Сирожиддин Саййид шеърлари
618 subscribers
79 photos
22 videos
2 files
28 links
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид - тафаккурининг янгилиги, теранлиги, руҳият шоири эканлиги билан эътиборга сазовордир.
Download Telegram
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

ВАТАННИ АНГЛАШ

Шабнам-шабнам тонгларда
жайронларга айланган,
Онанг сувлар сепганда
райҳонларга айланган,
Бир кечада соғинчинг
осмонларга айланган,
Соғинчларингдай зангор
осмонлари Ватандир.
Дерлар ҳусну малоҳат
вафо қилмас, арир у.
Сен ёр десанг, тушдаги
Лайлоларга арзир у,
Ҳарирдан ҳам ҳариру
паридан ҳам парирў,
Сойларга соя солган
мижгонлари Ватандир.
Бешикларда ўйнаган
оппоқ-оппоқ қўлчалар,
Кўзмунчоққа сўйлаган
кўзмунчоқдай кўзчалар,
Очилган гул-ғунчалар,
қанду асал кулчалар,
Момоларинг тўй қилган
айвонлари Ватандир.
Отанг солган уйлар бу —
синчлари — бардошларга,
Токлари ўхшаб кетар
мўйсафид элдошларга,
Томлар узра чўзилиб
кўклар, ой, қуёшларга
Узум узатиб турган
нарвонлари Ватандир.
Бир йигитга оламда
ҳам ёру ҳам ор керак,
Номуси баланд эрга
на сўз, на гуфтор керак,
Фарзандлари улғайса
шерюрак, арслонюрак,
Элнинг ҳар они, давру
давронлари Ватандир.
Оллоҳ ўзи буғдойинг —
тиллоларга еткизгай,
Қабоғингнинг остидан
балоларни кеткизгай.
Оқсарою Кўксарой
дунёларга еткизгай,
Ор-номусдан яралган
қўрғонлари Ватандир.
Фахрия

ЙЎЛБОШЧИ

Раҳнамосин танлаган эл бундан буён хор бўлмас,
Кўзларига икки дунё қафасдайин тор бўлмас.
Огоҳ бўлди бутун олам, огоҳ бўлди бутун халқ,
Эй қалб, сен ҳам шу халқ билан ғурурлангин, шодлан, балқ.
Кўксим тўла бўғзимгача боболарнинг армони —
Замон бўлди, эй ёронлар, эврилишлар замони.

Эй мамлакат, эй мамлакат, эй мамлакат, эй миллат,
Кўрганмисан ҳеч бир замон бундай қудрат ва шиддат.
Эй, ота юрт, она Ватан, бу юлдузли онларинг —
Олам аҳлин қаратолган шавкатларинг, шонларинг.
Ўзбек номи чулғаб олди бир фаслда дунёни,
Замон бўлди, эй ёронлар, шаъну шавкат замони.

Минг-минг кузатувчи келмиш ҳар иқлим, ҳар томондан,
Бири Русиядан бўлса, яна бири Олмондан.
Ҳайрон бўлма Юра дўстим, ҳайрон бўлма сен ҳам Ганс:
Бу — Учинчи Ренессансдир, бу — Учинчи Ренессанс.
Кезинг, кўринг янги кўрку янги нашъу намони,
Замон бўлди, эй ёронлар, бу Уйғониш замони.

Миллий боғ бу, яъни ўзбек миллатининг боғидир,
Адабиёт шу миллатнинг уйғоқ юрак-бағридир.
Беҳбудий ҳам ҳозиргина дарсдан туриб келгандай,
Давраларга гўё ҳозир Чўлпон кириб келгандай.
Бор эдими шу пайтгача “Адиблар хиёбони”?
Замон бўлди, эй ёронлар, Адабиёт замони.

Марказий бу Осиёнинг алпларин бедор этиб,
Қанча халқу эл-улуснинг қалбларин бедор этиб.
Қондош, жондош элатларнинг низосин тўхтатолган,
Кўнгилларга меҳру шафқат ҳам умид уйғотолган.
Бағри кенгу меҳр тўла уйлари ҳам айвони,
Замон бўлди, эй ёронлар, меҳру шафқат замони.

Бешикдаги боланггача толеи белгиланган,
Ўйларинг ҳам фикру онгинг бутунлай янгиланган.
Қизларингнинг ёноқлари нақш олмадай қирмизий,
Ҳар боланг бир Бухорийдир, ҳар ўғлинг бир Термизий.
Сенга бўлсин боболарнинг маърифати, ирфони,
Замон бўлди, эй ёронлар, илму ҳикмат замони.

Опамдирсан, синглимдирсан, ёримдирсан, қизимсан,
Сен Тўмарис момолардан менинг қолар изимсан.
Элу юртда равнақ бўлсин, турмуш бўлсин фаровон,
Юрт эгаси омон бўлсин, дуо айланг онажон.
Дуо толе калитидир — элнинг балогардони,
Замон бўлди, эй ёронлар, қадрдонлар замони.

Янги Ўзбекистон бугун уйғоқ Ўзбекистондир,
Олам узра янгроқ номи порлоқ Ўзбекистондир.
Бул Ватаннинг Меъморидир — бедорларнинг бедори,
Бедорларнинг бедоридир — бул Ватаннинг Меъмори.
Дунё тургунча турсин то яшнаб давру даврони,
Замон бўлди, эй ёронлар, боғу бўстон замони.
Замон бўлди, эй ёронлар, Ўзбекистон замони.

Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон халқ шоири

https://t.me/sirojiddinsayyid
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
ТАЛАБАЛИК ОЧЛИК ДАВРИМ
Сирожиддин Саййид

Уч кундир оч яшайман
Термулиб қотган нонга.
Чўнтакнинг ҳам “қорни оч”,
Мадад беролмас менга.

Девордан жилмаяди
“Олтин талабалигим”.
Қарайман, хўрсинаман,
Хўрсиниб қўяр қорним.

Стипендиянинг “қотили”
Ана, қирқ сўмлик туфли,
Бақрайганча қарайди
Менга даҳлиздан туриб.

Ял-ял ёниб курсдош қиз
— Кинога, — дейди, — юринг!
Кинога бало борми,
Қорни тўқ-да, аблаҳнинг!

Отам берган пулларнинг
Китоб олдим барига.
Кулбам мени сир тутар,
Яширгандай бағрига.

Суратимга қарайман,
Бир нарса деб бўлмайди.
Китоб — дўстдир, валекин
Китобни еб бўлмайди.

Таниш шоир келади,
Кўзойнаги ялтирар.
Баччағарнинг қорни оч,
Мени ғам босар баттар.

У ҳам кириб ўлтирар,
Англагандай ноламни.
Тор кулбада шеър ўқиб,
Сайр этгаймиз оламни.

Шеърият қанотида
Тоғлар, сойлар кечамиз.
Қотган нонни бўктириб,
Бирга чойлар ичамиз.

...Ярим тун, қўзғалару
— Яхши қол, — деб жўнайди.
Кўзойнаги ялтирар,
Осмон юлдуз ўйнайди.

Ўша кеча, тор ҳужра,
Фақиргина кўйлакда,
Шоирлик, талабалик
Тутинди ака-ука......
ХОЛУ ХАТИНГ ХАЁЛИДИН,
ЭЙ САРВИ ГУЛЪУЗОР

Мир Алишер Навоий ғазалига мухаммас

Қошу кўзинг саволидин дил ичра оҳу зор,
Зулфи кажинг шамолидин бағрим аро баҳор,
Белу қўлинг висолидин йўқ менда бир қарор,
Холу хатинг хаёлидин, эй сарви гулъузор,
Гоҳи кўзумга хол тушубтур, гаҳи ғубор.

Қотилларингки айламиш жону таним яро,
Минг булбул оҳи ёширин ҳар бир ярам аро,
Сочингмидур жаҳонга ё тушмиш қаро бало,
Юзингда хол сафҳада томғон киби қаро,
Холинг малоҳати туз* эрурким, қарода бор.

Лаб ғунчасида асраган болингни билмасанг,
Ҳолимни билмаган, эй гул, ҳолингни билмасанг,
Кўнглим аро неча қилу қолингни* билмасанг,
Жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг,
Ўт шуъласида айла гумон бир ўчук шарор*.

Саволмидур самода ё қошинг ҳилолидур,
Ҳилолмидур ёки бори умрим саволидур?
Тонгнинг сабосиму ва ё сочинг шамолидур?
Билмон, кўнгулда холларингнинг хаёлидур,
Ё кипригинг тиконларин айлабсан устувор.

Жону таним ҳар лаҳза андуҳ бирла тўлмоғин,
Ҳар лаҳза зору нотовону маҳжур* ўлмоғин,
Дил очилиб ҳар лаҳзаю ҳар дамда сўлмоғин,
Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзум тийра бўлмоғин,
Билгай бировки, ёри эрур шўхи холдор.

Гулдан ясабмиш бош-оёқ кўшк бирла тахтини,
Хол бирла нуқта айламиш ё кимни бахтини?
Кўргил назокату ҳусну бу қадду бастини,
Машшотайи қазо* безамиш холу хаттини,
Беихтиёрликда борму манга ихтиёр?

Олам санамлари малоҳатингга ён берур,
Бир хол шунчаларму кўп оҳу фиғон берур,
Эй ёр, келиб ҳолимни кўр, рангим аён берур,
Мискин Навоий холи лабинг кўрса жон берур.
Боқсанг на бўлди сурати ҳолига, эй нигор.

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

1. Туз – рост, келишган. 2. Қилу қол (араб.) – гап-сўз. 3. Шарор (араб.)– учқун олов. 4. Маҳжур (араб.) – айрилиқ, ҳажр. 5.Машшотайи қазо (араб.) – пардозчи, оро берувчи. Бу ўринда Яратган маъносида.
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
#Абдулла_Орипов_таваллудининг_80_йиллигига

Бу йил Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабиёт мухлисларини шоир шеърларини ўқишга чорлайди. Чорловни Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бошлаб берди. Лойиҳада сиз ҳам иштирок этиб, устоз ижодкорнинг шеърларидан ўқинг ҳамда #Абдулла_Орипов_таваллудининг_80_йиллигига
ҳэштеги билан ижтимоий тармоқдаги саҳифангизга жойлаштиринг.
Худойим, шукрким, қошу кўз бердинг,
Яна тилларимга равон сўз бердинг.
Пушту паноҳ бердинг менга ўзингдан,
Яна ўз дилимдай содиқ дўст бердинг.
Бу дунё, у дунё -
Икки айри боғ,
Келиб кетгусимиз
Айлаб сайрибоғ.
ИЖОДИЙ УЧРАШУВ

Бугун Денов туманидаги 67-санаторий мактаб-интернатида Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳамда туман ҳокими Рустам Пардаев, шунингдек, маҳаллий шоир ва журналистлар иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ёшларимиз учун яратилган шарт-шароитлар ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги фикрларини айтиб ўтди. Сўнг ўз шеърларидан ўқиди.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилар ҳам ўз билимларини бадиий чиқишалари орқали намоён қилди.
Учрашув сўнггида ўқувчилар ва мактаб кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган китоблар совға қилинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Сайт I Телеграм I Фейсбук
Ўзингдан ўзингга назарлар қилгил,

Ўзингни енггину зафарлар қилгил.

Бир буюк сафардир асли ҳар кунинг,

Ўзингдан ўзингга сафарлар қилгил.
Демагил ичгали, егали келдинг,
Йўқлик ғуборига синггали келдинг,
Ҳар даминг ранж ила синов дунёга,
Эй инсон, ўзингни енггали келдинг.
Кўринган тоғларнинг қояларидир,
Ул ота-бобомнинг сояларидир.
Осмонга интилган баланд чўққилар
Эрк дея юксалган ғояларидир
Дилни ўзга юртга мойил кўрмадим,
Юртсиз бир муродни ҳосил кўрмадим.
Қанчалар уммону дарёлар кечдим,
Анҳор соҳилидай соҳил кўрмадим.
Ўтиб бормоқдадир тунларинг кам-кам,
Кам-кам ёниб битгай, ўчгайдир шам ҳам.
Умрни бир кеча хаёл қилсанг гар,
Тонг-ла кўзларингда пайдо бўлар нам.
Ҳар кимга дунёда қолар из берсин,
Неки толе берсин — изма-из берсин.
Сенга бир ой юзли ёри вафодор,
Яна ўн тўртталар ўғил-қиз берсин.
ВАТАН
Дил пораси, кўз қораси
сен ўзингдирсан,
Менинг кўнглим сен аслида,
сен кўзимдирсан.
Томиримда томир ёйган
илк сўзимдирсан,
Илк оғриғим, илк ёмғирим,
найсоним, Ватан.
Қир устида ёнбошлаган
бобом чайласи
Бу дунёда кимларнингдир
орзу-ҳаваси.
Димоғимда — юлдуз иси,
шабнамлар иси,
Момом экиб кетган кашнич,
райҳоним, Ватан.
Қулоқ солсам шивирлагай
ҳатто тошларинг,
Ою қуёш, камалаклар
кўзу қошларинг.
Бешигимни тебратгандир
қалдирғочларинг,
Ою қуёш кўрпа солган
айвоним, Ватан.
Бўронлари тулпорларга
тунлар ёл бўлган,
Бир ўғлони чинор, бири
мажнунтол бўлган.
Темурлари отдан тушмай
жаҳон лол бўлган,
Жаҳонларга тўлуғ
шоҳу султоним, Ватан.
Валилардан ибрат сўйлар
жулдур саҳролар,
Сўнди қанча салтанатлар,
қанча туғролар.
Мақбаралар айтсин лекин,
айтсин Зуҳролар:
Ер остидан суҳбат айлар
ҳануз Кубролар,
Термизийлар бедор ётган
қўрғоним, Ватан.
Не тонг эди — изғиринлар
заҳрини тотдинг,
Дастурхонда музтар қолди
қанду наботинг.
Шаҳидларнинг руҳларидир
ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур асли
адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам
Усмоним, Ватан.
Мен дунёни не деб айтай?
Бу бир кўҳна боғ,
Ўз билганин сайрар бунда
ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағирларинг
кўрмайин мен доғ,
Юлдузларга осмон бўлган
эй нурли тупроқ,
Осмонлари еру ери
осмоним, Ватан.
Сўқмоғингда мен бир эпкин
ё бир насимман,
Япроқ сенинг, хас бўлсам гар
сенинг хасингман.
Жайронларинг кўзларида
қолар сўзингман,
Менинг борим сен биландир,
йўғим сен билан,
Катта йўлга чиққан улуғ
карвоним, Ватан.
ОДАМ — ТЕЛЕФОН
(Ҳазил)
Биқинда — бир телефон,
Бўйнингда — бир телефон.
Бир телефон — киссангда,
Қўйнингда — бир телефон.

Қўлингда — қул телефон,
Ўйингда — пул телефон.
Сенга ҳамдамдир — кезсанг
Саҳрою чўл — телефон.

Қизингда — бир телефон,
Ўзингда — сир телефон.
Уйда неча жонинг бор —
Шунча телефонинг бор.

Қўймайди хушторларинг,
Дилбару дилдорларинг.
Баданларинг зириллар,
Телефонинг ириллар.

Камалакни кўрмайсан,
Капалакни кўрмайсан.
Тўхтаб туриб, майсага
Боқдингми бир лаҳзага?

Бир кун ўтсанг, эй одам,
Сенга ким тутар мотам?
Жанозангга нолонлар
Тўпланар телефонлар.

Зирқирайди биқининг —
Буйракдаги тошингми?
Телефонлар охири
Едиларку бошингни.
Маъракангда жам бўлиб
Ейдилар ҳам ошингни.

Кейин дўсту ёрларинг
Йиғлаб бардош, сабрингга,
Мармартош телефонни
Ўрнатишар қабрингга.