Келтирдим. Кўзим балиқда. Менга ҳам "ол" деб қолишар!
Чой дамлаб келдим. Кўзим балиқда. Вой оз қолибди. Битта бўлак бўлсаям қолсин-да!
—Ҳой, чой қуйинг, нега оғзингизни очиб ўтирибсиз.
—Ҳа, ҳа, хўп, хозир.
—Боринг, манга кўк чой дамлаб келинг, давлениямни ошириб юбормасин.
Бошқа чойнакка чой дамлаяпману, мен боргунча ҳаммасини еб қўйишмас, деб ўйлаяпман.
Аммо ўша балиқ менга насиб қилмаган экан. Жалола қилтаноқлар солинган қора елим халтани олдимга ирғитди
— Ичида думи қолган бўлса керак, ерсиз!
Қора елим халтани кўтариб ошхонага кетдим. Менда ҳам иззат-нафс бор, ғурур бор. Халтани олиб бориб ахлат челакка ташладим.
Уйга борганимда онам балиқ қовуриб берди, аммо ўша балиқни еганчалик хоҳишим бўлмади.

Охирги ойларда Жалола бутунлай бизникига келиб олди. Ўзим ҳам ҳомиладорман деб писанда қилмайман, унга хизмат қилишдан ҳам қочмайман, тилига чидолмайман. Ҳар бир гапидан томадиган заҳарга ўлиб яна қайта тирилиб яшайвераман.
Оддий гап гапирсам ҳам жавоби юракка қадалган ҳанжардек бўлади. Қўрқиб, ошиқча гапирмайман.

Ёз келиб, кунлар исиб кетди. Ой куним яқинлашиб қолган. Қайнонам ҳовли адоғидаги ўтган йили кесилган тераклар устида, салқинда ўтирибди, мен бир кафт ерга экилган сабзини ўтоқ қиляпман. Назаримда, ҳозир туғиб қўядигандекман, аммо ойижоннинг нигоҳидан қўрқаман. Чўккалаб ўтириш бир азоб, бошимдан ураётган офтоб бир азоб. Эшикдан Жалола кириб келди. Эрталабдан бери чап кўзим учаётганди. Кирмасдан чинқириб кетди.
—Ойи, нимага кўрпачасиз ўтирибсиз? Келинойи, кўрмисиз?
Гандираклаб ўрнимдан турдим. Оёқларим увишиб қолибди.
Қайнонам қизига пешвоз чиқаркан,
—Қайнонасига кўрпача солиш учун одамда фаросат бўлиши керак! —деди.
—Буни бефаросатлигини биласиз, манга кўрпача олиб чиқ, демайсизми?

Ёмон нарсалар хотиранг қатида ўрнашиб қоларкан. Ҳар эслаганингда яна азоб бера бошларкан. Унутаман десанг ҳам ёдингдан чиқмас экан.
Жалоладан аввалроқ она бўлдим. Ўғлим туғилди. Алҳамдулиллаҳ, соғлом эди. Ўзим ҳам. Икки кундан кейин Жалола қизлик бўлди.
Очиғини айтаман, онам бешик тўйида қилган сарполар қайнисинглимга ойижон олган сарполардан яхшироқ эди, аммо гапирадиган одамга, барибир. шундан ҳам камчилик топиб гапиравердилар.

Онажоним Бухорога зиёратга борганларида ўғлимга ажойиб гилам дўппи олиб келдилар. Қайнонамга, менга олган совғаларига қўшиб шу бежирим, бетакрор дўппини ҳам бериб юборибдилар. Бир четига кўзмунчоқ қадалган дўппи ўғлимга шунақа ярашдики! Қайнонам боламнинг бошидаги дўппини юлиб олди
—Жалола ўғил туғса бераман!
Дилим оғриди. Ойижон уни сандиққа солди. Одамзотнинг айтгани бўлавермас экан. Кейинчалик кетма-кет қизалоқлар туққан қайнисинглимга Аллоҳ ўғил бермади. Дўппи эса сандиқдан қайтиб чиқмади. Шаҳзодим киймаган ўша дўппини лоақал укалари ҳаи киймади.

Энг ёмони учта қизи билан Жалола уйга қайтиб келди. Энди ҳақиқий азобли кунларим бошланган эди.
Нотўғри гапириб қўйишдан қўрқиб, умуман, гапирмай қўйгандим.

(давоми бор)

Феруза Салходжаева

T.me/sinovlarihayot
#Koz_ilgamas_sarhadlar

Кўз илғамас сарҳадлар
(👆👆)

Бу пайтга келиб ўзим ҳам учта фарзанднинг онаси бўлдим. Инсон ҳамма нарсага кўникиши мумкинлигига тобора ишониб бораётган эдим. Энди менинг ҳам феълимда бир асабийлик пайдо бўлган, заҳарли гапларга наштарли жавоб қайтара бошлаган эдим.
— Келинойи, болаларимнинг кирини ювиб қўярсиз, ман бир айланиб келмасам бўлмайди. Кичкинасини олиб кетаман, катталари ўйнаб турар. Кийиниб олган Жамоланинг буйруғи жонимдан ўтиб кетган бўлса ҳам индамай туравердим
—Нимага безрайиб турибсиз, манга унақа қараманг, синглингизга шунақа қарайсиз, кўзиззи олайтириб. Ҳозирча мани отам билан акамнинг топганини еб ўтирибсиз...
—Сиз ҳам хизматини қилганингизда ўз эрингизнинг топганини еб ўтирар эдингиз, чиққан қиз чиғириқдан ташқари, билдингизми?—дедим. Бу— биринчи марта гап қайтаришим эди. Жалоланинг кўзлари ғалати олайди, аммо эшикдан индамай чиқиб кетди.

Кейин қайнонамга гап қайтара бошладим. На чора, менинг тилимни ўзлари чиқариб олган, тўғрироғи, ўн йил ичида шу икки аёл тарбиялаб, улғайтирган эди.

Кейинги пайтларда ҳавога сал булут чиқса мазам бўлмай қоляпди. Ўша куни ҳам ҳаво тунд эди.
—Мана бу овқатни олиб бориб, менга ёғсизроқ сузиб келинг,— деди Жалола. Ўзи болаларга овқат бериб, энди дастурхонга ўтиргандим.
— Отангизни уйида шунақа кўп ёғ солиб овқат қиласиз? Эркакларимиз пулни супуриб олаётгани йўқ, —гапга қўшилди ойижон.
Ўрнимдан тураман деб мункиб кетдим. Бошим айланиб, қусгим келарди.
—Актриса. Рол ўйнашини қарела! —зўрма зўраки кулди Жалола кейинги пайтда тўлиша бошлаган гавдаси силкиниб.
Эҳтимол, сабр косам шу ерда тўлгандир. Овозимнинг борича бақирдим
—Сизлар ҳам одаммисизлар. Сиз, дедим Жалолага, ўз уйингиздагиларнинг хизматидан қочиб текин хизматкори бор уйга келиб ўтирибсиз, учта болангизни етим қилганингиз ҳам кўзингизга кўринмаяпди. Ўз ҳузурингиз учун шу ердасиз. Учта болани ота меҳридан айирганингиз учун жавоб берадиган кунлар бор! Бугундан кейин ўз овқатингни ўзинг сузиб ич, ман сани хизматкоринг эмасман! Ажабо, гапирган сари енгил тортардим, гаплар ичимдан тўхтовсиз отилиб чиқарди.
—Мен бу уйдан икки дунёда чиқиб кетмайман. Болаларимни етим қилиш ниятим йўқ! Кетадиган одам мен эмасман. Ўз болаларини тирик етим қилганлар кетсин.

Тасодифан айтилган гап бўлмайди. Ўша тўсатдан айтилган гап инсоннинг ичида кўп бор айтилган бўлади, бир куни шароит туғилиши билан сиртга чиқади, холос. Менда ҳам шундай бўлганди. Йиллар давомида ўйлаб юрганларимни биттада айтиб юборган эдим.
Жалола гавдасига ярашмаган эпчиллик билан туриб, мени дўппослаб кетди. Қўлидан чиқиб, ҳовлига чиқишга интилдим. Орқамдан чанг солди. Эгнимдаги ювилавериб юпқа тортиб қолган кўйлагим бир тортгандаёқ йиртилиб кетди. Устимга ўтириб олиб, ўсиқ тирноқларини баданимга ботирди. Додлаб юбордим. У эса баттар жазавага тушарди. Тирноқларини елкамга ботириб, юмдалаб ташлади. Болаларим дод солиб югуриб келди, аммо қутуриб кетган қайнисинглимга ҳеч кимнинг кучи етмасди. Аллоҳнинг мен бечорага раҳми келиб, қаердандир Шамшод акам келиб қолди. Синглисининг чангалидан қутқариб кўйлакларимни тўғирлади. Кейин уйга олиб кириб кетди, жоним оғриса ҳам кийимларимни алиштирмоқчи бўлдим. Шамшод акам
—Шошма, бутун баданинг қонаб ётибди,-дедилар ва спирт билан арта бошладилар. Баданим ловуллаб ачий бошлади, чидаб бўлмас оғриқдан инграб юбордим.
Кейин кўйлакларимни кийдирди. Ҳиқиллаб ўтирар эканман оҳиста гап бошлади.
—Ситора, бу азобларга қандай чидаяпсан? —деди. Булар сени ўлдириб қўяди-ку?! Яхшиси, уйингга кетақол, мен онамга гап қайтаролмайман,,-деди кейин кўзда ёш билан
—Мени кечир , сени ҳимоя қилолмадим, — деб чиқиб кетди.

Орадан икки кун ўтиб иситма қилдим. Елкамга инфекция тушган, йиринглаб кетган эди. Ота-онамнинг хабари йўқ, анча азоб чекдим. Шифохонага ётқизишга қўрқдилар,овоза бўлишидан, жиноят иши очилиши мумкинлигидан...

Жалола тушган хонадонида ҳам ўз сўзини ўтказмоқчи бўлган, ўзича аразлаб уйга қайтгач, дангаса, ишёқмас, заҳар келиндан қутулганига шукур қилган уйидагилари эрини уйлантириб қўйишга ҳам улгурган эдилар.

Феруза Салходжаева
T.me/sinovlarihayot
#Koz_ilgamas_sarhadlar

Кўз илғамас сарҳадлар

Таниш шифокор кўриб, муолажа ёзиб бериб кетди. Турмуш ўртоғим ҳамшира қиз ёллади. Ёшгина қиз келиб игна солар, йиринглаб кетган яраларга малҳам суртар, ҳар сафар йиғлаб "Опа, ман турмушга чиқмайман!" —дер эди.
Яралар жуда секинлик билан бўлса ҳам битди, аммо танамда ва юрагимда чандиқ қолдириб кетди.

Бу уйда мени учта ўғлимни отасиз катта қилмаслик бурчи ушлаб турарди.
Ҳар бир ишда хайр бор, қайнотам шу воқеадан сўнг Жалолага икки хоналик уй олиб берди, аммо қайнонам билан муносабатимиз ёмонлашган эди.
Учта ўғлим улғайиб борар, каттаси саккиз ёшга тўлган эди. Ота-онамникига баъзан ойлаб бормасдим. Бошқа жойни айтмаса ҳам бўлади. Шунча йил давомида эр-хотин бир марта болаларимизни етаклаб юрмабмиз. Қайнонамдан қўрққанимдан қўлимга бир сўм пул ушламабман. Уйдагилар пул берса, уйга борганимда қаердан олдинг деб сўроқ қилмасин, деб, қайтарибман.
Отам бетоб бўлиб қолдилар. Ўшанда иккита боламни уйга ташлаб, кичиги билан дадамни кўргани кетдим. Отам зўрға нафас олар эканлар
—Қизим, қийналиб кетдингми? —дедилар.
—Йўқ, дадажон, ҳаммаси яхши, — ич-ичимдан йиғи бўғиб кела бошлади.
—Мен ҳаммасини биламан, болам. Ўзимнинг сабрли болам. Агар зулм ҳаддан ошиб кетса, чидолмайдиган даражага келсанг, у уйни тарк эт. Ҳадемай ўғилларинг катта бўлса, кўрмагандек бўлиб кетасан. Одамлардан уялма. Менга соғ бўлсанг бўлди,— дедилар. Кейин Шаҳриёрни чақирдилар. Бошини силаб, қўлига пул бердилар
—Боламга музқаймоқ олиб бер!
Ўша куни уйга қайтар эканман, брламнинг қўлидан тутиб йиғлаб келардим.
Йўлда музқаймоқ сотилаётган жойдан ўтиб қолдик. Отамнинг "Боламга музқаймоқ олиб бер!" деганини эслаб, беихтиёр дўкончининг олдига бордим. У чаққонлик билан стакан шаклида ишланган нон идишга музқаймоқ қуяр, учи буралиб, катта пирамида шаклига келган яҳдек ширинликни болажонларнинг қўлига тутқазарди. Йигитнинг ҳаракатларини ҳайрат билан кузатаётган Шаҳриёргага "Тезроқ юр",-деб имладим, ўзим эса гап эшитиб қолишдан қўрқиб қадамимни тезлатдим. Бир ёқда отамни ўйлаб дилим хуфтон, бир ёқда кечикдимми деган хавотир билан кетиб борар эканман, ўғлим анча орқада қолиб кетганини сезиб қолдим.
Болам қўлидаги эриб, устига оқаётган музқаймоғига термулиб келарди.
—Шаҳриёр! Нимага музқаймоғингни емаяпсан, эриб кетибди-ку! —десам, ўғлим
—Ойии, буни ейиш керакми? —дейди! Баттар хорлигим келди. Шу пайтгача музқаймоқ еб кўрмаган ўғилларимнинг айби нимада? Мен-ку қулдек хизмат қилиб бир коса овқатни миннат билан ичиб ўтирибман. Кийим-кечагим ҳали ҳам ота-онамнинг бўйнида. Болаларимнинг гуноҳи нима?
Шу сабр косамга қуйилган охирги томчи бўлди.

Уйда қовоғидан қор ёғиб ўтирган қайнонам, кунда-шунда Жалола тиш қайраб ўтирарди.
—Келарлингиз? Бу ерда текин хизматкор бор, боларингизни боқиб ўтирадиган. Жалола еб қўйгудек тикиляпди.
—Ойижон, илтимос. Дадамнинг мазалари йўқ, кўнглимга қил сиғмаяпди ўзи!
—Ўлса ўлар отанг, ҳамма...
—Нима деяпсиз, оғзингизга қараб гапиринг! — алам билан чинқириб юбордим. Жалола сакраб турди.
—Сенми, онамга гап қайтарадиган. У сочимга чанг солгани эсимда. Кейин аёвсиз муштлар келиб туша бошлади. Бошим, юзим, кўзим. Жазавага тушган қайнисинглим энди тепа бошлаганди.

Хушимдан кетибман...
Менинг шу аҳволда қайтиб ота уйимга кириб боришим бемор отамни оёққа туришига сабаб бўлди. Турмуш ўртоғим ўзи олиб келиб ташлади...
—Мен борман болам, ҳали тирикман...

Онам юм-юм йиғлади, золимларни қарғади...
Ўн йил турмуш қуриб, учта ўша оиланинг учта зурриёдини дунёга келтириб, бир чўри, сотиб олинган қул қандай хизмат қилса, мендек озод бир аёл шундай хизмат қилгандим. Қайнонамнинг тирноқларигача олиб қўярдим. Шунча сабр қилдим. Калтаклар жонимдан ўтгач, уйга қайтишга мажбур бўлгандим...
Ўн йил қисқа муддат эмас, туп қўйиб палак отишга етадиган мудлат, аммо тақдирнинг бу каби ёзуғлари олдида бандаси ожизу нотавон бўлиб қоларкан...

Хайр бир ишда хайр бўлганидек, дадамнинг оёққа туриб кетиши олдида менинг қайтиб келишим у қадар фожиадек қабул қилинмади.

(давоми бор)

Феруза Салходжаева

T.me/sinovlarihayot
#Koz_ilgamas_sarhadlar

Кўз илғамас сарҳадлар

(боши👆👆)

Турмуш ўртоғим бир-икки йўқлади, аммо у оилага энди қайта олмас эдим. Ўғил ўстирган қайнона-қайнотамнинг юзига оёқ тираб, ягона ўғлини алоҳида қилиб ҳам олиб чиқиб кета олмасдим.
Ўттиз икки ёшимда ўн йиллик турмуш ўртоғим билан ажрашиш учун судга ариза бердим. Энди бу шаҳардан бош олиб кетишим, ўз кунимни кўришим керак!
Мен Жалола каби уйда қолиб келинимизнинг қонини ичиш ниятим йўқ. Ота-онамни ҳам кўзимга термултириб яшашга мажбур этмоқчи эмасман.
Пойтахтга кетаман! Бутун Ўзбекистонни бағрига сиғдирган, кўплаб инсонларга омад эшигини очган Тошкент мендан ҳам меҳр-муҳаббатини дариғ тутмас!
Мана шу орзу қалбим туб-тубини эгаллаб, ҳаётдаги мақсадимга айланди.
Чин кўнгилдан йиғласанг, сўқир кўздан ёш чиқади деганларидек, Аллоҳ менинг ҳам йўлларимни ўзи очиб берди, кўнглимдаги ишни топдим. Азалдан ҳаёлимда янги келинлар учун бежирим, иссиқ, қулай нимча ишлаб чиқаришни истардим, аммо буни қандай амалга оширишни билмасдим.
Телевизорда тикувчилик цехига ишчилар кераклиги ҳақидаги хабарни ўқидиму фарзандларимни онамга ташлаб, пойтахтга кетдим. Кўрсатилган манзилга етиб келганимда вақт асрга яқинлашиб қолган, мен иш берувчи билан учрашиб олиш мақсадида қабулхонада навбатим келишини кутиб турардим.
Мендан аввал ёшроқ келинчак қўлида боласи билан овора, ёши элликлардан ошган яна бир аёл тасбеҳ ўгириб ўтирарди. Бир пайт аёл юзига фотиҳа тортди-да, "чанқадим", деб қабулхона томон юра бошлади. Эшик тутқичига қўлини узатганда жонҳолатда ортидан етиб олдим
—Опажон, менда сув бор, бошлиқ гаплашаётган бўлса, ғазаби келиб кейин сизга иш бермай қўймасин. Мана сув, ичинг! Доим олиб юрадиганим идишдаги сувни очиб аёлга тутдим.
—Олинг опажон, қўрқманг жуда унақа муздек ҳам эмас.
Аёл табассум қилиб сувимни олди, раҳмат айтди. Кейин қаердан келганимни сўради.
—Эҳ опажоним, вилоятдан келдим. Бу шаҳарда на танишим бор, на билишим. Тақдиримни ўзгартириш учун келдим, опажон. Негадир шу аёлга йиғлаб-йиғлаб бошимдан ўтганларини сўзлаб бердим. Аёл мени бағрига босиб овутди, кўз ёшларимни артди.
—Энди қаерда яшамоқчисиз?
—Аллоҳга таваккал қилиб чиқдим, опа, ўзи бир йўл кўрсатар. Менинг ўз орзуларим бор...
Мақсадларимни, режаларимни сўзладим. Бу пайтга келиб навбати келган ёшгина жувон ҳам ичкарига кириб чиқди. Иши битмади шекилли, қовоғи солиқ эди.
—Бора қолинг, опажон, Аллоҳ қўлласин, навбатингиз келди,-дедим.
—Сиз кириб чиқаверинг,— деди аёл, —тағин улгурмай қолманг, кира қолинг.
—Йўғе, ўзингиз кираверинг, барибир, Аллоҳнинг буюргани бўлади. Насиб қилса кираман, бўлмаса, йўқ. Худодан хайрлисини сўраганман.
—Ҳа, майли бўлмаса, —деди аёл ичкарига кириб кетаркан. Бироздан сўнг ичкаридан ёшроқ йигит билан бошлашиб чиқди. Кейин менга қараб
—Кетдик, қизим, —деди.
—Қаёққа?
—Сизга иш керакми?
—Албатта!
Самимийлик дунёдаги энг яхши хислат. У инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, муз тоғларни эритади. Мен тўкилиб-тўкилиб дардимни айтган аёл ишга кирмоқчи бўлганим тикув цехи раҳбарининг онаси бўлиб, ўғлининг иши тугашини кутиб турган экан.
Шундай қилиб Хосият опанинг уйига келиб қолдим.
Опа турмуш ўртоғидан эрта айрилган, худди мен сингари учта фарзанди билан ёлғиз қолган, бозорда тирикчилик қилиб болаларини ўзи оёққа қўйган экан.
Иккита қизини узатган, неваралар кўрган, Одилжонни унаштириб қўйган, кузда келин олишни мўлжаллаб юрган аёл экан.
Хосият опа билан жудаям қалин бўлиб кетдик. Ҳалиям онда-сонда бозорга чиқиб турар, бошқа пайт сотувчи қизларни ишга олган эканлар.
Хуллас опа ўғлини қандай йўлга солган бўлса, менга ҳам шундай йўл-йўриқ кўрсата бошлади. Уйга бориб дадамдан сармоя олиб келдим. Отам бечора мен учун миниб турган уловини сотиб берди. У ёғини Хосият опанинг қўл остида амалга оширдим. Аслида, биз томонларда қадимдан урф бўлган бундай нимчаларнинг замонавий вариантини яратиш у қадар қийинчилик туғдирмади. Ўзим чиздим, тўғрироғи..Қолган ҳамма нарсада Хосият опам йўл-йўриқ кўрсатди. Нимани қаердан оламан? Уй-жой бепул. Опам билан битта хонада тунаймиз. Еб-ичиш ҳам оила ҳисобидан, аммо мен уяламан.
(👇👇)
Феруза Салходжаева
T.me/sinovlarihayot
#Koz_ilgamas_sarhadlar

Кўз илғамас сарҳадлар

Ишим бирдан ривожланиб кетмади. Бошидаги қўрқув, қийинчиликлар, болаларимни, туғилган юртимни соғиниб йиғлаганларим, мусофирлик азоблари... Аллоҳ менга яхшиларни рўпара қилганди. Келин келгач, Хосият опанинг уйидан чиқиб кетдим Аввалига икки йил ижарада турдим. Кейин аввал бир хона уй олиб, болаларимни кўчириб келдим, кейин уйимни бирдан икки хоналисига алиштирдим. Пойтахтда иш бошлаганимнинг бешинчи йили уч хонали, таъмирланган уйим бор эди. Ҳамма аёллар "эр бермоқ—жон бермоқ", дейдилар. Мен турмуш ўртоғимнинг уйланганини табиий, оддий қабул қилдим. Заррача ачинмадим, аксинча бир енгиллик туйдим. Энди ўйласам, ўшанда яшаган қўрқинчли ҳаётимдан қутулганим, эркинликка чиққаним худди қафасдаги қушнинг мовий кўк узра қилган парвозидек ёқимли бўлган экан..
Ҳозир ўйлаб қоламан, ўшанда қандай чидаган эканман.

Тошкентга келганимга йигирма йил бўлди. Тинимсиз меҳнат қилдим. Ўзим ҳам Хосият опамнинг ўша пайтдаги ёшига яқинлашиб қолдим. Аммо қалбимдаги оғриқлар бир зум бўлса ҳам тўхтамади. Ҳар эслаганимда оғриқ берарди. Мен собиқ оиламдаги аёлларни, барибир, кечира олмагандим. Ўғилларимдан ҳеч нарса талаб қилмадим, фақат уларнинг мард, ҳақиқий эркак бўлиб улғайишини истадим. Токи ожизаларни ҳимоя қила олсин.

Бундан ўн йиллар олдин қишлоққа борганимда онамдан ёмон хабар эшитдим. Шамшоднинг мендан кейин уйланган аёли тили ўткирликда Жалола билан қайнонамни ярим йўлда қолдирар экан. Бир куни нимадандир катта жанжал чиқиб, собиқ қайнисинглим келинойисини пичоқлаб қўяди. Ваҳшийларча бир неча жойига пичоқ уради. Келин шифохонага етиб бормай, йўлда жони узилади. Қизалоғи етим бўлиб қолади. Жамола узоқ йилга қамалиб кетади. Қайнонам қизининг дардида куйиб, бу воқеаларни кўтаролмай тўшакка михланади...

Барибир, уларга ачиндим...

Ўзим ҳам қайнона бўлдим. Кетма-кет келинлар туширдим. Ўғилларим ёнимга кирди. Тошкентнинг чиройли маҳалласидан ҳовли олдик. Қийинчиликлар унут бўлди. Бир куни уйимга болаларимнинг отаси излаб келди. Шунча йил давомида уйидагиларидан қўрқиб бир марта болаларидан хабар олмаган одамнинг бирдан пайдо бўлиши ғашимни келтирса ҳам, уйга таклиф қилдим. Кичик ўғлим қаергадир отланаётган экан. Эшикдан кириб келган эркак билан кўришиш учун қўл узатди.
—Ассалому алайкум, ака, яхшимисиз? Отаси ноқулай аҳволда қолди. " Ўғлим! "дегани ҳам ҳоли йўқ эди. Ўз отасини танимаган боласига нима ҳам дея оларди... Йиллар ўз ишини бажарган, ўзим истамасам-да менинг қасосимни олиб берган эди.
Ота учун ўз ўғли танимай туришидан ортиқ жазо борми? Турмуш ўртоғим уйга кирмай ортига қайтиб кетди. Эҳтимол катта ўғилларим уйда бўлганида отасини таниган бўлармиди?

Аллоҳнинг изнисиз инсоннинг қўлига битта зирапча ҳам кирмайди. Сабр билан, покиза яшаганларга эса, албатта, ажру мукофотлар бордир.
Ҳозир ҳамма ишларимни ўғилларимга топширганман. Ўзим Хосият опа сингари йўл-йўриқ кўрсатиб тураман.
Баъзида қайнонамни кўриб келсамми, нимадир ёрдам берсамми дейман, аммо гул ёшлигимни хароб қилган ўша кунлар ёдимга тушса, дарҳол фикримдан қайтиб қоламан.
Баъзида ўзим болаларимни етаклаб отасининг олдига олиб борайми дейману, яна нимадир тўсқинлик қилади. Аммо ўғилларим қачондир отаси билан топишишини биламан. Бунга қалбимдаги адоватни қувганча ҳозирдан ўзимни тайёрлаб боряпман, ахир этни тирноқдан ажратиб бўлармиди?!

Яна майсалар бош кўтарди. Яна момақаймоқлар қуёшга бўса ҳадя этдилар. Яна оламни қушлар овози тутди. Қалдирғоч учиб келди. Дарвоқе, мен ўзбек аёлларини қаллирғочга ўхшатаман.

Қалдирғоч умри давомида ҳеч қачон ерга қўнмасдан уча олади.

У бутун умрини парвозда ўтказади ва на юра олади, на сузади. Аммо у ҳавода ухлаши мумкин.

Умрини оиласи учун тикиб, бир лаҳза тин олмай, учиб бораётган қорақош қалдирғочларим. Ўзингизни асранг, сизнинг кўнглингиз—сизнинг чегарангиз. Уни оёқ ости қилишларига йўл қўйманг. Кўз илғамас сарҳадингизни ўзингиз ҳимоя қилинг. Бу йўлда менинг ҳаётим бир ибрат бўлсин.

(тугади)

Феруза Салходжаева
T.me/sinovlarihayot