Сирожиддин Саййид шеърлари
601 subscribers
79 photos
22 videos
2 files
28 links
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид - тафаккурининг янгилиги, теранлиги, руҳият шоири эканлиги билан эътиборга сазовордир.
Download Telegram
Бугун — 2021 йилнинг 9 февраль куни Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида ўтказилган адабий-маърифий, тантанали тадбирдан фото лавҳалар

@sirojiddinsayyid
ШОҲ БОБУР

Бунча узун оҳ тортдингиз, оҳ Бобур,
Муттаҳамлар дунёсида шоҳ Бобур.

Андижону Ҳинду — етти иқлимда
Топилмади Сизга бир додхоҳ, Бобур.

Оллоҳимнинг даргоҳлари кенг, лекин
Сиғдирмади Сизни бу даргоҳ, Бобур.

Кеча узун, манзил олис, йўл узоқ,
Сизга фақат ёлғиз ой ҳамроҳ, Бобур.

Нонкўр беклар, беоқибат мирзолар,
Кимлар Сизга қазмадилар чоҳ, Бобур.

Ғурбат бўлди охир тожу тахтингиз,
Подшоҳлар ҳам йиғларкан-да, воҳ Бобур!

Қисмат қаттиқ, алам бисёр, эл ғофил,
Бу дунёда борми бир дилхоҳ, Бобур?

Умри отда ўтган буюк мусофир,
Давлат надир асли, надир жоҳ, Бобур?

Шоирлиги шоҳлигидан улуғроқ,
Шоҳлиги ҳам шеъридай огоҳ, Бобур.

Алишербек дейсиз, назм султони,
Сиз ҳам шунда топдингиз паноҳ, Бобур.

Шамширингиз янглиғ Жайҳун ярқирар,
Кўкда моҳ ҳам Сизнинг мангу оҳ, Бобур.

Сирожиддин Саййид
БАҲОР КЕЛМИШ

Томингизда шивир-шивир, шитир-шитир,
Бу — баҳорнинг қадамларин товушидир.
Сўридаги пуч ёнғоқнинг пўчоқлари
Қай қарғанинг қолиб кетган ковушидир.
Ранглар кирар энди ғамгин ўйингизга,
Томингиздан баҳор келмиш уйингизга.

Ёмғир ювган юлдузлар ҳам қандоқ гўзал,
Ёрингизнинг кўзлари ҳам андоқ гўзал,
Қадрин билинг бу дамларнинг, қайтиб яна
Бундоқ фасл тополмайсиз, бундоқ гўзал.
Қаранг, баҳор келмиш ошиқ кўнглингизга,
Гул ўлчайди қараб қадду бўйингизга.

Эй, сен менинг шаҳарлик оқ турнагинам,
Ярим кун ҳам сен ёнимда турмадинг ҳам.
Қиш ўртаси ногоҳ баҳор келди десам,
Зулфларингнинг атри экан кейин билсам.
Мен жон берай исларингиз, бўйингизга,
Баҳор билан сенинг ифор тўйингизга.

Ҳижронларга тўлиқ шеърий дафтаримни
Сен варақлаб, шамол, мени ахтардингми?
Бир бойчечак, бир қаламқош қалдирғочга
Алмашдим мен бор алам, бор дардларимни.
Шеърларим-ай, армонларим ўзингизга,
Баҳор келмиш бугун кўча-кўйингизга.

Қандай ўғил бўлдим сизга, қандай жигар,
Мендан аввал баҳор сиздан олмиш хабар.
Майса бўлиб кўкариб ҳам, ота, яна
Менга таскин бермоқдасиз бу тонг саҳар.
Баҳор келмиш мангу сукут кўйингизга,
Ҳар бир майса ўхшар сўзу ўйингизга.

Баҳор келмиш, қутлуғ бўлсин ҳаммангизга!
Умр берсин бобонгиз ҳам момонгизга.
Баҳор ахир қанча шодлик, шукроналик
Келтиргуси холангиз ҳам аммангизга.
Қанча севинч гулдай қизу ўғлингизга,
Қанча қўзи олиб келар қўйингизга.

Кўклардаги тўлин-тўлин ойдай Ватан,
Осмон десам, тошқин-тошқин сойдай Ватан.
Ватан десам, кўз олдимга онам келган,
Онам десам, нигоҳимда пайдо Ватан,
Баҳор келмиш яна ризқу рўзингизга,
Доғ тушмасин ҳаргиз рангу рўйингизга.

@sirojiddinsayyid
1 март–Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун
@sirojiddinsayyid
АЁЛ МАНЗУМАСИ

Бу диёрда ору номус,
шаъну шавкатдир аёл,
Меҳру шафқатдан яралган,
меҳру шафқатдир аёл.

Олам узра бир қуёш бор,
битта ой бордир, валек,
Ердаги нур — моҳитобон,
шамси талъатдир аёл.

Она сўзи юрт сўзи бирлан
нечун пайвастадир?
Бир улуғ элдир, Ватандир —
шунга сархатдир аёл.

Кўкдаги кунларни ҳам
чарчатгуси меҳнатлари,
Уч юз олтмиш томири
иш бирла заҳматдир аёл.

Жон десам жононадир,
жоним десам  жонимдадир,
Ул муҳаббат оламига
мангу даъватдир аёл.

Мен қошингизнинг қаросидан
дилимга хат олай,
Ваҳ, нечук нозик нафосат,
инжа санъатдир аёл!

Бу гўзал нозу адолар
ҳеч адолар қилмагай,
Қайта-қайта жон ато
этгувчи ҳайратдир аёл.

Умрингизнинг боғларига
файз берган ҳам ўшал,
Билсангиз Ҳақдин мукофот
ҳамда рағбатдир аёл.

Онажоним, Она юртим,
давлатинг кам бўлмагай,
Токи сен борсан жаҳонда
катта давлатдир аёл.

Сирожиддин Саййид
Ҳар кун – умримизнинг бир сафаридир,
Ҳар он – кунимизнинг бир гавҳаридир.
Тинчлик, омонликда отган ҳар бир тонг
Оллоҳнинг бизларга хушхабаридир.
Зомин семинари – 2021

ТАЛАБАЛИК ОЧЛИК ДАВРИМ

Шеър муаллифи – Сирожиддин Саййид
Қўшиқ муаллифи ва ижрочи – Шуҳрат Дарё
Видео муаллифи – Фозил Фарҳод

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

👇
https://www.youtube.com/watch?v=yLa6Qmp1Vlw
СИРОЖИДДИН САЙЙИД – «МЕҲНАТ ШУҲРАТИ» ОРДЕНИ СОҲИБИ

Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид «Меҳнат шуҳрати» одрени билан тақдирланди. Барча мухлислар номидан шоирни ушбу юксак мукофот билан муборакбод этамиз.
Она юртим, сен бир йилда топган нашъу намолар
Минг йилда ҳам бўлмаган дер юздан ошган момолар.
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Интервью 24 | Сирожиддин Саййид - «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси билан суҳбат
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланади

"Ватандир"

Сирожиддин Саййид
,
Ўзбекистон халқ шоири, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби
УСТОЗ

Доим янграб турсин шеър ила ғазал,
Давру замонимдан қайирма, Худо.
Ҳамма ҳам яшасин, фақат энг аввал
Мени устозимдан айирма, Худо.

Махкам қил эзгулик чегараларин,
Ғамга чулғамагин теваракларин.
Асрагин гулдайин невараларин,
Мени устозимдан айирма, Худо.

У дилларда яшар, ўзи — дилпора,
Тоғдек улуғ, бироқ хасдан бечора.
Бу зорим сенга ҳам етсайди зора,
Мени устозимдан айирма, Худо

Бир буюк, дир даҳшат шоирчалар бор,
Бир-бирин қовуриб ейишга тайёр.
Уларга ҳеч кимни қилма гирифтор,
Мени устозимдан айирма, Худо.

Эсиз шеър ёзолмай юрган пайтларим,
Сувга оқиб кетди қанча дардларим.
Ўтди не-не дўст-ёр, мард, номардларим,
Мени устозимдан айирма, Худо.

Ҳасрат майи тўла бир пиёладир,
Бағри қизғиш, юзи сарғиш лоладир,
Етмиш ёшга бораётган боладир,
Мени устозимдан айирма, Худо.

Менинг энг беғубор чоғларим кетган,
Яшил адирларим, боғларим кетган.
Қанчалар суянган тоғларим кетган,
Мени устозимдан айирма, Худо.

Сўз қадрин, туз қадрин билиб юрдимми?
Бир зум имтиҳонсиз умр кўрдимми?
Паноҳингга олгин элим, юртимни,
Мени устозимдан айирма, Худо.

Одамзот авзойи ўзингга маълум,
Бир умр яшаб ҳам олмагай таълим.
Отадан сўнг турар ахир муаллим,
Мени устозимдан айирма, Худо.

Сирожиддин Саййид

Каналга уланиш👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFiMaw-QXpGzcw7f5g
ВАТАН МЕҲРИ

Гар одамлар сӯрашса мендан:
Бу дунёда истагинг недир?
Не истайсан, амал ё шуҳрат,
Ё ҳисобсиз бойликми, билдир.
Лол бӯлмасдан берурман жавоб:
Булар менга асло керакмас.
Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.

1975
ОРЗУ
Орзуларинг жўшар қалбингда,
Орзу билан яшайсан ҳар он.
Кун келади орзунг ушалар,
Янги орзу бўлади меҳмон.
У кўкдаги Зуҳро сингари,
Жилва билан порлаб туради.
Тинчинг олиб, қалбга чўғ солиб,
Севгилингдай чорлаб туради
1975
ТИЛ ВА МИЛЛАТ МАҚОМИ
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

Бу дунёда миллат бўлса — давлат яшар,
Давлат бўлса — бу дунёда миллат яшар.
Давлатинг бор — миллатинг бор агар билсанг,
Миллатинг бор — давлатинг бор асрай билсанг.
Ёфас боболардан ёдгор хилқатимсан,
Она тилим, миллатимсан, давлатимсан.

Тошбитиклар пойин ўпган Энасойлар,
Сойларингда кокил ювган Момо ойлар.
Кўнглим аро уч минг йиллик авжларинг бор,
Уч минг йиллик жавлонларинг, мавжларинг бор.
Уч минг йиллик қоялардай қудратимсан,
Миллатимсан, она тилим, давлатимсан.

Оқ фотиҳа сўраб бордим қошларига,
Оқ тоғларим ўхшар бобом Кошғарийга.
Ким дунёга келиб фақат дунё бузган,
Боболарим менинг сўздан дунё тузган.
Дунёларга далолатим, тилхатимсан,
Она тилим, тожу тахтим, давлатимсан.

Ҳеч бир авлод ўзи шундай бино бўлмас,
Ўз-ўзидан Беруний ё Сино бўлмас.
Ер юзига ҳикмат экдинг аробийда,
Қанча илму урфон бордир Форобийда.
Жаҳолатга қарши мангу даъватимсан,
Миллатимсан, она тилим, давлатимсан.

Сўз мулкида султонликни бола шерга —
Лутфий бўлиб лутф этган зот Алишерга.
Самарқандсан — буюкларга бешик бўлган,
Маънавият дунёсига эшик бўлган.
Олам аҳли аро ҳамон ҳайратимсан,
Она тилим, миллатимсан, давлатимсан.

Бобур Мирзо соғинган ул қовунлардай,
Қолиб кетдинг не-не довул қуюнларда.
“Бобурнома”нг жабрноманг бўлди сенинг,
Ҳар номанг бир сабрноманг бўлди сенинг.
Авлодларга мангу мерос дастхатимсан,
Миллатимсан, она тилим, давлатимсан.

Ёддан чиқмас Қодирий ҳам Чўлпонларинг,
Жонлар бериб тўлаб кетган ўлпонларинг.
Адабиёт яшаса гар — миллат яшар,
Миллат яшар — Адабиёт яшаса гар.
Авлонийсан, Беҳбудийсан, Фитратимсан,
Давлатимсан, она тилим, миллатимсан.

Янги давру давронимсан десам ҳақдир,
Бир юз ўттиз тўрт миллатга ўзинг тақдир.
Янграб кетди томирларим, жону дилим,
Олам узра янграганда она тилим.
Миллатларни бирлаштирган миллатимсан,
Давлатимсан, она тилим, давлатимсан.

Ҳар қизинг, ҳар болангни мен болам дедим,
Болам дедим, бағримдаги лолам дедим.
Ай боламай, қанду асал тилларингдан,
Тилларингдан айланайин, тилларингдан!
Бу дунёда қолар меҳру шафқатимсан,
Давлатимсан, она тилим, миллатимсан.

Давру замон шиддатлидир — ортга қайтмас,
Инсон умри меҳнатлидир — сайру гаштмас.
Ватан ватан бўлгайму биз жон чекмасак,
Жондан кечиб, заҳматин ҳар он чекмасак.
Янги азму шижоатим, шиддатимсан,
Давлатимсан, она тилим, миллатимсан.

Тасанно деб ёзган эдим, яна ёзай,
Ёниб ёзай, кеча-кундуз ёниб ёзай:
Шавкатли эл бу дунёда давлатлидир,
Давлатли эл олам аро шавкатлидир.
Олам узра юксак шаъну шавкатимсан,
Давлатимсан, она тилим, давлатимсан. https://t.me/sirojiddinsayyid