🔹МУҚАДДАС ҚУРЪОН ТАФСИРИ🔹
265 subscribers
3 photos
345 links
📚 ШАЙХ АБДУРРАҲМОН АС-САЪДИЙНИНГ МУҚАДДАС ҚУРЪОНГА ҚИЛГАН ТАФСИРИ.

ТАРЖИМОН: РАЙҲОНА БИНТ МУҲАММАД
Download Telegram
2:118.
وَقَالَ الَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ لَوْلَا يُكَلِّمُنَا اللَّهُ أَوْ تَأْتِينَا آيَةٌ كَذَلِكَ قَالَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِم مِّثْلَ قَوْلِهِمْ تَشَابَهَتْ قُلُوبُهُمْ قَدْ بَيَّنَّا الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ
Оят: Ва [пайғамбарлар нубуввати ҳақида ҳеч нарсани] билмаган кимсалар: “Аллоҳ биз билан сўзлашса [ва шу киши — Муҳаммад ﷺни — ҳақиқатдан ҳам Унинг пайғамбар эканини айтса] эди, ёки [у Аллоҳнинг пайғамбари экани ҳақида] бирон оят-мўъжиза кўрсатса эди”, дедилар. Улардан олдинги [қавм]лар ҳам [ўз пайғамбарларига] уларнинг сўзлари каби сўзларни айтган эдилар. [Аввалги ва кейинги кофирларнинг] қалблари [ҳақни инкор этишда, бир-бирларига нақадар] ўхшаш бўлди. Биз [қатъий ишонч билан ишонувчи мўмин] қавмларга оятларимизни баёнлаб бердик.

Тафсир: [Аҳли китоблардан бўлган билимсизлар ва бошқа жоҳил кимсалар савол бериб: “Нимага Аллоҳ, Ўзининг пайғамбарлари билан гаплашгани каби, биз билан гаплашмайди? Нима учун пайғамбарлар, айнан биз хоҳлаган мўъжизаларни бизга кўрсатиб бермайдилар”, дер эдилар. Ўзларининг калта фаҳмлари ва ноқис ақллари билан, улар Яратувчига журъат кўрсатиб, пайғамбарлар устидан катта кетиб, уларга мўъжиза кўрсатиб беришларини талаб қилар эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ Таъало деди: «Қачонки [пайғамбарингизга очиқчасига журъат қилиб]: “Эй Мусо, токи Аллоҳни очиқ-ойдин [кўришлик билан] кўрмагунимизча, сенга [Роббингдан ваҳий келаётганига] асло ишонмаймиз”, деб турган эдингиз,[шунда] қараб турган ҳолингизда сизларни [осмондан олов келиб] яшин урди» (2:55); «Аҳли китоблар сиздан, уларга осмондан китоб нозил қилиб беришингизни сўрарлар. Мусодан эса, бунданда улканроқ нарсани сўраб: “Бизга Аллоҳни ошкора кўрсатиб бер” деганлар. Бас, уларнинг зулмкорликлари учун уларни чақмоқ урди [ёки ҳалокатга учрадилар]” (4:153); «Улар дедилар: “Бу қандай пайғамбарки, таом еб, бозорларда юради?! Қанийди, унга бир фаришта нозил қилинса эди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди”» (25:7-8); «Улар [кофирлар] дедилар: “Токи бизга ер остидан булоқ [сув манбаси] чиқармагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз”. [Ва яна дедиларки]: “Ёки, сенинг хурмозор ва узум боғларинг бўлиб, уларнинг орасидан анҳорлар оттириб чиқармагунингча; ёки, ўзинг даъво қилаётганингдек, устларимиздан осмонни парча-парча қилиб қулатмагунингча, ёки, Аллоҳ ва фаришталар билан бизни кўз ўнгимизда намоён бўлмагунингча [сенга иймон келтирмаймиз]”. [Ва бунга қўшиб кофирлар яна айтдиларки]: “Ёки сенинг [қимматбаҳо тошлар билан] зийнатланган уйинг бўлмагунча, ёки осмонга юксалмагунингча [сенга иймон келтирмаймиз], аммо [шу] юксалишингга ҳам, токи биз ўқийдиган китоб билан бизларнинг олдимизга тушмагунингча ишонмаймиз» (17:90–93) — мана шу услубда улар Аллоҳнинг элчиларига гапирганлар ва уларга муомала қилганлар. Улар Аллоҳнинг пайғамбарларидан мўъжиза талаб қилишларини сабаби, уларни ожизликда, кучсизликда айблаб, халққа ошкора қилиш эди ва ҳақни истаб ва ҳақиқатни аниқлаб олиш уларнинг мақсадлари бўлмаган. Аммо, набий ва росулларга келсак, улар инсонларни иймон йўлига келишлари учун етарли бўлган барча оят-мўъжизаларни келтирдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таъало, Ўз оятларини қатъий ишонч билан ишонган кишиларга аллақачон баёнлаб берганини айтди. Ҳар бир мустаҳкам иймонли мўмин, Роббисининг ишончли далиллари ва ҳайратомуз оят-мўъжизаларини шу қадар кўп марта гувоҳи бўлганки, унинг билимлари, шак-шубҳага умуман йўл бермайдиган қатъий ишончга айланиб бўлган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:119.
إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ بِالْحَقِّ بَشِيرًا وَنَذِيرًا وَلَا تُسْأَلُ عَنْ أَصْحَابِ الْجَحِيمِ
Оят: Дарҳақиқат биз сизни [эй Муҳаммад ﷺ] ҳақ билан [бутун одамзодга] ҳурсандчилик хабарини берувчи [мўминларни жаннат билан суюнтирувчи] ва [куфрида ўжарлик қилганларни жаҳаннамнинг шиддатли азоби билан] огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ва сиз [уларга ҳақни етказиб бўлганингиздан кейин] жаҳийм аҳли [дўзаҳилар]дан масъул эмассиз [сўралмайсиз].

Тафсир: [Аллоҳ Таъало бир оят-мўъжизани зикр қилдики, у бошқа барча оятларни қамраб оладиган, барча оятларни назарда тутган ва набий ﷺни ҳақлигини, ҳамда, у зот келтирган китобнинг ҳақиқатлигини исботлаб берадиган бир оятдир. Бу албатта, инсонларга ҳақни олиб келган росулуллоҳ ﷺнинг пайғамбарлик рисолатидир. Бу оят, пайғамбар ﷺ, олиб келган бошқа барча оятларни ўз ичига олган ва бирданига уч далилга эга:
Биринчи далил: набий ﷺнинг пайғамбарлик рисолатини воқеълиги;
Иккинчи далил: у зот ﷺнинг ҳаёти ва унинг кўрсатмаси;
Учинчи далил: у зот тарғиб қилган қуръон ва суннат таълимоти.
Аввалги икки далил, пайғамбар ﷺни Аллоҳ Таъало томонидан юборилганлиги ҳақидаги ваҳийдан келиб чиқади. Учинчи далил эса, у зот ﷺнинг ҳақ билан юборилганлиги ҳақидаги қуръон оятидан келиб чиққан. Биринчи далил сифатида биз, Муҳаммад ﷺнинг нубувватини воқеъликда содир бўлганини келтирдик. У зотнинг нубувватини ҳақлигига ишониш учун, пайғамбар ﷺ, келмасидан аввал инсонларнинг [исломолди жоҳилиятидаги] ҳолатлари қандай бўлганлиги билан танишиб чиқишнинг ўзи кифоя қилади. Инсонлар [пайғамбар ﷺ, келишидан аввал] бут-санамларга, оловга, ҳочга сиғинар эдилар, уларга нозил қилинган олдинги динларни бузиб, ўзгартирар ва уларни ҳар тарафларидан ўраб олган куфрнинг қоп-қоронғу зулумотларида кўр-кўрона адашиб, улоқиб юрар эдилар. Бу залолат ва куфрдан, фақат баъзи бир аҳли китоблар нажот топиб улгурдилар, аммо уларнинг сонлари ҳам, пайғамбар ﷺнинг келишларига яқин озайиб, тугаб борар эди. Аммо, буюк ва марҳаматли Аллоҳ, Ўз махлуқотларини бекордан, бирон мақсадсиз яратиб қўйгани йўқ ва уларни унутиб, ўз ҳолларига ташлаб қўймади. У — ўта ҳикматли, ўта билувчи, ўта қудратли ва ўта марҳаматли Роббдир. Ўзининг илоҳий ҳикмати ва раҳматига асосланиб, Аллоҳ Ўз қулларига Ўзининг элчиси — Муҳаммад ﷺни — юборди ва бандаларига фақат ягона Аллоҳга, У Зотга бирон нарсани шерик қилмасдан, сиғинишларини буюрди. Ақли расо киши учун, набий ﷺнинг содиқлигини билиш учун, у зотнинг нубуввати ва рисолати ҳақида фикр-мулоҳаза юритишнинг ўзи етарлидир. Бу буюк оят-мўъжиза, у зотнинг ҳақиқатдан ҳам пайғамбар эканликларига гувоҳлик беради.
Иккинчи далил сифатида, биз пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг ҳаёт васфларини келтирдик. Агар инсон, у зотнинг нубувват бошланмасидан аввалги ҳаётини яхшилаб ўрганиб чиқса, шунингдек, у зот ﷺнинг феъл-атворлари ва кейинчалик янада мукаммаллашиб кетган хулқ-одоблари билан танишиб чиқса, бундай феъллар ва ахлоқлар фақат Аллоҳнинг пайғамбарларига хос бўлишини аниқ тушуниб олади, чунки Аллоҳ Таоло Ўз пайғамбарларининг хулқ-атворларини, уларнинг ё ҳақ эканларига, ёки инсонларнинг ёлғончиликларига улкан далил қилиб қўйган.
Учинчи далил сифатида, биз буюк ислом шариатини ва муқаддас қуръонни келтирдикки, унда энг содиқ қиссалар, яхшилик қилишга чақириш, ёмон амалларни қилишдан қайтариш ва ҳайратомуз оят-мўъжизалар бор. Биз зикр қилган бу уч далил, ўзида илоҳий ҳужжат ва оятларни жамлаган. Шунингдек, Аллоҳ Таъало, Муҳаммад ﷺни эзгу башоратчи ва огоҳлантирувчи экани ҳақида хабар берди. У зот ﷺ, ҳар бир, унга итоат қилган ва йўлига эргашган солиҳ кишига, шу дунёнинг ўзидаёқ ва ўлимдан кейин саодатга эришишлиги ҳақидаги ҳушхабарни етказди ва у зот ﷺга осий бўлган, ҳамда йўлини инкор қилган хар бир кимсага, дунёда ҳам, охиратда ҳам бадбахтлик борлиги ҳақида огоҳлантирди. Жаҳаннам аҳлининг амаллари учун, пайғамбар ﷺ, жавобгарликка тортилмайди, зеро унинг зиммасидаги нарса — одамларга ҳақни етказиш эди, холос. Улар эса, ўз амалларидан Роббиларининг хузурида сўралурлар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:120.
وَلَن تَرْضَى عَنكَ الْيَهُودُ وَلَا النَّصَارَى حَتَّى تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمْ قُلْ إِنَّ هُدَى اللَّهِ هُوَ الْهُدَى وَلَئِنِ اتَّبَعْتَ أَهْوَاءَهُم بَعْدَ الَّذِي جَاءَكَ مِنَ الْعِلْمِ مَا لَكَ مِنَ اللَّهِ مِن وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ
Оят: На яҳудийлар, ва на насоролар, то уларнинг [ҳар бирларини] дин[лар]ига эргашмагунингизча, сиздан [асло] рози бўлмаслар. Айтинг: “Албатта [фақат] Аллоҳнинг кўрсатмаси [ҳидояти], ҳақ кўрсатмадир”. Ва агар сиз [эй, пайғамбар ﷺ], сизга [ваҳий орқали] келган [қуръон ва суннатнинг ҳақ] илмидан кейин ҳам, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, у ҳолда, сизга Аллоҳдан на бир дўст (валий), ва на бир ёрдамчи бўлмас.

Тафсир: [Улуғ Аллоҳ Ўзининг пайғамбарига хабар бериб, то яҳудийлар ва насронийларнинг динларига кирмагунича, улар у зот ﷺ дан асло рози бўлимасликлари ҳақида айтди. Улар ўзлари тутаётган динни тўғри деб ўйлайдилар ва ҳақ йўлни тутганликларида шубҳа қилмайдилар. Айнан шу сабабдан, Аллоҳ Таъало Ўз набийсига, ҳақ ҳидоят — фақат ўзи олиб келган Аллоҳнинг ҳидояти эканини очиқ эълон қилишга буюрди. Аммо, аҳли китобларнинг эътиқодларига келсак, улар ўзларининг нафси-ҳаволаридан бошқа нарсага суянмайдилар. Ва агар Муҳаммад ﷺ, ўзига ҳақиқий илм очилганидан сўнг, уларнинг ҳаволарига эргашганда эди, унга на бир ҳомий, ва на бир ёрдамчи топилмаган бўларди. Ушбу ваҳий қатъий тарзда, яҳуд ва насороларга ён босиш ва уларнинг динларига хос бўлган нарсаларда уларга тақлид қилишдан қайтармоқда. Бу оятда Аллоҳ Таъало Ўзининг пайғамбари Муҳаммад ﷺ га мурожаат қилган бўлса ҳам, у Муҳаммад ﷺ, умматидан бўлган барча кишиларга тааллуқлидир, зеро у мурожаат қилинган муайян бир шахсга эмас, балки умумий равишда ҳаммага тегишли эканини эътиборга олиш лозим. Бошқа [шаръий] қоидага кўра эса, ваҳийнинг нозил бўлишидаги муайян сабабини эмас, балки унинг умумий маъносини инобатга олиш зарурдир.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:121.
الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَتْلُونَهُ حَقَّ تِلَاوَتِهِ أُولَئِكَ يُؤْمِنُونَ بِهِ وَمَن يَكْفُرْ بِهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ
Оят: Биз китобни ато этганлар [бунга китоб берилган: мусулмон уммати, яҳудийлар ва насронийлар киради] уни [китобни] ҳақиқий тиловат қилишлик билан тиловат қиладилар, ана ўшалар унга [ўша ўқиётган китобига, ҳақиқатдан] иймон келтирадилар. Ким унга [яъни, у китобга — у тавротми, забурми, инжилми, қуръонми] куфр келтирса, ана ўшалар ютқазувчилар [зиён тортувчилар]дир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало Ўз раҳмати билан икром қилган ва муқаддас китоблар ато этилган кишиларнинг ораларида солиҳ кишилар мавжудлиги ва улар Роббиларининг кўрсатмаларига қунт қўйиб амал қилишлари ҳақида хабар берди. Бу оятдаги “тиловат” сўзидан мурод, [оддий ўқиб, оддий тиловат қилишлик эмас, балки] китобдаги кўрсатмаларга, буйруқ ва қайтариқларга сидқидилдан амал қилишликдир. Бу [китобларни ҳақиқий тиловат қилаётган] солиҳ кишилар, Аллоҳ нимани ҳалол қилган бўлса, ўшани ҳалол ҳисоблайдилар ва Аллоҳ нимани ҳаром қилган бўлса, ўшани ҳаром дейдилар. Улар, маъноси аниқ бўлган ваҳийни ўзларига кўрсатма, йўл қилиб олганлар ва тафсирга, талқинга муҳтож бўлган оятларга иймон келтирганлар. Албатта, бу аҳли китоблар энг бахтли кишилардир, чунки улар Аллоҳнинг раҳматини таниб, унга шукр билан жавоб берадилар. Улар Аллоҳнинг барча пайғамбарларига иймон келтирганлар ва уларнинг орасида биронтасини ажратмайдилар. Ҳақиқий мўминлар ана ўшалардир, чунки улар, ўзларига туширилган ваҳийга иймон келтириб туриб, кейинчалик нозил қилинган бошқа китобларни рад қиладиган кофирлар каби эмаслар. Албатта, бундай кофирлар, Аллоҳнинг зиён тортишлик билан қўрқитган огоҳлантирувига лойиқдирлар.]


2:122.
يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُوا نِعْمَتِيَ الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَنِّي فَضَّلْتُكُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ
Оят: Эй Исроил авлодлари! Менинг сизга ато этган [кўплаган, сон-саноқсиз] неъматларимни, ҳамда Мен сизларни [кўплаган пайғамбарлар юборишлик билан, китоблар нозил қилишлик билан] оламлардан афзал қилиб [устунлик бериб] қўйганимни эсланглар!


2:123.
وَاتَّقُوا يَوْمًا لَّا تَجْزِي نَفْسٌ عَن نَّفْسٍ شَيْئًا وَلَا يُقْبَلُ مِنْهَا عَدْلٌ وَلَا تَنفَعُهَا شَفَاعَةٌ وَلَا هُمْ يُنصَرُونَ
Оят: [Шубҳасиз рўй берадиган қиёмат] кунидан қўрқингки, [у кунда] бир жон, бошқа жонни [ўрнига] ҳеч нарсани адо қила олмайди, ундан тўлов ҳам олинмайди, ундан [яъни бир жондан, иккинчисига нисбатан] шафоат ҳам қабул қилинмайди, ва уларга [Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун, ҳеч қандай] ёрдам берилмайди.


2:124.
وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَامًا قَالَ وَمِن ذُرِّيَّتِي قَالَ لَا يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ
Оят: Вақтики, Иброҳимни Роббиси уни [Ўз] калималари [яъни, буйруқлари] билан синаб кўрди ва у [Иброҳим] уларни батамом адо этди. [Аллоҳ] деди: “Албатта, Мен сени [сендан кейин келадиган барча] одамларга имом [гўзал намуна, ибрат] қилмоқчиман ”. [Иброҳим] деди: “Менинг зурриётимдан ҳам [барчаларини имомлардан қил! Гўзал намуна, ибрат қил]”. [Аллоҳ] деди: “[Сенинг зурриётингдан бўлган] золимлар Менинг аҳдимдан [бирон нарсага] эриша олмаслар [яъни, бу аҳд уларга тегишли эмас].

Тафсир: [Аввалги икки оятни тафсирини бундан олдин кўриб чиққан эдик. Кейин эса, Аллоҳ Таъало Ўзининг суюмли қули — Иброҳим (алайҳиссалом) ҳақида ҳикоя қилдики, уни барча китобий динларда, ҳатто мушрикларда ҳам энг гўзал намуна, ибрат ва пайғамбарларнинг яхшиси деб тан олинади. Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)ни буйруқ ва таъқиқлар орқали қаттиқ имтиҳон қилди. Шу тариқа Аллоҳ Ўзининг барча қулларини синовдан ўтказади, токи имтиҳондан ўта олмайдиган ёлғончиларни юзага чиқариш ва имтиҳонлар орқали даражотлари кўтариладиган, нафслари янада покланадиган солиҳ қулларини ажратиб олиш учун. Мана шундай синовлардан ўтган бандалардан бири, Аллоҳнинг халили — Иброҳим (алайҳиссалом) эди. Роббиси уни қўрқинчли фитналар билан синади, аммо у қатъийлик ва азм билан бу синовдан ўтди ва бунинг учун Аллоҳ унга Ўз шукрини билдирди, зеро Аллоҳ ҳамиша шукрли Зотдир.
Аллоҳ Иброҳимга деди: “Мен сени одамларга имом ва ибрат олинадиган намуна қиламан, инсонлар эса сендан ўрнак оладилар ва сенинг ортингдан абадий саодат сари эргашадилар. Сен боқий мақтовга, буюк ажр-мукофотга ва умумий ҳурматга эга бўласан”. Аллоҳга қасамки, бу энг олий афзалликдирки, унинг учун мусобақа қилувчилар, мусобақалашсинлар, амал қилувчилар, енг шимариб амал қилсинлар. Бу афзалликка [олий мақомларга] фақат азму қарор қилган, руҳида бардам бўлган пайғамбарлар ва уларга эргашувчи бўлган, Аллоҳнинг ҳақ йўлига чақирган солиҳ кишиларгина эриша олган. Иброҳим (алайҳиссалом) бу улуғ мартабаларга кўтарилганидан қаттиқ ҳурсанд бўлди ва худди шундай марҳамат унинг зурриётларига ҳам кўрсатилишини Аллоҳдан сўради. У Аллоҳдан, унинг келажак авлодларини олий мавқеъларга юксалишига рухсат беришини илтижо қилди ва унинг бу қилган иши, ундаги имомлик сифатларига ишорадир. Чунки у Аллоҳнинг барча бандаларига яхшилик тилар ва улар орасида ҳидоят йўлига чақирадиган салоҳиятли кишиларнинг кўпроқ бўлишини истар эди. Аммо, Иброҳимнинг буюк интилишларини қабул қилишга ва инсонларни бундайин буюк мартабаларга олиб чиқишга фақат Аллоҳнинг Ўзигина қодир эди. Раҳмли ва дардкаш Роббиси унинг дуосини инобатга олди ва баъзи инсонларга бу улуғ мартабаларга эришишларида тўсиқ бўладиган ягона нарсани зикр қилди. Аллоҳ, ўз жонларига зулм қилган ва қадрларини ер билан яксон қилган золим, бузғунчи кимсаларга, динда имом бўлиш ва одамлар ибрат оладиган мисол бўлиш шарафи берилмаслиги ҳақида айтди, зотан, адолатсизлик, зулм ва бузғунчилик сифатлари билан сифатланишлик , динда имом бўлган, намуна бўлган кишиларга асло ярашмайди. Бундай шарафни, инсон сабр ва ишонч билан қўлга кирита олади, бу нарсаларга эса фақат қатъий иймон, солиҳ амаллар, гўзал хулқ-атвор, тўғри интилишлар, Аллоҳга бўлган мукаммал муҳаббат ва Ундан қўрқиш, ҳамда гуноҳлардан тавба қилиш натижасида эришилади. Ахир адолатсиз, бузғунчи кимса бундай кўркам сифатларни эгаллай оладими? Оятнинг мазмуни шуки, зулм ва адолатсизликдан ўзини четга олган киши, динда ибрат, намуна бўла олади, токи шунга мувофиқ сабабларни қўллаган бўлсагина.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:125.
وَإِذْ جَعَلْنَا الْبَيْتَ مَثَابَةً لِّلنَّاسِ وَأَمْنًا وَاتَّخِذُوا مِن مَّقَامِ إِبْرَاهِيمَ مُصَلًّى وَعَهِدْنَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ أَن طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ
Оят: Ва [эслатинг одамларга, эй Муҳаммад ﷺ] вақтики, “уй” [кааба]ни одамлар учун қайтиш жойи [яъни, улар қайтиб-қайтиб келиб, ҳаж зиёратини адо этадиган, ҳар бир намозларида унга юзланиб, қайтадиган жой] ва омонлик макони [чунки, унда одамларга, уларнинг моллари, ҳаттоки дараҳтлар ва ҳайвонларга омонлик бор жой] қилдик: “Иброҳимнинг мақоми [каабанинг ёнидаги тошда ўйилган оёқ излари бор ер]ни намозгоҳ қилиб олинг”. Ва [Аллоҳ] Иброҳим билан Исмоилга амр қилиб: “Менинг уйимни тавоф қилувчилар, [у ерда Аллоҳнинг ибодатини қасд қилиб] муқим турувчилар, [ва Аллоҳга самимийлик билан] рукуъ ва сажда қилувчилар учун [кўринадиган ва кўринмайдиган нажосатлардан] поклаб қўйинглар”, деди.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ибрат, намуна бўлганликлари, ҳамда, одамларга имом бўлганликлари ҳақида, боқий қоладиган далилни келтирди. Бу далил — Масжидул-ҳаромдирки, уни зиёрат қилиш, ислом динининг арконларидан биридир ва у, одамларнинг қилиб ўтган гуноҳ ва хатолари кечириладиган жойдир. Бу маконда Иброҳим (алайҳиссалом)ни, унинг зурриётларини эслатадиган, ҳамда уни динда ҳақиқий намуна бўлганлигига гувоҳлик берадиган кўп жойлар мавжуд. Аллоҳ Таъало Масжидул-ҳаромни инсонлар учун қарор топиш жойи қилдики, унга одамлар, ернинг турли бурчакларидан, руҳий ва моддий яхшиликларга эришиш учун етиб келадилар. Улар ҳаж зиёратини қайта-қайта адо этадилар, аммо Масжидул-ҳаромда хозир бўлишдек лаззатга тўймайдилар. Дарҳақиқат, у барча тирик мавжудотлар: вахший ҳайвон бўладими, дарахтларми, ёки жони бўлмаган бошқа махлуқотларми — ҳаммалари учун омонлик, хотиржамлик масканидир. Ҳаттоки, исломдан аввалги жоҳилият даврларида, Аллоҳга ширк келтирган мушриклар ҳам, Масжидул-ҳаромни эҳтиромлашар ва агар одам ўз отасининг қотилини шу масжидда учратса, уни тек қўйиб, масжидни тинчини бузишдан ўзини тияр эди. Ислом дини келишлиги билан бу масжиднинг муқаддаслиги ва шон-шарафи янада зиёдалашди.
Сўнгра, Робб Таъало,Иброҳим (алайҳиссалом)нинг мақомини намоз ўқиш, ибодат қилиш жойи қилиб олишлиени одамларга буюрди. Баъзи фикрларга кўра, ”Мақоми Иброҳим” деб, айни кунларда каабанинг эшиги олдида жойлашган қурилмага айтилар экан. Бу ҳолда гап, каабани тавоф қилиб бўлинганидан кейин, имкон қадар мақоми Иброҳимнинг ортида туриб ўқиладиган икки ракаат намоз ҳақида кетмоқда. Кўплаган қуръон муфассирлари ушбу фикрни маъқуллаганлар. Бошқа тафсирга биноан эса, “Мақоми Иброҳим”дан мурод — Иброҳим (алайҳиссалом) ўз зиёратида ташриф буюрган барча ерлардир. Араб тилидаги “мақом” сўзининг бирликда ишлатилиши эса, қаратқич келишикда келиши билан изоҳланган. Бу вазиятда, ҳаж зиёратига оид барча амаллар назарда тутилган, жуиладан: каабани тавоф қилиш, Сафо ва Марва тепаликлари орасида югуриш, Арофат тоғида туриш, Муздалифада тунаш, тош отиш, қурбонлик келтириш ва ҳажнинг бошқа амаллари. Агар муфассирларнинг шу тафсирига асосланилса, у ҳолда, мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олиш буйруғининг маъноси: ўша жойни аввало ибодатгоҳ қилиб олиш ва ҳаж зиёратида Иброҳим (алайҳиссалом)нинг мисолига эргашиш. Кўриниб турибдики, охирги тафсир кўпроқ маъқулланган, чунки у ўз ичига биринчи фикрни ҳам жамлаган ва оятнинг луғавий маъносига ҳам мувофиқдир. Шунингдек, Аллоҳ Таъало зикр қилганидек, Иброҳим ва Исмоилга (алайҳимассалом) Аллоҳнинг уйи [кааба]ни кўринадиган ва кўринмас, моддий ва маънавий нопокликдан, яъни, маънавий нопоклик — ширкий амаллар, куфр, фисқ кўринишлари, ҳамда, моддий нажосат: кирлик ва ифлосликдан поклаш буюрилган эди, зотан бу масжид тавоф қилувчилар, намоз ва иътикофда ўтирувчилар учун хосланган жой эди. Оятда, Аллоҳ Таъало биринчи бўлиб, каабани тавоф қилувчиларни зикр қилди, зеро бу фақат Масжидул-ҳаромга хос бўлган ибодат туридир [яъни, бу масжиддан бошқа ҳеч қайси жой тавоф қилинмаслиги назарда тутилмоқда — тарж.].
Сўнгра, фақат ибодат учун яккаланиб олган кишилар ёд этилди, чунки ибодат мақсадида яккаланиб олишлик, бошқа барча масжидларга хосдир. Мана шундан кейингина, оддий намозҳонлар айтиб ўтилди, ваҳоланки, намоз санаб ўтилган ибодатларнинг энг афзали ҳисобланади. Бундан келиб чиқиб, биз муҳокама қилаётган тартиб, ўзига хос маънога эга. Аллоҳ Таъало Масжидул-ҳаромни Ўзини уйи деб аташига бир неча сабаб бор:
Биринчидан: Аллоҳ бу масжидни “Менинг уйим” деб аташлиги, Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом)ни бу ерни покизалигига қатъийроқ эътибор қаратишга ва бунинг учун керакли бўлган барча чораларни кўришга ундаши керак эди.
Иккинчидан: Бундай деб аталишлиги, бу масжидни муқаддаслиги ва шарафини таъкидлар эди, бу эса, ўз навбатида, инсонларни Аллоҳга ибодат қилишга ва бу ибодатгоҳга тегишли бўлган ҳурмат-эҳтиромни кўрсатишга ундар эди.
Учинчидан: бундай деб аталишлиги, инсонлар қалбида Масжидул-ҳаромга бўлган талпиниш ва интилишни кучайтирар эди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:126.
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُم بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ قَالَ وَمَن كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلًا ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ
Оят: Вақтики, Иброҳим деди: “Роббим бу [юрт — Макка]ни омонлик [хотиржамлик] юрти қилгин ва унинг аҳлидан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларни самаротлар [мевалар ва бошқа турдаги озиқ-овқат] билан ризқлантиргин. [Аллоҳ унинг дуосини қабул қилди ва] деди: “[Аммо] куфр келтирганларни озгина [қисқа вақтга, арзимас ризқ билан] лаззатлантираман, сўнгра эса уни дўзаҳда азобланишга мажбур қиламан. Ва у [нақадар] ёмон қайтиш жойидир!

Тафсир: [Иброҳим (алайҳиссалом) Масжидул-ҳаромда намозни қойим қилдилар ва Аллоҳга, Макка шаҳрини омонлик юрти қилишини, ҳамда унинг аҳолисини турли ҳил мева-чева ва бошқа яхшиликлар билан ризқлантиришини сўради. Ўз сўровини у айнан иймон келтирган бандалар билан чеклади ва бу билан, Аллоҳга бўлган ўзининг эҳтироми ва улуғлашини таъкидлаб кўрсатди. Аммо, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуосини биринчи қисми (омонлик сўраши) умумий ва ҳаммага тегишли эди, шунинг учун Аллоҳ Таоло унинг дуосига қилган Ўз ижобатини, бузғунчилардан бошқаларига хослади. Бошқа томондан, Иброҳим (алайҳиссалом), Макка аҳлини ризқлантиришни сўраганда, бу ризқни фақат иймон келтирганлар билангина боғлади, ҳолбуки, Аллоҳ Таъало ўз ризқини нафақат мўмин бандаларга, балки кофирларга ҳам ато этади. Айнан шу сабадан, Аллоҳ Таъало хабар бериб айтдики, Унинг ризқлантириши барча аҳолига тегишли: у мўмин бўладими, кофир бўладими — ризқланмай қўймайди. Мусулмон бандалар, Аллоҳ ато этган дунёвий яхшиликларни, У Зотнинг тоат-ибодатига сарфлайдилар, сўнгра эса жаннат боғларига равона бўладилар. Кофир бўлган кимсалар эса, дунёвий тоййиботлардан фақат вақтинчалик, қисқа муддатга фойдаланадилар, кейин эса, мажбуран, зўрлик билан энг ёмон қайтиш жойи бўлган — дўзаҳга юбориладилар.]


2:127.
وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
Оят: Ва [худди ўз кўзлари билан кўриб турганларидек, уларга эслатинг, эй Муҳаммад ﷺ] қачонки, Иброҳим уй [кааба]нинг пойдеворларини кўтараётганда ва Исмоил [унга ёрдам бериб турганда, уларнинг ҳар бирлари Аллоҳга илтижо қилиб, дедилар]: “Эй Роббимиз! Бизлардан қабул эт! Албатта, Сенинг Ўзинг ўта эшитгувчи, ўта билимли Зотдирсан”.


2:128.
رَبَّنَا وَاجْعَلْنَا مُسْلِمَيْنِ لَكَ وَمِن ذُرِّيَّتِنَا أُمَّةً مُّسْلِمَةً لَّكَ وَأَرِنَا مَنَاسِكَنَا وَتُبْ عَلَيْنَا إِنَّكَ أَنتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
Оят: “Эй Роббимиз! Бизлар [иккимиз]ни Ўзингга таслим бўлгувчи [мусулмон]лардан қилгин ва зурриётимиздан [бир қисмини ҳам] Сенга таслим бўлгувчи [мусулмон] уммат [қил]. [Шубҳасиз, таслим бўлган уммат, бу — Муҳаммад ﷺнинг умматидир, зеро Муҳаммад ﷺнинг ўзлари Иброҳим ва Исмоилнинг зурриётидандир]. Ва бизларга ибодат [қиладиган жойларимизни, ёки, ибодат қоида] ларимизни кўрсатгин, ҳамда, тавбаларимизни қабул этгин! Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни [кўплаб ва ҳамиша] қабул қилувчи, ўта раҳмли Зотдирсан”.

https://t.me/tafsirassaadiy
2:129.
رَبَّنَا وَابْعَثْ فِيهِمْ رَسُولًا مِّنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُزَكِّيهِمْ إِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
Оят: “Эй Роббимиз! Уларнинг ичларидан, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб [қуръон] ва ҳикмат [суннат ва шаръий қоидалар]га ўргатадиган, ҳамда, уларни [мункар амаллардан] поклайдиган элчи [пайғамбар] юборгин. Албатта, Сенинг Ўзинг — ўта иззатли ва ўта ҳикматли Зотдирсан”.

Тафсир: [Эй Муҳаммад! Иброҳим ва Исмоилнинг каабани пойдеворини кўтараётган, ҳамда бу шарафли ишларини сабр билан давом эттираётган вақтларини эсланг. Уларнинг қалблари қўрқув ва умид билан тўлиб, тошган бир пайтда, ушбу улуғвор амални бажарар эканлар, Роббиларига илтижо қилиб, улардан бу амални қабул этишини, ҳамда, уни инсонларга манфаатли қилиб беришини сўрадилар.
Қалблари билан Роббиларига хушуъ қилиб турганларида, яна Аллоҳдан, уларнинг зурриётларини ислом умматидан қилишини сўрадилар ва бунда, бирданига Аллоҳнинг олдида ҳам қалб билан камтарлик кўрсатиш, тил билан дуо қилиш, ҳам бадан аъзолари билан буйруқларни бажариш [чунки каабани деворини кўтараётган эдилар, бу эса амаллар сирасига киради —тарж.] орқали хорликни намойиш қилиш бордир. Сўнгра улар Аллоҳдан, уларга ибодат қоидаларини кўрсатишини, яъни, кўргазмали равишда, ибодат қонун-қоидаларини уларга намоён этишни сўрадилар, токи бу инсоният учун катта фойда ва манфаатларни етказсин. Бир фикрга кўра, бу оятдаги “манаасик” сўзи остида — ҳаж зиёратининг барча амаллари назарда тутилган ва бунга муҳокама қилинаётган оятлар ҳам гувоҳлик бериб турибди. Иккинчи тафсирга биноан эса, бу калима [манаасик]нинг маъноси анча кенг бўлиб, унга исломнинг барча арконлари ва қонун-қоидалари тааллуқлидир. Оятларнинг умумий маъноси шунга ишора қилади. Араб тилидаги “нусук” сўзи — “Ибодат”, деган маънони англатиб, кўпинча у ҳаж ибодатига тегишли бўлган амалларга нисбатан қўлланилади. Халқда ушбу сўзни айнан мана шу маънода ишлатилади. Ҳар нима бўлса ҳам [ушбу оятда], иккала пайғамбар Аллоҳ Таъалодан ўзлари учун манфаатли илм ва солиҳ амални сўраб, дуо қилдилар. Ва аксар ҳолларда, унутиб қўйгани, ёки эътиборсизликка тушиб қолгани туфайли, инсон тавбага муҳтож бўлгани учун, улар Аллоҳдан, уларнинг тавбаларини қабул этишини ҳам илтижо қилдилар. Дуоларининг сўнггида, шон-шарафлари зиёда бўлиши учун, зурриётларидан пайғамбар чиқаришни Роббиларидан илтимос қилдилар. Инсонлар бу пайғамбарга итоат қилиб, унинг гўзал фазилатларини таниб олишларини хоҳладилар. У [Аллоҳдан келган шундай элчи бўлиши керак эдики] инсонларга Аллоҳнинг ваҳийсини тиловат қиладиган, унга катта эътибор қаратадиган, одамлар бу оятларни ёддан билиб олишларига ёрдам берадиган, қуръон ва суннатнинг баёнига ўргатадиган, одамлар қалбларини солиҳ амаллар орқали поклайдиган ва юракни бузуқликка олиб келадиган қабиҳ амаллардан четлантирадиган пайғамбар бўлиши керак эди. Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом)лар ўз сўровларининг сўнггида Аллоҳнинг ўта иззатли ва ўта ҳикматли эканини зикр қилиб, мақтадилар ва ушбу икки илоҳий сифат — иззат ва ҳикматга биноан пайғамбар танлаб олишини сўрадилар. Дарҳақиқат, бутун борлиқ Аллоҳга бўйсунади ва У Зотнинг иродасига ҳеч ким қарши чиқа олмайди. Ўзининг ҳикматига мувофиқ У барча нарсани ўз ўрнига қўяди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ уларнинг дуоларини ижобат қилди ва инсонларга фазилатли пайғамбар — Муҳаммад ﷺни юбордики, унинг келиши Иброҳим ва Исмоил зурриётларига, қолаверса бутун инсониятга каттакон раҳмат ва ақлга сиғмас марҳамат бўлди. Шу сабабли, пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ: “Мен — аждодим Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуосини ҳосиласиман [яъни, дуосининг ижобатиман]”, деб айтар эдилар.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:130.
وَمَن يَرْغَبُ عَن مِّلَّةِ إِبْرَاهِيمَ إِلَّا مَن سَفِهَ نَفْسَهُ وَلَقَدِ اصْطَفَيْنَاهُ فِي الدُّنْيَا وَإِنَّهُ فِي الْآخِرَةِ لَمِنَ الصَّالِحِينَ
Оят: [Бас] Иброҳимнинг дини [яккаилоҳлик, тавҳид ва Аллоҳнинг итоати]дан, ўз нафсини [яъни, ўз-ўзини] пастлатган [хорлаган]лардан бошқа ким ҳам юз ўгирар эди? [Ва Мен — Аллоҳ — қасам ичиб айтаманки, ҳақиқатдан ҳам] Биз уни [Иброҳимни] бу дунёда танлаб олдик [Ҳаёти дунёда, Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)ни бошқа барча пайғамбарлардан афзал қилди, магарам, фақат Муҳаммад ﷺгина ундан устунликка эга, ҳамда Аллоҳ уни ўзига халил — суюмли дўст қилиб олди]. Ва батаҳқиқ, охират ҳаётида у солиҳлардан бўлажак.

Тафсир: [Ҳақиқатдан ҳам, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг юксак фазилатлари ва афзалликларини билгандан сўнг, унинг миллати [яъни, дини]дан фақат нодон, аҳмоқ кимсаларгина юз ўгиради. Бундай одамлар ўзлари ҳақида ҳеч нарса билмайдилар ва ўз жонларига (нафсларига) нисбатан эътиборсизлик, лоқайдлик кўрсатадилар. Улар арзимас нарсаларни деб, ўз жонларини арзон баҳога сотадилар. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг динини мустаҳкам тутганларга келсак, улар энг ақли расо ва етук кишилардир. Шундан сўнг, Аллоҳ Таъало Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дунёдаликларида ва ўлимларидан сўнг топадиган тақдири ҳақида ҳикоя қилди. Ҳаёти дунёда у Аллоҳнинг танлаб олган пайғамбари бўлдики, Аллоҳ уни энг аъло ва энг комил инсонлардан бўлишлиги учун, эзгу ва солиҳ амалларга илҳомлантирди. Охират диёрида эса, у солиҳ кишилардан бўладики, бу солиҳлар энг буюк мартабалар ва энг олий даражаларга эришишга муваффақ бўладилар.]


2:131.
إِذْ قَالَ لَهُ رَبُّهُ أَسْلِمْ قَالَ أَسْلَمْتُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ
Оят: Қачонки Роббиси унга [Иброҳимга мурожаат қилиб]: “Таслим бўл” [яъни, Роббингга ўзингни тўлақонли топшир ва батамом итоат қил] — деганида, у [ўша заҳотиёқ]: “Оламлар Роббисига таслим бўлдим”, деди.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, Ўзининг пайғамбари Иброҳимга ўзини Роббисига таслим бўлган ҳолида топширишини буюрганида, Иброҳим (алайҳиссалом) бир лаҳза ҳам ўйланиб ўтирмай, шу дамда буйруқни адо этди ва шу амали билан, у ўзининг [Аллоҳга бўлган] ихлоси, самимийлиги, яккаилоҳликка нақадар берилганлиги, ягона Аллоҳнигина севиши ва Унинг олдида тавба қилишини тасдиқлади. Тавҳид — яккаилоҳлик эса, унинг ажралмас сифатига айланди. Бу гўзал сифат — яккаилоҳликка берилишни у ҳаттоки ўзининг авлодларига сингдирди ва ҳамиша шу йўлни маҳкам тутишларини васият қилди. Тавҳид калимасини у, зурриётлари орасида боқий қолувчи калима ва авлоддан авлодга ўтадиган илм қилиб қолдирди. Бир вақтлар ўтиб, бу гўзал калима [лаа илааҳа иллаллоҳ калимаси] ҳаттоки Яъқуб (алайҳиссалом)гача етиб бордики, у бу олий каломни ўз ўғиллари ва авлодларига васият қилди.]


2:132.
وَوَصَّى بِهَا إِبْرَاهِيمُ بَنِيهِ وَيَعْقُوبُ يَا بَنِيَّ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَى لَكُمُ الدِّينَ فَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنتُم مُّسْلِمُونَ
Оят: Буни [яъни, “Оламлар Роббисига таслим бўлдим” — сўзларини, ёки мусулмонлик динини] ўзининг авлодларига Иброҳим васият қилган эди ва Яъқуб ҳам: “Эй ўғилларим! Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга дин [қонун ва йўл]ни танлаб берди, бас, [Аллоҳга] таслим бўлган ҳолингизда, ўлинглар [яъни, ҳамиша мусулмонликни маҳкам тутинг ва шу йўлда оламдан ўтишга интилинг]

Тафсир: [Эй Яъқуб зурриёти! Сизларнинг аждодингиз Аллоҳга итоатгўй бўлишингизни васият қилган эди ва сизлар энг комил ҳолда унинг бу васиятига бўйсуниб, сўнгги пайғамбар йўлидан эргашишингиз лозим. Қачонки, Аллоҳ сизлар учун динни танлаб берганида, албатта, сизларга нисбатан буюк марҳамат кўрсатган эди. Бас, ушбу диннинг кўрсатмаларига амал қилинг, унинг ахлоқий қонун-қоидаларига риоя қилинг ва бу йўлдан, то сизларга ўлим келмагунича, чекиниб кетманг! Чунки инсон умр бўйи қандай эътиқод ва дунёқарашларни тутган бўлса, ўлим соатида ҳам, ўша нарсани устида жон беради. Борди-ю, у ўзининг дунёқарашлари устида ўлса, улар билан ҳаттоки қайта тирилганида ҳам ажралмайди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:133.
أَمْ كُنتُمْ شُهَدَاءَ إِذْ حَضَرَ يَعْقُوبَ الْمَوْتُ إِذْ قَالَ لِبَنِيهِ مَا تَعْبُدُونَ مِن بَعْدِي قَالُوا نَعْبُدُ إِلَهَكَ وَإِلَهَ آبَائِكَ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ إِلَهًا وَاحِدًا وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ
Оят: Ёки сизлар [эй одамлар], қачонки Яъқубга ўлим [соати] келиб, у ўз ўғилларига: “Мен [оламдан ўтганим]дан сўнг нимага сиғинасизлар?”, деганида [ва] унинг ўғиллари [бунга жавобан]: “Биз сизнинг илоҳингиз ва оталарингиз Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи бўлган, ягона илоҳга ибодат қиламиз ва биз Унга таслим бўлгувчилармиз”, деганларида — гувоҳмидингиз [ўша ерда хозир бўлиб турганмидингиз].

Тафсир: [Бу оят билан, Аллоҳ Таъало: “Биз Иброҳим ва Яъқубнинг динини тутмоқдамиз”, деб даъво қилган яҳудийларга кескин раддия берди. Ахир улар Яъқубни дунёдан ўтадиган вақти келиб, у ўз ажали етганини сезганда, унинг ёнида бўлганмилар? Шу чоғда ўз ўғилларини синамоқчи бўлди ва унинг васиятига вафо қилишларидан қониқиш ҳосил қилгиси келди. У фарзандларига мурожаат этиб: “Мендан кейин кимга ибодат қиласизлар”, деб сўраганида, улар: “Биз сизнинг илоҳингизга, ҳамда, Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳига қуллик қиламиз. Унга бирон нарсани шерик келтирмасмиз ва махлуқотлардан биронтасини Унга тенглаштирмасмиз. Ҳамиша итоатида бўламиз”, дедилар. Шу тариқа, улар ўз оталарига, яккаилоҳлик динини мустаҳкам ушлашга, солиҳ амалларни бажаришга ваъда берган эдилар ва бундай жавоб албатта Яъқуб (алайҳиссалом)ни рози қилди. Ҳеч шубҳа йўқки, у кезларда яҳудийлар Яъқуб (алайҳиссалом) билан бирга эмасдилар, зеро у вақтларда ҳали яҳудийлик динидан асар ҳам бўлмаган. Аллоҳ эса, уларга эслатма бериб, Яъқуб ўз ўғилларига яккаилоҳлик дини (ислом)ни васият қилганлигини ва яҳудийлик ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтмаганини таъкидлаб ўтди.]


2:134.
تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلَا تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ
Оят: Бу уммат [Иброҳим ўз ўғиллари билан ва Яъқуб ўз ўғиллари билан — бир уммат эди] улар ўтиб кетдилар [хозирда энди йўқлар]. Улар [охиратда] ўзлари касб қилган нарсаларига эришадилар [яъни, уларнинг амалларидан сизга насиба йўқ]. Сизлар [ҳам охирги ҳаётда] ўзингиз касб қилган нарсани оласиз [яъни, уларга сизларнинг амалларингиздан насиба бўлмайди]. Ва сизлар уларнинг қилиб ўтган ишларидан сўралмассиз [зеро ҳар бир одам ўзининг амалига яраша тақдирланади ва бирон киши, бошқани гуноҳидан сўралмайди].

Тафсир: [Эй аҳли китоблар! Ҳар бир инсонга фақат унинг амаллари қолади ва ҳар бир одам фақат ўзининг ишлари учун ё мукофот, ёки жазо олади. Ҳеч бир жон, бошқа жонни қилиб ўтган хатоликларига жавоб ҳам бермайди, ва ҳеч ким, бошқани тақвосидан, солиҳлигидан ўзига улуш ҳам ололмайди. Сизлар Иброҳимни динини тутганликларингизни иддао қилмоқдасиз-у, аммо, ҳақиқатдан узоқ бўлган қуруқ гап, сафсата билан чекланмоқдасизлар. Бироқ, ўзингиз тутган дунёқараш устида теран ўйланиб кўришингиз керак. Бу эътиқод ва бу нуқтаи назар сизларга нажот топишингизга ёрдам берадими, йўқми ақл юритишга маъмурсиз.]

2:135.
وَقَالُوا كُونُوا هُودًا أَوْ نَصَارَى تَهْتَدُوا قُلْ بَلْ مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ
Оят: Улар [яҳуд ва насоролардан бўлган кимсалар, мусулмонларга қарата]: “Яҳудий ёки насроний[лардан] бўлинглар, бас, ҳидоят топгувчилардан бўласиз”, дедилар. Айтинг: “Йўқ! [Ундан кўра] ҳаниф бўлган [яккаилоҳликни тутган] Иброҳимнинг динига эргашамиз ва у [асло] мушриклардан бўлмаган [чунки у ботилий бўлган барча динларни рад этиб, ўзига ҳақиқий динни танлаган эди].

Тафсир: [Яҳудийлар ва насоролар, мусулмонларни ўзларининг динларига тарғиб қилдилар ва фақат уларнинг йўли — тўғри йўл, бошқа дин тарафдорлари эса адашишликда эканликларига ишонтирмоқчи бўлдилар. Аммо, Аллоҳ Таъало мусулмон бандаларига, яҳуд ва насороларга энг ишончли раддияни беришларини буюрди ва улар дедилар: “Биз Иброҳим (алайҳиссалом)ни динини маҳкам тутамиз, чунки у ягона Аллоҳга ибодат қилган ва бошқа [соҳта илоҳлар]дан юз ўгирган эди. У яккаилоҳликка риоя қилган, ҳамда мушрикликдан, бутпарасликдан бутунлай воз кечган эди.
Фақат шу орқалигина биз тўғри йўлдан боришимиз мумкин, зеро, агар биз унинг динидан четлансак, кофир ва адашган кимсалар қаторида бўлишимиз аниқ.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:136.
قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ
Оят: [Эй иймон келтирганлар!] Айтинг [ўша яҳуд ва насороларга]: “Биз [фақат Уни илоҳ тутган ҳолимизда] Аллоҳга ва бизга нозил қилинган нарса [қуръон]га, Иброҳимга, Исмоилга, Исҳоққа, Яъқубга ва асботлар [Яъқубнинг ўн икки авлоди]га нозил қилинган нарса [ўн саҳифа]га, Мусо ва Ийсога ато этилган нарсалар [таврот ва инжил]га, ҳамда, пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарса [аввалги китоб]ларга иймон келтирдик. Биз у [пайғамбар]лар орасидан биронтасини ажратмаймиз [зеро сизлар каби, бир пайғамбарни тан олиб, иккинчисини инкор этгувчилардан эмасмиз] ва биз Унга [Аллоҳга] таслим бўлдик”.

Тафсир: [Бу ва бунга ўхшаш бошқа оятларда, инсонлар иймон келтиришлари вожиб бўлган жамики нарса қамраб олинган. Шуни билиб олиш муҳимки, иймон — деб: диннинг асосларига қатъий ишонч ҳосил қилиш ва бу ишончни, қалб ва бадан амаллари билан тасдиқлашга айтилади. Бундан келиб чиқадики, иймон ўзида солиҳ амалларни жамлаган ва улар иймоннинг ажралмас қисми, ҳамда унинг натижаси бўлиб ҳисобланади. Агар қуръон оятларида иймон (исломдан) алоҳида зикр қилинса, у албатта, исломни ва солиҳ амалларни назарда тутади; агар ислом (иймондан) алоҳида зикр қилинса, у иймон ва саҳиҳ эътиқодни назарда тутади. Аммо, борди-ю, улар бирга зикр қилинсачи? У ҳолда, иймон деб — қалбдаги ишонч, ислом деб эса — очиқ бажариладиган солиҳ амаллар назарда тутилади. Худди шуни, иймон билан амали солиҳ ёд этилган ваҳийга нисбатан ҳам айтса бўлади. Биз муҳокама қилаётган оятда, Аллоҳ Таъало мўмин бандаларинга ўз тиллари билан, қалбларида акс этган нарсани айтишни буюрди. Фақат шу ҳолдагина, сўзлар тамомий ва мукаммал бўлиши мумкин ва фақат шу ҳолдагина, улар инсонга ажр-мукофот келтириши мумкин. Агар инсон тили билан шаҳодат калимасини айтса-ю, аммо қалбида унга ишонмаса, бундай қилмиш — мунофиқлик ва куфрдир. Агар у самимийлик билан бу калимани айтса-ю, бироқ унинг сўзлари солиҳ амаллар билан тасдиқланмаса, бу сўзлар унга ўз таъсирини ҳам ўтказмайди ва бирон манфаат ҳам етказмайди. Шубҳасиз, агар айтилаётган сўзлар тўғри бўлса ва инсон иймон асосларини тан олса, улар учун албатта ажрланади, лекин қуруқ гаплар қаёқда-ю, амаллар билан тасдиқланган гаплар қаёқда? Уларнинг орасидаги фарқ, кундек равшан. Бу оятдаги “Айтинглар” — буйруғи, исломий ақидани очиқ эълон қилиш, инсон унга ўзи риоя қилиб, атрофдаги инсонларни унга чақириши муҳимлигига ишорадир, зотан динимизнинг асосида айнан саҳиҳ дунёқараш ва тўғри эътиқод ётади. Ва энди бу буйруқ бутун мусулмон умматига қаратилган экан, демак улар биргалашиб Аллоҳнинг арқонидан маҳкам тутишлари, ягона ақидага чақиришлари ва унинг устида бирлашишлари, ҳамда умумий бўлган ишни бажаришлари шартдир. Мўминларнинг турли ҳил фирқа ва оқимларга бўлиниб кетишга умуман ҳақлари йўқ. Улар худди инсоннинг бадани каби бир бутун бўлишлари лозим. Ваҳийдан яна шундай хулоса чиқарса бўладики, инсон муайян китобларга иймон келтиришини айтиши жоиз. Бундан ташқари, ҳар бир мусулмон айнан шундай йўл тутиши керак. Бироқ, мусулмон кишига, [таъкидлаб туриб] ўзини: “Мен мўминман” дейиши ножоиздир. Билъакс, у бундай иборалардан эҳтиёт бўлмоғи керак, магарам, борди-ю, иймонини Аллоҳнинг иродасига боғламасагина [унда жоиз]. Чунки инсон ўзини [юз фоиз қатъийлик билан]: “Мен мўминман” дейишида, ўз-ўзини мақташлик бор ва бу, қалбда яширин бўлган нарсадан гувоҳлик беришга киради.
Мусулмон киши Аллоҳга — ягона илоҳга иймон келтиришга маъмурдирки, У Зотнинг мавжудлиги вожибдир ва У энг гўзал исмлар билан, энг мукаммал сифатлар билан васфлангандир, ҳамда, барча айбу нуқсонлардан пок ва муқаддасдир. Фақат Унинг Ўзигина сиғинилишга лойиқдир ва шерикларнинг шериклигидан муназзаҳдир. Шунингдек, мусулмон кишига вожиб бўлган нарса, бу Муҳаммад ﷺга нозил қилинган ваҳийга иймон келтиришдир.
Бу ваҳий эса — қуръон ва суннатдир, зеро марҳаматли Аллоҳ, деди: «Аллоҳ сизга китоб ва ҳикматни нозил қилди» (4:113).
“Китобга иймон келтириш”, деганда, қуръон ва суннатда зикри келган: Яратувчининг сифатлари, пайғамбарини фазилатлари, охират куни, ўтмишда ва келажакда бўлиб ўтадиган ишлар, ҳамда, барча қисса ва ҳикояларга иймон келтиришлик назарда тутилган. Бунга яна, диний қонун-қоидалар, мерос, қасос, шаръий ҳадд (жазо) ва шу каби нарсалар киради.
Аллоҳ Таъало томонидан олдинги пайғамбарларга нозил қилинган китобларга келсак, мусулмон киши сўзсиз уларга иймон келтиради ва тан олади. Улар [пайғамбарлар]нинг ичида энг кўзга кўринганлари биз муҳокама қилаётган оятда ёд этилган, чунки улар пайғамбарлар сисиласининг энг афзаллари бўлиб, ер юзига буюк диний аҳкомларни келтирганлар. Аслида, мусулмон киши умумий ҳолда, Аллоҳнинг барча [исмларини таниса ва танимаса ҳам] пайғамбарлари ва китобларига иймон келтиради [ва бунинг исми — “Иймон мужмал” дейилади — тарж], аммо, агар унга муайян пайғамбар, ёки китобнинг исми [қуръон ва суннатдан] маълум бўлса, у ҳолда, уларнинг ҳар бирига алоҳида иймон келтириши шарт [ва буни шариатимизда — “Иймон муфассал”, дейилади — тарж.]
Аллоҳнинг пайғамбарлари ва китоблари ўртасини ажратиб, уларни орасини фарқлашга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Билъакс, ҳар бир пайғамбар ва ҳар бир китобга иймон келтирилади ва бу мусулмон умматигагина хос бўлган жиҳатдирки, унинг туфайли мусулмонлар, ўзларини бирон бир асоссиз “мўминмиз” деб атаётган кимсалардан ажралиб турадилар. Яҳудийлар, насоролар, собийлар ва бошқа дин вакиллари, ўзларини пайғамбарларга ва китобларга иймон келтирган кишилардан, деб ҳисоблайдилар. Аммо, ҳақиқатда олиб қаралса, улар пайғамбарларнинг ва китобларнинг бир қисмини тан оладилар-да, бошқа қисмини инкор қиладилар. Улар Аллоҳнинг элчилари ва китоблари орасида ажримлик қиладилар, бир қисм пайғамбарларга иймон келтириб, қолганларига куфр келтирадилар. Шубҳасизки, бу куфр, уларнинг бошқа пайғамбарларга бўлган иймонларини барбод қилади, чунки улар ростгўй деб тан олган бир пайғамбар [масалан, Мусо, ёки Ийсо (алайҳимассалом)лар], бошқа ҳамма пайғамбарларнинг ростгўй, сўзида содиқ бўлганлигини тасдиқлаб кетган, айниқса, Муҳаммад ﷺнинг ростгўйлигини. Ва модомики, инсон Муҳаммад ﷺга иймон келтиришни хоҳламас экан, ҳақиқатда у ўз пайғамбарининг таълимотини қабул қилмаган бўлади ва бу иши билан кофир бўлади. Ушбу оятдаги: “Пайғамбарларга Роббиларидан ато этилган нарсага”, иборасидан шуни англаш мумкинки, дин — бу ато этилган неъматлар ичида энг афзали ва буюгидир, у инсонга ҳаёти дунёда ҳам, охират диёрида ҳам ҳақиқий бахт-саодат олиб келадиган марҳаматдир. Биз, пайғамбарларга ато этилган молу давлат, ёки қандайдир бошқа дунёвий неъматларга иймон келтиришга буюрилганимиз йўқ, аммо, бизга амр қилинган нарса, бу: пайғамбарларга нозил қилинган қонун, дин, йўлга иймон келтиришдир.
Бу ваҳийдан яна шуни тушуниб олиш мумкинки, пайғамбарлар — Аллоҳнинг ваҳийсини инсонларга етказиб берувчи, Холиқ билан одамлар ўртасида турувчи кишилар бўлганлар ва уларнинг бирдан бир вазифаси, илоҳий динни инсонларга етказиш эди. Бироқ, шунга қарамай, оламда бўлаётган ишларда пайғамбарларга бирон ҳукм ва на бошқарув берилмаган. Роббиларидан ваҳийни қабул қилиб олишликларида, Аллоҳ Таъалонинг Ўз бандаларига нақадар меҳрибон эканлиги ва Аллоҳ қанчалар Ўз бандаларини севишига ёрқин гувоҳлик бор. Ўзи энг мукаммал, олий ва етук Илоҳ бўлгани ҳолида, Аллоҳ Таъало инсонларга китобларни нозил қилиб, уларга Ўз элчиларини юборар эди ва бандаларини унутиб қўйишлик, ёки уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйишлик, албатта Робб, Илоҳ бўлган Зотга ярашмайди. Демак, агар набий ва росуллар ўз Роббиларидан ваҳийни қабул қилиб олган бўлсалар, биз муҳокама қилаётган оятда, ҳақиқий пайғамбар билан, ўзини “пайғамбарман”, деб олган каззоб, ёлғончини фарқи келтирилмоқда. Бу фарқни аниқлаш учун, уларнинг ҳар бирлари нимага чақирганликларига эътибор қаратишнинг ўзи кифоядир.
Аллоҳнинг пайғамбарлари фақат яхшиликка чақириб, ёмонликдан огоҳлантирганлар, шу билан бирга, уларнинг ҳар бирлари, бошқа пайғамбарларни ростгўйликларини тасдиқлаганлар ва сўзларида ҳақлигига гувоҳлик берганлар. Уларнинг таълимотлари асло бир-бирларига зид бўлмаган, зотан уларнинг барчалари Аллоҳ томонидан юборилган эдилар. Жаноби Ҳақ деди: «Наҳотки улар қуръон устида тадаббур (тафаккур) юритмасалар? Ахир, агар у Аллоҳдан нозил бўлмаганида, улар унинг ичида кўплаган қарама-қаршиликларни (ихтилофларни) топган бўлар эдилар» (4:82).
Аллоҳнинг пайғамбарларидан фарқли ўлароқ, ёлғончи “пайғамбар”ларнинг даъватлари ва қайтариқлари кўпинча бир-бирига терс, тафовутли бўлади ва бу нарса, ёлғончи пайғамбарларнинг ҳаёти ва таълимотини ўрганган ҳар бир ақлли кишига маълумдир.
Ушбу оятда, мусулмон уммати маҳкам тутиши лозим бўлган эътиқод ҳақида умумий ва қисман баён қилинганидан кейин, Аллоҳ Таъало мусулмонларга, Унинг Ўзига тўлақонли итоат қилишни буюрди, зеро биронта сўз, ёки калима, амал билан тасдиқланмас экан, инсонга фойда келтирмайди. Ислом уммати Аллоҳнинг жалолатига бўйин эгиши, У Зотга жони ва бадани билан сиғиниши, ҳамда фақат Унинг Ўзига самимийлик билан, сидқидилдан қуллик қилиши шартдир. Ушбу ояти карима, қисқа, лўнда бўлишига қарамасдан, у яккаилоҳлик (тавҳид)нинг ҳар уччала қисмини ўз ичига жамлаган, яъни: фақат ягона Аллоҳнинг Ўзи Робб — Тарбия қилувчи эканлигига иймон келтириш; У Зотнинг (сиғинилишга лойиқ) ягона илоҳ эканлигига иймон келтириш ва фақат Унинг Ўзи илоҳий исм ва сифатларга Эгалик қилишига иймон келтириш. Шунингдек, оятда барча пайғамбарларга ва барча китобларга иймон келтиришни нечоғли зарурийлиги айтилган, шундан сўнг эса, баъзи бир пайғамбарларнинг исмлари ёд этилмоқдаки, бунда қисмийни, умумийга киритиш қоидаси мавжуд ва албатта, бир элчи, бошқа элчидан устунликка эга бўлганлигига гувоҳлик бор.
Оятдан яна шуни хулоса қилиб чиқариш мумкинки, иймон — қалбдаги ишончдан, сўз билан талаффуз қилишдан ва амал билан тасдиқлашдан таркиб топган ва бу уч нарса, ягона Аллоҳга чин ихлос билан баҳш этилиши шарт. Ўзининг бу улуғвор оятида Робб Таъало Ўз бандаларини, улар иймон сўзларини қай тарзда айтишлари кераклигига ўргатди, уларга буюк фазлини кўрсатиб, дунё-ю охират саодатига эриштирувчи руҳий озуқа билан икром қилди. Ўз китобини барча нарсанинг баёни (тушунчаси), мўминларга энг тўғри кўрсатма ва раҳмат қилиб қўйган Аллоҳ — пок ва олийдир!]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:137.
فَإِنْ آمَنُوا بِمِثْلِ مَا آمَنتُم بِهِ فَقَدِ اهْتَدَوا وَّإِن تَوَلَّوْا فَإِنَّمَا هُمْ فِي شِقَاقٍ فَسَيَكْفِيكَهُمُ اللَّهُ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
Оят: Бас [эй иймон келтирганлар], агар улар [кофирлар] сиз унга [қуръонга] иймон келтирганингиздек, [унга] иймон келтирсалар, албатта, ҳидоят [йўлини] топадилар. Ва агар юз ўгирсалар, бас улар ихтилоф [ўзаро бўлиниб кетиш ва зиддият]лар ичидадир. Аллоҳнинг Ўзи сизни [эй Муҳаммад] улардан [уларнинг ёмонлигидан] халос қилади [ва ёрдам беради], ахир У — [сизларнинг гапларингизни] эшитгувчи, [тутган мавқеингизни] билгувчи Зотдир.

Тафсир: [Эй мўминлар жамоаси! Агар аҳли китоблар барча самовий китобларга, ва уларнинг орасидаги энг сўнгги китоб — қуръонга иймон келтирсалар, ҳамда жамики пайғамбарларга ва уларнинг энг афзали бўлган сўнгги пайғамбар — Муҳаммад ﷺга иймон келтирсалар, батаҳқиқ, улар сизлар билан бир эътиқодни тутган ва Аллоҳга итоат қилган бўладилар. Аллоҳнинг пайғамбарлари ўртасида ажримлик қилишни тўҳтатсалар, жаннатга олиб борувчи ҳақ йўлига чиқадилар. Инсон мана шу саҳиҳ эътиқодни тутсагина, тўғри йўлни топади ва “Яҳудийлик, ёки насронийлик динини тутинг, албатта, ҳидоят топасиз” дейдиган кишилар, батаҳқиқ адашдилар. Уларнинг фикрича, фақат уларнинг дини ҳақ кўрсатма бўла олади, ҳақиқатда эса, тўғри йўл, бу — саҳиҳ илмлар ва амали солиҳдир. Агар инсон саҳиҳ илм ва маърифатни эгалламаса, ёки уларни эгаллаганидан сўнг, уларга амал қилмаса, у ҳолда, унинг тўғри йўлдан озиб кетиши муқаррардир. Яҳуд ва насороларга келсак, улар ҳақиқат билан айрилиб, ундан йироқлашиб кетдилар, чунки билиб турган ҳолларида ундан юз ўгирдилар. Қачонки инсон ҳақдан узоқлашар экан, унинг ўзи бир томон, Аллоҳ ва росули эса унга қарши томонда бўлиб қолади. Шунда у ҳақдан ажраган ҳолида, ҳаққа душманлик қила бошлайди ва Аллоҳ ва росулини ранжитадиган нафратни унга намойиш этади. Айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ Таъало пайғамбарига, унга нисбатан адолатсизлик, зулм қилаётган кимсалардан халос қилишини ваъда қилди, ахир Аллоҳ ҳар қандай лафзни, ҳар қандай сўровни — у қандай тилда талаффуз қилинмасин — эшитгувчидир. У Зот барча ошкора ва яширин, бандаларнинг ўтмишида бўлган ва келажагида бўладиган нарсалардан хабардордир. Бундай олий сифатларга эга бўлган Аллоҳ, ҳақиқатдан ҳам Ўзининг пайғамбарини фосиқ кимсаларнинг ёмонлигидан халос қилди. Аллоҳ Ўз ваъдасига вафо қилди ва набий ﷺга душманлари устидан ғалаба қозонишга ёрдам берди. У зот ﷺнинг душманларини бир тоифаси ҳалок бўлди, бошқалари асирликка тушдилар, учинчилари қувиб ҳайдалдилар, тўртинчилари эса қочқинлик билан жонларини асраб қолдилар. Ушбу оят, қуръони кариймнинг мўъжизотларидан биридир. Чунки унда ҳали бўлиб ўтмаган воқеани башорати берилган ва келажакда ўша воқеа худди шу оятда айтилганидек юз берди.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:138.
صِبْغَةَ اللَّهِ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ صِبْغَةً وَنَحْنُ لَهُ عَابِدُونَ
Оят: Аллоҳнинг дини [Исломни лозим тутинг! Яъни, Аллоҳга тўлиқ таслим бўлинг, чунки бу оятдаги “бўёқ”дан мурод, Аллоҳнинг дини — Исломдир]. Аллоҳдан ўзга яна ким [бундай] гўзал [бўёқ] динни ато эта олади. Ва биз У Зотга ибодат қилгувчилармиз.

Тафсир: [Аллоҳнинг динини лозим тутинг, унинг қонун-қоидаларига кўрсатиб берилгандек амал қилинг, жон ва тан билан солиҳ амалларни бажаринг ва тўғри эътиқодда бўлинг. Ҳамиша шундай қилингки, диндорлик ва салоҳият сизнинг ажралмас сифатингизга айлансин. Қачонки, бу нарса содир бўлса, шундагина ўз ихтиёрингиз билан, Аллоҳга муҳаббат туйган ҳолингизда У Зотнинг амрларини бажо келтирасиз. Шундагина иймон — жонингизни айрилмас қисми бўлиб қолади, худди бўёқ, кийимнинг айрилмас қисмига айлангани каби. Бу иймон сизларни гўзал ахлоқларга, солиҳ амалларга ва олий интилишларга туртадики, улар туфайли дунёда ҳам, охиратда ҳам фавзга эришасиз. Ва фазилатли ақл эгаларини ишонтириш мақсадида, Аллоҳ Таъало ҳақиқат дини — Исломга Ўз ҳайратини билдирди. Ҳўш, Аллоҳнинг динидан яна бошқа кимнинг дини яхшироқ бўлиши мумкин? Ундан афзалроқ бўлган динни ўзи йўқ! Аллоҳнинг дини билан, бошқа динларни фарқини билиш учун эса, бир-бирига бутунлай қарама-қарши бўлган икки нарсани солиштиришнинг ўзи кифоядир. Банда чин дилдан қунт қўйиб ўз Роббисига иймон келтирар экан, у бутун юраги билан У Зотнинг олдида синиқлик, камтарлик қилади ва барча ишларда Унга таслим бўлади. У ўзини гўзал хислатлар ва солиҳ амаллар билан зийнатлайди; ўзининг ахлоқий қиёфасини мукаммаллаштиради ва нафсини бадахлоқликдан, айбу камчиликлардан халос қилишга интилади. Гапирса фақат сидқ сўзларини айтади, амал қилса, фақат яхшисини бажаради, сабр, қаноат кўрсатади, иффатини сақлайди, ўзини рижоллардек тутади, атрофидагиларга сўз ва амал билан манфаат етказади, Аллоҳни севади ва Ундан қўрқади, ҳамда бор умидларини У билан боғлайди. У самимийлик билан ҳақиқий илоҳга сиғинади ва Унинг қулларига эзгулик кўрсатади. Аммо, агар банда Ўз Роббисига иймон келтиришдан бош тортар ва Ундан қочишга интилар экан, у сўзсиз махлуқотларга сиғина бошлайди. Унинг ахлоқи бузилади ва ёмонлашади, чунки у куфрни ўзига дин қилиб олди. У Аллоҳга ўзгаларни шерик қилади, ёлғон тўқийди, ишончни оқламайди, макр-ҳийла уюштиради, инсонларни залолатга олиб киради, фаҳш ишларини қилади ва одамзотга сўз ва амал билан кулфат етказади. Унинг сифатлари орасида, Аллоҳга самимийлик билан қуллик қилиш ва Аллоҳнинг бандаларига чиройли ахлоқ кўрсатиш умуман йўқ. Албатта, юқорида васфи келган бу икки кишини бир-бири билан солиштирилса, уларнинг орасида жуда улкан фарқ бор ва мана шунинг ўзидан, Аллоҳнинг динидан бошқа яхшироқ дин йўқлигини тушуниб олса бўлади. Бу оятдан яна шундай хулоса келиб чиқадики, инсонлар ичида энг ёмон, энг бузғунчи ва энг разиллари — Ўз Роббиларининг динини тутмаганларидир.
Сўнгра, Аллоҳ Таъало алоҳида таъкидлаб, мусулмон бандалари ягона Аллоҳгагина сиғинишларини айтиб ўтди. Бу лафз, У Зотнинг динини моҳиятини баён қилиб беради, ахир Ислом дини иккита энг муҳим асос устига қурилган, бу эса: 1) Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиш; 2) Пайғамбар ﷺнинг йўлидан эргашиш.
Ибодат — бу: Аллоҳга суюмли бўлган ва Аллоҳ рози бўлган, тан ва жон билан бажариладиган барча сўз ва амалларни ўзида жамлаган тушунчадир. Бироқ амаллар набий ﷺнинг кўрсатмаларига мувофиқ бўлмас экан, Аллоҳ уларни қабул қилмайди. Ҳақиқий қуллик қилиш деганда, барча яхши амалларни Аллоҳга ихлос қўйиб бажаришлик назарда тутилади. Биз муҳокама қилаётган оятда, амалларни ягона Аллоҳга ихлос билан қилиниши ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган, зеро бошқарувчи, бошқарилувчидан аввал зикр қилинган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:139.
قُلْ أَتُحَاجُّونَنَا فِي اللَّهِ وَهُوَ رَبُّنَا وَرَبُّكُمْ وَلَنَا أَعْمَالُنَا وَلَكُمْ أَعْمَالُكُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُخْلِصُونَ
Оят: Айтинг [аҳли китобларга, эй Муҳаммад ﷺ]: “[Сизлар бизни ўз куфрингизга ишонтириш учун] биз билан Аллоҳ ҳақида бахс-мунозара қиласизларми? Ҳолбуки, У Зот бизнинг Роббимиз ва сизнинг Роббингиздир. Бизларга ўз амалларимиз [сизнинг амалингиздан сўралмасмиз] ва сизларга эса ўзингизни амалларингиз [сизлар бизнинг амалларимиздан сўроқ қилинмассиз]. Ва биз У Зот учун [Унинг муҳаббат и ва ризолигига эришиш мақсадида, амалларимизни ширкдан, риёдан, бидъатдан поклаб] ихлос қилувчилармиз.

Тафсир: [Бу оятдаги “талашиб-тортишув”дан мурод — икки, ёки ундан ортиқ кишиларнинг бахслашувидирки, унда ҳар бир томон ўз нуқтаи назарини ҳақ деб билиб, бошқа томоннинг нуқтаи назарини ботилга чиқармоқчи бўлади. Бундай бахслашувларни чиройли услубда ўтказмоқ шарт, токи бундан мақсад: қисқа, лўнда йўл билан иккинчи (адашаётган) томонга ҳақни етказиш; ёки, ҳақни баён қилиш ва ботилни ошкор этиш орқали, ўжарлик қилаётган кофирни ўз билмисизлигини рўкач қилиб, ўзини оқлаш фурсатидан маҳрум қилиш бўлсин. Аммо, агар бахс-мунозара ушбу чегаралардан чиқиб кетадиган бўлса,шубҳасиз, у адоват, душманлик мунозарасига айланади ва ундан бирон фойда йўқ, аксинча у улкан зарарни келтириши мумкин.
Эй аҳли китоб! Сизлар мусулмон умматидан кўра Аллоҳга яқинроқ эканингизни даъво қилмоқдасиз, аммо сизларнинг қуруқ гапларингиз бирон ҳуждат, ёки далилга асосланмаган. Аллоҳ фақат сизларнинг Роббингиз эмас, балки бутун инсониятни Роббисидир. Сизларнинг ҳар бирингиз фақат ўз амаллари устида сўроқ-савол қилинур, бу эса, бизларнинг тенгҳуқуқлилигимизга далилдир. Бирон тараф, Аллоҳ Таъалонинг иноятига кўпроқ сазовор эканини айта олмайди. Ва агар сизлар, ишончли далилга асосланмай, икки тенгҳуқуқли гуруҳ орасида ажримлик қилаётган бўлсангиз, у ҳолда сизларнинг иддаоларингиз ёлғон ва асоссиздир. Икки бирдек гуруҳга фарқли муомала қилиш — бу аниқ адолатсизликдир. Биз (мусулмонлар) ва сиз (аҳли китоблар)нинг орамиздаги фарқ — фақатгина самимийлик билан бажарилган солиҳ амалларимизда бўлиши мумкин. Аниқки, ягона Аллоҳга ихлос билан фақат мўмин-мусулмон бандаларигина сиғинадилар. Шундай экан, агар ихлос орқали нажот топилса, демак ихлосли мусулмонлар, бошқа одамлардан кўра, Аллоҳнинг фазлу иноятига кўпроқ лойиқ эканлар. Бундан келиб чиқадики, Раҳмонга яқин қуллар билан, шайтоннинг тарафдорлари орасидаги фарқ, фазилатли сифатлар, гўзал ахлоқлар орқали белгиланади ва ҳар бир ақли расо киши буни тан олади. Бу борада фақат мутакаббир, золим ва жоҳил кишиларгина талашиб-тортишадилар. Ушбу оятда, бахс-мунозараларнинг қай тарзда ўтказилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилган.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:140.
أَمْ تَقُولُونَ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطَ كَانُوا هُودًا أَوْ نَصَارَى قُلْ أَأَنتُمْ أَعْلَمُ أَمِ اللَّهُ وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن كَتَمَ شَهَادَةً عِندَهُ مِنَ اللَّهِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
Оят: Ёки сизлар [эй аҳли китоб], Иброҳимни, Исмоилни, Исҳоқни, Яъқубни ва асбот [унинг авлодлари]ни яҳудий, ёки насроний бўлган, демоқчимисиз? [Ҳолбуки, бу пайғамбарларнинг барчаси яҳудийлик ва насронийлик пайдо бўлишидан илгари яшаб ўтганлар-ку!]
Айтинг: “[Улар қайси динни тутганлари ҳақида] сизлар [яхшироқ] билгувчимисиз, ёки Аллоҳми?”. Аллоҳдан [унга берилган] гувоҳликни ўзида беркитган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? [Чунки яҳуд ва насоролар, ўзларининг китобларида зикри келган — охирги пайғамбарнинг белгиларини яширган эдилар]. Ва [батаҳқиқ], Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил [беэътибор] эмасдир.

Тафсир: [Аллоҳ Таъало, аҳли китобларнинг пайғамбарлар билан боғлиқ бўлган яна бир асоссиз иддаолари ҳақида хабар берди. Уларнинг фикрича, мусулмонлардан кўра, айнан уларнинг, бу оятда исмлари ёд этилган буюк пайғамбарлар билан кўпроқ боғланишлари бор, аммо Аллоҳ уларнинг бу даъволарини ҳам йўққа чиқарди. Наҳотки улар Аллоҳданда билимлироқ бўлсалар? Улар Иброҳим (алайҳиссалом)ни яҳуд, ёки насоролардан бўлган деб ҳисоблайдилар, бироқ бунга раддия бериб, Аллоҳ деди: «Иброҳим на яҳудий ва на насроний бўлмаган. У ҳаниф [яккаилоҳликни маҳкам тутгувчи], мусулмон бўлган ва мушриклардан бўлмаган» (3:67). Энди: ё улар ҳақни гапириб, ҳақни яхшироқ биладиларми? Ёки Аллоҳ ҳақни гапириб, ҳақдан кўпроқ хабардорми? Бунинг жавоби кундай равшан! Албатта, Аллоҳ ҳақни гапириб, улардан кўра ҳақни яхшироқ билишлигида умуман шуҳба қилмаса ҳам бўлади, бу ҳақда ҳаттоки савол бериш ноўрин! Бундай ҳақиқатлар ҳар бир кишига аёндир. Масалан: “Кун ёрқинроқми, ёки тунми?”, “Олов иссиқроқми, ёки сувми?”, “Яккаилоҳлик яхшироқми, ёки бутпарастликми?” деган саволларни берса бўлади, аммо бу саволларнинг жавоби аниқ ва тушунтириб берилишга муҳтож эмас. Худди шундай, биз муҳокама қилаётган саволнинг жавоби ҳам заррача ақлга эга бўлган кишига маълумдир. Албатта, аҳли китоблар ҳам буни яхши биладилар. Иброҳим ва бошқа пайғамбарлар (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) на яҳудий ва на насроний бўлмаганликларини улар жуда яхши биладилар, бироқ бунинг илмини яшириб, бу ҳақиқатга гувоҳлик беришдан бош тортадилар. Ҳолбуки бундай қилишлари улкан адолатсизликдир. Аллоҳдан берилган билим ва гувоҳликни беркитган бузғунчи кимсаданда золимроқ ким бўлиши мумкин? Бу гувоҳликни улар одамлардан олмаган эдилар, балки у Аллоҳдан уларга берилган нарса эди ва улар бу гувоҳлик талаб қилган нарсаларни бажаришга буюрилган эдилар. Бироқ улар уни сир тутдилар ва бутунлай унга зид бўлган даъволар билан чиқдилар. Улар нафақат ҳақни яшириб, уни очиқ эълон қилишдан бош тортдилар, балки ботилни ошкор қилиб, уни одамлар ичида тарқата бошладилар ва унга чақирдилар. Ахир бу қилмиш, мудҳиш адолатсизлик эмасми? Аллоҳга қасамки, бу даҳшатли адолатсизликдир ва батаҳқиқ, аҳли китоблар унинг учун энг даҳшатли жазога гирифтор қилинадилар! Шунинг сабабидан, Аллоҳ Таъало аҳли китобларнинг амалларини эсидан чиқармаслигини хабарини берди. У Зот уларнинг ёмон қилмишларини ҳисоблаб қўйган ва улар мустаҳиқ бўлган жазони уларга тайёрлаб қўяди. Бу нақадар ёмон жазодир! Фосиқларнинг қарор топар жойи бўлган жаҳаннам — нақадар ёмон қароргоҳдир!
Қуръоний ваҳийнинг услуби шунақа: аввалига инсонларнинг амаллари зикр қилинса, ортидан улар лойиқ бўлган жазо ва Аллоҳнинг илми, ҳамда қудрати зикр қилинади. Албатта, бу нарсада бандаларни жаннат мукофотига ундаш ва жазодан огоҳлантириш бордир.
Аммо Аллоҳнинг гўзал исмларини диний кўрсатмалардан кейин зикр қилиниши эса, ислом динининг қонунлари ва адолатли жазо, илоҳий фаолиятнинг натижаларидан бири ва илоҳий фазилатларнинг оқибати эканидан далолат беради.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:141.
تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلَا تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ
Оят: Бу уммат [Иброҳим ўз ўғиллари билан ва Яъқуб ўз ўғиллари билан — бир уммат эди] улар ўтиб кетдилар [хозирда энди йўқлар]. Улар [охиратда] ўзлари касб қилган нарсаларига эришадилар [яъни, уларнинг амалларидан сизга насиба йўқ]. Сизлар [ҳам охирги ҳаётда] ўзингиз касб қилган нарсани оласиз [яъни, уларга сизларнинг амалларингиздан насиба бўлмайди]. Ва сизлар уларнинг қилиб ўтган ишларидан сўралмассиз [зеро ҳар бир одам ўзининг амалига яраша тақдирланади ва бирон киши, бошқани гуноҳидан сўралмайди].

Тафсир: [Ушбу оятнинг тафсирини биз юқорида келтирган эдик. Аллоҳ Таъало уни қайта такрорлашининг сабаби, одамлар махлуқотлар билан ўз умидларини боғламасинлар. Инсон ўз амалларига қарасин, ўтган аждодларининг, ёки ота-онасининг амалларига эмас, зотан, кишига “Мен фалончининг эргашувчисиман”, деган қуруқ гаплардан мутлақо фойда бўлмайди, аксинча, унинг ихлос билан қилиб ўтган солиҳ амалларигина унга ёрдам бериши ва фойда келтириши мумкин.]

https://t.me/tafsirassaadiy
2:142.
سَيَقُولُ السُّفَهَاءُ مِنَ النَّاسِ مَا وَلَّاهُمْ عَن قِبْلَتِهِمُ الَّتِي كَانُوا عَلَيْهَا قُل لِّلَّهِ الْمَشْرِقُ وَالْمَغْرِبُ يَهْدِي مَن يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ
Оят: Одамларнинг ичида [кофирлардан бўлган] ақли пастлари [истеҳзо қилган ҳолларида]: “Авваллари [намозларида] юзларини қаратган [эски] қиблаларидан уларни [мўминларни] нима ўгиртирди экан?”, дейдилар.[Чунки аввалда мўминлар ал-Қудсга қараб намоз ўқир эдилар]. Айтинг [уларга, эй Муҳаммад ﷺ]: “Машриқ ва мағриб Аллоҳникидир [яъни, ҳар бир йўналиш Аллоҳга тегишли ва Аллоҳнинг мулки сирасига кирмайдиган йўналишнинг ўзи йўқ]. У Зот ўзи хоҳлаган [бандаси]ни тўғри йўлга ҳидоят қилади [Ўз динини тушунчасини бериб қўяди]”.

Тафсир: [Бу улуғвор оятда қуръоний мўъжизалардан бир мўъжиза борки, у мўминларга таскин беради ва қалбларига янада ишонч бахш этади. Шу билан бирга, унда фосиқ кишиларнинг эътирозлари келтирилган ва бу эътирозларини уч нуқтаи назардан йўққа чиқарилган. Шунингдек, ушбу ояти каримада ҳаққа унамаган кимсалар ва Аллоҳга итоатгўй кишиларнинг сифатлари зикр этилмоқда. Ақли паст, онгсиз кимсаларнинг Аллоҳни ҳукмларига эътироз билдиришлари ҳақида Роббимиз бизга хабар берди. Бу кимсалар ўзларига фойда келтириши мумкин бўлган нарсалардан мутлақо бехабарлар. Аксинча, улар ўз жонларини ҳалок қилдилар ва уни арзон баҳога сотдилар. Бундай қилмишлар кўпроқ, яҳудийлар, насоролар ва улар каби Аллоҳнинг қонунларига қарши чиқувчи бузғунчилардан содир бўлади. Ушбу ваҳийнинг нозил бўлишининг сабаби: аввалда мусулмонларга ал-Қудсга (Иерусалим) юзланиб намозни адо этиш буюрилган эди. Бу ҳолат уларнинг Маккадалик пайтларида ва Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг яна бир ярим йил давом этди. Албатта бу ҳукмни ўзига яраша катта бир ҳикмати бор эдики, унинг бир қисмини Аллоҳ бизга билдирди. Бироқ, оқибатда, Ўзининг илоҳий ҳикмати билан Аллоҳ Таъало мусулмонларга энди [Ал-Қудс томонга қараб эмас, балки] кааба томонга юзланиб намоз ўқишларини амр қилди. Ва Аллоҳ Таъало олдиндан хабар бериб, ақли паст одамлардан албатта: “Мусулмонларни аввалги қиблаларидан нима юз ўгиртирди? Ал-Қудсга қараб намоз ўқишликдан уларни нима тўсди экан?”, дейдиганлари топилишини айтди. Шубҳа йўқки, бундай гаплар Аллоҳ Таъалонинг иродасига қарши чиқиш ва Унинг марҳаматини инкор қилишдир. Ва Ўзининг иймонли бандаларига далда бериш учун, Робб Таъало олдиндан, мана шундай гаплар албатта бўлишини ва бундай гапларни фақат нодон, Аллоҳнинг мададидан маҳрум қилинган эси паст кишилар гапиришини башорат қилди. Бу нарса мусулмонларга маълум бўлганидан кейин, энди улар аҳмоқ кимсаларнинг бундай шубҳаларига эътибор қилмасликлари керак эди, ахир [ҳақиқатдан ҳам] ақли расо, доно киши ҳеч қачон аҳмоқларнинг эътирозларига аҳамият бермайди ва бу билан ўз ақлини банд қилмайди. Оятда аниқ келтирилмоқдаки, Аллоҳнинг ўрнатган қонун-қоидаларига фақат ақли паст кимсаларгина эътироз билдирадилар, бунинг муқобилида, ҳақиқий иймонли кишилар, У Зотнинг барча ҳукмларига сўз ва амал билан бўйсунадилар. Шунинг учун Аллоҳ Таоло бошқа бир оятда: «Мўмин эркак ва мўмина аёл учун, Аллоҳ ва Унинг элчиси бирон қарорни чиқарганида, ўз билганича ихтиёр қилиш йўқдир. Ким Аллоҳга ва Унинг элчисига осийлик қилса, батаҳқиқ, очиқ адашиш билан адашибди» (33:36); «Йўқ! Роббингга қасамки, то улар ўзаро ораларида рўй берган келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича, сўнгра чиқарган ҳукмингиздан қалбларида ғилли-ғашлик топмасдан, тамомий таслим бўлмагунларича, асло иймон келтирмаслар [мўмин бўла олмаслар]» (4:65); «Қачонки мўминларни Аллоҳга ва Унинг элчисига, ўрталарида ҳукм чиқариш учун чақирилганда, уларнинг гаплари: “Эшитдик ва бўйсундик”, демоқликларидир. Ана ўшалар ютуққа эришувчилардир» (24:51). Борди-ю, инсон буни аксини қилар экан, сўзсиз у нодондир ва шунинг ўзи, унинг гапларини рад этмасликка ва аҳамият бермасликка кифоя қилади. Аммо, Аллоҳ Таъало уларнинг шубҳали айбловларини жавобсиз қолдирмади ва шак-шубҳаларини тарқатиб ташлади, зеро улар баъзи кишиларни адашишга олиб келиши мумкин эди.