Сирожиддин Саййид шеърлари
595 subscribers
79 photos
22 videos
2 files
28 links
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид - тафаккурининг янгилиги, теранлиги, руҳият шоири эканлиги билан эътиборга сазовордир.
Download Telegram
Тўра Боболов Сирожиддин Саййид ўқиган мактабга борди

Бугун Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳамда Саросиё туман туман ҳокими Ўктам Тўраевлар Сариосиё тумани "Турмушобод" маҳалласидаги 45-сонли мактабда бўлишди. Вилоят раҳбари мактабда яратилган шароитлар билан танишар экан, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ўқиган синфхона ва улар томонидан ташкил этилаган мактаб кутубхонаси билан танишди.

https://t.me/joinchat/AAAAAFiMaw-QXpGzcw7f5g
Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон халқ шоири

ОНАМГА ЎТИНЛАРИМ

Дийдирайди юпун олам,
Бағри тўла тутунлар.
Куз охири – онам учун
Мен излайман ўтинлар.

Хаёлимдай паришондир
Рўзғори, тақдирлари.
Қунишгандай бўлиб турар
Мунғайган тандирлари.

Йиғиштирдим шеъримни ҳам,
Тўхтатдим таронамни.
Шоирлигим бир пул менинг –
Иситмасам онамни.

Қалтирайди пайкалларда
Ғўзапоялар урён.
Шону шуҳратим бир ёну
Қадоқ қўллари бир ён.

Арзир бу он жамлаб келсам
Дунёда бор тафтларни –
Илитмоқ-чун шу табаррук,
Шу мўътабар кафтларни.

Бор ҳаётим, кечган умрим
Кераксиз сармоядай.
Сездим ногоҳ: бармоқлари
Худди ғўзапоядай.

Завқу шавққа ошно дилни
Ғам-ташвишга ўрайман.
Дўсту ёрдан онамга деб
Пулмас, ўтин сўрайман.

Мен демасман: молу мулкинг
Бутун бергил, эй дунё.
Онам учун бир боғгина
Ўтин бергил, эй дунё.

Ёқаётган хас-хашаги
Ўкинчларимга ўхшар.
Ўтинлари тутаб ётган
Ўтинчларимга ўхшар.

Куз титрайди боғда, барглар
Худди менинг баргимдай.
Қумғонлари, ўчоқлари
Куйиб кетган бағримдай.

Кўзимда ёш, узр айтиб
Тагларида юрарман.
Отаёдгор ёнғоқлардан
Мен шох-шабба сўрайман.

Худони ҳам пайғамбарни
Ҳар лаҳза ёдлар қилган.
Супра ёзиб мавлудлару
Мушкулкушодлар қилган.

Болам дея куйиб-ёнган,
Тутуним бўлган онам.
Тирикликнинг тандирига
Ўтиним бўлган онам.

Эсдан чиққан бобомни ҳам
Тушларимда кўрарман.
Бу тонг бобо чинорлардан
Сизга ўтин сўрарман.

Кечир мени, момо тутим,
Тупроқ билан тенгдирман.
Саҳар чоғи қарсиллаган
Сенмас, асли мендирман.

Одамзотнинг умри ҳам бир
Дарахт экан – сездим мен:
Укам эккан хурмоларни
Йиғлаб-йиғлаб кесдим мен.

Бу дунёдан мева тугмай
Кетган ниҳолим – укам,
Ўтин бўлиб онам уйин
Иситмоқдадир бу дам.

Инсон жисми надир асли,
Надир ному нишони?
Чўғмас, гўё лахча-лахча
Ёнар кўнглим фиғони.

Фарзанд гарчи ҳаёт гули,
Мева яхши, боғ яхши.
Меҳрсиз ўн ўғилдан лек
Бир бесамар шох яхши.

Мен ҳам ўғил бўлдимми деб,
Тентирайман ҳовлида.
Бир чўпчалик қадрим йўқдир
Заҳматларин олдида.

Надир менинг топган бари
Илму иззатим, онам?
Менинг буюк ибратим ҳам
Буюк ҳикматим онам.

Гарчи охир кул бўлмоқдир
Ҳар жисмнинг қисмати.
Илитмоқдир, иситмоқдир
Инсонийлик ҳикмати.

Бандаси гар тирикдир то,
Магар тўқ, магар очдир,
Ёнмас экан, куймас экан –
Кераксиз бир ёғочдир.

Тирикликнинг кўйида гар
Гоҳ ўтмиз, гоҳ тутунмиз.
Мангу сўнмас оловдир Вақт –
Биз барчамиз ўтинмиз.

Инсон яшар кўп азобу
Уқубат бор дунёда.
Инсондир у – токи меҳру
Оқибат бор дунёда.

Гарчи ошу нон деб гоҳо
Бир-бировдан тонгаймиз.
Эзгуликнинг йўлида лек
Ўтин бўлсак – ёнгаймиз.

Майли доим юрак-бағри
Бутун бўлинг, ёронлар.
Ҳеч бўлмаса, онангиз-чун
Ўтин бўлинг, ёронлар.

2011
Бугун, 14 январь - Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва ватан ҳимоячилари куни!

Шу ўринда юртимиз тинчлиги учун ҳормай-толмай хизмат қилаётган мард ва жасур ҳимоячиларни байрам билан чин қалбдан табриклайман!

Сизлар борлигингиз учун кўнгилларимиз хотиржам, тунларимиз эса осуда. Раҳмат Сизларга!
ЗАМОННИНГ ЭГАСИ

Замондан койинманглар, зеро
замоннинг эгаси Оллоҳдир.
Ҳадис

Оллоҳ сизга берган ой ва йил учун
Арзир ҳар лаҳзанинг нақши бўлсангиз.
Азалдан ёмонга ёмондир замон,
Замон яхши эрур — яхши бўлсангиз.
Ҳар кимга дилдаги нияти йўлдош,
Эзгу мақсадлари бир умр ёрдир.
Замондан ҳеч қачон койинмангизким,
Замоннинг эгаси Парвардигордир.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН 23-сон .pdf
4 MB
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2021 йил 2 февраль кунги 23-сони мутолаа учун ҳавола қилинади.

Газетанинг интернетдаги www.yuz.uz веб-сайти орқали ҳам янгиликлардан бохабар бўлиб боришингиз мумкин.

Ушбу pdf файл газета таҳририяти томонидан тақдим этилди.
ХУШХАБАР

Қиш охири, келди хабар:
Сурхонда бодом гуллади,
Ушбу хабардан ғам тўла
кўксимдаги жом гуллади.

Олам иморатдир азал,
одам иморатдир азал,
Бу кўҳна икки уй аро
девор билан том гуллади.

Хору хаси зар масканим,
эй сен, муаттар масканим,
Ҳар бир мозоринг ўйласам,
бу тонг неча ном гуллади.

Гулга тириклик гул учун,
инсон ҳаёти эл учун,
Шукрона айтгил, сен учун
такрор бу инъом гуллади.

Мен — ҳам баҳорнинг шоири,
мен — ҳам баҳорнинг мухбири,
Бир лаҳзада бир юрт аро
тарқаб бу пайғом гуллади.

Бодомгинам, жону дилим,
юртим менинг, кони гулим,
Термизда гар тонг гуллади,
Тошкентда оқшом гуллади.

Келди менинг ойчечагим,
балдоқлари бойчечагим,
Бўйнидаги холин силаб
ёр зулфида дом гуллади.

Бу хушхабарни шеър қилиб
айтиб югурсам шаҳр аро,
Ҳар бир гуландом гуллади,
ҳар бир дилором гуллади.

Сирожиддин Саййид
Улуғ бобонг Навоийнинг
ётар жойи Ҳирот бўлгай,
Валекин билмасанг ул
зотни сен, оғир уёт бўлгай.

Сенга муҳтож эмас ҳазрат,
улуғ мақсад, улуғ меҳнат
Билан дил кўзларин очким,
ҳаётинг ҳам ҳаёт бўлгай.

Завол эрмас, камол келтир
она юртингга ҳар соат,
У сенга ҳам она, ҳам юрт,
сенга икки қанот бўлгай.

Нечун ёлқинланиб кезгай
бу тўфонзода тойчоқлар?
Улар фарзандларингга
Бойчибору ҳам Ғирот бўлгай.

Бу тупроқ узра инсон бор,
ва иймон — икки мансаб бор,
Агар жуздир ва ё қарлуқ,
ўғиз ё қўнғирот бўлгай.

Кетар жисминг муваққатдир,
Ватан — мангу муҳаббатдир,
Агар кимда муҳаббат йўқ,
жаҳонда номурод бўлгай.

Келибсан гар сурур келтир,
ҳавас бирлан ғурур келтир,
Ки сен кетсанг ҳам ортингдан
эл ичра ному ёд бўлгай.

Навоий назми — иймондир,
агарчи Сўзни сотгайсан,
Унинг бир сатри охир
таъби назмингга сирот бўлгай.

Менинг бу норавон шеърим
ёзилди бир ният бирлан,
Ёзилсин шеър ҳам токи
у шеърдан бир мурод бўлгай.

Сирожиддин Саййид
МИР АЛИШЕР

Тирикликнинг бонги Навоий,
Буюкликнинг ранги Навоий.

Бир ёришди зим-зиё олам,
Туркийларнинг тонги Навоий.

Беш асрлик рўёдир дунё,
Беш асрлик ўнги Навоий.

Бир уммонким, ибтидоси йўқ,
Йўқдир унинг сўнги — Навоий.

Ўтган сайин илдамлаб кетгай,
Борган сайин янги Навоий.

Ватан каби поёни йўқдир,
Ватан каби мангу Навоий.

Сирожиддин Саййид
Бугун — 2021 йилнинг 9 февраль куни Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида ўтказилган адабий-маърифий, тантанали тадбирдан фото лавҳалар

@sirojiddinsayyid