Сирожиддин Саййид шеърлари
625 subscribers
79 photos
22 videos
2 files
28 links
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид - тафаккурининг янгилиги, теранлиги, руҳият шоири эканлиги билан эътиборга сазовордир.
Download Telegram
Ўзингдан ўзингга назарлар қилгил,

Ўзингни енггину зафарлар қилгил.

Бир буюк сафардир асли ҳар кунинг,

Ўзингдан ўзингга сафарлар қилгил.
Демагил ичгали, егали келдинг,
Йўқлик ғуборига синггали келдинг,
Ҳар даминг ранж ила синов дунёга,
Эй инсон, ўзингни енггали келдинг.
Кўринган тоғларнинг қояларидир,
Ул ота-бобомнинг сояларидир.
Осмонга интилган баланд чўққилар
Эрк дея юксалган ғояларидир
Дилни ўзга юртга мойил кўрмадим,
Юртсиз бир муродни ҳосил кўрмадим.
Қанчалар уммону дарёлар кечдим,
Анҳор соҳилидай соҳил кўрмадим.
Ўтиб бормоқдадир тунларинг кам-кам,
Кам-кам ёниб битгай, ўчгайдир шам ҳам.
Умрни бир кеча хаёл қилсанг гар,
Тонг-ла кўзларингда пайдо бўлар нам.
Ҳар кимга дунёда қолар из берсин,
Неки толе берсин — изма-из берсин.
Сенга бир ой юзли ёри вафодор,
Яна ўн тўртталар ўғил-қиз берсин.
ВАТАН
Дил пораси, кўз қораси
сен ўзингдирсан,
Менинг кўнглим сен аслида,
сен кўзимдирсан.
Томиримда томир ёйган
илк сўзимдирсан,
Илк оғриғим, илк ёмғирим,
найсоним, Ватан.
Қир устида ёнбошлаган
бобом чайласи
Бу дунёда кимларнингдир
орзу-ҳаваси.
Димоғимда — юлдуз иси,
шабнамлар иси,
Момом экиб кетган кашнич,
райҳоним, Ватан.
Қулоқ солсам шивирлагай
ҳатто тошларинг,
Ою қуёш, камалаклар
кўзу қошларинг.
Бешигимни тебратгандир
қалдирғочларинг,
Ою қуёш кўрпа солган
айвоним, Ватан.
Бўронлари тулпорларга
тунлар ёл бўлган,
Бир ўғлони чинор, бири
мажнунтол бўлган.
Темурлари отдан тушмай
жаҳон лол бўлган,
Жаҳонларга тўлуғ
шоҳу султоним, Ватан.
Валилардан ибрат сўйлар
жулдур саҳролар,
Сўнди қанча салтанатлар,
қанча туғролар.
Мақбаралар айтсин лекин,
айтсин Зуҳролар:
Ер остидан суҳбат айлар
ҳануз Кубролар,
Термизийлар бедор ётган
қўрғоним, Ватан.
Не тонг эди — изғиринлар
заҳрини тотдинг,
Дастурхонда музтар қолди
қанду наботинг.
Шаҳидларнинг руҳларидир
ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур асли
адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам
Усмоним, Ватан.
Мен дунёни не деб айтай?
Бу бир кўҳна боғ,
Ўз билганин сайрар бунда
ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағирларинг
кўрмайин мен доғ,
Юлдузларга осмон бўлган
эй нурли тупроқ,
Осмонлари еру ери
осмоним, Ватан.
Сўқмоғингда мен бир эпкин
ё бир насимман,
Япроқ сенинг, хас бўлсам гар
сенинг хасингман.
Жайронларинг кўзларида
қолар сўзингман,
Менинг борим сен биландир,
йўғим сен билан,
Катта йўлга чиққан улуғ
карвоним, Ватан.
ОДАМ — ТЕЛЕФОН
(Ҳазил)
Биқинда — бир телефон,
Бўйнингда — бир телефон.
Бир телефон — киссангда,
Қўйнингда — бир телефон.

Қўлингда — қул телефон,
Ўйингда — пул телефон.
Сенга ҳамдамдир — кезсанг
Саҳрою чўл — телефон.

Қизингда — бир телефон,
Ўзингда — сир телефон.
Уйда неча жонинг бор —
Шунча телефонинг бор.

Қўймайди хушторларинг,
Дилбару дилдорларинг.
Баданларинг зириллар,
Телефонинг ириллар.

Камалакни кўрмайсан,
Капалакни кўрмайсан.
Тўхтаб туриб, майсага
Боқдингми бир лаҳзага?

Бир кун ўтсанг, эй одам,
Сенга ким тутар мотам?
Жанозангга нолонлар
Тўпланар телефонлар.

Зирқирайди биқининг —
Буйракдаги тошингми?
Телефонлар охири
Едиларку бошингни.
Маъракангда жам бўлиб
Ейдилар ҳам ошингни.

Кейин дўсту ёрларинг
Йиғлаб бардош, сабрингга,
Мармартош телефонни
Ўрнатишар қабрингга.
Ҳаммаси бу кўҳна оламга боғлиқ,
Боланг сенга, сен-чи, болангта боғлиқ.
Худодан не кутсанг, неки сўрасанг,
Кечалари қилган нолангга боғлиқ.
ВАТАН УЧУН, МИЛЛАТ УЧУН,
ХАЛҚ УЧУН!
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

Бу дунёда кураш кетар туну кун,
Ҳар қарич онг, ҳар бир қарич қалб учун.
Уйғон болам, энг бебаҳо бахт учун ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Жаҳолатнинг байроғи ҳам қорадир,
Инсон яшар ёруғлик барҳақ учун.
Ҳар ўғил-қиз, билсанг, жигарпорадир ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Ошу нон деб ном сотганлар, аё, сиз,
Ўйламангким рўзғорлари талх учун,
Кураш кетар тинимсиз ва аёвсиз ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Разолат тинч турмас ахир ҳеч қачон,
Отлангандай ҳар тонг ҳарбу зарб учун,
Ҳушёр бўлгил, бедор бўлгил, болажон ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Боболаринг хокин бориб суриштир,
Туғларию туғроларни кўр кучин:
Умрлари бошдан оёқ курашдир ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Маърифатдан нажот изла, иста ком,
Ўқиган ҳар бир китобинг бир устун,
Бир қўрғондир, мустаҳкам бир истеҳком ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Давр сендан шиддат кутар, жадал қил,
Ёш жонингга шунча таҳдид, хавф учун,
Умрингни ҳар онин жангу жадал бил ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Шу миллатнинг кўрки сенсан, нақши сен,
Жисму жонинг сафарбар эт, қалқ бутун.
Ёвузликка ўзинг тургин қарши сен ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

Элнинг шаъну шавкати ҳам зиёси
Сўнмас асло то бор экан бу очун.
То уйғоқдир ҳар бир кўзи қароси ‒
Ватан учун, миллат учун, халқ учун

https://t.me/sirojiddinsayyid
ОНАМНИНГ КУЛЧАЛАРИ
Келтирди тонг чоғи бир
сабо ва бир қуш хабар:
Очилмиш баҳорнинг илк
бойчечак — гулчалари.
Лекин мен учун энг зўр,
энг қувончли хушхабар —
Онамнинг кулчалари.
Онамнинг кулчалари.

Минг чақирим йўл босиб
келган совға-салом бу,
Меҳр билан бойланган
тўша-тугунчалари.
Ҳар бири қуёш янглиғ
чарақлаган олам бу —
Онамнинг кулчалари.
Онамнинг кулчалари.

Порлаб кетар рўзғорим,
ёришгай илиқ-илиқ
Кўнглимнинг музлаб ётган
энг тийра гўшалари.
Ҳар гал умид келтиргай,
келтиргайдир тириклик —
Онамнинг кулчалари.
Онамнинг кулчалари.

Айрилиқ, ҳижронларга
тўлуғ умрим мактаби,
Равшан тортгай унинг энг
зим-зиё кўчалари.
Қирқ йилким таскин бергай
энг тансиқ дийдор каби —
Онамнинг кулчалари.
Онамнинг кулчалари.

— Онангдан хабар олгил,
Сирож сен тез-тез бориб…
Фироқлардан кичрайган
жуссаси, қўлчалари,
Сизни кўзига суртгай
устоз Абдулла Ориф,
Онамнинг кулчалари.
Онамнинг кулчалари.

Қисматимдан шодману
аммо Вақтдан хафаман,
Юзимга урилганда
кўкламнинг дўлчалари,
Сизнинг наздингизда лек
мен ҳамон талабаман,
Онамнинг кулчалари.
Онамнинг кулчалари.

Умр бер ҳам соғлик бер,
нур бергил кўзларига,
Худойим, бир аёлга
дард, заҳмат шунчаларми?
Меҳру соғинч бобида
ўхшайди ўзларига —
Онамнинг кулчалари.
Онамнинг кулчалари.

https://t.me/sirojiddinsayyid
АЗИЗИМ
Сирожиддин Саййид

Магар уйқуда юзунг кўргай эрдим,
Bале ҳажрингда кўздин учти уйқу...
З.М.Б.

Тун шамоли эсмокда. Юлдузлар жимир-жимир,
Дарахтларнинг сояси чайқалар шитир-шитир.
Дунёда армон ҳам кўп, валекин ором ҳам бор,
Ойнамизни япроқлар аллалар шивир-шивир.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Ой ҳам ботиб бормоқда. Тун ярмидан оғмоқда,
Сомон йўлидан нурли елпиғичлар оқмоқда.
Дунёда ҳижрон ҳам кўп, вале дийдор ҳам бордир,
Ойнамиздан эгилиб фаришталар боқмоқда.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Ўкинмагил, дунёда ким бу туйғуга етган,
Ким бу туйғуга етган - дарду қайғуга етган.
Ором олар бор олам. Сен ҳам тинчлан бир нафас,
Мену сендай дунёда ким бу уйқуга етган?
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Менинг туну кунларим кўзларингдан киприкзор,
Сен менга интизору мен ҳам сенга интизор.
Уйқумда ҳам ўнгимда сезгум қарашларингни,
Уйқумда ҳам ўнгингда зор-зор қарашларим бор.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Биз кўнгилдан тикладик бу кўшку тахтимизни,
Шабнамларга чайганмиз ишқимиз, аҳдимизни.
Бир умр бедорликдан васли саодат излаб,
Эҳтимол рўёлардан топгаймиз бахтимизни.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Ҳаммаси изга тушар. Бир гап бўлар эртага,
Қулоқ солгин, тинчланмиш ер усти ҳам ер таги.
Умримнинг афсуни ҳам афсонаси ўзингсан,
Сен бедор ҳаётимнинг гўзал, мунгли эртаги.
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим.

Бу дунёда икки зор онайизор бор доим,
Бири - сенинг адойинг, бири менинг адойим.
Икки онайизорким, умри зор, бедор ўтгай,
Дуоларин ижобат қилсин охир Худойим,
Вақт кеч бўлди, тун ярим, ухлаш керак, азизим,
Тушлар дунёсини ҳам йўқлаш керак, азизим. https://t.me/sirojiddinsayyid
ХУШХАБАР

Қиш охири, келди хабар:
Сурхонда бодом гуллади,
Ушбу хабардан ғам тўла
кўксимдаги жом гуллади.

Олам иморатдир азал,
одам иморатдир азал,
Бу кўҳна икки уй аро
девор билан том гуллади.

Хору хаси зар масканим,
эй сен, муаттар масканим,
Ҳар бир мозоринг ўйласам,
бу тонг неча ном гуллади.

Гулга тириклик гул учун,
инсон ҳаёти эл учун,
Шукрона айтгил, сен учун
такрор бу инъом гуллади.

Мен — ҳам баҳорнинг шоири,
мен — ҳам баҳорнинг мухбири,
Бир лаҳзада бир юрт аро
тарқаб бу пайғом гуллади.

Бодомгинам, жону дилим,
юртим менинг, кони гулим,
Термизда гар тонг гуллади,
Тошкентда оқшом гуллади.

Келди менинг ойчечагим,
балдоқлари бойчечагим,
Бўйнидаги холин силаб
ёр зулфида дом гуллади.

Бу хушхабарни шеър қилиб
айтиб югурсам шаҳр аро,
Ҳар бир гуландом гуллади,
ҳар бир дилором гуллади.

Сирожиддин Саййид
МИР АЛИШЕР

Тирикликнинг бонги Навоий,
Буюкликнинг ранги Навоий.

Бир ёришди зим-зиё олам,
Туркийларнинг тонги Навоий.

Беш асрлик рўёдир дунё,
Беш асрлик ўнги Навоий.

Бир уммонким, ибтидоси йўқ,
Йўқдир унинг сўнги — Навоий.

Ўтган сайин илдамлаб кетгай,
Борган сайин янги Навоий.

Ватан каби поёни йўқдир,
Ватан каби мангу Навоий.

Сирожиддин Саййид
Улуғ бобонг Навоийнинг
ётар жойи Ҳирот бўлгай,
Валекин билмасанг ул
зотни сен, оғир уёт бўлгай.

Сенга муҳтож эмас ҳазрат,
улуғ мақсад, улуғ меҳнат
Билан дил кўзларин очким,
ҳаётинг ҳам ҳаёт бўлгай.

Завол эрмас, камол келтир
она юртингга ҳар соат,
У сенга ҳам она, ҳам юрт,
сенга икки қанот бўлгай.

Нечун ёлқинланиб кезгай
бу тўфонзода тойчоқлар?
Улар фарзандларингга
Бойчибору ҳам Ғирот бўлгай.

Бу тупроқ узра инсон бор,
ва иймон — икки мансаб бор,
Агар жуздир ва ё қарлуқ,
ўғиз ё қўнғирот бўлгай.

Кетар жисминг муваққатдир,
Ватан — мангу муҳаббатдир,
Агар кимда муҳаббат йўқ,
жаҳонда номурод бўлгай.

Келибсан гар сурур келтир,
ҳавас бирлан ғурур келтир,
Ки сен кетсанг ҳам ортингдан
эл ичра ному ёд бўлгай.

Навоий назми — иймондир,
агарчи Сўзни сотгайсан,
Унинг бир сатри охир
таъби назмингга сирот бўлгай.

Менинг бу норавон шеърим
ёзилди бир ният бирлан,
Ёзилсин шеър ҳам токи
у шеърдан бир мурод бўлгай.

Сирожиддин Саййид

https://t.me/sirojiddinsayyid
Ҳиндистонлик сартарош ўз иш жойида телевизор ўрнатиш ўрнига, ўз навбатини кутаётган мижозлар учун кичик бир кутубхона ташкил қилди ва "Китоб ўқиган инсонларга 30% чегирма бор" деб ёзиб қўйди.

Инсонлар ўзгариши учун ҳамма нарсани ҳокимят қилиши шарт эмас. Сиз ҳам кичик ҳаракатингиз орқали инсонлар онгини ривожига улкан ҳисса қўша оласиз
ТО НАВОИЙ БОР...

Биз Навоий боғининг боғбонимиз,
Боғбондирмиз, вале меҳмонимиз.

Бул — «Насойим ул муҳаббат» боғидир,
Беш асрким биз бу боғ ҳайронимиз.

Қанча меҳмон ўтди, лек мезбон ўшал,
Барча меҳмон ичра биз нодонимиз.

Мир Низомиддин Алишер, яъниким
Сўз аро осмонимиз, уммонимиз.

Тил — «Хазойин ул маоний»дан келур,
Бошланур шундан адаб карвонимиз.

Паст эрурмиз билмасак ул зотни гар,
Қанча юксалган билан қўрғонимиз.

Не хавотир ичра эл шоирлари,
Гар савол этгай букун султонимиз.

То Навоий бор — муҳаббат дилдадир,
Сўлмагай ҳаргиз кўнгил бўстонимиз.

Шул исмдан юрт аро юз минг умид,
Шул исмдан нурланур давронимиз.

Қадр этайлик нону туздай ҳар сўзин,
То ризо бўлгай улуг мезбонимиз.
СИРОЖИДДИН САЙЙИД

https://t.me/sirojiddinsayyid
НАВОИЙ ТУҒИЛГАН КУН
Ҳар кўнгил ишқ ичра пок
тийнат бўлар кундир бу кун,

Битта сўз олам аро зийнат
бўлар кундир бу кун.

Тийра дунёга зиё сочгай
мунаввар бир исм,

Бир исмдан бир улус
миллат бўлар кундир бу кун.

СИРОЖИДДИН САЙЙИД

https://t.me/sirojiddinsayyid
Навоий сенга ҳар бир тун керак бўлгай,
Агар шодсан ва ё маҳзун – керак бўлгай.

Агар ошиқ эрурсан – лолазорингдир,
Агар Лайлосану Мажнун – керак бўлгай.

Агар уммон билан суҳбат қурай дерсан,
Агар ўзни десанг Жайҳун – керак бўлгай.

Билай дерсан надир кўнгил биноси ҳам
Надир одам, надир очун – керак бўлгай.

Навоий осмондир, осмонийдир,
У гардун узрадир гардун – керак бўлгай.

Сенинг бу оламинг – фисқу фасод бирлан,
У бир оламдурур гулгун – керак бўлгай.

Навоийнинг Ватан янглиғ қиёси йўқ,
Ватан янглиғ сенга ҳар кун керак бўлгай.

9.02.2021 й.