👉@VODIY
1.27K subscribers
3.75K photos
4.1K videos
8 files
2.05K links
Фарғона, Наманган, Андижонда бўлиб ўтаётган воқеа-ходисалар, янгиликлар, хабарлар бериб борадиган платформа.
Download Telegram
#қисқа_пост

- Гапни айлантирмасдан қисқа ва лўнда жавоб берсангиз. Табиий ГАЗ қачон ўзимизга ҳам берилади?

Масъул амалдорлар:
- Раҳмат. Саволингиз жуда ҳам ўринли. Айни вақтида берилган савол деб ўйлайман. Энди гапни айлантириб, баҳоналар билан жавоб бериб бўлмайди. Дангал жавобни менимча бутун халқимиз кутяпти. Чиндан ҳам бугунги кунда жуда кўпчиликни қийнаётган, кўплаб юртдошларимизнинг ҳақли равишда эътирозларига сабаб бўлаётган оғриқли мавзулардан бири бўйича савол бердингиз. Маълумки, сўнгги йилларда аввалари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган даражадаги ижобий ўзгаришлар рўй берди ва бу бутун халқимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Агар нокамтарликка йўймасангиз дангал айта оламан-ки, дунё бундай кескин ўзгаришлардан тамомила ҳайратда қолмоқда. Бундай шиддатли жараёнлар биз масъул раҳбарлардан яна-да халққа яқин бўлиб, уларнинг дардини тинглаб, халқ ичида юришимизни тақозо қилади. Ўзгаришларга лаббай деб жавоб бериб, халқ ичида юрганимизда, бу ютуқлар негизида яна тўлиқ ҳал этишга улгирилмаган муаммолар ҳам йўқ эмаслигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шу каби бизга қўшимча масъулият юклайдиган ҳолатлардан бири ГАЗ муаммоси. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмагандек, бу каби муаммолар ҳам бизни ўйлантирмасдан қолмайди. Лекин бундай вазиятларда шошма-шошарлик билан, фақат бугуннигина ўйлаб қарор бериш юрт келажагини ўйлаётган фуқарога хос иш бўлмайди. Муаммо бор. Йўқ эмас. Муаммо борлигини тан олиш ўзи катта ечим. Уни бартараф этиш учун эса ҳар бир жиҳатни атрофлича ўрганиб, масъуллар билан тизимли равишда, танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқиб ечим топишга ҳаракат қилинмоғи керак. Шу сабабли, бу соҳа мутахассислари билан муаммо устида тизимли тарзда шуғулланмоқдамиз. Аслида, ҳар бир одам ўзига савол бериши керак-да: "Бугун мен жамиятга фойдали нима иш қилдим? Одамларга нима нафим тегяпти?" деб. Агар ҳар биримиз ўз вазифамизга масъулият билан ёндошсак, қонун устуворлигини таъминласак, жамоат назоратини янги босқичга олиб чиқсак, ўйлайман-ки, ҳар қандай муаммолар тез орада ўз ечимини топади. Сиз саволда таъкидлаб ўтган ГАЗ муаммоси ҳам бугун ё кеча пайдо бўлиб қолган муаммо эмас. Бугунги глобал дунёда бир ҳудуддаги салбий ҳолат бошқа ҳудудларга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Шу сабабли, ҳар бир ишга мушоҳада билан ёндошиб, муаммоларни тизимли тарзда кўриб чиқмоқ даркор. Масалан, бир оилада фарзанд касал бўлиб қолса, ота-она дарҳол дуч келган одамга даволатмайди. Тажрибали ва кўпни кўрган инсонлар билан маслаҳатлашиб маҳоратли доктор ё табиб топишга ҳаракат қиладилар. Биз ҳам бурч ва масъулиятимизни чуқур англаган ҳолда бу каби муаммолар илдиз отиб кетмаслиги устида тажрибали мутахассислар билан учрашмоқдамиз. Муаммони тизимли равишда бартараф этиш йўллари устида изланмоқдамиз. Мана шундай очиқ мулоқотлар, ўйлайман-ки, халқ дардини енгиллатишда муҳим бир кўприк бўлиб хизмат қилади. Умид қиламан-ки, халқимиз ҳам бу каби ишларда раҳбарларга камарбаста бўлиб ҳаракат қиладилар. Саволингиз учун яна бир бор раҳмат.

Журналист-модератор:
- Жавобингиз учун сизга ҳам раҳмат. Ўйлайманки, юртдошларимиз ўзлари кутган керакли жавобни олишди. Энди, кейинги саволларга навбат берайлик.

@VODIY