Сирожиддин Саййид шеърлари
623 subscribers
79 photos
22 videos
2 files
28 links
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид - тафаккурининг янгилиги, теранлиги, руҳият шоири эканлиги билан эътиборга сазовордир.
Download Telegram
НАВОИЙНИ ЎҚИШ

Ҳар бир калла,
Ҳар бир бош
Жаҳолатдан қўрқиши керак.
Ҳар бир бола,
Ҳар бир ёш
Навоийни ўқиши керак.

Ҳар бир ота,
Ҳар бир мўйсафид
Умр ҳикматларин кўрсатиб,
Нафс арқонларин қирқиши керак,
Фарзандлари, набирасига
Навоийни ўқиши керак.

Бир болага — бутун мамлакат,
Баъзан эса қирқ киши керак.
Бешиклардан тушиб болалар
Навоийни ўқиши керак.

Сиз дейсиз: Йўл топиши керак,
Уй қуриб, пул топиши керак,
Йўқ-йўқ, у ор қилиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Самарқанду Бухоро, Термиз
Тўйларида барчамиз жаммиз.
Бизлар ахир кимлардан каммиз?!
Элга олам олқиши керак,
Оламга тик боқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Берунийлар, ибн Синолар,
Улуғбеклар, Бобур Мирзолар
Қуриб кетмиш қандай бинолар!
Ёш кўнгиллар қалқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Ватан азал битта Ватандир,
У биз учун сўлмас чамандир.
Шул сабабдан бола чоғлардан,
Майса чоғлар, лола чоғлардан
Ўзни уриб, юлқиши керак,
Навоийни ўқиши керак,
Дилга недир юқиши керак!
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига келган афғонистонлик ўзбеклар билан эсдалик суратга тушдилар
ШОҲ БОБУР

Бунча узун оҳ тортдингиз, оҳ Бобур,
Муттаҳамлар дунёсида шоҳ Бобур.

Андижону Ҳинду — етти иқлимда
Топилмади Сизга бир додхоҳ, Бобур.

Оллоҳимнинг даргоҳлари кенг, лекин
Сиғдирмади Сизни бу даргоҳ, Бобур.

Кеча узун, манзил олис, йўл узоқ,
Сизга фақат ёлғиз ой ҳамроҳ, Бобур.

Нонкўр беклар, беоқибат мирзолар,
Кимлар Сизга қазмадилар чоҳ, Бобур.

Ғурбат бўлди охир тожу тахтингиз,
Подшоҳлар ҳам йиғларкан-да, воҳ Бобур!

Қисмат қаттиқ, алам бисёр, эл ғофил,
Бу дунёда борми бир дилхоҳ, Бобур?

Умри отда ўтган буюк мусофир,
Давлат надир асли, надир жоҳ, Бобур?

Шоирлиги шоҳлигидан улуғроқ,
Шоҳлиги ҳам шеъридай огоҳ, Бобур.

Алишербек дейсиз, назм султони,
Сиз ҳам шунда топдингиз паноҳ, Бобур.

Шамширингиз янглиғ Жайҳун ярқирар,
Кўкда моҳ ҳам Сизнинг мангу оҳ, Бобур.
Қор

Хайрлашган эдим эрта баҳорда,
Ёзда кўрган эдим уни сўнгги бор.
Отамнинг сочида эди ўшанда,
Бугун ер юзини қоплаб олган қор.

Қариб борар экан баҳор муттасил,
Иш ташлаша бошлар япроқлар ғиж-ғиж.
Қор ёғар устига қулар бир фасл.
Куз юрак чангаллар – тутади хуруж.

Уйғониб кетасан тонгда дафъатан,
Ғолиб бўлгандайин йиғлайсан жангда.
Сўнгра воз кечасан барча нафратдан,
Дунёни томоша қилиб оқ рангда.

Жўрабек ЖАҲОН
ХУШХАБАР

Қиш охири, келди хабар:
Сурхонда бодом гуллади,
Ушбу хабардан ғам тўла
кўксимдаги жом гуллади.

Олам иморатдир азал,
одам иморатдир азал,
Бу кўҳна икки уй аро
девор билан том гуллади.

Хору хаси зар масканим,
эй сен, муаттар масканим,
Ҳар бир мозоринг ўйласам,
бу тонг неча ном гуллади.

Гулга тириклик гул учун,
инсон ҳаёти эл учун,
Шукрона айтгил, сен учун
такрор бу инъом гуллади.

Мен — ҳам баҳорнинг шоири,
мен — ҳам баҳорнинг мухбири,
Бир лаҳзада бир юрт аро
тарқаб бу пайғом гуллади.

Бодомгинам, жону дилим,
юртим менинг, кони гулим,
Термизда гар тонг гуллади,
Тошкентда оқшом гуллади.

Келди менинг ойчечагим,
балдоқлари бойчечагим,
Бўйнидаги холин силаб
ёр зулфида дом гуллади.

Бу хушхабарни шеър қилиб
айтиб югурсам шаҳр аро,
Ҳар бир гуландом гуллади,
ҳар бир дилором гуллади.

2006.19.02.
БАҲОР КЕЛМИШ

Томингизда шивир-шивир, шитир-шитир,
Бу — баҳорнинг қадамларин товушидир.
Сўридаги пуч ёнғоқнинг пўчоқлари
Қай қарғанинг қолиб кетган ковушидир.
Ранглар кирар энди ғамгин ўйингизга,
Томингиздан баҳор келмиш уйингизга.

Ёмғир ювган юлдузлар ҳам қандоқ гўзал,
Ёрингизнинг кўзлари ҳам андоқ гўзал,
Қадрин билинг бу дамларнинг, қайтиб яна
Бундоқ фасл тополмайсиз, бундоқ гўзал.
Қаранг, баҳор келмиш ошиқ кўнглингизга,
Гул ўлчайди қараб қадду бўйингизга.

Эй, сен менинг шаҳарлик оқ турнагинам,
Ярим кун ҳам сен ёнимда турмадинг ҳам.
Қиш ўртаси ногоҳ баҳор келди десам,
Зулфларингнинг атри экан кейин билсам.
Мен жон берай исларингиз, бўйингизга,
Баҳор билан сенинг ифор тўйингизга.

Ҳижронларга тўлиқ шеърий дафтаримни
Сен варақлаб, шамол, мени ахтардингми?
Бир бойчечак, бир қаламқош қалдирғочга
Алмашдим мен бор алам, бор дардларимни.
Шеърларим-ай, армонларим ўзингизга,
Баҳор келмиш бугун кўча-кўйингизга.

Қандай ўғил бўлдим сизга, қандай жигар,
Мендан аввал баҳор сиздан олмиш хабар.
Майса бўлиб кўкариб ҳам, ота, яна
Менга таскин бермоқдасиз бу тонг саҳар.
Баҳор келмиш мангу сукут кўйингизга,
Ҳар бир майса ўхшар сўзу ўйингизга.

Баҳор келмиш, қутлуғ бўлсин ҳаммангизга!
Умр берсин бобонгиз ҳам момонгизга.
Баҳор ахир қанча шодлик, шукроналик
Келтиргуси холангиз ҳам аммангизга.
Қанча севинч гулдай қизу ўғлингизга,
Қанча қўзи олиб келар қўйингизга.

Кўклардаги тўлин-тўлин ойдай Ватан,
Осмон десам, тошқин-тошқин сойдай Ватан.
Ватан десам, кўз олдимга онам келган,
Онам десам, нигоҳимда пайдо Ватан,
Баҳор келмиш яна ризқу рўзингизга,
Доғ тушмасин ҳаргиз рангу рўйингизга.
Баҳор бу йил ажиб пинҳона келмиш,
Кўнгиллар розига ин, хона келмиш.

Келиб ёр зулфини райҳон этиблар,
Кейин — гул, сунбулу райҳона келмиш.

Чечаклар бирла етмиш давру даврон,
Саройу боғу дашт жавлона келмиш.

Назокат ичрадир олам, мисоли
Малика оқ кийиб султона келмиш.

Ҳилол чиқмиш бу кеч кўк сийнасидан,
Кўрингким, ул нечук шарқона келмиш.

Кетар дил бул кеча минг дилрабодан,
Келинлар ғўра еб туғёна келмиш.

Сенинг, эй лоларух, пинҳон хаёлинг,
Кўз ичра айланиб, мижгона келмиш.

Адирлар лола жомидан тутар май,
Табиат хуш бўлиб, риндона келмиш.

Ёронлар, бу — баҳор эрмас, билингким,
Тириклик номидан шукрона келмиш.
Сурхонни соғиниб

Ниҳоят, Тошкентда гуллади ўрик,
Ўртаб юборди-ку Сурхоним тафти.
Табиат бунчалар чиройли, кўҳлик,
Куртакдек очилди онамнинг кафти.

Укам қалдирғочга мактублар йўллаб,
Синглим ўсмаларнинг оромин бузди.
Турналар учмоқда бахтни опичлаб,
Қизим қитиқлади илк бор ялпизни.

Биласан, барибир яхши кўраман,
Ўрик гулларига бурканган шаҳар.
Оҳ, ҳар тун Сурхонга лим-лим тўламан!
Симириб қўяди қақраган саҳар.

Жўрабек ЖАҲОН
АЁЛ МАНЗУМАСИ

Бу диёрда ору номус,
шаъну шавкатдир аёл,
Меҳру шафқатдан яралган,
меҳру шафқатдир аёл.

Олам узра бир қуёш бор,
битта ой бордир, валек,
Ердаги нур — моҳитобон,
шамси талъатдир аёл.

Она сўзи юрт сўзи бирлан
нечун пайвастадир?
Бир улуғ элдир, Ватандир —
шунга сархатдир аёл.

Кўкдаги кунларни ҳам
чарчатгуси меҳнатлари,
Уч юз олтмиш томири
иш бирла заҳматдир аёл.

Жон десам жононадир,
жоним десам  жонимдадир,
Ул муҳаббат оламига
мангу даъватдир аёл.

Мен қошингизнинг қаросидан
дилимга хат олай,
Ваҳ, нечук нозик нафосат,
инжа санъатдир аёл!

Бу гўзал нозу адолар
ҳеч адолар қилмагай,
Қайта-қайта жон ато
этгувчи ҳайратдир аёл.

Умрингизнинг боғларига
файз берган ҳам ўшал,
Билсангиз Ҳақдин мукофот
ҳамда рағбатдир аёл.

Онажоним, Она юртим,
давлатинг кам бўлмагай,
Токи сен борсан жаҳонда
катта давлатдир аёл.
ОСТОНА ҚОЛДИ

(Сирожиддин Саййидга)

Сирож бу – ҳазрати Набий исмидур,
Пок номдан ҳар дилга нишона қолди...
Биз кетсак, мажзубу мастона кетдик,
Йиғлаб икки дарё гирёна қолди.

Ўсдик далалардан дараклар ёзиб,
Сўнг кетдик шеърият сиргоҳин кезиб,
Қуёш ипларига ўзларин осиб
Оқтерак, букри тол, туғдона қолди.

Ҳар тирик жон иши – карвонга қиёс,
Ҳар қайга қўнсанг ҳам, кетиш бор, холос,
Қолди Ашуржийлон, Кундаи Жувоз,
Бизга видо айтиб остона қолди.

Чапканди аталган у ёзлоқ работ
Беғубор сирларни сақлар пурсабот,
Юрт мутеъ бўлса ҳам, қалб эди озод,
Озод кўнгуллардан афсона қолди.

Жаҳон қолди шаъни олийлардан ҳам,
Султону фақиру ғанийлардан ҳам.
Неча минг набийлар, валийлардан ҳам
Кўҳна дунё деган ғамхона қолди.

Мулк учун яралган ҳукмдор зоти,
Сафарда тугади Темур ҳаёти...
Ҳиндистондан ўтиб соғинч фарёди,
Ҳазрати Бобурдан Фарғона қолди.

Оламда кўп ўтди шоҳу султонлар,
Худолик даъвосин қилган сарсонлар,
Кимдан ёдгор қолди обод маконлар,
Кимдан зулму фасод, вайрона қолди.

Синодан шифолар излайди ҳар ким,
Бу дардманд дунёга даво йўқ, балким,
Ажалнинг чорасин тополмай ҳаким,
Бухоро мулкида Афшона қолди.

Ҳақдан келган Сўзнинг инкори йўқдир,
Ўлим ҳақ, маҳшару тирилмоқ ҳақдир,
Ҳар ишда ҳақлигин кўрсатиб тақдир,
Яхшию ёмонга хилхона қолди.

Энди омон бўлсин онангиз, Сирож,
Оталар бор эди – бошимизда тож,
Оталар, бир она кетди, не илож,
Иккимизга ёлғиз бир она қолди...

МИРЗО КЕНЖАБЕК
30 октябрь, 2019 м.с. 1-Робиъул-авал, 1441, ҳ.с.чоршанба.

ИЗОҲ. Бу шеърни йиғлаб ёзганим ўқиган кишига билинса керак. Икки дарё – Қоратоғдарё ва Тўполондарё; иккиси қўшилиб, Сурхон дарёсини ташкил этади ва бориб Жанубий Сурхон сув омборига қуйилади. “Далалардан дараклар”: – иккимиз мактабда ўқиб юрган чоғларимизда “Сариосиё ҳақиқати” газетасида ана шу рукнда мақолаларимиз чоп бўлиб турар эди. Сирожиддин Саййид буни менинг китобларимга ёзган тақризларида эслаб ўтади. Туғдона – тошли тоғларда ўсадиган, барглари кўм-кўк, Хоразм гужумига ўхшаш мустаҳкам дарахт. Ашуржийлон – камина туғилган қишлоқнинг кўҳна номи. Кундаи Жувоз – Сирожиддиннинг ота макони. Чапканди – Сирожиддин туғилиб ўсган ҳовлидаги ёзлоқ айвон. Иккимиз талабалик замонларида у ерда кўп суҳбатлар қурганмиз. Хилхона – қабристонлардаги бир сулолага оид қабрлар мажмуи (асли “Хайли хона” – “Бир хонадон жамоаси” иборасидан олинган). Афшона – Бухоро вилоятидаги Ибн Сино туғилган қишлоқ. Бу шеър фикри Сирожиддиннинг муҳтарама онасини зиёрат қилиб, дуоларини олганимдан кейин кўнглимда туғилган.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

ЭЛДОШЛАРИМ, ДИЛДОШЛАРИМ

Олам яшолмагай кўклам, яшилликсиз,
Одам зоти ҳеч нарсадир аҳилликсиз.
Яшасайди разилликсиз, бахилликсиз –
Бир кам дунё бут бўларди тақчилликсиз.
Бу дунёда шундай юрт бор – Меҳрдиёр,
Одамлари яшолмайди яхшиликсиз.

Меҳрдиёр дедим, асли меҳри дарё,
Бир-бирига меҳру сеҳри дарё-дарё.
Шаҳарларим, қишлоқларим, дашту саҳро,
Оғамдирсиз, инимдирсиз, опам, синглим –
Номингизни тутиб бўлмас айро-айро.

Матонатни жонга жойлаб келган халқмиз,
Оғир кунни сабр билан енгган халқмиз.
Бир майизни қирққа бўлиб еган халқмиз,
Тарих гувоҳ, жамлаб илму маърифатни,
Пешонаси юлдузларга теккан халқмиз.

Таскин учун қамишдан ҳам куй чиқарган,
Хуш хабарнинг пешвозига қўй чиқарган.
Пок ниятдан қанча фикру ўй чиқарган:
Ўйлаб-ўйлаб, ҳажга йиққан пулига ҳам
Қақраб ётган қишлоғига сув чиқарган.

Элдошларим, дилдошларим, тилдошларим,
Ҳажга бормай ҳожи бўлган элдошларим,
Дилдошларим, тилдошларим, йўлдошларим,
Бу синовли кунлар ҳам тез ўтар-кетар,
Бу синовли йилда азиз йилдошларим.

Арбобдирсиз, вазирдирсиз савоб ишга,
Табибдирсиз, ҳабибдирсиз савоб ишга.
Ўз дардингиз, ташвишингиз ютиб ичга,
Кеча демай, кундуз демай эл-улус-чун
Сиз ҳозиру нозирдирсиз савоб ишга.

Эзгуликдан инсон умри фируз бўлгай,
Токи одам бир-бирига дилсўз бўлгай,
Оқ дастурхон тўшар ҳаёт – ризқ-рўз бўлгай,
Мир Алишер бобомиз лутф этган мисол –
Ҳар кунимиз Наврўз бўлгай, Наврўз бўлгай!

Олам аҳли билан букун дарддошдирмиз,
Дарддошдирмиз, демак бирмиз, қардошдирмиз,
Қардошдирмиз, демакким биз қалбдошдирмиз.
Қалбдошликдир бирдамликнинг бошланиши,
Бирдам бўлсак, бизлар буюк бардошдирмиз.

Меҳрда ҳам шавкатлисан, она юртим,
Битмас меҳру шафқатлисан, она юртим,
Эзгу шиор-даъватлисан, она юртим,
Меҳринг билан бағринг очиб, олам аро
Давлатлисан, давлатлисан, она юртим.
СОҲИБҚИРОН ҲАЙКАЛИ ЛАВҲИГА
Адолат доим шундай:
қад ростлаб тикилгайдир.
Ёмонлик азал-абад
тоқ бўлиб йиқилгайдир.
Адоват бирлан келса
энди ҳар қандайин куч,
Амир Темур ҳайкалига
қоқилиб йиқилгайдир.
ОҚСАРОЙ ДЕВОРИ ЛАВҲИГА
Гумбазлардан тикилгай
Темур бобо кўзлари,
Оқсарою Кўксарой
ул зотнинг иншосидир.
Шунчаки айтилмагай
подшоларнинг сўзлари,
Подшоларнинг сўзлари
сўзларнинг подшосидир.
​​АДИБЛАР ХИЁБОНИ

Навоийнинг баёти – жисму жоним, нафасим,
Байтларини ёд айтсам, ўйнар кўкрак қафасим,
Ўқирканман ортадир шу чаманга ҳавасим,
Адабиёт қутқаргай жаҳолатдан дунёни,
Нур ва зиё маскани Адиблар хиёбони.

Айтадирлар дунёда тоғлардан ҳам сўз оғир,
Қараб бўлмас, қалб бўлса, битта мунгли кўз оғир,
Маърифатдан холидир сенга ундай дўст оғир,
Адабиёт кўнгилга сингдиргай нур-зиёни,
Нур ва зиё маскани Адиблар хиёбони.

Ватандан дарс бергувчи бизда Бобур бобо бор,
Ёруғ маслак мужассам, кўп эзгу муддао бор,
Бошқаларни билмадим, бизда шундай дуо бор:
“Ўзинг асра, соғ бўлсин элнинг яхши-ёмони”,
Нур ва зиё маскани Адиблар хиёбони.

Фурқат ўтди фироқда, ўз юртидан йироқда,
Юртлар борки халқлари яшар қўрқув, титроқда,
Кўксимни бир ифтихор тўлдирмоқда шу чоғда,
Ерни бағримга босиб, қучгим келар самони,
Нур ва зиё маскани Адиблар хиёбони.

Бизга буюк ибратдир, улуғ мактаб, кетмас онг,
Бердақ, Беҳбудий, Чўлпон огоҳликдан урар бонг,
Огаҳий ғазалидай отаётир тиниқ тонг,
Табаррук, улуғ даргоҳ Адабиёт бўстони,
Нур ва зиё маскани Адиблар хиёбони.

Қодирий, Авлонийни зиёрат қилдим бориб,
Чорлар Эркин Воҳидов, устоз Абдулла Ориф,
Барчаси дорилфунун, ҳар бири бир маориф,
Ижод мактабларининг ортар шуҳрати-шони,
Нур ва зиё ма скани Адиблар хиёбони.

“Подшоларнинг сўзлари – сўзларнинг подшосидир”,
Юрт ғамхўри қурдирган мукаммал иншосидир,
Муҳташам, олиймақом биноларнинг бошидир,
Дунё ҳайрат ичра лол, сўз асрагай жаҳонни,
Нур ва зиё маскани Адиблар хиёбони.

Қанча китоб ўқисанг, шунча билиминг бойир,
Ёниб ўтди кўп адиб, ёниб ўтди кўп шоир,
Улар адабиётга, абадиятга доир,
Худо Ўзинг асрагин онам-Ўзбекистонни!
Нур ва зиё маскани Адиблар хиёбони.

Жўрабек Жаҳон,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир
​​ТЕЛЕВИЗОР БИЛАН СУҲБАТ

Ўша кун сўрида ўтиргандим мен,
“Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон” тинглаб.
Сен менинг ям-яшил болалигимга
Кирдинг ёлғизгина зангор кўз билан.
Кирдинг,
эгалладинг дарс столимни.
Дўмбиралар тинди.
Тинди замонлар.
Саллалар қаршингда лол қотди.
Боқди.
Соқолларда – чала достонлар!
Мени достонлардан жудо айладинг,
Бийрон сўйлар эди ўша кун тилинг:
Бола, тулпорларни нима қиласан,
Бола, ёнимга кел, мана мултфилм!..
Отини кишнатиб Авазхон кетди,
Ёлларида шамол – менинг кунларим.
Саллалар бирма-бир ғойиб бўлдилар,
Сен ҳамон тириксан –
порлар нурларинг.
Умрлар емрилар.
Қисматлар сўнар.
Хазон, хазон, хазон бўлади диллар!..
Сенинг ёлғиз кўзинг
сўнмас ҳеч қачон,
Сен тирик яшайсан ҳали минг йиллар!
Дарсларим чинқирди дафтарларимда,
Мени китоблардан айладинг жудо.
Мени тортиб олдинг осмонларимдан,
Бугун осмон бўлдинг,
Бугун сен – Худо!
Сенга термулади ҳиссиз гавдалар,
Сенга маҳлиёдир жонли халталар.
Болалар юзингга тупургай баъзан,
Мултфилм кўради катталар.
Бугун жаҳонларни айладинг ишғол,
Жаҳонгир!
Нурларинг бунча турланар.
...Ажаб одамлари бордир дунёнинг –
Хотинини қўйиб, сенга уйланар.

1983

Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири
200121_005
My Recording
Овозга айланган сўз

СОВҒА

Жанр – шеър
Муаллиф – Сирожиддин Саййид
Ўқиган – Раҳимбой
Жуманиёзов