🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
259 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:47
يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُوا نِعْمَتِيَ الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَنِّي فَضَّلْتُكُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ

Оят: Эй Исроил ўғиллари! Сизларни [кўплаган] неъматлар билан неъматлаганимни ва [авваллари] сизларга [кўп китоблар нозил қилиниб, бирин-кетин пайғамбарлар юборилиб турган вақтларда] оламлардан афзаллик бериб қўйганимни ёдга олинг.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:48.
وَاتَّقُوا يَوْمًا لَّا تَجْزِي نَفْسٌ عَن نَّفْسٍ شَيْئًا وَلَا يُقْبَلُ مِنْهَا شَفَاعَةٌ وَلَا يُؤْخَذُ مِنْهَا عَدْلٌ وَلَا هُمْ يُنصَرُونَ

Оят: [Шубҳасиз рўй берадиган қиёмат] кунидан қўрқингки, [у кунда] бир жон, бошқа жонни [ўрнига] ҳеч нарсани адо қила олмайди, ундан [яъни бир жондан, иккинчисига нисбатан] шафоат ҳам қабул қилинмайди, ундан тўлов ҳам олинмайди ва уларга [Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун, ҳеч қандай] ёрдам берилмайди.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало яна бир бора Исроил авлодига, уларга [аввалдан] кўрсатилган марҳаматлар ҳақида эслатди. Бу эслатма улар учун биратўла: ҳам мавъиза, ҳам огоҳлантириш, ҳам яхши ишларга чақиришдир. Шу билан бирга, Робб Таъало уларни қиёмат куни ҳақидаги хабар билан қўрқитдики, бу кунда ҳеч бир инсон, у пайғамбар бўладими, солиҳми, ёки Аллоҳнинг тақводор бандаларидан бир банда бўладими, атрофидагиларга бирон нарса билан ёрдам беришга қодир бўлмайди, агарчи улар унинг яқин қариндошлари, оға-инилари бўлса ҳам, зеро бу кунда инсонга ёрдам бера оладиган бирдан бир нарса бу, унинг қилиб ўтган эзгу амалларидир. У кунда инсонлар Аллоҳ Таъалонинг изнисиз бир-бирларини шафоат қила олмайдилар ва шафоат изни фақат Аллоҳнинг ризолигини истаганларгагина насиб этади. Аллоҳнинг ризолигига эса, солиҳ амалларни Аллоҳнинг юзини истаб, пайғамбарнинг кўрсатмаларига мувофиқ бажариш орқали эришиш мумкин. Гуноҳкор, осий бўлган кимсалар қиёмат куннинг азобидан тўлов билан қутулиб кета олмасликлари ҳақида Аллоҳ Таъало алоҳида таъкид билан хабар берди. Қуръоннинг бошқа бир оятида Аллоҳ Таъало дедики: «Унинг [Роббиларининг] чақириғига жавоб бермаган [кофиру, фожир]лар, агар [азобдан қутулиш учун] ердаги бор нарсаларни ва яна шунчасини фидья (тўлов) сифатида берсалар ҳам, уларга ёмон ҳисоб бордир. Уларнинг қарор топар жойлари жаҳаннамдир, нақадар ёмон жойдир у» (13:18).
[Жазо кунида] кофирлардан на фидья талаб қилинмайди ва на даҳшатли, аламли азобдан уларга ёрдам берилмайди. Бу оятда, одамлар [қиёмат куни] бир-бирларига мутлақо ёрдам бера олмасликлари ҳақида айтилган. Улар ўша кунда бир-бирларига фойда келтиришга, ёки ёмонликдан бир-бирларини халос қилишга умуман қодир бўлмайдилар. Бу дегани, фосиқ ва осий бўлган кимсаларга бирон одам ўз ташаббуси билан мададкор бўла олмайди. Шу билан бир қаторда, улардан шафоат, ёки тўлов қабул қилинмайди, демак, ёрдам беришга Қодир бўлган Зотга қилган нола-ю илтижолари уларга бирон наф келтирмас экан. Аллоҳ Таъало улардан тўловни қабул қилмаслик билан бирга, уларни шафоат қилишга ҳам изн бермайди. Бу дегани, бандалар ўз умидларини махлуқотлар билан боғламасликлари керак, зеро улар на ўзларига, ва на атрофтдагиларга манфаат етказа олмайдилар. Билъакс, барчалари Аллоҳга суянишлари керакки, У Зот уларга фойда келтиришга ҳам, зарардан сақлашга ҳам қодирдир. Улар ягона Роббиларига, Унга бирон нарсани шерик қилмасдан, ибодат қилсинлар ва ўз ибодатларида У Зотдан ёрдам беришини сўрасинлар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:49.
وَإِذْ نَجَّيْنَاكُم مِّنْ آلِ فِرْعَوْنَ يَسُومُونَكُمْ سُوءَ الْعَذَابِ يُذَبِّحُونَ أَبْنَاءَكُمْ وَيَسْتَحْيُونَ نِسَاءَكُمْ وَفِي ذَلِكُم بَلَاءٌ مِّن رَّبِّكُمْ عَظِيمٌ

Оят: [Ва яна сизга кўрсатилган марҳаматлар ичида] сизларни фиравн аҳли [унинг ўзи ва лашкари]дан қутқарганимизни эсланг. Улар сизни ёмон азобларга солар эдилар, ўғилларингизни [кўпчилигини] сўйиб, аёлларингизни [ўзларига чўри қилиб олиш учун] тирик қолдилар эдилар. Ва бунда сизлар учун Роббинглар томонидан катта синов бор эди.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:50.
وَإِذْ فَرَقْنَا بِكُمُ الْبَحْرَ فَأَنجَيْنَاكُمْ وَأَغْرَقْنَا آلَ فِرْعَوْنَ وَأَنتُمْ تَنظُرُونَ

Оят: [Ва ёдингизда бўлса, эсон-омон ўтиб олишингиз учун] денгизни иккига ёриб, сизларни [ғарқ бўлишдан ва фиравннинг қўлига тушиб қолишдан] қутқардик ва кўз ўнгингизда [ортингиздан қувиб келаётган] фиравнни лашкарини сувга чўктириб юбордик.

Тафсир: [Шу оятлардан бошлаб, Аллоҳ Таъало бани Исроилга кўрсатган марҳаматларини санаш [эслатиб ўтиш]га еиришди. Эй Исроил авлоди! Аллоҳ сизларни фиравндан, унинг аҳли ва унинг қўшинидан халос қилди. Улар бошингизга улкан кулфатлар, азобу изтиробларни солган эдилар. Наслингизни давом этишидан қўрқиб, қанчадан-қанча ўғилларингизни тириклайин сўйдилар, аёлларингизни эса [ўзларининг қабиҳ, нопок истаклари учун] тирик қолдирар эдилар. Сизлардан бир тоифангизни ўлим, ҳалокат кутса, бошқа тоифани хорлик ва оғир меҳнатга маҳкумлик кутар эди. Сизларга гўёки раҳм-шафқат қилиб, сизларни тирик қолдирар эдилар, сўнгра эса қул қилиб, аямая ишга солар эдилар. Ҳақиқатдан ҳам, бу сизлар учун буюк зиллат, хорлик бўлган, бироқ Аллоҳ Таъало сизларга энг соф марҳаматини кўрсатди ва сизларни бутунлай қуллик, асирликдан халос қилди. Токи бу манзарадан қалбларингиз таскин топиб, дилларингиз ором олсин учун, душманларингиз кўз ўнгингизда чўкиб, ҳалок қилиндилар. Албатта, бу нажотга эришиш, сизлар учун улкан бир яхшилик эдики, бунинг учун Аллоҳга шукрлар келтириб, У Зотнинг амр-фармонларига бўйсунишингиз шарт эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:50.
وَإِذْ فَرَقْنَا بِكُمُ الْبَحْرَ فَأَنجَيْنَاكُمْ وَأَغْرَقْنَا آلَ فِرْعَوْنَ وَأَنتُمْ تَنظُرُونَ

Оят: [Ва ёдингизда бўлса, эсон-омон ўтиб олишингиз учун] денгизни иккига ёриб, сизларни [ғарқ бўлишдан ва фиравннинг қўлига тушиб қолишдан] қутқардик ва кўз ўнгингизда [ортингиздан қувиб келаётган] фиравнни лашкарини сувга чўктириб юбордик.

Тафсир: [Шу оятлардан бошлаб, Аллоҳ Таъало бани Исроилга кўрсатган марҳаматларини санаш [эслатиб ўтиш]га киришди. Эй Исроил авлоди! Аллоҳ сизларни фиравндан, унинг аҳли ва унинг қўшинидан халос қилди. Улар бошингизга улкан кулфатлар, азобу изтиробларни солган эдилар. Наслингизни давом этишидан қўрқиб, қанчадан-қанча ўғилларингизни тириклайин сўйдилар, аёлларингизни эса [ўзларининг қабиҳ, нопок истаклари учун] тирик қолдирар эдилар. Сизлардан бир тоифангизни ўлим, ҳалокат кутса, бошқа тоифани хорлик ва оғир меҳнатга маҳкумлик кутар эди. Сизларга гўёки раҳм-шафқат қилиб, сизларни тирик қолдирар эдилар, сўнгра эса қул қилиб, аямай ишга солар эдилар. Ҳақиқатдан ҳам, бу сизлар учун буюк зиллат, хорлик бўлган, бироқ Аллоҳ Таъало сизларга энг соф марҳаматини кўрсатди ва сизларни бутунлай қуллик, асирликдан халос қилди. Токи бу манзарадан қалбларингиз таскин топиб, дилларингиз ором олиши учун, душманларингиз кўз ўнгингизда чўкиб, ҳалок қилиндилар. Албатта, бу нажотга эришиш, сизлар учун улкан бир яхшилик эдики, бунинг учун Аллоҳга шукрлар келтириб, У Зотнинг амр-фармонларига бўйсунишингиз шарт эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:51.
وَإِذْ وَاعَدْنَا مُوسَى أَرْبَعِينَ لَيْلَةً ثُمَّ اتَّخَذْتُمُ الْعِجْلَ مِن بَعْدِهِ وَأَنتُمْ ظَالِمُونَ

Оят: Ва [тавротни сизларга кўрсатма, ҳидоят қилиб бериш учун] Мусо билан қирқ кечага ваъдалашдик, сўнгра эса [Мусо кетиши билан], унинг ортидан нафсингизга золим бўлган ҳолингизда бузоқни [ўзингизга илоҳ қилиб] тутдингиз.

Тафсир: [Бани Исроил фиравнинг қувғинидан қочиб, денгиздан соғ-саломат ўтиб бўлганларидан кейин, бузоққа сиғиниш воқеаси юз берди. Бу иш шундай бошланганди: аввалига Исроил авлодлари Мусо (алайҳис-саломдан) илтимос қилиб, Роббиларидан уларга китоб келтиришини сўрадилар ва Роббилари уларга тавротни беришини ваъда қилиб, бунинг учун алоҳида бир жойни белгилаб берди. Бунинг учун Мусо (алайҳис-салом) ўттиз кун давомида рўза тутиб, уни яна ўн кун [рўза тутиш] билан якунлаши керак эди. Аммо, Мусо белгиланган ерга кетиши билан, унинг қавми сабрсизлик кўрсатиб, ўзларига олтиндан бузоқ ясаб олдилар, уни илоҳ деб эълон қилиб, унга сиғина бошладилар. Шу тариқа улар ширк ва куфрга тушиб қолишди. Ва шубҳасиз ширк — бу энг катта золимликдир]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:52.
ثُمَّ عَفَوْنَا عَنكُم مِّن بَعْدِ ذَلِكَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Оят: Шундан сўнг [Мусо қайтиб келганидан кейин тавбаларингизни қабул қилиш билан] сизларни афв этдикки, ажаб эмас [Аллоҳнинг марҳаматларига] шукр қилувчилардан бўлсангиз [ва куфрга қайтмасангиз].

https://t.me/tafsirassaadiy
2:53.

وَإِذْ آتَيْنَا مُوسَى الْكِتَابَ وَالْفُرْقَانَ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

Оят: Ва шоядки ҳидоят топгувчилардан бўлсангиз деб, Мусога китоб [таврот] ва фурқон [ҳақ билан ботилни фарқловчи оятлар]ни ато этган [неъматимизни ҳам ёдга олинг].

Тафсир: [Бу фарқловчи оятлар Мусо (алайҳис-салом)га нубувватини ҳақлигини тасдиқлаши учун берилган эди. Уларнинг “фурқон” деб аталишини сабаби, улар ҳақни ботилдан, тўғри йўлни, адашишликдан фарқлаши эди ва улар орқали, Аллоҳ Таъало ўз пайғамбари Мусони қувватладики, бани Исроил ҳидоят топсин ва тўғри йўлдан юрувчилардан бўлсин]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:54.
وَإِذْ قَالَ مُوسَى لِقَوْمِهِ يَا قَوْمِ إِنَّكُمْ ظَلَمْتُمْ أَنفُسَكُم بِاتِّخَاذِكُمُ الْعِجْلَ فَتُوبُوا إِلَى بَارِئِكُمْ فَاقْتُلُوا أَنفُسَكُمْ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ عِندَ بَارِئِكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ إِنَّهُ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ

Оят: [Вақтики] Мусо ўз қавмига [мурожаат қилиб] деди: “Эй қавмим, сизлар [олтин] бузоқни [ўзингизга илоҳ қилиб] тутишингиз билан жонларингизга зулм этдингиз. Бас, энди сизларни йўқдан бор қилиб яратган Зотга тавба қилинг, ўз-ўзларингизни ўлдиринг [яъни, тавба саҳиҳ бўлиши учун, бузоққа сиғинмаганлар, сиғинганларни ўлдирсинлар]. Бу сизлар учун [жаҳаннам азобидан кўра] Яратувчингизнинг наздида яхшироқдир.[Бас, қачонки бани Исроил қавмидан етмиш минг киши ўлдирилиб, бунга оят-аломатлар берилганидан кейин] Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилди, чунки У Зот тавбаларни (тез-тез, ҳамиша) қабул қилгувчи, раҳмли Зотдир”.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Мусо (алайҳиссаломни) қирқ кеча ва тавротни беришлик билан эҳтиромлаганини бани Ироилга нечоғли раҳмат бўлганини эслатди. Зеро тавротда ниҳоятда улкан яхшилик ва бағоят катта манфаат бор эди. Аммо бани Исроил шошқалоқлик қилдилар ва қирқ кунлик муддат битмай туриб, набийларини йўқлигидан фойдаланиб, олтин бузоққа сиғина бошладилар. Шубҳасиз, улар ўз нафсларига қаттиқ зулм қилдилар, чунки ҳақ уларга маълум эди ва бу нарса уларнинг қилмишларини янада оғир ва даҳшатли жиноятга айлантирди. Мана шунинг учун, Аллоҳ Таъало уларга қилган ишларида тавба қилишлари ва бир-бирларини ўлдиришларини буюрди. Сўнгра улар Аллоҳга шукр келтиришлари учун, уларни кечирди]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:55.
وَإِذْ قُلْتُمْ يَا مُوسَى لَن نُّؤْمِنَ لَكَ حَتَّى نَرَى اللَّهَ جَهْرَةً فَأَخَذَتْكُمُ الصَّاعِقَةُ وَأَنتُمْ تَنظُرُونَ

Оят: Қачонки [пайғамбарингизга очиқчасига журъат қилиб]: “Эй Мусо, токи Аллоҳни очиқ-ойдин [кўришлик билан] кўрмагунимизча, сенга [Роббингдан ваҳий келаётганига] асло ишонмаймиз”, деб турган эдингиз,[шунда] қараб турган ҳолингизда сизларни [осмондан олов келиб] яшин урди.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:56.
ثُمَّ بَعَثْنَاكُم مِّن بَعْدِ مَوْتِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Оят: Сўнгра [яшин уриш оқибатида] ўлганингиздан кейин, [сизларни яна] қайта тирилтирдик, шоядки [Аллоҳга] шукр қилсангиз.

Тафсир: [Исроил авлодлари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қўрслик кўрсатиб журъат этдилар [яъни, Аллоҳни аниқ кўрмагунимизча, сенга иймон келтирмаймиз, дедилар], шунинг учун уларни яшин уриб ўлдирди. Балки улар ҳақиқатдан ҳам ўлгандирлар, балки ҳушларидан кетган бўлишлари ҳам мумкин. Шу вақтнинг ичида уларнинг ҳар бирлари, бошқалари билан содир бўлаётган ишга гувоҳ эдилар. Сўнгра эса, улар шукр қилувчи бандалардан бўлишлари учун, Аллоҳ уларни тирилтирди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:57.
وَظَلَّلْنَا عَلَيْكُمُ الْغَمَامَ وَأَنزَلْنَا عَلَيْكُمُ الْمَنَّ وَالسَّلْوَى كُلُوا مِن طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَمَا ظَلَمُونَا وَلَكِن كَانُوا أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ

Оят: Ва [ер юзида дарбадар кезиб юрганингларда, қуёшнинг иссиғидан паноҳ бериб] устингиздан булут билан соялантириб қўйдик ва сизларга манн [дарахтларда пайдо бўладиган, асалга ўхшаш нарса] ва беданани нозил қилдик [ҳамда нидо қилиб дедикки:] “Сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсаларимиздан енглар [ва Аллоҳга бўйсунинглар]”. [Аммо улар Аллоҳга осийлик қилдилар ва неъматлардан маҳрум бўлдилар. Бу ишлари билан] улар Бизга зулм қилганлари йўқ, лекин ўз жонларига зулм қилдилар.

Тафсир: [Исроил авлодлари чўлу, сахроларда сувсиз ва овқатсиз дарбадар кезиб юрганларида, Аллоҳ Таъало уларга кўрсатган марҳаматини эслатди. Роббилари уларни устларини булут билан соялантирди, ҳамда манн ва бедана билан ризқлантирди. Манн — деб, бирон бир машаққатсиз топса бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларига айтилади, масалан: занжабил, қўзиқорин ва нон каби емишлар шу жумладан. Бедана эса — жудда катта бўлмаган қушчалар бўлиб, уларнинг гўшти юмшоқ ва жуда мазалидир. Аллоҳ Таъало бани Ироилга, уларнинг кундалик тирикчиликларига кифоя қиларли даражада манн ва беданани юборар эди. Бундай неъматлар энг бой-бадавлат шаҳарлар аҳолисига ҳам берилмаган эди, аммо бани Исроил Аллоҳнинг бу саҳовати ва яхшиликларини қадрламадилар, аксинча, улар қалб қасовати (қаттиқлиги)дан халос бўлмаганлари ҳолларида, турли ҳил оғир гуноҳларни бажариб юравердилар. Қачонки Роббиларига осийлик қилганларида, бу маъсиятлари билан улар Аллоҳни ҳафа қилмадилар, зеро гуноҳкорларнинг итоатсизлиги У Зотга ҳеч қандай зарар етказа олмайди, худди итоатгўйнинг бўйсунишидан У Зотга бирон фойда бўлмагани каби. Бироқ улар ўз итоатсизликлари билан фақат нафсларига зулм қилдилар, чунки инсоннинг қилган ҳар қандай ёмонлиги унинг ўзига қарши ҳужжатдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:58.
وَإِذْ قُلْنَا ادْخُلُوا هَذِهِ الْقَرْيَةَ فَكُلُوا مِنْهَا حَيْثُ شِئْتُمْ رَغَدًا وَادْخُلُوا الْبَابَ سُجَّدًا وَقُولُوا حِطَّةٌ نَّغْفِرْ لَكُمْ خَطَايَاكُمْ وَسَنَزِيدُ الْمُحْسِنِينَ
Оят: Ва вақти келиб, сизларга дедик: “Ушбу шаҳар [ал-Қудс — Иерусалим]га кирингиз ва унинг ўзингиз хоҳлаган еридан, тўкин-сочинлик билан [лаззатланиб] енглар, ҳамда шаҳар дарвозасидан [хушуъ ва камтарлик билан] сажда қилган ҳолларингда кираётиб: “Хатокор бўлдик [эй Аллоҳ кечиргин]” денглар, хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик қилувчиларни [ажрларини] зиёда қилурмиз”.

Тафсир: [Бани Исроил қавми Аллоҳга кўп бора осийлик қилдилар, аммо шунга қарамай, Аллоҳ Таъало уларга фазлу иноят кўрсатишдан тўҳтамади. У Зот уларга шундай бир шаҳарга киришларини буюрдики, бу шаҳар уларга азизлик олиб келиши, уларнинг ватанлари ва қароргоҳларига айланиши керак эди, қолаверса, улар учун бу юртда, дунёнинг турли ҳил лаззатлари ва роҳатлари мўл-кўл ҳолида тайёрланиб қўйилган эди. Роббилари уларга шаҳарга киришни буюрди ва бу киришлик билан, улар ўз Ҳожалари бўлган Аллоҳ олдида хушуъларини сўз ва амалда кўрсатиб беришлари керак эди. Улардан талаб қилинган нарса, бу: шаҳар дарвозасидан қалб синиқлиги билан кираётиб, Аллоҳдан кечирим, мағфират сўраш эди холос. Бунинг эвазига эса, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиришини ва эҳсонли бўлган мўмин бандаларнинг, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ажр-мукофотларини тўкис қилиб беришни ваъда қилди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:59.
فَبَدَّلَ الَّذِينَ ظَلَمُوا قَوْلًا غَيْرَ الَّذِي قِيلَ لَهُمْ فَأَنزَلْنَا عَلَى الَّذِينَ ظَلَمُوا رِجْزًا مِّنَ السَّمَاءِ بِمَا كَانُوا يَفْسُقُونَ
Оят: [Шундан кейин, бани Исроилдан бўлган бир тўда] золимлар, уларга [Аллоҳ томонидан] айтилган сўзни, бошқа [ичларидан тўқиб олган сўз]га алмаштирдилар. [Яъни, улар шаҳарга камтарлик билан сажда қилиб кириш ўрнига, баданларининг пастки қисми билан судралиб, ёки (яна бир ривоятда келтирилишича): дарвозага орқа томонларини қилиб, бошларини юқори кўтариб (мағрурлик билан) кирдилар ва кириб келаётганларида ҳам: “Хиттотун” (Хатокормиз — кечиргин) дейиш ўрнига — “Ҳинтотун” (буғдой дони) дейишган; (бошқа ривоятга кўра): “Ҳаббатун фий шаъротун” (Дон ичидаги бир дона дон) дейишган ва бу қилмишлари билан Аллоҳнинг фармонини истеҳзо қилдилар]. Ва қилган фосиқликлари учун зулмкор кимсаларнинг устларига осмондан азобни нозил қилдик.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, бани Исроилнинг барчалари уларга айтилган сўзни ўзгартирганлари ҳақида айтмади, чунки бу қилмишни улардан бўлган бир тўда золим гуноҳкорлар кимсалар қилдилар. Истиғфор калимасини ўрнига, улар: “Буғдой дони” дедилар. Улар Аллоҳнинг буйруғи устидан кулишлик билан, унга мутлақо лоқайдликларини билдирдилар. Уларга айтилган оддийгина калимани даҳшатли, мудҳиш ҳолда бузиб ташладилар, аммо уларнинг баданлари билан қилган гуноҳлари бунданда оғирроқ бўлди. Улар шаҳарга орқалари билан кирдилар ва бу қилмишлари уларни Аллоҳнинг шиддатли азобига гирифтор қилди. [Чунки бани Исроил бирданига ҳам амал билан, ҳам сўз билан Аллоҳга қасддан осийлик қилдилар: истиғфор айтинглар дейилса: “Буғдой дони”, дейишди; сажда қилиб, хушуъ билан киринглар дейилса, ё орқаларини қилиб, бошларини кибр билан кўтариб, ё думбалари билан ерда судралиб киришди — тарж.]]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:60.
وَإِذِ اسْتَسْقَى مُوسَى لِقَوْمِهِ فَقُلْنَا اضْرِب بِّعَصَاكَ الْحَجَرَ فَانفَجَرَتْ مِنْهُ اثْنَتَا عَشْرَةَ عَيْنًا قَدْ عَلِمَ كُلُّ أُنَاسٍ مَّشْرَبَهُمْ كُلُوا وَاشْرَبُوا مِن رِّزْقِ اللَّهِ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ
Оят: [Бизнинг сизларга нисбатан қилган кўпгина яхшиликларимиздан яна бири шундан иборат эдики, сизлар чўлу биёбонларда дайдиб юрганингларда сувга қаттиқ ташналик сездингиз] ва қачонки Мусо [Аллоҳга дуо қилиб] ўз қавми учун сув сўраганида, Биз унга: “Асоингни тошга ур”, дедик. [Мусо ҳассаси билан тошга урар экан] ундан ўн икки чашма отилиб чиқди [бани Ироилнинг ўн икки қабиласига яраша бўлиб]. Ҳар қабила ўз чашмасини таниб олганди [зеро, улар орасида сувни деб талашиб-тортишувлар бўлмаслиги учун, ҳар бир қабилага ўз чашмаси аён қилинган эди]. “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичинглар ва ер юзида бузунчилик қилиш орқали, тартибсизлик қилманглар”

Тафсир: [Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ Таъалога илтижо қилиб, қавмини сув билан суғоришликни сўради ва Роббиси унга асосини тошга уришликни буюрди. Бу бошқа тошлар орасидаги муаййян бир тош бўлиши ҳам мумкин эди. Аллоҳнинг пайғамбари ҳассасини тошга уриши билан, ундан ўн икки чашма отилиб чиқди. Бани Ироил ҳам ўн икки қабиладан иборат эди ва ҳар бир қабила у қайси чашмадан сув ичишини билиб олган эди. Улар сувнинг олдида (сув талашиб) жиққа мушт бўлмасдан, хотиржамлик билан ташналикларини қондира олдилар. Аллоҳ Таъало уларга сувдан ичишга ва уларга машшаққатсиз етказилган неъматлардан ейишга рухсат бериб қўйди, аммо, шунинг бадалида, ер юзида фисқ-фасод тарқатиш улар учун қатъиян таъқиқланган эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:61.
وَإِذْ قُلْتُمْ يَا مُوسَى لَن نَّصْبِرَ عَلَى طَعَامٍ وَاحِدٍ فَادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُخْرِجْ لَنَا مِمَّا تُنبِتُ الْأَرْضُ مِن بَقْلِهَا وَقِثَّائِهَا وَفُومِهَا وَعَدَسِهَا وَبَصَلِهَا قَالَ أَتَسْتَبْدِلُونَ الَّذِي هُوَ أَدْنَى بِالَّذِي هُوَ خَيْرٌ اهْبِطُوا مِصْرًا فَإِنَّ لَكُم مَّا سَأَلْتُمْ وَضُرِبَتْ عَلَيْهِمُ الذِّلَّةُ وَالْمَسْكَنَةُ وَبَاءُوا بِغَضَبٍ مِّنَ اللَّهِ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَانُوا يَكْفُرُونَ بِآيَاتِ اللَّهِ وَيَقْتُلُونَ النَّبِيِّينَ بِغَيْرِ الْحَقِّ ذَلِكَ بِمَا عَصَوا وَّكَانُوا يَعْتَدُونَ
Оят: [Эсланг, сизларга осмондан баракотли таом: манн ва беданани туширсак, унга ношукрлик қилган ҳолларингда:] дедингларки: “Эй Мусо, бир ҳил таом [ни ҳадеб ейиш]га бизнинг сабримиз етмайди. Роббингга биз учун дуо қилгинки, бизларга ердан униб чиқадиган сабзавотлардан — бодринг, саримсоқ, мош ва пиёз чиқариб берсин”. Мусо [уларни маломатлаб]: “Ахир [Аллоҳ сизларга ризқ сифатида танлаган] яхши нарсани, паст нарсага алмаштиришни сўраяпсизларми? [Сахролардан] бирорта шаҳарга тушинг, сўраган [таом]ингизни [ўша ерда] албатта топасиз”. Уларга хорлик ва фақирлик тақдир қилинди, ҳамда Аллоҳдан келадиган ғазабга сазовор бўлдилар. Бу [санаб ўтилган бани Исроилнинг хорликлари] Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари ва ноҳақдан пайғамбарларни ўлдирганлари учун [юз берди]. Бу[нинг сабаби] уларнинг исёнга қилганлари ва [Аллоҳнинг ўрнатиб қўйган] ҳаддларидан ошганларидир.

Тафсир: [Исроил авлодлари Аллоҳ Таъалонинг марҳаматларини ҳақир санашди ва Мусо (алайҳиссалом)га ўз норозиликларини билдира бошладилар. Улар айтдиларки: “Биз ҳамиша бир ҳил таом билан таомланавермаймиз. Роббингга дуо қилгинки, У бизлар учун сабзавотлардан: бодринг, саримсоқ, мош ва пиёзни ердан ундириб берсин!”. Аслида бани Исроилга бир неча ҳил таомлар осмондан нозил қилинар эди ва бу ҳар куни давом этарди, аммо бирдан уларнинг кўнгиллари сабзавотлардан — бодринг, саримсоқ, мош ва пиёзни тусаб қолди. Бу оятдаги “бақл” сўзининг маъносига барча пояси бўлмаган ўсимликлар киради, бошқа санаб ўтилган емишлар эса бизларга яхши маълум. Шунда Мусо (алайҳиссалом) уларга юзланиб дедилар: “Наҳотки, манн ва беданадек лаззатли, баракотли [самовий] таомни, улардан паст бўлган нарсалар [ердан чиққан пиёз ва саримсоқ]га алмаштирсанглар?! Сизларга бу гапларни гапириш асло ярашмас, чунки ўша сўраётган нарсаларингизни ҳар қандай шаҳарда топсангиз бўлади. [Аммо, аввалги оятларда айтилганидек, манн ва беданани ҳар қандай шаҳарда топиб бўлмасди,чунки уларни Аллоҳ фақат бани Исроилга ато этган эди — тарж.] Аллоҳ сизларни энг фойдали ва энг афзал озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминласа-ю, нима учун уларни бошқа нарса билан алмаштиришни талаб қиласизлар?”.
Бани Исроилнинг қилмишлари [сўз ва амаллари], уларнинг сабрсизликларига, ҳамда Аллоҳнинг фармонлари ва марҳаматларига совуққонлик билан муомала қилишларига ишора қилиб турарди, бинобарин, улар дучор қилинган жазо, уларнинг қилмишларига яраша эди. Уларни хорлик ва фақирлик босди — ташқи қиёфалари хорликларидан дарак берса, қалблари маънавий фақирликка гирифтор бўлган эди. Энди улар ўзларини қудратли, азиз деб ҳис қила олмас эдилар ва буюк интилишларга эга эмасдилар. Аксинча, руҳий ҳолатлари қашшоқ, интилишлари эса пасткашларнинг интилиши бўлган. Аллоҳнинг ғазабидан бошқа нарсага эришмадилар. Эришган нарсалари қандай ҳам ёмон! Эгаллаган мавқелари нақадар ачинарли! Аллоҳнинг оятларини рад этганлари учун, уларга Роббиларининг ғазаби ва иқоби етди ваҳоланки, ҳар бир оят ҳақни тасдиқлайди ва уни баён қилиб туради. Улар эса, бу оят-аломатларга иймон келтиришдан бош тортдилар ва шу билан ўзларининг бошларига Аллоҳнинг ғазабини чорладилар. Бу ҳам етмагандай, улар Аллоҳнинг элчиларини ноҳақдан қатл қилардилар. Аниқки, пайғамбарларни ўлдириш адолатли ишлардан деб ҳисобланмайди. Шунга қарамай, уларнинг жиноятлари нақадар оғир эканига урғу бериш учун, Аллоҳ Таъало бу қилмишни адолатсиз деб атади, токи бирон кимса уларни, бу жиноятни жоҳилликлари, ёки билмаганликларидан содир қилган деб оқлаб юрмасин. Уларнинг бу жиноятларни содир қилганларини сабаби эса, Аллоҳга осий бўлиш ва бандаларини ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш эди.
Маълумки, бир гуноҳ, ҳамиша ўзидан кейин иккинчи гуноҳни чорлайди ва агар инсон ўз мажбуриятларини лоқайдлик билан бажарар экан, у аввалда кичик гуноҳларни қиладики, охири бориб-бориб, жамланиб, улар куфрга ва оғир гуноҳларга айланади. Аллоҳ бизни бундай бадбахтликдан Ўзи асрасин! Шуни билиб қўйиш керакки, биз муҳокама қилаётган оятлар, қуръон нозил бўлаётган даврда яшаган Исроил авлодларига [яҳудларга] қаратилган эди. Аждодлари, ота-боболари қилиб ўтган жиноятлар учун, Аллоҳ бани Исроилни авара, чевараларини маломат қилди, аммо бунинг ўз ҳикмати бор албатта:
Биринчидан, бани Исроил, ўз фазиларлари туфайли, ҳаттоки Муҳаммад ﷺ дан ва у зот билан иймон келтирган мусулмонлардан ҳам устунроқ эканликлари ҳақида мақтаниб юрар эдилар. Бироқ, Аллоҳ Таъало уларга аждодларининг [номақбул] сифатлари ҳақида эслатиб қўйди ва ўша ота-боболарининг бошларидан кечирган тақдирлари бу авлодларга жуда яхши маълум эди. Ва ҳар бир инсон билиб қўйсинки, ўтмишда бани Исроил етарли сабр-тоқатга ва буюк фазилатларга эга бўлмаган, шунингдек, фазилатли амалларни бажармаганлар. Энди, ўтмишдаги, ўз авлодларига намуна бўлишлари керак бўлган аждодлари, ота-боболари шундай [сабрсиз, ақли паст] кишилар бўлса, унда набий ﷺ нинг даврида яшаган Исроил авлодлари ҳақида нима дейиш мумкин?
Иккинчидан: Бани Исроилнинг аввалги кишиларига кўрсатилган Аллоҳнинг марҳаматлари, уларнинг авлодларига ҳам тааллуқли эди, зеро отага қилинган яхшилик, ўғилларга ҳам тегишли бўлмай қўймайди. Аллоҳ Таъало Исроил авлодларига ўша марҳаматларини эслатдики, бу неъматлар ҳар бир авлодга тенг тегишли бўлган.
Учинчидан: Бани Исроилнинг аждодлари қилиб ўтган жиноятларда уларни айблаш шунга гувоҳлик берадики, бир уммат тарафорлари ҳамиша бир ҳил ҳаракат қиладилар ва бир-бирларига ёрдам берадилар, агарчи ҳар ҳил даврларда яшасалар ҳам. Агар уларнинг бирлари қандайдир гуноҳ амалини қилсалар, бу қилмишнинг ёмон самаралари бутун уммат тарафорларига таъсирини кўрсатмай қўймайди. Бордию, улардан бирлари яхшиликни адо этсалар, бундан уларнинг ҳаммаларига фойдалар бор. Зарарли ишни қилсалар, бу зарардан барчаларига улуш бор.
Тўртинчидан эса: Пайғамбар ﷺ, даврида яшаган аксар яҳудлар, ўз аждодларининг қилмишларини маломатламас ва мункар ҳисобламас эдилар ва агар инсон бир жиноятга ўз якдиллигини билдирар экан, демак у ўша жиноятга шерик бўлиб қолади.
Албатта, Аллоҳ Таъалонинг бани Исроилнинг авлодларига қилган бу мурожаатига яна бошқа тушунтирувлар мавжуд, аммо, бу ягона Аллоҳга аён.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:62.
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ هَادُوا وَالنَّصَارَى وَالصَّابِئِينَ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَعَمِلَ صَالِحًا فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
Оят: Албатта [Муҳаммад ﷺ нинг умматидан] иймон келтирган [киши]лар, [ҳамда] яҳудий, насоро ва собийлардан бўлганлар — улардан қайсилари Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирсалар ва солиҳ амалларни бажарсалар, улар учун Роббиларининг хузурида ажрлар бордир. Уларга ҳавф йўқдир ва улар асло махзун бўлмаслар.

Тафсир: [Ушбу ҳукм аҳли китобларга тегишли бўлган ҳукмдир. Саҳиҳ фикрларга кўра, собийлар — насронийлик динининг кўплаган оқимларидан, бир оқимдир. Аллоҳ Таъало бизларга хабар бериб айтадики, яҳудийлардан, насоро ва собийлардан бўлган кишилар, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирсалар, ҳамда Аллоҳнинг пайғамбарларини содиқликларини тасдиқласалар, батаҳқиқ, буюк мукофотларга сазовор бўладилар ва омонликка эришадилар. Уларга на бирон хавф йўқдир ва на махзун бўлмаслар. Аммо, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришдан бош тортган яҳудий, насроний ва собийлар учун эса, бутунлай бошқа тақдир тайёрлаб қўйилгандирки, улар қўрқув ичида қоладилар ва махзунликдан халос бўлмайдилар.
Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, бу оят, Муҳаммад ﷺнинг нубувватидан аввал яшаб ўтган аҳли китобларга кўпроқ тегишлидир, зеро уларнинг амалларини айнан шу тарзда таърифлаш мумкин. Оятдан яна шу нарса маълум бўладики, агар қуръоннинг қайсидир оятлари кишини нотўғри хулосаларга олиб келиб қўядиган бўлса,[киши билиб қўйсинки], қуръондан бу нотўғри тасаввурларни йўққа чиқариб ташловчи бошқа оятлар албатта топилади. Муқаддас қуръон, Ўз махлуқотлари ҳақида, ҳали улар яралмасларидан аввал барча илмларга эга бўлган ва Ўз раҳмати билан ҳамма нарсани қамраб олган оламлар Роббиси томонидан нозил қилинган китобдир. Ҳақиқатдан ҳам, Аллоҳ Таъало Исроил ўғилларини маъсиятлари учун маломат қилди ва баъзи кишиларнинг қалбларида: “Демак, бу маломат бани Исроилнинг барчаларига тегишли экан-да”, деган фикр келиши мумеин. Шу боис, Аллоҳ Таъало бу маломат ва мазамматга лойиқ бўлмаган кишилар ҳақида бу оятда хабар берди. Аллоҳ эса яхшироқ билгувчидир! Бундан ташқари, аввалги оятларда сўз фақат бани Исроил ҳақида борган эди ва баъзи бир кишилар хато ўйлаб, “Маломатга фақат бани Исроил лойиқ экан -да” демасликлари учун, Аллоҳ Таъало умумий маънодаги оятни нозил қилдики, у барча динларга тегишлидир. Токи инсонларга ҳақ аён бўлсин ва илоҳий оятлардан инсонларда нотўғри тушунчалар шаклланиб қолмасин. Ўзининг китобида мавжудотларнинг ақлларини ҳайратга соладиган илмларни нозил қилган Зот — пок ва муназзаҳдир.
Шундан сўнг Аллоҳ Таъало бани Исроилнинг аждодлари қилган ишлари учун маломатлашда давом этиб, деди: ]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:63.
وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمُ الطُّورَ خُذُوا مَا آتَيْنَاكُم بِقُوَّةٍ وَاذْكُرُوا مَا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Оят: Ва вақтики, сизлардан [ягона Аллоҳга иймон келтиришингиз ва фақатгина У Зотга тоат-ибодат қилишингиз ҳақида] аҳду паймонингизни олдик ва устингиздан Тур [тоғи]ни юксалтириб қўйдик [ва дедикки:] “Биз ато этган нарса [таврот]ни қувват билан [жиддийлик билан] тутинг [уни ҳимоя қилинг] ва ундаги нарсани ёдга олинг, ажабмаски [шунинг натижасида Аллоҳнинг азобидан] тақво қилсангизлар”.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:64.
ثُمَّ تَوَلَّيْتُم مِّن بَعْدِ ذَلِكَ فَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لَكُنتُم مِّنَ الْخَاسِرِينَ
Оят: Шундан [яъни, аҳдлашганимиздан ва устингиздан тоғни кўтарганимиздан] сўнг [яна эски одатингиз бўйича ҳақдан], юз ўгириб кетдингиз ва бордию, сизга нисбатан Аллоҳнинг фазли бўлмаганида [тавбага имкон бермаганида], батаҳқиқ, [дунё-ю охиратда] зиён тортгувчилардан бўлиб қолар эдингиз.

Тафсир: [Эй Исроил авлодлари! Сизлар билан шиддатли аҳднома тузганимизни эсланглар. Биз сизларни қўрқитдик ва устларингиздан тоғни юксалтириб қўйдик, сўнгра эса сизларга тавротни маҳкам тутишлик, унинг аҳкомларини жидду жаҳд билан бажаришлик, ҳамда Аллоҳга бўйсунишлик буюрилган эди. Аллоҳдан нозил бўлган нарсани ўқиш ва ўрганиш сизларга фарз қилинган эди, шоядки Аллоҳнинг азобидан огоҳ бўлиб, ғазабидан қўрқиб, тақводорлардан бўлсангиз. Аммо, сизлар бу аниқ ваъдалашувдан юз ўгирдингиз ва ўзингизни улкан азобларга маҳкум қилдингиз. Агар сизларга нисбатан Аллоҳнинг фазлу марҳаматлари бўлмаганида, шубҳасиз, ютқазувчилар қаторида бўлар эдингиз.]

https://t.me/tafsirassaadiy