Сирожиддин Саййид шеърлари
606 subscribers
79 photos
22 videos
2 files
28 links
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид - тафаккурининг янгилиги, теранлиги, руҳият шоири эканлиги билан эътиборга сазовордир.
Download Telegram
МИР АЛИШЕР

Тирикликнинг бонги Навоий,
Буюкликнинг ранги Навоий.

Бир ёришди зим-зиё олам,
Туркийларнинг тонги Навоий.

Беш асрлик рўёдир дунё,
Беш асрлик ўнги Навоий.

Бир уммонким, ибтидоси йўқ,
Йўқдир унинг сўнги — Навоий.

Ўтган сайин илдамлаб кетгай,
Борган сайин янги Навоий.

Ватан каби поёни йўқдир,
Ватан каби мангу Навоий.

Сирожиддин Саййид
Бугун — 2021 йилнинг 9 февраль куни Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида ўтказилган адабий-маърифий, тантанали тадбирдан фото лавҳалар

@sirojiddinsayyid
ШОҲ БОБУР

Бунча узун оҳ тортдингиз, оҳ Бобур,
Муттаҳамлар дунёсида шоҳ Бобур.

Андижону Ҳинду — етти иқлимда
Топилмади Сизга бир додхоҳ, Бобур.

Оллоҳимнинг даргоҳлари кенг, лекин
Сиғдирмади Сизни бу даргоҳ, Бобур.

Кеча узун, манзил олис, йўл узоқ,
Сизга фақат ёлғиз ой ҳамроҳ, Бобур.

Нонкўр беклар, беоқибат мирзолар,
Кимлар Сизга қазмадилар чоҳ, Бобур.

Ғурбат бўлди охир тожу тахтингиз,
Подшоҳлар ҳам йиғларкан-да, воҳ Бобур!

Қисмат қаттиқ, алам бисёр, эл ғофил,
Бу дунёда борми бир дилхоҳ, Бобур?

Умри отда ўтган буюк мусофир,
Давлат надир асли, надир жоҳ, Бобур?

Шоирлиги шоҳлигидан улуғроқ,
Шоҳлиги ҳам шеъридай огоҳ, Бобур.

Алишербек дейсиз, назм султони,
Сиз ҳам шунда топдингиз паноҳ, Бобур.

Шамширингиз янглиғ Жайҳун ярқирар,
Кўкда моҳ ҳам Сизнинг мангу оҳ, Бобур.

Сирожиддин Саййид
БАҲОР КЕЛМИШ

Томингизда шивир-шивир, шитир-шитир,
Бу — баҳорнинг қадамларин товушидир.
Сўридаги пуч ёнғоқнинг пўчоқлари
Қай қарғанинг қолиб кетган ковушидир.
Ранглар кирар энди ғамгин ўйингизга,
Томингиздан баҳор келмиш уйингизга.

Ёмғир ювган юлдузлар ҳам қандоқ гўзал,
Ёрингизнинг кўзлари ҳам андоқ гўзал,
Қадрин билинг бу дамларнинг, қайтиб яна
Бундоқ фасл тополмайсиз, бундоқ гўзал.
Қаранг, баҳор келмиш ошиқ кўнглингизга,
Гул ўлчайди қараб қадду бўйингизга.

Эй, сен менинг шаҳарлик оқ турнагинам,
Ярим кун ҳам сен ёнимда турмадинг ҳам.
Қиш ўртаси ногоҳ баҳор келди десам,
Зулфларингнинг атри экан кейин билсам.
Мен жон берай исларингиз, бўйингизга,
Баҳор билан сенинг ифор тўйингизга.

Ҳижронларга тўлиқ шеърий дафтаримни
Сен варақлаб, шамол, мени ахтардингми?
Бир бойчечак, бир қаламқош қалдирғочга
Алмашдим мен бор алам, бор дардларимни.
Шеърларим-ай, армонларим ўзингизга,
Баҳор келмиш бугун кўча-кўйингизга.

Қандай ўғил бўлдим сизга, қандай жигар,
Мендан аввал баҳор сиздан олмиш хабар.
Майса бўлиб кўкариб ҳам, ота, яна
Менга таскин бермоқдасиз бу тонг саҳар.
Баҳор келмиш мангу сукут кўйингизга,
Ҳар бир майса ўхшар сўзу ўйингизга.

Баҳор келмиш, қутлуғ бўлсин ҳаммангизга!
Умр берсин бобонгиз ҳам момонгизга.
Баҳор ахир қанча шодлик, шукроналик
Келтиргуси холангиз ҳам аммангизга.
Қанча севинч гулдай қизу ўғлингизга,
Қанча қўзи олиб келар қўйингизга.

Кўклардаги тўлин-тўлин ойдай Ватан,
Осмон десам, тошқин-тошқин сойдай Ватан.
Ватан десам, кўз олдимга онам келган,
Онам десам, нигоҳимда пайдо Ватан,
Баҳор келмиш яна ризқу рўзингизга,
Доғ тушмасин ҳаргиз рангу рўйингизга.

@sirojiddinsayyid
1 март–Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун
@sirojiddinsayyid
АЁЛ МАНЗУМАСИ

Бу диёрда ору номус,
шаъну шавкатдир аёл,
Меҳру шафқатдан яралган,
меҳру шафқатдир аёл.

Олам узра бир қуёш бор,
битта ой бордир, валек,
Ердаги нур — моҳитобон,
шамси талъатдир аёл.

Она сўзи юрт сўзи бирлан
нечун пайвастадир?
Бир улуғ элдир, Ватандир —
шунга сархатдир аёл.

Кўкдаги кунларни ҳам
чарчатгуси меҳнатлари,
Уч юз олтмиш томири
иш бирла заҳматдир аёл.

Жон десам жононадир,
жоним десам  жонимдадир,
Ул муҳаббат оламига
мангу даъватдир аёл.

Мен қошингизнинг қаросидан
дилимга хат олай,
Ваҳ, нечук нозик нафосат,
инжа санъатдир аёл!

Бу гўзал нозу адолар
ҳеч адолар қилмагай,
Қайта-қайта жон ато
этгувчи ҳайратдир аёл.

Умрингизнинг боғларига
файз берган ҳам ўшал,
Билсангиз Ҳақдин мукофот
ҳамда рағбатдир аёл.

Онажоним, Она юртим,
давлатинг кам бўлмагай,
Токи сен борсан жаҳонда
катта давлатдир аёл.

Сирожиддин Саййид
Ҳар кун – умримизнинг бир сафаридир,
Ҳар он – кунимизнинг бир гавҳаридир.
Тинчлик, омонликда отган ҳар бир тонг
Оллоҳнинг бизларга хушхабаридир.
Зомин семинари – 2021

ТАЛАБАЛИК ОЧЛИК ДАВРИМ

Шеър муаллифи – Сирожиддин Саййид
Қўшиқ муаллифи ва ижрочи – Шуҳрат Дарё
Видео муаллифи – Фозил Фарҳод

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

👇
https://www.youtube.com/watch?v=yLa6Qmp1Vlw
СИРОЖИДДИН САЙЙИД – «МЕҲНАТ ШУҲРАТИ» ОРДЕНИ СОҲИБИ

Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид «Меҳнат шуҳрати» одрени билан тақдирланди. Барча мухлислар номидан шоирни ушбу юксак мукофот билан муборакбод этамиз.
Она юртим, сен бир йилда топган нашъу намолар
Минг йилда ҳам бўлмаган дер юздан ошган момолар.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Интервью 24 | Сирожиддин Саййид - «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси билан суҳбат
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланади

"Ватандир"

Сирожиддин Саййид
,
Ўзбекистон халқ шоири, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби