Huquqiy Axborot
133 subscribers
54 photos
3 videos
82 links
Ҳуқуқий ислоҳотлар, қонунлар, Президентимиз, Ҳукуматимиз томонидан имзоланган қонун ҳужжатлари ҳақида - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида

🔧Marketing: @TAWKEHT
Download Telegram
​​#Давлат дастури

Шифокорнинг касбий хатосини аниқлашнинг таъсирчан тизими жорий этилади.

Давлат дастурига асосан бу борада тегишли қонун ҳужжати қабул қилиниши лозим.

Қонун ҳужжатида:
👉тиббиёт ходимлари йўл қўйган хатолар ҳақида жабрланган шахсларга маълумот бериш, уларни ҳисобга олиш ва хатоларнинг олдини олиш тизимини яратиш;
👉ҳар бир тиббиёт муассасасида беморларнинг шифокор касбий хатосидан хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий эксперт гуруҳларини ташкил этиш;
👉хатосини ўз вақтида ва ихтиёрий тан олган, етказилган зарарни қоплаган тиббиёт ходимини айрим салбий оқибатлардан озод этиш;
👉тиббиёт ходимларининг хатоси оқибатида етказилган зарар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига хабар қилиш, уларни кўриб чиқиш ва хизмат текширувини ўтказиш тартиби;
👉бирламчи тиббий ҳужжатларни, жумладан рецептни электрон шаклда тўлдиришни (қўлёзма усулидан тўлиқ воз кечган ҳолда) жорий этиш ва уни тегишли дорихонадаги маълумотлар базасига жойлаштиришни таъминлайдиган ахборот тизимини босқичма-босқич амалга киритиш назарда тутилади.
❗️Бу борадаги тегишли ҳужжат 30 март кунига қадар ишлаб чиқилиши лозим.
@huquqiyaxborotbot
#Сўраган эдингиз.
Олий ўқув юртларида ўқишни кўчириш тартиби ҳақида маълумот берсангиз
Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида низомга асосан талабалар ўқишини кўчириш учун тегишли аризани ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳларга топширилади.

Аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.

Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин.

Бунда:
👉ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;
👉ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.

Ўқиш кўчириш (қайта тиклаш)га талаб этиладиган ҳужжатлар:
👉Ариза (унда кўчиришни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли, ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
👉талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
👉паспортнинг нусхаси.
@huquqiyaxborotbot

❗️Янада кўпроқ маълумотлар қуйидаги манзилларда:
👉 https://www.facebook.com/groups/adliya
👉 https://ok.ru/adliya
👉 www.lex.uz
​​#Қонунчиликдаги янгиликлар

Ҳукуматнинг Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан қишлоқ хўжалиги экинлари таркибини диверсификация қилиш, фермер ва деҳқон хўжаликлари даромадини ошириш ҳамда экспорт ҳажмларини кўпайтириш мақсадида хорижий тажриба асосида аччиқ қалампир етиштирилиши йўлга қўйилади.

👉Шу мақсадда юқори ҳосилли қалампир уруғлари хориждан, шу жумладан Индонезия Республикасидан олиб келинади.

👉Ҳужжатда қайд этилишича, 2018 йилда Республика бўйича жами 17117 гектар майдон, шу жумладан томорқа ер участкаларида қалампир экилиб, ундан жами 207015 тонна ҳосил олиш режалаштирилган.

👉Қалампир маҳсулотларини етиштирувчи фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларига қалампир етиштириш учун шартнома асосида бўнак маблағлари ва заруриятга кўра моддий-техника ресурслари билан таъминлаш мақсадида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компаниясининг ҳудудлардаги “Қалампир” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилмоқда.

👉Мазкур ташкилот етиштирилган аччиқ қалампирни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.

@huquqiyaxborotbot
​​#Давлат дастури

Юртимизда “истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солинади.

Давлат дастурига асосан илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”га оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилади.

Қонун ҳужжатларида:
👉“истеъмол саватчаси” тушунчаси ва уни аниқлаш мезонлари;
👉аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар миқдорини ҳудудлар кесимида “истеъмол саватчаси”га мутаносиблигини босқичма босқич таъминлаш назарда тутилади.

✳️Маълумот учун “истеъмол саватчаси” (истеъмол минимуми) – инсон танасининг нормал ишлашини таъминлаш ва унинг соғлиғини, озиқ-овқат маҳсулотларини тўпламини, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг энг кам миқдорини ва инсоннинг асосий ижтимоий ва маданий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган минимал хизматлар тўпламини таъминлаш учун етарли бўлган қийматдир.

❗️Лойиҳалар 1 июлга қадар ишлаб чиқилиши лозим.
@huquqiyaxborotbot
​​#Биласизми:

Президентнинг 2017 йил 25 январдаги қарори билан ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана — 30 январь кунини кенг нишонлаш белгиланган.

Бундан ташқари мазкур қарор билан:

👉Тошкент давлат техника университетига; Асака шаҳридаги автомобиль заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларига Ислом Каримов номини бериш;

👉Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуасини барпо этиш;

👉мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида И. Каримов сиймоси акс эттирилган ҳайкалларни ўрнатиш белгиланган.
@huquqiyaxborot
#Сўраган эдингиз
Янги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби ва нархлари ҳақида айтиб ўтсангиз?

Ҳукуматнинг 2017 йил 2 мартдаги қарорига асосан ҳайдовчилик гувоҳномаларини гувоҳноманинг янги намуналарига алмаштириш 👉ҳайдовчилар томонидан паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони тақдим этилганда амалга оширилади.
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва (ёки) унинг талони ўрнига янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи (120 568 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.
@huquqiyaxborotbot
#Қонунчиликдаги янгиликлар
Адлия вазирлигида Қўриқлаш хизмати кўрсатиш бўйича намунавий шартнома давлат рўйхатидан ўтказилди.

👉Мазкур намунавий шартнома ички ишлар органи томонидан ҳарбийлаштирилган ва соқчилик қўриқлаши кўринишида техник қўриқлаш пунктидан фойдаланган ҳолда буюртмачининг мулкини қўриқлаш хизмати кўрсатилишини тартибга солади.
@huquqiyaxborotbot
#Кун тарихи:
(31 январь)

2003 йил:
Ҳукумат қарори билан Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.

Низомга асосан транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:
👉тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
👉ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (юқорида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
👉ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (юқорида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта.

👉Техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида йиғим ундирилади.

👉Мототранспорт, тиркамалар, яримтиркамалар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирмадан бири миқдорида йиғим ундирилади.
@huquqiyaxborot
#Сўраган эдингиз:
Мен ёлғиз онаман. Ёлғиз она имкониятлари, қандай шароитлар яратилган. Ишга кирмоқчиман. Ҳеч қаерда иш топаолмаяпман. Қаерга мурожаат қилсам рад жавобини беришади. Маҳалла эса ҳеч нима қилиб бермаяпти. Айнан ким иш топа олмасам иш топиб беришга мажбур?
(Ғиждувон тумани, Гавҳар)

Иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида низомга асосан қуйидаги аҳоли тоифалари учун иш ўринлари банд қилиб қўйилади:
👉ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар;
👉умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;
👉сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
👉ногиронлар ва пенсияолди ёшидаги шахслар;
👉жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар;
👉одам савдоси қурбонлари.

Мазкур шахслар учун иш ўринларининг энг кам сони туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан белгиланади, ташкилотлар томонидан захирага қўйилади.

👉Бунда 14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун — болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича мажбуриятлар бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўринлари банд қилиб қўйилиши лозим.

❗️Иш ўринларини захирага қўйиш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорлари бажарилиши устидан назорат қилиш туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилади.

❗️Захирага қўйилган иш ўрни бўйича Бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси билан борган шахсни ишга қабул қилишни рад этилганлиги учун маъмурий жавобгарлик мавжуд.

❗️Иш ўринларини захирага қўйиш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
@huquqiyaxborotbot
​​#Биласизми?
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ҳайдовчидан фақатгина айрим ҳуқуқбузарликлар учун олиб қўйилиши мумкин.

👉Ушбу масала Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс ҳамда Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (Адлия вазирлиги томонидан 05.07.2011й. 2240-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) билан тартибга солинган.

👉Кодекснинг 290-моддаси ва Йўриқноманинг 17-бандига кўра, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо назарда тутилган бўлса, унда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ҳайдовчидан олиб қўйилади.

❗️Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик турлари ҳақида кейинги хабарларимизда батафсил маълумот берилади.

Каналимизни кузатиб боринг!
@huquqiyaxborot
#Биласизми?
⬆️ Давоми.
Демак, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо назарда тутилган бўлса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ҳайдовчидан олиб қўйилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга мувофиқ, қуйидаги ҳуқуқбузарликлар худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин:
👉 транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчининг телефондан фойдаланиши;
👉 транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш;
👉 транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан монитор (дисплей) ўрнатиш;
👉 йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиш, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган ҳуқуқбузарликни содир этиш;
👉тўсқинликсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқидан фойдаланадиган транспорт воситаларининг ўтиб кетишига халақит бериш;
👉 мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиш;
👉 белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориш;
👉темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиш.
❗️Давоми бор. Каналимизни кузатиб боринг.⬇️
@huquqiyaxborotbot
#Давлат дастури

Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонун қабул қилинади.

Дастурга асосан ҳаётий муҳим миллий манфаатларнинг ташқи ва ички таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Лойиҳада:
👉давлатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш соҳасида Миллий хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, функциялари ва ваколатлари;
👉миллий хавфсизлик органлари фаолиятининг асосий принциплари ва самарадорлиги мезонлари;
👉миллий хавфсизлик хизмати органлари ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш чоралари;
👉бу соҳада парламент назорати механизмлари белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Миллий хавфсизлик хизмати фаолияти Ҳукуматнинг 1991 йил 2 ноябрдаги 278-сон қарори билан тасдиқланган низом билан тартибга солинади.

@huquqiyaxborotbot
#Биласизми?
Давоми.⬆️
Демак, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо назарда тутилган бўлса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ҳайдовчидан олиб қўйилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга мувофиқ:
қуйидаги ҳуқуқбузарликлар худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида яна содир этилса ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин:
👉белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориш;
👉светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиш;
қуйидаги ҳуқуқбузарликлар худди шундай ҳуқуқбузарлик учун уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса:
👉транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиш, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик (Кодекснинг 128-3, 128-5, 128-6 ва 130-моддаларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари);
👉одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш, йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш;
👉йўловчиларга лойқа сачратиш.
❗️Давоми бор. Каналимизни кузатиб боринг.⬇️
@huquqiyaxborotbot
#Судлар фаолияти
👉 Ўзбекистонда давлат судлари билан бир қаторда нодавлат органи бўлган Ҳакамлик судлари ҳам фаолият юритади.
👉 Ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этади. Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни кўриб чиқмайди.
👉 Низо ҳакамлик судига берилиши учун тарафлар низони ҳакамлик судига бериш ҳақида келишув имзолаган бўлишлари керак. Бундай келишув хатто Фуқаролик ёки Иқтисодий судда кўрилаётган низога нисбатан ҳам суднинг ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар тузилиши ва низо давлат судидан олиниб, ҳал этиш учун Ҳакамлик судига берилиши мумкин.
👉 Ҳакамлик судларида давлат божи йўқ. Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳакамлик судьяларининг гонорарлари ва бошқа харажатлардан иборат бўлиб, тўловлар миқдори одатда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларида, Муваққат (вақтинчалик) ҳакамлик судида эса тарафлар келишуви бўйича ҳакамлик суди томонидан белгиланади.
👉 Давлат судлари Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас. Яъни, Ҳакамлик судининг қарорини давлат суди фақат процессуал асосларга кўра бекор қилиши мумкин.
👉 Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳам худди давлат судларининг ҳал қилув қарори каби ихтиёрий ёки мажбурий ижро этилади. Бунда ижро варақасини давлат суди беради.

✳️Батафсил: http://lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=1072079
@huquqiyaxborot
#Сўраган эдингиз:
Салом! Мени паспортимни хотиним кир мошинада ювиб юборибди. Алмаштираман десам энг кам иш ҳаққини уч баробарида жарима деябди. Шу тўғрими? Тўғри бўлса имтиёз борми?

❗️Нотўғри.
👉 Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига кўра, паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
👉 Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
👉 Бундан ташқари, Президентнинг 2011 йил 5 январдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомда ҳам жавобгарлик паспортни атайлаб яроқсиз ҳолга келтирганлик учун белгиланиши назарда тутилган.
👉 Шундай қилиб, бу ҳолатда жарима солиш учун авваламбор паспорт қасддан яроқсизлантирилгани исботланиши лозим. Бу исботланган тақдирда ҳам айбдор фуқаро жарима миқдорини энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида белгилашни сўраш ҳуқуқига эга.
@huquqiyaxborot
Нотариус хизматлари учун тўловларни электрон тарзда амалга ошириш имконияти яратилди

❗️Нотариуслар фаолиятига эътирозлар, фуқаролардан белгиланганидан ортиқча пул маблағлари талаб қилинаётгани ҳақидаги мурожаатлардан келиб чиқиб,
Адлия вазирлиги шу йил 1 февралдан бошлаб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш механизмини жорий этди.
👉Эндиликда фуқаролар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида нотариал идораларга мурожаат этганда, давлат божи ва бошқа тўловларни мобиль телефонлар имкониятидан фойдаланган ҳолда тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Бу жараёнда QR кодлардан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.
👉Нотариал ҳаракатлар учун қанча бож тўланиши компьютер томонидан автоматик равишда шакллантирилади, тўлов квитанциялари алоҳида ёзилмайди, фуқароларга қулай ва тушунарли бўлиши учун ягона андозада тўлов квитанцияси жорий қилинади.
👉 Тўловлар банк кассалари ёки мобиль телефонлар орқали амалга оширилишидан қатъий назар, бу ҳақдаги маълумот “Нотариус” ахборот тизимида онлайн тарзда акс этади.
@huquqiyaxborot