O'ZBEK MILLIY AKADEMIK DRAMA TEATRI
5.68K subscribers
6.78K photos
961 videos
4 files
1.15K links
🇺🇿 Ўзбек Миллий Академик драма театрининг расмий канали 🎭

🇷🇺 Официальный канал Узбекского Национального Академического драматического театра

ВЕБ САЙТ: www.milliyteatr.uz
Instagram: @milliy.teatr
Facebook: MILLIY TEATR
YouTube: MILLIY TEATR
Download Telegram
O'ZBEK MILLIY AKADEMIK DRAMA TEATRI
Photo
#Митти_ҳикоя

ДУО

Апрель тонггида ёмғир шаррос қуйди. Зарб билан ёғди-ю, тезда тинди. Қарасам, ток барглари ёмғирда ювилибди. "Баргларни битта чайиб юбораман-у, дўлма пишириб холамни йўқлагани шифохонага бораман", деган қарорга келдим.

Ўшанда 2007-йил, катта фарзандимга юкли эдим. Раҳматли Гулнора холам яхши кўрган ток дўлмани тайёрлаб, туш маҳали ёнига етиб бордим. У билан бир палатадаги чамаси олтмиш ёшлардаги онахон:
– Қизим, лўпиллаб қолибсиз. Биринчи фарзандингизми? – деб сўради.
Шунда холам:
– Ҳа, Худо хоҳласа, магистратурани битиради-ю, қўлига боласини олади. Биратўла иккита диплом, – дея мақтаниб қўйди.

– Худо оқ йўл берсин! Икки жонни саломат қилсин, – дея дуо қилди онахон. – Болам, ҳеч қачон Аллоҳдан боланинг сонини чеклаб сўраманг. Худо бергани, денг. Мана мен, қизли пайтимда тўртта фарзандли бўлишни ният қилардим. Худодан икки ўғил, икки қиз сўрардим. Ўнта бола туғдим. Аралаш-қуралаш: бешта ўғил, бешта қиз. Олтитасини тупроққа қўйдим. Худодан сўраганимдек, тўрттаси: икки ўғил, икки қиз ёнимда қолди. Ният – ижобат! Қизжон, ниятда, дуода ниҳоятда эҳтиёткор бўлинг. Ҳатто, фарзанднинг жинсини ҳам сўраманг. Ўзингга ҳавола, денг. Қиздир, ўғилдир буюргин! Умри билан бергин! – деб сўранг.

Онахоннинг бу гапларидан таъсирланиб, ўша куниёқ: "Худойжоним! Қиз, ўғил деб сўрамайман. Ўзингга ҳавола. Қанча бўлса ҳам этагимга солганинг. Қиздир, ўғилдир буюргин! Умри билан бергин!" – дея дуо қилишни бошладим.

Ойпарчадек қизни ҳавола этди.

Озода ШОБИЛОЛОВА

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

МУОМАЛА

Қадим замонда ҳусни хулқ соҳиби бир инсон яшарди. Бу зот ёмон хулқли, қўпол кишиларга ҳам чиройли муомала қиларди. У киши вафот этганидан сўнг бир муддат ўтиб, бир дўстининг тушига кирибди. Дўсти у дунёда нималар бўлганини сўрабди.
Киши:
– Мен ҳаётимда ҳеч кимнинг дилига озор бермадим. Ҳеч кимга нисбатан қаттиқ ва қўпол муомалада бўлмадим. Шунинг учун бу дунёда фаришталар ҳам менга мулойим муомалада бўлишмоқда, – дебди.

***
Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Инсон ҳаёти давомида атрофдагилар билан қандай муомала қилса, охиратда малоикалар ҳам унга шундай муомала қилишади.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

БАХТЛИМИЗ

Жалолиддин Румий бир куни уйларига келиб аёлларидан:
– Ейишга бирор нарса борми? – деб сўрадилар.
Аёллари:
– Уйимизда ҳеч нарса йўқ, – деди.
– Ростдан ҳеч нарса йўқми?
– Ҳа, ҳеч нарса йўқ.
– Умуман ҳеч нарса-я?
– Умуман ҳеч нарса.
Шунда Румийнинг қувончлари ичларига сиғмай:
– Хоним, нақадар бахтлимиз-а. Уйимиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйларига ўхшабди, – дедилар.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ЭДИСОН ВА ГРАММОФОН

Эдисоннинг фабрикасига ёнғин тушди. Ўт ўчирувчилар етиб келгунларича, фабрика аллақачон култепага айланиб бўлганди.

Олимнинг йиллар давомида чеккан заҳматлари бирпасда кўз ўнгида кулга айланди. Эртасига тонгда, Эдисон фабрикасининг ёниб битган деворлари орасида юраркан, шундай деди:
– Бу фалокатнинг ҳам биз учун катта фойдаси бор. Бутун хатоларимиз ёниб кул бўлди. Яратганга шукр, энди барини янгидан бемалол бошлай оламиз.

Ёнғиндан уч ҳафта ўтиб, Эдисон илк граммофонни кашф қилиб, уни бозорга чиқарди.

Бу ютуққа шундай катта фалокатда ҳам ўзини йўқотмаганлиги сабаб бўлди.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ҚЎШНИЧИЛИК

Бир кекса киши шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлисида яшарди. Бир куни олдига эшик қоқиб бир бегона киши келди. Қария келган одамдан ким эканлигини, нимага келганини сўради. Ҳалиги киши эса юзида табассум билан:
– Қўшничилик учун келдим, – деди.
– Сиз шу яқин атрофда яшайсизми?
– Йўқ, мен шаҳарнинг нариги четида яшайман.
– Унда бу атрофдан ер сотиб олиб кўчиб келмоқчимисиз?
– Йўқ, отахон. Бугун мен қабристондан ўзимга қабр ери сотиб олдим. Сўрасам, менинг қабр ерим олдидаги ерни сиз сотиб олибсиз. У ерда маҳшарга қадар қўшни бўларканмиз. Шунинг учун ҳозирдан сиз билан танишай, деб келдим.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ТОҒ ЧЎҚҚИСИ

Америкалик машҳур педагог ва файласуф Джон Девейдан 90 йиллик юбилейида бир журналист шу саволни берганди.
– Ўқиган шунча китобингиздан нима фойда олдингиз?
Джон Девей илм ва маданиятни орттиришни имо қилиб:
– Тоғларга тирмашишимга ёрдам беради, – деди.
– Тоғларга тирмашишгами? Тоғга тирмашишнинг сизга нима кераги бор?
Файласуф журналистга шундай изоҳлади:
– Тоғларга тирмашсанг чўққига етасан. Чўққига чиққанингда эса бошқа чўққиларни ҳам кўра оласан. Шунда уларни ҳам забт этишни истайсан. Агар тоғга тирмашмасанг на чўққини кўрасан ва на бошқа нарсаларни. Ҳаётинг бир маънода қотиб маъносизлашади. Ҳаётинг маъносизлашганида эса яшашнинг аҳамияти қолмайди.

@milliyteatr
O'ZBEK MILLIY AKADEMIK DRAMA TEATRI
Photo
#Митти_ҳикоя

МЎЪЖИЗАНИНГ ДЕБОЧАСИ...

Театрдаги бир инсон менга кулиб айтяпти: "Озодахон, муҳаббат ҳақида кўп ёзасиз-да. Бу муҳаббат канали эмас". Мен ҳам кулиб: "Ака, муҳаббатни кўнглим буюрса, нима қилай?" – деб жавоб қайтардим.

Муҳаббат энг беғубор мавзу. Бу мавзуни куч-қудрати билан севиб қолдим. Узоққа бормайман. Қондош амакиваччамнинг ҳаётидан бир шингил
ҳикоя қиламан.

Мавлуда опам биринчи турмуши билан йигирма йил яшади. Уч фарзандининг отаси ашаддий майхўр, банги эди. Хотинини уриб-дўппослаб ҳузурланадиган маньяк! Опам нозик жуссаси билан катта дала қилди, бир бойнинг хонадонида оқсочлик қилиб ҳам рўзғор тебратди. Гўрсўхтанинг ароқ, нашаси ҳам унинг чекида эди. Барибир уркалтак-суркалтак. Ўзим гувоҳ, мушт зарбидан юз-кўзи кўкариб, шишиб кетганига, бурун суяги синиб операция бўлган ҳолатларига. Нима қилсин? Ота ҳовлида учта келин. Учта фарзанди билан қаерга сиғсин? Ҳамма қаттиқчиликка чидади, заҳар-заққумни индамай ичига ютди. Сабрнинг ҳам чегараси бор экан. Охири опам дарддан йиқилди... Йиллар давомидаги калтак зарбидан мияда ўсма пайдо бўлибди. Фарзандлари билан ота уйга қайтиб келди.

Дори-дармоннинг кучи, яқинларнинг меҳр-муҳаббати билан оёққа турди. Тирик жон, қимирламаса бўлмайди. Масжидга ишга кирди. У ерда супур-сидир, ош-овқат қилиб уйдаги катта рўзғорга ёрдами тегди.

Шундай кунларнинг бирида опамнинг ҳаётига бир инсон кириб келди. Тақдир масжидда туташди. Араб элчихонасида ишлайдиган диндор инсон экан. Биринчи оиласидан еттита фарзанди бўлиб, опамнинг болаларини ҳам бағрига олди. Йигирма яшар қизи Маҳлиёни турмушга узатишди. Тақдирда бор экан, опам қирқ уч ёшида қиз фарзандли бўлди. Орадан роппа-роса қирқ кун ўтиб, Аллоҳ қиз набира билан сийлади. Бултур ўғлини уйлашди. Айни кунда опам умр йўлдоши билан умра сафарида.

Авваламбор, мўъжизакор Аллоҳнинг мўъжизаси билан, қолаверса, муҳаббатнинг сир-сеҳри билан опам буткул соғайиб кетди. Муҳаббатга тўлиб-тошиб, бахтли яшаяпти.

Иккинчи тақдирингиз чин тақдир, гўзал турмуш бўлсин, Мавлуда опа!

Келинг, муҳаббат мавзусини четга сурмайлик, бу мавзудан қийиқ қидирмайлик, аксинча, куч-қудратига ишонайлик. Мўъжизанинг дебочаси муҳаббат эмасми?

Озода ШОБИЛОЛОВА

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ЭРКАКЛИК ҒУРУР

Бир йигит велосипедда кетаётиб, қари бир аёлни уриб йиқитди. У аёлдан узр сўраб, турғизиш ўрнига устидан кула бошлади, сўнгра йўлида давом этди.

Шу вақт аёл: "Эй бола, нарсанг тушиб қолди", деб чақирди. Йигит шошилиб келиб, излай бошлади. Лекин топа олмади.

Шунда онахон унга: "Кўп излама! Эркаклик ғуруринг тушиб қолди, асло тополмайсан", деб айтди.
***
Йиқилганни турғизиш мусулмоннинг иши, устидан кулиш фосиқнинг амалидир.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ЁЛҒОН ДУНЁ

Бир шайх деразадан қараб, шогирдларига дебди:
– Сизларга ёлғон айтаман... фалончи ўтиб кетяпти.
Шогирдлар ўрнидан туриб, ташқарига қарашибди.
Шайх кулимисираб:
– Сизларга ёлғон айтаман десам ҳам ўрнингиздан туриб, деразадан қарадингиз. Дунё ҳам шундай ёлғончидир, кўра-била туриб ноғорасига ўйнайверамиз.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

"ҲОЙ, КИМ БОР?"

2020-йил куз ойлари эди. Октябрь ёки ноябрь, аниқ эслолмайман. Хотирам панд беряпти, карантиндан кейин ёки театрда ҳали спектакллар намойиш этилмаётган пайт, ёки душанба театр дам олиш куни эди.

Ишга пешин маҳалда келдим. Соат 17:00ларда сафар қариб, нарсаларимни йиғиштиришга тушдим. Шу пайт қўшним қўнғироқ қилиб қолди. У театрга яқин "Хадра" маҳалласида котиба бўлиб ишларди. "Кетмай туринг. Ҳозир ишимни тугаллаб олай, бирга қайтамиз", деди. Шошиб, типирчилаб тургандим, "йўқ" дейолмадим.

Қабулхонада кўчага қараган дераза бўлмаса-да, куз ҳунари хонага таъсир қилганди. Яъни хона қоронғилашиб қолганди. Чўчидим. Раҳматли Фатхулла Масъудовнинг кабинет эшигига қараб-қараб қўяман. Аксига олиб театр жим-жит. Биронта зоғ йўқ шекил, "тиқ" этган товуш эшитилмайди. Билмадим, негадир бирданига юрагим ҳапқириб кетди. Сумкамни олдим-у, хонани қулфлаб фойега чиқиб олдим. Фойе ҳам қоронғи. Сирли сукунат. Фойенинг олд эшигига бориб, кўчани кузата бошладим. Шу пайт: "шип-шип", "тап-тап", "тақ-тақ" товушлар эшитила бошлади. "Театрда одам бор экан-ку. Нимага қўрқяпман", дея ўзимни юпатдим.

Товуш тинмай, кучайиб борди. "Ким бунчалар тақиллатмаса", дея фойенинг қоқ марказидан: "Ҳой, ким бор? Ким у?" дея баланд овозда сўрадим. Иккинчи, учинчи қаватларда ҳам чироқ ўчиқ. Қоп-қоронғи. "Эй, фаросат. Шунақаям таранг-турунг қиладими", бу гапни фақат ўзимга эшитарли айтдим.

Вақт ўтказиш учун кўчани кузатишда давом этдим. Яна бояги: "шип-шип", "тап-тап", "тақ-тақ" товушлар эшитила бошлади. Товуш шунақа кучайди-ки, "темир нарвонни у ёқдан бу ёққа судряпти", деган тасаввурга келдим. Жаҳлим чиқди. Фойедан бақирдим: "Кимсиз? Намунча тақиллатмасангиз?" Овоз йўқ. Бирдан миямга урди... Шу қоронғида-я... Йўқ, одам борга ўхшамайди...

Юрагим оғзимга тиқилиб, ҳовлига югуриб чиқдим. Постдаги милиционер: "Опа, нима қиляпсиз театрда? Ҳамма кетиб бўлди-ку. Бугун иккаламиз қоровулчилик қиламизми?" деб кулди.

Ота-онамга бўлган воқеани сўзлаб бердим. Шунда отам: "Эҳҳе, бу театрдан қанча-қанча одамлар ўтмади... Яқинда Фатхулла, Шум бола, Сотти ҳам ўтди... Қизим, дарровда овозингни жаранглатиб, Қуръон тиловат қилиб юбормабсан-да", деди.

Тўғри, не-не алломалар ўтмаган бу даргоҳдан...

Озода ШОБИЛОЛОВА

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ЖИГАРЖОН АКА

Касалхонага автомобиль ҳалокатига учраган қизалоқни олиб келишди. Унга қон қуйиш керак эди. Бахтга қарши, унинг қони камёб гуруҳга мансуб экан.

Кўп ўтмай шифохонага қизалоқнинг ота-онаси ва акаси етиб келди. Хайрият, акасининг қони унга тушар экан.
– Бу ҳаёт-мамот масаласи, ўғлим. Синглингни қутқариш учун қон беришинг керак, – деб тушунтирди доктор.

Болакай бир лаҳза ўйланиб турди-да, ота-онасининг олдига чопиб кетди. Уларга нималардир деб хайрлашди, чоғи. Сўнг шифокор ҳузурига йўл олди. Қон олиб бўлингач, доктор унга:
– Энди бироз ётиб, дам олишинг керак. Бўлмаса, бошинг айланиши мумкин, – деди. Бу гапдан бола ҳайратга тушди. Мунчоқ кўзларини шифокорга тикиб:
– Қандай қилиб?! Мен ўлмайманми? – деб сўради.

У қон беришга рози бўлган пайт: "мен ўлсам, синглим тирик қолади", деган хаёлга борган экан. Улкан юракли бу болакай синглиси учун жон беришга чиндан ҳам тайёр эди.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ҚИЗ ФАРЗАНД


Келин-куёв турмуш қурганларининг биринчи кунида эшикни ҳеч кимга очмасликка қарор қилишди.

Биринчи бўлиб куёвнинг ота-онаси ёш оилани кўришга келди. Келин-куёв бир-бирига қаради. Куёв эшикни очишни истади, лекин қарорлари туфайли шаштидан қайтди. Шундай қилиб, ота-она кўп кутмай қайтиб кетишди.

Ўша куни бироз вақтдан кейин келиннинг оиласи келди. Келин-куёв бир-бирига термулди. Келин кўзида ёш билан “бундай қилолмайман“, деб эшикни очди. Куёв ҳеч нима демади...

Йиллар ўтиб эр-хотин бирин-кетин тўрт ўғил кўришди. Кейин тўрт ўғил ортидан қиз фарзанд дунёга келди. Ота янги туғилган чақалоқ учун катта тантана ўтказишни истади ва ҳамма танишларини таклиф қилди.

Хотини эридан нима учун тўрт ўғлига бундай тантана ўтказмай, бу сафар бундай қилганини сўради. Эр ўйчан нигоҳ билан шундай жавоб берди:
– Чунки қизим менга эшик очади!

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

Эри вафот этди...
Унинг кўйлагини ўзига жойнамоз қилиб олди... савоби доим етиб турсин дея...
Қандай гўзал муҳаббат... ҳалол муҳаббат...

@milliyteatr
O'ZBEK MILLIY AKADEMIK DRAMA TEATRI
Photo
#Митти_ҳикоя

ЧЎПОННИНГ ҒАРИБАСИ

Камбағал бир одам қишлоғидаги ҳамма хонадонларнинг қўй-қўзи, сигир-бузоқларини тўплаб, яйловда боқиб берарди. Унинг оғирлиги бировга тушмасди, оиласини шу меҳнати билан боқарди. Бу чўпоннинг аҳволини тушунадиган, қадрига етадиган, фаросатли, оқила аёли бор эди. Шунинг учун у энг бахтиёр одам ҳисобланарди.

Қишлоқда кимки аёлидан жаҳли чиқса:
–  Бор, чўпоннинг аёлидан ибрат олиб кел, – дер эди. Кунлардан бир куни бир киши аёлидан хафа бўлди:
– Эй гапга тушунмайдиган бефаҳм! Бориб қишлоғимиз чўпонининг аёлидан озгина бўлса ҳам ақл ўрган, у ғарибадан ибрат ол, эр қадрини ўрган, – деди.
Аёл:
– У ғарибадан нимани ўрганаман. Эри чўпон бўлса, ўзида на ҳунар, на фазилат бор, – деб қаршилик кўрсатди.

Эркак жаҳл билан уйдан чиқиб кетди. Аёл безовта бўлди. "Чўпоннинг аёлини ҳамма мақтайди, бир кўриб келай-чи", – деб чўпон хонадонига йўл олди.

Чўпоннинг аёли ҳовлидаги офтобда турган идишдан сув ҳўплаётган эди. Бояги танноз аёл:
– Шу сувдан озгина менга ҳам беринг, – деди.
Ғариба аёл:
– Бу сув исиб қолган, сизга муздай сув олиб келаман, бироз кутинг, – деди.
Тажанг аёл:
– Майли, лекин сиз ўзингиз нега исиб қолган сув ичяпсиз? – деб сўради. Чўпоннинг ғарибаси:
– Хоним, шу онларда султоним далада жазирама иссиқда юрибди. Қизиган мешчасидаги сувдан ичаётгандир. Султоним у ерда исиган сув ичса-ю, мен бу ерда совуқ сув ичсам, аёллигим қаерда қолди...

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ТУЯ

Бир киши туясини сотди. Сотиб олганлар туяни кушхонага сўйгани олиб боришди. Туя кушхонага кирмади. Қайсарлик қилиб оёқ тираб олди. Барча уринишлар бекор кетди.

Тажрибали бир киши келиб, туянинг эгасини чақириб келишларини, фақат у туяни кушхонага олиб кира олиши мумкинлигини айтди.


Туянинг эгаси келди. Арқондан ушлаб секин кушхона сари тортди. Туя секин юришни бошлади ва кушхонага кирди. Қассоблар дарров пичоқларини ҳозирлаб туяни сўймоқчи бўлишди. Аммо туянинг эгаси уларга деди:
- Дўстлар! Менга ишониб менинг изимдан юрган ҳайвонга мен қандай қилиб хиёнат қиламан?! Ахир бу туя менга ишонди-ку!

Туянинг эгаси уларнинг розилиги билан пулни қайтариб берди ва туяни олиб кетди. Сўнгра ўзига жонини ишониб топширганларга умуман хиёнат қилмасликка қасам ичди!

Сизга ишонганларга хиёнат қилманг. Алдаманг уларни. Хиёнат бу номуссизлик, разолат ва пасткашликдир!

Aбдулқодир Полвонов

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ҚИЗАЛОҚ ВА БЕКАТ

Японияда биргина мактаб ўқувчиси учун темирйўл бекати уч йил ишлади.

2013-йилда темирйўл бошқармаси йўловчи бўлмагани учун бир бекатни ёпишга қарор қилади. Aммо бир қизалоқ бу бекат орқали мактабга қатнаётгани маълум бўлди. Маҳаллий ҳокимият эса қизнинг таълим олиши учун бу кимсасиз бекат фаолиятини давом эттиришга қарор қилди.

Шу давр мобайнида поезд Хоккайдо оролининг Кю-Ширатаки бекатига кунига икки марта, биргина шу қизалоқ учун тўхтаб ўтадиган бўлди. Поезднинг тўхташ вақти эса қизнинг мактабга бориш ва қайтиш вақтига қараб белгиланди.

Шу қизалоқ учун бекат ҳар йили таъмирланар, қишда эса платформа қордан тозаланар эди. 2016-йилда қизалоқ мактабни тугатди ва бекат ҳам ёпилди.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

СУВ

– Ирода бобида сувдан ўрнак олишларингизни истайман, – деди бир куни Суқрот ўз шогирдларига.

– Сувнинг иродаси қандай бўлади? – деб сўрашди шогирдлари.

– Сувнинг йўлини чапдан тўссалар, ўнгдан оқади, ўнгдан тўссалар, чапдан оқади, кўндалангига тўссалар эса кўкка юксалади, лекин олға бориш истагидан ҳеч қачон кечмайди, – деб жавоб берди Суқрот.

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ҲАЙВОНИЙ ТУЙҒУ

Шер овлаган кийигини ейишни бошлар экан, қорнида боласи борлигини сезиб қолди. Ўлган кийик боласини онасининг қорнидан тортиб чиқарди. Бола ўлиб бўлган, энди кеч эди. Шер ўлик болани онасининг жонсиз танаси ёнига қўйиб, оғир қадамлар билан бир четга узанди. Бу ҳолатни тасвирга олган сураткаш, шернинг узоқ вақт   ҳаракатсиз ётганидан шубҳаланди. Бутун жасоратини жамлаб унга яқинлашди. Шер ўлик эди.

Шернинг ўлими сабабига қизиққан сураткаш, жасадни ветеринарга олиб борди. Ветеринар шернинг қорнини ёриб, унинг юрак ёрилишидан ўлганини аниқлади.

"Шерюрак" дейилишининг битта маъноси шу бўлса керак. Шер ўзи сабабли, бир айбсизга етган зарарни ҳазм қила олмади.

Ҳайвон деб билганларимиз, баъзи одамлардан кўра...

@milliyteatr
#Хотира
#Митти_ҳикоя

"ЙИҚИЛИБ ТУШМАНГ"

Бир куни Фатхулла Маъсудов: "Озода қиз, мана шуни бутафориядаги Дилмуродга бериб келинг", дея қўлимга қора пакетга ўралган нарса тутқазди. "Хўп", дея орқага ўгирилиб энди бир-икки қадам юрган эдим, кескин оҳангда: "тўхтанг!" деди.

"Саҳна қоронғи-ку, йиқилиб тушманг яна", дея ўрнидан турди. "Йўғ-а, нега йиқиларканман, ёш боламидим сизга" десам, кўзимга меҳр билан қараб: "ёш боладан ҳам баттарсиз", деди. "Юринг, саҳнадан ўтиб олгунингизча қараб тураман", деб йўл бошлади.

Саҳнага яқинлашар эканман: "ҳозир зина, этагингизни босиб йиқилиб тушманг", деди у томоша зал эшиги олдидан туриб.

Фатхулла аканинг омонатини Дилмурод ака (раҳматли)га топшириб қайтаётсам, томоша залининг у бошидан овоз келди: "Озода-топтоза, зинадан эҳтиёт бўлиб тушинг. Мен шуёнда қараб турибман".

У директор, депутат, халқ таниган артист эди. Айтинг, бунақа кўнгилни қаердан топасиз?.. Соддалик, одмилик, самимийлик, беғуборлик бўлса, шунчалар бўлар...

Озода ШОБИЛОЛОВА

@milliyteatr
#Митти_ҳикоя

ХУШТАЪМ БАЛИҚ

Донишманд йигитдан сўради:
– Нега балиқ ейсизлар?
Йигит:
– Яхши кўрганимиз учун...
Донишманд:
– Балиқни яхши кўрганингиз учун ейсизми? Шунинг учун уни тутиб, пиширасизми?! Сиз балиқни яхши кўраман, деманг. Сиз ўзингизни яхши кўрасиз. Сизнинг нафсингизга балиқ таъми ёқади, шунинг учун уни сувдан тутиб олиб ўлдирасиз ва пишириб ейсиз...

Аксарият одамларнинг муҳаббати шу балиққа бўлган муносабатига ўхшайди. Яхши кўрганларининг жонини, эркини, жамики борлиғини тортиб оладилар.

Асл муҳаббат эса бериш демакдир, тортиб олиш эмас...

@milliyteatr