Сирожиддин Саййид шеърлари
623 subscribers
79 photos
22 videos
2 files
28 links
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид - тафаккурининг янгилиги, теранлиги, руҳият шоири эканлиги билан эътиборга сазовордир.
Download Telegram
ВАТАН МЕҲРИ

Гар одамлар сўрашса мендан:
Бу дунёда истагинг недир?
Не истайсан, амал ë шуҳрат,
Ё ҳисобсиз бойликми, билдир.
Лол бўлмасдан берурман жавоб:
Булар менга асло керакмас.
Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.
БОЛАЛИК

Бир шаҳрим бор эди менинг, дўстларим,
Шаҳримнинг бор эди тиниқ осмони,
Тиниқ осмонида қолди кўзларим,
Кўзларимда қолди маъюс армоним.

Дўстларим, бир шаҳрим бор эди менинг,
Шаҳримнинг чанг эди кўча-кўйлари.
Кўча-кўйларида ўшал шаҳримнинг
Қайтмас бир фаслнинг қолди бўйлари.

Дўстларим, бор эди менинг бир шаҳрим,
Бир парча ўтлоғи бор эди - яшил.
Бир парча ўтлоғи ичра бир даврим,
Яшил даврим қолди, дўстларим, ахир!

Чўкиб кетаëтган менмасмидим у
Ким олиб чиқарди мени дарёдан?
Бир дарём бор эди, дўстлар, қани у?
Дўстлар, мен топмадим уни дунёдан.

Менинг бир дарахтим бор эди, дўстлар,
Хазонлар қоплабди теграларини.
Кўзёшга қоришиб етилган сўзлар,
Дўстлар, у дарахтнинг меваларими?

1976
БОЛАЛИК ҚАЙТМАДИ

Тескарига оққан дарёлар қайтди,
Тоғларда йўқолган садолар қайтди,
Мени излаб кетган нидолар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Сомонлар янчилмай қолган куз пайти
Адирлар заъфарон алвидо айтди.
Мени олиб кетган подалар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Бу кўча, бу ҳовли, бу уй, бу тандир
Бир кун сесканади, сассиз сиқтайдир:
Ўн йил ғойиб бўлган олапар қайтди!
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Қолдириб кетдимми уни даштларга?
Ёки топширдимми шиддат, шаштларга?
Бўзлаб чорласам-да, битиб хатларга
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Қалдирғочлар қайтди. Тойлар от бўлди.
Юртнинг тоғу тоши менга ёд бўлди,
«Уҳ» деганим менинг хотирот бўлди,
Болалик қайтмади. Қайтмади…
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Амрулло Нарзуллоев (Жонли ижро) Сирожиддин Саййид шеъри
Келдингу дунёга йўқот, излагил,
Бир ҳалол инсонни фақат излагил.
Мунофиқ, риёкор жонзотлар аро,
Овқат изламагил, тоқат излагил.
Бу дунёдан ҳеч кимса
бус-бутун чиққан эмас,
Одамзотдан тоғ чиққан,
бир устун чиққан эмас.
Кўнгли эгри каслардан
тўғри зотлар чиқмагай,
Қийшиқ мўридан ҳеч вақт
рост тутун чиққан эмас.
Live stream scheduled for
ДИЛ ФАРРОШЛАРИ
Сиз яшайсиз – ҳар кун тўю байрамлар,
Тилим сўзда, қўлим созда бўлсин деб.
Биз ишлаймиз – бу Ватан, бу одамлар,
Бу кўнгиллар озрок тоза бўлсин деб.
ВАТАН ДЕСАМ…
Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш.
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Тирикликнинг заҳматлари, тақдирлари,
Ҳаётининг бор ҳикмат ҳам тадбирлари,
Эй, онамнинг тупроққина тандирлари,
Иситгансиз жонларини, жонларини.

Ким Ватанни зар тўнига енг этмишдир,
Ким бағрини осмонлардай кенг этмишдир.
Яратганнинг ўзи бугун тенг этмишдир
Асрларга онларини, онларини.

Бир суворий келмоқдадир - Бобурми ё?
Ҳиротми ё, Ҳиндистонми ёки Кўнё,
Кўриб келди, бундан сўнг ҳам кўрсин дунё
Султонлари, хонларини, хонларини.

Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш,
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Нечун ўтмоқ ҳасад экиб умрларга,
Дилни ўраб ғараз, риё — кўмирларга?
Ҳавас қилиб яшанг улуғ Темурларга,
Эл билгайдир шонларини, шонларини.
“Дўстлик учун улуғ ишга қўл урсанг...”

Биз шиддатли ва серсинов йилларни бошдан кечирмоқдамиз. Кечирмоқдамиз деган сўзнинг ўзигина эмас, биз шу шиддатлар, сертаҳлика ва беором дунёнинг барча тошқинларию, қувончу ташвишларини ўзимиздан, ўз юрагимизу жон-томиримиздан ўтказиб, эзгу мақсадлар сари дадил қадам ташламоқдамиз. Албатта, йўл-манзил сари интилиш осон бўлмаяпти. Дунёда...
Айвонимизга ин қуриб, полапон очган қалдирғочларни, тандиримизда қизараётган нонларни ҳам, ҳатто шу оддий инсоний турмушимизнинг тинч тириклик тимсолларини ҳам кўролмайдиган, ичи куядиган кучлар бор экан-да!.. Одамга одам ҳасад қилиши, инсонга инсоннинг ичи қоралиги, афсуски, бор гап. Бироқ, дўстлик метиндай мустаҳамкам бўлса, жондошлик-қондошликнинг томирлари асрлар қаъридан чатишиб, чирмашиб теран кетган бўлса – бу дўстлик, бу туғишганликни ҳеч қандай куч емиролмаслиги аниқ.
Шу боисдан давлатимиз раҳбари: “Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман!” дея катта фахр ва ифтихор билан ўз меҳр ва эҳтиромини билдирар экан, энг аввало сарчашмалари қадимият маъданларидан бошлангувчи ана шу жондошликни назарда тутгани бежиз эмас. Бу жондошликни бугунги кунларимиз кўзгусига солиб кўрадиган бўлсак, кейинги тўрт-беш йиллик сершиддат ислоҳотлар замонида амалга оширилган ишларнинг кўлами, маҳобатию салмоғидан ақл шошилиб қолади. Президентнинг, биргина Мўйноқдаги ўзгаришларни иқтибос келтириб, айтган гаплари, таъбир жоиз бўлса агар, қорақалпоқ элининг, қорақалпоқ зафарномасининг зарварақларига арзигулик: “Кимки бизнинг ислоҳотларга шубҳа билан қараса, келиб бугунги Мўйноқни кўрсин!.” Ёки: “Маданият – Мўйноқдан бошланади.”
Наинки маданият, муҳташам Қорақалпоқ адабиёти, унинг йирик намояндалари, марҳум устозлар ёди, ёш ижодкорлар тақдири – келажаги ҳар доим Президентнинг диққат-марказида, эътибор ва назарида бўлиб келмоқда. Қорақалпоқ адабиётининг Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Ибройим Юсупов сингари шоирларидан, адибларидан ҳамиша кўркам иқтибослар билан ўз нутқини зийнатлаши ҳам гўзал бир ҳурмат ва эҳтиром белгисига айланган. Адабиёт ҳақида, адабий дўстлик – абадий дўстлик экани ҳақида гапирар эканмиз, пойтахтимизда Адиблар хиёбонини барпо этиш жараёнида, лойиҳа муҳокамаси пайтида ҳурматли Президентимиз бу маъвода қорақалпоқ адабиётининг йирик намояндалари ҳам мақомига яраша ўз муносиб жойини эгаллашга алоҳида эътибор қаратганини айтиб ўтмоқ жоиз. Шу эҳтиром туфайли, шу эътибор натижаси ўлароқ, кўркам Адиблар хиёбонида Бердақ бобо, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов сингари буюк зотларнинг ҳайкаллари қад ростлади. Бугун ушбу ёдгорлик мажмуалари атрофида ёш ижодкорлар – ўзбек – қорақалпоқ ёшлари адабиётдан сабоқ олмоқдалар. Нукус шаҳрида Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ҳам ёш истеъдодлар билан гавжум. Бу адабиёт масканида улуғ халқнинг бўлажак Ажиниёзларию Бердақлари таълим олмоқдалар. Бердақ бобо айтиб кетган эканлар:
Дўстлик билан ҳар бир ишда шай турсанг,
Жон аямай эл-юрт учун иш қилсанг.
Дўстлик учун улуғ ишга қўл урсанг,
Шунда менинг кўнглим ўсар халқ учун.
Айтиш мумкинки, қорақалпоқ адабиёти – буюк адабиёт. Бу адабиёт айни пайтда Қорақалпоқ халқининг матонатномаси, зафарномаси ҳамдир. Улуғ устозларимиз бошлаб берган эзгу анъаналар бугун ҳам янги давру замонларнинг шарофати билан давом эттирилиб, амалда ривож топмоқда. Президентимиз эътибори билан, Ўзбекистонимизнинг шаҳар ва вилоятларида Қорақалпоқ адабиёти кунларини кенг кўламда ўтказиб бориш яхши анъанага айланаётир. Ҳозирга қадар Хоразм, Тошкент вилоятларида бу анжуманлар юксак кўтаринкилик билан ўтказилди. Адабиёт кунлари доирасида бўлиб ўтган учрашувлар, дийдорлашув ва мулоқотлар икки халқ, икки эл адабиётининг нақадар яқин ва қадрдон эканлигини яна бир карра исботлаб берди.
Амалий ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган бир-бир ярим йиллик қисқа муддатда Бердақ, Ибройим Юсупов, Кенесбой Каримов, Гулистон Матёқубова, Шарап Уснатдинов, Бахтиёр Генжамурод, Соғинбой Иброҳимов, Аллаёр Дарменов, Равож Ўтарбоев, Сарвиноз Мусатдинова сингари адибларнинг китоблари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маблағлари ҳисобидан чоп этилди. Нашрга тайёрланаётган китоблар, ёш қаламкашларнинг навбатдаги тўпламлари ҳам тез орада ўқувчилар қўлига етиб боради. Республика ёш ижодкорлар анжуманига қорақалпоқ ёшлари ҳам фаол қатнашиб келмоқдалар. Бу йилги семинаримизда уларнинг сафи янада кенгаяди.
Шунингдек, режага киритилган қорақалпоқ адабиётининг 16 жилдлик асарлари шу кеча кундузда нашр этилиш арафасида турибди. Туркий тилли давлатлар адабиётининг 100 жилдлик жамланмасида ҳам қорақалпоқ адабиёти вакилларига кенг ўрин берилган.
Ёш қаламкашлар сафида адабиёт йўналишида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган қорақалпоқ қизлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Кўркам қадду бастлари ўзларига ҳам, давру давронига ҳам ғоят ярашиб турган қорақалпоқ ўсмирлари орасида кўкси ярқираётган “Мард ўғлон”ларни кўриб, ҳавас қилмай иложингиз йўқ.
Бугун қурилаётган ҳар бир бино, бугун бунёд бўлаётган ҳар пойдевор, ҳар йўл, ҳар кўприк, ҳар боғу ҳар боғча – матонат манзили дея таръифланишга сазовор. Модомики икки элнинг орзу умидлари, оналар дуосию, фарзандлар камоли – эл тинчлик-осойишталигининг белгиси экан, шу қондошлик, шу дилдошлигу оғизбирчилигимиз доимо хавфу хатарлардан омон бўсин дегаймиз!..
Бу дунёда аҳилликдан зўр давлат йўқ,
Аҳил бўлсак, бийрон сўйлар тилларимиз.
Дўстлик билан обод эрур олам уйи,
Тинчлик билан яшнагайдир элларимиз.
Эзгуликни қуёш этиб олам аро
Асрларга кўприк бўлгай дилларимиз.

03.07.2022

Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон халқ шоири

https://t.me/sirojiddinsayyid
ИМОРАТ
Ҳар сўз - бир зуваладай,
Ҳар сўз - пишган лой қадар,
Дил қонидан сувалгай
Ҳар мисра, ҳар бир сатр.
Пишиқ чиқар ҳар бир ғишт,
Ҳар бир шеърнинг пахсаси -
Бўлса агар унда ишқ,
Бўлса юрак панжаси.
Дилу жондан иборат
Бўлгусидир гар китоб -
Емирилмас иморат
Бўлгусидир ҳар китоб.


Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон халқ шоири
ОҚ БИЛАН ҚОРА

Аввал ёзиб, кейин ўчир,
Ўчиргач сўнг – яна кўчир.
Ёзганингни ўчириб ёз,
Ўчиргач сўнг кўчириб ёз.
Сўзни жондан кечириб ëз,
Ўз қонингни ичириб ëз.
СОҒИНЧ

Болалик чоғларга қайтгил,
қайт, адир,
У мовий дамларни қайд қил,
қайд, адир.
Қайтмас онларимга мени
қайтаргил,
Болалик қайдадир, ёшлик
қайдадир?..
УМР
Умрнинг ярми нон топишга кетгай,
Ярми ном ва ё шон топишга кетгай.
Қолган ярми эса жон топшириш-чун,
Хаста жонга дармон топишга кетгай.
ТЎКИНЧИЛИК
Ошни яхши кўрар ижод аҳли ҳам.
Адабиёт дарчасидан мўралаган кўп.
Шоирлар олдида – ноз-неъмат бекам.
Китобу дафтардан кўра лаган кўп.
ИНСОН ҚАДРИ

Тирикликнинг ифоридай гуллар атри,
Булбул учун муқаддасдир бўстон қадри.
Булбул асло яшолмас ўз чаманисиз,
Инсон яшолмагай ҳаргиз Ватанисиз.
Яшнар экан токи давру замон қасри –
Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Сен эгилиб чигит экдинг, пахта тердинг,
Шунча молу дунёйингни кимга бердинг?
Юз йил меҳнат қилдинг, косанг оқармади,
Халқим, толе сенга ҳам бир боқармиди?
Келди энди чин деҳқону, боғбон қадри,
Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Миллатларни бирлаштирган ташкилотда
Сен ўзбекча сўйлар эдинг, Ўзбек ота.
Сен ўзбекча сўйлардинг – мен йиғлар эдим,
Уч юз етмиш томирим-ла тинглар эдим.
Баланд бўлди элда илму ирфон қадри,
Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Келажакнинг кўркам қасру уйларида,
Тўйларида, маҳалла ҳам кўйларида –
Эллар, халқлар бирлашиб байрам бўлади,
Бу давронлар ҳали дув-дув гап бўлади.
Ўзбек учун муқаддасдир меҳмон қадри –
Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Ўзинг қурдинг уч минг йиллик давлатингни,
Қадрига ет оринг, шаъну шавкатингни.
Бугун имон келтирди-ку рўйи жаҳон,
Ўзбекистон, ота макон, она макон.
Чин сарбонга қутлуғ бўлсин карвон қадри,
Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри,
Инсон қадри муқаддасдир, инсон қадри.

Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон халқ шоири
ИНСОН

Ё ғойиб ва ёким ҳозирдан тушар,
Ё пирдан ё ҳазрат Хизрдан тушар.
Инсон фақат бир бор тушар назарга,
Тушса фақат бир бор назардан тушар.
Райҳонлар баргидан сиёҳ олдим мен,
Ҳар хасдан руҳга бир гиёҳ олдим мен.
Юртнинг турна кўзли булоқларидан
Кўнгилга кўз олдим, нигоҳ олдим мен.
Дунёда энг азиз кўзу қошлардай,
Ҳар бир ҳовлинг менга қариндошлардай,
Кўнглимни минг бўлиб оламга сочсам,
Бунга қайтиб келгай қалдирғочлардай.