"ТЎРАХОН ҲОЖИ" жоме масжиди.️
2.05K subscribers
1.47K photos
506 videos
33 files
1.61K links
Фарғона тумани «Тўрахон ҳожи» масжиди. Саволингиз бўлса
939754552 Имом ҳатиб Муҳаммадросул Жамолов,
902770213 993750213 ноиби имом Ҳотамжон Эсоналиев.
Download Telegram
Forwarded from FATVO.UZ
КОМПЬЮТЕР ЎЙИНГОҲИ ОЧИБ ШУНДАН ТИРИКЧИЛИК ҚИЛСАМ БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

562-CАВОЛ: Плейстейшен (Playstation) компьютер ўйингоҳи очиб, шу бўйича шуғулланмоқчи эдик. Шуни ортидан топган пулимиз ҳалолми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мусулмон инсон маблағини ҳар тарафлама фойда келтирадиган ўринга сафлаши керак. Фойда олсам бўлди деб, ҳалол-ҳаромига эътибор бермай савдо қилиши яхшиликка олиб келмайди. Сармоя киргизмоқчи бўлган савдоси бу дунёда фойда келтиришидан ташқари охиратда ҳам фойда бўладиган бўлса, мана шу нарса қандай ҳам яхши савдо ҳисобланади. Сиз айтган ишни бошласангиз қанчадан-қанча ёшлар бу ўйин билан машғул бўлиб, вақтларини, ғанимат умрларини, бебаҳо ёшлик дамларини беҳуда сарф қиладилар. Улар шунинг ўрнига таълим олиб, ўқиб-ўрганиб, миллатимизга етук кадр бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
яъни: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сураси, 2-оят).
Ҳадиси шарифда:
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ : النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ : عَنْ عُمُرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ ، وَعَنْ جَسَدِهِ فِيمَا أَبْلاَهُ ، وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا وَضَعَهُ ، وَعَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банданинг икки оёғи, тўртта нарсадан сўралмагунча (ўрнидан силжимайди) давомли бўлади: умрини нимага сарф қилгани, жасадини нимага зое кетказгани, бойлигини қаердан касб қилиб ва уни қаерга ишлатгани, илмига қандай амал қилгани ҳақида, сўралади”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Шундан келиб чиқиб, Сизга жамиятимиз, эл-юртимиз ҳамда ёшларимизнинг дунё ва охиратига фойда келтирадиган соҳага сармояни жалб қилишингиз тавсия этилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
. @diniysavollar

Савол йўллаш
📲 @SavollarMuslimUzBot

▫️ Каналга уланиш▫️
ҲАРОМДАН ПУЛ ТОПГАН КИШИ БИЛАН ШЕРИК БЎЛИШ МУМКИНМИ?
#ҳалол_ҳаром #савдо

626-САВОЛ: Қимор ўйнайдиган одам билан савдода шерикман. Унинг гуноҳи менга ҳам гуноҳ бўлиб ёзиладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Саволингизнинг жавоби бироз тафсилотга эга. Агар тижоратдаги шеригингизнинг топган барча моли қимор ёки судхўрлик каби ҳаромдан топилгани аниқ бўлса, у билан иқтисодий муомалотларда шерикчилик қилмаслигингиз керак бўлади.
Агар шеригингизнинг ҳаромдан ҳам, ҳалолдан ҳам топган пули бўлсаю, даромадининг кўп қисми ҳалол томонидан бўлса, у билан шерикчилик қилишга кўпчилик уламолар рухсат беришган. Лекин у билан муомала қилиш ҳаром бўлмасада, макруҳ бўлиши таъкидланган. Ҳанафий мазҳабимиз уламоларидан Аллома Ҳамавий айтадилар:
معاملة من أكثر ماله حرام ولم يتحقق المأخوذ من ماله عين الحرام فلا تحرم مبايعته؛ لإمكان الحلال وعدم التحريم، ولكن يكره خوفًا من الوقوع في الحرام، كذا في "فتح القدير"
яъни: “Топган молининг аксари ҳаром бўлган, молидан олинган қисми айнан ҳаромдан экани маълум бўлмаган киши билан муомала қилиш ҳаром бўлмайди. Чунки унинг (сарфлаган моли) ҳаромдан эмас, ҳалолдан бўлиши эҳтимоли бор. Лекин ҳаромга тушиб қолиш хавфи борлиги учун макруҳ бўлади. “Фатҳул-Қодир”да ҳам шундай” (“Ғомзу уюнил басоир” китоби, 1-жуз, 192-бет)
Агар шеригингизнинг ҳалол ва ҳаром маблағи аралаш бўлиб, қайси томони устун экани маълум бўлмаса, бунда ҳам у билан шерикчиликни давом эттиришингиз жоиз бўлмайди. Чунки бунда шубҳа бор. Агар қаттиқ ҳожат бўлмаса, ундан сақланишингиз тавсия этилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида:
إِنَّ الْحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ، وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى، يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ
“Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап” деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar.
ШИЛЛИҚҚУРТ ҲАЛОЛМИ?
#ҳалол_ҳаром

384-CАВОЛ: Ҳозирги кунда шиллиқурт билан даволаш усуллари ривожланмоқда. Ушбу муолажа ножўя таъсирини йўқлиги, асоратсизлиги, оддийлиги, табиийлиги билан ажралиб туради. Айтингчи, динимизда шиллиқурт билан даволаниш мумкинми? Ҳозирда ғарб давлатларида шиллиқуртдан капсулали дори воситаси ҳам ишлаб чиқарилган. Уни ичиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шиллиққурт — қуруқликда яшайдиган қориноёқли ўпкали ҳашаротлар турига мансуб бўлиб, фанда унинг мингга яқин тури маълум. Танаси чувалчанг ёки цилиндр шаклида бўлади (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”).

Мутахассисларнинг таъкидлашларича шиллиққурт муолажаси икки хил турга бўлинади:

Шиллиққуртдан тайёрланган капсулали дори воситасини истеъмол қилиш орқали даволаниш;
Шиллиққуртдан зулук каби сўлаги билан даволаниш ёхуд шиллиқурт экстрактли кремини терига суртиш.

Ушбу икки турдаги муолажаларнинг шаръий ҳукми ҳам фарқ қилади:

1. Шиллиққуртдан капсулали дори воситасини истеъмол қилиш шариатимизга кўра жоиз эмас. Чунки шиллиққурт ҳашаротлардан саналади. Ҳашаротларнинг истеъмоли ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларига кўра ҳаром саналади. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабимиз уламоларидан Аллома Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

وأما الضب والزنبور والسلحفاة والحشرات فلانها من الخبائث وقد قال تعالى (ويحرم عليكم الخبائث)

яъни: “Калтакесак, ари, тошбақа ва барча ҳашаротлар нопок нарсалардан саналгани сабабли уларни истеъмоли ҳаромдир. Аллоҳ таоло:

وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ

яъни: “У (пайғамбар) пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”, – деган (Аъроф сураси, 157-оят)” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби 17-жуз, 116-бет).

Шариатимизга кўра умумий ҳолатда ҳаром нарсалардан даволаниш ман қилинган. Хусусан, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳаромдан тўғридан-тўғри шифо ниятида фойдаланиш асло жоиз эмас, деганлар. Зеро, Умму Салама онамиз разияллоҳу анҳонинг бир жориялари касал бўлиб қолганда, унга шаробдан дори сифатида фойдаланмоқчи эканларини айтадилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إنّ الله تعالى لم يَجْعَلْ شِفاءَكمْ فِيما حَرَّمَ عليكمْ

яъни: "Аллоҳ таоло шифоингизни сизларга ҳаром қилган нарсаларга жойлаштирган эмас", – деб марҳамат қилганлар (Имом Абдурраззоқ, Имом Табароний, Имом Байҳақий, Имом Таҳовий ривоят қилишган).

Фатаво китобиларимизда “Касалликка ҳаромдан бошқа шифо топилмаган ўринда, ҳозиқ табиб кафил бўлиб, ҳаромдан тайёрланган ёки ҳаром нарса аралашган дори шифо бўлишига кўрсатма берса, зарурат бўлгани боис ҳаромни истеъмол қилиш жоиз” экани айтиб ўтилган.

Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Киши қаттиқ очлик ёки чанқоқлик сабабли ўлиб қолиши мумкин бўлган вақтда ўлмагудек миқдорда ўлимтикни ейиши ёки ҳаром ичимликни ичишига рухсат борлигидан келиб чиқиб, шифо ниятида ноиложликдан истеъмол қилинадиган ҳаром доридан ҳаромлик соқит бўлиши келиб чиқади”, – деганлар (“Раддул-муҳтор” китоби 1-жилд, 365-бет).

“Захийрийя” китобида эса ҳаром билан даволаниш жоиз бўлиши (яъни, гуноҳ бўлмаслиги) учун ўша дорида шифо борлиги ва бошқа даво йўқлиги тажрибадан маълум бўлиши кераклиги айтилган. Шифо бор йўқлиги тажриба билан аниқланиши таъкидланган.

“Ҳозиқ табиб” деганда ўз ишига маҳоратли, ўз юртида тан олинган, муайян тажрибага эга, бугунги кун тили билан айтганда олий тоифали шифокор бўлиши шартдир. Шунингдек, у диний шаръий ҳукмлар ва амалларни ошкора инкор қилувчи бўлмаслиги лозим. Шариатда ҳаром дейилган нарсаларни охирги чора сифатида ишлатиш лозимлигини яхши англамоғи даркор. Акс ҳолда, ҳалол нарса бўлса ҳам ҳаромни тавсия қилиши мумкин.

2. Шиллиққурт сўлаги билан даволаниш ёки шиллиқурт экстрактли кремини терига суртиш орқали муолажа олиш шаръан жоиз саналади. Чунки бунда ҳаромни истеъмол қилиш маъноси топилмайди. Шунинг учун ҳам уламолар зулук каби ҳашаротлар орқали муолажа олишга рухсат беришган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. Fatvo.uz
СУДХЎРЛИКНИНГ ОҚИБАТЛАРИ
#ҳалол_ҳаром

672-CАВОЛ: Судхўрликнинг оқибатлари ҳақида динимизда нима дейилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда судхўрликдан қаттиқ қайтарилган. У билан шуғулланадиган кимсаларга азоб уқубатлар бўлишини ҳам таъкидланган. Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَذَرُوا مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ فَإِنْ لَمْ تَفْعَلُوا فَأْذَنُوا بِحَرْبٍ مِنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَإِنْ تُبْتُمْ فَلَكُمْ رُءُوسُ أَمْوَالِكُمْ لَا تَظْلِمُونَ وَلَا تُظْلَمُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (чинакам) мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитидан воз кечингиз! Мабодо (бу буйруққа итоат) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва Пайғамбари томонидан (сизларга қарши бўлажак) урушни (азобни) билиб қўйингиз! Агар тавба қилсангиз, дастмояларингиз – ўзингизга. Зулм ҳам қилмайсиз, зулм қилинмайсиз ҳам” (Бақара сураси, 278-279 оятлар).

Абдуллоҳ ибн Ҳанзала разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кишининг билатуриб судхўрликдан еган бир дирҳами ўттиз олти марта зино қилганидан оғирроқдир” (Имом Аҳмад, Имом Табароний ривоятлари).

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Судхўрликнинг етмиш иккита тури бўлиб, уларнинг энг кичиги кишининг онасига яқинлик қилиши билан баробардир. Судхўрликнинг энг ярамаси эса, кишининг ўз биродари номусига тажовуз қилишидир” (Имом Табароний ривояти).

Бу борада келган ҳадиси шарифлар ва уламоларимизнинг сўзлари жуда кўп. Шунинг учун ҳар қандай олди-сотди, қарз олди-берди қилмоқчи ёки қандайдир янги чиққан бизнес ишларига қатнашишдан аввал унинг шаръий тарафини сўраб билиб олиб, кейин ўша ишни амалга ошириш лозим. Чунки ўзи билмаган ҳолда судхўрликка кириб қолиш эҳтимоли бор. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
ЭРИМНИНГ ТОПГАНИ БИЗГА ҲАЛОЛМИ?
#ҳалол_ҳаром

696-CАВОЛ: Емлаб боқаётган қўйимиз ўлиб қолди. Хўжайиним уни колбаса сехига топширди. Шуни пули бизга ҳалолми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Эрнинг ушбу қилаётган иши шариатимизга кўра ҳалол эмас. Чунки ўлимтикнининг ўзи ҳам, унинг пули ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу ҳақида уламоларимиз шундай деганлар: "Оқувчи қон ва ўлимтик каби шариатда қийматга эга бўлмаган нарсаларнинг савдоси ботилдир" ("Роддул Муҳтор" китоби).
Эр киши ҳалолдан маблағ топиши ва аҳли-оиласи ва фарзандини ҳалол едириб ичириши керак. Агар эр ҳаром маблағ билан оиласини боқса, уларнинг ҳам гуноҳини зимасига олган бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди", — деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Агар эр ҳаром ризқ билан нафақа қилса, унга бунинг оқибати тушунтирилади ва ҳалолдан пул топиши унинг бурчи экани эслатилади. Агар эр бош тортса ва унинг аёли ва фарзандларининг қўлида касби бўлмаса, уларга оила бошлиғининг топганидан зарурат миқдоричаси жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
ИТ БОҚИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол-ҳаром

43-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Ит боқса бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Ислом шариатига кўра заруратсиз ҳолатда ит боқиш мутлақо жоиз эмас. Абу Талҳа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар ит ва сурат бор уйга кирмаслар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки ит боқса ҳар куни савоб ишларига бериладиган ажрларидан бир қийрот ёки икки қийрот камаяди. Қўриқчи, подачи ва овчи итлар бундан мустаснодир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда айтилган “қийрот” сўзининг изоҳи борасида Имом Муслим ривоятида “Унинг кичиги Уҳуд тоғидек», дейилган.
Ривоятларда келтирилишича, “Қиёмат аломатларидан бири кишиларнинг ит боласини боқишни одат қилишларидир. Ҳатто бу ишни улар ўз фарзандини парваришлагандан ҳам юқори даражага қўйишади” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоят қилган).

Ҳадисдан маълум бўладики, уй қўриқлайдиган, подага қарайдиган ва овчи итлардан бошқасини боқиш мумкин эмас. Демак, сабабсиз ёки қизиқиш учун уйда ит сақлаш ва боқиш шариатда қайтарилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
ОШҚОВОҚ ЎҒИРЛАШ САВОБМИ?
#ҳалол_ҳаром

824-CАВОЛ: Баъзилар ошқовоқ ўғирлаш савоб дейди. Шу тўғрими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу гап мутлақо нотўғри. Ўғрилик гуноҳи кабира, ҳаром амал саналади. Уни ҳалол ёки савобли амал дейиш кишини имонидан айриб қўяди, Аллоҳ сақласин.

Мусулмон учун бировнинг моли ҳаромдир. Фақат чин кўнгилдан берсагина ҳалол бўлади. Ўзганинг молини билдирмасдан олиш ўғрилик дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деб марҳамат қилганлар:

لا يحل مال رجل مسلم لأخيه إلا ما أعطاه بطيب نفسه

"Мусулмон кишининг моли биродарига ҳалол бўлмайди, фақат ўзи унга чин кўнгилдан берса ҳалолдир" (Байҳақий ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, "Китоб ўғирласа гуноҳ бўлмайди", "Ошқовоқ ўғирласа савоб бўлади" деган гаплар баъзи илмсиз кишилар томонидан тўқилган асоссиз гаплардир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.
СУРРОГАТ ОНАЛИК ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

876-CАВОЛ: Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йук, 3 марта ЭКО килди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиги ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.

Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб шундай деган:

﴿وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُونَ * إِلَّا عَلَى أَزْوَاجِهِمْ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ * فَمَنِ ابْتَغَى وَرَاءَ ذَلِكَ فَأُولَئِكَ هُمُ الْعَادُونَ﴾ (المؤمنون: 5 – 7)

яъни: “Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).

Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.

Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 мелодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
МАСЖИДДА ТЕЛЕФОНИМНИ ҚУВВАТЛАБ ОЛСАМ БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

733-CАВОЛ: Масжидга борганимда намоз ўқиб бўлгунимча телефонимни зарядка қилиб олсам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Йўқ, ундай қилманг. “Фатово Ҳиндия” китобида шундай дейилган:

ولا يحمل الرجل سراج المسجد الي بيته

“Киши масжиднинг чироғини уйига олиб кетмайди” (Фатово Ҳиндия,1 жилд, 110 бет).

Мобода бир киши шундай қилган бўлса, фойдаланилган электр пулини (таҳминан бўлса ҳам) масжид ҳисобига қайтаради.

و تجب القيمة في القيمي يوم غصبه اجماعا

Қиямий нарсаларда низо кунидаги қийматни қайтариш ижмоан вожиб бўлади. (Дуррул Муҳтор,9 жилд, 567 бет). (Навозил 18 жилд, телефон масалалари боби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. Fatvo.uz
ТУРЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИ СОТИБ ОЛИШ УЧУН ҚЎЙИЛГАН БОНУС ЁКИ СОВРИНЛАРНИ ОЛИШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

920-CАВОЛ: Бугунги кунда жуда кўп маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ёки сотувчилар томонидан маълум маҳсулотни сотиб олган инсон учун турли бонус ёки совринлар қўшиб берилмоқда, масалан маҳсулот ичидан турли ютуқлар чиқмоқда. Бу диний жиҳатдан қанчалик тўғри, қиморга ўхшаб қолмаяптими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу ишлаб чиқарувчи ёки сотувчининг ихтиёридаги нарса. У харидор учун сотилган нарсаларга қўшимча нарса қўшиб бериши жоиз. Лекин ушбу ҳолатда учта шарт топилиши керак. Бу уч шарт топилмаса бу иш қиморга ўхшаб қолади.

1. Ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи шу соврин ёки бонус қўйилгани учун маҳсулотнинг нархини ошириб қўймаслиги керак. Масалан, маълум ичимликни сотиб олганларга соврин ваъда қилинмоқда. У ичимлик аслида 5 минг сўм туради, лекин соврин қўйилгани учун 6 минг сўмга сотиляпти. Бу жоиз эмас. Сабаби бу моҳиятан қиморга айланиб қолмоқда. Чунки харидор 5 минглик нарсага 6 минг яъни минг сўм ортиқча пул беряпти. Натижада минг сўмдан ортиқча йиғилган пул кимгадир соврин бўлиб қайтяпти. Бу ўртага минг сўмдан пул ташлаб, кейин кимдир ютиб оладиган қиморнинг айни ҳолатидир. Аммо ичимлик ўз нархи яъни 5 мингга сотилса харидорлар маҳсулотни ўзининг нархига сотиб олган ва сотувчи тамонидан қўйилган қўшимча совринни совға сифатида олган бўлади.

2. Маҳсулотлар учун бонус тақдим қилиш сифатсиз ёки сохта маҳсулотни ўтказиш учун алдов йўли билан амалга оширилмаслиги керак.

3. Бундай маҳсулотларни сотиб олаётган кишининг мақсади ўша маҳсулотни истеъмол қилиш ёки ундан фойдаланиш бўлиши керак. Фақат мукофотни кўзлаб сотиб олса жоиз эмас.

Маълум нарсани сотиб олган харидорлар ўртасида қуръа орқали бериладиган совринларнинг ҳукми ҳам юқоридаги шартлар асосида жоиз ҳисобланади.

Иккита нарса сотиб олсангиз учинчиси бепул, деб сотилган ҳолатда эса сотувчи учта нарсани иккитани пулига сотаётган бўлади. Гарчи бу ўринда учинчиси бепул, дейилаётган бўлсада, аслида иккита нарсани пулига учтани сотаман, деган бўлади.

Олдиндан эълон қилмасдан қўшиб бериш, масалан тарозуда оғирроқ қилиб бериш ёки донасини кўпайтириб бериш жоиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
АРЗОН НАРХДА ОЛИБ, КЕЙИН ҚИММАТГА СОТСАМ БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

924-CАВОЛ: Мен тойсомон (пресс сомон) сезонида арзон нархда олиб, кейин қимматга сотсам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ушбу савол эҳтикор масаласига оид савол. Ушбу масалага оид саволлар кўп бўлгани учун жавобга кенгроқ тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз. Хадиси шарифларда эҳтикор хато ва лаънатга дучор қилувчи иш эканлиги таъкидланади. Эҳтикор ўзи нима? Эҳтикор луғатда бир нарсани қиммат бўлиши учун ушлаб туришга айтилади. Шариат истелоҳида эса инсонлар ва ҳайвонлар озуқасини сотиб олиш ва қимматлагунча ушлаб туришдир (Раддул муҳтор). Аксар фуқаҳолар эҳтикор озуқаларда бўлишини айтадилар. Эҳтикор ҳаром бўлиши учун бир неча шартлар мавжуд. Бу хусусда Ибн Қудома шундай дейди: "Учта шарт топилса эҳтикор ҳаром ҳисобланади.

Биринчи шарт сотиб олиш. Яъни ўзи яшаётган шаҳар ёки қишлоқдан сотиб олиш. Агар бошқа узоқ шаҳарлардан олиб келса ёки ўзи етиштирган нарсани сақлаб қўйса эҳтикор ҳисобланмайди.

Иккинчи шарт сотиб олинган нарса озуқа бўлиши керак. Озуқа бўлмаган нарсалар, масалан кийим-кечаклар ёки асосий озуқа бўлмаган нарсалар, масалан ширинликлар, асал каби нонхуруш учун ишлатиладиган нарсаларда эҳтикор юзага келмайди.

Учинчи шарт аҳолига зарар бўлиши. Бу икки ҳолатда юзага келади. Биринчиси кичкина шаҳар ёки қишлоқларда. Лекин катта ва кенг шаҳарларда эҳтикор ҳаром бўлмайди. Чунки уларда маълум миқдордаги нарсани сотиб олиш аҳолининг турмушига таъсир этмайди. Иккинчиси танглик ва қимматчилик ҳолатида шаҳарга кириб келган карвонни савдогарлар кутиб олиб сотиб олсалар. Лекин арзончилик вақтда сотиб олиб қўйиш ҳаром ҳисобланмайди. (Муғний, баъзи ўзгаришлар билан).

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, танглик ва қаҳатчилик бўлмаган ҳолатларда ва одамларга зарар бўлмайдиган вақтларда сомонни ёки умуман бошқа маҳсулотларни, масалан, дон маҳсулотлари, мева ва сабзовотни олиб сақлаш ва кейин қимматга сотиш жоиздир. Шунингдек, бошқа узоқ юртлардан олиб келиб ёки ўзи етиштирган маҳсулотларни сақлаб қўйиш шариатда жоиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Forwarded from FATVO.UZ
ДАСТУР ОРҚАЛИ ПУЛ ТОПИШ
#ҳалол_ҳаром

1051-CАВОЛ: Мен Москвада ишлайман. Бу ерда ўртоқларим YouTubeда пул топишни тавсия қилишди. Мен бир дастурга кириб 100 доллар пул тиксам бир йиллик вақт берар экан ва ҳар куни видео жўнатади. Мен ўша видеога лайк босиб, аъзо бўлиб, скриншот қилиб уларга жўнатсам ҳар бир видео учун 1 доллар пул беради. Ҳар куни 5 та видеога шундай қилишим керак экан. Шунга ўхшаш дастур орқали пул топиш ҳақида нима дейсиз? Бу ерда жуда кўп мусофирлар шу нарсадан пул топишяпти.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу иш шариатимизга кўра тўғри эмас. Чунки бунда ишни бошлашдан аввал берилган пул (саволдаги 100 АҚШ доллари) олдиндан берилган пул ё пора ёки қарз ҳукмида бўлади. Яъни, агар пул тўлаган одамга қайтарилса, ўша пул қарз сифатида берилган ҳукмда бўлади. Бунда узоқ муддат эвазига пулни айлантириб, ундан келган ва ютуб тармоғидаги рекламалардан келган пулдан қарз берган одамга, яъни сизга бериб турилади. Бошқача қилиб айтганда берган қарзингиз эвазига ҳақ олиб турасиз. Шариатимизга кўра, эса ҳар қандай қарз фойда келтирса, рибо – судхўрлик саналади. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан нақл қилинган қуйидаги ривоят ҳам далолат қилади:

"كلُّ قرض جرَّ منفعة فهو ربا" (رواه البيهقي).

“Ҳар қандай манфаат келтирган қарз – рибодир” (Имом Байҳақий ривояти).

Шунга кўра, ютуб тармоғидаги бу молиявий амалиётга киришмаслик тавсия этилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
Forwarded from FATVO.UZ
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
#ҳалол_ҳаром

Чўчқа гўшти аралашган овқат етказиб берса гуноҳ бўладими?

Саидаҳмад домла Сайдаралиев

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази етакчи мутахассиси

YouTube | Instagram | Facebook

🔗 Улашинг: @diniysavollar
БУ КЕЛИШУВ ШАРЪАН ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

1097-CАВОЛ: Бир танишимни ғишт заводи бор. Менга ўн миллион сўм берсанг, ҳар бир дона ғишт учун 10 сўмдан фойда бераман, деяпти. Шу иш шаръан жоизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бу нотўғри келишув ҳисобланади. Бир томондан пул, иккинчи томондан меҳнат қилиш ва фойдани тақсимлаб олишни келишиш музораба ҳисобланади. Музорабанинг асосий шартларидан бири кўрилган фойда қанча бўлишидан қатъий назар ҳар икки тарафга улуш тегиши керак. Бу хусусда Бурҳонуддин Марғиноний

"( وَمِنْ شَرْطِهَا أَنْ يَكُونَ الرِّبْحُ بَيْنَهُمَا مُشَاعًا لَا يَسْتَحِقُّ أَحَدُهُمَا دَرَاهِمَ مُسَمَّاةً ) مِنْ الرِّبْحِ لِأَنَّ شَرْطَ ذَلِكَ يَقْطَعُ الشَّرِكَةَ بَيْنَهُمَا وَلَا بُدَّ مِنْهَا"

Яъни: “Фойда ҳар икки шерик орасида тарқайдиган бўлиши музораба шартларидан биридир. Улардан бири фойдадан маълум белгилаб қўйилган дирҳамларга эга бўлмаслиги керак. Чунки бундай шарт қўйиш фойдада шерик бўлиш имконини чеклайди”. (Ҳидоя, Музораба китоби).

Масалан, пул берувчи тарафга фойдадан 100 минг бериш шарт қилинса ва фойда 100 минг бўлса, фойдани пул берувчи томон олса, ишлаган тараф фойдадан ҳеч нарса ололмайди. Натижада фойдада шериклик топилмаётган бўлади. Шариатимиз айни ҳолат юзага келишини олдини олиш учун бундай келишувга рухсат бермайди. Музораба шаръан тўғри бўлиши учун кўрилган фойдадан улуш тақсимланиши зарур. Улушлар тенг бўлиши шарт эмас, бу ўзаро розилик билан ҳал бўладиган масала. Масалан, иккига тенг тақсимлаб ҳар икки тараф тенг олиши ёки учдан иккисини бир тараф, учдан бирини бошқа тараф олишини шарт қилиш лозим ва ҳоказо.

Сизларнинг келишувингизда ҳар битта ғиштдан 10 сўм ёки ундан камроқ фойда чиқиши ва сиз, яъни пул берувчи тараф ҳар битта ғиштдан 10 сўмдан олсангиз ғишт ишлаб чиқарувчига фойдадан ҳеч нарса тегмай қолиши мумкин. Бу келишув музорабани фосид қилиши юқоридаги иборалардан маълум бўлди.

Келишув тўғри бўлиши учун, чиққан фойдадан юқорида кўрсатилган тартибда тақсимлаш шарт қилиниши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Forwarded from FATVO.UZ
МЕВАЛАРНИ ПИШМАЙ ТУРИБ СОТИШ ЖОИЗМИ?
#ҳалол_ҳаром

1118-CАВОЛ: Бугунги кунда баъзи савдогарлар мевали боғларни эрта баҳорда ёки ҳали меваси пишиб етилмасидан туриб сотиб олмоқдалар. Шу иш жоизми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бу борада «Мухтасарул-виқоя» китобида шундай дейилган:

"وَصَحَّ بَيْعُ ثَمَرَةٍ لَمْ يَبْدُ صَلاحُهَا أَوْ قَدْ بَدَا وَ يَجِبُ قَطْعُها وَ شَرْطُ تَرْكِهَا عَلَي الشَّجَرِ يُفْسِدُ الْبَيْعَ

Яъни: “Ҳали пишиб етилмаган ёки энди пишган меваларни савдоси дурустдир. Аммо, сотиб олиши билан дарҳол узиб олиши вожиб бўлади. Сотиб олинган меваларни дарахтида қолдиришни шарт қилиш савдони фосид қилади” (Мухтасарул-виқоя) китоби.

Шунга кўра, мевали боғларни эрта баҳорда, яъни ҳали меваси ғўралигида сотиб олса жоиз, аммо сотиб олиши билан дарҳол дарахтдан узиб олиши вожиб бўлади. Чунки меваларни сотиб олганидан кейин дарахтида қолдиришни шарт қилса, бу шарт савдони фосид қилади (бузади). Зеро, мазкур ҳолатда сотувчининг мулкида мевага зиёдалик қўшилади (яъни мева дарахтда туриб катталашиш ва пишиб етилишда давом этади) ва харидор бу зиёдаликни ҳеч бир эвазсиз олган бўлади. Бу эса, бировнинг мулкини эвазсиз олиш ҳисобланиб, шаръан жоиз эмасдир.

Савдо вақтида мевалар дарахтда туриши шарт қилинмаса, савдо битганидан кейин харидор меваларни дарахт устида туриб-туришини илтимос қилса ва сотувчи ўз ихтиёри билан бунга рози бўлса жоиздир.

Сотувчи боғидаги меваларни ҳаммасини сотса, ўзи харидорнинг рухсатисиз ея олмайди.

Мевали боғларни эрта баҳорда ҳали меваси йўқлигида сотиб олиш салам савдоси шартларига кўра жоиз бўлади ва келишилган пулни келишув мажлисида бериш вожиб бўлади. Салам шартларига тушмаса бу савдо дуруст бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook | Telegram
Forwarded from FATVO.UZ
ОЛТИН ҚЎШИЛГАН ТАОМ ЕЙИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром
#таомланиш
#исроф #кибр

1119-CАВОЛ: Ҳозирда олтинни ош, кабоб ёки пиццага қўшиб тайёрлаш урф бўлмоқда. Динимизда ушбу таомларни тановул қилиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Олтинни ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динимизда дуруст эмас.
Биринчидан, аслида олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас. Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай деган:

وَقُلْنَا يَا آَدَمُ اسْكُنْ أَنْتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلَا مِنْهَا رَغَدًا حَيْثُ شِئْتُمَا وَلَا تَقْرَبَا هَذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الظَّالِمِينَ

“Биз айтдик: «Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз” (Бақара сураси,35-оят).

Ушбу оятда емаслик керак бўлган нарсани ейиш зулм, деб эътиборга олинмоқда. Демак, тилла ёки кумушни ейиш ҳам зулм ҳисобланади.

Иккинчидан, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмас. Пайғамғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар:

"لَا تَشْرَبُوا فِي آنِيَةِ الذَّهَبِ وَالفِضَّةِ" (متفق عليه)
“Олтин ва кумуш идишларда (таом ва сув) ичманглар...” (Муттафақун алайҳ).

Уламоларимизнинг сўзларига кўра, бу қайтариқнинг сабаби олтин ва кумуш идишларда еб-ичиш кибр ҳамда фахрга олиб боради ва фақир инсонларнинг кўнглини синдиради. Ушбу салбий сифатлар олтинни идиш сифатида ишлатгандан кўра олтинни истеъмол қилишда кўпроқ топилади. Бу эса ўз навбатида инсон қалбидаги бандалик сифатини йўқолишига сабаб бўлади.

Учинчидан, бу молни исроф ва зое қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уриш ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еб-ичиш, садақа ва кийинишда исроф қилиш ҳамда кибрга кетишдан қайтариб шундай деганлар:

كُلُوا واشرَبوا وتَصدَّقوا والْبَسوا ما لم يخالِطْهُ إسرافٌ أو مَخيَلةٌ (رواه الامام ابن ماجه)

“Модомики исроф ва кибр аралашмас экан енглар, ичинглар, садақа қилинглар ва кийинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло қийлу қол (миш-миш тарқатиш), кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради”, деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Тўғри, айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин. Бу заруратда бошқа дори қолмагани учун “ҳаром билан даволаниш” бобидан бўлиб, алоҳида мавзу ҳисобланади. Лекин одатдаги ҳолатда тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

🔗 Улашинг: @diniysavollar
Forwarded from FATVO.UZ
ПИЁДАЛАР ЙЎЛАГИНИ ТЎСИБ ҚЎЙИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром

1128-CАВОЛ: Ҳозирги кунда кўп қаватли уй ва ҳовлиларга тегишли пиёдалар йўлакларини темир панжаралар қуриб, мевали дарахтлар экиб ёки гулзорлар қилиб йўлакларни тўсиб қўйиш, қурилиш молларини ҳафталаб кўчаларда қолдириш, умумий фойдаланадиган жойларни автотураргоҳ қилиб олиш холатлари кузатилмоқда. Бу ишлар оқибатида пиёдалар, хусусан мактаб ўқувчилари автомобил йўлидан юришга мажбур бўлмоқдалар, гоҳида автоҳалокатлар ҳам учраб турибди. Динимизда кўчаларни, аҳоли фойдаланадиган жойларни ўз манфаати учун тўсиб олиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аҳоли фойдаланадиган жойлар, автомобил йўллари ҳамда пиёда йўлаклари барча баробар фойдаланадиган жойлар ҳисобланади. Ҳеч кимнинг уни эгаллаб олишга ҳаққи йўқ.

عن حذيفة بن أسيد رضي الله عنه: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: ((من آذى المسلمين في طرقهم، وجبَتْ عليه لعنتهم))

Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким мусулмонларга уларнинг йўлларида озор берса у одамга, уларнинг лаънати вожиб бўлиб қолади” (яъни уларни лаънатига ҳақли бўлиб қолади) деганлари ривоят қилинади. (Имом Табароний ривояти).“Баҳрур роиқ” китобида:

ومن أخرج إلى طريق العامة كنيفا أو ميزابا أو جرصنا أو دكانا فلكل نزعه... فقال شمس الائمة: إن كان الاحداث يضر بأهل الطريق فليس له أن يحدث ذلك، وإن كان لا يضر بأحد لسعة الطريق جاز له إحداثه فيه ما لم يمنع منه .

Яъни: “Бирор киши омма йўлига ҳожатхона қурса, ё сув тарновини чиқариб қўйса, ёки минора ё дўкон қурса кўчадан фойдаланувчи ҳар бир киши уни бузиб ташлашни талаб қилиш ҳаққига эга бўлади. Шамсул аимма айтадилар: Оммани йўлига ўз фойдаси учун бирор нарса қуриш, йўлдан фойдаланувчиларга зарар қилса, дуруст эмас. Бироқ йўл кенг бўлиб, ҳеч кимга зарар қилмаса, фойдаланувчилардан қаршилик ҳам бўлмаса, бу дурустдир,” дейилади.

Ҳадиси шарифларда, мусулмонларнинг йўлларидан озорни олиб ташлаш, йўловчиларга кенг шароит яратиш савобли ишлардан экани таъкидланади.

Абу Барза ал-Асламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: “Ё Расулаллоҳ! Мени бирон ишга буюринг, шуни қилиб юрай”, дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлдан озорни четлатинг, шу сиз учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Бухорий "Ал-адабул-муфрад"да ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўл устидаги мусулмонларга озор берадиган бир дарахт (бута)ни кесиб ташлагани сабабли жаннатда кезиб юрган бир кишини кўрдим, деб айтдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Юқорида ўтган иборалардан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
Аҳоли фойдаланадиган жойларни, пиёдалар йўлакларини темир панжаралар билан беркитиб қўйиш, мевали дарахтлар экиб ёки гулзор қилиб тўсиб қўйиш ҳолатлари, автомобил йўлларида қурилиш молларини ҳафталаб қолдириш, йўловчиларга ва маҳалла аҳолисига зарар берса дуруст эмас.

Ҳеч кимга зарар бермайдиган ва бирон шахс эътироз билдирмаган ҳолатларда вақтинчалик фойдаланиб туриш мақсадида бу ишларни қилиш жоиз ҳисобланади. Лекин масъул томонлар ёки шу йўлдан фойдаланиш ҳаққига эга ҳар қандай шахснинг талаби билан бу нарсалар бартараф қилиниши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

Telegram | Instagram | Facebook
ТИК ТУРИБ СУВ ИЧИШНИНГ ҲУКМИ
#ҳалол_ҳаром

1191-CАВОЛ: Тик туриб сув ичиш ҳақида турли гаплар юради. Айримлар мумкин деса, яна бошқалар мумкин эмас, дейишади. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳадиси шарифларга мурожаат қилинадиган бўлса, ҳар икки ҳолатга ҳам далиллар бўлгани учун турли гаплар айтилган бўлиши табиий. Аллоҳ таоло уламоларимиздан рози бўлсин, улар бизга омонат сифатида ҳар икки маънога далил бўлувчи ҳадисларни ҳам етказиб беришган. Уларнинг айримларида тик туриб сув ичишдан қайтарилган бўлса, бошқа ҳадисларда уни жоиз дейилган. Уламоларимиз мазкур ҳадисларни тўплаб, хулосасини айтишган. Жумладан “Раддул муҳтор” китобида қуйидагилар келган:
وَاعْلَمْ أَنَّهُ وَرَدَ فِي الصَّحِيحَيْنِ أَنَّهُ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : { لَا يَشْرَبَنَّ أَحَدٌ مِنْكُمْ قَائِمًا ، فَمَنْ نَسِيَ فَلْيَسْتَقِئْ } وَفِيهِمَا { أَنَّهُ شَرِبَ مِنْ زَمْزَمَ قَائِمًا } " وَرَوَى الْبُخَارِيُّ { عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ بَعْدَمَا تَوَضَّأَ قَامَ فَشَرِبَ فَضْلَ وَضُوئِهِ وَهُوَ قَائِمٌ ، ثُمَّ قَالَ : إنَّ نَاسًا يَكْرَهُونَ الشُّرْبَ قَائِمًا ، وَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَنَعَ مِثْلَ مَا صَنَعْتُ } وَأَخْرَجَ ابْنُ مَاجَهْ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنْ كَبْشَةَ الْأَنْصَارِيَّةِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا { أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَيْهَا وَعِنْدَهَا قِرْبَةٌ مُعَلَّقَةٌ فَشَرِبَ مِنْهَا وَهُوَ قَائِمٌ فَقَطَعَتْ فَمَ الْقِرْبَةِ تَبْتَغِي بَرَكَةَ مَوْضِعِ فِي رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ } وَقَالَ التِّرْمِذِيُّ : حَسَنٌ صَحِيحٌ غَرِيبٌ ، فَلِذَا اخْتَلَفَ الْعُلَمَاءُ فِي الْجَمْعِ ؛ فَقِيلَ : إنَّ النَّهْيَ نَاسِخٌ لِلْفِعْلِ ، وَقِيلَ : بِالْعَكْسِ ، وَقِيلَ : إنَّ النَّهْيَ لِلتَّنْزِيهِ وَالْفِعْلُ لِبَيَانِ الْجَوَازِ .وَقَالَ النَّوَوِيُّ : إنَّهُ الصَّوَابُ
“Билгинки, Имом Бухорий ва Муслим китобларида ушбу ҳадислар келган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сиздан бирортангиз тик туриб (ичимлик) ичмасин. Ким унутиб (ичиб қўйса), қайд қилиб юборсин”, деганлар. Бошқа ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар”, дейилган. Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Али розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб бўлгач, таҳоратдан ортган сувдан тик турган ҳолда ичдиларда, кейин “Албатта, одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам худди мен қилганимдек қилганлар”, деди. Ибн Можа ва Термизий Кабша ал-Ансориядан ривоят қилган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. Унинг уйида меш осилган эди. У зот мешдан тик туриб сув ичдилар. Кабша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари теккан жойнинг баракасидан умид қилиб, мешнинг оғзини кесиб олди”. Шунинг учун уламолар бу ҳадисларни жамлашда ихтилоф қилишган. Баъзи олимлар сўз билан қайтаришлик амалда қилинган ишни насх (бекор) қилади” дейишса, бошқалари бунинг аксини айтадилар. Яна бошқалар эса ҳадисдаги қайтариқ танзиҳий (енгил) маънода келган ва ичиб кўрсатишлари эса бу ишнинг жоиз эканини баён қилиш учун бўлган дейишади. Имом Нававий мана шу фикрни маъқуллаган. Аллома Таҳовий имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳнинг “Тик туриб сув ичишнинг макруҳлиги саломатликка зарарли бўлгани учундир”, деганларини нақл қилган.
Ана шуларга кўра тик туриб сув ичиш жоиз бўлсада, макруҳи танзиҳий (енгил макруҳ) бўлади. Бундай қилган одам гуноҳкор бўлмайди, аммо ўтириб ичиш учун савоб олади ва бир вақтнинг ўзида танасини зарарлардан ҳам асраган бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
БУҒДОЙГА ОЛДИНДАН ПУЛ БЕРИБ, ЎРНИГА СОМОН ОЛСА БЎЛАДИМИ?
#ҳалол_ҳаром

1199-CАВОЛ: Биз қишлоқда яшаймиз. Буғдой олишга олдиндан пул бериб қўямиз. Бу бизга буғдой пишган вақтдагидан арзонга тушади. Аммо баъзан буғдой эккан одамнинг буғдойи яхши бўлмай, ўрнига сомон ёки ер бераман дейди. Шундай ҳолатларда буғдой ўрнига сомон ёки ер олса бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Муайян ўлчовдаги ҳосил учун олдиндан пул бериб, пишган вақтда маҳсулотни олишликка келишув салам савдоси дейилади. Ушбу савдонинг бир қанча шартлари бор. (https://t.me/diniysavollar/398).
Келишилган вақт келганда ваъда қилинган буғдойни бера олмагани учун саволда айтилгани каби келишув қилиш жоиз эмас. Фуқаҳолар деҳқон келишилган буғдойни бера олмаса, бозордан келишилган сифатдаги буғдойни олиб беради, дейишган. Айнан ўзи эккан буғдой бўлиши шарт қилинмаган. Шунинг учун ҳам фиқҳий китобларимизда салам савдосидаги маҳсулот икки томон келишаётган ва топширилаётган вақтда бозорларда мавжуд бўлиши шарт дейилади. Агар деҳқон бозордан ҳам топиб бера олмаса, буюртмачи буғдой топилишини кутади ёки берган пулини қайтиб олади. Бошқа маҳсулот ёки келишилган маҳсулотнинг ўша кундаги қийматини олмайди. Масалан, буюртмачи деҳқон билан килоси 1000 сўмдан бир тонна буғдойга келишиб, бир миллион сўм пул берди. Муддат келган вақтда иккинчи томон келишилган буғдойни топиб бера олмади. Шу вазиятда унинг ўрнига ер ёки сомон бера олмагани каби буғдойнинг шу кундаги бозор нархида пул ҳам ололмайди, яъни, 1200 сўм бозорда бўлса, бир миллион икки юз минг сўм олиши тўғри келмайди. Бу борада фиқҳий китобларимизда мана бундай дейилган:
وَلَوْ انْقَطَعَ بَعْدَ الْمَحِلِّ فَرَبُّ السَّلَمِ بِالْخِيَارِ ، إنْ شَاءَ فَسَخَ السَّلَمَ ، وَإِنْ شَاءَ انْتَظَرَ وُجُودَهُ
“Маҳсулотни топшириш муддати келган вақтда маҳсулот топилмай қолса, маблағ эгаси, ихтиёрли бўлади. Хоҳласа, салам битимини бекор қилади (яъни берган маблағини қайтиб олади). Хоҳласа, маҳсулот топилишини кутиб туради” (“Ҳидоя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar
​​ИЖАРАГА ОЛИНГАН НАРСАНИ ИЖАРАГА БЕРИШ
#ижара #ҳалол_ҳаром

1247-CАВОЛ: Мен олдиндан бир йиллик ижара пулини тўлаб қўйиб, кейин ўзим қимматроқ пулга ижарага берсам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ижарага олинган нарсани ижарага бериш жоиз. Лекин бир қанча шартлар бор. Бу ҳақда “Фатовои Оламгирия” китобида шундай дейилган:
"وإذا ‌استأجر ‌دارا وقبضها ثم آجرها فإنه يجوز إن آجرها بمثل ما استأجرها أو أقل، وإن آجرها بأكثر مما استأجرها فهي جائزة أيضا إلا إنه إن كانت الأجرة الثانية من جنس الأجرة الأولى فإن الزيادة لا تطيب له ويتصدق بها، وإن كانت من خلاف جنسها طابت له الزيادة ولو زاد في الدار زيادة كما لو وتد فيها وتدا أو حفر فيها بئرا أو طينا أو أصلح أبوابها أو شيئا من حوائطها طابت له الزيادة، وأما الكنس فإنه لا يكون زيادة وله أن يؤاجرها من شاء إلا الحداد والقصار والطحان وما أشبه ذلك مما يضر بالبناء ويوهنه هكذا في السراج الوهاج".
“Бир ҳовлини (бинони) ижарага қабул қилиб олса, сўнг уни бошқага ижарага бермоқчи бўлса, ўзи олган нархга ёки ундан арзонроққа ижарага берса, жоиз бўлади.
Агар ўзи олган нархдан қимматроқ баҳога ижарага берса ҳам жоиз бўлади. Аммо бу ижараси учун олган ҳақи биринчи ижарадаги ҳақнинг жинсидан (масалан, сўмга олиб сўмга берса, долларга олиб долларга берса) бўлса, ортиқча олган пули унга ҳалол бўлмайди, уни садақа қилиши лозим бўлади.
Агар бошқага ижарага берганда иккинчи ижарачи томонидан бериладиган маблағ биринчи ижарачи томонидан бериладиган маблағнинг жинсидан бошқа (масалан, сўмга олиб, долларга берса) бўлса, унда ортиқча олган қиймати ҳам ҳалол бўлади. Агар ижарага олинган ҳовлига бирор қўшимча киритса, масалан қудуқ кавласа, қозиқ ўрнатса, лой билан шуваса, эшикларни тузатса ёки деворларини таъмирласа, шунда ҳам ортиқча олинган қиймат ҳалол бўлади. Аммо ҳовлини супуриб тозалаш қўшимча киритиш ҳисобланмайди.
Ижарага олган бино ёки жойни темирчи, тегирмончи, кир ювувчи каби бинога, жойга шикаст етказадиган ишлар билан шуғулланувчига ижарага бермайди”.
Шунга биноан сиз пулнинг жинсида ўзгариш қилсангиз ёки олган жойингизга матнда келгани каби ўзгартиришлар киритсангиз, олган ҳақингиз жоиз бўлади. Аммо ҳеч қандай ўзгартириш бўлмаса, олган ортиқча сумма ҳалол бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

🔗 Улашинг: @diniysavollar