Тадбиркорга кўмак
734 subscribers
182 photos
25 videos
102 links
Фарғона вилояти хокимлигининг Тадбиркорлар билан ишлаш расмий канали.

Фарғона вилояти ҳокимига мурожаат юбориш учун @fvhmurojaatbot телеграм ботидан фойдаланинг!
Download Telegram
#Назорат

⚡️ Мурожаатларга эътиборсиз қараган раҳбарга чора кўрилди.

📌 Ёзёвон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари М.Ғ. электр таъминоти билан боғлиқ тадбиркорлик субъектларининг 7 та мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари ва тартибига риоя этмасдан, қонун бузилишига йўл қўйган.

Шунингдек, корхона раҳбари М.Ғ. муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти талабларига риоя этмасдан, 8 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш тартиби ва муддатларини бузган.

⚡️ Мазкур ҳолатлар юзасидан корхона раҳбари М.Ғ.га нисбатан Ёзёвон туман прокуратураси томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш чоралари кўрилди.
Тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотларни реализация қилишда юзага келаётган муаммолари ҳал этилмоқда.

Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан Давлат раҳбарининг 20.08.2020 йилги селектор йиғилишида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, пандемия шароитида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишдаги муаммолари ўрганилиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Жумладан, вилоят ҳудудидаги тадбиркорлар билан ўтказилган суҳбатларда уларнинг 330 тасида турли йўналишдаги муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Кўрилган чоралар натижасида ҳозирда 288 та саноат корхоналарига маҳсулотини реализация қилиш учун харидор топишда, 14 тасига жой ажратилишида, 1 тасига коммунал соҳадаги муаммосини ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Мисол учун, омборида 70 млн. сўмлик эркаклар оёқ кийимлари сақланаётган «Uzsalaman» ҚК АЖ раҳбари билан ўтказилган суҳбат жараёнида кўтарилган «Фарғона савдо мажмуаси» МЧЖ ҳудудидан савдо дўкони ажратишга доир муаммоси ҳал этилиб, юқоридаги махсулотлари тўлиқ сотувга чиқарилди.

Ёки, «Арабмозор обод қурилиш» МЧЖ омборидаги реализация қилинмасдан турган 104 млн. сўмлик маҳсулотлари амалий ёрдам туфайли шартнома асосида сотилишига эришилди.

2 та саноат корхоналари омборида қолдиқда турган жами 365 млн. сўмлик маҳсулотларни экспорт қилинишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Маҳсулотларини реализация қилишдаги муаммолари мавжуд бўлган саноат корхоналарига меҳнат ресурсларини топиш, тегишли рухсатномаларни расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишдаги муаммолар ҳам жойида ҳал қилинмоқда.
#Муаммо_ва_ечим

⚡️ Кредит ажратилишида тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилди.

Бешариқ туманидаги “ALIJON OTA TRADING” деҳқон хўжалигининг иссиқхона ташкил этиш учун имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш ҳақида мурожаати туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, унга 27.08.2020 йилда АТ “Халқ банки” Бешариқ филиали томонидан 220 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилишида кўмак берилди.
#Назорат

⚡️ Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган хизматчига нисбатан чора кўрилди.

Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, тегишли давлат корхонасига сўровнома келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ўрганилиши, далолатнома лойиҳаси тайёрланиши ёки аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда рад этилиши белгиланган.

Бироқ, “Ермулккадастр” ДК Учкўприк тумани филиали мутахассиси И.Л. тадбиркор М.А.нинг бино-иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш масаласидаги сўровномасини асоссиз 14 иш куни мобайнида кўриб чиқиб, тегишли далолатнома тайёрлаб берган бўлсада, айнан шу сўровнома бўйича 48 кундан сўнг у рад қилинганлиги ҳақида хулоса ҳам расмийлаштириб, тадбиркорнинг қонуний манфаатларини бузган.

Мазкур ҳолат юзасидан И.Л.га нисбатан Учкўприк туман прокуратураси томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Валюта операцияларини амалга ошириш соддалаштирилди

Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

➡️ Мазкур ҳужжат валютани тартибга солиш соҳасидаги амалда бўлган 5 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификация қилиш орқали қабул қилинди ва 2020 йил 1 сентябрдан кучга кирди.

🔰 Мазкур Қоидалар билан валюта операцияларини амалга оширишда қуйидаги янгиликлар жорий этилди:

👉 жисмоний шахслар билан валюта операцияларини амалга оширишда улардан паспорт нусхаси талаб қилиш билан боғлиқ норма чиқариб ташланди;
👉 банклар томонидан мижозлар билан валюта операцияларини амалга оширишда ортиқча вақт ва ҳужжатлар талаб этилиши билан боғлиқ нормалар бекор қилинди;
👉 хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини конвертация қилиш жараёнлари ҳамда чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларни банклар томонидан кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилди;
👉 валюта биржаси савдоларида иштирок этиш учун мижознинг ҳисобварағида қатъий равишда маблағлар резерв қилиниши бўйича талаб бекор қилинди;
👉 сотиб олинган маблағлардан фойдаланиш борасида қўшимча қулайликлар яратилди, хусусан, банк мижозларининг махсус валюта ҳисобварағига турли хил сабабларга кўра қайтиб тушган валюта маблағларидан такроран фойдаланиш имконияти яратилди;
👉 Марказий банк томонидан айирбошлаш шохобчаларини рўйхатга олиш ва уларга гувоҳномалар бериш амалиёти бекор қилинди;
👉 айирбошлаш операцияларини расмийлаштириш тартиби, валюта айирбошлаш шохобчаларида ходимлар сони, хавфсизлик талаблари, уларни мониторинг қилиш ва бошқа талаблар тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади.

⚠️ Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 19 майдаги ПФ–5997-сон Фармони билан 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилган, бундан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мустасно.
#Назорат

⚡️ Тадбиркорнинг мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган банк бўлим бошлиғига қонуний чора кўрилди.

Оилавий корхона раҳбари Н.М.нинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратилишини сўраб, Фарғона шаҳридаги банк филиалига қилган 18.03.2020 йилги мурожаати асоссиз 101 кун муддатда кўриб чиқилиб, унинг қонун манфаатлари бузилишига йўл қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан банк филиали кредит бўлими бошлиғи А.В.га нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
#Назорат

⚡️ Тадбиркорнинг сўровномасини кўриб чиқиш тартибини бузган сув таъминоти ходимига чора кўрилди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2019 йилги 1023-сонли қарорига кўра, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланувчи ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан сўров келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича техник шартларни тайёрлаши ва электрон шаклда юбориши белгиланган.

Бироқ, “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Фарғона шаҳар филиали мутахассиси И.Б. юқоридаги қонун ҳужжати талабларига риоя қилмасдан, 13 та ҳолатда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини электрон онлайн аукцион орқали бериш билан боғлиқ сўровномаларни кўриб чиқиш муддатларини бузган.

Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан мазкур қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилиб, жамият мутахассиси И.Б.га нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Фарғона шаҳрида экспорт ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Экспорт ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, бюджет ҳисобидан молиялаштирилаётган қурилиш объектларини ўз вақтида фойдаланишга топширишдаги муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.

Хусусан, Фарғона шаҳридаги 69 та инвестиция лойиҳалар, 51 та экспортёр корхоналар ва 11 та қурилиш объектлари жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, 3 та ҳолатда аниқланган мавжуд муаммолар ишчи гуруҳ кўмагида ҳал этилган.

Масалан, ортиқча ҳисобланган қўшимча қиймат солиғини ундириш бўйича шаҳардаги экспортёр корхоналар “Фарғона турон текстил” МЧЖга 142 млн. сўм ҳамда “WINCHEMICAL” МЧЖга 38 млн. сўм миқдоридаги ҳақдорлиги давлат солиқ органларидан қайтариб ундирилиши таъминланган.

Инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 21 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 193 та янги иш ўринлари яратилган.

Шаҳарда 2019 йилда турли сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган 265 та тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш орқали 138 тасини фаолияти тикланган, 9 таси давлат реестрдан чиқарилган.

Пандемия шароитида тадбиркорларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга кўмаклашиш, уларнинг маҳсулотлар реализациясидаги муаммоларини ҳал этиш мақсадида Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан масъул идоралар ҳамкорлигида амалий чоралар кўрилиб, тадбиркорларнинг 3 тасига бозордан жой ажратилиши, 2 тасига савдо дўкон топиб берилиши таъминланган.

Жумладан, кўрсатилган амалий ёрдам натижасида шаҳардаги “Charm to’p kelajagi” МЧЖнинг 300 млн. сўмлик, “Saodat dizayn” хусусий корхонасининг 40,5 млн. сўмлик маҳсулотлари маҳаллий бозорларда реализация қилинган.

Бу борада ишлар давом этмоқда.
#Муаммо_ва_ечим

⚡️ Кредит ажратилишида тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Данғара туманидаги “Oltin-Chashma” хусусий корхонасининг спорт соғломлаштириш мажмуаси учун сунъий қопламалар ҳамда “Асл либос текстил” МЧЖнинг болалар кийимлари ишлаб чиқаришга дастгоҳлар сотиб олиш учун имтиёзли кредит ажратишга доир ҳал бўлмасдан келаётган муаммолари ўрганиб чиқилди.

Данғара туман прокуратурасининг амалий кўмагида АТ “Агробанк” туман филиалидан “Oltin-Chashma” хусусий корхонаси ва “Асл либос текстил” МЧЖга 100 млн. сўмдан имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Кадастр паспортини тайёрлаш муддатлари қисқармоқда

“Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди (535-сон, 02.09.2020 й).

🕐 Қарор билан Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

📓 Унга кўра, кўчмас мулк объектини кадастр ҳисобига олиш ва кадастр йиғмажилдини шакллантириш натижасида кўчмас мулк объекти бўйича электрон шаклда кадастр паспорти расмийлаштирилади.

📓Ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.

Кадастр паспортини тайёрлаш:

👉 кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича қуйидаги муддатларда амалга оширилади:
🔸кўп квартирали уйдаги квартира – 3 иш кунигача;
🔸якка тартибдаги турар жой – 5 иш кунигача;
(илгари бу муддат тегишлича 7, 10 кун эди)

👉 кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича:
🔸умумий майдони 100 кв.м. гача - 5 иш кунигача;
🔸умумий майдони 100 кв.м. дан 1000 кв.м. гача - 7 иш кунигача;
🔸умумий майдони 1000 кв.м. дан 5000 кв.м. гача - 10 иш кунигача;
🔸умумий майдони 5000 кв.м. дан 15000 кв.м. гача - 15 иш кунигача;
🔸умумий майдони 15000 кв.м. дан 50000 кв.м. гача - 20 иш кунигача;
🔸умумий майдони 50000 кв.м. дан ортиқ - 25 иш кунигача.
(илгари бу муддат тегишлича 10 кундан 45 кунгача бўлган)

🧾 Кадастр йиғмажилди шакллантирилгандан сўнг кадастр паспортини бериш учун тўлов миқдори қиймати кўрсатилган хабарнома (инвойс) Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига электрон шаклда юборилади.

💴 Ариза берувчи хабарномани олгандан сўнг 1 ой мобайнида тўлов қийматини тўлайди.

💴 Кадастр паспортини бериш учун тўлов қийматлари Вазирлар Маҳкамаси қарори (https://lex.uz/docs/2425158) билан белгиланади.

Қуйидаги ҳолларда кадастр паспортини расмийлаштириш бепул амалга оширилади:

▫️кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алохида қурилиш) мавжуд бўлмаганда;
▫️кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда объектнинг қолган қисмига ёки реконструкциясиз тоифаси ўзгарганда;
▫️кадастр йиғмажилди (паспорти) йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда).

Ушбу ҳолларда кадастр паспорти 3 иш куни мобайнида расмийлаштирилади.

📓Қоғоз шаклидаги кадастр паспорти Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали, пластик шаклдаги кадастр паспорти фақат Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади.
#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Судларга берилган даъволарни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш мумкин бўлади

“Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

📌 Қарор билан судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди.

➡️ Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

🔰 Қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди:

🔸2021 йил 1 январдан судларда суд мажлисини тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

🔸2021 йил 1 июлдан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

🔸2021 йил 1 октябрдан барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

🔸2022 йил 1 январдан суд қарорларини тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

🔸2022 йил 1 июлга қадар судлар фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

🔸2023 йил 1 январдан суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

🔸судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади:

👉 давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

👉 манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

👉 суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

👉 суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

☑️ Шунингдек, 2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастур ишлаб чиқилади.
#Назорат

⚡️ Имтиёзларни қўлламасдан тадбиркорларга зарар етказган мансабдор шахсга чора кўрилди.

📌 “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига кўра, оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.

Бироқ, Ёзёвон тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари М.Н. “Qoxorova Oysaxon”, “Dilyara Diana Fayz” ва “Brend Biznes Ice Cream” оилавий корхоналарига қонуний имтиёзларни қўлламасдан, электр тўловларини асоссиз юридик шахслар учун белгиланган тарифларда ҳисоблаб, уларга жами 9 млн. 914,5 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон туман прокуратураси томонидан асоссиз ундирилган маблағларни қайтариш чоралари кўрилиб, электр таъминоти корхонаси раҳбари М.Н.га нисбатан 05.09.2020 йилда маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
#Амалий ёрдам

⚡️ Йилқичиликни ривожлантиришда тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилди.

“Қўқон файзи” фермер хўжалиги раҳбари Қ.Абдуллаевнинг йилқичиликни ривожлантириш мақсадида наслли зотдор отлар сотиб олиш учун кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги Фарғона вилоят прокуратурасига қилган мурожаати кўриб чиқилди.

Ўрганиш давомида АТ “Халқ банк” Бешариқ филиалидан 11.09.2020 йил куни фермер хўжалигига 1 млрд. 560 млн. сўм миқдорда кредит ажратилиши таъминланиб, тадбиркорнинг мурожаати қаноатлантирилди.
#Амалий ёрдам

⚡️ Тадбиркорлик фаолиятидаги муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Данғара тумани прокуратураси томонидан ўтказилган таҳлиллар давомида тумандаги “New Super Lion” хусусий корхонасининг маҳсулот ишлаб чиқариш дастгоҳлари сотиб олиш учун имтиёзли кредит ажратилиши масаласи ҳал бўлмасдан келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, кўрсатилган амалий ёрдам натижасида АТ “Агробанк” туман филиалидан корхонага 100 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.

Шу каби, “Mustafo Qandolat” МЧЖга нон ва қолипли нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти учун 18.09.2020 йилда АТ “Халқбанк” Данғара филиалидан 138 млн. сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.