🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
265 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2. АЛ-БАҚАРО СУРАСИ «СИГИР»


بِسْـــــــــــــمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِـــــــــــــيم

2:1
الم

Оят: Алиф лам мим.

Тафсир: [Аввалда биз: “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан” (яъни, бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм) жумласини тафсирини келтирган эдик. Аммо қуръоннинг баъзи суралари бошланадиган алоҳида ҳарфларга келсак, уларни тафсир қилишдан киши ўзини тийгани маъқул, зеро бу ҳарфлар ҳақида уламоларнинг берган шарҳлари муқаддас матнларга (далилларга) асосланмаган. Аммо мўмин киши билиши зарурий бўлган нарса шуки, бу ҳарфлар шунчаки, ўйнаб туриб айтилмаган, балки уларни келтирилишида бизга номаълум бўлган буюк ҳикматлар бор]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:2.
ذَلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِّلْمُتَّقِينَ

Оят: Бу китоб (қуръон) — унда шак-шубҳа йўқдир, (батаҳқиқ) у тақводорларга (Аллоҳдан қўрқувчиларга) кўрсатма (ҳидоятдир)ки,

Тафсир: [Бу ҳақли равишда “муқаддас” деб васфланган буюк китоб (қуръон), ўзида аниқ ҳақиқатни ва улкан билимларни жамлаганки, аввалги илоҳий китоблар (Забур, Инжил ва Таврот)да бунинг мисоли бўлмаган. Унинг ҳақлиги (ва ҳақиқатлиги) инсон қалбида бирон шак-шубҳани уйғотмайди ва қатъий ишонч доимо шубҳага зид қўйилгани сабабли, ҳар бир инсон бу китобнинг ҳақлигига ишонч ҳосил қилиши ва шубҳаларни батамом йўққа чиқарувчи билимларни ундан олиши мумкин. Бу сўзимиз фойдали бир қоида билан тасдиқланадики, унга мувофиқ: агар нуқсонни инкор қилиш мақтов деб саналса, демак (шу билан бирга) бунга зид бўлган камолот сифатларнинг мавжудлиги тушунилади. Бу жуда адолатли қоида, чунки фақатгина нуқсонни инкор қилиш, ҳали мақтов дегани эмас, бироқ қандайдир хусусиятнинг йўқлигига ишора холос. Айтиб ўтилган сўзлардан хулоса шуки: муқаддас қуръон инсонлар қалбида қатъий бир ишончни уйғотадики, унингсиз ҳеч ким ҳидоят йўлидан юролмаган бўларди, шунинг учун ҳам оят сўнгида марҳаматли Аллоҳ уни “Тақводорлар учун энг тўғри кўрсатма” деб атади. Тўғри кўрсатма инсонларга ҳақни ботилдан ва шубҳали нарсалардан ажрата олишга ёрдам беради ва бандаларга фойда, манфаатлар келтирадиган йўллардан юришликка чақиради. Буюк Аллоҳ қуръонни энг кенг маънода “кўрсатма” деб атади ва бошқарувчи калимани тушиб қолдирди. У Зот қуръони кариймни “Қандайдир мақсадларга эришиш учун йўлланма, кўрсатма” деб атамади, ёки уни “муаййан бир нарса учун қўлланма” демади. Бунинг маъноси эса: қуръони карийм ҳаёти дунёда ва ўлимдан кейин (инсонга) фойда келтириши мумкин бўлган барча нарсаларга ишора қиладиган китобдир дегани. У барча асосий ва иккинчидаражали масалаларда энг тўғри қўлланмадир; у ҳақни ботилдан фарқлашга ва тўғри дунёқарашни нотўғридан ажрата билишга ёрдам беради. У ҳидоят йўлидан қай тариқа юриш кераклигини ва шу билан бирга, дунё ва охират саодати, осойишталигини қай равишда йўлга қўйиш мумкинлигини тушунтириб беради. Бошқа бир оятда Аллоҳ Таъало дедики:
شَهْرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِىٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلْقُرْءَانُ هُدًى لِّلنَّاسِ
«Рамазон ойидирки, унда одамларга ҳидоят...бўлиб, Қуръон нозил қилинган...» (2:185)
Эътиборга лойиқ жойи шуки, бу (биз келтирган 2:185) оятда, қуръонни “барча одамларга кўрсатма” — деб аталди, аммо биз муҳокама қилаётган оятда ва бошқа кўплаган оятларда, уни фақат тақводорлар учун йўлланма дейилган. Бунга бир неча тушунтириш келтириб ўтамиз.
Биринчидан, муқаддас қуръон аслида бутун одамзод учун аниқ қўлланмадир, аммо бадбахт кофирлар унга эътибор қилмайдилар ва Аллоҳнинг қонунини қабул этмайдилар. Улар ҳақни танисалар ҳам, ундан бирон фойда олмайдилар, чунки шақий ва бахтсиз мавжудотлардир. Аммо тақводор мўминларга келсак, улар ҳақ йўлига қайтишга ёрдам берадиган ва унда уларни ушлаб қоладиган улкан бир рукнни (сабабни) маҳкам тутдилар. Бу рукн, ёки сабаб — уларнинг тақволари, Аллоҳдан қўрқишларидирки, бунинг замирида: Аллоҳнинг ғазабидан сақланишга сабаб бўлувчи солиҳ амалларни бажариш, У Зотнинг амру фармонларини адо этиш ва У Зотнинг қайтариқларидан қайтиш ётади. Ўзларининг тақволари туфайли, улар ҳидоят йўлига келдилар ва улкан яхшиликни қўлга киритдилар. Аллоҳ Таъало деди: «Эй иймон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳдан тақво қилсангиз (қўрқсангиз), У Зот сизларга ҳақ ва ботилни фарқлай олиш хусусиятини беради, хатоларингиздан ўтиб, сизларни кечиради» (8:29). Мана шунинг учун ҳам, айнан тақводор, муттақийн бандалар қуръон оятларидан ва оламдаги оят-аломатлардан ўзларига етарлича фойдаларни олаоладилар.
Иккинчидан: тўғри кўрсатма ва ҳидоятга бошлаш икки ҳил бўлади. Бир тоифа одамларга тўғри йўл кўрсатилса, бошқаларни мана шу тўғри йўлга мувофиқ амал қилишга илҳомлантирилади. Солиҳ тақводор кишилар ҳидоятнинг ҳар иккала туридан насибадор бўлганлари ҳолда, қолган одамлар ҳидоятнинг иккинчи туридан маҳрумлар.
Уларга ҳидоят йўли кўрсатилса ҳам, Аллоҳ уларни солиҳ амалларни бажаришга илҳомлантирмайди, шунинг учун ҳам бу эслатма ва йўлланмалар тамомий ва мукаммал ҳисобланмайди. Шундан сўнг Робб Таъало тақводор кишиларнинг эътиқодларини зикрини келтирдики, бу ақидани солиҳ бандалар ўз қалбларида ва бадан билан бажариладиган амалларида мустаҳкам тутадилар:]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:3.
الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ

Оят: Улар ғойбга [Аллоҳнинг мавжудлигига ва Унинг хабарларини ҳақлигига] ишонадилар ва [фарз қилинган] намозларни [чиройли риоя билан, ўз вақтида, хушуъ билан] қойим қиладилар ва Биз ризқ қилиб берган [ҳалол] нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар [яъни, фарз қилинган закотни ҳам, нафл садақаларини ҳам Аллоҳ учун ато этадилар].

Тафсир: [Ҳақиқий иймон деб: пайғамбарлар олиб келган хабарларни шубҳа қилмаган ҳолда, ҳақ деб қабул қилиш ва тасдиқлаш билан бирга итоат амалларини бажаришга айтилади. Инсон фақат кўзи билан кўрган ва қўли билан ушлаб, ҳис қилган нарсасигагина иймон келтирмайди, чунки айнан шу хусусияти билан мусулмон уммати кофирлардан фарқланадилар. Бироқ мусулмон одам барча ғойбий ишларга, оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган нарсаларга ҳам иймон келтириши шарт, агар бу ҳақда Аллоҳ ва Унинг элчиси ﷺ (саҳиҳ йўллар билан) хабар берган бўлса. Айнан шу турдаги иймон мусулмонни кофирдан ажратади. Ҳақиқий мўмин киши Аллоҳ ва Унинг росулидан келган барча хабарларини ҳаққиростлигига ишонади, агарчи буни кўз билан кўриб, қўл билан ушлашни имкони бўлмаса ҳам. У ўзи тушунган хабар билан ақлига тўғри келмаган ва англай олмаган ваҳийнинг ўртасида ажримлик қилмайди. Шу сифати билан мўмин киши, ғайбга иймон келтиришдан бош тортган ҳудосиз даҳрийлардан ажралиб туради. Улар (ўша даҳрийлар) ўзларининг калта ақллари билан ғойб ҳақидаги ваҳийни англай олмайдилар ва ақлари тушунишни хоҳламаган барча нарсани инкор қиладилар. Қанчалар онглари бемор ва бузилган а!! Бунинг муқобилида, ваҳийнинг ҳақлигини тасдиқлаган ва Аллоҳнинг кўрсатмасига амал қилган мўминларнинг онглари — соғлом ва тоза!
Ғайбга иймон келтириш сирасига, Аллоҳ хабарини берган — ўтмишда бўлиб ўтган ва келажакда бўлиб ўтадиган барча ишларга иймон келтириш ҳам киради. Охиратда юз берадиган ишларга иймон келтириш; Аллоҳнинг илоҳий сифатларига ишониш, ҳамда бу ҳақда пайғамбарлар берган барча хабар ва нақлларга ишониш ва тасдиқлаш ҳам, ғойбга иймон келтириш жумласидандир. Шунинг учун ҳам мўминлар Аллоҳ Таъалонинг сифатлари ҳақиқиятини тўлиқ идрок эта олмасликларига қарамай, уларга иймон келтириб, уларнинг ҳақлигида асло шубҳа қилмайдилар.
Мўминларга хос бўлган (ушбу оятда зикр қилинган) фазилатларнинг яна бири — намозни қойим қилишдир. Аллоҳ Таъало тақводорлар ҳақида сўзлаганда: “Улар намозҳонлар (мусоллийнлар)” деб айтмади, чунки намозни адо қилиш учун, ўрнатилган қоидаларни бажаришнинг ўзи етарли эмас. Аммо, (иқоматис-солат) “намозни қойим қилиш” деганда: унинг шартларини, аркон (фарз)ларини бажариш, қалб ва баданни хушуъ билан Аллоҳга бўйсундириб, зикр қилинаётган сўзлар ва қилинаётган ҳаракатларнинг маъносини англаш демакдир. Бундай намозни зикр қилиб, Аллоҳ Таъало деди: «Албатта намоз мункар ва фаҳш ишлардан қўриқлайди» (29:45). Айнан шу тариқа адо этилган намоз орқали инсон ажр-мукофотларга эришади, зеро намозида сўзларни англаб, хушу билан ўқиган қисми учун қулга катта мукофотлар ваъда қилинган. Биз сўз юритаётган оят ҳақида гап кетса, унда барча фарз қилинган намозлар ва нафила намозлари ҳам назарда тутилган. Намозларни қойим қилиш билан бирга, солиҳ кишилар инфоқ-эҳсонлар қиладиларки, бунинг маъноси: закотни тўлайдилар, аҳли оиласига, қариндош-уруғи ва қулларига инфоқ қиладилар, шунингдек, ихтиёрий равишда вақф амалларига садақотлар чиқарадилар. Бу оятда Аллоҳ Таъало садақани кимларга берилиши кераклиги ҳақида айтиб ўтмади, зеро бунга ўҳшаш вақф ишлари ва садақага муҳтож тоифалар жуда ҳам кўп ва инсон Аллоҳга яқинлашиш мақсадида ато этган ҳар қандай садақани, инфоқ деб аташ мумкин. Шуниси эътиборга лойиқки, бу оятда Аллоҳ Таъало молнинг фақат муаййан бир қисминигина инфоқ қилишга буюрди, зеро бу турдаги инфоқ-эҳсон кишига зарар етказмайди ва оғир келмайди. Билъакс, мўминлар шунда ҳам катта фойдаларга эришадилар ва ўзларининг мўмин биродарларига ҳам манфаат етказадилар.
Аллоҳнинг сўзларидан яна шуни англаш мумкинки, инсонлар бойлик ва молу давлатни ўзларининг иқтидорлари ва ҳатти-ҳаракатлари сабабли қўлга киритмайдилар, балки уларнинг тасарруфларидаги мулк Аллоҳдан берилган атодир, зеро фақат Аллоҳ уларга бу нарсаларни берди ва бошқа мавжудотларга нисбатан мавқеларини кўтариб қўйди. Бунинг шукрига эса, мўминлар молларини бир қисмини эҳсон қилишлари ва фақир биродарлари билан бўлишиб яшашлари шартдир.
Қуръоннинг аксар оятларида намозни закот билан биргаликда зикр қилинган, чунки намоз Холиққа қилинган самимий ибодат бўлса, закот ва садақотлар махлуқотларга кўрсатилган яхшиликдир. Дарҳақиқат, айнан Аллоҳ Таъалога сидқидилдан ибодат қилиш ва махлуқотларга яхшилик кўрсатиш орқали, инсон саодатга эришади; бу нарсаларнинг йўқлиги эса, аксинча, абадий шақоватга (бадбахтликка) сабаб бўлади]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:4.
وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنزِلَ مِن قَبْلِكَ وَبِالْآخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ

Оят: ва улар сизга [эй Муҳаммад] нозил қилинган нарса [қуръон]га ва сиздан аввалги [пайғамбарларга] нозил қилинган нарсалар [Забур, Таврот ва Инжил]га иймон келтирадилар ва охират [қиёматнинг воқе бўлиши, жаннат ва жаҳаннамнинг мавжудлиги]га [қатъий ва яқин ишонч билан] ишонадилар.

Тафсир: [Пайғамбар ﷺ га ваҳий қилинган нарса — қуръон ва суннатдир, чунки Аллоҳ Таоло бошқа бир оятда: «Аллоҳ сизга китоб ва ҳикматни нозил қилди» (4:113) — деб айтган. (Бу оятдаги китобдан мурод — қуръон; ҳикматдан мурод эса — суннатдир — тарж.)
Тақводор бандалар росулуллоҳ ﷺ, олиб келган ҳар бир нарсага иймон келтирадилар ва илоҳий китоблар орасини ажратмайдилар. Баъзи бир бузғунчи фосиқ кишилар каби, китобнинг бир қисмига иймон келтириб, бошқа қисминини рад қилмайдилар, ёки Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ﷺ, берган тафсирдан бошқача тафсир беришга уринмайдилар. Бу ишни адашган зиндиқ кишилар қиладики, уларнинг ботил эътиқодлари ва бузуқ дунёқарашларини йўққа чиқарадиган оятларни ўзгартириб, бузиб ташлашликка тиришадилар. Ҳақиқатда эса, улар қуръоннинг асл маъноларини қабул қилишдан бош тортадилар ва уларга чинакамига иймон келтиришдан воз кечадилар.
Аммо, пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ нинг рисолатларидан аввал нозил қилинган китобларга келсак, Аллоҳ томонидан нозил қилинган барча самовий китоблар назарда тутилган. Бу китобларга иймон келтириш — Аллоҳнинг барча пайғамбарларига ва бу китобларда жамланган илмларга иймон келтиришни ўз ичига олади. Самовий китобларнинг (қуръондан кейин) энг кўзга кўринганлари — бу: Таврот, Инжил ва Забурдир. Барча илоҳий китобларга ва Аллоҳнинг набий ва росулларига сидқидилдан иймон келтириш, ҳақиқий мўминларнинг хусусиятларидандирки, улар Аллоҳнинг пайғамбарлари ўртасида ажримлик қилмайдилар. Шу билан бирга, улар охират ҳаётининг мавжудлигига қаттиқ ишонадилар. Охират деб — инсоннинг ўлимидан сўнг рўй берадиган барча воқеаларга айтилади. Аллоҳ (Субҳанаҳу, Ҳақ ва Таъало) мўминларнинг ғайбга бўлган иймонларини зикр қилганидан кейин, алоҳида таъкидлаб туриб, охиратга бўлган иймонни ёд қилди, зеро у иймоннинг арконларидан бири бўлиб, кишида қўрқув, умид ва эзгуликка интилишни кучайтирувчи буюк омилдир. Оятнинг охиридаги “йууқинуун” феълига келсак, бу дегани: шак-шубҳага бутунлай зид бўлган билим ва ишончки, инсонни солиҳ амаллар қилишга ундаб туради. Мўминлар мана шундай қатъий ишонч билан охират кунига ишонадилар]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:5.
أُولَئِكَ عَلَى هُدًى مِّن رَّبِّهِمْ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

Оят: Айнан ўшалар [яъни юқорида сифатлари келтирилганлар] Роббиларидан бўлган ҳидоят устидадирлар ва ана ўшалар [дунё-ю охиратда] саодат (нажот) топганлардир.

Тафсир: [Юқорида санаб ўтилган мақтовли сифат эгалари, ўзларига Роббиларидан берилган ҳидоят ва кўрсатмага амал қилиб яшайдилар. Бу оятдаги “ҳуда” калимасининг ноаниқ шаклда келтирилишида, мўминларнинг танлаган йўли нақадар улуғвор ва буюк эканлигига таъкид бордир. Ҳўш, инсонни саҳиҳ эътиқодни тутиб, солиҳ амалларни бажаришга ундайдиган кўрсатма (ҳидоят)дан ҳам олийроқ бошқа қандай йўл бўлиши мумкин?! Фақат шундай ҳидоят ва йўлланмагина ҳақиқий деб аталишга арзийди, ундан ўзгалари эса залолат ва адашишликдан бошқа нарса эмас. Шуниси эътиборга лойиқки, Аллоҳ Таъало тўғри йўл ва ҳидоятни зикр қилаётганда, уни юқори ва буюк мавқеини билдириш учун, “ъала” сўз бўлагини қўллади, яъни, (ъала ҳудан) дегани “ҳидоятнинг устидадирлар”, аммо қачонки залолат, адашишлик зикр қилинганда — “фий” бўлаги ишлатилади, чунки залолатга чўкиш, кириб кетиш назарда тутилади. Жаноби Ҳақ деди: «Дарҳақиқат, бизлардан бирларимиз ё ҳақ йўл устидамиз, ёки очиқ залолат ичидамиз» (34:24)
Бунинг маъноси шуки: ҳидоят йўлини тутган кишини, бу йўл олий мақомларга ва буюк даражотларга кўтаради, аммо залолат — унга ботиб кетаётган кишини хор ва паст қилади.
Сўнгра эса, марҳаматли ва буюк Аллоҳ, тақводор мўминлар батаҳқиқ абадий саодат ва олий ютуққа эришишлари хабарини берди. Бу дегани, улар барча исталган ва хоҳланган нарсаларга эришадилар, ҳамда барча қўрқилган ва ёмон кўрилган нарсалардан нажот топадилар. Аллоҳ Таъало алоҳида таъкид билан айтиб ўтдики, мўминлар ютуққа эришишларида ягона (гуруҳ) бўладилар, чунки уларнинг тутган (ҳидоят) йўли — ягона, саодатга элтувчи йўл; бунинг муқобилидаги бошқа ҳамма йўллар инсонни бахтсизликка, ҳалокат ва зиёнкорликка дучор қилувчи йўллардир. Айнан шу сабабдан, мўминларнинг фазилатларини ёд этгач, Аллоҳ Таъало кофир кимсаларни хусусиятларини баён қилдики, улар ўзларининг куфрларини охиригача ҳимоялаб, Аллоҳнинг пайғамбарига (ﷺ) ўжарлик билан қаршилик қиладилар]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:6.
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا سَوَاءٌ عَلَيْهِمْ أَأَنذَرْتَهُمْ أَمْ لَمْ تُنذِرْهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ

Оят: Дарҳақиқат [ўзларининг мутакаббирликлари ва бузғунчиликлари билан сизга нозил қилинган нарсага] кофир бўлганларни сиз [эй Муҳаммад, Аллоҳнинг азобидан] огоҳлантирасизми, йўқми — уларга барибир, (улар) иймон келтирмаслар.

Тафсир: [Бу оятда Аллоҳ Таъало, кофирлик уларнинг ажралмас сифатига айланиб қолган кимсалар ҳақида бизларга хабар берди. Бундай одамларни куфрдан узоқлаштиришнинг умуман имкони йўқ, зеро улар, (кўплаган) мавъиза ва эслатмаларга қулоқ солмай, куфрни ўзларига йўл қилиб танлаб олганлар. Уларни Аллоҳнинг азобидан қўрқитадиларми, йўқми — улар барибир ҳақ йўлдан юз ўгирувчилардир. Шуни билиб қўйиш муҳимки, куфр деб — пайғамбар ﷺ, олиб келган йўлни қисман, ёки бутунлай инкор қилишликка айтилади. Иймон келтирмаган кимсалар пайғамбар ﷺ нинг ваъзларидан бирон фойда олмайдилар, аммо ҳақиқатни билиб оладилар ва Аллоҳнинг хузурида ўз жоҳилликларини рўкач қилиб, ўзларини оқлаш имкониятидан маҳрум бўладилар. Бу ваҳий билан Аллоҳ Таъало бамисоли Ўзининг пайғамбарига энди кофирларни исломга келишларига умид боғламасликни буюраётгандек ва улар иймон келтиришдан бош тортганлари учун маҳзун бўлишни таъқиқлаётгандек. Сўнгра Робб (азза ва жалла) кофирларни иймон келтиришларига тўсиқ бўлаётган сабабларни келтириб, дедики:]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:7.
خَتَمَ اللَّهُ عَلَى قُلُوبِهِمْ وَعَلَى سَمْعِهِمْ وَعَلَى أَبْصَارِهِمْ غِشَاوَةٌ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

Оят: [Уларга ҳақ ошкор бўлганидан кейин, ундан юз ўгириб кетганлари сабабли] Аллоҳ уларни қалбларига ва қулоқларига муҳр босиб қўйди, кўзларига эса парда тортилган. Ва уларга буюк азоб бордир.

Тафсир: [Уларнинг қалбларига ва қулоқларига босилган (Аллоҳнинг) муҳри, уларнинг юракларига иймон нурини киришлигига тўсқинлик қилади, шунинг учун уларга фойда берадиган нарсаларга улар лоқайдлар ва қулоқ солмайдилар. Уларнинг кўзларига тортилган парда эса, манфаатли нарсаларни кўришларига монеълик қилади. Уларнинг қаршиларида, билим ва салоҳиятга олиб борувчи барча эшиклар ёпилган ва бирон бир эзгуликка эришишларига умид қилишдан маъно йўқ. Иймонга элтувчи барча йўллар улар учун берк, барча имкониятлардан маҳрум қилинганлар, бунга сабаб эса, уларнинг ҳақдан тойганлари ва ҳақиқат уларга аниқ бўлганидан кейин, унга қаршилик кўрсатганларидир. Бу борада Аллоҳ Таъало (бошқа бир оятда) шундай деди: «Худди илк бора (Аллоҳга) иймон келтирмаганларидек, биз уларнинг қалблари ва ақлларини ўгириб қўюрмиз...» (6:110).
Уларнинг бу дунёда тортадиган жазолари шундай, охиратда эса уларни улкан азоб — абадий жаҳаннам қийноқлари ва Буюк Подшоҳнинг чегарасиз ғазаби кутмоқда]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:8.
وَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ آمَنَّا بِاللَّهِ وَبِالْيَوْمِ الْآخِرِ وَمَا هُم بِمُؤْمِنِينَ

Оят: Ва одамлар орасида шундайлари борки: “Биз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик” дейдилар, ваҳоланки, улар мўмин эмаслар.

Тафсир: [Буюк Аллоҳ, ўзларини зоҳирда мўмин қилиб кўрсатадиган, бироқ қалбларида кофирлигича қолган (мунофиқ) кимсалар ҳақида бизларга айтиб берди. Нифоқ — бу: зоҳирий салоҳиятни ортида ёвузлик ва бузғунчиликни яширишдир. Бу таъриф нафақат эътиқоддаги нифоққа, балки амалдаги нифоққа ҳам тааллуқлидирки, бу ҳақда набий ﷺ, дедилар: «Мунофиқни уч аломат юзага чиқариб қўяди: агар у бирон нарса ҳақида гапирса, ёлғон гапиради; агар ваъдалашса, ваъдасини устидан чиқмайди; агар унга амонат топширилса, унга ҳиёнат қилади». Бошқа ривоятда шундай дейилган: «Қуйидаги тўрт хислатни ўзида жамлаган киши ҳақиқий мунофиқдир: агар унга ишонилса, ишончни оқламайди; агар (бир нарса ҳақида) гапирса, ёлғон гапиради; агар ким биландир аҳднома тузса, албатта қаллоблик қилади (яъни, бузади) ва агар ким биландир баҳслашса (ёки уришса) ҳақдан чиқиб кетади (фосиқлик қилади)».
(Нифоқнинг бу тури инсонни ислом доирасидан чиқармайди — тарж.)
Аммо эътиқоддаги нифоқ ҳақида гап кетса, шубҳасиз, у инсонни ислом ҳудудларидан чиқаради. Қуръоннинг бу ва бошқа оятларида, қачонки Аллоҳ мунофиқларни таърифларини келтирса, нифоқнинг айнан шу тури назарда тутилади (яъни, эътиқоддаги, диндан чиқарувчи, катта нифоқ — тарж.)
Набий ﷺ нинг Маккадан, Мадинага қилган ҳижратларидан аввал ҳам, Бадр жангидан аввал ҳам, мусулмонлар ичида мунофиқлар бўлмаган. Бу (Бадр) маъракасида, Аллоҳ ғалабани мусулмон умматига ато этиб, мўминларни азиз қилди, Макка кофирларини эса хор ва залил қилди. Ўз ҳаётларини сақлаб қолиш ва мусулмонларни алдаш илинжида, кофирларнинг баъзилари ўзларини исломни қабул қилгандек кўрсата бошладилар. Бу қилмишлари билан улар жонларини сақлаб, молларини ҳимоя қилиб қолдилар. Кўринишда уларни мусулмон деб аташ мумкин эди, аммо ботинларида улар кофир эдилар. Шунда Аллоҳ Таъалонинг мўминларга раҳми келиб, мунофиқларнинг сифатларини уларга баён қилиб берди, токи мўминлар уларни таниб олсинлар ва уларнинг сўз ва амалларига алданиб қолмасинлар, ҳамда уларнинг ёвузликларидан ҳазир бўлсинлар. Аллоҳ Таъало ўзга бир оятда деди: «Мунофиқлар уларга юракларидаги нарсани хабарини берувчи сура нозил бўлишидан қўрқадилар» (9:64)
Аллоҳ Таъало эса шундай сурани нозил қилди ҳам ва унда бу фосиқларнинг асосий хислатларини таърифлаб берди. (Қарангки) улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларини (ёлғондан) иддао қиладилар, аммо ҳақиқатда улар қалбларида бўлмаган нарсалар ҳақида гапирадилар. Улар ёлғончидирлар, зотан ҳақ динга, сўзлари ва амаллари айро бўлмаган одамлар эргашадилар. Бироқ мунофиқлар ўзларининг сўзлари билан Аллоҳни ва иймон келтирган кишиларни алдамоқчи бўладилар холос.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:9.
يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلَّا أَنفُسَهُمْ وَمَا يَشْعُرُونَ

Оят: Улар [мунофиқлар] Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар, аммо ўзлари сезмаган ҳолларида, ўзларини-ўзлари алдайдилар.

Тафсир: [Алдов деб, бу оятда — қалбларидаги нарсани яшириш мақсадида ва кўзлаган (ёвуз) ниятларига етиш учун, зоҳирда ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишлари назарда тутилган. Худди шу асос устига мунофиқлар Аллоҳ билан ва одамлар билан бўлган ўзаро муносабатларини қурадилар. Аммо (билмаган ҳолларида) улар ўзларини алдайдилар ва бу жуда ажиб нарсадир. Чунки одатда, агар инсон бошқа бир инсонни алдамоқчи бўлса, у ё кўзлаган нарсасига етади, ёки бир нарсага эришмайди ва бирон нарсани йўқотмайди ҳам. Бироқ мунофиқлар ўзларига-ўзлари зарар етказадилар. Улар худди ўзларини-ўзлари ҳалок қилиш учун макр-ҳийла уюштираётгандек гўё, зеро ўз кирдикорлари билан улар на Аллоҳга, ва на мўминларга зарар етказа олмайдилар. Жонлари ва молларини сақлаб қолиш мақсадида ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишлари билан мўминларга заррача зиён қилолмайдилар, зотан қазиган чоҳларига ўзлари йиқиладилар, қилган ҳийла-найранглари ўзларига қарши чиқадики, бу билан ҳаёти дунёда шармандалик ва хорликка маҳкумдирлар. Ҳар сафар улар мусулмонларни куч-қуввати ва азизликларини кўрсалар, уларни қаттиқ маҳзунлик тутади. Охират куни келганда эса, ҳақни ёлғонга чиқарганликлари, иймон келтиришдан бош тортганлари ва гуноҳ ишларни содир қилганликлари учун, энг оғриқли, энг шиддатли ва энг даҳшатли азобга гирифтор қилинадилар. Бироқ улар шунчалар жоҳил ва нодонларки, буни англаб етишга ақллари етмайди ҳам]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:10.
فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ فَزَادَهُمُ اللَّهُ مَرَضًا وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ بِمَا كَانُوا يَكْذِبُونَ

Оят: Уларнинг қалбларида [юракларида] мараз [шак-шубҳа] бор. Аллоҳ [уларнинг бу] маразларини зиёда қилсин ва ёлғон гапирганлари учун уларга аламлантирувчи азоб бўлсин!

Тафсир: [Бу оятдаги “мараз”дан мурод — шак-шубҳалар, нифоқ ва доимий иккиланишдир. Шуни билиш зарурки, қалбнинг бузилиши, икки турдаги касаллик (мараз)нинг таъсири остида бўлади: 1) ёлғондакам шак-шубҳалар; 2) шаҳвоний паст эҳтирослар. Куфр, нифоқ ва бидъатлар инсон қалбини фосид қилувчи шубҳаларга сабаб бўлса, зино, фаҳшга мойиллик ва маъсиятлар, шаҳвоний паст эҳтирослар жумласидандир. Аллоҳ Таъало деди: «Агар тақводор бўлсангизлар, каломда майинлик қилмангизки, қалбида марази бор кимсани сизга иштиёқи тушиб қолмасин» (33:32). Бу оятда зинога мойил қилувчи паст эҳтирослар ҳақида гапирилган. Мана шу икки ҳил касалликдан халос бўлган қалб соғлом ва тоза бўла олади. Фақат шу ҳолдагина инсон қатъий ишонч ва мустаҳкам иймонга эга бўла олади, ҳамда маъсиятлардан сақланиб, мункар ишлардан четланади. Бу оят шундай илоҳий ҳикматдан гувоҳлик берадики, унинг сабабидан Аллоҳ Таъало гуноҳкорга гуноҳларни бажаришни китобат қилди. Ўзларининг (бетавба) қилиб ўтган жиноятлари туфайли, уларни ҳалокатга гирифтор қилувчи янгидан янги гуноҳларни қилиб юраверадилар. Бу ҳақда Аллоҳ Таъало дедики: «Худди илк бора (Аллоҳга) иймон келтирмаганларидек, биз уларнинг қалблари ва ақлларини ўгириб қўюрмиз...» (6:110); «Қачонки улар (ҳақдан) оғиб кетганларида, Аллоҳ қалбларини оғдириб қўйди. Албатта Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас» (61:5); «Аммо қалбларида марази борларнинг нопокликларига нопокликни зиёда қилди, шунинг учун улар кофир бўлганлари ҳолида ўладилар» (9:125). Барча айтилган гаплардан хулоса шуки, биринчи содир қилинган гуноҳнинг жазоси — навбатдаги гуноҳдир, худди биринчи қилинган солиҳ амалнинг мукофоти — навбатдаги қилинган солиҳ амал бўлгани каби.
Марҳаматли Аллоҳ деди: «Ва Аллоҳ тўғри йўлда юрганларни ҳидоятини зиёдалаштиради» (19:76).]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:11
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ قَالُوا إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ

Оят: Қачонки уларга: “Ер юзида фасод [куфр ва бузғунчилик] тарқатманглар”, дейилса, улар: “Айнан бизнинг ўзимиз ислоҳ қилувчиларданмиз”, дейдилар.

Тафсир: [Мунофиқлар турли ҳил оғир гуноҳларни қиладилар, мўминларни сир-асрорларини уларнинг душманларига очадилар ва кофирлар билан дўстлик алоқаларини ўрнатадилар. Қачонки уларни, ер юзида бузғунчиликни тарқатишларига сабаб бўлган куфрлари ва гуноҳларидан огоҳлантирилса, бунга жавобан, айнан улар ер юзида эзгуликни ёйиб юрганларини иддао қиладилар. Улар нафақат ер юзида фасодни кенг ёядилар, балки амаллари билан ер юзида ислоҳ қилиб юрганликларини кўрсатишга тиришадилар. Мунофиқлар ҳақни (бузиб) ўзгартиришга интиладилар ва нопок амалларни бажариш билан бир вақтда, бу амалларини тўғрилигида заррача шубҳа қилмайдилар. Оддий гуноҳкорлар, қилаётган ёвузликларини шариатда таъқиқланганлигини эътироф қилиб яшайдилар, шунинг учун улар нажотга осонлик билан эришиб, ҳақ йўлига (мунофиқлардан кўра) тезроқ келадилар, аммо мунофиқлар каттароқ ва ёмонроқ жиноятларни содир этишлари билан бир қаторда, айбларини асло тан олмайдилар ва гуноҳларини гуноҳ деб билмайдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:12.
أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَكِن لَّا يَشْعُرُونَ

Оят: Огоҳ бўлингизким, фақат уларнинг ўзлари фасод тарқатувчилардир, аммо (буни) сезмайдилар.

Тафсир: [Мунофиқлар фақат ўзларини эзгулик қилувчилар деб санаганлари боис, мўминларнинг амалларини салоҳиятли ва тўғри деб топмайдилар. Аллоҳ Таъало уларнинг иддаоларига раддия бериб, айнан уларнинг ўзлари ер юзида муфсид (фасод ёювчи) эканликларини хабарини берди. Аллоҳнинг оятларини инкор этувчи, инсонларни ҳақ йўлидан тўсувчи, Аллоҳни ва Унинг суюкли бандаларини алдамоқчи бўлган, ҳамда Аллоҳ ва росулига қарши чиқувчилар билан дўстлашган ва бу ишларини тўғрилик деб ўйлаган кимсадан ҳам фосиқроқ (бузғунчироқ) яна ким бўлиши мумкин?! Бундан ортиқ фисқни тасаввур қилиш қийин! Бироқ мунофиқлар, уларга фойда келтирувчи (шаръий) илмлардан маҳрумдирлар. Олган илмлари уларни, ўзларини Аллоҳнинг олдида жоҳиллик билан оқлаш имкониятидан маҳрум қилади. Қилган амаллари орқали эса, ер юзида фитна, бузғунчилик ва ёвузликлар тарқаладики, бу гуноҳларидан (инсонлар бошларига) бало-ю бахтсизликлар ёғилиб, насл-насабнинг йўқолишига, ўсимликларнинг қуришига ва бошқа кўплаб улкан муаммо ва қийинчиликларни юзага келишига олиб келади. Фақат Аллоҳга бўлган итоат ва содиқ иймон орқалигина ер юзида тартиб ва ислоҳотлар ўрнатиш мумкин. Айнан шунинг учун Аллоҳ Таоло махлуқотларни яратди, инсонларни ерда жойлаштирди ва давомий равишда уларга озуқаларини ва бошқа неъматларини ёғдириб турадики, бу марҳаматларни инсон Аллоҳнинг тоат-ибодатида ишлатиши шарт. Аммо, агар инсон Аллоҳнинг фазлу марҳаматларини ноўрин жойларга сарфлар экан, билиб қўйсинки, у ер юзида фитна-фасод тарқатувчи ва бу неъматлар нима учун яратилган бўлса, ўша нарсани йўққа чиқарувчидир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:13.
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُوا كَمَا آمَنَ النَّاسُ قَالُوا أَنُؤْمِنُ كَمَا آمَنَ السُّفَهَاءُ أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ السُّفَهَاءُ وَلَكِن لَّا يَعْلَمُونَ

Оят: Ва қачонки у [мунофиқ]ларга: “Инсонлар [яъни саҳобалар] иймон келтирганларидек иймон келтиринглар”, дейилса, улар [жадаллашиб]: “Нодонлар иймон келтирганларидек иймон келтирамизми?”, дейдилар. Билингки, уларнинг ўзлари нодондирлар, лекин [қанчалар чуқур адашишликда эканларини] билмайдилар.

Тафсир: [Қачонки мунофиқларга фақат сўзда эмас, балки қалбда, худди солиҳ саҳобалар иймон келтирганларидек иймон келтиришлари таклиф қилинса, улар ўзларининг ёмон гумонларини олдинга суриб: “Наҳотки биз бу ақли паст ва нодон кимсалардек иймон келтирсак?!” дейдилар. Аллоҳ уларни шармандаликка дучор қилсин! Бу фосиқларнинг таҳминича, айнан ақли пастлик ва нодонлик, саҳобаларни Аллоҳга иймон келтиришга ва яшаган диёрларини ташлаб, кофирлар билан жанг олиб боришга ундаган. Уларнинг фикрларича, соғлом ақл бунинг аксини қилишга буюрар эмиш ва шунинг ўзи саҳобаларни эсипастликда айблашга, ўзларини эса донолардан деб ҳисоблашга туртки бўлади. Аммо, марҳаматли Аллоҳ уларнинг иддаоларига раддия бериб, мунофиқларнинг айнан ўзлари ҳақиқий аҳмоқлар эканликларини хабарини берди, чунки фойда келтирадиган нарсадан юз ўгириб, зиён келтирадиган нарсага интилишлик — аҳмоқликни чўққисидир. Бу номақбул хислат, тўлақонли шаклда айнан мунофиқларга тааллуқлидир. Шу билан бирга, ақли расолик деб — солиҳ амалларни бажаришда фойда ва манфаатлар келтирадиган нарсаларни ўрганиб, зиён, зарар келтирадиган барча нарсалардан эҳтиёт бўлмоқликка айтилади. Бу васф билан садоқатли саҳобалар ва мўмин кишиларни таърифлаш мумкин. Ва бу борада одамларнинг асоссиз ва беъмани айбловларни келтиришлари умуман аҳамиятга эга эмас, балки, мўминларнинг (Аллоҳ мақтаган ва Аллоҳга суюмли бўлган) фазилатларга эгаликлари аҳамиятлироқдир]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:14.
وَإِذَا لَقُوا الَّذِينَ آمَنُوا قَالُوا آمَنَّا وَإِذَا خَلَوْا إِلَى شَيَاطِينِهِمْ قَالُوا إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِئُونَ

Оят: Улар [мунофиқлар] иймон келтирганлар билан учрашиб қолсалар, уларга: “Биз иймон келтирдик”, дейдилар. Аммо ўзларининг шайтонлари [кофир пешволари ва мушрик дўстлари] билан ёлғиз қолганларида: “Дарҳақиқат, биз сиз биланмиз, биз фақатгина истеҳзо қилувчилармиз” дейдилар.

Тафсир: [Мунофиқлар дилларида ишонмаган нарсасига тиллари билан ишонишларини айтиб юрадилар. Мўминлар орасига кириб қолсалар, ўзларини мусулмон қилиб, мўминларни йўлидан юргандек қилиб кўрсатишга уринадилар. Бироқ, куфр пешволаридан бўлган шайтонлари билан ҳоли қолишлари билан: “Биз сизнинг дунёқарашингизни (дин ва эътиқодингизни) маъқуллаймиз, лекин мўминларнинг устларидан кулиш учун, ўзимизни исломга киргандек қилиб кўрсатиб турибмиз холос” дейдилар. Ўшаларнинг жамиятига кирганларида ҳақиқий башараларини намойиш қиладилар]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:15.
اللَّهُ يَسْتَهْزِئُ بِهِمْ وَيَمُدُّهُمْ فِي طُغْيَانِهِمْ يَعْمَهُونَ

Оят: Аллоҳнинг Ўзи [уларга хорлик юбориш билан] уларни устларидан кулувчидир ва туғёнларида кўр бўлган ҳолларида [адашиб] улоқиб юришлари учун уларни [узоқ вақтга] тек қўйиб қўяди.

Тафсир: [Ёмонлик устига қурилган макр-ҳийлалар, бунга лойиқ бўлганларгагина зарар етказади. Мунофиқлар мўминларнинг устларидан кулганлари эвазига, Аллоҳ уларнинг устларидан кулади. (У Зотнинг кулиши шундан иборатки), ҳаёти дунёдаликларида уларнинг қилаётган ёмон амалларини уларга зийнатли қилиб кўрсатиб қўяди. Аллоҳ Таъало мўминларга мунофиқларни жазолашга йўл бермайди, шунинг учун улар ҳамиша мўминлар билан бирга бўлишларига хомтамъа бўлиб яшайдилар. Жаноби Ҳақ уларнинг фисқу фужурларини зиёдалаштиради ва сўқирларча, куфр ва туғённинг зулумотларида адашиб, улоқиб юришларига қўйиб беради. Қиёмат куни келганида эса, Аллоҳ мунофиқларга, мўминларга ато этилган нурдан беради, бироқ мўминларнинг нурлари уларнинг кетиб бораётган йўлларини охиргача ёритиб боради, мунофиқларнинг нурлари эса ярим йўлда сўниб қолади ва улар нурафшон йўлнинг бир қисмини ёруғлик билан босиб ўтганларидан кейин зулматга тушиб қолганларидан қаттиқ озор-азият чекадилар. Ёрқин, улкан умиддан сўнг, изтиробли тушкунликдан ёмонроқ нима бўлиши мумкин?! Аллоҳ Таъало деди: «Ўша кунда мунофиқ ва мунофиқалар мўминларга қараб: “Тўҳтаб туринглар, нурингиздан озгина (иқтибос) олайлик” дейдилар. Шунга уларга айтиладики: «Ортингизга қайтингда, ўша ердан нур изланглар». Уларнинг ўрталарида дарвозали қўрғон уриладики, унинг ички қисми раҳмат, ташқариси эса, азобдир. Улар (мўминларга) нидо қилиб: “Ахир биз (ҳаёти дунёдалигимизда) сизлар билан бирга эмасмидик?!”, дейишса, улар (мўминлар, бунга жавобан): “Ҳа (бирга эдингиз), аммо Аллоҳнинг буйруғи (яъни, ўлим) келгунига қадар, ўз нафсларингизни фитнага солдингиз, пойлаб, кутдингиз, шубҳаларга тушдингиз ва маънисиз умидларга чўмдингиз. Ғорур бўлган (шайтон) сизларни Аллоҳнинг борасида алдаб қўйди. Бугун на сизлардан, ва на кофир бўлганлардан фидя (тўлов) олинмас. Турар жойингиз жаҳаннамдир, у сизга энг ярашимли маскан. Бас, қандай ҳам ёмон борар жойдир у”» (57:13–15).]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:16.
أُولَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الضَّلَالَةَ بِالْهُدَى فَمَا رَبِحَت تِّجَارَتُهُمْ وَمَا كَانُوا مُهْتَدِينَ

Оят: Улар [мунофиқлар] залолат [адашишлик, ёки куфр]ни ҳидоят [тўғри йўл] эвазига сотиб олдилар, бироқ тижоратлари уларга рибҳ [фойда]ли бўлмади [чунки улар бирон фойдали нарсага эришмадилар] ва улар ҳидоят топувчилардан бўлмадилар.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало мунофиқлар ҳақида улар лойиқ бўлган ҳаққоний таърифни берди ва ҳидоятни эвазига куфрни сотиб олишлик билан, фойдасиз бўлган тижорий битимни имзолаганларини хабарини берди. Худди тижоратчи катта пул эвазига бирон маҳсулотни сотиб олишни хоҳлагани каби, мунофиқлар ҳам залолатни сотиб олиб, уни ўзига дин қилиб олишни истайди. Бу таққослаш қуръоннинг энг гўзал ва энг яхши қиёсларидан биридир. Энг улкан ёмонлик бўлган залолатни, Аллоҳ (сотиладиган) маҳсулотга қиёс қилди, аммо энг улкан яхшилик — ҳидоятни бўлса, улкан эзгулик деб атади ва маҳсулот учун тўланадиган тўлов қилиб қўйди. Мунофиқлар бу улкан эзгулик — ҳидоятга умуман бефарқлар ва адашишликни ундан устун қўядилар ва афзал кўрадилар. Мана уларнинг тузган битимлари — у қанчалар зарарли ва фойдасиздир! Мана уларнинг таърифлари — уларнинг хислатлари қанчалар ёмон а! Агар дирҳамга динорни алмаштираётган киши (тижоратида) зиён тортгувчилардан бўлса, ҳўш қимматбаҳо тошни дирҳамга алмаштирувчи киши ҳақида нима дейиш мумкин?! Ҳидоятни залолатга алмаштиришлик билан, ўзининг абадий бахт-саодатини қурбон қилаётган, ҳақир нарсани деб, буюк нарсалардан воз кечган ва бадбахтликни ихтиёр қилган кимса ҳақида нима дейиш мумкин?! Бундай тижорат ҳақиқатдан ҳам зиёнкор тижоратдир, ундан кўра улканроқ ва унданда ёмонроқ зиён, йўқотувнинг ўзи йўқ!
Аллоҳ Таъало деди: «Дарҳақиқат, зиён қилгувчилар, қиёмат куни ўз-ўзларини ва аҳлларини йўқотиб қўйгувчилардир. Мана шунинг ўзи очиқ зиёндир» (39:15).
Шундан сўнг Аллоҳ Таъало таъкидлаб туриб, мунофиқлар ҳидоят йўлидан юрмайдиган кимсалар эканини яна айтди. Бу нарса уларнинг адашган гуноҳкорлар эканликларига, ҳеч қачон ҳидоятга чақирув сўзларини эшитмасликларига аниқ гувоҳликдир. Уларга шундай таърифларни берганидан кейин, Аллоҳ Таъало улар ҳақида масал келтириб (кейинги оятларда) деди:]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:17.
مَثَلُهُمْ كَمَثَلِ الَّذِي اسْتَوْقَدَ نَارًا فَلَمَّا أَضَاءَتْ مَا حَوْلَهُ ذَهَبَ اللَّهُ بِنُورِهِمْ وَتَرَكَهُمْ فِي ظُلُمَاتٍ لَّا يُبْصِرُونَ

Оят: Мисол қилиб айтилса, [мунофиқлар аввалда иймон келтиришган ва иймон нури илк бор қалбларига кирган эди. Аммо кейинчалик уларнинг динларида шак-шубҳалар пайдо бўлишлиги билан, бунинг оқибатида улар кофир бўлдилар. Уларнинг тутган мавқеларини, худди атрофни кўриш ва тўғри йўлни топиш учун олов ёққан кишиларга ўҳшатса бўлади. Аммо олов сўниб қолганда, улар қоп-қора зулматларда қолдилар ва на кўзлари билан бирон нарсани кўра олмайдилар ва на тўғри йўлни топа олмайдилар. Бунинг сабаби, улар динни, иймонни қадрламадилар, ҳидоят йўлини гўзаллиги, олийлигини англаб етмадилар. Тушиб қолган аҳволларидан ўзларини йўқотиб қўйдилар ва нажотга олиб борувчи бирон на сабабни, ва на воситаларни кўришдан маҳрум бўлдилар] улар бамисоли олов ёққан киши кабидирлар. Қачонки олов (ёниб) атрофни ёритганида, Аллоҳ уларни нурдан маҳрум қилди ва ҳеч нимани кўриб бўлмас зулматларда уларни қолдирди.

Тафсир: [Бу масал тўлалигича уларнинг аҳволларига мувофиқ, чунки мунофиқлар ҳақиқатдан ҳам зулматни ёритиш учун олов ёққан кишига ўҳшайдилар. Бу киши оловга қаттиқ эҳтиёжи бор эди ва уни бошқалар орқали топди ҳам, зеро ўзининг қўлида етарли воситалар бўлмаган. Қачонки олов ёниб, унинг атрофини ёритганида, уни қаерда хатар ва ёмонлик пойлаб турганини кўрди ва бу ёмонликдан омон қолиш йўлларини ҳам билди. Олов унга жуда катта манфаатлар келтирди ва улкан ҳурсандчиликларга сабаб бўлди. У ҳаттоки оловни сақлаб қўйишга уриниб ҳам кўрди, аммо Аллоҳ уни нурдан ва сурурдан жудо қилиб қўйди ва у яна, аранг ёниб турган чўғдан бошқа нарсаси бўлмагани ҳолида қоп-қора зулматда қолиб кетди. Бу чўғ энди унинг атрофини ёрита олмайди, бироқ танасини қаттиқ куйдириб, унга озор етказиши мумкин. У бирданига бир неча ҳил зулматларда қолди. Туннинг зимистони, булутларнинг қоралиги билан, ёмғирнинг қоралиги билан ва оловдан кейинги келган зулмат билан аралашиб кетди. Бу каби мавқега тушиб қолган кишини аҳволини нима деб таърифлаш мумкин? Мунофиқларнинг аҳволлари худди шундай. Улар мўминларнинг иймонларидан чиққан нурлари эвазига ҳаёт йўлларини ёритиб яшайдилар, зотан ўзлари бу нурга эга эмаслар. Уларнинг мўминлардан (алдов билан, ўғринча) олган нурлари, фақат вақтинчалик муддатга йўлларини ёритади ва улар бундан қайсидир маънода манфаатланиб турадилар. (Шу нур сабабидан) улар жонлари ва молларини сақлаб қоладилар. Дунё ҳаётида улар ўзларига шу (ёвуз) йўллар орқали омонлик, хотиржамликни кафолатлаб олишган, бироқ кутилмаган ўлим, бировларнинг нурлардан фойдаланиш имкониятидан уларни маҳрум қилади. (Буни хотирларига келтирмаганликларидан) уларни қаттиқ махзунлик ва ғам-ташвиш босади, ҳамда энг шиддатли азобга гирифтор қилинадилар. Бу ёғига энди қабрнинг зулмати — куфрнинг, нифоқ ва турли ҳил катта гуноҳларнинг зулматидан янада зиёдалашади. Охир-оқибат эса, уларни жаҳаннамнинг қоп-қоралиги кутмоқда...Нақадар ёмон жой у!]

https://t.me/tafsirassaadiy