🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
259 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:61.
وَإِذْ قُلْتُمْ يَا مُوسَى لَن نَّصْبِرَ عَلَى طَعَامٍ وَاحِدٍ فَادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُخْرِجْ لَنَا مِمَّا تُنبِتُ الْأَرْضُ مِن بَقْلِهَا وَقِثَّائِهَا وَفُومِهَا وَعَدَسِهَا وَبَصَلِهَا قَالَ أَتَسْتَبْدِلُونَ الَّذِي هُوَ أَدْنَى بِالَّذِي هُوَ خَيْرٌ اهْبِطُوا مِصْرًا فَإِنَّ لَكُم مَّا سَأَلْتُمْ وَضُرِبَتْ عَلَيْهِمُ الذِّلَّةُ وَالْمَسْكَنَةُ وَبَاءُوا بِغَضَبٍ مِّنَ اللَّهِ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَانُوا يَكْفُرُونَ بِآيَاتِ اللَّهِ وَيَقْتُلُونَ النَّبِيِّينَ بِغَيْرِ الْحَقِّ ذَلِكَ بِمَا عَصَوا وَّكَانُوا يَعْتَدُونَ
Оят: [Эсланг, сизларга осмондан баракотли таом: манн ва беданани туширсак, унга ношукрлик қилган ҳолларингда:] дедингларки: “Эй Мусо, бир ҳил таом [ни ҳадеб ейиш]га бизнинг сабримиз етмайди. Роббингга биз учун дуо қилгинки, бизларга ердан униб чиқадиган сабзавотлардан — бодринг, саримсоқ, мош ва пиёз чиқариб берсин”. Мусо [уларни маломатлаб]: “Ахир [Аллоҳ сизларга ризқ сифатида танлаган] яхши нарсани, паст нарсага алмаштиришни сўраяпсизларми? [Сахролардан] бирорта шаҳарга тушинг, сўраган [таом]ингизни [ўша ерда] албатта топасиз”. Уларга хорлик ва фақирлик тақдир қилинди, ҳамда Аллоҳдан келадиган ғазабга сазовор бўлдилар. Бу [санаб ўтилган бани Исроилнинг хорликлари] Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари ва ноҳақдан пайғамбарларни ўлдирганлари учун [юз берди]. Бу[нинг сабаби] уларнинг исёнга қилганлари ва [Аллоҳнинг ўрнатиб қўйган] ҳаддларидан ошганларидир.

Тафсир: [Исроил авлодлари Аллоҳ Таъалонинг марҳаматларини ҳақир санашди ва Мусо (алайҳиссалом)га ўз норозиликларини билдира бошладилар. Улар айтдиларки: “Биз ҳамиша бир ҳил таом билан таомланавермаймиз. Роббингга дуо қилгинки, У бизлар учун сабзавотлардан: бодринг, саримсоқ, мош ва пиёзни ердан ундириб берсин!”. Аслида бани Исроилга бир неча ҳил таомлар осмондан нозил қилинар эди ва бу ҳар куни давом этарди, аммо бирдан уларнинг кўнгиллари сабзавотлардан — бодринг, саримсоқ, мош ва пиёзни тусаб қолди. Бу оятдаги “бақл” сўзининг маъносига барча пояси бўлмаган ўсимликлар киради, бошқа санаб ўтилган емишлар эса бизларга яхши маълум. Шунда Мусо (алайҳиссалом) уларга юзланиб дедилар: “Наҳотки, манн ва беданадек лаззатли, баракотли [самовий] таомни, улардан паст бўлган нарсалар [ердан чиққан пиёз ва саримсоқ]га алмаштирсанглар?! Сизларга бу гапларни гапириш асло ярашмас, чунки ўша сўраётган нарсаларингизни ҳар қандай шаҳарда топсангиз бўлади. [Аммо, аввалги оятларда айтилганидек, манн ва беданани ҳар қандай шаҳарда топиб бўлмасди,чунки уларни Аллоҳ фақат бани Исроилга ато этган эди — тарж.] Аллоҳ сизларни энг фойдали ва энг афзал озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминласа-ю, нима учун уларни бошқа нарса билан алмаштиришни талаб қиласизлар?”.
Бани Исроилнинг қилмишлари [сўз ва амаллари], уларнинг сабрсизликларига, ҳамда Аллоҳнинг фармонлари ва марҳаматларига совуққонлик билан муомала қилишларига ишора қилиб турарди, бинобарин, улар дучор қилинган жазо, уларнинг қилмишларига яраша эди. Уларни хорлик ва фақирлик босди — ташқи қиёфалари хорликларидан дарак берса, қалблари маънавий фақирликка гирифтор бўлган эди. Энди улар ўзларини қудратли, азиз деб ҳис қила олмас эдилар ва буюк интилишларга эга эмасдилар. Аксинча, руҳий ҳолатлари қашшоқ, интилишлари эса пасткашларнинг интилиши бўлган. Аллоҳнинг ғазабидан бошқа нарсага эришмадилар. Эришган нарсалари қандай ҳам ёмон! Эгаллаган мавқелари нақадар ачинарли! Аллоҳнинг оятларини рад этганлари учун, уларга Роббиларининг ғазаби ва иқоби етди ваҳоланки, ҳар бир оят ҳақни тасдиқлайди ва уни баён қилиб туради. Улар эса, бу оят-аломатларга иймон келтиришдан бош тортдилар ва шу билан ўзларининг бошларига Аллоҳнинг ғазабини чорладилар. Бу ҳам етмагандай, улар Аллоҳнинг элчиларини ноҳақдан қатл қилардилар. Аниқки, пайғамбарларни ўлдириш адолатли ишлардан деб ҳисобланмайди. Шунга қарамай, уларнинг жиноятлари нақадар оғир эканига урғу бериш учун, Аллоҳ Таъало бу қилмишни адолатсиз деб атади, токи бирон кимса уларни, бу жиноятни жоҳилликлари, ёки билмаганликларидан содир қилган деб оқлаб юрмасин. Уларнинг бу жиноятларни содир қилганларини сабаби эса, Аллоҳга осий бўлиш ва бандаларини ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш эди.
Маълумки, бир гуноҳ, ҳамиша ўзидан кейин иккинчи гуноҳни чорлайди ва агар инсон ўз мажбуриятларини лоқайдлик билан бажарар экан, у аввалда кичик гуноҳларни қиладики, охири бориб-бориб, жамланиб, улар куфрга ва оғир гуноҳларга айланади. Аллоҳ бизни бундай бадбахтликдан Ўзи асрасин! Шуни билиб қўйиш керакки, биз муҳокама қилаётган оятлар, қуръон нозил бўлаётган даврда яшаган Исроил авлодларига [яҳудларга] қаратилган эди. Аждодлари, ота-боболари қилиб ўтган жиноятлар учун, Аллоҳ бани Исроилни авара, чевараларини маломат қилди, аммо бунинг ўз ҳикмати бор албатта:
Биринчидан, бани Исроил, ўз фазиларлари туфайли, ҳаттоки Муҳаммад ﷺ дан ва у зот билан иймон келтирган мусулмонлардан ҳам устунроқ эканликлари ҳақида мақтаниб юрар эдилар. Бироқ, Аллоҳ Таъало уларга аждодларининг [номақбул] сифатлари ҳақида эслатиб қўйди ва ўша ота-боболарининг бошларидан кечирган тақдирлари бу авлодларга жуда яхши маълум эди. Ва ҳар бир инсон билиб қўйсинки, ўтмишда бани Исроил етарли сабр-тоқатга ва буюк фазилатларга эга бўлмаган, шунингдек, фазилатли амалларни бажармаганлар. Энди, ўтмишдаги, ўз авлодларига намуна бўлишлари керак бўлган аждодлари, ота-боболари шундай [сабрсиз, ақли паст] кишилар бўлса, унда набий ﷺ нинг даврида яшаган Исроил авлодлари ҳақида нима дейиш мумкин?
Иккинчидан: Бани Исроилнинг аввалги кишиларига кўрсатилган Аллоҳнинг марҳаматлари, уларнинг авлодларига ҳам тааллуқли эди, зеро отага қилинган яхшилик, ўғилларга ҳам тегишли бўлмай қўймайди. Аллоҳ Таъало Исроил авлодларига ўша марҳаматларини эслатдики, бу неъматлар ҳар бир авлодга тенг тегишли бўлган.
Учинчидан: Бани Исроилнинг аждодлари қилиб ўтган жиноятларда уларни айблаш шунга гувоҳлик берадики, бир уммат тарафорлари ҳамиша бир ҳил ҳаракат қиладилар ва бир-бирларига ёрдам берадилар, агарчи ҳар ҳил даврларда яшасалар ҳам. Агар уларнинг бирлари қандайдир гуноҳ амалини қилсалар, бу қилмишнинг ёмон самаралари бутун уммат тарафорларига таъсирини кўрсатмай қўймайди. Бордию, улардан бирлари яхшиликни адо этсалар, бундан уларнинг ҳаммаларига фойдалар бор. Зарарли ишни қилсалар, бу зарардан барчаларига улуш бор.
Тўртинчидан эса: Пайғамбар ﷺ, даврида яшаган аксар яҳудлар, ўз аждодларининг қилмишларини маломатламас ва мункар ҳисобламас эдилар ва агар инсон бир жиноятга ўз якдиллигини билдирар экан, демак у ўша жиноятга шерик бўлиб қолади.
Албатта, Аллоҳ Таъалонинг бани Исроилнинг авлодларига қилган бу мурожаатига яна бошқа тушунтирувлар мавжуд, аммо, бу ягона Аллоҳга аён.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:62.
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ هَادُوا وَالنَّصَارَى وَالصَّابِئِينَ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَعَمِلَ صَالِحًا فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
Оят: Албатта [Муҳаммад ﷺ нинг умматидан] иймон келтирган [киши]лар, [ҳамда] яҳудий, насоро ва собийлардан бўлганлар — улардан қайсилари Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирсалар ва солиҳ амалларни бажарсалар, улар учун Роббиларининг хузурида ажрлар бордир. Уларга ҳавф йўқдир ва улар асло махзун бўлмаслар.

Тафсир: [Ушбу ҳукм аҳли китобларга тегишли бўлган ҳукмдир. Саҳиҳ фикрларга кўра, собийлар — насронийлик динининг кўплаган оқимларидан, бир оқимдир. Аллоҳ Таъало бизларга хабар бериб айтадики, яҳудийлардан, насоро ва собийлардан бўлган кишилар, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирсалар, ҳамда Аллоҳнинг пайғамбарларини содиқликларини тасдиқласалар, батаҳқиқ, буюк мукофотларга сазовор бўладилар ва омонликка эришадилар. Уларга на бирон хавф йўқдир ва на махзун бўлмаслар. Аммо, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришдан бош тортган яҳудий, насроний ва собийлар учун эса, бутунлай бошқа тақдир тайёрлаб қўйилгандирки, улар қўрқув ичида қоладилар ва махзунликдан халос бўлмайдилар.
Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, бу оят, Муҳаммад ﷺнинг нубувватидан аввал яшаб ўтган аҳли китобларга кўпроқ тегишлидир, зеро уларнинг амалларини айнан шу тарзда таърифлаш мумкин. Оятдан яна шу нарса маълум бўладики, агар қуръоннинг қайсидир оятлари кишини нотўғри хулосаларга олиб келиб қўядиган бўлса,[киши билиб қўйсинки], қуръондан бу нотўғри тасаввурларни йўққа чиқариб ташловчи бошқа оятлар албатта топилади. Муқаддас қуръон, Ўз махлуқотлари ҳақида, ҳали улар яралмасларидан аввал барча илмларга эга бўлган ва Ўз раҳмати билан ҳамма нарсани қамраб олган оламлар Роббиси томонидан нозил қилинган китобдир. Ҳақиқатдан ҳам, Аллоҳ Таъало Исроил ўғилларини маъсиятлари учун маломат қилди ва баъзи кишиларнинг қалбларида: “Демак, бу маломат бани Исроилнинг барчаларига тегишли экан-да”, деган фикр келиши мумеин. Шу боис, Аллоҳ Таъало бу маломат ва мазамматга лойиқ бўлмаган кишилар ҳақида бу оятда хабар берди. Аллоҳ эса яхшироқ билгувчидир! Бундан ташқари, аввалги оятларда сўз фақат бани Исроил ҳақида борган эди ва баъзи бир кишилар хато ўйлаб, “Маломатга фақат бани Исроил лойиқ экан -да” демасликлари учун, Аллоҳ Таъало умумий маънодаги оятни нозил қилдики, у барча динларга тегишлидир. Токи инсонларга ҳақ аён бўлсин ва илоҳий оятлардан инсонларда нотўғри тушунчалар шаклланиб қолмасин. Ўзининг китобида мавжудотларнинг ақлларини ҳайратга соладиган илмларни нозил қилган Зот — пок ва муназзаҳдир.
Шундан сўнг Аллоҳ Таъало бани Исроилнинг аждодлари қилган ишлари учун маломатлашда давом этиб, деди: ]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:63.
وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمُ الطُّورَ خُذُوا مَا آتَيْنَاكُم بِقُوَّةٍ وَاذْكُرُوا مَا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Оят: Ва вақтики, сизлардан [ягона Аллоҳга иймон келтиришингиз ва фақатгина У Зотга тоат-ибодат қилишингиз ҳақида] аҳду паймонингизни олдик ва устингиздан Тур [тоғи]ни юксалтириб қўйдик [ва дедикки:] “Биз ато этган нарса [таврот]ни қувват билан [жиддийлик билан] тутинг [уни ҳимоя қилинг] ва ундаги нарсани ёдга олинг, ажабмаски [шунинг натижасида Аллоҳнинг азобидан] тақво қилсангизлар”.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:64.
ثُمَّ تَوَلَّيْتُم مِّن بَعْدِ ذَلِكَ فَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لَكُنتُم مِّنَ الْخَاسِرِينَ
Оят: Шундан [яъни, аҳдлашганимиздан ва устингиздан тоғни кўтарганимиздан] сўнг [яна эски одатингиз бўйича ҳақдан], юз ўгириб кетдингиз ва бордию, сизга нисбатан Аллоҳнинг фазли бўлмаганида [тавбага имкон бермаганида], батаҳқиқ, [дунё-ю охиратда] зиён тортгувчилардан бўлиб қолар эдингиз.

Тафсир: [Эй Исроил авлодлари! Сизлар билан шиддатли аҳднома тузганимизни эсланглар. Биз сизларни қўрқитдик ва устларингиздан тоғни юксалтириб қўйдик, сўнгра эса сизларга тавротни маҳкам тутишлик, унинг аҳкомларини жидду жаҳд билан бажаришлик, ҳамда Аллоҳга бўйсунишлик буюрилган эди. Аллоҳдан нозил бўлган нарсани ўқиш ва ўрганиш сизларга фарз қилинган эди, шоядки Аллоҳнинг азобидан огоҳ бўлиб, ғазабидан қўрқиб, тақводорлардан бўлсангиз. Аммо, сизлар бу аниқ ваъдалашувдан юз ўгирдингиз ва ўзингизни улкан азобларга маҳкум қилдингиз. Агар сизларга нисбатан Аллоҳнинг фазлу марҳаматлари бўлмаганида, шубҳасиз, ютқазувчилар қаторида бўлар эдингиз.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:65.
وَلَقَدْ عَلِمْتُمُ الَّذِينَ اعْتَدَوْا مِنكُمْ فِي السَّبْتِ فَقُلْنَا لَهُمْ كُونُوا قِرَدَةً خَاسِئِينَ
Оят: Шубҳасиз, сизлардан [эй бани Исроил, ўзингиздан аввал яшаганларнинг орасида] шанба куни [Аллоҳнинг таъқиғини бузиш орқали] ҳаддан ошганлар [борлиги]ни билар эдингиз. [Шундан кейин] биз уларга: “Хору бадбахт маймун[лар]га айланинглар” дедик [ва уларни маймунларга айлантириб қўйдик, чунки Исроил ўғилларига шанба куни ишлаш ман қилинган эди, зеро бу кун фақат ибодатга бағишланган кун бўлган. Аммо, уларнинг синовлари шундан иборат эдики, айнан шанба куни соҳилга кўп балиқ тўпланар эди ва ҳаттоки сувдан ирғиб чиқарди. Буни кўрган Исроил авлодлари макр-ҳийла ишлатишга қарор қилдилар: улар шанба кунидан аввал сув ҳавзачалари ковлаб, унга балиқ овлайдиган тўрларини ўрнатдилар ва шу тариқа, шанба ўтгач балиқларни тутиб олардилар. Уларга таъқиқланган нарса борасида мана шундай ҳийлага қўл урдилар. Бунинг оқибатида эса, бадбахт маймунларга айланиб қолдилар]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:66.
فَجَعَلْنَاهَا نَكَالًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهَا وَمَا خَلْفَهَا وَمَوْعِظَةً لِّلْمُتَّقِينَ
Оят: Биз бу [ибратли] жазони улар [ўша маймунга айланганлар]нинг олдидагилар [яъни, уларга яқин бўлган қавмлар]га ва кейинги [кимгаки бу қисса етган бўлса ўша]ларга, ҳамда, тақводорларга мавъиза [эслатма] қилдик.

Тафсир: [Бу оятдаги қисса, “Ал-Аъроф” сурасида батафсилроқ келтирилган. Аллоҳ Таъало [ўша сурада] деди: «Улардан денгиз соҳилида жойлашган қишлоқ ҳақида сўранг. Улар шанба куни ҳаддан ошдилар, зеро уларга балиқ шанба кунларида оқиб келар эди ва шанбадан бошқа кунларда келмас эди. Итоатсизлик қилганлари учун уларни шундай синадик. Улардан бўлган бир гуруҳ [бошқа гуруҳга] дедики: “Аллоҳ ҳалокатга дучор қилувчи, ёки шиддатли азоб билан азобловчи қавмга ваъз [насиҳат] қилиб нима қиласиз?”.[Бунга жавобан улар] дедилар: “Роббингиз хузурида узрли бўлиш учун. Шоядки улар тақво қилсалар”. Бас [шундан кейин] уларга эслатилган нарсани унутганларида, [ўз қавмини] ёмонликдан қайтарган [киши]ларни [азобимиздан] қутқардик ва зулм қилган [кимса]ларни фосиқликлари туфайли шиддатли азоб билан ушладик. Қачонки, уларни қайтарилган нарсада мутакаббирлик қилиб, ҳаддларидан ошганларида, уларга: “Хор [бадбахт] маймунларга айланинглар”, дедик» (7:163–166).
Бани Исроилликлар ўзларининг оғир гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлган ўша қабиладошлари билан бўлиб ўтган бу ҳодисани яхши билишар эди. Оқибатда Аллоҳ уларни хору шарманда қилди ва уларни бадбахт маймунларга айлантириб қўйди. Бу кўргазмали жазо, уларнинг даврида яшаган қавмлар учун, қолаверса, улардан кейин келадиган халқлар учун бир намуна, ибрат бўлди. Аллоҳ Таъало Ўз бандаларига ҳақни баён қилиб бердики, то улар Роббиларига итоатсизлик қилишдан қўрқсинлар, аммо ҳақиқатда, бу мавъиза ва насиҳатлар фақат тақводор мўминларгагина фойда келтиради холос. Улардан бошқалари, илоҳий оятлардан ўзига на бирон дарс, ва на бир манфаат олишга қодир эмаслар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:67.
وَإِذْ قَالَ مُوسَى لِقَوْمِهِ إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تَذْبَحُوا بَقَرَةً قَالُوا أَتَتَّخِذُنَا هُزُوًا قَالَ أَعُوذُ بِاللَّهِ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْجَاهِلِينَ
Оят: Вақти [келиб], Мусо ўз қавмига: “Албатта, Аллоҳ сизга сигир сўйишингизни амр этмоқда”, деганида, улар: “Бизни масхара қилмоқчимисан?”, дедилар. [Шунда Мусо алайҳиссалом:] “Жоҳил [кимса]лардан бўлиб қолишдан, Аллохнинг паноҳига қочаман”, деди.

Тафсир: [Бу оятда гап, бани Исроил билан Мусо (алайҳиссалом) ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳақида кетяпти. Қачонки, бани исроилликлардан бўлган бир киши одам ўлдириб қўйганида, Исроил авлодлари ўзаро бир-бирларини айблаб, бу борада мужодала қила бошладилар. Вазият шу қадар чигал эдики, агар унга Аллоҳнинг Ўзи аниқлик киритмаганида, қавм ўртасида буюк бир қатлиом кўтарилиши муқаррар эди. Шунда Мусо (алайҳиссалом) қотилнинг исмини аниқлаш учун, уларга сигир сўйишни буюрди ва инсонлар, бирон бир тортишувсиз, бу ишни дарҳол бажаришлари керак эди. Аммо улар ҳеч нарсага қарамай, ўз пайғамбарларига эътироз билдиришга киришдилар. “Наҳотки, сен бизни кулги қилаётган бўлсанг?” дея набийларига журъат қилдилар. Шунда Аллоҳнинг пайғамбари: “Бундай жоҳилликдан Ўзинг асра, эй Аллоҳ!” деди. Чунки фақат жоҳил кимсагина, бирон фойдаси бўлмаган гапларни гапиради ва атрофидаги одамларни майна қилади. Ақли расо киши эса, ўзи каби кишиларни масхара қилиш нақадар қабих ишлардан эканини ва бу иш нафақат дин, балки соғлом онг жиҳатдан ҳам қораланишини яхши билади. Бордию, инсон ўз атрофидаги инсонлардан ўзининг афзаллигини билса, ёки сезса, қайтанга Роббисига шукрлар келтирсин ва бошқаларга нисбатан олижаноблик, камтарлик кўрсатсин. Қачонки Мусо (алайҳиссалом) буни ўз қавмига тушунтриб берганларида, улар унинг рост сўзлаётганини англаб етдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:68.
قَالُوا ادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا هِيَ قَالَ إِنَّهُ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٌ لَّا فَارِضٌ وَلَا بِكْرٌ عَوَانٌ بَيْنَ ذَلِكَ فَافْعَلُوا مَا تُؤْمَرُونَ
Оят: [Уларга буюрилган нарса аниқ бўлса ҳам, улар Мусога]: “Роббингга биз учун дуо қилгинки, у [сигир]нинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин” дедилар. У [Мусо] деди: “Дарҳақиқат, У [Аллоҳ] айтяптики, [сизларга керакли бўлган] сигир — қари ҳам эмас, жуда ёш ҳам эмас, шунинг ўртасидаги [ёшда]. Бас, ўзингизга амр қилинган нарсани [тезроқ] бажаринг [акс ҳолда, кейинчалик иш янада қийинлашади]”

https://t.me/tafsirassaadiy
2:69.
قَالُوا ادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا لَوْنُهَا قَالَ إِنَّهُ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٌ صَفْرَاءُ فَاقِعٌ لَّوْنُهَا تَسُرُّ النَّاظِرِينَ
Оят: [Улар яна ўжарлик қилиб:] “Роббингга биз учун дуо қилгинки, у [сигир]нинг рангини бизга аниқлаб берсин”, дедилар. [Мусо] деди: “Дарҳақиқат, У [Аллоҳ] айтяптики, у [сигир] тиниқ [оч] сариқ рангда ва унга қараганларни [кўзларини] қувонтиради”.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:70.
قَالُوا ادْعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا هِيَ إِنَّ الْبَقَرَ تَشَابَهَ عَلَيْنَا وَإِنَّا إِن شَاءَ اللَّهُ لَمُهْتَدُونَ
Оят: [Ва учинчи бора] улар дедилар: “Роббингга биз учун дуо қилгинки, у [сигир]ни [бошқалардан ажралиб турадиган фарқли жиҳатларини яна бир бора] бизга баёнлаб берсин, ахир бизлар учун [барча] сигирлар [худди] бир ҳилдай ва албатта биз, Аллоҳ хоҳласагина, ҳидоят топгувчилардан бўламиз”.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:71.
قَالَ إِنَّهُ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٌ لَّا ذَلُولٌ تُثِيرُ الْأَرْضَ وَلَا تَسْقِي الْحَرْثَ مُسَلَّمَةٌ لَّا شِيَةَ فِيهَا قَالُوا الْآنَ جِئْتَ بِالْحَقِّ فَذَبَحُوهَا وَمَا كَادُوا يَفْعَلُونَ
Оят: [Мусо деди:] “У [Аллоҳ] айтмоқда: “У шундай сигирки, ер ҳайдамайди ва экин суғоришга ўргатилмаган, [у] камчиликлардан саломат бўлиб, [тусига] бошқа ранглар аралашмаган [яъни, бир ҳил рангда]”. Улар эса [Мусога]: “Мана энди ҳақни [тўлиқ баёнини] келтирдинг”, дедилар. Бас, у [сигир]ни сўйдилар, ҳолбуки [бу ишни] қилмасликка яқинроқ эдилар.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:72.
وَإِذْ قَتَلْتُمْ نَفْسًا فَادَّارَأْتُمْ فِيهَا وَاللَّهُ مُخْرِجٌ مَّا كُنتُمْ تَكْتُمُونَ
Оят: [Ва сизлар, эй бани Исроил] қачонки бир жонни [инсонни] қатл қилганингизда, унинг борасида талашиб-тортиша бошладингиз. [Аммо] Аллоҳ сиз беркитган нарсани [ташқарига] чиқарувчидир.

Тафсир: [Бани Исроил ўзларининг пайғамбарларига юзланиб: “Роббингдан сўрагинки, бизга ўша сигирни ёшини айтиб берсин”, дедилар. Мусо у сигирни жуда ҳам қари, ёки жуда ёш бўлмаслигини ва Аллоҳ уларга ўрта ёшдаги сигирни сўйишни буюрганини айтди. Шундан сўнг, Мусо (алайҳиссалом) улардан бу савол-жавобларни тўҳтатиб, тезроқ илоҳий амрни бажо келтиришларини талаб қилди. Аммо, бунга қарамай, улар яна: “Энди Роббингдан сўраб кўрчи, у сигирнинг ранги қанақа бўлиши керак”, дея тортишишда давом этдилар. Мусо (алайҳиссалом), Аллоҳ уларга тиниқ сариқ рангдаги, туси кўзларни қувонтирадиган бир сигирни сўйишларини буюраётганини айтди. Бани Исроилликлар бу гал ҳам ҳеч бўш келмасдан энди: “[Эй Мусо] Роббингга яна бир марта илтижо қилгин, бизга қанақа сигирни сўйишимизни яхшироқ баёнлаб берсин, чунки барча сигирлар кўзимизга бир ҳил кўринмоқда ва қандай иш тутиш кераклигини ҳеч англай олмаяпмиз, агар Аллоҳ хоҳласа, тўғри йўлни топиб қолармиз”, дедилар. Шунда Аллоҳнинг пайғамбари: “Аллоҳ сизларга: ер ҳайдашга ва сув ташишга хорлик билан бўйсундирилмаган, [ташқи қиёфасида аниқ бир] айблари бўлмаган ва оғир меҳнатдан халос қилинган сигирни сўйишни амр қилмоқда”, дедилар. У сап-сариқ тусда, чунки унинг бадани бошқа рангдаги доғлардан ва тамғалардан ҳоли. [Ва ниҳоят] бани Исроил [ҳушларига келиб], ўз набийларига: “Ҳа мана энди ҳақни тўлақонли қилиб тушунтириб бердинг”, дедилар. Албатта, уларнинг бу сўзлари уларнинг ғирт жоҳилликларидан дарак берарди, ахир Аллоҳнинг элчиси энг аввалдан уларга ҳақни гапириб келмадими?! Қўлларига тушган ҳар қандай сигирни сўйиб, муродларига етсалар бўларди-ку, аммо улар кўплаган [кераксиз] саволларни бера бошлаганларида, Аллоҳ уларнинг ишини қийинлаштириб қўйди. Ва агар улар: “Агар Аллоҳ хоҳласа” деб айтмаганларида, ўзлари излаган сигирни асло топа олмаган бўлардилар. Хайриятки, юқорида сифатлари санаб ўтилган сигирни топдилар ва уни сўйдилар ҳам, бироқ, бу ишни бажаришларидан, бажармасликка яқинроқ эдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:73.
فَقُلْنَا اضْرِبُوهُ بِبَعْضِهَا كَذَلِكَ يُحْيِي اللَّهُ الْمَوْتَى وَيُرِيكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
Оят: Бас, Биз [Аллоҳ, бани Исроилга Мусо орқали] дедик: “Уни [ўша ўлдирилган жасадни, сўйилган сигирнинг] бирон жойи [қайсидир аъзоси] билан уринг”. [Ва ҳақиқатдан ҳам, шундай қилишлари билан ўлдирилган одам тирилди ва қотил ким эканини айтиб берди]. Шундай қилиб Аллоҳ ўликларни тирилтиради ва Ўз оят-аломатларини сизга намойиш қилади, ажабмаски, ақл юритсангиз.

Тафсир: [Бани Исроил сигирни сўйганларида, уни баданининг қайсидир қисми билан ўлик жасадни уриш уларга буюрилди. Балки уларга ҳайвоннинг муайян бир аъзоси билан уришлик айтилгандир, ёки улар жасадни сигирни истаган аъзоси билан ургандирлар, зеро бу ҳолатда аниқ бир аъзога ишора қилишликдан маъно чиқмасди. Қачонки бани Исроил бу фармонни бажарганларида, Аллоҳ ўлик жасадни тирилтирди. У тирилгач эса, қотилни исмини айтди ва беркитишга уринган нарсаларини Аллоҳ ошкор қилиб қўйди. Бутун бир халқ олдида ўлган мурдани [Аллоҳнинг изни билан] тирилиб кетиши, шубҳасиз, ўлимдан сўнг қайта тирилиш ҳақ эканига гувоҳлик берар ва албатта, бу ҳодиса бани исроилни ақл юритишга ва уларга зарар етказадиган нарсалардан йироқлашишларига туртки бўлиши керак эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:74.
ثُمَّ قَسَتْ قُلُوبُكُم مِّن بَعْدِ ذَلِكَ فَهِيَ كَالْحِجَارَةِ أَوْ أَشَدُّ قَسْوَةً وَإِنَّ مِنَ الْحِجَارَةِ لَمَا يَتَفَجَّرُ مِنْهُ الْأَنْهَارُ وَإِنَّ مِنْهَا لَمَا يَشَّقَّقُ فَيَخْرُجُ مِنْهُ الْمَاءُ وَإِنَّ مِنْهَا لَمَا يَهْبِطُ مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
Оят: Сўнгра [Аллоҳ сизларга Ўз оятларини такрор-такрор кўрсатганига қарамай] қалбларингиз қаттиқлашиб кетди [ва бу қалблар, ҳаттоки ҳайратомуз оятларни кўрса ҳам юмшамайди]: улар худди тошдек, ёки тошдан ҳам қаттиқроқдир, [зеро баъзи дағал қалблардан кўра, баъзи тошлардан хайр кўпроқ тегади, чунки:] батаҳқиқ, тошлардан [шундайлари борки] ичларидан анҳорлар отилиб чиқади [улардан инсонлар ўзлари сув ичиб, экинлари ва чорваларини суғорадилар], баъзи [тош]лар ёрилиб, ундан сув чиқади [масалан, қудуқларда бўлгани каби] ва баъзи [тош]лар эса, Аллоҳдан қўрққанидан [У Зотнинг жалолатини ҳис қилиб] қулаб кетади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғафлатда эмасдир!

Тафсир: [Афсуски, насиҳат ва огоҳлантиришлар бани Исроилга таъсир қилмади. Уларнинг қалблари аввалгидан ҳам қаттиқлашиб кетди, ваҳоланки, Аллоҳ Таъало уларга буюк раҳматини кўрсатди ва кўплаган оятларини уларга намоийш қилди. Бундан уларнинг қалблари дағаллашмаслиги керак эди, чунки улар, инсон юрагини юмшатадиган ва инсонни Аллоҳга бўйсундирадиган оят-аломатларни ўз кўзлари билан аниқ кўрдилар. Аллоҳ Таъало хабар бериб, фосиқ кимсаларнинг қалбларини қаттиқлиги, ҳаттоки темирнинг қаттиқлигидан ўзиб тушганини айтади, чунки, темир, қўрғошин ва қалай, тошдан фарқи ўлароқ, ўтда эрийдилар. Бу оятдаги “ёки” бирлашмаси, уларнинг қалбларини қаттиқлиги, тошларнинг қаттиқлигидан мутлақо қолишмаслигини таёкидламоқда. Сўнгра Аллоҳ Таъало гуноҳкор бандаларнинг юракларидан кўра, баъзи бир тошларнинг афзаллик жиҳатларини зикр қилиб, тошлар орасида ўзидан чашма отиб чиқарадигани, ёрилиб кетганидан, ичидан сув сизиб чиқадигани ва Аллоҳдан қўрққанидан қулаб кетадиганлари ҳам бор эканини айтиб ўтди. Бу сифатлари билан ҳаттоки тошлар, гуноҳкор қалблардан анча яхшироқдир, шунинг учун [фосиқ кимсалар] ушбу қўрқитувли огоҳлантиришларга лойиқлар. Бани Исроилга, уларнинг катта-ю, кичик гуноҳларидан Аллоҳнинг хабари борлигини ва уларга тегишли жазони комил ҳолда улар албатта олишларини У Зот эслатди. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, кўпчилик муфассирлар ўзларининг асарларида бани Исроилдан келган қисса ва ҳикояларни келтириб ўтганлар. Қуръон оятлари билан уларни жамлаб туриб, Аллоҳнинг китобини тафсирини “евреизм” — исроилиётга айлантириб юбордилар. Бу ишларида улар росулуллоҳ ﷺ нинг: “Бани Исроил номидан қисса келтирингларки, бунинг ёмон жойи йўқдир”, деган сўзларига асосланганлар. Аммо менинг [ас-Саъдийнинг] фикримча, бани Исроил қиссаларини, муқаддас матнларга аралаштирмасдан, Аллоҳнинг китобига қориштирмаган ҳолда, алоҳида айтиб берилса жоиз бўлади, чунки Аллоҳнинг китобини фақат набий ﷺдан келган саҳиҳ ҳадислар асосидагина тафсир қилиш мумкин. Ишончли йўллар билан келтирилган бир ҳадисда, набий ﷺ, дедилар: “Аҳли китобларга ишонманглар, бироқ, уларнинг қиссаларини инкор ҳам қилманглар”. Ва агар исроилиёт қиссалари қалбда бирон шак-шубҳа уйғотса (ахир қуръоннинг матни ва маъносига иймон келтириш ҳар бир инсонга вожиб ва унга нисбатан заррача шубҳа қилиб бўлмайди), у ҳолда, қуръон ваҳийларини исроилиёт асосида, номаълум кишилар томонидан келтирилган қиссаларга таяниб тафсир қилиш қатъиян таъқиқланади. Устига устак, бу қиссаларнинг аксари саҳиҳ эмасдир. Муқаддас қуръон тафсири, киши қалбида ҳеч қандай шубҳа, иккиланишларни келтириб чиқармаслиги керак, аммо аҳли илмларнинг кўплари бунга эътиборсизлик қилдилар ва бунинг оқибатида исроилиёт қиссалари қуръон тафсирига аралашиб қолди. Тўғри йўлни топишга эса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам бера олади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:75.
أَفَتَطْمَعُونَ أَن يُؤْمِنُوا لَكُمْ وَقَدْ كَانَ فَرِيقٌ مِّنْهُمْ يَسْمَعُونَ كَلَامَ اللَّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُ مِن بَعْدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمْ يَعْلَمُونَ
Оят: Наҳотки сизлар [эй мўминлар] кучли хоҳиш билан [яҳудийларнинг] сизларга ишонишларини хоҳласангиз? Ахир улардан [бўлган] бир гуруҳ [олимлари, билим эгалари] Аллоҳнинг [тавротда келтирилган] каломини эшитар эдилар, сўнгра эса, уни [тавротни маъноларини] англаб етганларидан кейин, уни билиб турган ҳолларида [қасддан] бузар [асл маъносидан буриб ташлар] эдилар.

Тафсир: [Аҳли китобларнинг ҳақ динга келишларига мўминлар кўп умид боғламасликлари керак, чунки уларнинг ахлоқий хусусиятлари, умид қилишга ҳеч қандай имконият қолдирмайди. Улар Аллоҳнинг китобини маъноларини англаб етиб, унинг борасида саҳиҳ илмларга эга бўлганларидан сўнг, унинг [маъноларини] бузиб ўзгартирадилар ва Аллоҳнинг тафсирига бутунлай зид келадиган тафсирни келтирадилар. Ўзлари тўқиб чиқарган ёлғон ва уйдирмаларини, оддий инсонлар илоҳий оят, деб қабул қилишларини хоҳлайдилар, аслида эса бу ундай эмас. Инсоннинг дини ва фахри деб ҳисобланган илоҳий муқаддас китобга шундай [номақбул] муомала қилган кишилардан, иймон келтиришларини кутиб бўладими? Албатта, уларнинг исломга келишлари умуман мумкин бўлмаган ишдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:76.
وَإِذَا لَقُوا الَّذِينَ آمَنُوا قَالُوا آمَنَّا وَإِذَا خَلَا بَعْضُهُمْ إِلَى بَعْضٍ قَالُوا أَتُحَدِّثُونَهُم بِمَا فَتَحَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ لِيُحَاجُّوكُم بِهِ عِندَ رَبِّكُمْ أَفَلَا تَعْقِلُونَ
Оят: Қачонки [яҳудийлар] иймон келтирган [мусулмон]ларни учратиб қолсалар [уларга]: “[Биз сизларга ўхшаб] иймон келтирдик”, дейдилар. [Аммо], қачонки бир-бирлари билан ҳоли қолсалар: “Наҳотки сизлар [эй яҳудийлар] уларга [яъни, мусулмон] Аллоҳ сизга [тавротда] ошкор [баён] қилган нарса ҳақида, [қиёмат куни] Роббингизнинг хузурида [сизлар билан] ҳужжатлашишлари учун, айтиб берасизларми? Ахир ақл юритмайсизларми?”, дейдилар.

Тафсир: [Бу оятда Аллоҳ Таъало, яҳудийлардан бўлган мунофиқлар ҳақида айтиб бермоқдаки, улар ҳақиқий мўминларни учратиб қолсалар, ўзларини иймон келтирганларга ўхшатиб олишади. Оғизлари билан қалбларида бўлмаган нарсани сўзлайдилар. Қачонки, ўз диндошлари билан ёлғиз қолсалар, бир-бирларига: “Наҳотки сизлар ўзингизни “мўминлар” деб атасангиз ва мўминларга тақлид қилаётганингизга иймон келтирганларни ишонтирмоқчи бўлсангиз? Ахир бу амалингиз билан уларга оқибатда сизларни айблашларига имкон бераяпсизлар-ку! Мўминлар ўзларининг йўли ҳақ эканлиги, бизнинг эътиқодларимиз эса ботил эканлигини тушуниб қолишса-чи, у ҳолда Роббиларини олдида бизлар билан бу борада ҳужжатлашишлари мумкин-ку. Оқибатда зарарингизга ҳужжат бўладиган қилмишлардан воз кечишга наҳотки ақлингиз етмаётган бўлса?”, дейдилар. Ўзаро мана шундай суҳбатларни қуриб ўтирадилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:77.
أَوَلَا يَعْلَمُونَ أَنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعْلِنُونَ
Оят: [Ахир бу яҳудийлар] Аллоҳ уларнинг [дилларида] сир тутган ва ошкор этган нарсаларини билишлигини наҳотки англаб етмасалар?

Тафсир: [Улар ўзларининг ҳақиқий эътиқодларини [қалбларида] яширадилар ва шундай қилиш орқали мўминларни ўзларига қарши ҳужжатлашишдан маҳрум қила оладилар, деб йўлайдилар. Бироқ, улар қаттиқ адашадилар, чунки уларнинг очиқ-ошкор қилаётган ишларини ҳам, яширин қилиб юрган қилмишларини ҳам Аллоҳ яхши билади. Ва Робб Таъало Ўзининг иймон келтирган қулларига, мунофиқларнинг асл эътиқодларини билиб олиш йўлларини очиб берган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:78.
وَمِنْهُمْ أُمِّيُّونَ لَا يَعْلَمُونَ الْكِتَابَ إِلَّا أَمَانِيَّ وَإِنْ هُمْ إِلَّا يَظُنُّونَ
Оят: Ва улар [яҳудийлар] орасида китобни билмайдиган [яъни, ўқишни, ёзишни билмагани учун, китобларда нима ёзилганидан бехабар]лари бор. Улар [ҳар ҳил асоси бўлмаган қиссаларга ишошиб] факат орзуларга бериладилар [сўнгра уларни бошқаларга айтиб берадилар]. [Аллоҳнинг китобида келтирилган ҳақиқий илмларга эга бўлиш ўрнига, бу жоҳил кимсаларнинг] қиладиган ишлари фақат гумон қилишдир, холос.

Тафсир: [Бу ва бундан аввалги оятларда Аллоҳ Таъало, яҳудийлар орасида илм берилган ва жоҳил кишилар, ҳақиқий мўминлар ва мунофиқ кимсалар мавжудлиги ҳақида айтиб бермоқда. Уларнинг аҳли илмлари ўзларининг адашган эътиқодларида маҳкам туриб олган одамлардир. Билимсиз жоҳиллари эса, ўша аҳли илмларга кўр-кўрона эргашиб, уларга итоат қилиб юрадилар ва уларни ҳидоят йўлига туришларини гумон қилиш учун бирон бир асоснинг ўзи йўқдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:79.
فَوَيْلٌ لِّلَّذِينَ يَكْتُبُونَ الْكِتَابَ بِأَيْدِيهِمْ ثُمَّ يَقُولُونَ هَذَا مِنْ عِندِ اللَّهِ لِيَشْتَرُوا بِهِ ثَمَنًا قَلِيلًا فَوَيْلٌ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتْ أَيْدِيهِمْ وَوَيْلٌ لَّهُم مِّمَّا يَكْسِبُونَ
Оят: [Аллоҳдан нозил қилинган таврот] китобни ўз қўллари билан [ўзгартириб] ёзган, сўнгра у [ўзгартирилган матнлари]нинг эвазига арзон баҳо олиш учун “Бу Аллоҳнинг хузуридан [нозил қилинган нарса]”, дейдиганларга вайл [қаттиқ жазо] бўлсин! Қўллари билан ёзган нарсаларидан уларга вайл [ҳалокат] бўлсин! Уларга касб қилиб топган нарсаларидан вайл бўлсин!

Тафсир: [Аллоҳнинг муқаддас китобларини ўзгартирган ва ўзлари тўқиб чиқарган матнларни “Бу Аллоҳдан нозил қилинган оятлар”, деб иддао қилувчи гуноҳкорларга Робб Таъало қаттиқ таҳдид солди. Шубҳасиз, улар билиб турган ҳолларида, дунёнинг, агар бошидан охиригача йиғиб олинса ҳам арзимас, ҳақир бўлган матоҳига эришиш илинжида ёлғонни тарқатадилар ва ҳақни беркитадилар. Бировнинг мулкини [ноҳақдан] қўлга киритишда, ўз ёлғонларини тузоқ сифатида ишлатишади. Шу билан бирга, улар одамларга икки бора адолатсизлик қиладилар.
Биринчидан: одамларни динлари борасида адашишлик, залолатга олиб кирадилар;
Иккинчидан: одамларнинг мол-мулкларини даҳшатли ёлғонни тўқиш орқали ейдилар ва ҳақиқий ҳақни ўзларига кўрсатма қилиб олмайдилар.
Уларнинг жиноятлари, ўғриларнинг, талон-тарож билан шуғулланувчиларнинг ва бошқа қилмишкорларнинг жиноятлариданда оғирроқдир, айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало уларни қаттиқ жазога мустаҳиқ этишини ваъда қилиб, огоҳлантирди, чунки улар илоҳий китобларни бузиб ўзгартирар, ёлғон тарқатар ва ҳаром йўллар билан молу давлат орттирар эдилар. Бу оятдаги “Уларга вайл бўлсин” ибораси, жуда кучли қўрқитув бўлиб, уларни қаттиқ азоб ва махзунлик кутаётганидан дарак беради. Шайхул-ислом ибн Таймия, охирги беш оятнинг тафсирида шундай дедилар: “Муқаддас китоблар [таврот ва инжил]даги калималарни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйганларни Аллоҳ маломатлади ва бу маломат, ўзининг ёлғонини, ботил ақидасини, қуръон ва суннатдан келган сўзлар билан асосламоқчи бўлганларга ҳам тегишлидир”.
Шунингдек, китобдан илми бўлмаган, аммо қуруқ орзу-ҳавасларга, хомҳаёлларга берилган кимсалар ҳам Аллоҳнинг танқиди остидадирлар. Бу танқид яна, қуръоннинг оятлари ҳақида фикр юритишни хоҳламаган ва унинг сўзларини [кўр-кўрона] оддийгина такрорлаш [ёдлаш] билан кифояланиб қолганларга ҳам тааллуқлидир. Ҳамда, Аллоҳнинг китобига зид келадиган асарларни ёзган, ҳақ динга раддия, эътироз бермоқчи бўлган ва ўзининг номақбул дунёқарашини Аллоҳга нисбатламоқчи бўлган кимсалар ҳам, бу маломатдан мустасно эмаслар. Бундайлар ўзларининг қабиҳ нуқтаи назарларини (уятсизларча): бу шариат ва дин, бу қуръон ва суннатнинг маъноси, бу солиҳ ўтмишдошлар ва буюк имомларнинг тутган йўли ва мусулмонлар маҳкам тутишлари керак бўлган ислом динининг асосий ақидаси — деб атайдилар. Яна одамлар билиб қўйсинларки, бу маломат ва қоралаш нафақат яҳудийларга, балки, ўзи эълон қилаётган қўштирноқ ичидаги "ҳаққа" биров раддия беролмаслиги учун, қуръон ва суннат илмларини беркитган кимсаларга ҳам тегишлидир. Бу иш кўпинча нафсу ҳавосига эргашган кимсалардан содир бўлади. Умумий ҳолда, улар қаторига рофидияларни [шияларнинг энг ашаддий, адашган оқимларидан бир оқим — тарж.] киритса бўлади, қисман эса, мусулмонлар ичида юрган ва ўзини фалончи шайхга, ёки фалончи олимга [муқоллидлик билан] эргашувчиман, деювчи кишиларни киритса бўлади.]

https://t.me/tafsirassaadiy