🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
259 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:85.
ثُمَّ أَنتُمْ هَؤُلَاءِ تَقْتُلُونَ أَنفُسَكُمْ وَتُخْرِجُونَ فَرِيقًا مِّنكُم مِّن دِيَارِهِمْ تَظَاهَرُونَ عَلَيْهِم بِالْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَإِن يَأْتُوكُمْ أُسَارَى تُفَادُوهُمْ وَهُوَ مُحَرَّمٌ عَلَيْكُمْ إِخْرَاجُهُمْ أَفَتُؤْمِنُونَ بِبَعْضِ الْكِتَابِ وَتَكْفُرُونَ بِبَعْضٍ فَمَا جَزَاءُ مَن يَفْعَلُ ذَلِكَ مِنكُمْ إِلَّا خِزْيٌ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يُرَدُّونَ إِلَى أَشَدِّ الْعَذَابِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
Оят: [Аммо] сўнгра айнан сизларнинг ўзингиз [эй Мадиналик яҳудийлар], ўзингизни [яъни, бир-бирларингизни] ўлдирдингиз ва бир-бирларингизга гуноҳ ва душманликда ёрдам берган ҳолингизда, бир гуруҳингизни диёрларидан ҳайдаб чиқардингиз. Қачонки асир бўлиб келсалар, уларни халос қилиб [сотиб олдингиз], ва ҳолбуки уларни [диёрларидан] чиқариш сизлар учун [аввалдан] ҳаром қилинган эди. Наҳотки китобнинг баъзи қисмига иймон келтириб, баъзи қисмини инкор қилсангиз? Сизлардан кимки бундай амални қилса, унинг жазоси бу дунёда хорлик [шармандалик]дир, қиёмат куни эса у энг шиддатли азобга қайтарилур. Ва [албатта] Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

Тафсир: [Бу оятда, Мадинада ваҳий нозил бўлаётган вақтдаги бани Исроилнинг қилиб ўтган қилмишлари ҳақида ҳикоя қилинмоқда. Араб қабилаларидан — ал-Авс ва ал-Ҳазраж (улар Мадина аҳолиси бўлиб, оқибатда ансорларга — росулуллоҳ ﷺнинг ёрдамчиларига айландилар) нубувват келишидан аввал мушрик қавмлар бўлганлар ва жоҳилият даврида одат бўлганидек, бир-бирлари билан уруш олиб борар эдилар. Уларнинг шундоққина ёнларида уч яҳудий қабила: бану Қурайза, бану ан-Надр ва бану Қайнуқо яшаган. Бу [яҳуд] қабилаларнинг ҳар бирлари, Мадиналик араб қабилалар билан тинчлик сулҳини тузиб олганлар ва қачонки, араблар бир-бирлари билан урушсалар, яҳудийлар ўзларининг (араб) сулҳдошларига, бошқа араб қабилалари билан бўлган жангларида ёрдам берар эдилар, ваҳоланки, бу душман томонда ҳам бошқа яҳудий қабила қатнашар эди. Шу тариқа, бир тоифа яҳудийлар, бошқа тоифани ўлдирар ва иш талон-тарожга, ҳайдашга келганда, ҳаттоки [ўз яҳудий биродарларини] яшаган жойларидан қувиб чиқарар эдилар. Жанг тўҳтаганда эса, ҳар иккала душман томон ўзларининг асирликка тушган қабиладошларини қутқариб олар эдилар. Яҳудийларга уч нафар ҳукм нозил қилинган эди: бир-бирларини қонларини тўкмаслик; бир-бирларини уйларидан ҳайдаб чиқмаслик ва асирликка тушган яҳудийларни асирликдан қутқариб олишлик. Улар аввалги икки ҳукмни бузиб, учинчисини бажарар эдилар ва албатта бу ишлари билан Аллоҳнинг маломатига учрадилар. Китобнинг бир қисмига иймон келтириб, асирларни асирликдан халос қилар эдилар, аммо китобнинг иккинчи томонини инкор қилиб, бир-бирларини ўлдирар ва ўз биродарларини ватанларидан бадарға қилар эдилар. Оят бизга шуни маълум қиладики, кишининг иймони, Аллоҳнинг амрларини бажаришга ва У Зотнинг қайтариқларидан қайтишига уни ундаши керак ва албатта, солиҳ амалларни қилиш, иймонни ажралмас қисмларидандир. Аммо, яҳудийлар ҳақида гап кетса, уларнинг бу дунёдаги насибалари — хорлик, шармандалик ва расволик бўлди. Аллоҳ уларни хор қилди ва Ўзининг пайғамбарига (ﷺ) уларнинг устларидан ғолибликни қўлга киритишга изн бердики, бунинг натижасида, уларнинг бир тоифалари ўлдирилди, иккинчи тоифалари асирликка тушдилар, учинчилари эса, яшаб турган диёрларидан ҳайдалдилар. Қиёмат куни келганда эса, улар янада аянчлироқ азобга мустаҳиқ бўлурлар, зеро Аллоҳ, бандаларининг қилаётган амалларига эътиборсиз эмасдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:86
أُولَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الْحَيَاةَ الدُّنْيَا بِالْآخِرَةِ فَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمُ الْعَذَابُ وَلَا هُمْ يُنصَرُونَ
Оят: Ана ўша [Аллоҳ билан аҳдларини бузган яҳудий]лар дунёдаги ҳаётни, охирги ҳаёт [эвази]га [ўз ихтиёрлари билан] сотиб олганлардир. Уларга бериладиган азоб [на давомийлигига, ва на оғирлигига кўра] асло енгиллатилмайди ва уларга [Аллоҳнинг азобини улардан тўсиб қолиш учун, бирон] ёрдам ҳам берилмас.

Тафсир: [Буюк ва марҳаматли Аллоҳ, бани Исроилнинг нима учун китобнинг бир қисмига иймон келтириб, иккинчи қисмига куфр келтирганларининг сабабини баён қилиб берди. Гап шундаки, улар дунёдаги ҳаётларини, абадий охират ҳаётига алмаштириб, сотиб юбордилар [яъни, охиратни қўйиб, ўткинчи дунёни танладилар]. Бани Исроилнинг таҳминича, агар улар ўз араб сулҳдошларига ёрдам бермасалар, хорлик ва шармандаликка учрашлари мумкин эди. Улар охиратдаги жаҳаннамнинг шиддатли азобидан кўра, бу дунёдаги хорлик ва шармандаликдан халос бўлишни устун қўйдилар, шу сабабдан уларнинг дўзаҳдаги тортган изтироблари асло енгиллатилмайди. Билъакс, уларнинг азоблари ҳамиша чидаб бўлмас ва оғир бўлади. Дўзахда уларга бир лаҳзага ҳам дам бермайдилар ва уларни бу даҳшатли ва ёқимсиз жазодан қутултирадиган бирон ёрдамчининг ўзи бўлмас.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:87.
وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْكِتَابَ وَقَفَّيْنَا مِن بَعْدِهِ بِالرُّسُلِ وَآتَيْنَا عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ الْبَيِّنَاتِ وَأَيَّدْنَاهُ بِرُوحِ الْقُدُسِ أَفَكُلَّمَا جَاءَكُمْ رَسُولٌ بِمَا لَا تَهْوَى أَنفُسُكُمُ اسْتَكْبَرْتُمْ فَفَرِيقًا كَذَّبْتُمْ وَفَرِيقًا تَقْتُلُونَ
Оят: Ва албатта, биз [пайғамбаримиз] Мусога китоб [таврот]ни бердик ва унинг ортидан [бани Исроилга] пайғамбарларни [бирин-кетин] юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга [унинг рисолати ҳақлигини тасдиқлайдиган] аниқловчи [оят-мўъжиза]ларни ато этдик ва уни Руҳул Қудс [Муқаддас Руҳ, яъни Жаброил алайҳиссалом] билан қўллаб-қувватладик. Наҳотки, ҳар сафар, бирон пайғамбар [Аллоҳнинг ваҳийси орқали] сизнинг ҳавойи нафсингизга тўғри келмайдиган нарсани олиб келса, мутакаббирлик қилсангизлар? [Улардан] баъзиларини ёлғонда айблаб [худди Ийсо ва Муҳаммадни айблаганинглар каби], баъзиларини ўлдирсангизлар. [Бу оятдаги “ўлдирсангизлар” сўзи ҳозирги-келаси замон феълида келишининг боиси шундаки, яҳудийлар ҳар замон, ҳар даврларда, ҳар қандай Аллоҳдан келган пайғамбарни ўлдириш пайида бўлганлар. Аллоҳнинг сўнгги элчиси — Муҳаммад ﷺ ни ҳам кўп марта ўлдиришга ҳаракат қилганлар ва айнан яҳудийларнинг ҳийла-найранглари оқибатида росулуллоҳ ﷺ (заҳарланган гўштни еб) ўлим топдилар. Бундан ташқари, улар Закариё ва Яҳё (алайҳимассалом)ни ўлдиришда ҳам сабабчи бўлганлар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:88.
وَقَالُوا قُلُوبُنَا غُلْفٌ بَل لَّعَنَهُمُ اللَّهُ بِكُفْرِهِمْ فَقَلِيلًا مَّا يُؤْمِنُونَ
Оят: Ва [Исроил авлодлари пайғамбар олиб келган ҳақни қабул қилмасликларини оқламоқчи бўлиб]: “Қалбимиз ғилофланган” [шунинг учун ҳақ бизларга сингмайди], дейдилар. [Аммо] йўқ! [Бу баҳоналари асоссиз]! Аллоҳ уларнинг куфрлари [иймонни куфрга алмаштирганлари] сабабли [Ўз раҳматидан маҳрум қилиб] лаънатлади. Бас, қанчалар оз иймон келтирадилар!

https://t.me/tafsirassaadiy
2:89.
وَلَمَّا جَاءَهُمْ كِتَابٌ مِّنْ عِندِ اللَّهِ مُصَدِّقٌ لِّمَا مَعَهُمْ وَكَانُوا مِن قَبْلُ يَسْتَفْتِحُونَ عَلَى الَّذِينَ كَفَرُوا فَلَمَّا جَاءَهُم مَّا عَرَفُوا كَفَرُوا بِهِ فَلَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الْكَافِرِينَ
Оят: Вақтики, уларга [яҳудийларга] Аллоҳнинг хузуридан, улардаги нарса [таврот]ни тасдиқловчи [яна бир китоб — қуръон] келганда — ундан аввал эса [Аллоҳ Ўзининг сўнгги пайғамбарини юборишидан олдин] улар [Аллоҳдан] кофирларга қарши ёрдам сўрардилар — аммо уларга [ўз китобларидан ўқиб] билган нарсалари келганда [сўнгги пайғамбар юборилиб, қуръон нозил бўла бошлаганда], унга куфр келтирдилар. Кофирларнинг устида Аллоҳнинг лаънати бўлсин!

https://t.me/tafsirassaadiy
2:90.
بِئْسَمَا اشْتَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ أَن يَكْفُرُوا بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ بَغْيًا أَن يُنَزِّلَ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ عَلَى مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ فَبَاءُوا بِغَضَبٍ عَلَى غَضَبٍ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ مُّهِينٌ
Оят: Улар, Аллоҳ нозил қилган нарсани инкор қилишлари билан, Аллоҳ Ўз фазлидан ҳохлаган [бандасига] нозил қилишига ҳасадгўйликлари билан, ўз жонларини сотган нарса [куфр] қандай ҳам ёмон бўлди. Улар ўз устларига ғазаб узра ғазабни чорладилар. [Албатта] кофирлар учун паст, хор қилувчи азоб тайёрлаб қўйилгандир.

Тафсир: [Эй пайғамбар! Сизнинг таълимотингизга келтирган куфрларини, қалбларига ўралган, сизнинг сўзингизни англашга ҳалақит бераётган ғилоф билан билан оқламоқчи бўладилар. Улар шу йўл билан ўз билимсизликларини асосламоқчилар ва ўз куфрларини оқламоқчилар. Бироқ, улар ёлғончидирларки, Аллоҳ уларни лаънатлади ва Ўз раҳматидан узоқлаштирди. Лаънатланишларининг сабаби эса, уларнинг кофирликларидир, ахир уларнинг ораларида ҳақиқий мўминлар жуда ҳам оз, кўпчилиги эса, ё оз иймон келтирадилар [яъни, иймонлари суст, паст], ёки умуман кофирлар. Аллоҳ Таъало уларга, таврот китобини ҳақлигини тасдиқлайдиган нарса [қуръон]ни, Ўзининг сўнгги пайғамбари билан юборди. Ва улар ҳам худди ўша [китобларида белгилари келтирилган] пайғамбарни танидилар, билдилар, ҳаттоки унинг келишидан аввал,[яҳудийлар] араб мушриклари билан бўлган жангларда, уларга [“Мана қараб турасизлар. Охирзамон пайғамбари бизнинг ичимиздан чиққанда, биздан таъзирингизни ейсизлар” деб] таҳдид солар эдилар. Пайғамбардан келадиган ёрдам ва қўллаб-қувватлашга уларнинг умидлари катта эдики, мушрикларга қўрқитув солиб, “Агар Аллоҳнинг пайғамбари келса, биз у билан сизларга қарши курашамиз ”, дердилар. Аммо, қачонки уларга самовий китоб нозил қилиниб, ўзлари (белгиларидан) таниган пайғамбар келганида, иймон келтиришдан бош тортдилар ва мўминларга бўлган кучли ҳасадлари туфайли, Аллоҳнинг ҳудудларини буздилар. Аллоҳ Таъало Ўз фазлидан, Ўзи хоҳлаган бандасига ато этишини қалблари қабул қилмади — шу сабабдан Аллоҳнинг лаънатига сазовор бўлдилар ва Аллоҳ уларга қаттиқ ғазаб қилди. Шубҳасиз, улар шунга лойиқдирлар, ахир улар ҳамиша иймондан юз ўгириб кетувчи, қалбларида доимий шак-шубҳалар билан юрувчи ва Аллоҳга бошқаларни шерик қилувчи кимсалар бўлганлар. Мана шунинг учун ҳам, абадий ҳаётда уларни хор, залил қиладиган, оғриқли азоблар тайёрлаб қўйилди. Жаҳаннам уларни борар жойидир ва улар абадий лаззат — жаннатдан маҳрумлар. Эгаллайдиган мавқеълари ва аҳволлари нақадар ёмон! Аллоҳга, Унинг китобларига ва пайғамбарларига бўлган иймонларини алмаштирган [сотган] нарса [куфр]лари нақадар қабиҳ! Аллоҳга, Унинг китобларига ва пайғамбарларига куфр келтириш йўли билан касб қилиб топган нарсалари нақадар нафратли! Улар билиб туриб, илмлари бўла туриб, қасддан шу ишларни қилганлари учун, уларнинг азоблари зиёдалаштирилади ва асло енгиллатилмайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:91.
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُوا بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ قَالُوا نُؤْمِنُ بِمَا أُنزِلَ عَلَيْنَا وَيَكْفُرُونَ بِمَا وَرَاءَهُ وَهُوَ الْحَقُّ مُصَدِّقًا لِّمَا مَعَهُمْ قُلْ فَلِمَ تَقْتُلُونَ أَنبِيَاءَ اللَّهِ مِن قَبْلُ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ
Оят: Ва қачонки улар [яъни, яҳудлар]га [пайғамбар ва мўминлар томонидан]: “Аллоҳ нозил қилган нарса [қуръон]га иймон келтиринглар”, дейилса, улар [бунга жавобан]: “Биз, бизларга нозил қилинган нарса [таврот]га иймон келтирдик”, дейдилар ва ундан [тавротдан] кейин келган нарса [қуръон]га куфр келтирадилар, ҳолбуки, у [қуръон] улардаги нарса [тавротнинг ҳақлиги]ни тасдиқловчи ҳақиқатдир. Айтинг [уларга]: “Агар [Аллоҳ нозил қилган нарса — тавротга] мўмин бўлсангизлар, у ҳолда нима учун [авваллари] Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирдингиз?”.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:92.
وَلَقَدْ جَاءَكُم مُّوسَى بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ اتَّخَذْتُمُ الْعِجْلَ مِن بَعْدِهِ وَأَنتُمْ ظَالِمُونَ
Оят: Ва батаҳқиқ [эй Исроил авлодлари], Мусо сизларга аниқ [ойдин] нарса [оят-мўъжиза]лар билан келди, аммо унинг ортидан [қачонки у Роббиси билан ваъдалашган жойга кетганида] золим бўлган ҳолингизда [олтиндан ясалган] бузоқни [унга сиғиниш учун] илоҳ қилиб тутиб олдингиз.

Тафсир: [Қачон яҳудийларни муқаддас қуръонга иймон келтиришга чақирилса, улар такаббурлик билан бўйсунишдан бош тортадилар ва фақатгина ўзларига нозил қилинган китоб [таврот]гагина мўмин бўлганларини иддао қиладилар. Улар Аллоҳнинг бошқа китобларини тан олмайдилар ва уларга иймон келтиришга унамайдилар, ваҳоланки, Аллоҳдан уларга ва бошқа халқларга нозил қилинган барча китоб ва саҳифаларга иймон келтиришлари шарт. Зотан фақат мана шундай иймонгина инсонга фойда келтириши мумкин, яъни, Аллоҳнинг барча пайғамбарларига келтирилган иймон. Агар киши Аллоҳнинг элчилари ва У Зотнинг китоблари ўртасида ажримлик қилса, яъни, бирига иймон келтириб, бошқасини инкор қилса, унинг тутган эътиқодини иймон деб атаб бўлмайди. Аксинча, бу айнан куфрнинг ўзидир. Шунинг учун, Аллоҳ Таъало деди: «Албатта, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига куфр келтирадиганлар ва Аллоҳ билан пайғамбарлари орасида ажримни ирода қиладиганлар, ҳамда баъзиларига иймон ва баъзиларига куфр келтирамиз, деб ана шундай ора йўлни тутишни хоҳлайдиганлар. Ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (4:150–151).
Аллоҳ Таъало бани Исроилнинг иддаоларига энг ишончли тарзда эътироз билдирди ва уларни умуман имконсиз бир ҳолатга солиб қўйди. Қуръонга куфр келтиришнинг нақадар қабиҳ ишлигини икки далил билан асослаб берди:
Биринчидан: Муқаддас қуръон — [шак-шубҳалардан ҳоли бўлган] ҳақиқатдир. Ва агар қуръон қиссалари, буйруқ ва таъқиқлари Аллоҳдан келган ҳақиқат бўлса, унга куфр келтириш, худди Аллоҳни ва Унинг ваҳийсини инкор қилиш билан баробардир.
Иккинчидан: Муқаддас қуръон — ўзидан аввалги китобларни ҳақиқат эканлигини тасдиқловчи ва уларни ҳимояловчи китобдир. Бас, қандай қилиб инсонлар ўзларига нозил қилинган китобни тан олиб, худди шунга ўҳшаш бошқа ваҳий, китобни инкор қиладилар? Албатта бу, ботил эътиқодга кўр-кўрона эргашиш ва ҳақ кўрсатмадан юз ўгириб, ҳавойи нафсга бўйсунишдан бошқа нарса эмасдир.
Бошқа томондан олиб қаралса, агар муқаддас қуръон аввалги самовий китобларни ҳақлигини тасдиқласа, демак у, улардаги сақлаб қўйилган ваҳийнинг фойдасига ишончли ҳужжат бўла олади. Бундан ташқари, фақат қуръоннинг ўзигина, аввалги китобларни ҳақлигини тасдиқловчи ягона манбадир. Ҳўш, қуръонга иймон келтиришни истамасалар ва уни қабул қилишни хоҳламасалар, у ҳолда, уларнинг мисоли: ўзларини ҳақлигини тасдиқловчи ягона далилдан юз ўгирган кишилар кабидир, зеро қуръонсиз, улар ўз ҳақликларини бошқа бирон нарса билан далиллаб беролмайдилар. Ахир бу каби қилмишлар, аҳли китобларнинг нақадар ақлсиз, онгсиз кишилар эканлигига гувоҳлик бермайдими? Ахир қуръонга иймон келтиришдан бош тортишлари билан, улар ҳақиқатда, ўзларига аввалда нозил қилинган китобларни ҳам инкор этмоқдалар-ку?! Буни баён қилиб бергандан кейин, Аллоҳ Таъало уларнинг аввалги китобларга иймон келтирганларини рад қилди, ёлғон деди, зеро агар улар ҳақиқий мўмин бўлганларида, Аллоҳнинг пайғамбарларини қатл қилишмас ва Мусо (алайҳиссалом) олиб келган ҳақни тасдиқловчи кўплаган оят-мўъжизалардан кейин ҳам, у зот кетганидан сўнг бузоққа сиғинишмас эди. Дарҳақиқат, улар қаттиқ адолатсизлик қилдилар ва бунга ҳеч қандай узрлари бўлмаган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:93.
وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمُ الطُّورَ خُذُوا مَا آتَيْنَاكُم بِقُوَّةٍ وَاسْمَعُوا قَالُوا سَمِعْنَا وَعَصَيْنَا وَأُشْرِبُوا فِي قُلُوبِهِمُ الْعِجْلَ بِكُفْرِهِمْ قُلْ بِئْسَمَا يَأْمُرُكُم بِهِ إِيمَانُكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ
Оят: Ва [ёдинглардами, эй бани Исроил] вақтики, сизлардан [ягона Аллоҳга иймон келтириб, фақат У Зотга сиғинасизлар, деб] аҳд олган эдик ва устингиздан Тур [тоғи]ни юксалтириб: “Сизларга ато этган нарсамиз [таврот]ни маҳкам ушланглар [уни сақланглар, буйруқларига итоат қилиб, қайтариқларидан қайтинг] ва [ундаги аҳкомларга] қулоқ солинглар”, [деган эдик]. Улар эса [ҳар доимги одатларидек]: “[Қулоқларимиз билан] эшитдик ва [амалларимиз билан] исён қилдик”, дедилар. Куфрлари сабабли, уларнинг қалблари [ўзлари сиғинган] бузоқ [меҳр-муҳаббати билан] суғорилди [яъни, бузоққа муҳаббатлари кучайтирилди]. Айтинг [уларга, эй Муҳаммад ﷺ]: “[Албатта] агар мўмин бўлсангизлар [у ҳолда], иймонларингиз буюраётган нарса [бузоққа сиғинишингиз] нақадар ёмон [амал]дир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало бани Исроил билан аҳдлашди ва уларнинг усьларидан Тур тоғини кўтариб қўйди. Уларга буюрилган нарса: ҳаққа бўйсунишлик ва тазарруъ билан қулоқ солишлик эди, аммо улар илоҳий буйруқларни эшитдилар ва итоат қилишдан юз ўгирдилар. Уларнинг қалбларида бузоққа сиғиниш ва унга кучли муҳаббат бор эди, бунга сабаб эса, уларнинг куфрлари бўлган. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало Ўзининг пайғамбари ﷺ га, қуйидаги сўзларни айтишни буюрди: “Эй Исроил ўғиллари! Сизлар ўзингизни мўмин деб атамоқдасиз ва ҳақ динни тутганингиз билан фахрланмоқдасизлар. Бироқ, шу билан бирга, Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдиришингиз ва Мусонинг ортидан олтин бузоққа сиғинишингиз нимаси? То Аллоҳ бошингиз устидан тоғни кўтариш билан сизларни қўрқитмагунча, У Зотнинг буйруқ ва таъқиқларига амал қилишни хоҳламай юрдинглар. Сизлар итоаткор бўлишни сўзда айтинглар-у, аммо амалда ваъдангизга хилоф иш тутдинглар. Шуми иймонларингиз? Шуни тақво деб бўладими? Агар сизларнинг бу қабиҳ ҳатти-ҳаракатларингизни иймон деб аталса, у ҳолда, бундай иймон бунчалар нафратли, жирканч, чунки у инсонни белгилаб берилган чегаралардан чиқишга, пайғамбарларни инкор қилишга ва кўплаган оғир гуноҳларни бажаришга етаклайдиган номақбул иймондир”. Аниқки, ҳақиқий иймон, кишини эзгу амалларни адо этишга чақириши ва уни ҳар турли ёвузликлардан тўҳтатиши керак. Буни хабарини беришлик билан, Аллоҳ Таъало бани Исроилнинг ёлғон ва зиддиятли эътиқодларини юзага чиқариб қўйди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:94.
قُلْ إِن كَانَتْ لَكُمُ الدَّارُ الْآخِرَةُ عِندَ اللَّهِ خَالِصَةً مِّن دُونِ النَّاسِ فَتَمَنَّوُا الْمَوْتَ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ
Оят: Айтинг [эй Муҳаммад ﷺ, ўша: “Биз Аллоҳнинг дўстларимиз, суюмлилари ва ўғилларимиз ва шу сабабдан фақат биз жаннатга кирамиз” деб хомтамъа бўлаётган яҳудийларга]: “Агар Аллоҳнинг хузуридаги охират диёри бошқа одамларга эмас, холис сизларнинг ўзингизга аталган бўлса, [ва шу иддаоингизда] ростгўйлардан бўлсангиз, [у ҳолда] ўзингизга ўлим тиланглар-чи! ”.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:95.
وَلَن يَتَمَنَّوْهُ أَبَدًا بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالظَّالِمِينَ
Оят: Аммо улар [яҳудийлар] ўз қўллари билан тақдим этган [бажарган] нарса [куфр ва гуноҳ]лари туфайли, абадул-абад, ҳеч қачон уни [ўлимни] ўзларига тиламайдилар [зеро биладиларки, дунёдан ўтсалар, Аллоҳнинг улар учун тайёрлаб қўйилган шиддатли азоби бор] ва [албатта] Аллоҳ золимларни билгувчи Зотдир.

Тафсир: [Эй Муҳаммад ﷺ! Бани Исроилга айтинг: «Агар “Жаннат диёри фақат биз [яҳуд]ларга хосланган”, деган муддаоингизда ҳақ бўлсангиз; агар “Жаннатга яҳуд ва насоролардан бошқаси кирмайди”, деган сўзларингизда содиқ бўлсангиз ва “Дўзаҳ азоби бизларга фақат саноқли кунларгина тегади”, деган гапларингизда ростгўй бўлсангиз, у ҳолда ўзингизга ўлим тиланг!»
Пайғамбар ﷺ, яҳудийларга, ўз жонларига ўлим тилашни таклиф этишлик билан, уларни ноқулай аҳволга солиб қўйдилар. Улар ўз иддаоларини ҳақлигида оёқ тираб олган эдилар, мана энди олдиларига оддий танлов ҳуқуқи қўйилди: улар ё Аллоҳ ва Унинг сўнгги элчиси ﷺга иймон келтиришлари керак эди, ёки ўз-ўзларига ўлим тилаш орқали, ҳақликларини исботлаб беришлари керак эди. Ўзларига ўлим сўрашликлари билан улар ўлимни тотишлари, ҳамда ўзлари учун атаб қўйилган жаннат диёрига тушишлари керак эди. Бироқ яҳудийлар бу таклиф [ўзларига ўлим сўраш]га унамадилар ва ўзларининг нақадар қайсар кофирликларини, ҳамда Аллоҳ ва росулига билиб туриб, қасддан қаршилик қилаётганларини ҳаммага кўрсатиб қўйдилар. Аллоҳ Таъало бизларга хабар бериб, яҳудийлар ҳеч қачон ўзларига ўлим тиламасликларини айтди, чунки улар куфрни ўзларига йўл [дин] қилиб олдилар, гуноҳлардан таб тортмайдилар ва ўлим — уларнинг қилиб ўтган нопок ишларига тезкор тўлов бўлиши ҳақида аниқ биладилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:96.
وَلَتَجِدَنَّهُمْ أَحْرَصَ النَّاسِ عَلَى حَيَاةٍ وَمِنَ الَّذِينَ أَشْرَكُوا يَوَدُّ أَحَدُهُمْ لَوْ يُعَمَّرُ أَلْفَ سَنَةٍ وَمَا هُوَ بِمُزَحْزِحِهِ مِنَ الْعَذَابِ أَن يُعَمَّرَ وَاللَّهُ بَصِيرٌ بِمَا يَعْمَلُونَ
Оят: Ва [албатта, сиз эй набий ﷺ] уларнинг [яъни, яҳудийлардан бўлган кимсаларнинг] ҳаёти дунёга энг ҳирс қўйган одамлардан эканини топасиз [кўрасиз] ва [уларнинг дунёга ташналиклари, ҳатто охиратга иймон келтирмаган] мушрик бўлганлар[нинг ҳирси]дан ҳам [баттарроқдир]. Улар [яҳудийлар]нинг ҳар бирлари минг йил умр кўришни [қаттиқ хоҳиш билан] хоҳлайди, аммо [Аллоҳдан] унга узоқ умр берилиши, уни [жаҳаннамнинг абадий] азобидан узоқлаштира олмайди. Ахир Аллоҳ, уларнинг қилаётган[иш]ларини кўриб турувчи Зотдир.

Тафсир: [Ўлим — яҳудийлар учун энг суйилмаган ва нафратли ҳодисадир. Ўзларининг бу дунёга бўлган ташналикларида, ҳирсларида улар бошқа одамлардан ўзиб кетадилар, ҳаттоки умуман пайғамбарга ва китобларга ишонмаган мушрикларни ҳам йўлда қолдирадилар. Дунёга бўлган муҳаббатлари шу қадар кучлики, уларнинг ҳар бирлари минг йил умр кўришни орзу қилади, аммо улар имконсиз нарсани истайдилар ва бу нарса, уларнинг дунёга қўйган ҳирслари барча чегаралардан чиқиб кетганига далолат қилади. Бироқ [билиб қўйсинларки], агар улар узоқ умр кечирсалар ҳам, бу уларга бирон фойда келтирмайди ва уларга тайёрлаб қўйилган жазодан халос қилмайди, чунки Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўриб турибди. Бу ҳақда айта туриб, Аллоҳ Таъало Ўзининг қулларини қилаётган амалларига тегишли жазо борлиги ҳақида огоҳлантириб ўтди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:97.
قُلْ مَن كَانَ عَدُوًّا لِّجِبْرِيلَ فَإِنَّهُ نَزَّلَهُ عَلَى قَلْبِكَ بِإِذْنِ اللَّهِ مُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ وَهُدًى وَبُشْرَى لِلْمُؤْمِنِينَ
Оят: Айтинг [эй набий ﷺ, ўша Жибриилни фақат Аллоҳнинг азобини олиб келади, деб унга нисбатан адоват сақлаган яҳудийларга]: “Ким ўша, Жибриилга душманлик қилган?”, ахир у [Жибриил] уни [қуръонни] сизнинг қалбингизга — Аллоҳнинг изни билан — ўзидан олдинги [илоҳий китоблар]ни тасдиқловчи, ҳамда мўминлар учун ҳидоят ва [икки дунёда саодатга эришишлари ҳақида] ҳушхабар қилиб туширган.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:98.
مَن كَانَ عَدُوًّا لِّلَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللَّهَ عَدُوٌّ لِّلْكَافِرِينَ
Оят: Кимда ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига ва Унинг пайғамбарларига ва Жибриилга ва Микаилга душманлик қилса, батаҳқиқ [у кофир бўлади], Аллоҳ [эса] кофирларнинг душманидир.

Тафсир: [Эй Муҳаммад ﷺ! Айнан Жибриил (алайҳиссалом) сизга ҳомийлик қилаётгани сабабидан, яҳудийлар сизга иймон келтирмасликларини айтмоқдалар. Уларнинг фикрича, агар Жибриилнинг ўрнида бошқа фаришта бўлганида, улар сизга сўзсиз иймон келтирар эдилар. Бу иддаолари зиддиятларга тўла ва маънисиздир, қолаверса, бу иддаолари билан Аллоҳга нисбатан мутакаббирлик қилаётганларини англаш қийин эмас. Жибриил (алайҳиссалом) сизнинг қалбингизни — Аллоҳнинг изни билан — худди сиздан аввалги пайғамбарларини қалбларини илоҳий ваҳий билан тўлдиргани каби, тўлдирди. У фақатгина Аллоҳнинг амру фармонини бажаради ва Аллоҳдан келган элчидир холос. Аммо, Жибриил олиб келган илоҳий китоб [қуръон]га келсак, у аввалги китобларни ҳақлигини тасдиқловчидир. У асло олдинги самовий китобларга зид эмас ва уларга раддия бермайди. Унда энг комил кўрсатма борки, унга эргашиш оқибатида турли ҳил залолат ва адашишликдан қутулиш мумкин. Шу билан бирга, у [қуръон], унга иймон келтирган ҳар бир кишига дунё-ю охиратда саодат ва фавз борлигидан дарак беради. Етук фазилатли фаришталардан бўлган Жибриил (алайҳиссалом)га гина, адоват сақлаш, Аллоҳга ва Унинг оятларига куфр кертириш демакдир; бу Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига ва Унинг фаришталарига душманлик қилиш билан тенгдир. Яҳудийларнинг Жибриилга бўлган адовати, унга туйган шахсий нафратлари сабабидан эмасди, балки, уларнинг [бу фариштага] душманлигининг боиси, Жибриил Ўз Роббисидан пайғамбарларга олиб келган ҳақдан юз ўгирилганликларидир. Буларнинг барчаси, уларнинг куфрлари ва Жибриилни юборган Аллоҳга, Жибриил орқали нозил қилинган китобга ва Жибриил ваҳий олиб келган пайғамбарга нисбатан адоватлари, нафратларидан гувоҳлик беради. Уларнинг сўз ва амалларини айнан шундай талқин қилиш керак.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:99.
وَلَقَدْ أَنزَلْنَا إِلَيْكَ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ وَمَا يَكْفُرُ بِهَا إِلَّا الْفَاسِقُونَ
Оят: Батаҳқиқ, Биз сизга [эй набий ﷺ] аниқ [тушунарли бўлган] оятларни нозил қилдик ва уларга фақат фосиқларгина куфр келтирадилар. [Бу оятда гап катта фисқ, яъни, “диндан чиқарувчи куфрий фисқ” назарда тутилган].

Тафсир: [Эй пайғамбар! Биз сизга очиқ, кундек равшан оят-аломатларни нозил қилдикки, улар ҳаққа интилган ҳар бир кишини ҳидоятнинг равон, барқарор йўлидан олиб боради ва ҳар бир ўжарлик билан ҳақни инкор қилган кимсани, ўз билимсизлиги ва жоҳиллиги билан [Аллоҳнинг хузурида] оқланиш имкониятидан маҳрум қилади. Бу оятлар ҳақни баён қилиб беришда шу қадар аниқки, ундан фақатгина Аллоҳга бўйсунишни хоҳламаган ва илоҳий оятларга такаббурлик қилган фосиқларгина юз ўгириши мумкин.]
2:100.
أَوَكُلَّمَا عَاهَدُوا عَهْدًا نَّبَذَهُ فَرِيقٌ مِّنْهُم بَلْ أَكْثَرُهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ
Оят: Наҳотки, ҳар қачон [бани Исроил Аллоҳ билан] аҳд тузсалар, улар [яҳудлар]дан бўлган бир гуруҳ уни бузаверса? Йўқ! Уларнинг аксарлари [Аллоҳ нозил қилган нарсага] иймон келтирмаслар.

Тафсир: [Бу ваҳийнинг ҳайратли жойи шуки, бани Исроил кўп марта Аллоҳ билан аҳдлашганлар ва бу аҳдларга охиригача вафо қилишга сабрлари етмаган. Ҳўш, ваъдаларига хилоф қилишларига нима туртки бўлди? Бунинг сабаби, уларнинг кўпчилигини кофир бўлганларидадир. Айнан иймоннинг йўқлиги бани Исроилни аҳдларни бузишга олиб келган. Акс ҳолда, улар бундай қилмаган бўлардилар, зеро буюк Аллоҳ деди: «Мўминлар ичида, Аллоҳга берган аҳдларига вафоли [ҳақиқий] эркаклар бор» (33:23).]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:101.
وَلَمَّا جَاءَهُمْ رَسُولٌ مِّنْ عِندِ اللَّهِ مُصَدِّقٌ لِّمَا مَعَهُمْ نَبَذَ فَرِيقٌ مِّنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ كِتَابَ اللَّهِ وَرَاءَ ظُهُورِهِمْ كَأَنَّهُمْ لَا يَعْلَمُونَ
Оят: Ва қачонки, улар [яҳудийлар]даги нарса [таврот]ни тасдиқловчи бўлиб, Аллоҳнинг хузуридан пайғамбар [Муҳаммад ﷺ, қуръон билан] келганда, китоб берилганлардан бир гуруҳи, худди [улар] билмаётгандек [ўзларини билмаганга солиб], Аллоҳнинг китоби [таврот, ёки қуръонни] ортларига отдилар [яъни, тавротда хабари берилган охирги пайғамбарга иймон келтирмадилар, ёки қуръонни қабул қилмадилар].

Тафсир: [Вақти келиб, Аллоҳнинг набийси ﷺ, яҳудийларга, аввалги китобларни ҳақлигини тасдиқловчи улуғ китоб — қуръонни олиб келганда [чунки улар ўзларини ўша олдинги китобларга эргашувчилар деб ҳисоблар эдилар], улар Муҳаммад ﷺга ва у зот билан юборилган ҳаққа иймон келтиришдан бош тортдилар. Улар Аллоҳнинг китобидан фақатгина юз ўгирмадилар, балки жоҳилларча, ҳақиқатлиги ва ростгўйлигини англаб туриб, уни ортларига отдилар. Бу ишни қилган аҳли китоблар энди қуруқ қўл билан қолдилар. Зеро, Аллоҳнинг сўнгги элчиси ﷺни инкор этишлик билан, аслида ўзларининг китобларини инкор қилиб қўйдилар ва [жоҳилликлари туфайли] буни ҳатто сезмадилар ҳам. Буюк Аллоҳ, итоатсиз, фосиқ бўлган кимсалар билан ана шундай йўл тутади, зотан илоҳий ҳикмат буни тақозо қилади. Шундай! Агар инсон билиб турган ҳолида ўзига фойда келтирадиган нарсани бажаришдан бош тортса, у ҳолда, ўзига аниқ зарар етказадиган нарсаларни қила бошлайди. Борди-ю, инсон марҳаматли Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортар экан, шубҳасиз, у бут ва санамларга сиғина бошлайди. Агар у Аллоҳни севишни ва Ундан қўрқишни хоҳламаса, Аллоҳга умидларини боғламаса, у албатта, Аллоҳдан ўзга валийларни сева бошлайди, улардан қўрқиб, умид қилади. Агар инсон ўз мулкини Аллоҳнинг йўлида, У Зотга бўйсуниб сарфламас экан, у сўзсиз шайтонга итоат қилиб, ўз мулкини номақбул ишларга сарфлай бошлайди. Ўзининг Яратган Роббиси олдида хорлик, хушуъ ва камтарлик қилишни истамаса, билиб қўйсинки, у батаҳқиқ, Унинг махлуқотлари олдида хор ва паст бўлади. Кимки ҳақдан юз ўгирса, у албатта, залолатга ғарқ бўлгусидир. Аллоҳнинг китобини инкор қилган ва шайтонларга эргашиб кетган яҳудийлар худди шундай фитна билан фитналандилар, зеро улар, Сулаймон (алайҳиссалом)нинг подшоҳлиги сеҳр-жоду асосига қурилган, деб, даҳшатли бир ёлғонни ўйлаб чиқдилар. Шунинг учун кейинги оятларда Аллоҳ шундай деди: ]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:102.
وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَى مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُم بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
Оят: Ва улар [яъни, тавротни ортга отган яҳудийлар] Сулаймоннинг подшоҳлигида шайтонлар тиловат қилган [айтиб берган] нарса [сеҳр-жоду]га эргашдилар. Сулаймон кофир бўлмаган эди [сеҳр-жодуни ўрганмаган, бошқаларни ҳам ўргатмаган], [бироқ] шайтонларнинг ўзлари, инсонларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар. Ҳамда [яҳудийлар яна] Бобил [юрти] да Ҳорут ва Морут [исмли] икки фариштага [имтиҳон, синов сифатида] нозил қилинган нарсага [эргашдилар]. [Аммо, бу] икки фаришта: “Дарҳақиқат, биз [сен учун] фақатгина фитна-синовмиз, бас [сеҳр-жодуни ўрганиш ва шайтонларга итоат қилишлик билан] кофир бўлиб қолмагин ”, демагунларича ҳеч кимга [сеҳрни] ўргатмас эдилар. Ва [одамлар] улардан [икки фариштадан] эр-ҳотинни [ўртасини] ажратадиган нарса[лар]ни ўрганар эдилар. Аммо бу [жодулари] билан у [серҳргар]лар Аллоҳнинг изнисиз бирон кишига зарар етказа олмасдилар. Ва у[сеҳргар]лар уларнинг ўзларига зарар етказадиган ва асло фойда келтирмайдиган нарсани ўргандилар. [Шайтонлар яҳудийларга сеҳрни олиб келганларида, бу нарса улар орасида шу қадар кенг тарқалиб кетдики, ҳатто улар сеҳрга муккаларидан берилиб, Аллоҳнинг китобини ортга сурдилар]. Ва албатта, улар [яҳудийлар], у [сеҳр]ни сотиб олган кишига охиратда бирон насиба [ютуқ] йўқлигини [яхши] билардилар. Жонларини эваз қилиб сотган ўша нарса [сеҳр ва куфр] қанчалар ёмон эканини билсалар эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:103.
وَلَوْ أَنَّهُمْ آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَمَثُوبَةٌ مِّنْ عِندِ اللَّهِ خَيْرٌ لَّوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
Оят: Агар улар [ҳақиқий] иймон келтириб, [Аллоҳнинг азобидан] тақво қилганларида, Аллоҳнинг хузурида [муттақийнларга тайёрланиб қўйилган] савоб [ажр] улар учун [ўша танлаган нарсаларидан] яхшироқ бўларди. Аммо буни билсалар эди.

Тафсир: [Шайтонлар инсонларга сеҳр-жодуни кўрсатдилар ва: “Аллоҳнинг пайғамбари — Сулаймон (алайҳиссалом) ҳам сеҳргар бўлган, шуни оқибатида у буюк подшоҳликни қўлга киритган”, деган иддао билан келдилар. Дарҳақиқат, улар жуда ҳам мудҳиш бир ёлғонни тўқиб чиқардилар, чунки Сулаймон (алайҳиссалом) ҳеч қачон сеҳр билан шуғулланмаганлар. Ўзининг набийси — Сулаймонни асло кофирлардан бўлмаганини ва у ҳеч қачон сеҳрни ўрганмаганини Аллоҳ Таъало хабар берди. Билъакс, шайтонларнинг ўзлари кофир бўлганлар, чунки инсонларни сеҳр ва жодуга ўргатганлар. Бу қилмишлари билан улар Одам зурриётини залолатга, чуқур адашишликка олиб киришни хоҳлаганлар. Яҳудийлар ҳам, Ироқнинг ерида бўлган, Бобил юртидаги икки фариштага нозил қилинган сеҳр-жодуни ўргандилар. Аллоҳ Таъало Ўз қулларини имтиҳондан ўтказиш учун, ўша икки фариштага сеҳрга оид билимларни нозил қилди ва улар одамларни жоду қилишга ўргата бошладилар. Аммо, инсонга таълим беришдан аввал, улар унга самимий маслаҳат берар ва сеҳрни ўрганмасликни тавсия қилардилар, чунки у — аниқ куфрдир. Одамларга сеҳргарлик ва жодугарликни ўрганишни таъқиқлаш билан бир қаторда, бу жиноятнинг жазоси нақадар оғир экани ҳақида уларни огоҳлантирар эдилар.
Юқорида айтилганлардан шундай хулосага келиш мумкинки, шайтонлар одамларни сеҳрга ўргатаётганларида, ботилни ҳақ деб кўрсатиш орқали, уларни залолатга олиб кирдилар, ҳамда, Сулаймон (алайҳиссалом)га бу оғир гуноҳни нисбатладилар, ваҳоланки, Аллоҳ Ўзининг пайғамбарини бу ишга умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Аммо, икки фаришта [Ҳорут ва Морут] инсонларни синовдан ўтказиш учун, уларга самимий насиҳат қилиш орқали, [Аллоҳнинг хузурида] ҳар қандай узрланиш, ўзини оқлашдан маҳрум қилиш учун, уларга сеҳрни ўргатдилар.
Яҳудийлар эса, ўз навбатида, сеҳрнинг таълимотини ҳам шайтонлардан, ҳам икки фариштадан олдилар. Улар росул ва набийлар тарғиб этган билимларга қизиқмай қўйдилар ва бунинг ўрнига, шайтонлар таълимотини эгаллай бошладилар. Дарҳақиқат, ҳар бир кишига, у нимага интилган бўлса, ўша нарсаси тегади!
Шундан сўнг, буюк ва марҳаматли Аллоҳ, сеҳр-жодунинг оқибатида келадиган зарарлардан хабар берди. Инсонлар икки фариштадан, ҳаттоки эр ва ҳотинни бир-бирларидан ажратиш услубларини ўргана бошладилар, ваҳоланки, эр-ҳотинлик муҳаббати, бошқа туйғулардан кўра анча мустаҳкамроқдир. Айнан шу сабабдан, Аллоҳ: “Унинг оятларидан — сокинлик топишингиз учун, ўзингиздан жуфтларни яратгани ва ўрталарингизда севги ва марҳаматни ўрнатиб қўйганидир” (30:21).
Айтилган гаплардан: сеҳр ҳақиқатдан ҳам мавжуд ва агар Аллоҳ ирода қилса, у инсонга зарар етказа олади, деган хулоса келиб чиқади. [Аммо, таъкидлаб ўтиш керакки], Аллоҳнинг иродаси (хоҳиши) икки турли бўлади: 1) машиат кавний (оламга тегишли хоҳиш); 2) шаръий (шариатга тегишли хоҳиш).
Аллоҳнинг кавний иродаси, Аллоҳ содир бўлишига рухсат берган барча ҳодисаларга тааллуқлидир. Ва биз муҳокама қилаётган (тафсирини келтираётган) оятда, Аллоҳнинг айнан шу турдаги иродаси зикр қилинган.
Аллоҳнинг шаръий иродаси эса, бундан аввалги оятларда ёд этилган эди, масалан: “ахир у [Жибриил] уни [қуръонни] сизнинг қалбингизга — Аллоҳнинг изни билан...туширганидир” (2:97)
Биз муҳокама қилаётган ва унга ўхшаш бошқа оятлар шуни кўрсатадики, ердаги ҳар қандай сабаблар, ҳаттоки энг муҳим ва самаралилари ҳам, доимий равишда, Аллоҳнинг тақдирига ва қазосига боғлиқдир ва атрофда бўлаётган воқеаларга ўзлари мустақил тарзда таъсир қилмайди.
Мусулмон фирқаларининг ҳеч бирлари бу диний тамойилни инкор қилмайди, магарам, қадария оқими инкор қиладилар. Уларнинг ботил эътиқодига кўра, инсонларнинг амаллари мутлақо мустақил ва умуман Аллоҳнинг иродасига боғланмаган. Аллоҳнинг иродаси инсон амалларига асло тааллуқли эмас, деб ҳисоблайдилар.
Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, бу дунёқараш, Аллоҳнинг китобига, росулининг суннатига ва саҳобалар, ҳамда уларга эргашганларнинг эътиқодларига зиддир.
Бундан ташқари, оят давомида, сеҳр-жоду таълимоти инсонларга зарар ва зиёндан бошқа нарсани келтирмаслиги ҳақида алоҳида айтиб ўтилди. Бошқа гуноҳлардан фарқли ўлароқ, сеҳр ҳақидаги билимларни эгаллашда инсон учун, на дунёвий, ва на диний ишларида бирон манфаат йўқдир, зеро бошқа гуноҳлардан инсон учун дунёвий фойдалар бўлиши мумкин, зеро ароқ ва қиморни зикр қилаётиб, Аллоҳ дедики: “Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир” (2:219).
Аммо сеҳр инсон учун фақат зарар ва зиён келтирар экан ва ҳеч нарса инсонни бу қабиҳ гуноҳни қилишига ундамаслиги керак. Шу англаб олиш керакки, барча таъқиқланган амаллар, инсонга ё фақат зарар етказиши мумкин экан, ёки, фойдадан кўра, кўпроқ зиён келтириши мумкин экан. Бунинг муқобилида, солиҳ амаллар инсонга, ё мутлақ фойда келтиради, ёки зарардан кўра кўпроқ фойда келтириши мумкин экан. Аммо яҳудийларга келсак, уларнинг яхши билган нарсаси шу эдики: агар инсон сеҳр билан шуғулланишни хоҳласа ва бу илмларни, худди тижоратчи махсулотни қўлга киритгандай, қўлга киритса, у албатта охиратдаги насибасидан маҳрум бўлиши ва ўзини жазога маҳкум этиши муқаррар эди. Улар жоҳил, билмисиз эканлари туфайли бу жиноятларни содир этганлари йўқ, аммо улар билиб турган ҳолларида, дунё ҳаётига, охират ҳаёти устидан устунлик бердилар. Улар учун, илм олиш ва уни солиҳ амалларга татбиқ қилиш нақадар яхши эди, бироқ улар бундай йўл тутмадилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy