🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
265 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:99.
وَلَقَدْ أَنزَلْنَا إِلَيْكَ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ وَمَا يَكْفُرُ بِهَا إِلَّا الْفَاسِقُونَ
Оят: Батаҳқиқ, Биз сизга [эй набий ﷺ] аниқ [тушунарли бўлган] оятларни нозил қилдик ва уларга фақат фосиқларгина куфр келтирадилар. [Бу оятда гап катта фисқ, яъни, “диндан чиқарувчи куфрий фисқ” назарда тутилган].

Тафсир: [Эй пайғамбар! Биз сизга очиқ, кундек равшан оят-аломатларни нозил қилдикки, улар ҳаққа интилган ҳар бир кишини ҳидоятнинг равон, барқарор йўлидан олиб боради ва ҳар бир ўжарлик билан ҳақни инкор қилган кимсани, ўз билимсизлиги ва жоҳиллиги билан [Аллоҳнинг хузурида] оқланиш имкониятидан маҳрум қилади. Бу оятлар ҳақни баён қилиб беришда шу қадар аниқки, ундан фақатгина Аллоҳга бўйсунишни хоҳламаган ва илоҳий оятларга такаббурлик қилган фосиқларгина юз ўгириши мумкин.]
2:100.
أَوَكُلَّمَا عَاهَدُوا عَهْدًا نَّبَذَهُ فَرِيقٌ مِّنْهُم بَلْ أَكْثَرُهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ
Оят: Наҳотки, ҳар қачон [бани Исроил Аллоҳ билан] аҳд тузсалар, улар [яҳудлар]дан бўлган бир гуруҳ уни бузаверса? Йўқ! Уларнинг аксарлари [Аллоҳ нозил қилган нарсага] иймон келтирмаслар.

Тафсир: [Бу ваҳийнинг ҳайратли жойи шуки, бани Исроил кўп марта Аллоҳ билан аҳдлашганлар ва бу аҳдларга охиригача вафо қилишга сабрлари етмаган. Ҳўш, ваъдаларига хилоф қилишларига нима туртки бўлди? Бунинг сабаби, уларнинг кўпчилигини кофир бўлганларидадир. Айнан иймоннинг йўқлиги бани Исроилни аҳдларни бузишга олиб келган. Акс ҳолда, улар бундай қилмаган бўлардилар, зеро буюк Аллоҳ деди: «Мўминлар ичида, Аллоҳга берган аҳдларига вафоли [ҳақиқий] эркаклар бор» (33:23).]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:101.
وَلَمَّا جَاءَهُمْ رَسُولٌ مِّنْ عِندِ اللَّهِ مُصَدِّقٌ لِّمَا مَعَهُمْ نَبَذَ فَرِيقٌ مِّنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ كِتَابَ اللَّهِ وَرَاءَ ظُهُورِهِمْ كَأَنَّهُمْ لَا يَعْلَمُونَ
Оят: Ва қачонки, улар [яҳудийлар]даги нарса [таврот]ни тасдиқловчи бўлиб, Аллоҳнинг хузуридан пайғамбар [Муҳаммад ﷺ, қуръон билан] келганда, китоб берилганлардан бир гуруҳи, худди [улар] билмаётгандек [ўзларини билмаганга солиб], Аллоҳнинг китоби [таврот, ёки қуръонни] ортларига отдилар [яъни, тавротда хабари берилган охирги пайғамбарга иймон келтирмадилар, ёки қуръонни қабул қилмадилар].

Тафсир: [Вақти келиб, Аллоҳнинг набийси ﷺ, яҳудийларга, аввалги китобларни ҳақлигини тасдиқловчи улуғ китоб — қуръонни олиб келганда [чунки улар ўзларини ўша олдинги китобларга эргашувчилар деб ҳисоблар эдилар], улар Муҳаммад ﷺга ва у зот билан юборилган ҳаққа иймон келтиришдан бош тортдилар. Улар Аллоҳнинг китобидан фақатгина юз ўгирмадилар, балки жоҳилларча, ҳақиқатлиги ва ростгўйлигини англаб туриб, уни ортларига отдилар. Бу ишни қилган аҳли китоблар энди қуруқ қўл билан қолдилар. Зеро, Аллоҳнинг сўнгги элчиси ﷺни инкор этишлик билан, аслида ўзларининг китобларини инкор қилиб қўйдилар ва [жоҳилликлари туфайли] буни ҳатто сезмадилар ҳам. Буюк Аллоҳ, итоатсиз, фосиқ бўлган кимсалар билан ана шундай йўл тутади, зотан илоҳий ҳикмат буни тақозо қилади. Шундай! Агар инсон билиб турган ҳолида ўзига фойда келтирадиган нарсани бажаришдан бош тортса, у ҳолда, ўзига аниқ зарар етказадиган нарсаларни қила бошлайди. Борди-ю, инсон марҳаматли Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортар экан, шубҳасиз, у бут ва санамларга сиғина бошлайди. Агар у Аллоҳни севишни ва Ундан қўрқишни хоҳламаса, Аллоҳга умидларини боғламаса, у албатта, Аллоҳдан ўзга валийларни сева бошлайди, улардан қўрқиб, умид қилади. Агар инсон ўз мулкини Аллоҳнинг йўлида, У Зотга бўйсуниб сарфламас экан, у сўзсиз шайтонга итоат қилиб, ўз мулкини номақбул ишларга сарфлай бошлайди. Ўзининг Яратган Роббиси олдида хорлик, хушуъ ва камтарлик қилишни истамаса, билиб қўйсинки, у батаҳқиқ, Унинг махлуқотлари олдида хор ва паст бўлади. Кимки ҳақдан юз ўгирса, у албатта, залолатга ғарқ бўлгусидир. Аллоҳнинг китобини инкор қилган ва шайтонларга эргашиб кетган яҳудийлар худди шундай фитна билан фитналандилар, зеро улар, Сулаймон (алайҳиссалом)нинг подшоҳлиги сеҳр-жоду асосига қурилган, деб, даҳшатли бир ёлғонни ўйлаб чиқдилар. Шунинг учун кейинги оятларда Аллоҳ шундай деди: ]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:102.
وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَى مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُم بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
Оят: Ва улар [яъни, тавротни ортга отган яҳудийлар] Сулаймоннинг подшоҳлигида шайтонлар тиловат қилган [айтиб берган] нарса [сеҳр-жоду]га эргашдилар. Сулаймон кофир бўлмаган эди [сеҳр-жодуни ўрганмаган, бошқаларни ҳам ўргатмаган], [бироқ] шайтонларнинг ўзлари, инсонларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар. Ҳамда [яҳудийлар яна] Бобил [юрти] да Ҳорут ва Морут [исмли] икки фариштага [имтиҳон, синов сифатида] нозил қилинган нарсага [эргашдилар]. [Аммо, бу] икки фаришта: “Дарҳақиқат, биз [сен учун] фақатгина фитна-синовмиз, бас [сеҳр-жодуни ўрганиш ва шайтонларга итоат қилишлик билан] кофир бўлиб қолмагин ”, демагунларича ҳеч кимга [сеҳрни] ўргатмас эдилар. Ва [одамлар] улардан [икки фариштадан] эр-ҳотинни [ўртасини] ажратадиган нарса[лар]ни ўрганар эдилар. Аммо бу [жодулари] билан у [серҳргар]лар Аллоҳнинг изнисиз бирон кишига зарар етказа олмасдилар. Ва у[сеҳргар]лар уларнинг ўзларига зарар етказадиган ва асло фойда келтирмайдиган нарсани ўргандилар. [Шайтонлар яҳудийларга сеҳрни олиб келганларида, бу нарса улар орасида шу қадар кенг тарқалиб кетдики, ҳатто улар сеҳрга муккаларидан берилиб, Аллоҳнинг китобини ортга сурдилар]. Ва албатта, улар [яҳудийлар], у [сеҳр]ни сотиб олган кишига охиратда бирон насиба [ютуқ] йўқлигини [яхши] билардилар. Жонларини эваз қилиб сотган ўша нарса [сеҳр ва куфр] қанчалар ёмон эканини билсалар эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:103.
وَلَوْ أَنَّهُمْ آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَمَثُوبَةٌ مِّنْ عِندِ اللَّهِ خَيْرٌ لَّوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
Оят: Агар улар [ҳақиқий] иймон келтириб, [Аллоҳнинг азобидан] тақво қилганларида, Аллоҳнинг хузурида [муттақийнларга тайёрланиб қўйилган] савоб [ажр] улар учун [ўша танлаган нарсаларидан] яхшироқ бўларди. Аммо буни билсалар эди.

Тафсир: [Шайтонлар инсонларга сеҳр-жодуни кўрсатдилар ва: “Аллоҳнинг пайғамбари — Сулаймон (алайҳиссалом) ҳам сеҳргар бўлган, шуни оқибатида у буюк подшоҳликни қўлга киритган”, деган иддао билан келдилар. Дарҳақиқат, улар жуда ҳам мудҳиш бир ёлғонни тўқиб чиқардилар, чунки Сулаймон (алайҳиссалом) ҳеч қачон сеҳр билан шуғулланмаганлар. Ўзининг набийси — Сулаймонни асло кофирлардан бўлмаганини ва у ҳеч қачон сеҳрни ўрганмаганини Аллоҳ Таъало хабар берди. Билъакс, шайтонларнинг ўзлари кофир бўлганлар, чунки инсонларни сеҳр ва жодуга ўргатганлар. Бу қилмишлари билан улар Одам зурриётини залолатга, чуқур адашишликка олиб киришни хоҳлаганлар. Яҳудийлар ҳам, Ироқнинг ерида бўлган, Бобил юртидаги икки фариштага нозил қилинган сеҳр-жодуни ўргандилар. Аллоҳ Таъало Ўз қулларини имтиҳондан ўтказиш учун, ўша икки фариштага сеҳрга оид билимларни нозил қилди ва улар одамларни жоду қилишга ўргата бошладилар. Аммо, инсонга таълим беришдан аввал, улар унга самимий маслаҳат берар ва сеҳрни ўрганмасликни тавсия қилардилар, чунки у — аниқ куфрдир. Одамларга сеҳргарлик ва жодугарликни ўрганишни таъқиқлаш билан бир қаторда, бу жиноятнинг жазоси нақадар оғир экани ҳақида уларни огоҳлантирар эдилар.
Юқорида айтилганлардан шундай хулосага келиш мумкинки, шайтонлар одамларни сеҳрга ўргатаётганларида, ботилни ҳақ деб кўрсатиш орқали, уларни залолатга олиб кирдилар, ҳамда, Сулаймон (алайҳиссалом)га бу оғир гуноҳни нисбатладилар, ваҳоланки, Аллоҳ Ўзининг пайғамбарини бу ишга умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Аммо, икки фаришта [Ҳорут ва Морут] инсонларни синовдан ўтказиш учун, уларга самимий насиҳат қилиш орқали, [Аллоҳнинг хузурида] ҳар қандай узрланиш, ўзини оқлашдан маҳрум қилиш учун, уларга сеҳрни ўргатдилар.
Яҳудийлар эса, ўз навбатида, сеҳрнинг таълимотини ҳам шайтонлардан, ҳам икки фариштадан олдилар. Улар росул ва набийлар тарғиб этган билимларга қизиқмай қўйдилар ва бунинг ўрнига, шайтонлар таълимотини эгаллай бошладилар. Дарҳақиқат, ҳар бир кишига, у нимага интилган бўлса, ўша нарсаси тегади!
Шундан сўнг, буюк ва марҳаматли Аллоҳ, сеҳр-жодунинг оқибатида келадиган зарарлардан хабар берди. Инсонлар икки фариштадан, ҳаттоки эр ва ҳотинни бир-бирларидан ажратиш услубларини ўргана бошладилар, ваҳоланки, эр-ҳотинлик муҳаббати, бошқа туйғулардан кўра анча мустаҳкамроқдир. Айнан шу сабабдан, Аллоҳ: “Унинг оятларидан — сокинлик топишингиз учун, ўзингиздан жуфтларни яратгани ва ўрталарингизда севги ва марҳаматни ўрнатиб қўйганидир” (30:21).
Айтилган гаплардан: сеҳр ҳақиқатдан ҳам мавжуд ва агар Аллоҳ ирода қилса, у инсонга зарар етказа олади, деган хулоса келиб чиқади. [Аммо, таъкидлаб ўтиш керакки], Аллоҳнинг иродаси (хоҳиши) икки турли бўлади: 1) машиат кавний (оламга тегишли хоҳиш); 2) шаръий (шариатга тегишли хоҳиш).
Аллоҳнинг кавний иродаси, Аллоҳ содир бўлишига рухсат берган барча ҳодисаларга тааллуқлидир. Ва биз муҳокама қилаётган (тафсирини келтираётган) оятда, Аллоҳнинг айнан шу турдаги иродаси зикр қилинган.
Аллоҳнинг шаръий иродаси эса, бундан аввалги оятларда ёд этилган эди, масалан: “ахир у [Жибриил] уни [қуръонни] сизнинг қалбингизга — Аллоҳнинг изни билан...туширганидир” (2:97)
Биз муҳокама қилаётган ва унга ўхшаш бошқа оятлар шуни кўрсатадики, ердаги ҳар қандай сабаблар, ҳаттоки энг муҳим ва самаралилари ҳам, доимий равишда, Аллоҳнинг тақдирига ва қазосига боғлиқдир ва атрофда бўлаётган воқеаларга ўзлари мустақил тарзда таъсир қилмайди.
Мусулмон фирқаларининг ҳеч бирлари бу диний тамойилни инкор қилмайди, магарам, қадария оқими инкор қиладилар. Уларнинг ботил эътиқодига кўра, инсонларнинг амаллари мутлақо мустақил ва умуман Аллоҳнинг иродасига боғланмаган. Аллоҳнинг иродаси инсон амалларига асло тааллуқли эмас, деб ҳисоблайдилар.
Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, бу дунёқараш, Аллоҳнинг китобига, росулининг суннатига ва саҳобалар, ҳамда уларга эргашганларнинг эътиқодларига зиддир.
Бундан ташқари, оят давомида, сеҳр-жоду таълимоти инсонларга зарар ва зиёндан бошқа нарсани келтирмаслиги ҳақида алоҳида айтиб ўтилди. Бошқа гуноҳлардан фарқли ўлароқ, сеҳр ҳақидаги билимларни эгаллашда инсон учун, на дунёвий, ва на диний ишларида бирон манфаат йўқдир, зеро бошқа гуноҳлардан инсон учун дунёвий фойдалар бўлиши мумкин, зеро ароқ ва қиморни зикр қилаётиб, Аллоҳ дедики: “Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир” (2:219).
Аммо сеҳр инсон учун фақат зарар ва зиён келтирар экан ва ҳеч нарса инсонни бу қабиҳ гуноҳни қилишига ундамаслиги керак. Шу англаб олиш керакки, барча таъқиқланган амаллар, инсонга ё фақат зарар етказиши мумкин экан, ёки, фойдадан кўра, кўпроқ зиён келтириши мумкин экан. Бунинг муқобилида, солиҳ амаллар инсонга, ё мутлақ фойда келтиради, ёки зарардан кўра кўпроқ фойда келтириши мумкин экан. Аммо яҳудийларга келсак, уларнинг яхши билган нарсаси шу эдики: агар инсон сеҳр билан шуғулланишни хоҳласа ва бу илмларни, худди тижоратчи махсулотни қўлга киритгандай, қўлга киритса, у албатта охиратдаги насибасидан маҳрум бўлиши ва ўзини жазога маҳкум этиши муқаррар эди. Улар жоҳил, билмисиз эканлари туфайли бу жиноятларни содир этганлари йўқ, аммо улар билиб турган ҳолларида, дунё ҳаётига, охират ҳаёти устидан устунлик бердилар. Улар учун, илм олиш ва уни солиҳ амалларга татбиқ қилиш нақадар яхши эди, бироқ улар бундай йўл тутмадилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:104.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقُولُوا رَاعِنَا وَقُولُوا انظُرْنَا وَاسْمَعُوا وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ
Оят: Эй иймон келтирганлар! [пайғамбарга мурожаат қилаётганингларда] “Роъинаа” [бизни риоя қилинг] деманглар, балки [бу иборани ўрнига]: “Унзурнаа” [бизга бир қараб қўйинг] денглар, ҳамда [сизларга амр қилинаётган нарсага], қулоқ солинглар. Ва [пайғамбарни истеҳзо қилаётган] кофирларга аламлантирувчи азоб тайёрлаб қўйилгандир!

Тафсир: [Ислом динини ўрганиш мақсадида, мусулмонлар набий ﷺга мурожаат этаётиб: “Роъинаа — бизнинг ҳолимизни эътиборга олиб, бизни риоя қилиб қўйинг”, дердилар. Албатта, улар бу сўзларни ёмон ниятларсиз талаффуз қилардилар, бироқ яҳудийлар, бу араб иборасидан ёмон маънони кўзладилар. Қулай шароит келди дегунча, улар бу иборани росулуллоҳ ﷺга йўналтириб, уни номақбул (разил) маънода айтар эдилар. Шунда Аллоҳ Таъало мўмин кишиларга бу иборани қўллашни таъқиқладики, бу билан маънони бузилишига барҳам берилди. Бу оятдан шу нарса маълум бўладики, агар шариатда мубоҳ қилинган (рухсат берилган) бирон амал, ҳаром қилинган ишларга олиб келса, демак у дарҳол таъқиқланиши шарт. Оят бизга, мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларини сақлаш ва нотўғри тушунилиши мумкин бўлган иборалардан эҳтиёт бўлиш зарурлигини таъкидлайди. Шунингдек, қўрслик, қўпол сўзлар, нотуғри талқин қилиниши мумкин бўлган ноаниқ лафз ва иборалардан ўзни тийишликка чақиради. Шу сабабдан, оятнинг давомида, Аллоҳ Таъало Ўз мусулмон бандаларига, аниқ ва иккимаъносиз, ойдин бўлган лафзларни қўллашни буюради. Бундан ташқари, Робб Таъало мусулмонларга қулоқ солиш, тинглашни амр қилди, аммо айнан нимани тинглашлари кераклигини аниқламади. Бу дегани, ушбу ҳукм, қуръон оятлари, пайғамбар ﷺга ҳикмат қилиб берилган суннаи шарифанинг муқаддас матнлари ва бошқа нарсаларга тааллуқли бўлиб, мўминлар уларга қулоқ солиб, тинглашлари, ҳамда, амалда татбиқ қилишлари шартдир. Бу ваҳийда бизларга, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ва Аллоҳга бўйсуниш буюрилган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:105.
مَّا يَوَدُّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَلَا الْمُشْرِكِينَ أَن يُنَزَّلَ عَلَيْكُم مِّنْ خَيْرٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَاللَّهُ يَخْتَصُّ بِرَحْمَتِهِ مَن يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ
Оят: [Эй иймон келтирганлар! Сизларга бўлган ҳасад ва адоватлари туфайли,] аҳли китоблардан ва мушриклардан бўлган кофирлар, сизларга Роббингиз томонидан [мутлақо] яхшилик нозил бўлишини хоҳламайдилар. Аллоҳ эса Ўз раҳмати билан кимни хоҳласа, ўшани хослаб олади, ахир Аллоҳ буюк фазлнинг Эгасидир.

Тафсир: [Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъало, кофир бўлган кимсаларга шиддатли азоб билан огоҳлантириш берди, ҳамда, яҳудийлар ва мушрикларни мўминларга нисбатан қаттиқ адоватлари борлигини айтди. Улар мусулмонларнинг зафар қозонишларини, катта ғалабалар, ёки кичик муваффақиятларга эришишларини асло истамайдилар. Аллоҳ мўминларни Ўзининг фазли билан икром қилганига ҳасад қилиб, уларга энг ёмон нафратни туядилар. Аммо, Аллоҳ буюк фазл Эгаси бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган бандасига ато этади. Ўз фазлу марҳамати билан У Ўзининг пайғамбарига китоб нозил қилди, токи унинг орқали набий ﷺ, мусулмонларни покласинлар ва улар авваллари билмаган китоб ва ҳикматни ўргатсинлар учун. Бунинг учун ҳамду санога лойиқ Зот — ягона Аллоҳнинг Ўзидир!]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:106.
مَا نَنسَخْ مِنْ آيَةٍ أَوْ نُنسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍ مِّنْهَا أَوْ مِثْلِهَا أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Оят: Агар Биз [яъни, Аллоҳ] бирон оятни бекор қилсак [насх қилсак], ёки [пайғамбарга] унутдирсак, у[оят]дан яхшисини, ёки унинг мисолидек [оятни] келтирамиз. Ахир сиз [эй Муҳаммад ﷺ] Аллоҳ ҳар нарсага [ҳар нарсанинг устида] қодир эканини билмадингизми?
[Изоҳ: шайх ибн Усаймин (Аллоҳ уни раҳмат қилсин) дедилар: “Агар Аллоҳ Ўзининг китобида “Мен” олмошини ўрнига “Биз”ни келтираётган бўлса, бу асло сон-саноққа ишора эмас, балки Аллоҳнинг улуғворлиги, буюклигига ишорадир, чунки Аллоҳ ягонадир]

Тафсир: [Бу оятдаги “оятларни бекор қилиш — насхдан” мурод: бир ҳукмни, иккинчиси билан алмаштирмоқ, ёки бу ҳукмни умуман йўққа чиқармоқдир. Яҳудийлар диний аҳкомларни бекор қилиш мумкинлигини инкор қилар ва буни мутлақо жоиз эмас деб ҳисоблар эдилар, ҳолбуки бунинг қонунийлаштирилганлиги уларга нозил қилинган тавротда таъкидлаб ўтилган. Демак уларнинг бу инкор қилишлари, фақат куфрлари ва ҳавойи нафсларига бўйсунишлари сабабидан эди. Диннинг баъзи бир аҳкомларни бекор қилишни ҳикматини келтира туриб, Аллоҳ Таъало, агар бирон оятни бекор қилса, ёки Ўз қулларини, баъзи оятларни уларнинг қалбларидан ўчириб ташлаш орқали, унутишга мажбурласа, бу оятларнинг ўрнига унданда фойдалироқ, ёки ўша оятнинг мислидек оятни нозил қилишини айтади. Янгитдан нозил қилинган оятлар эса, инсонларга аввалги оятлардан кўра кўпроқ фойда келтиради, зеро Робб Таъало Ўз бандаларига ҳамиша раҳмати, марҳаматини курсатиб туради. Бу айниқса мусулмон умматига тегишлидирки, уларга енгиллик динини ато этиш билан, Аллоҳ уларни икром қилди. Аммо, Аллоҳ Таъалонинг диний аҳкомларни бекор қила олишига шубҳа қилганларга қарата, Аллоҳ шундай деди: ]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:107.
أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ اللَّهِ مِن وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ
Оят: Ахир сиз [эй пайғамбар ﷺ] осмонлар ва ернинг [буткул] мулкчилиги [ягона] Аллоҳга тегишли эканини, ҳамда, сизларга Аллоҳдан ўзга на [шафоатчи] дўст, ва на [Аллоҳнинг азобидан қутқарадиган] ёрдамчи йўқлигини билмадингизми?

Тафсир: [Сизларнинг устингиздан мутлақ мулкка Эга бўлиш фақат Аллоҳга хосдир ва У Зот сизларни бошқаради; Ўзининг кавний қарорларида, буйруқ ва қайтариқларида, сизларга нисбатан Ўз марҳамати ва дардкашлигини намойиш этади; Унинг Ўз қулларига тақдир қилган нарсасидан сизлар ҳаргиз қочиб қутула олмассизлар, ҳамда, У Зот бандаларига ўрнатиб берган қонунларга қарши чиқишга сизларнинг ҳаққингиз йўқдир. Аллоҳнинг кавний ва шаръий қонунлари У Зотнинг барча қулларига тегишлидир. Бас, бу қонунларга қарши чиқишга ҳақлари бормикан? Бошқа томондан, Аллоҳ Ўз бандаларига ҳомийлик, ҳожалик қилади ва уларни қўллаб-қувватлайди. Улар яхшиликларни қўлга киритишларига, ҳамда, ёмонликлардан халос бўлишларига ёрдам беради. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳожалиги, ҳомийлиги, бандаларига ўрнатиб берган, ҳикматли ва адолатли низомларида намоён бўлади. Агар инсон қуръон ва суннатнинг бекор қилинган аҳкомлари устида фикр-мулоҳаза юритса, у албатта Аллоҳнинг бандаларига кўрсатган раҳмати ва ҳамдардлигини гувоҳи бўлади. Бундан ташқари, Аллоҳ Ўзининг бепоён раҳмати билан инсонларни уларга манфаатли бўлган нарсаларга етаклашини англаб етади, бироқ инсонлар буни сезмайдилар ҳам.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:108.
أَمْ تُرِيدُونَ أَن تَسْأَلُوا رَسُولَكُمْ كَمَا سُئِلَ مُوسَى مِن قَبْلُ وَمَن يَتَبَدَّلِ الْكُفْرَ بِالْإِيمَانِ فَقَدْ ضَلَّ سَوَاءَ السَّبِيلِ
Оят: Наҳотки сизлар [эй одамлар], ўз пайғамбарингиз [Муҳаммад ﷺ]дан, худди бундан олдин Мусо [ўз қавми томонидан ортиқча кераксиз нарсалар ва мўъжизалар кўрсатиб бериши ҳақида] сўралганидек [савол, талаб] сўрашни хоҳлайсизларми? Ва [билиб қўйинглар] ким иймонни куфрга алмаштирадиган бўлса [куфр келтирса], батаҳқиқ, у тўғри йўлдан адашибди [залолатга кирибди].

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўзининг мўмин бандаларига, ҳамда яҳудийларга, набий ﷺга эътироз билдириб, бир замонлар бани Исроил Мусо (алайҳиссалом)дан қатъийлик билан бир нималарни сўраганларидек, сўрашни таъқиқлади. Бу борада Аллоҳ Таъало деди:
“Аҳли китоблар сиздан, уларга осмондан китоб нозил қилиб беришингизни сўрарлар. Мусодан эса, бунданда улканроқ нарсани сўраб: “Бизга Аллоҳни ошкора кўрсатиб бер” деганлар. Бас, уларнинг зулмкорликлари учун уларни чақмоқ урди [ёки ҳалокатга учрадилар]” (4:153);
“Эй иймон келтирганлар! Ҳар ҳил нарсалар ҳақида сўрайвермангларки, агар сизга [унинг ҳукми] маълум бўлиб қолса, ўзингизга ёмон бўлади [ўзингизга оғирлик қилиб оласиз]. Ҳолбуки, қуръон нозил бўлиб турган пайтда сўрасангиз, [ўша нарсаларнинг ҳукми] сизга очилади. Аллоҳ [сизлардан ўша нарсаларни] авф қилди. Аллоҳ ўта мағфиратли, ҳилмли бўлган Зотдир”.
Бу ва бунга ўхшаш бошқа талаб ва саволлар, биз муҳокама қилаётган оятда ман қилинди. Аммо, тўғри панд-насиҳат олиш ва [шаръий] билимларга эга бўлиш мақсадида сўралган масалаларга келсак, улар мақтовга сазовордир, айнан шунинг учун Аллоҳ: “Агар билмасангизлар зикр аҳли (уламолар, билимли кишилар)дан сўранглар” (16:43), деган. Бу каби масалаларни Аллоҳ Таъало яна бир неча оятларда маъқуллади, масалан: “Улар сиздан нимани нафақа қилишларини сўрарлар...” (2:219); “Сиздан етимлар ҳақида сўрарлар...” (2:220); ва шу маънодаги оятлар жуда ҳам кўп. Бундан фарқланадиган, таъқиқланган савол ва сўровлар номақбул ҳисобланади, зеро бориб-бориб, кишини куфрга олиб кириши ҳам мумкин. Иймонни куфрга алмаштирган ҳар қандай кимса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан оғиб кетади.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:109.
وَدَّ كَثِيرٌ مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُم مِّن بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّارًا حَسَدًا مِّنْ عِندِ أَنفُسِهِم مِّن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ الْحَقُّ فَاعْفُوا وَاصْفَحُوا حَتَّى يَأْتِيَ اللَّهُ بِأَمْرِهِ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Оят: Аҳли китоблар [насоро ва яҳудийлар]нинг аксарлари, уларга ҳақ [ислом дини] очиқ-ойдин бўлганидан кейин, ўзларининг [сизларга бўлган] ҳасадлари туфайли, сизларни [мўмин бўлганингиздан кейин] куфрга қайтармоқчи бўладилар. [Аммо сизлар — эй пайғамбар ва мўминлар] токи Аллоҳнинг [улар билан курашиш ҳақидаги] амри келмагунча, уларни [гуноҳларида маломат қилмай] авф этиб туринглар ва кечиримли бўлинглар, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотдир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало аҳли китобларнинг кўпчилиги ҳасадгўй эканлигидан мўмин бандаларини хабардор қилди. Улар иймон келтирганларга шу қадар ҳасад қиладиларки, ҳатто уларни динидан қайтариб, куфрга киритишни хоҳлайдилар. Бунинг учун, улар бор имкониятларини йўга соладилар ва ҳийла-найранг қўллайдилар, аммо уларнинг ҳийлалари ўзларининг зарарига, ўзларига қарши ишлайди. Бу ҳақда Аллоҳ деди: “Аҳли китоблардан бўлган бир тоифа айтадиларки: “Иймон келтирганларга нозил қилинган нарсага куннинг аввалида иймон келтириб, куннинг охирида инкор қилинглар, ажабмаски [динларидан, куфрга] қайтиб қолсалар” (3:72)
Аҳли китобларнинг бундай қилмишлари уларнинг ҳасадлари сабабидан бўлса ҳам, Аллоҳ Таъало Ўз мўмин қулларига, то Аллоҳ уларга Ўз фармонини келтирмагунча, душманларига нисбатан кечиримли бўлишни ва олижаноблик билан уларни гуноҳларидан ўтишларини буюрди. Аммо, кейинчалик, Аллоҳ Таъало мўминларга Роббиларини йўлида муқаддас жиҳод қилишни амр қилди ва уларни нафратли кишилардан халос қилди, зеро оқибатда душманларидан баъзилари қатл қилинди, бошқалари асирликка тушди, учинчилари эса диёрларидан қувиб чиқарилдилар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг устида қодир бўлган Зотдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:110.
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَمَا تُقَدِّمُوا لِأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ
Оят: Намозни [комил ҳолда, шариатда кўрсатилганидек] қойим қилинг, закотни [ҳақдорларга тўлаб] адо этинг. Ва яхшиликлардан [солиҳ амалми, садақага берилган молми] ўзингизга нимани аввалдан [ҳаёти дунёда] тайёрлаб олган бўлсангиз, уни Аллоҳнинг хузурида топасиз [охиратда ажрини оласиз]. Ахир Аллоҳ нима [иш ва амалларингиз] қилаётганингизни кўриб турувчи Зотдир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало инсонга намозни қойим қилиш, закотни тўлаш ва Роббисига яқинлашишига имкон берадиган бошқа амалларни бажариш учун берилган вақтдан унумли фойдаланишни буюрди. Мўминлар [ихлос билан ва суннатга мувофиқ бажарилган] солиҳ амаллари орқали топган ажр-мукофотларини Аллоҳ асло зое қилмасликка ваъда берди. Улар ўз мукофотларини сақланган ҳолда, комил, тўкис қилиб оладилар, зеро Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини кўриб тургувчи Зотдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:111.
وَقَالُوا لَن يَدْخُلَ الْجَنَّةَ إِلَّا مَن كَانَ هُودًا أَوْ نَصَارَى تِلْكَ أَمَانِيُّهُمْ قُلْ هَاتُوا بُرْهَانَكُمْ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ
Оят: Ва улар [яҳуд ва насоролар] дедилар: “Яҳудий ва насоро бўлганлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди”. Бу уларнинг пуч умидлари [хом ҳаёлларидир]. Айтинг [уларга, эй пайғамбар ﷺ]: “Далилларингизни келтиринглар, агар [қилаётган иддаоларингизда] ростгўй бўлсангиз”.

Тафсир: [Яҳудийларнинг таҳминларича жаннатга яҳудийлардан бошқа ҳеч ким кирмас экан. Насронийларнинг гумонларича, жаннатга насронийлардан ўзга ҳеч ким кирмас экан. Жаннат фақат улар учун хослаб қўйилгани ҳақида ўзларича қарор чиқардилар, аммо ҳар қандай айтилган гап, қуруқ гаплигича қолаверади, токи унинг ҳақлиги далил ва ҳужжатлар билан исботлаб берилмагунча. Ҳўш, агар улар сидқ сўзни айтаётган бўлсалар, ўз далил-исботларини келтирсинлар. Ҳар бир киши, ўзининг гапираётган гапларига ҳужжат келтириши шартдир. Агар у бу ишни қила олмаса, демак, унинг асоссиз даъволари билан ўзгаларнинг қарама-қарши асоссиз баёнотлари орасида фарқ йўқ. Айнан далиллар ҳар қандай иддаоларни тан олиш, ёки рад этишга асос бўла олади. Аммо, аҳли китобларга келсак, улар ўзларининг ҳақликларига бирон ҳужжатни келтира олмас эдилар ва шубҳасиз бу, уларнинг ёлғон гапираётганларининг белгисидир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:112.
بَلَى مَنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ فَلَهُ أَجْرُهُ عِندَ رَبِّهِ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
Оят: [Аммо] йўқ! [Асло улар айтганидай эмас]! Кимки эҳсонли [эзгулик қилувчи] бўлган ҳолида, Аллоҳга юзини таслим қилса [яъни, Аллоҳга ҳар бир сўз ва амалларда тўлақонли итоат қилса], унга Роббисининг хузурида [охиратда] ажр бордир. [Ана шундай кишилар жаннатга кирарлар ва] уларга қўрқув йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар.

Тафсир: [Буюк ва марҳаматли Аллоҳ, бутун инсониятга тааллуқли бўлган, аниқ, очиқ-ойдин ҳужжатларни нозил қилди ва аҳли китобларнинг қуруқ иддаолари, ҳамда пуч умидларини рад этди. Фақатгина ўз амалларини самимийлик билан Аллоҳга бағишлаган, ўз Роббисига [бошқа бировни шерик қилмасдан] ибодат қилган ва Роббисининг шариатига бўйинсунган кишиларгина жаннатга кирадилар ва Роббиларидан ўз мукофотларини комил ҳолда оладилар. Уларнинг мукофоти — жаннатдирки, унда лаззат ва фароғатнинг барча турлари жамланган. Бундай инсон [жаннат боғларида] на қўрқув, ва на махзунлик нималигини билмай яшайди, зеро қалби хоҳлаган, нафси тусаган барча нарсага эришиб, қўрқилган ва ёмон кўрилган барча нарсадан халос бўлади. Юқорида айтиб ўтилган гаплардан хулоса чиқариб шуни айтиш мумкинки, агар инсон, шу зикр қилинган сифатларга эга бўлмас экан, у батаҳқиқ, жаҳаннамнинг ҳалок бўлган аҳли қаторига кириб қолади. Чин юракдан, Аллоҳ учун солиҳ амалларни бажарган ва пайғамбар ﷺнинг йўлидан юрганларгина нажот топадилар ва фавзга эришадилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:113.
وَقَالَتِ الْيَهُودُ لَيْسَتِ النَّصَارَى عَلَى شَيْءٍ وَقَالَتِ النَّصَارَى لَيْسَتِ الْيَهُودُ عَلَى شَيْءٍ وَهُمْ يَتْلُونَ الْكِتَابَ كَذَلِكَ قَالَ الَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ مِثْلَ قَوْلِهِمْ فَاللَّهُ يَحْكُمُ بَيْنَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِيمَا كَانُوا فِيهِ يَخْتَلِفُونَ
Оят: Ва яҳудийлар [насороларни қоралаб]: “Насронийлар ҳеч нарсани устида [яъни ҳақни устида] эмаслар [ҳақ йўлдан юрмайдилар]” дедилар. Ва насоролар [яҳудийларни маломатлаб]: “Яҳудийлар ҳеч нарсани устида [яъни ҳақни устида] эмаслар [ҳақ йўлдан юрмайдилар]” дедилар. Ваҳоланки, уларнинг барчалари [шу вақтнинг ўзида] китобни тиловат қилмоқдалар. [Одатда] билимсиз [китобни ўқимаган, жоҳил] кимсалар, у[аҳли китоб]ларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтадилар. Аллоҳ эса уларни [иймон масалаларида] чиқиша олмаган нарса борасида, қиёмат кунида ажрим [ҳукм] қилади [ва ҳар бирларига тегишли жазони белгилайди].

Тафсир: [Аҳли китоблар доимо ўзларининг паст эҳтиросларига берилиб яшайдилар ва бир-бирларига бўлган ҳасадлари шу даражадаки, ҳатто ўзаро бир-бирларини куфр ва адашишликда айблашади, худди [исломдан аввалги жоҳилият даврида яшаган] араб мушриклари ва бошқа турдаги мушриклар каби. Бир диний оқим тарафдорлари, бошқа диний оқим тарафдорларини “адашганлар”, деб атайдилар. Бироқ, охират ҳаёти келганда, бу мужодала қилаётганлар борасида Аллоҳ Ўзининг адолатли ҳукмини чиқаради. Ўзининг бандаларига Аллоҳ бу ҳукм ҳақида айтиб берди ва барча набий ва росулларга иймон келтирган, Роббисининг ҳукмига таслим бўлган, ҳамда У Зотнинг таъқиқларини бузмаган кишилар нажот топиши ҳақида хабардор қилди. Аммо [бу сифатларга эга бўлмаган] бошқа барча одамизот ҳалокатга учраши муқаррардир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:114.
وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَاجِدَ اللَّهِ أَن يُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ وَسَعَى فِي خَرَابِهَا أُولَئِكَ مَا كَانَ لَهُمْ أَن يَدْخُلُوهَا إِلَّا خَائِفِينَ لَهُمْ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَلَهُمْ فِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ
Оят: Аллоҳнинг масжидларида У Зотнинг исмини зикр қилишдан [яъни, намозларни адо этиш, қуръон ўқишдан] тўсган, ҳамда уларни [масжидларни] бузиб ташлашга интилган кишиданда зулмкорроқ ким бўлиши мумкин? [Бундай бадбахт кимса масжидни ё бузади, ёки эшикларини беркитиб, мўминларга киришларига тўсқинлик қилади].
Ваҳоланки, ана шу [золим, бадбахт кимса]лар у [масжид]ларга [Аллоҳнинг азобидан] қўрққан ҳолларида киришлари керак эди. Бу дунёда уларга хорлик [шарманда-ю, шармисор бўлишлик] бордир, охиратда эса улар учун буюк азоб тайёрлаб қўйилгандир.

Тафсир: [Одамлар ичида энг зулмкор ва энг жиноятчи кимсалар — масжидларда Аллоҳни зикр қилишга халақит қилган, намозни ва диннинг бошқа арконларини адо этишдан ман қилган, масжидларни моддий ва маънавий жиҳатдан барбод қилишга уринганлардир. Моддий барбод қилиш деганда: масжид деворлари ва қурилмаларини [ёмон ният билан] бузиш, уларга талафот, зарар етказиш, ҳамда, масжидларни нопок, ифлос нарсалар билан булғашлик тушунилади. Маънавий барбод қилишга эса, намозхонларни масжидларда Аллоҳнинг зикридан тўсиш, тўхтатиш киради. Бу ваҳий, юқорида санаб ўтилган сифатли кишиларнинг барчаларига тегишлидир. Шунингдек, бу оят [Абраҳанинг] фил қўшинига, ҳамда қурайш кофирларига ҳам тегишлидирки, улар Ҳудайбия сулҳи тузилган йили, набий ﷺга ҳаж зиёратини Маккада адо этишига монеълик қилдилар. Қолаверса, ушбу оятдан, ал-Қудс [Иерусалим]ни барбод этган насоролар ва Аллоҳнинг уйларига зиён етказган, Аллоҳга қарши чиқиб, мўминлар орасига раҳна солган барча бузғунчи кимсаларнинг улуши бордир. Аллоҳ Таъало кофирларга жазо сифатида, [У Зотнинг] масжидларига хорлик ва қўрқув ҳисси билан киришни буюрди. Оламлар Роббисининг қонуни ва тақдири шундай! Кофир бўлган кимсалар, Аллоҳнинг мўмин бандаларини қўрқитмоқчи бўлганларида, Аллоҳ уларнинг қалбларига хавф солиб қўйди. Макка мушрикларига келсак, улар росулуллоҳ ﷺнинг ҳаж қилишларига тўсқинлик қилдилар, аммо кўп вақт ўтмай, Аллоҳ Ўзининг пайғамбарини Макка шаҳрини эгаллаб олишдек бахтга мушарраф қилди ва мушрикларга У Зотнинг уйига яқин йўлашни таъқиқлаб қўйди. Буюк Аллоҳ деди: “Эй иймон келтирганлар! Дарҳақиқат, мушриклар нажосатдир [нопокликдир]. Бас, бу йилларидан сўнг Масжидул-Ҳаромга яқинлашмасинлар” (9:28).
Фил қўшинига келсак, Аллоҳ Таъало уларга етган фалокат ҳақида бизларга хабар берди. Насороларнинг устларидан эса, мўминлар ғалаба қозондилар ва муқаддас ерлардан уларни қувиб чиқардилар. Бундай қабиҳ ишларни қилган ҳар бир бузғунчи, албатта ўзига тегишли жазони олмай қўймайди. Яратган Зот, келажакда бўлиб ўтадиган ва ҳали рўй бермаган воқеаларни аниқ айтиб берди ва шубҳасиз, бу Аллоҳнинг буюк оят-белгиларидандир. Ушбу ояти каримага асосланиб, ислом уламолари кофирларни масжидларга киритиб бўлмаслиги ҳақида фикр билдирганлар. Бу дунёда улар нақадар хор ва пастга урилгандирлар, охиратда эса, уларни улкан жазо кутмоқда. Агар масжидларда Аллоҳнинг исмини зикр қилишдан ман қилган кимсалар жиноятчиларнинг энг ашаддийлари бўлса, у ҳолда, масжидни моддий ва маънавий томондан бино қилган ва уларни ободонлаштирган мўминлар энг фазилатли кишилардир. Айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало деди: “Мушрикларга, ўз куфрларига гувоҳ бўлган ҳолларида, Аллоҳнинг масжидларини ободонлаштиришлари мумкин эмас. Уларнинг амаллари ҳабата [бекор] қилинган ва ўзлари эса дўзаҳда абадий қолувчилардир. Батаҳқиқ, Аллоҳнинг масжидларини, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис қойим қилган, закотни адо этган ва Аллоҳдан ўзгалардан қўрқмаганларгина обод қиларлар. Балки ана ўшалар ҳидоят топгувчилардир” (9:17-18)
Бундан ташқари, Аллоҳ Таъало масжидларни барпо қилиш, эҳтиромлаш ва обод қилишни амр қилиб, деди: “У [шундай] уйлардирки, Аллоҳ уларни барпо қилишга ва уларнинг ичида Ўзининг исми ёд этилишига изн бериб қўйди. Улар [масжидлар]да У Зотга эрта-ю кеч тасбеҳ айтурлар” (24:36).]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:115.
وَلِلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ فَأَيْنَمَا تُوَلُّوا فَثَمَّ وَجْهُ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
Оят: Машриқ ва мағриб [ҳамда уларнинг орасидаги барча нарса] Аллоҳникидир. Қайси томонга йўналсангиз [қарасангиз] ҳам, Аллоҳнинг юзи бордир. Дарҳақиқат, Аллоҳ [Ўз илми, қудрати ва кўриши билан] кенг қамровли, [ва ҳамма нарсани ўта комил ҳолда] билувчи Зотдир.

Тафсир: [Оламнинг барча тарафларидан, Аллоҳ айнан машриқ ва мағрибни хослаб олди, зеро уларда улкан оятлар қарор топган. Осмон чироқлари улардан чиқиб, уларга ботадилар ва агар Аллоҳ машриқ ва мағрибга Эгалик қилса, демак бошқа йўналишлар аллақачон У Зотга бўйсунгандир. Эй инсонлар! Аллоҳнинг буйруқларини бажарибми, ёки мажбурий ҳолатингиздами — юзингизни қаёққа қаратманг, у ерда Аллоҳнинг юзини топасиз. Сизларга намозларингизда кааба тарафга юзланиш буюрилди, ҳолбуки, бундан аввал ал-Қудсга қараб ибодат қилар эдинглар. Сафардалик пайтингизда эса, намозни жонивор устида [ёки, бошқа бир маркабга миниб] ўтириб қойим қилишингиз, ҳамда юзингизни йўналиб кетаётган томонингизга қаратишингизга рухсат берилди. Борди-ю, каабанинг қайси тарафда жойлашганини аниқлай олмасангиз, у ҳолда, ўзингиз қибла деб таҳмин қилган томонга қараб намозингизни адо этингки, оқибатда [қибла ҳақидаги] таҳминингиз хато бўлиб чиқса ҳам, намозингиз мақбулдир. Агар сизларни бел ва умуртқа поғонасининг оғриқлари қийнагудек бўлса, ёки бемор бўлиб қолсангиз, бунда ҳам сизларга [диндаги] бошқа енгилликлар бериб қўйилган. Ҳар ҳолда, қайси томонга йўналманг, Аллоҳга тобе бўлмаган тарафни топмайсиз. Бу оят, Аллоҳ Таъалонинг важҳи — юзи мавжудлигини тасдиқловчи оятдирки, Аллоҳнинг важҳи, У Зотнинг улуғлиги ва мукаммаллигига ярашадир ва махлуқотлар юзига асло ўхшамайди. Буюк Аллоҳ энг улкан раҳмат, марҳамат Соҳибидир; У энг етук ва комил сифатларга Эга; яратилган мавжудотларнинг энг пинҳон ва яширин ўй-фикрлари Аллоҳга аёндир. Ўзининг кенг қамровли сифатлари ва бепоён билими туфайли, Аллоҳ Ўз қулларига турли ҳил иш ва амалларни бажаришга йўл беради, ҳамда, уларнинг солиҳ амалларини қабул қилади. Бунинг учун ҳамдга фақат Унинг Ўзи лойиқдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:116.
وَقَالُوا اتَّخَذَ اللَّهُ وَلَدًا سُبْحَانَهُ بَل لَّهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ كُلٌّ لَّهُ قَانِتُونَ
Оят: Ва [кофир бўлган кимсалар]: “Аллоҳ Ўзига фарзанд тутди”, дедилар. [Яҳудийлар Узайр (алайҳиссалом)ни, насоролар Ийсо (алайҳиссалом)ни “Аллоҳнинг ўғли” дедилар. Мушриклар эса фаришталарни “Аллоҳнинг қизлари” дедилар.] У [Аллоҳ, бу бўҳтондан] — Покдир. Билъакс, [У Зот бирон кимсага муҳтож эмас, ва] осмонлару ердаги барча нарса Уникидир. Ҳамма Унга [тўлақонли равишда] бўйсунунгандир, таслим бўлгандир,[чунки улар У Зотнинг мулки ва бошқаруви остидадирлар].

Тафсир: [Яҳудий ва насоролар ичида, ҳамда мушриклар орасида, Аллоҳнинг ўғли бор деб иддао қилгувчилар бор. Улар Аллоҳни, У Зотнинг жалолати ва буюклигига ярашмаган сифатлар билан васфладилар. Албатта, бу ишлари билан улар улкан гуноҳ содир этдилар ва ўз нафсларига зулм қилдилар. Аммо, уларнинг Роббиларига қилган номақбул, ёмон муомалаларига қарамай, Аллоҳ Таъало сабр билан, уларнинг ёвузлик қилишларига қўйиб бермоқда ва уларга азобини тезлаштирмайди, балки бу дунёда уларга осойишталик ва ризқ ато этишда бардавом бўлмоқда. Мушриклар ва зулмкор, адолатсиз кимсалар Аллоҳни (ёмонлик билан) васфлаган нарсалардан, ҳамда, У Зотнинг улуғлиги ва олийлигига номуносиб бўлган сифатлардан У пок ва муназзаҳдир. Ҳар қандай айбу нуқсонлардан узоқ бўлган ва мутлақ комилликка эга бўлган Аллоҳ — покланган ва муқаддасдир. Аллоҳ Таъало бу оятда нафақат кофирларнинг сўзларига раддия бериб ўтди, балки Ўзининг мутлақо мукаммаллигига далилларни ҳам келтириб берди. Осмонлар ва ердаги барча махлуқотлар фақат Унга тегишли экани, барча мавжудот Унинг ҳукми остидалиги, ҳамда У Зотнинг қуллари эканлиги ҳақида хабардор қилди. Ҳўжайин ўз қулларини устидан бошқарув юритганидек, У Зот уларни бошқаради. Бандаларнинг барчалари Аллоҳга итоатли, У Зотнинг иродасига боғланганлар ва Унга муҳтожлар, ваҳоланки, Аллоҳнинг бирон нарсага эҳтиёжи йўқ! Бас, бу нарса ҳақ экан, инсонлардан кимиси Аллоҳнинг ўғли бўла олади, ҳолбуки, ўғил ўз отаси каби бўлади, отасига ўхшайди, чунки унинг бир қисмидир? Ва Аллоҳ — қудратли Подшоҳдирки, барча махлуқот Унга қарам бўлган қуллардир. У Зот бадавлат, беҳожат ва муҳтожлик сезмайди, Унинг қуллари эса фақирдирлар ва Ўз Роббиларига муҳтождирлар. Ҳўш, қандай қилиб, шундан кейин ҳам У Зотга фарзандни нисбатлаш мумкин? Бундай қилган ҳар бир кимса, энг улкан ва энг мудҳиш ёлғонни тўқиб чиқарибди! Аммо (оятда зикр қилинган) — “ал-қунут” — “бўйсунишлик”ка келсак, у икки турли бўлади: 1) Махлуқотларнинг ўз Роббиларига бўлган умумий бўйсуниши, чунки улар ўз Холиқларининг (кавний) иродаси остидадирлар (зеро Аллоҳ “ўл” деганда ўлади, “тирил” деганда тирилади — тарж); 2) Қисмий бўйсуниш — Аллоҳга ихтиёрий равишда ибодат этишда намоён бўлади (яъни, банда ўз ихтиёри билан Аллоҳга бўйсунади). Қунутнинг биринчи тури биз муҳокама қилаётган оятда акс этган бўлса, унинг иккинчи тури Аллоҳнинг: “Ва Аллоҳнинг олдида қунт [хушуъ, итоат, синиқлик] билан туринглар”» (2:238), деган сўзларида ўз ифодасини топган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:117.
بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَإِذَا قَضَى أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُن فَيَكُونُ
Оят: [Аллоҳ] осмонлару ерни [собиқ мисолсиз, андозасиз ва намунасиз, илк бор] йўқдан пайдо қилган ва қачонки, У бирон ишни қазо қилса [яъни, ўша ишни рўёбга чиқаришни ҳохласа], унга [фақат бир марта] “Бўл” дейди ва у [дарҳол] бўлади.

Тафсир: [Аллоҳ осмонлар ва ерни яратиб, уларга комил сурат ато этди ва гўзал махлуқотлардан қилдики, аввалда уларга ўхшаши бўлмаган. Бирон нарсанинг устида қарор қабул қилаётган чоғида, У Зот унга “Бўл” дейиши етарлидир ва у нарса ўша заҳотиёқ бўлади. Ҳеч нарса Унинг иродасига қарши чиқа олмайди ва ҳеч ким Аллоҳга тўсқинлик қила олмайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy