🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
264 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
3:120.
إِن تَمْسَسْكُمْ حَسَنَةٌ تَسُؤْهُمْ وَإِن تُصِبْكُمْ سَيِّئَةٌ يَفْرَحُوا بِهَا وَإِن تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا لَا يَضُرُّكُمْ كَيْدُهُمْ شَيْئًا إِنَّ اللَّهَ بِمَا يَعْمَلُونَ مُحِيطٌ
Оят: Агар сизга яхшилик етса [ғолиб бўлсангиз ва кўплаган ғаниматларга эришсангиз], бу уларни [кофирларни] ҳафа қилади. Борди-ю, сизларни мусибат тутса [жангда мағлуб бўлиб, ёки фақирликда, оч-наҳор қолсангиз], бунга суюнадилар. Энди агар [мусибатларда] сабр қилиб, [Аллоҳнинг буйруқ ва таъқиқларида] тақво қилар бўлсангиз, уларнинг макр-ҳийлалари сизларга асло зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган амалларни [Ўзининг эшитиши, кўриши, қудрати ва билими билан] қамраб олгувчидир.

Тафсир: [Эй мусулмонлар! Қачонки юқори чўққиларни эгалласангиз, ёки ғалабага эришсангиз; қачонки осойишталикда бўлиб, неъматлардан баҳраманд бўлсангиз, кофирлар бундан қаттиқ ҳафа бўладилар, ранжийдилар. Аммо душманларингиз устингиздан ғалаба қозониб, сизларни турли ҳил кўргулик ва кулфатлар тутганда, уларнинг ҳурсандлиги осмонга етади. Дарҳақиқат, фақат шиддатли адоват қилган душмангина шундай йўл тутади.
Кофирларнинг мусулмонларга кўрсатган нафрати, ҳамда уларнинг ёмон сифатларини зикр қилиб ўтганидан сўнг, Аллоҳ Таъало мўмин кишиларга сабр қилиш ва тақво йўлини тутишни буюрди. Агар Аллоҳнинг ушбу буйруқлари ва аҳкомларини бажарсалар, билиб қўйсинларки, душманларнинг ҳийла-найранглари уларга бирон зиён етказа олмайди, чунки Аллоҳ Ўзининг билими билан кофирларни ўзларини ҳам, уларнинг ёвуз ишлари-ю, ният қилган ҳийла-найрангларини ҳам буткул қамраб олгувчидир. Агар мусулмон уммати ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидангина қўрқадиган бўлсалар, уларга ҳеч ким зарар етказа олмас ва улар бу ваъданинг ҳақлигига ҳатто шубҳа қилмасинлар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:121.
وَإِذْ غَدَوْتَ مِنْ أَهْلِكَ تُبَوِّئُ الْمُؤْمِنِينَ مَقَاعِدَ لِلْقِتَالِ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
Оят: Ва [эй Муҳаммад ﷺ] қачонки эрталаб [айнан тонг чоғи совутларингизни кийиб] мўминларни [Уҳуд] жанги майдонига тизиш [сафлаш] учун, аҳли оилангиздан [ажраб] чиқиб кетганингизни эсланг. Аллоҳ [гапирган гапингизни] ўта Эшитувчи ва [амалларингизни] ўта Билувчи бўлган Зотдир.

Тафсир: [Ушбу оятда, пайғамбаримиз — Муҳаммад ﷺ, мусулмонлар билан биргаликда, кофирларга қарши уруш олиб бориш учун йўлга чиққанлари ва мусулмонлар қўшини Уҳуд тоғидан унчалик узоқ бўлмаган жойда тўҳтагани ҳақида гап кетмоқда. Ўшанда росулуллоҳ ﷺ, мусулмонларни жанговар нуқталарга ўрнатдилар, ҳамда улар ўртасидаги вазифаларни тўкис тақсимладилар. Бу эса, у зот ﷺнинг жангни тўғри ташкил этиш маҳоратларидан ва сиёсат, ҳамда жанг масалаларидаги мукаммал билимларидан далолат беради. Росулуллоҳ ﷺнинг хислатлари ҳақиқатдан ҳам, ҳар томонлама комил ва бетакрор бўлган. Аллоҳ Таъало эса, ҳамма нарсани эшитиб, билиб тургувчидир ва бирон нарса Ундан махфий қолмас.]


3:122.
إِذْ هَمَّت طَّائِفَتَانِ مِنكُمْ أَن تَفْشَلَا وَاللَّهُ وَلِيُّهُمَا وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ
Оят: Сизлар [ансорлар]дан бўлган икки тоифа руҳлари тушганини [ортга, уйларига қайтмоқчи бўлганини] эсланг. Ахир Аллоҳ уларнинг Валийси, Ҳомийсидир [қўрққанларида руҳларини кўтарди, ҳамда улар яна жангга киришдилар]. Мўминлар ягона Аллоҳнинг Ўзигагина таваккул қилсинлар!

Тафсир: [Жанг маъракаси кетаётган пайтда, бану Салама ва Бану Ҳариса қабилалари энди руҳлари тушай деб турганда, Аллоҳ Таъало уларга Ўз марҳаматини кўрсатди ва уларни қўллаб-қувватлади. Бас, мўминлар ягона Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар, таваккул қилсинлар, ахир агар улар Роббиларига таянадиган бўлса, У Зот уларга Ўз мададини кўрсатади, ҳамда дин-у, дунёларида содир бўладиган ноҳушликлардан уларни халос қилади. Бу ва бунга ўхшаш бошқа оятлар, Аллоҳга таваккул қилишни нақадар муҳимлигига ишора қилади. Инсонни Аллоҳга суяниши, унинг иймон даражасига боғлиқдир. Таваккул деб, инсон ўз Роббиси ҳақида, унга ютуқларга эришишида ёрдам беради ва ёмонликлардан уни халос этади, деб қаттиқ ишонч ҳосил қилишига айтилади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:123.
وَلَقَدْ نَصَرَكُمُ اللَّهُ بِبَدْرٍ وَأَنتُمْ أَذِلَّةٌ فَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
Оят: Бадр [маъракаси]да [эй мўминлар] заиф [озчилик ва қуролсиз] бўлишингларга қарамай, Аллоҳ сизларга ато этди. [Бадрда мусулмонлар сони 313 та, кофирлар сони эса 900дан — 1000тагача эди]. Бас, Аллоҳдан тақво қилингиз, балки шукр қилувчилардан бўлурсиз.

Тафсир: [Уҳуд жангидан сўнг мусулмонлар бошига тушган буюк кулфатдан сўнг, уларни овутиш ва далда бериш учун, ҳамда улар Роббиларига шукр қилсинлар учун, Аллоҳ Таъало уларга Бадрда қозонган ғалабаларини, ҳамда ўша жангда уларга кўрсатилган марҳаматларини эслатиб ўтди. Бадр жангида мусулмонлар жуда озчиликни ташкил қилдилар ва деярли қурол-аслаҳасиз эдилар. Аскарлар сони уч юз ўндан сал кўпроқ бўлган, қуроллари эса эскирган ва оз эди, ҳолбуки, душманни сони мингтагача етиб, яхши қуролланган эдилар. Бас, мусулмонлар уларга душман устидан ғалабани ато этган Роббиларидан қўрқсинлар, ҳамда У Зотга шукр қилсинлар.]



3:124.
إِذْ تَقُولُ لِلْمُؤْمِنِينَ أَلَن يَكْفِيَكُمْ أَن يُمِدَّكُمْ رَبُّكُم بِثَلَاثَةِ آلَافٍ مِّنَ الْمَلَائِكَةِ مُنزَلِينَ
Оят: Қачонки сиз [эй Муҳаммад ﷺ, Аллоҳнинг ваҳийси билан] мўминларга: “Роббингиз сизларга мадад бериш учун, уч мингта фариштани [осмонлардан ерга] нозил қилгани сизларга етарли эмасми?”, деганингизни эсланг.


3:125.
بَلَى إِن تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا وَيَأْتُوكُم مِّن فَوْرِهِمْ هَذَا يُمْدِدْكُمْ رَبُّكُم بِخَمْسَةِ آلَافٍ مِّنَ الْمَلَائِكَةِ مُسَوِّمِينَ
Оят: Ҳа, албатта [бу мададнинг ўзи сизларга кифоя қилади]! Агар [душманга рўбарў келганда] сабр қилсангиз ва [Аллоҳ буюрган ва таъқиқлаган нарсаларда У Зотдан] қўрқсангиз, улар [душманларингиз] шу лаҳзада устингизга бостириб келсалар ҳам, Роббингиз сизларга беш минг нафар белги-аломатли фаришталар билан мадад беради.

Тафсир: [Ушбу оятда, жасорати ва шижоати билан белгиланган фаришталар ҳақида гап кетмоқда. Фуқаҳолар, ўша фаришталарни жангда бевосита иштирок этганмилар, ёки йўқми — бу ҳақда ихтилоф қилдилар. Баъзи муфассирларнинг фикрича, улар жангда бевосита қатнашганлар; аммо аксар уламоларни айтишича, Аллоҳ Таъало бу билан мўминларни руҳини кўтаришни ва кофирларни қалбларига қўрқув ва ғулғула солишни истади ва бу тафсирни фойдасига, кейинги оятнинг тафсирини келтирдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:126.
وَمَا جَعَلَهُ اللَّهُ إِلَّا بُشْرَى لَكُمْ وَلِتَطْمَئِنَّ قُلُوبُكُم بِهِ وَمَا النَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِندِ اللَّهِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ
Оят: Аллоҳ буни [Бадрд жангида фаришталар билан мададлашни] сизларга хушҳабар бўлиши учун ва шу билан қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Ҳолбуки, нусрат [ғалаба] йўқдир, магарам, фақатгина Азиз ва Ҳаким Аллоҳнинг Ўзидандир.


3:127.
لِيَقْطَعَ طَرَفًا مِّنَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَوْ يَكْبِتَهُمْ فَيَنقَلِبُوا خَائِبِينَ
Оят: Кофир бўлганларни бир қисмини қирқиш учун, ёки уларни тор-мор этиш учун [Аллоҳ шундай қилди] токи умидсизликка тушиб [диёрларига] қайтиб кетсинлар.

Тафсир: [Ушбу оятлардан шу нарса аён бўладики, Аллоҳнинг қули яратиб қўйилган сабабларга, воситаларга эмас, балки Қудратли Аллоҳга суяниши ва умид боғлаши лозимдир, ваҳоланки, сабаблар ва айниқса уларни мўл-кўллиги кишининг дилига ором баҳш этади ва салоҳият йўлидан оғиб кетмасликка ёрдам беради. Батаҳқиқ, Аллоҳ Таъало албатта мўмин бандаларига ғалабани ато этадики, оқибатда кофирларнинг бир қисми ё ҳалок бўлади, ёки интилган нарсаларига эришолмаганидан уларни ҳафсалалари пир бўлган ҳолларида жанг майдонидан уйларига ноумид бўлиб қайтадилар. Мана Ҳандақ жангида айнан шундай вазият рўй берган: унда кофирлар ўзларича ғалабани иштиёқида тургандилар, аммо Аллоҳ Таъало уларни уйларига ғазабланган ва сиқилган ҳолларида қайтиб кетишга мажбур қилди.]


3:128.
لَيْسَ لَكَ مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ أَوْ يَتُوبَ عَلَيْهِمْ أَوْ يُعَذِّبَهُمْ فَإِنَّهُمْ ظَالِمُونَ
Оят: Сизни [эй Муҳаммад ﷺ] бу ишга [яъни, Аллоҳнинг Ўз бандаларини кечиришига] бирон тааллуқли жойингиз йўқдир. [Робб Таъалонинг Ўзи] уларни ё тавбаларини қабул қилади, ёки азоблайди. Бас, батаҳқиқ, улар золимдирлар.

Тафсир: [Уҳуд жанги кетаётган бир пайтда, росулуллоҳ ﷺнинг муборак баданларига қаттиқ жароҳат етди. У зотнинг олдинги тишлари синиб, бошлари ёрилган эди. Шунда у зот ﷺ: “Ўз пайғамбарини юзини тилиб ташлаган ва тишини синдирган қавмлар қандай қилиб нажот топсинлар?”, деб юбордилар. Шунда Аллоҳ Таъало ушбу оятни нозил қилиб, фақатгина Робб Таъалонинг Ўзигина барча қарорларни қабул қилишга ва махлуқотлар тақдирини ҳал қилишга ҳақли эканини Ўзининг пайғамбарига баёнлаб берди. Дарҳақиқат, росулуллоҳ ﷺ, одамлар тақдирлари ва ҳаётларини тасарруф этолмайдилар, чунки у зоти фақатгина Аллоҳнинг бандаларидан биридирлар. Бутун махлуқот Аллоҳнинг қули бўлиб, У Зотнинг чиқарган қарорларига қарамдирлар ва У Зотнинг тақдир қилиб битган нарсасига асло ўз таъсирларини ўтказа олмаслар. Набий ﷺ, у зотни тишларини синдирган кофирларни лаънатладилар ва улар энди ҳеч қачон нажотга эришолмайди, ҳамда ҳидоят йўлига келолмайди деб таҳмин қилдилар, аммо Аллоҳ Таъало [Ўзининг чексиз марҳамати билан] уларнинг баъзиларини кечирди, ҳамда мусулмон бўлишларига ёрдам берди. Охир-оқибат шундай бўлди ҳам: ўша Уҳуддаги кофирларни аксарларини Аллоҳ ҳидоятга йўллади ва улар Ислом динини қабул қилдилар. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, улар албатта азобланган бўлардилар, ахир улар ўта адолатсиз ва мудҳиш жиноятни содир қилиб, қасос ва жазога мустаҳиқ бўлган эдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:129.
وَلِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ يَغْفِرُ لِمَن يَشَاءُ وَيُعَذِّبُ مَن يَشَاءُ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
Оят: Осмонлардаги ва ердаги борки нарса — Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаганини мағфират қилади ва Ўзи хоҳлаганини азобга гирифтор этади. Аллоҳ мағфиратли [Ғофур] ва раҳмли [Роҳийм] Зотдир.

Тафсир: [Фақат Унинг Ўзигина осмонлар ва ердаги оламларни бошқариши ҳақида Робб Таъало айтиб ўтди. Ўзи хоҳлаган бандасидан тавбани қабул қилиб, гуноҳларини кечиради. Ўзи хоҳлаган бандасини эса, ёрдамидан маҳрум қилиб, азобга дучор қилади. У Зотнинг асосий сифатлари мағфират ва мукаммал раҳм-шафқат бўлиб, улар яратишда ва қарор чиқаришда намоён бўлади. У Зот тавба-тазарруъ билан қайтган гуноҳкорларни мағфират қилади ва Аллоҳнинг ризолигига эриштирадиган солиҳ амалларни бажарувчиларга Ўз эҳсонини кўрсатади. Бундай амаллар борасида Аллоҳ Таъало: “Аллоҳга ва пайғамбарга итоат қилинглар, шоядки раҳм қилинсанглар” (3:132) — деган.]



3:130.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
Оят: Эй иймон келтирганлар! Рибони кўпайтирилган ҳолда, бир неча баробар қилиб емангиз. Аллоҳдан тақво қилинг, ажабмаски ютуққа эришсангиз.



3:131.
وَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ
Оят: Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинглар!


https://t.me/tafsirassaadiy
3:132.
وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
Оят: Аллоҳга ва пайғамбарга итоат қилингиз, шоядки раҳм қилинсангиз.


3:133.
وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
Оят: Роббингиздан бўлган мағфират, ҳамда кенглиги осмонлар ва ерчалик бўлган, тақводорлар учун хозирлаб қўйилган жаннатга ошиқинг.
3:134.
الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
Оят: Улар ҳурсандчиликда ҳам, қайғуда ҳам инфоқ қиладилар, ғазабларини ютадилар, ҳамда инсонларни авф қиладилар [кечирадилар]. Ва Аллоҳ эҳсон қилувчи [муҳсинлар]ни севадир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, У Зотнинг хузуридан бўлган мағфират, ҳамда кенглиги осмонлар-у, ерча келадиган жаннатларга интилиб яшашни Ўз бандаларига буюрди. Ҳўш, агар жаннатнинг кенглиги шунчалар бўлса, унинг узунлиги ҳақида нима дейиш мумкин? Бу гўзал ва улуғвор маскан, тақводор солиҳлар учун тайёрлаб қўйилгандир ва улар унинг аҳлидан бўладилар. Чунки инсоннинг бажарган солиҳ амаллари уни жаннат боғларига киришига сабаб бўлади.
Тақводорларни васфлаб эса, Аллоҳ Таъало уларнинг қийин ҳолларида ҳам, енгиллик, осойишталик ҳолларида ҳам инфоқ-эҳсон қилишларини зикр қилди. Агар улар тўқликда яшасалар, Аллоҳнинг йўлида катта-катта, кўп-кўп садақа, ҳайри-эҳсон қиладилар. Борди-ю, ўзлари фақирликка тушиб, қийналиб қолсалар, ўшанда ҳам энг арзимас нарсани эҳсон қилишдан қолмайдилар. Шунинг баробарида, уларга атрофдаги кишилар озор-азият етказсалар, ғазабларини қўзғотсалар, улар ўз ғазабларини тиядилар. Бу оятдаги “ал-ғойз”дан мурод — қалбнинг ёмонликка, ғазаб ва аччиққа тўлишидирки, у инсони, уни ҳафа қилган кимсага нисбатан ё сўз, ё амал билан ёмонлик қилишига ундайди. Аммо тақводор кишилар инсоннинг фитратига хос бўлган ишларни қилмайдилар ва ғазабларини, аччиқларини босадилар. Улар чиройли сабр кўрсатиб, уларни ҳафа қилган, уларга озор етказган кишиларга ёмонлик билан жавоб бермайдилар. Билъакс, инсонларни кечириб, уларга сўз, ё амал билан зулм қилган ҳар қандай кишини авф қиладилар. Дарҳақиқат, сизни ҳафа қилган, сизга зулм ўтказган, ёки озор етказган кишини кечириш, ғазабни босишдан оғирроқдир, чунки кечириш ва авф қилиш, қасосдан юз ўгиришни, ҳамда сидқидилдан кечиришни тақозо қилади. Бунга, гўзал ахлоқли ва ёмон сифатлардан халос бўлган кишиларгина қодирдирлар. Улар ўз Роббилари билан аҳднома тузадилар; Аллоҳнинг бандаларига олижаноблик кўрсатадилар, уларга раҳмдиллик қиладилар, яхшилик, эзгулик тилаб, ёмонликни раво кўрмайдилар ва бу ишларида Аллоҳнинг мағфиратини ирода қиладилар. Улар шундай инсонларки, ўз ажр-мукофотларини фақат ягона Роббиларидан кутиб, ҳақир махлуқотлардан келадиган ажрга кўнгил боғламайдилар. Ахир Аллоҳ Таъало бекорга: «Ёмонликни жазоси, худди мислидек ёмонликдир, аммо ким авф этиб, ислоҳ қилса, дарҳақиқат, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Батаҳқиқ, У Зот зулмкорларни севмас» (42:40) — деб марҳамат қилмаган.
Ғазабни тийиш, ҳамда ёмонлик қилган кимсани авф қилиш ҳақида айтганидан сўнг, Аллоҳ Таъало янада олий, янада гўзал ва етук бўлган бир хислат ҳақида зикр қилди, у ҳам бўлса — эҳсон кўрсатиш, яхшилик амалларни бажаришдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ Таъало эҳсон қилувчи муҳсин кишиларни севадир. Уларнинг эҳсонлари — Холиқларига бағишлаган ибодатларида, ва махлуқотларга нисбатан чиройли муомаласида акс этади. Яратувчи Зотга бахшида этиб қилинган ибодатдаги эҳсон ҳақида, пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ, шундай деганлар: «Эҳсон — бу: Аллоҳни кўриб тургандек Унга ибодат қилишингиздир. Агар У Зотни кўриб тургандек ибодат қилолмасангиз, у ҳолда [билингки], У сизни кўриб турибди.
Аммо махлуқотларга бўлган эҳсон ҳақида гапирсак, муҳсин киши: ўз атрофидаги одамларга қўлидан келганча, динларида ҳам, дунёларида ҳам, фойда ва манфаатлар келтириши, уларни дин-у, дунёларида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ёмонликлардан муҳофаза қилиши, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши, билимсиз кишиларга дин ўргатиб, ғафлатда юрган гуноҳкорларга чиройли панд-насиҳатлар қилиши, одамларга ҳам ошкора, ҳам пинҳона тарзда яхши маслаҳат ва тавсиялар бериши, уларни бирлашишларига кўмакдош бўлиши, инсонларни на ирқи ва на жамиятда эгаллаган ўрнига қарамасдан, уларга фарз ва нафила садақаларни тарқатиши лозимдир.
Махлуқотларга нисбатан эзгулик кўрсатиши учун, мусулмон киши олижаноблик сифатларига эга бўлиши, одамларни дилларини ранжитадиган сўз ва амаллардан ўзини четлатиши, ҳамда атрофидагиларнинг сўкиш ва ҳақоратларига сабр қилиб яшаши керак, чунки ушбу оятда Ўзининг тақводор бандаларини Аллоҳ Таъало айнан шу каби сифатлар билан васфлади. Агар инсон шу гўзал йўлни тутса, демак ўз Яратувчиси ва яратилган мавжудотлар олдидаги мажбуриятларини қунт билан адо этган бўлади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:135.
وَالَّذِينَ إِذَا فَعَلُوا فَاحِشَةً أَوْ ظَلَمُوا أَنفُسَهُمْ ذَكَرُوا اللَّهَ فَاسْتَغْفَرُوا لِذُنُوبِهِمْ وَمَن يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا اللَّهُ وَلَمْ يُصِرُّوا عَلَى مَا فَعَلُوا وَهُمْ يَعْلَمُونَ
Оят: Улар [шундай кишиларки], қачон фаҳш амалини бажарсалар, ёки ўз нафсларига зулм [адолатсизлик] қилсалар, [дарҳол] Аллоҳни зикр қилиб [ёдга олиб] гуноҳлари учун мағфират [кечирим] сўрайдилар. Ахир гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам кечирарди? Ҳамда билиб турган ҳолларида қилаётган иш [гуноҳ]ларида бардавом бўлмайдилар.


3:136.
أُولَئِكَ جَزَاؤُهُم مَّغْفِرَةٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَجَنَّاتٌ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَنِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ
Оят: Ана уларнинг ажрлари — Роббилари хузуридан бўлган мағфират ва остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлардир. Улар унда абадий қолувчилардир. Амал қилувчиларнинг мукофотлари нақадар гўзал!

Тафсир: [Қачонки, бандалари гуноҳ, ёки жиноят ишларни содир этиб қўйсалар, дарҳол ўз Роббиларидан мағфират тилаб илтижо қилишлари ҳақида Аллоҳ Таъало бизларга хабар бермоқда. Гуноҳ амални қилиб қўйсалар, тавбага шошиладилар ва Аллоҳдан тезроқ кечирим сўрашга ошиқадилар. Улар, Роббиларининг осийлар учун тайёрлаб қўйган азоб-уқубати, ҳамда тақводор қуллар учун хозирлаб қўйган ажри ҳақида эслайдилар. Гуноҳларини кечиришини, айбларини яширишини Аллоҳдан сўраб, маъсият ишларига иккинчи қўймасликка аҳд қиладилар, ҳамда бажариб қўйган қилмишлари учун чин дилдан афсус-надомат чекадилар. Агар инсонлар юқоридаги оятларда келган гўзал ахлоқларга эга бўлсалар, билсинларки, уларнинг мукофотлари — Аллоҳнинг ажридир, унга биноан, улар ҳар қандай ёмонлик ва жазодан нажот топадилар, ҳамда жаннат боғларида ўзлари хоҳлаган, кўнгиллари тусаган неъматлардан абадул-абад роҳатланиб яшайдилар. Дарҳақиқат, жаннат диёрида уларни муҳташам қасрлар, кенг ва шинам ҳоналар, мевалари тўлиб-тошган дарахтлар, зилол сувли анҳорлар кутмоқда. Улар ҳеч қачон жаннатни тарк этмайдилар, ҳамда ўзлари учун, ундан ўзга ажрни хоҳламайдилар. Жаннат лаззатлари эса уларни ҳурсанд, масрур қилишдан тўхтамайди. Амал қилувчиларнинг мукофотлари қандай ҳам гўзал! Улар ўзларини қийноққа солмайдиган солиҳ амалларни бажарадилар ва шунинг баробарида буюк ажрларга эришадилар. Дарҳақиқат, амал қилувчи “меҳнаткаш”ларнинг охиратдаги топадиган мукофотлари ўта гўзал ва улкандир. Суннат тарафдорлари, амаллар — иймоннинг бир қисми эканлигига далил сифатида мана шу оятни келтирдилар. Аммо муржиалар фирқаси бу фикрга қўшилмайдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:137.
قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِكُمْ سُنَنٌ فَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّبِينَ
Оят: «Сизлардан аввал[ги қавмлардан] ҳам суннат [йўл, намуна, мисол] қолган [яъни, ўтган халқлардан, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини ёлғончи қилганларни У Зот ҳалокатга учратди]. Бас, ер юзида сайр қилиб, ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати нима бўлганини бир кўринглар.

Тафсир: [Уҳуд жанги ҳақида нозил бўлган ушбу ва кейинги келадиган оятларда, Аллоҳ Таъало мўмин бандаларини қалбларига таскин берди. Биздан илгари яшаган кўплаб мўмин одамлар, ҳаттоки бутун қавмлар (Аллоҳ томонидан) синалганлар ва кофирлар билан кураш олиб боришга мажбур бўлганлар. Ва токи Аллоҳ Таъало мўмин ва тақводор бандаларига тамомий ғалабани ато этмагунича, уларнинг ғалаба қозонишлари доимий бўлмаган (яъни, бир марта мўминлар ғолиб бўлсалар, кейинги бора мағлуб бўлганлар). Оқибатда кофирларга бахт кулиб боқмади, чунки Аллоҳ Таъало Ўзининг пайғамбарлари ва уларга эргашувчиларга ёрдам бериб, куфр келтирганларни Ўз ёрдамисиз, мададисиз қолдирди. Агар мусулмонлар ер юзида юриб, ўзлари гувоҳ бўлган нарсалари устида фикр юритсалар, ҳамиша, ҳар замонларда кофирлар бошларига турли ҳил бало-ю, фалокатлар келганига иқрор бўлиб қолади. Қаранг, уларнинг уйлари, яшаган масканлари бўшаб қолди; улар катта зиёнга учраганлари, куч-қудратларидан, ҳокимлик, азизлик ва фахрланган нарсаларидан айрилганларига эътибор беринг. Ахир бу, росулуллоҳ ﷺнинг содиқлиги, ростгўйликларига яна бир ёрқин гувоҳлик эмасми?].

https://t.me/tafsirassaadiy
3:138.
هَذَا بَيَانٌ لِّلنَّاسِ وَهُدًى وَمَوْعِظَةٌ لِّلْمُتَّقِينَ
Оят: Бу — одамлар учун баён [тушунтирма], ҳамда тақводорлар учун ҳидоят [кўрсатма] ва мавъиза [эслатма]дир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, мўминлар билан ёлғончиларни орасини фарқлаш учун, Ўз бандаларини имтиҳонлаши ва синашини Илоҳий ҳикмат тақозо қилади, шу боис, кофирларнинг тортган жазо ва уқубатларини инсонлар учун баён деб атади. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг жазоси — ҳақни ботилдан, бахтлиларни бадбахтлардан ажратишга ёрдам берадиган аниқ гувоҳликдир. Аммо тақводор кишилар учун, бу (кофирларга юборилган жазо) тўғри йўл кўрсатмаси, ҳамда панд-насиҳат бўлиб ҳизмат қилади, зеро фақат уларгина Аллоҳнинг тўғри йўл кўрсатувчи ва залолатдан сақловчи ҳақ оятларидан фойда оладилар.
Оддий кишиларга келсак, Аллоҳнинг (кофирларга юборган) жазоси — улар учун фақат оддий баёнлаб беришдир, чунки бу билан улар Аллоҳнинг хузурида жоҳилликларидан узрланиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Шунга кўра, ҳар бир ҳалок бўлувчи (ҳар бир нарсани) аниқ кўрган, билган ҳолида ҳалок бўлади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:139.
وَلَا تَهِنُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَنتُمُ الْأَعْلَوْنَ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ
Оят: [Уҳудда бўлиб ўтган иш туфайли] руҳинглар тушмасин ва маҳзунлик тортманглар. Агар [ҳақиқий] мўмин бўлсангизлар, сизлар олийликдадирсиз [ғалаба қозонасиз].

Тафсир: [Мўминларни руҳларини кўтариш, уларни илҳомлантириш, иродаларини мустаҳкамлаш ва ниятларида барқарор қилиш учун, Аллоҳ Таъало бу ваҳийни нозил қилди. Эй мўминлар! Қийинчилик ва муаммоларга рўбарў бўлганингизда, жисмоний заифликка тушманглар, қалбларингиз эса ғамгинлик тортмасин, чунки юракларингиз ғамга тўлиши, баданларингизни заифлашиши, душманларингизни ҳурсандчилигини зиёдалаштиради, ҳамда устингиздан ғалаба қозонишларига ёрдам беради. Бас, қатъийлик кўрсатиб, сабр қилинг; ғамгинликни даф қилиб, рақибларингизга қарши шиддатли мудофаа кўрсатинг. Ожизлик қилиб, тушкунликка тушиш сизларга асло ярашмас, зеро сизлар олий мақомдасизлар; сизлар чин иймон соҳибларисиз ва Аллоҳнинг ажрларидан умидворсиз. Мўмин киши шундай бўлади — Аллоҳнинг савобларини дунёда ҳам, охиратда ҳам кутиб яшайди, демак, тушкунликка тушиш унга эмас.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:140.
إِن يَمْسَسْكُمْ قَرْحٌ فَقَدْ مَسَّ الْقَوْمَ قَرْحٌ مِّثْلُهُ وَتِلْكَ الْأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيْنَ النَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَيَتَّخِذَ مِنكُمْ شُهَدَاءَ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ
Оят: [Эй мўминлар], агар сизларга жароҳат етган бўлса, ўша қавмларга ҳам худди шуни мислидек жароҳат етган. Бу кунларни одамлар ўртасида айлантириб [навбатлаб] турамиз, токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиб олиши ва улардан шаҳидларни танлаб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмас.


3:141:
وَلِيُمَحِّصَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَيَمْحَقَ الْكَافِرِينَ
Оят: Ҳамда Аллоҳ иймон келтирганларни [гуноҳ ва хилофотлардан] поклаши ва кофирларни йўқ қилиб ташлаши учун [Уҳуддаги мағлубият рўй берди].

Тафсир: [Буюк ва марҳаматли Аллоҳ, мағлубиятга учраган мусулмонларга далда бериб, бу каби мағлубиятлардан ҳосил бўладиган фойдаларни баёнлаб берди. Агар мўминларга жароҳат етган бўлса (ва улар урушда мағлуб бўлган бўлсалар), ахир худди шундай жароҳат авваллари кофирларга ҳам етган эди. Икки тараф бир-бирларини тор-мор қиладиган жангни уюштирдилар, аммо мусулмонларнинг кофирлардан афзал жойи шундаки — улар, кофирлар Аллоҳдан умид қилмаган нарсани Роббиларидан умид қиладилар. Аллоҳ Таъало уларга деди: «Душманга рўбарў келганда асло заифлашманглар. Агар сизлар аламланаётган бўлсангиз, билингки, улар ҳам, худди сизлардек аламзада бўлиб юрибдилар. Бироқ сизлар, улар Аллоҳдан умид қилмаган нарсани Аллоҳдан олишга умидворсизлар. Аллоҳ — Билгувчи ва Ҳаким Зотдир?» (4:104).
Мағлубиятнинг фойдаларидан яна бири шуки, Аллоҳ Таъало дунё лаззатларини нафақат мўмин ва солиҳ кишиларга, балки кофир ва фосиқларга ҳам ато этиб қўяди. Инсонлар ер юзида навбатма-навбат ҳукмронлик қиладилар: бугун бирлари султонликни қўлга киритса, эртага иккинчилари уни эгаллайди. Бу — дунёнинг нақадар фоний ва ўткинчилигидан далолатдир. Дунёнинг охиратдан фарқли жиҳати шундаки, охират фақат иймон келтириб, солиҳ амалларни бажарганларники (дунё эса, ҳам кофирники, ҳам мўминники бўлиб ўтаверади).
Мағлубият ва синовлардан олинадиган яна бир манфаат — бунда Аллоҳ Таъало ҳақиқий мўминлардан мунофиқларни фарқлаб олади, чунки агар мусулмонлар ҳамиша ҳамма жангларда ғалаба қозонаверсалар, у ҳолда, Исломга киришни хоҳламаганлар ҳам уни қабул қилган бўлардилар. Бироқ шиддатли, қийин кунларда динни яхшида ҳам, ёмонда ҳам маҳкам тутган мўминлардан, мунофиқлар ажралиб қоладилар.
Яна бир фойдали томони — мўминлар шаҳид бўлиб, шаҳодат топиб вафот этишларидир. Дарҳақиқат, шаҳидлар Аллоҳ Таъалонинг хузурида буюк мақомларга эгадирларки, унга ўзига хос амалларни бажариш билангина эришиш мумкин. Ўзининг мўмин бандаларига кўрсатган марҳамати туфайли, Аллоҳ Таъало уларга бу қандай амаллар эканини тушунтириб берди. Ушбу амаллар қанчалар инсон учун оғир бўлмасин, улар одамларни олий даражага кўтариб, абадий роҳатга эришишларига ёрдам беради. Агар мусулмонлар ўз нафсларига зулм қилиб, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳоддан юз ўгирсалар, улар Аллоҳга нафратли бўлиб қолишлари аниқ. Аллоҳ Таъало деди: «Агар улар жангга чиқишни истаганларида эди, бунга хозирлик кўрган бўлардилар. Лекин Аллоҳ уларнинг жангга чиқишларини истамади ва уларни тутиб қолди. Уларга: “Ўтирганлар билан қолинглар!”, дейилди» (9:46).
Мағлубиятлардан олинадиган навбатдаги яна бир яхшилик — Аллоҳ Таъало мўминларни гуноҳ ва нуқсонлардан поклашидир.
Демак, бундан келиб чиқиб, Аллоҳ йўлидаги жиҳодда иштирок этиш ва шаҳодат топиш — гуноҳларга каффорат бўлиб, инсонни айбларидан поклайди. Шунингдек, мағлубиятлар сабаб бўлиб, мўминларнинг сафлари мунофиқлардан тозаланади. Мусулмонлар улардан халос бўладилар, ҳамда содиқ мўминни, ёлғончи мунофиқдан ажратиш қобилиятини қўлга киритадилар.
Яна мағлубиятларнинг афзаллиги шундаки, улар кофирларни ҳалок қилиш ва тамомий, изсиз уларни ер юзидан йўқотиб ташланишларига сабаб бўлади. Мусулмонлар устидан ғалаба қозонгач, кофирлар ўз фисқ-у, фужурларини янада зиёдалаштирадилар, янада кўпроқ бузғунчиликка ғарқ бўладилар, токи шиддатли азоб келиб уларни тамомий ҳалок қилмагунича. Дарҳақиқат, бу ҳам мўмин кишиларга нисбатан кўрсатилган марҳаматдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:142.
أَمْ حَسِبْتُمْ أَن تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَعْلَمِ اللَّهُ الَّذِينَ جَاهَدُوا مِنكُمْ وَيَعْلَمَ الصَّابِرِينَ
Оят: Ёки сизлардан [эй Муҳаммад ﷺнинг саҳобалари], жиҳод қилганларни билмай туриб, ҳамда [Аллоҳнинг йўлида] сабрлиларни билмай туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйлаганмидинглар?!

Тафсир: [Ҳақиқатда, Аллоҳ Таъалонинг ушбу саволи — “Йўқ”, деган жавобни назарда тутади ва одамлар: “Ҳеч қийинчилик тортмасдан, енгилгина жаннатга кирар эканмизда”, деб ўйламасликларига тарғиб қилади. Робб Таъалонинг ризолиги ва жаннатига эришиш учун, одамлар У Зотнинг йўлида турли ҳил синов ва имтиҳонлардан ўтишлари шартдир, зеро жаннат боғларида энг бетакрор, энг ажойиб лаззатлар йиғилганки, бунга етиш учун инсонлар бир-бирлари билан яхши ишларда мусобақалашсинлар. Мақсаднинг нархи қимматбаҳо бўлгани сари, унга эришиш йўллари ҳам шунчалар оғир кечади. Шу сабабли, жаннат боғларидаги ором, роҳатга эришиш — бу дунёда роҳатдан воз кечиш орқали амалга оширилади. Жаннат лаззатларига, дунё лаззатларидан юз ўгириш орқали етишилади. Қачонки, дунё қийинчиликлари, ақли расо, фаросатли кишилар бошига тушганида, улар ўзларини бу синовларга сабр қилишга ўргатадилар; бу мусибатлар ортидан қандай гўзал ва улкан ажрларга эришишлари мумкинлиги ҳақида ўйлайдилар ва бу имтиҳонларни Аллоҳдан келган раҳмат деб қабул қиладилар. Дарҳақиқат — бу, Аллоҳ Таъалонинг марҳаматларидандирки, уни Ўзи хоҳлаганига ато этади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:143.
وَلَقَدْ كُنتُمْ تَمَنَّوْنَ الْمَوْتَ مِن قَبْلِ أَن تَلْقَوْهُ فَقَدْ رَأَيْتُمُوهُ وَأَنتُمْ تَنظُرُونَ
Оят: Ва сизлар [эй мўминлар] ҳали унга [жанг майдонида] рўбарў бўлмасингиздан олдин [Аллоҳнинг йўлидаги] ўлимни хоҳладингиз. [Бадр жанги ўтгач, мўминлар Аллоҳ йўлида ўлим топиш фурсати яна берилсайди, деб орзу қилганлар]. Мана энди уни кўриб, назар солмоқдасиз [орзу қилганингиз рўй берди].

Тафсир: [Мусулмонлар ўзлари орзу қилган, етишишни истаган нарсаларида пуҳталик билан сабр кўрсатмаганларини эслатиб, Аллоҳ Таъало уларни танқид қилди. Бадр жангида иштирок этмаган кўплаб саҳобалар, келаси жангларда албатта қатнашишни ва унда жон-жаҳдлари билан, Аллоҳ учун душманга қарши курашишни орзу қилган эдилар. Аммо қачонки, ўзлари орзу қилган нарсага рўбарў бўлганларида, керакли даражада сабр-бардош кўрсата олмай қолдилар. Ҳолбуки, бундай қилишлари уларга ярашмас эди, ахир бундан авваллари жанги орзу қилгандилар ва энди орзуларига етгандилар. Билъакс, улар жидду-жаҳд кўрсатиб, ғалаба қозониш учун, қўлларидан келган ишни бажаришлари керак эди. Ушбу ояти карима, мусулмонлар учун Аллоҳнинг йўлидаги шаҳодат [шаҳидлик сўраш] жоизлигига гувоҳлик беради. Бунинг тасдиғи эса, Аллоҳ Таъало саҳобаларнинг ўлим ҳақидаги орзуларини қўллаб-қувватлаши ва уларни маломаьламаганидадир. Бироқ, ўзлари орзу қилган нарсага эришганларида, ўшанга амал қилмаганлари учунгина Аллоҳ Таъало уларни маломатлади. Аллоҳ эса, билгувчироқдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:144.
وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَى عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ
Оят: Муҳаммад — фақат пайғамбар [росул]дир холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Энди агар у вафот этса, ёки ўлдирилса — ортингизга қайтиб кетасизми [динингиздан чиқасизми]? Кимки ортига қайтиб кетадиган бўлса, у Аллоҳга бирон зарар етказа олмас. Аллоҳ эса, шукрлиларни мукофотлайди.

Тафсир: [Дарҳақиқат, Муҳаммад ﷺ, Аллоҳнинг энг биринчи ва ягона пайғамбари эмасдир. У зот, худди ундан илгари келган росуллар каби — росулдир ва у зотнинг зиммасига ҳам Робб Таъалонинг рисолатини одамларга етказиш, ҳамда Роббисининг амрларини бажариш юкланган. Пайғамбарлар ер юзида абадий яшовчи бўлмаганлар, зеро Аллоҳнинг буйруқларини адо этиш учун, инсон ўлмайдиган бўлиши шарт эмас. Инсонлар ҳар қандай ҳолат ва вазиятларида, ҳар қандай вақтларида ягона Роббиларига ибодат қилишлари фарздир, шу боис, агар Аллоҳнинг элчиси ﷺ, вафот этсалар, ёки ўлдирилсалар, мусулмон уммати ўз динидан юз ўгириб, ортга қайтиб кетмайдилар; Аллоҳнинг пайғамбари даъват қилган жиҳод ва шунга ўхшаш бошқа фарзлардан воз кечмайдилар. Борди-ю, улар Аллоҳнинг динидан ортга ўгирилиб кетсалар, бу ишлари билан фақат ўзларигагина жабр қиладилар, чунки Аллоҳ Таъало Ўз бандаларидан ҳожатли эмасдир. У Зот Ўзининг динини ер юзида албатта ўрнатиб қўяди, ҳамда мўмин бандаларини куч-қудратли қилиб қўяди.
Диннинг кўрсатма ва буйруқларидан юз ўгирганларни маломатлаганидан сўнг, Робб Таъало, Унинг пайғамбари билан динларида собит турган ва Аллоҳнинг амрларига итоаткор бўлишда давом этаётган иймонли кишиларни мақтади; уларни албатта ажрлантиришни ваъда берди ва шукрли эканликларини айтиб олқишлади, зеро уларнинг шукрлари Аллоҳга қилган итоат ва ибодатларида, шунингдек, ҳар қандай вазиятда Аллоҳга бўйсунишларида намоён бўлар эди.
Ушбу муборак оятлар воситасида, Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ Ўзининг қулларини, гарчи уларнинг раҳбари энг буюк инсонлардан бири бўлса ҳам, агар уни йўқотиб қўйсалар, динларидан қайтмасликка тарғиб қилди.
Шунингдек ушбу оят: мусулмон уммати ер юзида Аллоҳнинг ҳақ динини ўрнатишга ҳаракат қилишлари ва бунинг учун, ҳокимлар ўртасида айримчилик қилмасдан, имконлари етгунча курашишлари шартлигини бизга уқтирмоқда, зотан фақат шу йўл билангина Ислом умматининг ишлари ўнгланади ва ривож топади.
Бундан ташқари, биз муҳокама қилаётган ояти карима, абу Бакр ас-Сиддиқ ва уни шижоатли ҳамроҳларининг гўзал фазилатларига ёрқин гувоҳликдир, зеро улар катта жасорат билан, росулуллоҳ ﷺнинг вафотларидан сўнг динидан қайтиб кетган муртадларга қарши жанг олиб бордилар. Дарҳақиқат, бундай мусулмон кишилар шукрли бандаларнинг энг яхшилари деб аталишга лойиқдирлар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:145.
وَمَا كَانَ لِنَفْسٍ أَن تَمُوتَ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ كِتَابًا مُّؤَجَّلًا وَمَن يُرِدْ ثَوَابَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَن يُرِدْ ثَوَابَ الْآخِرَةِ نُؤْتِهِ مِنْهَا وَسَنَجْزِي الشَّاكِرِينَ
Оят: Тирик жон борки, [Аллоҳ томонидан] битиб қўйилган муддатда, Аллоҳнинг изни билан вафот топади. Кимки [ўз ишлари билан] дунё савобларини истаса, унга ўшандан [бир қисмини] берамиз. Ва кимки охират савобини истаса, унга ҳам, ўшандан берурмиз, ҳамда шукр қилувчиларни мукофотлармиз.

Тафсир: [Ҳар бир инсон ер юзида фақатгина Аллоҳнинг изни-иродаси билан, тақдири ва қазосига мувофиқ, муайян вақтгача яшаб ўтиши ҳақида Марҳаматли Аллоҳ Ўз бандаларига хабар берди. Агар инсонга ўлим битилган бўлса, у албатта ўлади, агарчи бунинг учун кўзга кўринарли, жиддий сабаблар бўлмаса ҳам. Инсонга ҳаёт тақдир қилинган бўлса, у дунёдан ўтмайди, агарчи ўлим унинг ҳар тарафидан келиб турса ҳам. Инсоннинг умри тугаб, ажали битмагунича, бирон ҳалокатли ўлим унга зарар келтирмайди, чунки Аллоҳ Таъало унга ўлим соатини белгилаб, тақдир қилинган вақтда ўлишини битиб қўйган.
Аллоҳ Таъало деди: «Ҳар бир умматга ажал битилган. Қачонки ажаллари келганида, уни бир соат ортга ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар» (7:34).
Сўнгра ҳар бир инсон дунёда ҳам, охират диёрида ҳам, ўзининг ният ва хоҳишларига мувофиқ жазо, ёки мукофотни олиши ҳақида айтилмоқда. Аллоҳ Таъало деди: «Булар ва анавиларнинг ҳар бирларига Роббингизни атоларидан қувватлантирурмиз. Роббингизни атолари ман қилинган эмасдир. Уларнинг баъзиларини, баъзиларидан афзал қилганимизни кўринг. Дарҳақиқат, охират — даража ва афзаллик жиҳатидан буюкроқдир» (17:20–21).
Сўнгра Аллоҳ Таъало шукрли бандаларини албатта мукофотлашга ваъда берди, аммо мукофотнинг тури, ҳажми ва миқдорини айтмади, бунда ажрнинг нақадар олий ва саҳий бўлишига гувоҳлик бордир. Инсоннинг шукри қанчалар мукаммал ва гўзал бўлишига қараб, унга бериладиган ажр ҳам шунга мувофиқ бўлади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:146.
وَكَأَيِّن مِّن نَّبِيٍّ قَاتَلَ مَعَهُ رِبِّيُّونَ كَثِيرٌ فَمَا وَهَنُوا لِمَا أَصَابَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَمَا ضَعُفُوا وَمَا اسْتَكَانُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الصَّابِرِينَ
Оят: Қанчадан қанча набийлар бўлганки, улар билан биргаликда [кофирларга қарши] кўплаган раббоний [тақводор мўмин]лар жанг қилганлар. Аллоҳнинг йўлида кўрган мусибатларидан уларнинг руҳлари чўкмади, заифлашмадилар ва [душманларига] таслим бўлмадилар. Ахир Аллоҳ сабрлиларни севади.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало мўмин бандаларига далда бериб, илгари ўтган пайғамбарлардан ибрат олишни, ҳамда улар йўл тутгандек, йўл тутишни амр қилди. Ҳар замонларда иймон келтирган кишилар қийинчилик ва мусибатларга дучор бўлганлар, зеро Аллоҳнинг бандалари учун ўрнатиб қўйган суннати [йўли] шундай. Қанчадан қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда — пайғамбарлар таълимини олган, иймон руҳида тарбия топган ва солиҳ амалларга ўргатилган содиқ атболари (эргашувчилари) кофирларга қарши кураш олиб борганлар. Бу жангларда улар ўлим топдилар, жароҳатландилар, ҳамда турли ҳил қийинчиликларни бошдан кечирдилар, бироқ руҳлари тушмади, кучларидан айрилмадилар ва душманларига бўйсунмадилар. Аксинча, улар катта сабр-бардош билан, ақл бовар қилмас шижоат ва жасоратни кўрсатдилар, зотан Марҳаматли Аллоҳ сабрли қулларини севади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:147.
وَمَا كَانَ قَوْلَهُمْ إِلَّا أَن قَالُوا رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَإِسْرَافَنَا فِي أَمْرِنَا وَثَبِّتْ أَقْدَامَنَا وَانصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ
Оят: Ва [қачонки, Аллоҳнинг йўлида уларни машаққат тутса], уларнинг айтган гаплари: “Эй Роббимиз! Биз учун гуноҳларимизни ва [диний] ишимиздаги исрофгарчилигимизни мағфират қил. Қадамларимизни собит [мустаҳкам] қил ва кофир қавмлар устидан бизларга нусрат [ғалаба] ато эт”дан ўзгаси бўлмаган.

Тафсир: [Энг оғир пайтларида, улар Роббиларига ёрдам сўраб, гуноҳларини мағфиратини сўраб илтижо қилганлар. Оятдаги “исрофгарчиликдан” мурод — Аллоҳнинг қонунларидан тажовуз қилиб, таъқиқланган амалларни содир қилишдир. Улар, гуноҳлар ва жиноятлар инсоннинг илоҳий мадад ва қувватдан жудо қилиб қўядиган хатарли омиллардан эканини яхши билганлар. Шунингдек, гуноҳлар ва маъсиятлардан тозаланиш, улар учун истиғфор айтиш — ғалабанинг кафолати эканини ҳам яхши англаганлар, шу боис, Роббиларидан мағфират қилишини чин дилдан сўраганлар. Ўзларининг жангдаги шижоат кўрсатганлари ва сабр қилганлари ҳақида бирон нарса демадилар, балки Аллоҳга суяндилар, ҳамда кофирларга рўбарў бўлган вақтларида қадамларини собит қилишини ва уларга мадад беришини дуо қилдилар. Бу мўмин кишилар ўзларида бирданига бир неча гўзал хислатларни мужассам қилдилар: сабр кўрсатдилар; ғазаб ва норозиликдан ўзларини тийдилар; тавба келтирдилар; гуноҳларига истиғфор айтдилар ва Аллоҳдан мадад тиладилар. Шу ишларидан сўнг, Роббилари уларни ғалабага мушарраф қилгани ва дунё-ю, охиратга зафарларга эриштиргани энди ажабланарли ҳолат эмасдир. Айнан шу сабабли, кейинги оятда шундай дейилган:]

https://t.me/tafsirassaadiy
3:148.
فَآتَاهُمُ اللَّهُ ثَوَابَ الدُّنْيَا وَحُسْنَ ثَوَابِ الْآخِرَةِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
Оят: Бас [шундан кейин] Аллоҳ у [сабрли мўмин]ларга дунё савоби [кофирлар устидан ғалаба]ни; ва охиратнинг гўзал савоби [жаннат]ни ато этди. Ва [зотан] Аллоҳ гўзал амалларни бажарувчи [Аллоҳ ва Унинг махлуқотлари билан самимий бўлган банда]ларни севади.

Тафсир: [Бу дунёда улар кофирлар билан бўлган жангдан ғалаба, ҳамда мўл-кўл ўлжа ва ғаниматларга эришиш билан роҳатландилар. Охиратда эса, нажотга, Роббиларини раҳмати ва абадий лаззатга эришадиларки, уларга на қўрқув ва на махзунлик етмас. Ўз Роббиларига чин қалбдан, самимийлик ва ихлос билан ибодат ва итоат қилганлари учун, Марҳаматли ва Буюк Холиқлари уларни энг гўзал ажр-мукофот билан тақдирлайди, ахир У Зот, Унга пуҳталик билан сиғинувчи, ҳамда махлуқотларга яхшилик кўрсатувчи бандаларини севади. Агар инсон Аллоҳнинг ер юзидаги душманлари билан худди илгари ўтган солиҳлар курашгандек курашадиган бўлса, бу ҳолда ҳам у яхшилик қилувчилардан саналади.]


3:149.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تُطِيعُوا الَّذِينَ كَفَرُوا يَرُدُّوكُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ فَتَنقَلِبُوا خَاسِرِينَ
Оят: Эй иймон келтирганлар! Агар сизлар, кофир бўлган кимсалар [яҳуд, насоро, мушрик ва мунофиқ]ларга итоат қилсанглар, улар сизни [иймон ва дин]дан ортингизга қайтариб юборарлар, бас, у ҳолда, зиён тортиб қолгувчилардан бўлиб қоласиз.


3:150.
بَلِ اللَّهُ مَوْلَاكُمْ وَهُوَ خَيْرُ النَّاصِرِينَ
Оят: Аммо, йўқ! [Улар сизга ҳеч қандай ёрдам бермаслар]. Аллоҳ сизнинг Мавлоингиз [Ҳожангиз]дир ва У Зот ёрдам кўрсатувчиларнинг энг яхшисидир.

https://t.me/tafsirassaadiy